Китобнинг ёшлар келажагидаги ўрни қандай? Ҳақиқий санъаткор бўлиш учун нималарга эътибор бериш керак?! Режиссёр қандай шаклланади? Унинг бахти ва изтироблари нимада? Бу саволлар бугун санъат йўлига қадам қўяётган ҳар қандай инсонни қийнаши табиий. Уларга журналимизда меҳмон бўлаётган йирик санъаткор, ўзбек кино санъатининг атоқли вакили, машҳур режиссёр, профессор Шуҳрат Аббосов мулоҳазалари орқали жавоб излаймиз. Бу йил 86 ёшни қаршилаган устоз санъаткор халқимизнинг қалбидан жой олган «Маҳаллада дув-дув гап» (1960), «Сен етим эмассан» (1962), «Тошкент – нон шаҳри»(1967), «Шум бола» (1977) каби бетакрор кинокартиналари орқали ўзбек кино санъатини бир поғона баландлатган ижодкордир. Шуҳрат Аббосов – 1931 йил 16 январда Қўқон шаҳрида таваллуд топган. 1949 йил Тошкент тиббиёт касб-ҳунар билим юртини, 1954 йил Тошкент давлат санъат институтини тугатган. 1954 – 1956 йилларда Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрида бош режиссёр вазифасида, кейинчалик эса Москвада, Мосфильмда таҳсил олади. Шуҳрат Аббосов 1958 – 1991 йиллар «Ўзбекфильм»да режиссёр вазифасида фаолият олиб борган. Бундан ташқари, узоқ йиллардан буён бўлажак режиссёрларга сабоқ бериб келмоқда.
Ҳаёт меҳрини қозониш осон эмас. Ахир, одамзод ўз-ўзидан санъаткор, ҳурматга лойиқ инсон бўлиб қолмайди-ку! Мана, масалан, санъат йўналиши бўйича таълим олаётган барча ёшлар эртага машҳур бўлишни ният қилади. Буни орзиқиб кутиб, тунлари ухламайди. Лекин бир ҳақиқат борки, буни инкор этиб бўлмайди. Бу ҳақиқат шундан иборатки, уларнинг ҳаммаси ҳам атоқли санъаткорлар сафидан жой ололмайди. Чунки кўпчилик фақат орзу-ният билан чекланиб қолади. Мақсад учун ҳаракат қилиш, куйиб-ёниш етишмайди. Ахир, инсон истеъдодини авайлаши, пок сақлаши, тарбиялаши лозим-ку! Бўлмаса, орзу – орзулигича қолиб, аччиқ армонга айланиб, муз сингари юракда қотиб қолиши мумкин.
Санъаткор ўз касбини танлашда унинг ота-онаси ким, қандай инсонлар даврасида ўсгани, болалик таассуротлари жуда муҳим. Менинг ота-онам санъатни эъзозлаган, уни суйган инсонлар эди. Онам Москва консерваториясида таҳсил олар, европача мусиқалардан тортиб, миллий мақом қўшиқларигача маромида куйлар, рақсларга тушарди. Кечагидек эсимда, мен соатлаб онамнинг дутор чалиб, қўшиқ айтишига ҳавас қилиб ўтирардим. Онажоним дуторни шунчалар берилиб чалардики, худди бутун дунё шу нозик асбобдан чиқаётган куйни эшитаётгандек туйиларди. Ўша пайтларда мен аҳмоқлик қилиб онамдан дутор чалишни ўрганмаганман. Бунга ўша давр муҳити ҳам сабаб бўлган. Кейинчалик дуторга эмас, гитарага қизиқиш авж олганлигини кўриб, мен ҳам гитара чалишга тушиб кетганман. Дутор ҳамон менга сирини очмай келяпти. Дутор чалишни билганимда мен ишлаган фильмлар ҳам бошқача бўлармиди?! Мен онамдан дутор чалишни ўрганмаганим учун ўзимни ҳамон кечиролмайман. Энди бу қалбимдаги аччиқ ва қадрдон армонга айланган.
