The article is devoted to the outstanding writer Chingiz Aitmatov, the author of dozens of classic works that have received worldwide recognition. He would have turned 90 years old. The author reveals the biographical data of the writer. In 1956, he began to write his short stories, which were published in several periodicals. When the writer turned 28 years old, his fate was abruptly changed, he received recognition as a writer.
In 1957, he first wrote his longawaited work - this is the story «Face to Face». In the works of Aitmatov are shown the invisible world of reality, which have a dramatic impact on the spirituality of a person and destroy his inner world. In his creative philosophy, the ability to see was noticed, the whole universe and the scale of this view expanded to infinity.

Статья посвящена выдающемуся писателю Чингизу Айтматову, автору десятков классических произведений, которые получили мировое признание. Ему бы исполнилось 90 лет. Автор раскрывает биографические данные писателя. В 1956 году он начал писать свои короткие рассказы, которые печатались в нескольких периодических изданиях. Когда писателю исполнилось 28 лет, его судьба была круто изменена, он получил признание, как писатель. В 1957 году он впервые написал своё долгожданное произведение – это повесть «Лицом к лицу». В произведениях Айтматова показаны невидимые миру реальности, которые оказывают драматическое влияние на духовность человека и разрушают его внутренний мир. В его творческой философии была замечена способность видеть всю вселенную и масштаб этого взгляда расширялся до бесконечности.

Бир-икки мақоласи, тўрт-беш ҳикоясигина босилганига қарамай, бошқа ҳеч қандай машғулотдан бунчалик руҳ ва завқ ололмаган Айтматов, ниҳоят, адабиёт қисмати эканини англаганида йигирма саккиз ёшда (1956) йил эди. Шу кичик, илк асарларининг ўзиёқ уни умидли ёшлар сафига қўшди, Москвада ўқишига йўл очди. У адабиёт сари бутунлай юз бурганда жаҳон, хусусан, собиқ Шўролар иттифоқи тарихида ҳам зўравонликдан жиндаккина тенгликка, эрксизликдан эркинликка, адолатсизликдан адолатга бурилиш палласи бўлиб, кечган воқеаларга келгусини ўйлаб бир қайрилиб қараш, кўпданкўп хатоларни тан олиш, тўғрилаб бўлмасада, иқрор бўлиш замони эди… Адабиёт аҳли учун ҳам қатор ўн йилликлар оша, жуда қисқа муддат эсада, осмоннинг очилишидай кўринарди…

Умуман, ҳар қандай янги, асил қарашли ижодкор эркинликдагина кўз очади. Эркинлик – адибнинг туғилиш имконияти. Шундай қилиб, ёш адиб Айтматовнинг бошиданоқ манглайи порлади. 1956 йил уч ёқлама унинг фойдасига кечди. Жамият янгиланишни, тозаришни истади. Зулмни, адолатсизликни, қулликни қоралади. У адабий илмни чуқур эгаллаш учун дунё адабиётининг марказларидан бирига йўл олди. 1957 йил. Ижодий ҳаётида биринчи унутилмас из тушди. У анчадан буён ўйлаб юрган биринчи йирик асарини битди. «Юзма-юз» қисса номининг ўзи нафақат кўп нарсани англатар, балки хўб воқеликни ваъда ҳам қилар эди… У танлаган воқеа одатдаги воқеа эмасди. Урушдан қочган инсон тақдири. Қочоқлик, қўрқоқлик ҳеч қачон, ҳеч қайси жамиятда, ҳеч бир динда оқланмаган. Эл-юрти учун ҳар қанақа кўргиликка тайёр туриш, Ватан учун керак бўлса, жонни фидо қилиш ҳамиша шараф ҳисобланган. Шунинг учун уруш бошлангач, асосан, миллий ўлкаларда унуттирилган қаҳрамон шахслар ҳақида ҳам мардликка даъват сифатида асарлар ёзишга рухсат бўлди. Ким ўйлабди дейсиз, шундай пайтда ижодини эндигина бошлаётган ёзувчи қочоқлик мавзусини олиб чиқади деб… Албатта, бу мавзу бутунлай янги эмас, биргина Лев Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романининг кичик бир эпизодини эслаш кифоя… Бироқ совет адабиётида ҳеч кутилмаган, шу пайтгача кўрилмаган воқеа эди… Ҳолбуки, энг сўнгги уруш қаҳрамонликлари қаторида халқ ичида бу мавзуда ҳам кўп гапирилар, турфа аччиқ ва кулгили ҳангомалар тилдан тушмас эди. Зеро, уруш бу фавқулодда вазият, ўлим билан кутилмаганда юзма-юз келиш экан, ўлимдан қўрқиш, яшашни хоҳлаш туйғуси ҳар бир уруш қатнашчиси кўнглида бош кўтариши аниқ эди.Айтматовнинг «Юзма-юз»ига асос бўлган воқеа ҳам айни ҳаётдан олинган эди. Қаттол уруш кетаётганда овулдан чиққан биринчи қочоқнинг ожизлиги, яқинларидан тортиб, оғир аҳволдаги қишлоқдошларига, ҳатто тирикчиликлари аранг ўтаётган Чингизлар оиласига кучли таъсир қилган эдики, орадан қарийб ўн олти ўн етти йил ўтса ҳам бу машъум кунлар хотирасидан чиқмайди. Қандай бўлса, шундай тасаввур қилиш учун қочоқнинг Исмоил деган номини ҳам ўзгартирмайди.

