Annotation: Today, the national press, founded by the Jadids, is one of the important sources of information about the political, economic, social and cultural processes that took place in Turkestan at the beginning of the 20th century. This article analyzes the activities of «Bukharai Sharif», which is one of the first modern newspapers, and the articles on economic, social and educational topics published in it.
Key words: press, Jadid, «Navroz Sayli», education, medicine, health care, madrasa, economy, cocooning.
Аннотация: Сегодня национальная печать, основанная джадидами, является одним из важных источников информации о политических, экономических, социальных и культурных процессах, происходивших в Туркестане в начале ХХ века. В данной статье анализируется деятельность «Бухарайи Шариф», которая является одной из первых современных газет, и публикуемые в ней статьи на экономические, социальные и просветительские темы.
Ключевые слова: пресса, джадид, «Навруз сайли», образование, медицина, здравоохранение, медресе, экономика, коконирование.
Аннотация: Бугунги кунда жадидлар асос солган миллий матбуот ХХ аср бошларида Туркистонда кечган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнлар ҳақида маълумот берувчи муҳим манбалардан ҳисобланади. Ушбу мақолада илк жадид газеталаридан ҳисобланган «Бухоройи шариф»нинг фаолияти ҳамда унда нашр қилинган иқтисодий, ижтимоий ва маърифий мавзудаги мақолалар таҳлил қилинади.
Калит сўзлар: матбуот, жадид, «Наврўз сайли», маориф, тиббиёт, соғликни сақлаш, мадраса, иқтисодиёт, пиллачилик.
XXI аср бошларида Туркистон тараққийпарварлари ўз мақсадларини тарғиб қилиш, халққа миллий ўзлигини англатиш, ислоҳотчилик ғояларини етказиш мақсадида газета ва журналлар ташкил қилишга киришдилар. Илк жадид газеталари Бухоро тараққийпарварлари номи билан боғлиқ бўлиб, улар «Бухорои шариф» ва унинг иловаси «Турон» илк газеталаридир.
1912 йилда Мирзо Муҳиддин Абдуқодиров ва Мирзо Сирожиддин Ҳакимлар ҳомийлигида Бухоройи шариф ва унинг иловаси «Турон» газеталари чоп қилина бошлайди. Россиянинг Бухородаги сиёсий агентлиги ходимлари билан яқин алоқада бўлган Мирзо Муҳиддин: «Бухоро халқини рус идоралари билан танишдирмоқ ва пахта экинига ривож бермак учун бир газета лозимдир», деб газетани нашр қилиш учун улардан розилик олган [1; 95]. Агентлик цензура ўз қўлида бўлиши шарти билан Бухоро ҳукуматидан Левин ва Ҳайдархўжалар номига газета чиқариш учун имтиёз берган. Газетага муҳаррирлик қилиш учун Бокудан Мирзо Жалол Юсуфзода чақирилган [2; 39].
«Бухорои шариф» газетасининг биринчи сони 1912 йил 11 март куни нашр қилиниб, орадан тўрт ой ўтгач, яъни 1912 йил 11 июлдан унинг иловаси «Турон» газетаси чоп этила бошлайди. Шундай қилиб, ҳафтада тўрт марта форс тилида «Бухорои шариф», икки марта ўзбек тилида «Турон» газетаси чиқа бошлайди [1; 95].
Садриддин Айний «Бухорои шариф» газетаси ҳақида: «...биринчи сонидан бошлаб ўқуғувчиларнинг диққатини ўзига жалб қилди. Мирзо Жалол биринчи қалам эгаларидан бўлиб, бунинг устига, улуми исломиянинг усул ва фарвиъдан яхшиғина хабардор бир зот эди. Шунинг учун унинг мақолалари умумга таъсир қилар, зотан мустаид бўлғон Бухоро аҳолиси ўз тилида ёзулғон бу адабий ва содда бандларни сева-сева ўқур эди…», деб ёзади. Газеталарнинг тарғиботчилик фаолиятини муносиб эътироф этиб, халқнинг онгига ижобий таъсир этганини таъкидлайди: «Ўқуғувчиларнинг думоғларида бошқа бир фикр, бошқа бир ўйлов пайдо бўла берди. Ёшлар бошиға адабиёт, қалам ва ўқумоқ
фикрлари тушди. Оталар эсларига бола тарбияси ва ўқутмоқ хаёллари келди. Бу таъсирдан мадрасалар ҳам қуруқ қолмади. Мадраса шогирдлари дарс ислоҳни сўрай бошладилар... Ҳатто шогирдларнинг ройиат ва талабларини кўриб баъзи мударрислар (уддасидан чиқа олмасалар ҳам) ўзларича дарсларини ислоҳ қила бошладилар...»[1; 96].
