Автор статьи пишет, что в БГМЗ хранится очень много уникальных изданий и рукописей мыслителей средневекового Востока. Одна из книг – это «Хуласатул вафо биахба-ри дарил мустафа», написанная ученым Абдуллоҳ Самҳудий. Он родился в 1440 году в Египте в городе Самхуде и в 1468 году переезжает жить в город Медина и там продолжает свою деятельность. Содержанием книги является то, что Медина древний исторический город, был назван 96 различными именами, что следует из легенд, а также этимологических рассказов хадисов. Кроме того в книге упоминается о лечебных растениях и плодах, об их целебных свойствах, которые лечат глазные болезни, а также доказательства исцеления болезней других частей тела.

Ҳукуматимизнинг ёзма ёдгорликларни бир жойга тўплаш, уларни илмий асосда сақлаш ва ўрганиш борасида қилаётган ғамхўрлиги туфайли Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси фондларида турли даврлардаги турфа соҳаларни ўзида қамраб олган кўплаб қўлёзма, тошбосма китоблар ва тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар сони ортиб бормоқда. Ана шундай қадимий ёзма ёдгорликлар орасида Али бин Абдуллоҳ бин Аҳмад бин Абул Ҳусайн Али бин Исо бин Муҳаммад бин Исо Нуриддин Абул Ҳасан ибн Жамол ал-Ҳусайний ас-Самҳудийнинг «Хуласатул вафо биахбари дарил мустафа» (Расулуллоҳ с.а.в. диёрлари тарихи ҳақида хабар берувчи сараланган ихчам асар) асари алоҳида қимматга эгадир.

Мазкур асар муаллифи Али бин Абдуллоҳ ас-Самҳудий 1440 йилда Мисрнинг Самҳуд деган жойида фақиҳлар оиласида дунёга келган. Али бин Абдуллоҳ Самҳудий 1468 йилда Мадинага кўчиб боргунига қадар Мисрдаги илмий муҳитда тарбияланиб улғаяди. У илк таълимни отаси Абдуллоҳдан олади. Аллома отасидан ташқари кўплаб Миср, Макка, Мадина, Ҳижоз, Дамашқ ва бошқа диёр уламоларидан ҳам сабоқ олиб, етук фақиҳ, тарихчи олим бўлиб етишди.

Али бин Абдуллоҳ Самҳудий турли соҳа-ларда жуда кўплаб асарлар муаллифи бўлган, улардан: «Вафаул вафа биахбари дарил мустафа», «Иқтифаул вафа биахбари дарил мустафа», «Ал-вафа бима яжибу лиҳазратил мустафа», «Дафъут-таарруз вал инкар ли-басти равзатил Мухтар», «Жаваҳир ал-ъақ-дайн», «Ал-фатава», «Ал-ғаммаз ъалал-лам-маз» каби асарлар шулар жумласидандир.

Ушбу асарлар орасида «Хуласатул вафа биахбари дарил Мустафа» номли асари ҳозирги кунга қадар Бухоро музейидаги қўлёзмалар фондида сақланиб келинади. Асар араб тилида, насх хатида кўчирилган, 376 саҳифадан иборат бўлиб, 1493 йилда ёзилган. Мазкур нусха Башир Муҳаммад томонидан 1575 йилда Миср мадрасаларининг бирида кўчирилган.

Муҳиббуллоҳ бин Шайх Искандар ал-Боғ-додий томонидан 1577 йилда бу китобни сотиб олиш йўли билан унга қонуний эгалик маълумоти китобнинг 2а варағи ва охирги колофон қисмида ўз аксини топган.

Эгалик ёзувларининг ўнг томонида ҳам тухумсимон яна бир эгалик муҳри мавжуд. Муҳрнинг ўнг томонида «маликуҳу» яъни китобнинг (кейинги) эгаси деб ёзилган ва муҳр ичидаги матнда эса кейинчалик китобга эгалик қилган шахснинг исми ва яшаган даври «Мулло Абдулфаттоҳ хатиб, (1756)» ёзилган. Бундан шу нарса маълум бўладики, ХVIII асрда китобга эгалик қилувчи Мулло Абдулфаттоҳ Ўрта Осиёдан, хусусан, Бухородан бўлиши мумкин. Чунки «Мулло» атамаси араб халқлари орасида қўлланилмай балки, асосан, Ўрта Осиё халқлари орасида кўпроқ қўлланилади. Демак, юқоридаги муҳрда ёзилган ёзувлардан кейинчалик бу китоб ХVIII асрда яшаган Мулло Абдулфаттоҳнинг шахсий кутубхонасида сақланган. Бу китобни унинг кутубхонасига келиб қолишини эса, кўплаб сабаблар билан изоҳлаш мумкин. Масалан: Буюк Ипак йўли бўйлаб савдо қилувчи савдогарлардан сотиб олиш ёки Мадинага ҳаж сафарига борган ҳожилар воситасида ёинки Бухородаги китоб бозоридан сотиб олган бўлиши ҳам мумкин. Чунки манбаларда келтирилишича, Бухородаги Қўлёзмалар бозори Ибн Сино яшаган даврдан ХIХ– ХХ асрга қадар ўзининг китобларини кўплиги ва ноёблиги билан машҳур бўлган.

