Annotation: The article describes a trip to Harvard University and a visit to the library of this educational institution, which opened in 1638. Nowadays, the total fund is about 8 million printed publications. The library network of the university unites 80 libraries of various faculties, such as natural sciences, applied, humanitarian, medical and other scientific departments. Throughout its existence, the university has trained 79 Nobel Prize winners, 45 US presidents, 12 of them were university graduates. And all thanks to the active assistance of the library institutions of the educational institution, which are open 24 hours for visitors, students and teachers. In the United States, library visits have become a common cultural activity among the population. Many families encourage their children to visit the school libraries and advise them which books to read. Also, highly qualified librarians always come to help with their recommendations, that the book is an excellent teacher and mentor.

Аннотация: В статье описывается поездка в Гарвардский университет и посещение  библиотеки этого учебного заведения, которая  открылась в 1638 году. К сегодняшнему дню общий фонд составляет около 8 млн. печатных изданий. Библиотечная сеть университета объединяет  80 библиотек различных факультетов, таких как естественные науки, прикладная, гуманитарная, медицинская и другие  научные подразделения. За всё время своего существования, университет подготовил 79 лауреатов Нобелевский премии,   45 президентов США,  12 из них были выпускниками университета. И всё благодаря активному содействию библиотечных учреждений учебного заведения, которые открыты  24 часа для посетителей, студентов и преподавателей. В Соединенных Штатах посещение библиотек стало обычным культурным мероприятием среди населения. Многие семьи приучают своих детей   к  посещениям школьных библиотек и советуют какие книги им читать.  Также всегда в помощь со своими рекомендациями, о том, что книга  является отличным учителем  и наставником,   приходят высококвалифицированные библиотекари. 

Калит сўзлар: Ҳарвард университети, Кембриж шаҳри, Нобел мукофоти, жамоат кутубхонаси, Қўшма Штатларда кутубхоналар, ёш китобхон, адиблар хиёбони, лидер.

Билимсизлик инсоният учун энг қоронғи тундир». Ушбу ҳикмат муаллифи буюк Шарқ файласуфи Конфуций бу борада минг карра ҳақ.

...Бундан 4 йил бурун мени Ҳарвард университетига физиология соҳаси бўйича илмий маъруза ўқишга чақиришди. Маърузадан кейин «Кутубхонага борамиз!» дедим. Бу шерикларимга ҳам маъқул тушди. Аммо мезбоннинг «Университетнинг қайси кутубхонасига?» деган саволи бизни гангитиб қўйди.

Ҳарвард университетининг тиббиёт, табиатшунослик, адабиёт, ҳуқуқшунослик, геология, тарих, информатика ва бошқа соҳаларга ихтисослаштирилган 80 та кутубхонаси борлигини билмас эканмиз. Шунда ҳам сир бой бермай, марказий кутубхонасини кўрмоқчи эканлигимизни билдирдик.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ҳарвард университети Массачусетс штатининг Кембриж шаҳрида жойлашган бўлиб, у дастлаб 1636 йилда коллеж сифатида ташкил этилган. XIX асрнинг биринчи чорагида эса университетга айлантирилади.

Эътибор қилинг, Ҳарвард университети битирувчиларидан 79 нафари Нобел мукофоти соҳиби бўлган. Бугунги кунда уларнинг 14 нафари шу университет талабаларига дарс беради. Дунёдаги миллиардер бойларнинг ярми унинг собиқ талабалари ҳисобланади. АҚШнинг 45 Президентидан 12 нафари шу олий ўқув юртини тамомлаган...

Университет кутубхонаси ўз эшикларини 1638 йили очган бўлиб, фондида 8 миллионга яқин асарлар сақланади. Улар орасида инглиз вазири, санъат бакалаври Ж. Ҳарвард қолдирган китоблар энг ноёб адабиётлар сирасига киради. Ж. Ҳарвард ўз мулкининг ярми ва кутубхонасини унинг номи берилган мазкур университетга васият қилиб қолдирган.

