Аннотация. В статье представлен исследовательский анализ типов и характеристик религиозных построек в градостроительстве Кушана. Религиозные сооружения классифицируются в зависимости от того, в какой части города они расположены и к какой религии принадлежат. Автор также раскрывает роль культовых построек в градостроительстве.

Калит сўзлар: диний иншоот, ступа, вихара, буддавийлик, зардуштийлик, “сулолавий” сиғиниш, тош ибодатхона, эҳромлар, монастир, черков. 

Инсоният тарихида қуриш, бино бунёд этиш ўзлаштирилган дастлабки вақтларданоқ диний иншоотлар барпо қилиниши кузатила бошланди. Шаҳарлар пайдо бўлар экан, алоҳида жойларда диний иншоот (эҳромлар, зиккурат, мақбара)лар ҳам қад кўтарди. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, диний иншоотлар маълум бир даврдаги диний эътиқод ҳақида хабар берувчи энг қимматли манба ҳисобланади. Бундай иншоотнинг меъморий ечими, шаҳардаги жойлашуви эса унинг шаҳарсозликдаги аҳамияти ва маълум диннинг жамиятдаги ўрни ҳақида маълумот беради.

Шимолий Бақтрия ҳудудидаги кушонлар даврига оид ёдгорликлар топилиши таҳлилига кўра, дастлаб айнан диний иншоотлар аниқланган.

1926-1928 йилларда Термизда тадқиқот олиб борган Шарқ маданияти музейи тадқиқотчилари иштирокидаги экспедициянинг илк мавсумида олим А.С.Стрелков томонидан шаҳар четидаги “Зурмала” минораси буддавийлик ступаси эканлигини аниқланди1. Кейинчалик иншоот атрофидан аниқланган топилмалар ҳамда уни қуришда ишлатилган квадрат шаклдаги хом ғиштлигига асосланиб, ушбу иншоот антик даврга тегишли эканлиги қайд қилинади. Галина Пугаченкованинг тадқиқотлари давомида “Зўрмала” буддавийлик ступаси сифатида ўз тасдиғини топган бўлсада, иншоот якка қурилганми ёки бизгача сақланмаган мажмуанинг бир қисми деган савол очиқ қолади 2.

Буддавийлик кушонлар даврида кенг тарқалган ва марказий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланган дин ҳисобланади. Мавжуд ёзма манбаларга кўра, ушбу ҳудудларда буддавийлик ибодатхоналари талайгина бўлган. Сўнгги йиллардаги илмий таҳлилларга эътибор берсак, 1926-1988 йиллар мобайнида Ўрта Осиёда 28та буддавийлик иншооти аниқланган, шундан 16 таси Бақтрия-Тохаристон ҳудудига тўғри келади 3.   

Кушонлар даври ёдгорликларида мавжуд диний эътиқод учун мўлжалланган иншоотларни шаҳардаги ўрнига қараб,ташқарида ва ичкарида жойлашган иншоотларга бўлиш мумкин. Бундан ташқари, диний иншоотларнинг қайси эътиқодга мансублигидан келиб чиқиб, буддавийлик, “сулолавий” сиғиниш ва зардуштийлик динига оид иншоотларга бўлиш мумкин.

Айниқса йирик шаҳарларда диний иншоотлар мавжудлиги шаҳарнинг диний марказ сифатидаги вазифасини кўрсатади. Мисол учун, Жанубий Бақтрия шаҳарлари орасида Дилбержин ёдгорлигида аниқланган иншоотлар шаҳарни диний марказ сифатида намоён этади. Бунга қарама-қарши равишда Жагаттепа ва Эмшитепада диний иншоотларнинг мавжуд эмаслиги тадқиқотчилар томонидан тасодиф дея баҳоланиши бироз ҳақиқатдан узоқ дейиш мумкин 4. Боиси диний иншоотларнинг топилмаслиги археологик изланишларнинг кўлами билан боғлиқ. Кушонлар даври маданий қатламларига эга кичик шаҳар ва қалъаларда диний иншоотлар камдан-кам учрайди5. Тахти-Сангин ёдгорлигида эса бутун шаҳар диний иншоот атрофида жамланган. Шундай экан, диний иншоотларнинг шаҳарда ўрин топиши алоҳида қонуният эмас, балки маҳаллий ва мавжуд сиёсий вазиятга боғлиқ бўлган.  

Эллинизм даврида ҳудудга кириб келган турли юнон илоҳларига сиғиниш урфи кушонлар даврида ҳам сақланиб қолган. Бироқ бу кўпроқ меъморий безак, ҳайкалтарошлик ва турли терракота ҳайкалчаларда ўз ифодасини топган.

