Annotation: The National Archives of Uzbekistan is the largest repository in Central Asia, contains over 1 million 800 thousand historical sources. Among these documents, relatively little-studied oriental documents (Arabic Persian and Chagatai languages) reflecting various issues of the history of Uzbekistan are invaluable.
On May 10-24, 2023, at the 216th meeting of the UNESCO Executive Council, held in Paris, another archival fund was included in the Memory of the World register – “The Office of the Ko’shbegi of the Emir of Bukhara”, stored in the National Archives of Uzbekistan. These archival documents were found in 1930th in the residency of Emir (Ark) of Bukhara. In 1938, part of the documents was transport to the Tashkent to Central State Historical Archive, and another parts remained in the Bukhara Museum of Local Lore and History.
Today, the archival fund contains more than 9,400 storage units, the chronological framework of which covers 1718 - 1920. The documents reflect the administrative-territorial structure, foreign and domestic policy, communications, transport, road construction, military affairs, passport system, judicial and legal issues, medicine and education in the Bukhara Emirate
Key words: archival documents, archival fund, chancery of Emir, Emirate of Bukhara, Qoshbegi, chancellery, Orientalist, oriental documents, document entry, National Archive of Uzbekistan.
Аннотация: В Национальном архиве Узбекистана, являющийся крупнейшим хранилищем в Центральной Азии сосредточены свыше 1 млн. 800 тысяч исторических источников. Среди этих документов беценными являются относительно малоисследованные восточные документы (арабском персидском и чагатайском языках), отражающие различные вопросы истории Узбекистана.
10-24 мая 2023 года на 216 заседании Исполнительного Совета Юнеско, состоявшегося в Париже включен в реестр Память мира очередной архивный фонд – “Канцелярия кошбеги Эмира Бухарского”, храняшийся в Национальном архиве Узбекистана. Настоящие архивные документы были найдены в 30-х годах ХХ века в Арке Бухары. В 1938 году часть документов была перевезена в Ташкент Центральный государственный исторический архив, а остальная часть осталась в Бухарском музее краеведения и истории.
Сегодня в составе архивного фонда хранится более 9400 единиц хранения дел, хронологические рамки которых охватывают 1718 – 1920 гг. В документах отражается административно-территориальное устройство, внешняя и внутренняя политика, связь, транспорт, дорожное строительство, военное дело, паспортная система, судебно-правовые вопросы, медицина и образование в Бухарском эмирате.
Ключевые слова: архивные документы, архивный фонд, канцелярия эмира, Бухарский эмират, кошбеги, канцелярия, востоковеды, документы на восточных языках, описание документов, Национальный архив Узбекистана.
Аннотация: Марказий Осиёда йирик ҳужжатгоҳ ҳисобланган Ўзбекистон Миллий архивида 1 млн. 800 мингдан ортиқ сақлов бирлигида тарихий манбалар мужассамлашган. Ушбу ҳужжатлар ичида Ўзбекистон тарихининг турли масалаларини ёритиб берувчи, даврий жиҳатдан кам ўрганилган шарқ тиллари (араб, форс ва чиғатой)даги манбалар ноёбдир. 2023 йилнинг 10-24 майда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО ижроий кенгашининг 216-йиғилишида Ўзбекистон Миллий архивда сақланаётган навбатдаги ҳужжатли тўплам – “Бухоро амири қўшбегиси девонхонаси” номли архив фонди Жаҳон хотираси рўйхатига киритилди. Мазкур архив ҳужжатлари ХХ асрнинг 30-йилларида Бухоро Аркидан топилган. 1938 йилда уларнинг бир қисм ҳужжатлари Тошкентдаги Марказий Тарих архивига олиб келинган, қолган қисми Бухоро ўлкашунослик ва тарих музейида қолган.
Бугунги кунда архив жамғармаси таркибида жами 9441 йиғмажилд сақланиб, уларнинг даврий чегараси 1718–1920 йилларни камраб олади. Ҳужжатларда Бухоро амирлигининг маъмурий-ҳудудий тузилиши, ташқи ва ички сиёсати, алоқа, транспорт, йўл қурилиши, ҳарбий иш, паспорт тизими, суд-ҳуқуқ масалалари, тиббиёт ва таълим тизими акс этган.