«Бухорои шариф» ва унинг иловаси «Турон» газеталари сиёсий масалалардан иложи борича четда турганлар. Бу ҳақда Садриддин Айний «...муҳаррирлар ниҳоят даражада эҳтиётда бўлиб, Рус сиёсатига тегатурғон бирон нарса ёзмас эдилар. Буларнинг тутқон маслаклари қисқача фикрни ёритиш ва ўқуғувчиларнинг қўлиға бир чироғ бермак эди. Бундан у ёғини у чироғ ёруғи билан ўқуғувчининг ўзига ҳавола қилинғон эди. Шунинг учун ёлғуз ижтимоий нуқсонимиздан, иқтисод ва зироатдан, илм ва маорифдан, мадраса ва мактабларимизнинг аҳволи, фалокат иштимолидан ва буларнинг ислоҳ йўлларидан баҳс қилар эди»[1; 96], деб таъкидлайди. Шундай бўлса-да, Россия империясининг Бухородаги сиёсий агенти топшириғига биноан ушбу газета фаолияти 1913 йил 3 январда тўхтатилади.
Бухоро жадидларининг илк газетаси «Бухорои шариф» ХХ аср бошларида Бухоро амирлигида кечган ижтимоий, иқтисодий ва маданий жараёнлар ҳақида маълумот берувчи муҳим манба бўлиб ҳисобланади. «Бухоройи шариф» газетасида амирлик аҳолисининг диний ва оилавий маросимлари, байрамлари хусусида ҳам мақолалар нашр қилиб борилган. Жумладан, Садриддин Айнийнинг «Бухорода Наврўз сайли» мақоласида Бухоро амири Саид Олимхоннинг оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича амалга оширган ислоҳотлари ойдинлашади. Садриддин Айнийнинг ёзишича, Бухоро амири Абдулаҳадхон даврида Наврўз сайли шаҳар ташқарисидаги Ширбудин чорбоғи ва Ситораи Моҳи Хосса саройи атрофида 3 кун мобайнида ўтказилган. Бу эса одамларнинг вақти ва пулининг исроф бўлишига олиб келган. Амир Олимхон ҳокимият тепасига келгач, исрофли маросимлар, жумладан, байрамларни чеклаш бўйича ҳам махсус фармон чиқарган. Унга кўра, Наврўз байрами бир кун давомида Бухоро шаҳри регистонида ташкил қилинган. Садриддин Айний Амир Саид Олимхоннинг ушбу фармонини қўллаб-қувватлайди ва: «Равшанки, жаноби олийнинг бу амри фармонлари фуқаронинг манфаатлари учун бўлиб, у кишининг раиятнавозликларининг белгисидир. Агар шаҳар ташқарисида сайр бўлганда, фуқаронинг қанча мол ва вақти исрофу талофат бўлган бўлур эди. Қанча кишиларга фойтун харжи тўлашига, обу таом пулини беришига тўғри келар эди. Тижоратчилар ва айрим табақа бир неча кун олдин келиб, сайрнинг чодирларини ва бошқа зарурий жиҳозларини тайёрлашлари лозим бўлар эди. Шаҳар ташқарисида бўладиган бўлса, аҳолининг тартиб-интизомини назорат қилиш мумкин эмас эди. Бу эса, айрим исрофликларга сабаб бўларди. Шунингдек қанчалаб туманлар ва қишлоқлардан деҳқонлар томошага келиб, айни баҳор пайтида дала ишларидан қолиб кетар эдилар», деб фикрини якунлайди [3].
