Annotation. The article analyzes bibliographic lists and indexes compiled by the National Bibliography Database Development Service of the Alisher Navoi National Library of Uzbekistan during 2010–2025. The study examines the thematic scope and typological features of bibliographic and biobibliographic indexes, as well as the growing role of electronic resources. The informational and educational significance of bibliographic publications reflecting national history, literature, science, and culture is also highlighted.
Keywords: national bibliography, bibliographic index, biobibliographic index, electronic resources, National Library of Uzbekistan, bibliographic database, information resources.
Аннотация. Мақолада Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш хизмати томонидан 2010–2025 йиллар давомида тузилган библиографик рўйхат ва кўрсаткичлар таҳлил қилинган. Библиографик қўлланмаларнинг мавзу йўналишлари, шаклий хусусиятлари ҳамда электрон ресурслар улушининг ўсиши ёритилган. Шунингдек, миллий тарих, адабиёт, фан ва маданиятни акс эттирувчи библиографик нашрларнинг ахборот-таълимий аҳамияти очиб берилган.
Калит сўзлар: миллий библиография, библиографик кўрсаткич, биобиблиографик кўрсаткич, электрон ресурслар, Миллий кутубхона, ахборот ресурслари, маънавий мерос
Аннотация. В статье проанализированы библиографические списки и указатели, подготовленные Службой формирования базы данных национальной библиографии Национальной библиотеки Узбекистана имени Алишера Навои в 2010–2025 годах. Рассматриваются тематические направления, видовые особенности библиографических пособий, а также рост доли электронных ресурсов. Освещается информационно-образовательное значение библиографических изданий, отражающих национальную историю, литературу, науку и культуру.
Ключевые слова: национальная библиография, библиографический указатель, биобиблиографический указатель, электронные ресурсы, Национальная библиотека Узбекистана, духовное наследие
Ахборот жамияти шароитида миллий маънавий меросни сақлаш,
тизимлаштириш ва кенг жамоатчиликка етказишда миллий библиографиянинг ўрни беқиёсдир. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш хизмати ана шу муҳим вазифани изчил ва самарали амалга ошириб келмоқда. Хусусан, 2010–2025 йиллар мобайнида хизмат томонидан турли мавзуларни қамраб олган библиографик кўрсаткичлар, адабиётлар рўйхатлари тайёрланди.
Библиографик қўлланмалар миллий библиография маълумотлар базасида жамланган ахборотни муайян мақсад ва аудитория учун қайта ишланган ҳолда тақдим этади. Улар ахборот қидирувини енгиллаштириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва миллий маданий меросни тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайди.
Библиографик қўлланма – муайян мавзу, муаллиф, давр ёки ҳужжат турига оид библиографик ёзувларни тизимли равишда жамлаган ахборот нашридир. Унинг асосий вазифаси – ўқувчи, тадқиқотчи ёки мутахассисга керакли манбаларни топишда ёрдам бериш.
Библиографик қўлланманинг асосий хусусиятлари:
- маълум бир мавзу, соҳа, муаллифга оид адабиётларни жамлайди;
- манбалар тизимли, тартибланган ҳолда берилади;
- ҳар бир адабиёт ҳақида қисқа библиографик маълумот (муаллиф, сарлавҳа, нашр йили, нашриёт ва ҳ.к.) ёзилади;
- фойдаланувчига манбаларни излашда йўналтирувчи восита бўлиб хизмат қилади.
Кўриб чиқилаётган даврда тузилган биб-
лиографик нашрлар мазмунан ва шаклан хилма-хил бўлиб, миллий тарих, адабиёт, фан, маданият ва ижтимоий ҳаётнинг долзарб масалаларини қамраб олган.
2010–2014 йилларда тайёрланган библиографик кўрсаткичлар асосан маънавий-маърифий йўналишга қаратилди. Бу даврда Миллий кутубхонанинг 140 йиллиги муносабати билан тузилган «Маънавиятнинг ўлмас бўстони» библиографик кўрсаткичи, «Ёшлар камоли – юрт истиқболи» каби йил мавзуларига бағишланган нашрлар, Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигига бағишланган электрон библиография, шунингдек, Усмон Носир таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тарихий-библиографик солнома тайёрланди.