Адиб кўрган-эшитганлари қаторида, бу воқеани қоралаш нияти туғилгач, Исмоилнинг қандай одам бўлганини ҳар томонлама суриштириб, шахсидаги мураккабликлар ва урушдан қочишидаги сабаблар борасида чуқур ўйлаган, албатта. Бироқ бунга ўша замон сиёсати қандай нуқтаи назардан қарашини ҳам унутмаган. Ўз ғоявий мақсадини имкон қадар қоғозга туширган. Бундан қатъи назар, шунинг ўзи ҳам катта жасорат, инсонни тушуниш эди. Истеъдод иш кўрсатиб, қисса ярқ этиб чиқади.

Айниқса, меҳр-муҳаббатли, садоқатли Саиданинг эрини тутиб беришидаги ҳолати ҳам тузумнинг хизматкори ёки жазосидан қўрққанидан эмас, балки Исмоил одамийликни бой берганидан кейин жуда қаттиқ изтиробга тушган ҳолатда юз беради. Бу Саида сиймосини яна ҳам нурлантиради.

Саида урушдан қочиб келган эрини биринчи кўрганда унга: «Энамнинг боласи», деб мурожаат қилади. Бунда эрига эҳтиром, унинг онасига ҳурмат, жигарлик, муслималик ҳаёси киши қалбини ёруғликка тўлдиради. Саида шунақа мусаффо қалб эгасики, у бошқаларни қувонтиришдан қувонади, дардига шерик бўлиб куюнади. Унинг: «Асраса ўзининг бошини асрабди, бу менга Яратганнинг марҳамати», дея таскин топиши ва одамлардан тобора узоқлашиб, айниқса, Мирзақулга ўхшаганлардан қўрқиб юриш ҳолатлари инсон хатти-ҳаракатининг шунақа нозик ва сирли топилмаларики, асарни ўқиган китобхон қалбида тирик инсон каби ўрнашади.

Шунинг учун унинг бир кечада сочлари оқариб кетганига ишонамиз. Саида Исмоилнинг милтиғига тўғри боласи билан боради, ўзинида фидо қилиб эрини инсофга чақиради. Шундан кейин Исмоил яширинган жойидан чиқиб, милтиғини синдириб, таслим бўлади. Демак, йўлдан адашган кишига тўғри таъсир қила билинса, у ким бўлмасин, ўзлигига, фитратига қайтади. Беғубор келажак олдида гуноҳини англайди.

Исмоил қўлини кўтариб, Саиданинг рўпарасидан чиқиб келар экан, бутунлай бошқа бир улуғвор аёлни кўрди. Аёлнинг унга тик боққан кўзлари жиққа ёш эди. Бу ёшлар Исмоилга, унинг қисматига ачинишдир.