«Бухоройи шариф» газетасидаги яна бир мақолада Туркистоннинг нуфузи ҳақида маълумот берилади. Мақолада ёзилишича, Бухоро амирлиги 26 бекликдан иборат бўлган, уни амир томонидан тайинланган беклар бошқарган. Мақолада Туркистон минтақаси нуфузи ҳақида ҳам маълумотлар берилган бўлиб, Туркистоннинг умумий аҳолиси 12 миллион бўлиб, шундан Туркистон генерал-губернаторлигида 7 миллион, Бухоро амирлигида 3 миллион, Хива хонлигида 2 миллион бўлгани қайд қилинган. Туркистон аҳолиси миллатига кўра, ўзбек, туркман, қирғиз, қозоқлардан иборат бўлиб, чиғатой туркийсида гаплашган. Бундан ташқари, минтақада 2 миллион тожиклар ҳам бўлиб, улар форсий ва туркий тилда сўзлашганлар. Мақола муаллифи шу вақтгача, бу миллатларнинг ўз газетаси бўлмаганлигини айтиб, «Бухоройи шариф» ва «Турон» газеталарининг нашри йўлга қўйилганини мамнуният билан тилга олади [4].

Газета муҳаррири Мирза Жалол Юсуфзоданинг газетада саҳифаларида жами 200 дан ортиқ мақола, рисола, суҳбат, хатларга жавоблари ва хабарлари, шунингдек, 40 дан ортиқ шеърлари босилган [5; 16]. Унинг «Тартиб керак» мақоласида Бухоро амирлигида маориф тизими ислоҳига барча бирдек жавобгар эканлиги «Қуръони карим ва ҳадисдан иқтибослар келтириш орқали тушунтириб берилган ва: «Бухорои шариф учун жамиятда лозим бўладиган нарса маорифни ёйишда ва камчиликларни тузатишда ҳаракат қилсинлар», деб таъкидланган. Бухоро амири Саид Олимхоннинг мадрасада ислоҳотлар ўтказишга киришганини эътироф этиб, бу ишда «Муҳтарам уламолар орифлар, оқсоқоллар, пулдорлар бир жамият ташкил қилиб маорифни ёйиш учун кўмак қилишлари ва жаноби олийнинг иродаларига қўшилиши лозим», деб ҳисоблаган [6].
Мирза Жалол Юсуфзоданинг «Мулоҳаза» мақоласида эса Бухорода авж олиб кетган судхўрлик масаласи танқид қилинган. Биз ўз хатти-ҳаракатларини исломий деб ўйласакда, аслида қилаётган ишларимиз ислом ва инсонийликка хос эмас, дейди ва ўз кўрган воқеаларидан мисоллар келтиради: «Бир диндор биродаримиз 100 сўм (танга) қарздорлигини кўрсак уни четга тортиб, 100 сўм берамиз шу шарт ва қарор биланки у бечора бир йилгача пулимизни беролмаса уч, тўрт баробар кўпини сўраймиз. Унинг мол-мулкию уйини юлиб оламиз. Аслида бирор киши айта олмайдики, бу мусулмонларнинг иши эмас деб. Дунёда ҳар қаерда мусулмонлар бор улар 100 минг марта муқаддас шариат амрида юрибмиз десалар-да кўпчиликлари судхўрлик билан шуғулланадилар. Менинг ўзим кўрдимки ва шуғулландимки бир кишига бир киши 500 сўм қарз бериб, етти йил давомида 1800 сўм қилиб олган. Ҳозир инсофу виждон арбоблари мулоҳаза қилсинларки, бу ишларнинг қайси бири шариатнинг ҳукм ва фармонларига тўғри келади?». Мирзо Жалол агар кимдир мусулмонликка даъво қиладиган бўлса, агар мусулмонликдан дунё ва охиратдан фойда етиишини истаса, ёрдамга муҳтож кишиларга фоизсиз қарз бериши керак, деб ҳисоблайди [7].