Бу даврда соғлом авлод тарбияси, миллий маданият ва маънавиятни тарғиб этишга оид қўлланмалар ҳамда электрон шаклдаги библиографик кўрсаткичлар ишлаб чиқилгани хизмат фаолиятида анъанавий босма
шаклдан рақамли форматга босқичма-босқич ўтиш жараёни бошланганини кўрсатади.
2015–2017 йиллар даври библиография фаолияти ривожида мазмун жиҳатидан янги босқич сифатида намоён бўлди. Айниқса, йирик олимлар, ёзувчилар, шоирлар ҳамда давлат арбобларига бағишланган биобиблиографик кўрсаткичларнинг кенг миқёсда тайёрланиши ушбу даврнинг муҳим хусусияти ҳисобланади. Академиклар, профессорлар, халқ ёзувчилари ва шоирларининг юбилей саналари муносабати билан яратилган электрон кўрсаткичлар миллий илмий-маданий меросни рақамли муҳитда сақлаш, тизимлаштириш ва кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилди.
Мазкур даврнинг яна бир муҳим хусусияти – электрон библиографик ресурслар улушининг кескин ортиши ва рақамли форматнинг устувор шаклга айлана бошлаганидир. Биобиблиографик кўрсаткичлар электрон муҳитда тақдим этилиши уларнинг қидирув имкониятларини кенгайтирди, аудитория қамровини оширди.
Библиографик кўрсаткичларни тайёрлаш жараёнида ушбу шахслар фаолият юритган муассасалар ҳамда муаллифларнинг ўзлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Натижада нашрлар тўлиқлиги ва манбалар хилма-хиллиги жиҳатидан аввалги тузилган қўлланмалардан фарқ қилди.
2018–2020 йилларда миллий ва минтақавий аҳамиятга эга шахслар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов, Абдулла Қодирий, Абай Қўнонбоев, Чингиз Айтматов каби минтақавий ва туркий-маданий макон учун аҳамиятли сиймоларга бағишланган биобиблиографик кўрсаткичлар тайёрланди.
2021–2024 йилларда амалга оширилган библиография фаолиятида соҳавий ва мавзули библиографик кўрсаткичлар етакчи ўринни эгаллади. Хусусан, Ўзбекистон транспорт тизимига бағишланган йирик
ҳажмли ретроспектив библиографик кўрсаткич соҳа бўйича кенг қамровли ахборот манбаи сифатида эътиборга моликдир.
Маданий-маърифий йўналишда эса Хиванинг «Турк дунёси маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши муносабати билан тайёрланган библиографик кўрсаткич алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу нашрда китоблар ва даврий нашр материаллари билан бир қаторда архив ҳужжатларининг ҳам қамраб олингани унинг илмий қийматини янада оширади.
Мазкур библиографик нашрлар илмий тадқиқотчилар ва соҳа мутахассислари учун муҳим ахборот манбаига айланди. Шунинг-
дек, Миллий кутубхонанинг 150 йиллигига бағишланган электрон библиографик қўлланма муассасанинг тарихий ривожи ҳамда маърифий фаолиятини ёритиб берди.
2025 йилда тайёрланган адабиётлар рўйхатлари ва ретроспектив кўрсаткичлар эса миллий библиография фаолиятининг узвий давомийлигини кўрсатиб, экологик барқарорлик, шаҳарсозлик ва маънавий мерос масалаларига бағишланди.
2025 йилда нашр этилган «Ўзбекистон шаҳарсозлиги» номли ретроспектив кўрсаткич мамлакат шаҳарсозлиги тарихи ва ривож-
ланиш босқичларини қамраб олган йирик библиографик ресурс ҳисобланади. У ўзида 1902-2024 йилгача бўлган давр адабиётларини жамлаган бўлиб унда 8071 та адабиёт акс этган.