* * *

Асар янги адиб пайдо бўлганидан дарак беради, аммо кескин танқидга ҳам учрайди. Айтматовга ҳасад қилган қаламкашлар: «Бу ёш бола қирғиз халқини иснодга қўйди, элимиз орасида урушда қаҳрамонлик кўрсатганлар озми, бу эса бир қочоқни қаҳрамон қилиб кўрсатибди», дея йиғинларда айюҳаннос солдилар. «Юзма-юз» қиссаси, айниқса, адибнинг овулдошларига, хусусан, Исмоилнинг қариндошларига ботади, уларни ноқулайликка солиб қўйгандек бўлади…

 Қирғизистон драма театри қисса асосида тайёрлаган спектакль томошабинларга манзур бўлди. Спектакль билан ўлканинг чекка жойларигача борилди. Жумладан, «Юзма-юз»ни Шакар овулида қўядиган бўлишади. Юрт пойтахтидан ташриф буюрган машҳур артистларнинг чиқишини кўриш учун кўпчилик йиғилади. Аммо асар бутун овулни уятга қўйган қочоқ Исмоил ҳақидалигини билишгач, томоша жойига ёпирилганларнинг умумий ҳолати кескин ўзгаради. Ким яна Исмоилдан нафратланган, бошқа биров эса адибдан ўпкалаган, ким Саиданинг фидойилигига қойил, ким у эрини ушлаб бергани учун садоқатсизлигидан алағда… Айниқса, Исмоил ролини қойил-мақом қилиб ижро этаётган машҳур артист Арсен Умуралиевга нисбатан нафратлари жўшиб бораверади. Ҳатто биров саҳнага тош ҳам отади. Шунда ушбу образ фожиасини чуқур ҳис этган санъаткорнинг миясида бир фикр чақнайди. У асар қаҳрамонини овулдошлари теран тушуниши учун саҳнадан шахд билан тушиб, томошабинлар ўртасига боради ва энсаси қотиб турганларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб: «Ҳа, мен ўша Исмоилман, овулдошларингиз ичидан чиққан қочоқ Исмоил! Сизларни иснодга қўйган Исмоил… Хато қилдим. Аммо бунинг бош айбдори мен эмас, уруш эмасми?! Ҳа, отинг ўчгур уруш! У қанчаларнинг ёстиғини қуритди. Мен ўлишни истамаганимдан хато қилдим. Шунга мажбур бўлмаганимда, яшашни жуда истамаганимда, шундай қилармидим?!» – дейдида, яна шитоб билан саҳнага чиқиб кетади… Спектакль тугагач, ҳалиги ўпкачи томошабинлар Исмоил – машҳур артистни ўраб олишиб, айбдорни кечиришгандай, уни олқишлашади, гулларга кўмиб ташлашади…

* * *

Ҳаётдаги Исмоил феъли тез, безори, урушдан қочиб, ўн йилга кесилиб кетади. Жазо муддатини ўтаб қайтгач, оила қуриб, ҳамма қатори яшайди. Албатта, унга ҳам Тўрақулнинг ўғли у ҳақида ёзганини оқизмай-томизмай етказишади… Адибнинг хотирлашича, у бундан хафа бўлмаган, балки Чингиз мени машҳур қилиб юборибди, дея кулиб қўйган экан… Ҳарқалай, у ҳам анойи одам бўлмаган, йиллар ўтиб, ўз хатосини шу асар боис ҳам чуқурроқ англаган кўринади. Негаки, анча йиллардан кейин, адиб Исмоилдан хат олади. У хатида шундай ёзган эди: «Мен сендан хафа эмасман. Ўшандаги ҳолатимни яхши тушунасан, деб ўйлайман. Мен урушдан қочган бўлсам ҳам, икки ўғлим аскарликда бўлишди, бири ҳатто денгиз флотида хизмат қилди». Асар қаҳрамони Исмоил 2003 йили дунёдан ўтади.

* * *

Чингиз Айтматовнинг ижодий йўли «Юзма-юз» билан бошланган эсада, ундан адибнинг ўзи ҳам кўнгли тўлмаган эди. Ҳолбуки, бу асар шу ҳолида ҳам баҳордан дарак момақалдироқнинг биринчи гулдураши каби адабиётни янгилаган, мавзусида қалтис асар сифатида бошқаларни ҳам журъатлантирган, худди шу мавзудаги асарларнинг қалдирғочи эди. Эҳтимол, буни собиқ Иттифоқдаги кўпгина халқ адабиётидан ҳам топиш мумкиндир. Дейлик, атоқли адибимиз Саид Аҳмад яратган салмоқли «Уфқ» трилогиясининг бирида талқин қилинган қочоқ Турсунбой фожиасини эслашимиз мумкин. Ҳатто рус адабиёти ҳам бундан мустасно эмас. Эндиликда ХХ аср рус прозасининг забардаст вакилларидан бири Валентин Распутиннинг «Омон бўлсанг, унутма» қиссаси шу мавзуда эканлигидан ташқари жуда кўп персонаж ва образлари «Юзма-юз»ни эсга солади.