«Бухоройи шариф» газетасида унинг асосчиларидан бўлган Мирзо Сирожиддин Ҳакимнинг илм олиш, тозалик ва саломатликка оид кўплаб мақолалари чоп қилинган. Жумладан, унинг «Бир оз фаолият лозим» мақоласида дунёвий фанлар ўқитилишининг афзалликлари кўрсатиб берилган. Ўрта асрларда энг илғор миллат бўлган туркистонликларнинг ХХ аср бошларига келиб тушкунликка тушиши илмсизликдан эканлигини қайд қилиб, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Рудакий кабиларнинг инсоният олдидаги хизматларини эътироф этади. Туркистоннинг ривожланишининг ягона йўли илм ўрганишда эканлигини таъкидлаб, фикрини «Бас ҳозиргача бизга нима бўлибдики ва нима монелик қилмоқдаки, бизнинг кўзларимиз ҳозирги илм фанни кўриш у ёқда турсин аввалги илм фандан ҳам ёпиқ қолмоқда. Оддий айтадиган бўлсак, пахта, ёғ, газлама маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган бирорта корхонага эга эмасмиз. Нега бирорта дуруст тижоратхона, ёки бирор ширкат идораси мавжуд эмас, бизнинг тиб илми, соғлиқни сақлаш умуман йўқолиб ному нишон қолмаган. Шундайки бирорта тиб илмидан хабардор табиб йўқ. Бирорта тўғри ташхис қўйиш илмидан хабардор жарроҳимиз йўқ. Ҳар атторни табиб деб, ҳар сартарошни жарроҳ деб фалсафа тўқиб юрибмиз, бирор киши сўрамайдики, бу ишларнинг таҳсилини йўлга қўйиш керакми йўқми?.. Худо кўрсатмасин Бухоро минорасига шикаст етса, биз аввалгидек қуриб биламизми, йўқми? Жавоб шундай бўладики, биз четдан уста келтирамиз ёки жойига (ўз ҳолига) ташлаб қўямиз» [8], якунлайди.
Мирзо Сирожиддиннинг «Соғлиқни сақлаш» («Ҳифзу сиҳат») мақоласида эса аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи таҳлил қилинган. Мирзо Сирожиддин ичимлик сувлари ва уларни сақлайдиган жойлар покиза ва тоза бўлиши керак, деб ёзади. Фикрини дунё олимларининг тажрибасидан мисоллар келтириш билан давом эттиради: «Бугунги кунда рўйи замин табибларининг аксарияти фикрича, касалликларнинг асосий сабаби ёмон ичимлик суви ва уларнинг ёмон жойда сақланганлигидадир. Сув бир жойда узоқ қолиб кетса ифлосланади ва унда тирик жониворлар (бактериялар), микроблар пайдо бўлиб, касалликни келтириб чиқаради. Ҳавонинг ифлослиги ҳам микроблар борлигини билдиради. Бу микроблар овқатланаётганда, сув ичаётганда, ҳаводан қўшилиб, меъда ва ўпкага боради ва аҳолини касаллантиради» [9].
Бухоро ҳукуматидан шаҳар аҳолига темир қувурлар орқали водопровод (фаввора) ўтказиб бериш ва одамларга тоза сув етказиб беришни назоратга олишини сўрайди. Ислом шариати бўйича уламолар ҳовузлар қуришга ва сувдан истеъмол қилишга рухсат берганларини таъкидлаб: «Айтмаганларки, ҳовузнинг сувини тозаламасдан лойқа ҳолда ичинглар деб. Пайғамбаримиз тозалик имондандир, деганлар. Нега биз бунга амал қилмаймиз. Бизнинг ҳаммомларимиз бадан чиркларини ва жонобатни кетказиш учун қурилган холос. Нега уларнинг сақланаётган сувлари назорат қилинмайди? Деярли барча тери касалликлари, масалан: кўфт, оташ, захм ва бошқаларни келтириб чиқарувчи шу сувлардир» [9], деб фикрини якунлайди.
Газетанинг кейинги сонида ушбу мақоланинг давоми чоп қилинган бўлиб, ифлос сувлардаги микроблар ҳавода намлик орқали кўтарилиб, турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши илмий асослаб берилган. Инсонлар саломатлигини сақлаш, касалликларни даволашдан кўра осон эканлигини таъкидлаб, тоза ичимлик сувларига бўлган эҳтиёжни ҳукумат даражасида ҳал қилиш лозимлигини уқтиради [10].
Мирзо Сирожиддин яна бир «Муколама ба ҳаммоми» («Ҳаммомчи билан суҳбат») номли мақоласида ўзининг тозалик ва соғликни сақлаш борасидаги фикрларини давом эттиради. У нафақат Бухоро, балки бутун Туркистон ҳаммомлари инсон саломатлиги қоидаларига жавоб бера олмаслигини танқид қилади. Ҳаммомлар бадан таҳорати ва табобат учун қурилиши кераклигини таъкидлаб, «бизнинг ҳаммомларимиз нопок, ниҳоятда ифлос, турли касалликлар туғдирадиган жой» [11], деб ёзади. Ўлган ҳайвонлар жасади, ифлос хас-хашакларни куйдириш ўрнига ўтин ва тошкўмир ишлатишни, гўлах устини ёпиб қўйишни, дайди итларни яқинлаштирмасликни, ҳаммом олдида ҳожатхона қуришни, ҳаммом ичини ҳар куни икки марта ювиб туришни, сув олиш учун идишлар қўйишни талаб қилади.