Кўрсаткичда шаҳарсозликка оид илмий тадқиқотлар, меъморчилик ва ҳудудий режалаштириш масалалари, тарихий ва замонавий қурилиш жараёнларини ёритувчи адабиётлар тизимли асосда жамланган. Бу эса соҳа ривожининг илмий манзарасини яхлит ҳолда кўриш, илмий изланишлар учун ишончли манбага эга бўлиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, 2010–2025 йиллар давомида Миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш хизмати томонидан тайёрланган библиографик рўйхат ва кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг илмий, маданий ва маънавий ҳаётини акс эттирувчи муҳим ахборот ресурслари сифатида шаклланди. Ушбу библиографик нашрлар мамлакатда чоп этилган илмий, илмий-оммабоп ва ижтимоий аҳамиятга эга адабиётларни тизимли равишда ҳисобга олиш, тартибга солиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказишда катта аҳамият касб этади. Шу билан бирга, улар тадқиқотчилар, мутахассислар, талаба-ёшлар ва китобхонлар учун зарур ахборотни тез ва қулай топиш имконини яратувчи ишончли манба вазифасини бажаради.

Айниқса, сўнгги йилларда электрон библиографик ресурслар сонининг ортиб бораётгани миллий библиография тизимини рақамлаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий натижаси ҳисобланади. Электрон маълумотлар базалари, онлайн библиографик кўрсаткичлар ахборотдан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириб, вақт ва масофа чекловларини камайтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса миллий библиографиянинг нафақат анъанавий китобхонлар, балки масофадан туриб тадқиқот олиб бораётган олимлар ва мутахассислар учун ҳам қулай ахборот манбаига айланишини таъминлайди.

Шунингдек, библиографик ресурсларнинг мунтазам равишда яратилиши ва бойитилиши миллий илмий меросни тизимлаштириш, уни сақлаш ва илмий муомалага киритишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Библиография орқали мамлакатимизда яратилган илмий ва маданий мерос ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш, унинг тараққиёт босқичларини ўрганиш ва таҳлил қилиш имконияти пайдо бўлади.
Келгусида мазкур соҳада рақамли технологияларни янада кенг жорий этиш, электрон маълумотлар базасини такомиллаштириш, ҳамда библиографик маълумотларнинг очиқлиги ва фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади. Бу эса миллий библиографиянинг халқаро ахборот маконидаги нуфузини оширишга хизмат қилади.

Миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш хизмати томонидан амалга оширилаётган фаолият миллий ахборот маконини бойитиш, илмий меросни тизимлаштириш ва уни келгуси авлодларга етказишда стратегик аҳамиятга эга. Мазкур ишларнинг изчил давом эттирилиши мамлакатимизнинг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва уни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим ўрин тутади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Асанова, Ф. Все о композиторах в электронном формате : [полнотекст. биобиблиограф. указатели, выпущен. в Нац. б-ке Узбекистана] / Ф. Асанова // Нар. слово. – 2017. – 18 янв. – С. 3.
Ro‘ziyeva, F. O‘zbekiston Мilliy kutubxonasi milliy bibliografiya ma’lumotlari bazasini shakllantirish xizmati faoliyati: tarixi va bugungi holati / F. Ro‘ziyeva // Fan, ta’lim, madaniyat va biznesda internet va axborot-kutubxona resurslari : xalqaro konferensiya materiallari «Central Asia – 2025», Farg‘ona, 15–17-may. – 2025. – Toshkent, 2025. – B. 201–205. – Rez. ingl. – Bibliogr.: 5 nom.
Shaxslarga bag‘ishlangan va turli sohaga oid elektron bibliografik qo‘llanmalar // Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasi : [sayt]. – URL: https://www.natlib.uz/bbs/content/94_563958.
O‘zbekiston Respublikasi davlat standartlari // Alisher Navoiy nomidagi O‘zbekiston Milliy kutubxonasi : [sayt]. – URL: https://www.natlib.uz/bbs/content/94_440.