Асарнинг Бухородаги нусхаси 8 боб 48 фаслни ўз ичига олади. Асарда Мадина шаҳрининг қадимги тарихий номларидан 96 хил ном билан айтилиши берилган. Сўнгра унинг кетидан шаҳарнинг нима учун айнан шундай аталиши яъни этимологияси ҳақида ишончли ровийлар орқали ривоят қилинган ҳадислар келтирилган.

Шунингдек, асарда Мадинанинг тупроғи, унинг баъзи касалликларга даволиги ҳақида маълумотлар берилган. Мадина мевалари, уларнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида ва Мадина хурмоларининг тури ўрганилганда унинг 130 га яқин тури мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, Самҳудийнинг ушбу асарида Мадинанинг баъзи мевалари кўз касаллигига шифо бўлса, баъзилари тананинг бошқа бир аъзоларидаги касалликларга шифолиги аниқ далиллар билан келтирилган.

Асарда Мадинада таъқиқланган ишлар ва уларга оид маълумотлар келтирилган. Мисол учун Мадинада дарахтларни кесиш, ҳайвонларни ўлдириш, ов қилиш каби ишлар таъқиқлангани зикр қилинган. Ундан ташқари шаҳарнинг хусусиятлари, халқига хос одатлари ҳақида маълумотлар берилган.

Асардаги сўнгги боб ва фаслларда Мадинадаги Ақиқ ва бошқа водийлар, уларнинг кенглиги, чегаралари, номланиши ва айнан шундай номланиш сабаблари ва шу билан боғлиқ кўплаб маълумотлар араб алифбоси тартибида насрий ва назмий усуллардан фойдаланиб баён қилинган.

Али бин Абдуллоҳ Самҳудий асарни тасниф этишда турли соҳалардаги, турфа мазмундаги асарларни ўзида қамраб олган улкан кутубхона китобларидан фойдаланганлиги ҳақиқатдир. Бу асарлар орасида тарих, география, пайғамбарлар, саҳобалар, олимлар ва таниқли шахсларнинг ҳаёт йўллари, таржимаи ҳоллари ва яшаш тарзлари ҳақида маълумот берувчи асарлар, қадимги жойлар, осори атиқалар ҳақида маълумот берувчи асарлар, араб тили грамматикаси ва адабиётига оид манбалардан фойдаланган.

Доктор Мустафо Али Давидор Самҳудий асарларининг атиги 20 га яқини ҳозирги кунда дунё фондларида сақланаётганини ва шулар орасида «Хулосатул вафо биахбари дарил мустафа» асари ҳам ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида 2079 ашёвий рақам остида форс тилидаги таржима нусхаси ҳам сақланиб келинади. Шунингдек, асарнинг 1899 йилда Маккада чоп этилган араб тилидаги тўртта тошбосма нусхаси ҳам сақланиб келинади.

 Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Али бин Абдуллоҳ Самҳудийнинг ушбу асари Мадинайи мунавваранинг тарихий манзарасини ўқувчи кўз олдида жонлантириб, илм аҳли фойдаланиши учун ҳали фанга номаълум бўлган янги маълумотларни киритиши билан ҳам аҳамиятлидир. Негаки, асарда Мадина шаҳридаги тарихий обидалар, зиёратгоҳ жойлар, улар жойлашган ҳудудлар ва диққатга сазовор жойлар ҳақидаги хабарлар билан бир қаторда ислом дини равнақи учун хизмат қилган таниқли шахслар ҳақида ҳам баъзи керакли маълумотлар берилган.

Самҳудийнинг мазкур асаридан нафақат Мадина тарихи, ислом тарихи, одоб-ахлоққа доир ноёб маълумотларни олиш мумкин, балки табобат, география, экология, архитектура, маданий ёдгорликларни асраш, дипломатия соҳалари учун ҳам муҳим маълумотга эга бўлиб, ота-боболаримизнинг ёш авлод онгига миллий, диний, илмий, маданий-маънавий меросига ҳурмат билан қараш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда муайян аҳамият касб этади.