Калит сўзлар: архив ҳужжатлари, архив фонди, амирлик девонхонаси, Бухоро амирлиги, қўшбеги, девонхона, шарқшунослар, шарқ тилидаги ҳужжатлар, ҳужжатлар тавсифи, Ўзбекис-
тон Миллий архиви.
Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёнларида турли давлатлар интеллектуал салоҳиятининг муҳим бўғини бўлган архивларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг «Жаҳон хотираси» Дастури1 доирасида дунёда ноёб ҳужжатли меросга эга бўлган архивларни аниқлаш ва махсус рўйхатга киритишда архив иши тарихига алоҳида эътибор қаратилмоқда. ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» (Memory of the World) Дастури 1992 йилда таъсис этилган. Унинг асосий мақсади бутун жаҳон ҳужжатли меросини муҳофаза қилишдан иборат. Дастур доирасида 1997 йилдан ҳужжатли меросни дунё, минтақавий ва ҳудудий миқёсларда қайд этиш реестр (рўйхат)лари юритилади. Ўтган 26 йил давомида мазкур рўйхатга турли давлатларда сақланувчи 494 та ҳужжатли мерос киритилган. Шулардан, Ўзбекистондан дунё миқиёсидаги рўйхатга 4 та: Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасидаги асарлар (2000 йил), «Мавлоно Жалолиддин Румий асарлари» (2023 йил), Хасти Имом мажмуаси «Мўйи Муборак» мадрасасида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафи (2000 йил) киритилган.
2017 йил 24-27 октябрда Парижда «Жаҳон хотираси» ЮНЕСКО дастури бўйича халқаро қўмитанинг навбатдаги мажлисига дунё мамлакатларидан рўйхатга олинган 78 та ҳужжатли мерос қаторида Ўзбекистон Миллий архивнинг «Хива хонлиги архив ҳужжатлари» жамланмаси ҳам умумжаҳон аҳамиятга эга бебаҳо маънавий мерос сифатида махсус гувоҳнома билан тақдирланди.
Ўрта Осиёда йирик ҳужжатлар сақловхонаси ҳисобланган Ўзбекистон Миллий архивида 3000 дан ортиқ ташкилотлар ҳамда 200 га якин фуқароларнинг шахсий фондлари сақланади. Умумий ҳисобда бугунги кунда архивда 1 млн. 800 мингдан ортиқ сақлов бирлигида ҳужжатлар мужассамлашган. Мазкур ҳужжатларда Ўзбекистон тарихининг турли масалалари ёритилган бўлиб, уларнинг алоҳида кимматлилари шарқ тиллари (араб, форс ва чиғатой)даги манбалардир.
2023 йилнинг 10-24 майда Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО ижроий кенгашининг 216-йиғилишида Миллий архивда сақланаётган «Бухоро амири қўшбегиси девонхонаси» деб номланган И-126 рақамли архив фонди ҳам Жаҳон хотираси рўйхатига киритилди.
Тарихчи-олимлар орасида Қўшбеги2 архиви деб ном олган ҳужжатлар тўплами 1931 йилнинг декабрь ойида Аркнинг беркитиб ташланган ертўласидан вилоят ички ишлари ходимлари томонидан топилиб, Бухоро Давлат ўлкашунослик ва тарих музейига топширилган эди. Бу ҳужжатлар 50 пуд тартибсиз, йиртилган, узилган, ғижимланган, лой қоғозлар уюми кўринишига эга эди.
1938 йилда Бухоро амирлиги қўшбеги девонхонаси архивининг бир қисм ҳужжатлари Қори Аҳмад Муҳаммедов ва Иброҳим Халиловлар томонидан тузилган рўйхатлар билан Тошкентга ЎзССР Марказий Давлат Тарих архивига юборилади, қолган қисми эса музейда қолиб кетади.