Онам Москва консерваториясида таҳсил олар, доим ўқиш билан банд бўлганлари учун мен дадам билан у ўқиётган Қишлоқ хўжалиги институтининг ётоқхонасида турардик. Ўша пайтларда ётоқхонада барча талабаларнинг эркатойига айлангандим. Мен у пайтларни эсласам тўлқинланиб кетаман ва барча қиёфалар кўз олдимдан бирин-кетин ўта бошлайди.
Биринчи марта кинога ўша маҳалларда, яъни олти ёшимда бора бошлаганман. Штрауснинг муҳаббати ҳақидаги ажойиб картинани томоша қилганман ва Штраус муҳаббат қўйган қизни ижро этган кўк кўзли Голливуд актрисасини севиб қолганман. Ишониш қийин, аммо катта бўлганимда ҳам унинг қиёфаси тушларимга кириб турарди. Актриса фильмда Штрауснинг қўшиқларини айтар, композитор ишлаган вальсларга рақсга тушарди. Мен учун бу фильм тозалик, софлик, гўзаллик куйининг беқиёс картинасига айланганди. Ўша фильмдаги Штрауснинг вальслари узоқ вақт қулоғимда жаранглаб турди. Бу ҳислар бутун умр менга илҳом бериб келди. Куч бериб келди. Вақти келиб «Маҳаллада дув-дув гап» картинасини ишлаш жараёнида, фильмнинг бошланиши учун Манас Левиевдан ҳаётбахш, инсонга умид, куч бағишлайдиган, тўлқинли бир вальс яратишини ўрганганман ва бу муваффақиятли чиққан. Шунда англаганман – инсон ҳаётидаги ҳеч нарса бежиз кетмаслигини, ўчмаслигини.

Ота-онам ўқишни тугатгач, бизларни Қашқадарё вилоятининг Муборак туманига ишга жўнатишган. Дадам у ердаги бир қишлоқда раҳбар бўлиб ишлай бошладилар. Янгича муҳит, янгича одамлар, у ердаги туриш-турмуш менга кўп нарсаларни берган, тасаввур оламимни кенгайтирган.
Уруш. Синовлар даври бошланди. Оғир йилларда биз бир мушт бўлиб меҳнат қилдик. Ўша йиллари оиламиз оғир жудоликка учради. 1942 йилда дадамдан ажралиб қолдик. Меҳнатимиз, изтиробларимиз, кўз ёшларимиз ортди. Сабр-бардошни, қийинчиликларга тик боқишни ўргандим.
Ўша маҳалларда қўлимдан қўймайдиганим китоб бўларди. У ҳам бўлса, Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» асари эди. Бошқа асар бўлмагани учун бу китобни 25 марта ўқиб чиққанман. Бир куни ўша китобни ўқиб қолиб, хўжаликнинг қўйларини йўқотиб қўйибман. Онамга нима дейман, одамларга нима дейман, деб қўрқиб кетганман. Ҳозир ўйлаб кўрсам, шундай қийин бир пайтда қўйларни йўқотиб қўйишим менга даҳшатли туйилиши ҳам табиий эди. Шунда ўзимни тутиб, ўйлаб кўрганман. Қўйлар енгил бўлади, улар шамолга эргашиб у эсаётган томонга кетаётган бўлса керак, деб шу томонга таёғимни олиб чопиб кетганман. Кейин йўлда бир кишини кўриб қолдим, чол менга қараб: «Қаерга кетяпсиз, болам?» – деб савол берди. Мен қўйларимни йўқотганим учун шамол эсаётган томонга кетяпман, дедим. Шунда чол менга жилмайиб: «Чўпон экансиз-ку, қўй-қўзиларнинг тарзини яхши билмас экансиз? Қўй-эчкилар шамол эсаётган томонга эмас, шамолга қарши юришади. Чунки шамол уларга дарёларнинг, барра ўтларнинг ифорини олиб келади» – деди. Мен ўша куни чолнинг айтгани бўйлаб юриб, ахири, қўйларимни топганман. Кузатиш ва мулоҳаза ижодкорни бойитади.
