Данная статья информирует о деятельности информационно-ресурсного центра Бухарского государственного университета. Автор уделяет особое внимание сохранению рукописей и бережному хранению редких изданий книг. Книжный фонд ИРЦ Бухарского государственного университета по своему составу универсален, в фонде имеется: учебная, научная, художественная и учебно-методическая литература. Сегодня, основная цель ИРЦ – организация справочно-библиографического и информационного обслуживания пользователей на основе внедрения новых информационно-библиотечных технологий.
Бухоройи шариф азалдан жаҳонда дунёвий ва диний илмларнинг марказларидан бири сифатида машҳур бўлиб келган. 85 йиллик бой тарихга эга Бухоро давлат университети Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлигини юксалтиришда, ёшларни она юртга муҳаббат, маънавий соғлом ва баркамол этиб тарбиялашда фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Университет юбилейи арафасида Бухоро давлат университети биноси қайта таъмирланиб замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган даргоҳга айлантирилди.
Таълим муассасалари замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда, мунтазам ва мустақил таълим олишга кўмаклашиш, миллий ва маънавий қадриятларни тарғиб этиш, юксак маънавиятли, маданиятли ва маърифатли ёшларни тарбиялашда ҳамда олий ўқув юрти педагогларининг ижодий фаолиятини ахборот билан таъминлаш учун шароит яратиб беришда ахборот-ресурс марказининг ўрни каттадир.
Кутубхоначилик соҳасидаги ислоҳотлардан сўнг ахборот-ресурс марказида улкан ўзгаришлар бўлишига замин яратилди. Бухоро давлат университети Ахборот-ресурс марказида 6 та бўлимда 34 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда ахборот-ресурс маркази 493 300 нусха китоб фондига эга бўлиб, шулардан 69 300 нусхаси илмий адабиётлар, 43 500 нусхаси дарсликлар, 112 000 нусхаси ўқув қўлланмалар, 143 900 нусхаси бадиий, 124 600 нусхаси бошқа адабиётлардир. Жами китоб фондининг 200 500 нусхасини ўзбек тилидаги адабиётлар ташкил қилади. 2016 йилда жами фойдаланувчилар сони 18 000 тага етди. Улар йил давомида 1 696 300 та нашрлардан фойдаланганлар. АРМнинг ўқув залларидаги ўринлар сони 320 та бўлиб, фойдаланувчилар 71 номдан зиёд республика ва маҳаллий вақтли матбуот нашрларининг ўтган йиллардаги ва жорий йилдаги нашрлари билан танишишлари мумкин.
Талабалар ва АРМ фойдаланувчилари учун ахборот-ресурс марказида 3 та электрон кутубхона хизмат кўрсатиб келмоқда. Марказда компьютерлар Интернет тармоғига уланган.
Ҳозирги кунда 16 500 та электрон нашрлар мавжуд бўлиб, университетда ўқитиладиган деярли барча фанлар ўқув-услубий мажмуаларининг электрон нусхаси АРМнинг электрон кутубхонасига жойлаштирилган.
Фойдаланувчиларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида АРМАТ дастури асосида нодир адабиётлар фондининг электрон шакллантирилмоқда. Электрон кутубхонадан 2 550 га яқин дарсликлар, 3 500 дан ортиқ ўқув-услубий мажмуалар ўрин олган бўлиб, улардан турли ёшдаги фойдаланувчилар фойдаланишлари мумкин.
АРМ ахборот хизмат кўрсатиш ва маркетинг бўлими томонидан янги адабиётлар ҳақида кафедраларга ахборот бюллетени ва тавсия рўйхатларининг электрон варианти тақдим этилади. Ушбу бўлимда университет профессор-ўқитувчиларининг докторлик, номзодлик диссертациялари, авторефератларнинг электрон шакллари сақланади. Шунингдек, бўлимда 115 нусха шарқ қўлёзмаcи ва 266 нусха тошбосма асар мавжуд бўлиб, улардан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган. Шарқ қўлёзмаларидан Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Ахлоқе Муҳсини» асари (1904 йил) форс тилида, Анвари Суҳайлининг Масна-вийси 1874 йил форсий тилда, Девони Мирзо Абулҳусайн (1301й), «Нодир ул-меърож» (қўлёзмалар мажмуаси), «Равзат ус-сафо», 5 жилдлик форсий тилидаги литография, «Равзайиш шуҳадо» (1329 йил) форс тилида, Мавлави Шарифнинг «Шарҳи муне» араб тилида, Жомийнинг «Баҳористони Жомий» (1907 йил) форс тилида ва ҳ.к. каби нодир асарлардан ҳисобланади. Бўлимда Абу Райҳон Берунийнинг танланган асарлари ва Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» рус ва ўзбек тилларида, 1892 йилда Санкт-Петербург нашриётидан чиққан старославян энциклопедик луғатлари алоҳида аҳамиятга эгадир.
Адабиётлар ва ахборот хизмат кўрсатиш бўлимида журнал ва газеталар мақолалари картотекаси ва ўлкашунослик картотекалари юритилмоқда. Картотекалар «Ҳукумат қарорлари – амалда», «Буюк сиймолар», «2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», «Ўзбек адиблари» ва бошқа рукнларга ажратилган.
Ахборот-ресурс марказининг 5 та хизмат кўрсатиш бўлими мавжуд бўлиб, университет факультетларида ва шаҳар ҳамда туманларда жойлашган. Ахборот-ресурс марказининг А.Фирдавсий номли шаҳар бўлими фондида ўзбек ва чет тилларидаги универсал, аҳолининг кенг оммасига мўлжалланган, турфа мазмундаги ҳамда турли соҳаларга оид адабиётлар ўрин олган. Аҳоли билан ишлайдиган филиалда бугунги кунда фойдаланувчиларнинг қизиқишлари ва ахборот олишга эҳтиёжларини ўрганиш асосида китоб тақдимотлари, ахборот ва мутахассислар куни, библиографик шарҳлар, муҳим саналарга, шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунларига бағишлаб мунтазам равишда тадбирлар ташкил этилмоқда. Ушбу бўлимда жойлашган электрон кутубхона Интернет тармоғига уланган бўлиб, аҳолининг барча қатламларига зарур илмий-маърифий ва иқтисодий ахборотларни олиш учун ахборот манбаи ҳисобланади.
Ахборот-ресурс маркази қатор нашриёт уйлари билан билан шартномалар тузиб, қўшимча дарслик, ўқув қўлланмалари, таълим йўналишига оид ижтимоий-гуманитар, табиий, умумтехник ва касбий фанлар бўйича адабиётлар билан фондни бойитиб бормоқда.
Эртанги кунга тўла ишонч билан қарайдиган, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишга, маънавий қадриятларимизни, урф-одат ва анъаналаримизни, бой тарихий меросимизни асраб-авайлашга, ўз интеллектуал салоҳияти билан уни янада бойитишга, ақл-заковатини, билимини, куч-ғайратини халқ ҳамда Ватан тараққиётига, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга сарфлашга қодир ёшларни тарбиялашга Бухоро давлат университети Ахборот-ресурc маркази ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