Кутубхонага яқинлашар эканмиз, унинг пештоқидаги ёзув эътиборимизни тортди. Унда АҚШ файласуфи Жим Роннга тегишли қуйидаги сўзлар битилган: «Тушлик вақтини ўтказиб юбориш мумкиндир, аммо умрнинг энг мазмунли қисмини китоб ўқимасдан ўтказиб юбориш асло мумкин эмас».

Кўзимизга тушган яна бир чақириқда шундай дейилган: «Билим олиш азоби – вақтинча, билимсизлик азоби – умрбод!»

Кутубхона 24 соат фаолият кўрсатади. Ҳамма мук тушганча китоб ўқияпти, керакли жойларини кўчириб олмоқда. Қизиғи, ҳар бир стол устида турган компьютерларга ҳеч ким бурилиб ҳам қарагани йўқ.

Ҳайратимни яшира олмай сўрайман:

– Нега талабалар олдида турган компьютердан фойдаланишмайди?

– Китобхонда гаджетлардан хоҳлаган жойда, истаган пайтда фойдаланиш имконияти бор. Бироқ кутубхонадаги китобларни фақат шу ерда ўқиш мумкин. Бу имкониятни, қулай вақтни бой бериб бўладими?! Компьютерлар орқали талабалар ўзларига керак бўлган адабиёт қаерда турганини аниқлашда фойдаланишади холос.

Қўшма Штатларда кутубхоналарга бориш аҳоли орасида кенг тарқалган маданий фаолият турига айланган.

Кутубхоналарнинг жамият ва мамлакат тараққиётидаги беқиёс роли кўплаб давлатларда тан олинган. Жамоат кутубхонасига сарфланган бир доллар 10 долларгача даромад келтириши ўз исботини топган. Масалан, Сан-Франсиско жамоат кутубхоналари тизимига тикилган ҳар бир доллардан 5 доллардан 9 долларгача даромад кўрилаётган экан. Эҳтимол, ушбу сармоявий омил Қўшма Штатларда жамоат кутубхоналари сони “McDonaldʼs” ресторанлари ва “Starbucks” қаҳвахоналари сонидан ортиб кетишига сабаб бўлгандир.

Ўзбeкистонда-чи?

Ўзбекистонда кутубхоналар сони қанча? Охирги 25-30 йилда нечта кутубхона бунёд этилди?

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда кутубхоналар сони меҳмонхоналарга қараганда тўрт марта кам экан. Кўпчилик наздида замонавий меҳмонхоналар, антиқа бино ва иншоотлар сайёҳларни кўпроқ жалб қилармиш... Аслида бундай эмас. Сайёҳлар асл Ўзбекистон, унинг тарихи, маданияти, одамларнинг ўзбекона ҳаёти, турмуш тарзини кўриш учун келади. Гапнинг дангалини айтганда, кутубхоналар бошқа сайёҳлик йўналишларидан ҳам кўпроқ саёҳатчиларни жалб қилишга қодир.

Масалага ана шу жиҳатдан ёндашилганда, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Миллий кутубхона ҳузурида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини ташкил этиш тўғрисидаги муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши, айтиш жоизки, кутубхоналар фаолияти ривожидаги муҳим қадам бўлди.

Зотан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қадимий зиё ўчоғи бўлиб, 1870 йилда ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси бунёд этилиши режалаштирилгани ҳам халқимиз учун қувончли янгиликдир. Адиблар хиёбони ва боғдаги бошқа маънавий-маърифий объектлар билан яхлит мажмуага айланиши кутилаётган ушбу зиё маскани 4 қаватли бўлиши, бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчиларга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон ресурслар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади.

Атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисалар, жумладан, китоб мазмуни ва барча билимлар инсон мияси орқали қабул қилинади. Мия 35 ёшгача ўсади. Инсон ташқи муҳит ахборотининг 70-80 фоизини 5 ёшгача олиб бўлади, тафаккур ва онг ҳам айни шу пайтда шаклланади. Демак, 3-4 ёшга келиб инсон мияси физиологик жиҳатдан ўқишга, ҳарфларни жамлашга тайёр бўлади. Миянинг мана шу физиологик хусусияти ҳисобга олинган ҳолда, дунёнинг аксарият мамлакатларида болалар 5-6 ёшдан, баъзиларида эса 7 ёшдан 1-синфга қабул қилинади.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган «Ёш китобхон», «Ёш китобхон оила» республика танловлари ғолибларига енгил автомобиллар совға қилинмоқда.

«Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир». Инсон миясининг чексиз имкониятларини ишга солиш учун эса, аввало, китоб ўқиш керак. Энди англаётгандирсиз, юртимизда китобхонликни тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида қандай мақсадлар ётганлигини?!

Қандай йўл тутган маъқул?

Хўш, бу борада қандай йўл тутган маъқул, дерсиз. Яна Америкадан мисол келтираман. АҚШдаги бошланғич мактабларда ўқувчилар ҳар ҳафтада мактаб кутубхонасига бориши шарт. Болалар ўзи хоҳлаган, баъзида ўқитувчиларининг тавсиясига кўра, биттадан учтагача китоб олиш ҳуқуқига эга. Фақат китобларни ўқиб, икки ҳафтадан сўнг топшириши керак. Адабиётларни қайтариш муддати яқинлашгач, ўқувчилар ота-оналарининг электрон почтасига бу ҳақда эслатма юборилади.

Дарҳақиқат, китоб – буюк устоз! Зеро, биргина китоб инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Яъни бахт миллионлаб китоблар ичида руҳингизга мос китобни топа олишда. Шунинг учун болаларнинг айни улғайиш пайтида мутолаага жалб қилинг. Бу унинг шахс сифатида шаклланишида, ҳаётда ўз йўлини топиб, касб-ҳунар танлашида катта таъсир кучига эга бўлади.

Фақатгина диплом учун эмас...

«Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди», деган эди донишмандлардан бири. Тўғри, ҳозирги замонамизда исталган янгилигу ахборотни интернет орқали олиш мумкин. Бир қарашда китоб ўқиш учун вақт сарфлашга ҳожат йўқдек. Аслида, ҳеч бир ахборот воситаси, ҳатто кино ёки бошқа кўнгилочар томошалар ҳам бадиий асар ўрнини босолмайди. Масалан, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи асосида ишланган фильм қанчалик муваффақиятли, актёрлар ижро маҳорати кучли бўлмасин, барибир китобга етмайди. Унинг таъсир кучи, жозибаси бошқача.

Шу маънода, бугун яхши диплом учун эмас, яхши билим олиш, китоб ўқиш учун курашадиган вақт келди. Мактаб, лицей, олий ўқув юрти учун эмас, ўзинг учун, ҳаёт учун ўқиш, билим олиш керак. Зеро, билим олиш бахтсизликдан, хурофотдан, биров етаклаган томонга оғиб кетишдан сақланишнинг ягона йўлидир.

Иншо ёзишни тиклаш лозим

Китобхонликни, китоб ўқишни ривожлантиришнинг энг муҳим тадбирларидан бири, бу – иншо ёзиш. Демак, барча олий ўқув юртларида кириш имтиҳонида иншо ёзиш тикланса, айни муддао бўларди. Чунки абитуриент китобхон, саводхон бўлсагина ўз фикрини қоғозга равон ва хатосиз тушира олади. Тан олмай илож йўқ, иншо ёзиш бекор қилингандан кейин, бошқа томонларини қўяверинг, ўз фамилиясини хато билан ёзадиган қатлам ҳам пайдо бўлгани ачинарлидир. Ахир яқин ўтмишимизда биз мактаб битирув имтиҳонларида, олий ва ўрта таълим ўқув юртларига киришда қандай мавзуда иншо ёзганимиз билан фахрланиб юрар эдикку?!

Шу ўринда Жанубий Африка Республикасидаги бир университет кираверишида битилган мана бу сўзларни келтирсак.

«Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифати пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса бас. Бундай врачлар қўлига тушган беморлар ўла бошлайди. Бундай иқтисодчилар ва ҳисобчилар қўлидаги пуллар изсиз йўқолади. Бундай диний уламолар туфайли инсонлар маънан ўла бошлайди. Бундай юристлар ва судьялар қўлида адолат йўқлик сари юз тутади... Қонун чиқарувчилар қўлида бошқарув йўқ бўлади. Таълимнинг барбод бўлиши – миллатнинг касодга учрашидир».

АҚШда ҳам мактаб битирувчилари, албатта, битирув ижодий иншосини ёзишади. Ҳар бир штатда иншо ёзиб, совринли ўринларни олган битирувчиларга мукофотлар берилади, рағбатлантирилади.

Масалан, 2017 йили Пенсилвания штатининг Питтсбург шаҳридаги “Shady Side Academy” мактабини аъло баҳоларга битирган ватандошимиз Азизжон Йўлдошевнинг ижодий иншоси мамлакатда совринли ўрин олгани учун «Мартин Лютер Кинг» мукофотига сазовор бўлди. Айнан шу мукофоти туфайли Азизжон Американинг 23 та олий ўқув юртига ҳужжат топшириб, барчасига грант асосида ва йиллик стипендия билан қабул қилинди.

Университетлар Азизжонга йиллик стипендияни 10 мингдан 30 минг долларгача таклиф қилишди. У Вашингтондаги “American University” университетининг бизнес факультетини танлади. Бу университет жамоаси Азизжонни суҳбатдан ўтказиб, талабалар орасида «Лидер» (сардор) унвонини беришди. Ўтган йили Азизжон университетни аъло баҳоларга тамомлаб, АҚШнинг энг йирик компанияларидан бирига ишга қабул қилинди. Мана, иншонинг, замонавий билимларнинг кучи!

Таълим-тарбияга бўлган мана шундай ижодий ёндашув туфайли бугун АҚШ дунёнинг энг саводли одамлар мамлакатига айланди. Маълумотларда келтирилишича, аҳолисининг 99 фоизи саводли бўлиб, камида ўқиш ва ёзишни билади. 85 фоизи ўрта маълумотга эга бўлса, 28 фоизи олий маълумотлидир.

Қашшоқликнинг асл сабаби...

Статистик маълумотларга кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади. Ўрганишлар яна шуни тасдиқлаяптики, китоб ўқишни хуш кўрадиган болалар мактабда ҳам аълочи бўлади. Улар грамматикани ҳам, математикани ҳам яхши ўзлаштиради.

Энг ёмони, билимсизлик жиноятдан ҳам хавфли иллат саналади. Италиялик машҳур иқтисодчи-тарихчи Карло Чипполо шундай ёзади: «Билимсизлар жиноятчилардан кўра хавфлидир. Жиноятчиларда мақсад бўлади, тентакларда эса йўқ. Шунинг учун уларнинг ҳаракатларини олдиндан билиш имконсиздир. Улар сизга ҳеч қандай сабабсиз, муддаосиз, режасиз зарар етказади. Энг кутилмаган жойда, энг ноқулай пайтда пайдо бўлади».

Хўш, бундай иллатга қарши қандай кураш олиб бориш мумкин? Аниқ ва синалган йўллари борми?

Албатта, бор. Бунинг синалган йўли китобхонликдир. Шу боис юртимизда, таъбир жоиз бўлса, ақл «машъала»лари ёқилмоқда.

Кузатаётган бўлсангиз, Ўзбекистонда кейинги йилларда илм-фан, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ана шу қатъият, интилиш ўз ифодасини топиб боряпти. Бу учинчи Ренессанс қуёши уйғонаётганидан далолатдир.

Хотима ўрнида бир ҳадиси шарифни келтиришни жоиз топдик. Унда шундай дейилади: «Илм ўрганинглар: илм зулматда қуёш, ваҳшатда ҳамроҳ, ёлғизликда йўлдош, бегона юртда сирдош, оғир дамда раҳбар, душманга қарши қуролдир».