Бу икки қисса бир-бирига жуда яқин ва бироқ шу билан бирга бир-биридан жуда узоқ асарлардир. Яна ҳам эътиборли жиҳати бу икки асар бир-бирининг такомили учун хизмат қилган, бир-бирига ижобий таъсир этган кўринади. Худди шундай Айтматовнинг асаридан қарийб йигирма йил кейин яратилган Распутиннинг «Омон бўлсанг, унутма»си билан «Юзма-юз» даги Исмоил билан Андрей Гуськов, Саида билан Настена қисмати, ҳатто Бексоат кампир билан Семёновна – кимга она, кимга қайноналар, қўшни Тўтиой ва унинг уч боласи, хусусан, Ҳасантой ила ҳамсоя Нодька ва уч чурвақаси, инчунун Петькаси, Мирзақул ва Мишка батракнинг умумий миссияси шунчалик бир хил ва бир хил эмаски, бирининг хатти-ҳаракати, фикрўйини кўриб, уни иккинчи асардагига солиштиришдан ўзингизни тия олмайсиз. Албатта, икки адиб ҳам ўз қаҳрамонларини кимдандир улги олиб эмас, ҳаётдан, ўз билган-кўрган кишилари орасидан танлаган. Аммо Распутин Айтматовникидан хабардор бўлган, эҳтимол, елкаси оша «Юзма-юз»нинг қаҳрамонлари боқиб турганини ҳис қилиб турган. Айматов бу асарни йигирма тўққиз ёшида битган, Распутин эса насрда анча тажриба орттиргач, қирқнинг устида. Ҳажм жиҳатидан Айтматовники сиқиқ, Распутинники эса тўрт-беш баробар кўламдор. Распутин асари нашр этилиши билан довруқ таратади, Давлат мукофоти билан тақдирланади. Адиб ижодида ҳам, янги рус насри тараққиётида ҳам ёрқин из қолдиради.

Камина бундан ўттиз йиллар олдин Распутин асари илк бор қўлимга тушганида қўлдан қўймай ўқиган ва у «Юзма-юз»нинг таъсиридан холи бўлмаган ҳолда унданда гўзал чиққан, фожиаси яна ҳам чуқур ифодаланган, деган фикрга борганман… Мен икки асарнинг қаҳрамон аёллари Саида ва Настенанинг тақдирларини солиштириб, шу фикрга келганман.

Саида Исмоилнинг касрига қолиб, анча-мунча изтироблар чеккан эсада, охири қочоқ эрини тутиб берди, қайси маънодадир, ўша замон мафкураси руҳида эр-хотинлик бурчига хиёнат қилди.

Қўшниларининг бошига тушган кўргиликни ўзиникидан устун қўйди. Боласи омон, ўзи ҳам эҳтимол яна ҳаётини қайтадан бошлаши, ким биландир тақдирини боғлаши мумкин.

…Настена эса ўлимга маҳкумни қутқараман деб, охири ўзини, яна ҳам фожиалиси, қорнидаги боласи билан дарёга ташлади, чўкиб кетди…

«Омон бўлсанг, унутма» яратилганидан яна ўн йил ўтиб, ўзининг илк қиссасига қайтган Айтматов шундай эътироф этади: «Дарвоқе, менинг қаҳрамонларим тушган ҳаётий коллизия, кейинчалик, аниғи, салкам икки ўн йилдан сўнг Валентин Распутиннинг «Омон бўлсанг, унутма» қиссасида ўз тасвирини, ҳатто менимча, янада ёрқинроқ тасвирини топди».

Катта адибдагина шундай мардона эътироф бўлади. Ўзи ёзган мавзуда яна бир асар кўз очар экан, у бу асарни бир ўқувчи мухлис, мунаққид, тадқиқотчи сифатида қизиқиб мутолаа қилиши қаторида, уни ёзувчи сифатида ҳам синчиклаб кўздан кечиради.