Мирзо Сирожиддин болалар гигиенасига алоҳида эътибор қаратади. Уларни кийинтириш, овқатлантириш, касалликлардан сақлаш йўллари хусусида «Бухорои шариф» газетасида кўп фойдали маслаҳатлар беради. У янги туғилган боланинг ўша заҳоти киндигини кесиш мумкин эмаслиги, қуришини кутиш кераклигини ёзади. Янги туғилган чақалоқни товуқ тухимининг сариғи, ёғ ва иссиқ сув аралашмаси билан уқалаб, қайнатилган илиқ сув билан тозалаб ювиш, кейин мулойим сочиққа ўраб қўйиб, ундан сўнг либос кийдиришни тавсия этади [12]. У чақалоқни доимий назоратда сақлаш, оғирлигини ўлчаб бориш, соғлигидан хабардор бўлишни тавсия этади: «Боланинг оғирлиги 3-4 кундан то 56-100 кунгача ҳар куни, яъни 24 соатда 4 мисқолдан 6 мисқолгача кўпаяди. Бундан сўнг 200 кун давомида 1-2 мисқолдан кўпаяди. Агар бу тартиб бузилса, айб сутда ёки болада бирор касаллик пайдо бўлаётганлигининг эҳтимоли бор. Бундай ҳолатда табибга мурожаат қилиш шарт» [13], деб таъкидлайди.
«Бухоройи шариф» саҳифаларида иқтисодий ҳаётга оид юзлаб мақолалар чоп қилинган бўлиб, унда Бухоро амирлигида пахта етиштириш, боғдорчилик, чорвачилик, пилла етиштириш ва бошқа масалалар таҳлил қилинган. Газетадаги «Мактуб» номли мақолада ипакқурти боқиш бўйича тавсиялар берилган. Мақола муаллифи ипак маҳсулотлари Бухоро амирлигига энг кўп манфаат ва фойда келтирадиган соҳа эканлигини қайд этиб, ипакқуртини Самарқанддан олиб келиш, намсиз, ҳидланмаган тоза хонада боқиш бўйича тавсиялар берган. шунингдек, ипакқурти боқиладиган жой ёруғ, қуёш нури тушадиган бўлиши, ипакқуртинининг озуқаси бўлган тут барги эзилмаган, ёмғир ёки қумда қолмаган бўлиши кераклиги уқтирган. Европага савдо ишлари билан борган савдогар дўстларининг Италияда ипак етиштириш бўйича берган маълумотларидан ҳаволалар келтирган. Унга кўра, Италиянинг барча хонадонлари 20-30 минг франк сарфлаб, ипакқурти боқадиган уйлар қурганлар ва йилнинг тўрт фаслида ҳам пиллачилик билан шуғулланганлар. Италияликлар учун пилла етиштириш энг кўп фойда келтирувчи соҳа бўлган [11].

Маълум бўлишича, ХХ аср бошларига келиб, Бухоро амирлигида пиллачилик таназзулга юз тута бошлаган. «Бухоройи шариф» газетасида М.Р. имзоси билан нашр қилинган «Пилла олиш» мақоласида пилла етиштиришнинг асл ватани Хитойда пиллачиликдан жуда кўп тижорий фойда олишлари ҳақида маълумот берилган: «Маълумки, пиллачиликнинг асл ватани Хитойдир. Узоқ замонлар пиллачилик фақат хитойликларга хос бўлган. Ундан жуда катта тижорий фойда олганлар. Бутун дунёга шойи Хитойдан борган ва ҳамма унга муҳтож бўлган ва қадимги румликлар ҳам ўзларини шу матолар билан безаганлар. Бу шойиларни ташиш ва ўтказиш фақат туркистонликларга хос эди. Улар бу тижорат молларини Хитойдан арзон олиб, ғарб вилоятларига етказганлар. Кўп вақт туркистонликлар шу иш билан, яъни ташиш ва ўтказиш билан кифояланиб қолганлар. Уни Туркистонда етиштириш фикри бўлмаган. Бу тижоратни ривожлантиришдан катта манфаатлар борлигини кўргач, уни Туркистонга олиб келиш ва етиштириш фикрига келганлар ва пилла етиштиришни ўрганиб, чинлиларга муҳтож бўлмасдан, ўзлари етиштира бошлаганлар» [12].