Ҳужжатлар Тошкентга олиб келингандан сўнг, дастлаб 1942 йилда фонд «Бухоро амири Абдулаҳадхоннинг қўшбегиси», сўнг «Бухоро амири қўшбегиси» деб номланади. Шу йилнинг 10 октябрида Ўзбекистон ССР Марказий Давлат Тарих архиви директори А.С. Валькова билан СССР Фанлар академияси катта илмий ходими А.М. Беленицкий ўртасида 3 ой ичида 80 мингта ҳужжатдан иборат бўлган Бухоро амири Абдулаҳаднинг қўшбегиси архив фонди ҳужжатларини дастлабки тавсифлаш ишларини олиб бориш ҳамда мавзулар бўйича ажратиш учун 900 рубл ҳажмида шартнома имзоланади3. Бироқ, юқорида қайд этилган ишларнинг ҳажми катта бўлганлиги сабабли, 1943 йилнинг 17 февралида томонлар ўртасида мазкур архив ҳужжатларини саралаш ишларини давом эттириш ҳамда йиғмажилдларни шакллантириш ва инвентар рўйхатини тузиш тўғрисида қўшимча шартнома имзоланади. Ушбу йилнинг 25 мартида А. Беленицкий бир йил давомида олиб борган ишлари учун архивдан 700 рубл маош олади. Лекин архив ходимларининг фикрига кўра, А. Беленицкий томонидан ҳужжатларнинг 1/10 қисмигина сараланган эди4.
1948 йил 5 октябрида Ўзбекистон ССР Марказий Давлат Тарих архивининг нав-
батдаги ишлаб чикариш йиғилишида бир гуруҳ олимлар иштироқида Бухоро амирлиги кўшбеги девонхонаси архив ҳужжатларига илмий ишлов бериш масаласи муҳокама қилинади. Унда шарқшунос олима Ольга Дмит-
риевна Чехович таклифига асосан ишларни тизимли ташкил этиш учун махсус ишчи гуруҳ ташкил этиш зарурлиги ва унга шарқ тилларини мукаммал билган тажрибали «ёши катта кишилар»ни киритиш кераклиги тўғрисида фикр билдиради. Архив директори Н.А. Халфин ушбу фикрни қўллаб-қувватлаб, фонд материалларини мавзули тамойил асосида тизимлаштириш зарурлигини айтади. ЎзССР Фанлар академияси Иқтисодиёт институти вакили Мирзаев фақат иқтисодий масалаларга оид ҳужжатларнигина саралаш ва уларга тавсиф бериш, кейинчалик илмий изланишларда фойдаланиш учун расмийлаштиришдан манфаатдорлигини билдиради.
Мажлис қатнашчилари ҳужжатларни ажратиб тартибга келтириш фикрига қарши чиқиб, Я.М. Серый5 томонидан таклиф қилинган усул, яъни Украина архивининг Галицкий шахсий фондини тартибга келтириш тажрибасидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қиладилар. Унга асосан, дастлаб, ҳар бир ҳужжатга қисқача тавсиф (аннотация) ёзиб, бутун фонд ҳужжатлари тартибга келтирилгандан сўнг йиғмажилдларни шакллантириш кераклигига хулоса қилади. Мажлис якунида ЎзССР Фанлар академиясига Тарих ва археология институти ҳамда Шарқшунослик институти билан Бухоро амирлиги қўшбеги маҳкамаси фондини тартибга келтиришда ҳамкорлик килиш масаласида қайтадан мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилинади6.
1950 йилдан бошлаб Бухоро амирлиги қўшбеги маҳкамаси архив фондини тартибга келтиришда маълум ўзгартиришлар киритилган, яъни ҳар бир ҳужжатга тавсиф (аннотация) ёзиш узоқ муддат олганлиги сабабли, уларни мавзулар бўйича саралаш тўғрисида бир тўхтамга келинган. Натижада йил давомида режалаштирилган 2745 та аннотация ўрнига 290 та тузилиб, 4715 та ҳужжатни саралаш ишлари амалга оширилади7.