Ўз асаридан қониқмаган Айтматовга йигирма йил кейин яратилган Распутиннинг «Омон бўлсанг, унутма»си туртки беради Асар яратилганидан ўттиз йил ўтиб, асарига қайтади. Ҳамма ҳам эътибор беравермайдиган ўзидаги деталь Распутинда қандай ривожлантирилганлигини у шундай баҳолайди: «Мана энди асаримни қайта бичиш пайтида туйқус кўрдимки, икки-уч жумлада бўлсада, менда ҳам ўша мотив мавжуд экан. Лекин маълум бўладики, гумон тасдиқланмагач, қўрқув унутилади, аёл тинчланади, Распутинда эса бутун ажойиб қисса шу мотив устига қурилган».

Гап, Исмоил урушдан қочиб келгандан кейин, бир сафар Саида боши айланиб кетгач, яна бўйимда бўлиб қолмадими, дея бир лаҳза ташвишга тушиб қолгани ҳақида боряпти. Вазият бир хил бўлгани билан тақдирлар бошқача эди. Айтматовга воқеани бунақа тарзда ривожлантириш керак бўлмаган. Распутинга эса айни шу керак эди. Шунинг учун ҳам бу асарлар вазияти ниҳоятда ўхшаш, аммо бир-бирини қайтармаган ҳолда, бир-бирини юксалтирган ўзига хос гўзал асарлардир…

* * *

«Соҳил ёқалаб чопаётган олапар» адибнинг ўнинчи қиссаси, бу жанрдаги тугал охирги асари. Йигирма йиллик қиссанавислигининг сарҳисоби, хотимаси: 1957–1977.

«Соҳил ёқалаб чопаётган олапар»да у реализмдан чекинмаган ҳолда фалсафий, рамзий-тимсолий, аллегорик; миф-ривоят, хаёлий-фантастик, туш каби сюжет элементларини ишга солади. Бу уйғунликда ташқи дунёнинг инсон ички оламида қандай кучли таъсир қилиши ва бу жараёнда инсоний қадриятларнинг синовдан ўтишини кўрсатади. Бу қиссада эса адиб учун ҳамма нарса янги. Объект ҳам, халқ, унинг урфодатлари ҳам. Теваракка муносабат ҳам фарқли. Вазият эса қалтис ва фавқулодда. Албатта, адиб инсон психологиясини очиш учун ушбу элатнинг халқ оғзаки ижодини ва ҳозирги турмуш тарзини чуқур ўрганган. Шунда ҳам барибир асарда биринчи ўринга кенг хаёлот тасвири чиқади. Чуқур тасаввур кучи қисса ғояси ва сюжети, фалсафаси очилишида ўзини намоён қилади.

Дарвоқе, қиссадаги воқеани адиб дўсти Владимир Санги унга ҳикоя қилиб берганини айтади… Владимир Санги – Шимолдаги кам сонли нивх элатининг биринчи ёзувчиси. Асарларини рус тилида ёзишига қарамай, нивх миллати, тили ва маданияти йўқолиб кетмаслиги учун бор фаолиятини ишга солиб, бугун уларнинг йўлбошчисига айланган инсон. У элатининг оғзаки ижодини мисқоллаб йиққан, нивх ёзувини яратган.

Асар Владимир Сангига бағишланган. Бироқ Айтматов ундан воқеани олганидан ташқари асарини бағишлаганининг яна икки сабаби бор, бизнингча. Қиссада озми-кўпми, нивх халқини танишда Санги ижодидан, айниқса, унинг «Кивонглар уйланиши» романидан ижодий таъсирлангани сезилади. Бошқа жиҳатдан эса кам сонли, йўқолиб кетаётган миллат вакили сифатида В.Сангининг тил ва маданиятни сақлаб қолиш борасида қилаётган ишлари ҳам рамзий йўл билан қисса воқеаси – денгизда нивх овчилари бошига тушган табиий офат мисолида ҳаётнинг айни ўзи эканлиги каби уқтирилади. Демак, асар Сангига ўхшаган адиб ва элатларга ҳурмат, уларни тушуниш, қўллаш рамзи ҳамдир.