Ўрта Осиёдаги буддавийлик ёдгорликларининг архитектурасини тадқиқ этган М.С.Болганова буддавийлик иншоотларини диннинг ватани - Ҳиндистондаги меъморий иншоотларга асосланиб, ступа, ибодатхона, монастирлар каби турларга бўлиб чиқади6. Бироқ сўнгги йилларда тадқиқотчи Т.Г.Дорофеева диний иншоотлар тарихига бағишланган изланишларида буддавийлик иншоотларини қуйидаги турларга бўлади: ступа, тош ибодатхона ва зиёратгоҳлар (святилища, чаитя), кейинчалик ердаги ибодатхоналар, монастирлар ва монастир мажмуалари (виҳара)7. Ушбу таснифни буддавийлик иншоотларининг ривожланиб боришига асосланиб, типлаштириш сифатида қабул қилиш мумкин. Бу эса кушонлар давридаги буддавийлик иншоотларини келиб чиқиши ва қурилиши кетма-кетлигини аниқлашда ҳам муҳим ҳисобланади.

Шимолий Бақтриянинг кушонлар даври буддавийлик динига оид иншоотлар орасида Эски Термиз шаҳридан аниқланган Қоратепа, Фаёзтепа, Зурмала каби иншоотлар муҳим ўрин эгаллайди. Эски Термиз шаҳрининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Қоратепа буддавийлик мажмуасининг умумий майдони саккиз гектардан иборатлиги, учта табиий тепаликка бунёд этилгани, милодий I-IV асрларда буддавийлик маркази бўлганлиги аниқланган8. Фаёзтепа ўрнидаги илк буддавийлик иншоотининг пайдо бўлган даври милоддан аввалги I асрнинг охири – милодий I асрнинг биринчи ярми эканлиги тадқиқотлар давомида ўз исботини топади9.

Кушонлар даври диний эътиқодларига назар ташлайдиган бўлсак, ушбу даврда бир нечта динларга сиғинилган. Давлатда энг аввало “сулолавий сиғиниш” мавжуд бўлган, дастлаб нумизматик манбаларда сулола ҳукмдорларининг иконографиясида ўз аксини топади. Кейинчалик  археологик қазишмалар натижасида аниқланган сулолавий мажмуаларда қайд қилинган. Бундай турдаги биринчи мажмуа Ҳиндистондаги Матда аниқланган. Ушбу мажмуада кушон ҳукмдорларидан Вима Токто, Канишка ва бошқаларнинг тошдан ишланган ҳайкаллари атопилган. Бу турдаги сулолавий ибодатхона Шимолий Афғонистондаги Сурх-Кўтал ёдгорлигида ҳам аниқланган. Сурх-Кўталдаги сулолавий ибодатхонадан фарқли тарафи ҳукмдор ҳайкаллари лойдан ишланганлиги ҳисобланади10. Сулолавий сиғиниш мажмуалари Шимолий Бақтрия ҳудудида ҳам аниқланган. Ўтган асрнинг 50 йиллари охири ва 60 йиллари бошида Холчаён ёдгорлиги топилгач, дастлабки мулоҳазаларга кўра, илк кушонлар саройи деб талқин қилинган. Мажмуа деворлари лойдан ишланган ҳайкаллар билан безатилган. Ўша вақтда аниқланган меъморий иншоот йирик мажмуанинг бир қисми бўлиб, сақланган манбалар ҳам ушбу мажмуани сулолавий ибодатхона дейишга асос бўлиши таъкидланади. Ўзбек-француз экспедицияси томонидан Чингизтепа ҳудудида олиб борилган қазишмаларда ҳам сулолавий сиғинишга оид бўлган иншоот қолдиқлари аниқланган. Аммо иншоот етарли даражада сақланмаганлиги туфайли унинг архитектураси ҳақида фикр юритиш мушкул11.

Кушонлар даврига оид зардуштийлик динига оид иншоотлар – даҳмалар, алтарлар ҳам аниқланган. Даҳмалар асосан шаҳар атрофларида қайд этилган, алтарлар эса турли жойларда, ҳатто баъзи турар-жойларда ҳам учрайди. Галина Пугаченкова Холчаён ёдгорлигидаги тадқиқотлар мобайнида даҳмага дуч келгани қайд этилади. Г.Пугаченкова архитекторлар В.А.Нильсен ва А.В.Шукуров ҳамроҳлигида 1960 йилларда Далварзинтепанинг топографик тарҳини олгани ва “наус” (уздана)га дуч келганлиги ҳам маълум. Тадқиқотлар давомида уздананинг тепа қисмидан даҳма сифатида фойдаланилганлигини таъкидланади12.