Архивда олиб борилган узоқ муҳокамалар ва шарқшуносларнинг маслаҳатлари билан 1955 йилнинг майида ЎзССР Ички ишлар министрлиги Архив бўлими ҳузурида фаолият юритган Илмий кенгаш мажлисида ҳар бир ҳужжатнинг қисқа тавсифи (аннотацияси)ни тузиш ишлари қайтадан кўриб чиқилади. 1956 йили республика ҳукумати томонидан ажратилган қўшимча маблағ эвазига фонд ҳужжатларини тартибга келтириш ишларига Шарқшунослик институтининг бир гуруҳ илмий ходимлари, жумладан, А.Ўринбоев, Д.Г. Вороновский, Л.М. Епифанова, Г.М. Рауф, Ф.П. Гасанбеков, М.Нурхўжаев ва Г.А. Волошиналар жалб этилган. Архивнинг дастлаб катта илмий ходими, кейинчалик директори бўлган К.З. Ҳакимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳужжатларнинг янги таснифини тузиш устида иш олиб бориб, унда манбанинг тузилган жойи, йили, муаллифи, муҳрлари, тури кўрсатилган мукаммал илмий тавсифи (аннотацияси)ни тайёрлаб, китоб шаклига келтирган. Тавсиф бўйича ҳужжатлар икки қисмга ажратилиб, биринчи рўйхат (опис)га қўшбеги маҳкамасига тегишли бўлган ҳужжатлар, иккинчи рўйхатга эса, Россия империясининг Бухородаги сиёсий агентлиги билан ёзишмалари киритилган8.
1956 йилнинг 13 июнида архивнинг ишлаб чикариш йиғилишида қўшбеги архив ҳужжатларига илмий ишлов беришни жадаллаштириш, ҳар бир ҳужжатнинг қисқа тавсифи (аннотацияси)ни тузиш учун махсус шаклдаги карточкаларни ишлаб чиқиш ва тузилаётган тавсифларни, шунингдек, ҳужжатдаги жой, исм ва атамаларни ёзишда бир хил тартиб-қоидага асосан ёндашиш масаласи муҳокамаси бўлиб ўтади9. Шу йилдан бошлаб архив фондининг номланиши «Бухоро амири қўшбегиси девонхонаси» (Канцелярия кушбеги эмира Бухарского), деб ўзгартирилган.
1958 йилга келиб Ўзбекистон ССР Марказий Давлат Тарих архиви ва Октябрь Революцияси Марказий Давлат архиви билан бирлаштирилиши натижасида ягона Марказий Давлат архиви ташкил этилади. 1959 йилнинг 10 декабрида эса Бухоро музейидан Ўзбекистон Марказий Давлат архивига қўшбеги архивининг қолган ҳужжатлари ҳам топширилади10.
Кейинчалик архив раҳбарияти юқорида қайд этилган ишларнинг якуний натижасига кўра Бухоро музейидан олиб келинган қўшбеги архивининг қолган ҳужжатларини ҳам бирлаштириб, яхлит янги рўйхат (описи) тузишга қарор қилади. 1964 йилда фонд ҳужжатларига илмий-техникавий ишлов бериш тўлиқ якунланиб, 1966 йилда рўйхат тарих фанлари доктори М.Абдураимовга таҳрир учун тақдим этилади11. Узоқ вақт мабайнида олиб борилган илмий-ишлов бериш ишлари натижасида 1967 йилнинг ёзида архив ходимлари К.Убайдуллаев ва А.Бабаянц томонидан «Бухоро амирлиги қушбегиси архиви» фондининг инвентарь каталоги ҳам тузилади. Амалга оширилган ишлар ўз вақтида тарих фанлари доктори М.Абдураимов томонидан юқори баҳоланган.
1969 йилда юқорида қайд этилган мутахассислар томонидан «Бухоро амирлиги қўшбеги девонхонаси» фондининг янги рўйхати ишлаб чикарилади. 1988 йилнинг апрелида «Бухоро амири қўшбегиси маҳкамаси» архив фонди тўлалигича архивнинг алоҳида қимматли ҳужжатлари таркибига киритилган. Бугунги кунда фондда жами 9,4 мингга яқин йиғмажилдларда шарқ тилидаги архив ҳужжатлари сақланиб, улар Бухоро амирлигининг ХIХ аср охири – ХХ аср бошларидаги сиёсий, ижтимоий, иқтисодий тарихини ёритишда муҳим манба саналади.