Мақола муаллифи туркистонликлар пилла етиштиришни қайта йўлга қўйишлари фақат фойда келтиришини таъкидлайди. Туркистон ҳавоси бу иш учун ниҳоятда қулай эканлиги, ипак маҳсулотлари дунё бозорида харидоргир эканлигини таъкидлайди ва: «Шунча пайт ухлаганимиз кифоя қилар, ҳалиям уйғониш учун вақт бор. Бу деҳқончилик ва пахтакорликка нисбатан анча осон ва фойдалироқдир. Агар Бухоро ҳукумати ва маҳаллий аҳоли қўлни – қўлга бериб ишласа, кўп фойдалар олади ва биз ҳам ўз газетамиз саҳифаларида бу масала борасида имкониятимиз даражасида таништириб борамиз ва фойдали мақолаларни мамнуният билан чоп этиб борамиз»[12], деб фикрини якунлайди.
Хулоса қилиб айтганда, Туркистон тараққийпарварларининг минбари ҳисобланган илк миллий газета «Бухоройи шариф» муҳим тарихий манба ҳисобланади. Бухоро тараққийпарварлари ҳомийлигида нашр қилинган ушбу газета саҳифаларида жадидларнинг илм-фан, таълим, маориф ислоҳига оид мақолалари, Бухоро амирлиги иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига оид маълумотлар ҳамда хабарлар, хориж янгиликлари бериб борилган. Ушбу газетадаги барча мақолаларни тожик тилидан ўзбек тилига таржима қилиш ва таҳлил қилиш нафақат Бухоро амирлиги, балки Туркистон ўлкаси ва Хива хонлигига оид муҳим маълумотлар олиш имконини беради.
Фойдаланилган манба ва адабиётлар:
- Айний С. Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар. Москва, 1926. – Б. 95.
- Жамолова Д. Садриддин Айний «Бухоройи шариф» ва «Турон» газеталари ҳақида // «Бухоро мавжлари» журнали. 2016. №4. – Б. 39.
- С.А. Бухорода Наврўз сайли // «Бухоройи шариф» газетаси. 1912 йил 20 март.
- Б.А. Бухоро амирлигининг тузилиши // «Бухоройи шариф» газетаси. 1912 йил 20 март.
- Орзиев М. XIX аср охири – XX аср биринчи чорагида Бухорода босмахона, нашриёт ва матбуот иши. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси автореферати. Самарқанд, 2020. Б. 16.
- Муаллиф Жалол. Тартиб лозим аст. // «Бухорои шариф» газетаси. 1912 йил 19 март.
- Мирза Жалол. Мулоҳаза // «Бухоройи шариф» газетаси. 1912 йил 22 март.
- Муаллиф Камсуқум табиб М. С. Мизохўрдов. Бир оз фаолият лозим // «Бухоройи шариф» газетаси. 1912 йил 22 март.
- Муаллиф Мирзо Сирож Мирзохўрдов ҳаким. Ҳифзу сиҳат // «Бухоройи шариф» газетаси. 1912 йил 26 март.
- Муаллиф Мирзо Сирож Мирзохўрдов ҳаким. Ҳифзу сиҳат // «Бухоройи шариф» газетаси. 1912 йил 27 март.
- Муаллиф М. Р. Мактуб // «Бухоройи шариф» газетаси. 1912 йил 1 апрел.
- Муаллиф М.Р. Пилла гири // «Бухоройи Шариф» газетаси. 1912 йил 15 апрел
- М.С. Мирзохўрдов Ҳаким. Муколама ба ҳаммоми // Бухорои шариф, 1912 йил 8 май.
- М.С. Мирзохўрдов Ҳаким. Ҳифз-ус-cиҳат // Бухорои шариф, 1912 йил 30 май.
- М.С. Мирзохўрдов Ҳаким. Ҳифз-ус-cиҳат // Бухорои шариф, 1912 йил 3 июнь.