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе Кампиртепа ёдгорлигида зардуштийларнинг муқаддас китоби Авестонинг Видевдат қисмида тилга олинган уч турдаги дафн иншоотлари – ката, даҳма ва уздана очилиб, ўрганилганлигини қайд этган13. Бунга қўшимча равишда Ялангтўштепа ва Тепаи-Шоҳ ёдгорликларида ҳам науслар учраши, шаҳардан узоқроқда жойлашган даҳмаларда майитлар сақланганлиги ва маълум вақт ўтгач, суяклари йиғиб келинганлиги тадқиқотчилар томонидан таъкидланади14. Тадқиқотчи Қ.Тошалиев Ўрта Осиёдаги зардуштийликка оид диний иншооти ҳисобланмиш даҳмаларга бағишланган изланишларида қайд этилган маълумотларга асосланиб, Шимолий Бақтрия ҳудудидан антик даврга оид ёдгорликларда ҳам бундай турдаги иншоотлар аниқланганини ҳамда даҳмаларнинг келиб чиқиши бронза даврига бориб тақалишини билдиради15.

Хулоса қиладиган бўлсак, Шимолий Бақтриядаги кушонлар даври маданий қатламларига эга шаҳарларда шу пайтга қадар буддавийлик, зардуштийлик, аждодлар руҳига сиғиниш эътиқодларига мансуб диний иншоотлар аниқланган. Улардан энг кўп тарқалгани сифатида буддавийлик иншоотлари дейишимиз мумкин. Аниқланган бундай иншоотлар шаҳар ташқарисида ва шаҳар марказида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, кушонлар даврида буддавийлик дини муҳим ўрин тутганлиги сабабли, шаҳарга ёндош ҳамда шаҳар марказидан ҳам диний иншоот қуриш учун жой ажратилган.  

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Болганова М.С Архитектура буддийских памятников Средней Азии: Диссертация на соискание кандидата архитектурқ. Ташкент, 2010. С 16.

2. Дорофеева Т.Г. Культовые сооружения в истории религии.  Пенза: РИО ПГСХА, 2015. С 88.

3. Пугаченкова Г., Ртвеладзе Э. Северная Бактрия-Тохаристан. Т., 1990. С. 82.

4. Пугаченкова Г.А. Халчаян. Т., 1966. С. 242.

5. Ртвеладзе Э.В. Зороастризм в Бактрии // «Авеста» и его место в истории развития человечества. Ташкент-Ургенч, 2001. С. 99-102.

6. Тошалиев Қ. Среднеазиатские дахмы // Муғаллим ҳам узликсиз билимлендири. Илимий-методикалық журнал. Некис, 2019.104-107 б.

7. Аннаев Ж Тармита-Термиз буддавийлик марказлари маданияти: Автореферат диссертации Phd тарих фан: 07.00.01. Т, 2021. С. 16.

8. Мкртычев Т.К. Кушанское искусство Северной Бактрии (Южный Узбекистан): основные характеристики // Творческие процессы и концепции. 2019. № 4. С. 548-563.

Авторский первичный


1 Болганова М.С Архитектура буддийских памятников Средней Азии. Диссертация на соискание кандидата архитектуры. Ташкент, 2010. С 16.  

2 Ўша жой. С 18.  

3 Ўша жой. С 148.

4 Мунчаев Р.М, Кошеленко Г.А, Гаибов В.А. Кушанский город Бактрии (По результатам работ Советско-афганской археологической экспедиции) // 2014. С. 42

5 Ўша жой. С. 42-43.

6 Ўша жой. С 51-52.

7 Дорофеева Т.Г. Культовые сооружения в истории религии.  Пенза:  РИО ПГСХА, 2015. С 88.

8 Археологические работы Узбекистано-Корейской экспедиции в буддийском культовом центре Каратепа в Старом Термезе в 2011-2014 гг.  / Пидаев, Баратова, Ким Донхун, Ли Чиён, Улмасов, Ли Усоп,  Под ред. Пидаев Ш.Р. . Теджон: 2019.  С. 25-31.

9Аннаев Ж Тармита–Термиз буддавийлик марказлари маданияти: Автореферат дис. ... Phd тарих фан: 07.00.01. Т, 2021. С. 16.

10Мкртычев Т.К. Кушанское искусство Северной Бактрии (Южный Узбекистан): основные характеристики // Творческие процессы и концепции. 2019. №№4. С. 548-563.

11Ўша жой. С. 548-563

12Пугаченкова Г.А. Халчаян. Т., 1966. С 242.

13Ртвеладзе Э.В. Зороастризм в Бактрии // “Авеста” и его место в истории развития человечества. Ташкент-Урганч, 2001. С. 99-102.

14Пугаченкова Г., Ртвеладзе Э. Северная Бактрия-Тохаристан. Т., 1990. С 82.

15Тошалиев Қ. Среднеазиатские дахмы // Муғаллим ҳам узликсиз билимлендири. Илимий-методикалық журнал. Некис, 2019.104-107 б.