Архив фонди ҳужжатлари 2 та рўйхатда тавсифланган. Биринчи рўйхатга 2008 та ҳужжат киритилган. Иккинчи рўйхат 3 та жилддан иборат бўлиб, 1- жилдда – 2300 та, 2-жилдда – 2756 та, 3-жилдда – 2377 та, жами эса 7433 та йиғмажилд киритилган. Архив фонди таркибидаги ҳужжатларнинг умумий ҳажми 9441 тани ташкил этади. Ушбу ҳужжатларнинг барчаси ягона нусхадаги асл ҳужжатлардир.
Ҳар бир ҳужжат давр ва мавзулар бўйича тизимлаштирилган. Хусусан биринчи рўйхатда давлат бошқаруви ва ички сиёсатга оид 1207 та, Бухоро амирлигининг 1718 – 1920 йиллардаги ташқи алоқаларига оид – 140 та, йўл қурилиши, транспорт тизимига оид – 52 та, ҳарбий иш тарихига оид – 209 та, паспорт тизими ҳақидаги – 226 та, суд ишларига оид – 148 та, таълим – 17 та, диний масалалар – 9 та йиғмажилд мавжуд. Иккинчи рўйхатда 725 та бошқарув ва ички сиёсат, 25 та кириш ва чиқиш хатлари, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича мурожаатлари – 632 та, ҳарбий ҳужжатлар – 258 та; паспорт тизимга оид – 147 та; суд-ҳуқуқ масалаларига оид – 5571та; тиббиёт, касалхоналар очиш, аҳоли саломатлигини сақлаш масалаларига оид 49 та; таълим тизимини ёритувчи – 20 та ва кинематография – 6 та йиғмажилд киритилган.
Ушбу ноёб архив фондларининг 2023 йилда Юнесконинг «Жаҳон хотираси» рўйхатига киритилиши ўзбек халқи моддий-маънавий мероси ҳақида дунё ҳамжамиятни томонидан эътироф этилганлигини англатади. Шунинг-
дек, мазкур мерос аждодларимизни юқсак илм-маърифат эгалари бўлганликлари ҳамда давлатчилик рамзи бўлган ҳужжат юритиш ва уни сақлаш маданиятидан ҳам далолат беради. Бу ўз навбатида республикамизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар салмоғини тадқиқотчи-олимлар ҳисобига ошиб боришига ҳам ҳисса қўшади.
Фойдаланилган адабиёт
ва манбалар рўйхати:
1. Абдураимов М.А. Кошбеги, а не кушбеги. К истории установления власти кошбеги в Бухарском ханстве // Общественные науки в Узбекистане. Ташкент, 1974. №11. С. 54-60.
2. Астанова Г.Ю. Архив Кушбеги – важный источник по истории аграрных отношений в Бухарском ханстве XIX – начала ХХ века // Общественные науки в Узбекистане. Ташкент, 1985. №7. С. 55-58.
3. Остонова Г.Ю. Қўшбеги архиви Бухоро тарихини ўрганишда асосий манба (XIX – ХХ аср бошлари) // Шарқшунослик. Тошкент, 2002. №11. Б. 22-34.
4. ЎзМА, И-126-фонд, 1-рўйхат, кириш сўзи, 1-11-варақлар.
5. ЎзМА, И-126-фонд, 1-рўйхат, 17-йж.
6. ЎзМА, Р-399-фонд, 2-рўйхат, 82-иш, 8-варақ.
7. ЎзМА, Р-400-фонд, 1-рўйхат, 414-йж, 76-варақ.
8. ЎзМА, Р-400-фонд, 1-рўйхат, 442-йж, 21-варақ.
9. ЎзМА, Р-400-фонд, 1-рўйхат, 515а-йж, 9-варақ.
10. ЎзМА, Р-2309-фонд, 1-рўйхат, 104-йж, 1-3-варақлар.
11. ЎзМА, Р-2309-фонд, 1-рўйхат, 159-йж, 3-варақ.
12. ЎзМА, Р-2309-фонд, 1-рўйхат, 189-йж, 29-30-варақ.
13. ЎзМА, Р-2309-фонд, 1-рўйхат, 259-йж, 6-11-варақлар.
14. ЎзМА, Р-2514-фонд, 1-рўйхат, 15-йж, 1-10-варақлар.