Бизнинг қишлоқдаги мактаб бошланғич таълим билан чекланарди. Шунда онам мени бир кўзи ожиз, лекин жуда ақлли, серғайрат арман кампирига таҳсил олишим учун берган. У менга катта талаблар қўярди. Мендан бошқа ўқувчи бўлмагани учун, баҳона қилишга ҳам имкон қолмасди. Кампир кечаси ҳеч нима кўрмасди. Шунинг учун бир юмуш чиқса мени шерик қиларди. Бир куни устозим билан телеграмма жўнатиш учун идорага борадиган бўлди. Тезроқ бориш учун қабристондан ўтадиган бўлдик. Шунда кетаётиб очиқ турган қабрлардан бирига тушиб кетганмиз. «Вой-дод» деб, худди, оёғимиздан ўликлар тортаётгандай этимиз жунбишга келган. Бу каби воқеалар инсонни таъсирчан қилиб қўяр экан. Бу санъаткорга жуда муҳим. Умрида табиат гўзаллигини қалбдан ҳис қилмаган, инсонни тарбиялайдиган машаққатларни бошдан кечирмаган, умрида ҳайратланмаган инсоннинг киноси ҳам, спектакли ҳам қуруқ чиқиб қолади.

Урушдан кейинги оғир йиллар эди. Тошкентда турли миллатга турлича қарашга эга бўлган ёшлар кўпайган, тўс-тўполонли даврлар эди. Кўпчилик ёшлар ёмон йўлга кириб кетаётган эди. Шунинг учун Тошкентга келишим билан онам мендан хавотир олмаслик учун холамнинг уйи ёнидаги Тошкент тиббиёт билим юртига ўқишга бердилар. Аммо мен тиббиётга қизиқмасдим. Санъаткор бўламан деб юрардим. Билим юртидаги ўқитувчиларим ҳам сендан одам чиқмайди, деб койигани-койиган эди. Аммо санъаткор бўлишим керак эканда, пешонамга шундай деб ёзилган экан-да. Шу кунларнинг бирида билим юртида янги иш бошлаган грек ўқитувчиси менинг санъатга қизиқишимни билиб мени театр тўгарагига таклиф қилди. Адабий тўгаракда ўндан зиёд ролларни ижро этдим. Бир куни мени кўргани Қўқондан ёш Ҳамза Умаров келди. Кейинчалик халқимизнинг севимли актёри бўлган Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров менинг амакимнинг шогирди эди. Қўқондаги қариндошлар мендан хабар олишини илтимос қилишган экан. У келганда мен роль ўйнаётган эдим. Ҳамза Умаров: «Шуҳрат Аббосов ким?» – деб сўраганида чол ролини ўйнаётган йигитни, яъни мени кўрсатишган. У саҳна асарини астойдил кузатган ва спектакль якунида мени табриклаган. Шундан сўнг қўлимдан қаттиқ ушлаб театр институтига ўқиш учун олиб кетган. Ҳеч бир нарса бесабаб бўлмас экан, шундай қилиб санъаткор бўлиб кетганман.
Менинг қадрдон «касалим» бор, китоб сотиб олиш. Бу «касаллик» орқали ўғилларимга, қизимга катта кутубхона совға қилишга муяссар бўлганман. Қаерга ижодий сафарга бормай, биринчи борадиган жойим китоб дўкони, кутубхона эди. Бугунги кунда 35 мингдан ортиқ китобга эга бўлган кутубхонам ҳам шуларнинг натижаси.
Инсон қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар, китобга ошно бўлса, унинг ҳаёти рангсиз бўлмайди, орзулари ушалади, мақсадига етади. Мен кўп айтаман, вақтни бекорчи нарсаларга сарфламай кутубхоналарга бориш керак, ахир, қанча завқ, илм кутиб турибди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидаги ёруғ хоналар, қулай шароитлар, замонавий технологиялар биз учун орзу эди. Мана шундай кутубхона сизга мунтазир. Чунки буюк давлатнинг эрталарини кутубхоналар тарбиялайди. Яна бир нарсани айтмасам бўлмайди. Бу ерда жуда аҳамиятга эга бўлган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Чунки улуғ инсонларимиз ҳаёти ҳам бир китоб. Савобли ишларингизда барака тилайман! Киночилар тилида айтганда, ҳаётингиз рангли картиналарга бой бўлсин!
Жавлон Жовлиев ёзиб олди
