Annotation: This article describes the history of the process of automation in information and library institutions of the world and Uzbekistan, the automated information and library systems used (Polaris, Sierra, Voyager, Aleph, IRBIS, Armatt ++, KaData, Uznel), their advantages and disadvantages, features, issues of their implementation. Also analysis of online courses, seminars, trainings, platforms that teach librarians the automated information-library system. In addition, Uznel ILS which has been introduced in the National Library of Uzbekistan and in 20 major libraries of Uzbekistan. Therefore, platform of Uznel tutorials, video tutorials uploaded to the YouTube, and the positive results to be gained from it.
В статье описывается история процесса автоматизации информационно-библиотечных учреждений мира и Узбекистана с акцентом на используемые АБС - автоматизированные информационно-библиотечные системы (Polaris, Sierra, Voyager, Aleph, IRBIS, Armatt ++, KaData, Uznel), их преимущества и недостатки. Дан анализ онлайн-курсов, семинаров, тренингов, платформ обучения библиотекарей АБС. Подробно рассказывается о системе Uznel, внедренной в Национальной библиотеке и 20 крупных библиотеках республики, платформе обучения и достигнутых результатах.
Калит сўзлар: Миллий кутубхона, Ўзбекистон Фанлар академияси Фундаментал кутубхонаси, Республика илмий-техника кутубхонаси, Давлат илмий-тиббиёт кутубхонаси.
Автоматлаштирилган кутубхона тизими (АКТ) - бу ресурсларни бошқариш мақсадида кутубхонанинг асосий жараёнлари (жамлаш, каталоглаштириш, китоб айланмаси)ни автоматлаштириб берадиган тизим ҳисобланади. Жаҳон тажрибасини ўрганар эканмиз, ривожланган давлатларда автоматлаштирилган кутубхона тизимларида ишлаш, улардан фойдаланиш, кутубхоналарга жорий этиш кўрсаткичлари жуда юқорилигини кўришимиз мумкин. Жумладан, АҚШ кутубхоначилик иши тарихига назар соладиган бўлсак, кутубхона жараёнларини енгиллаштириш мақсадида 1930 йиллардан бошлаб кутубхоналарни автоматлаштириш ишлари бошланган. 1970 йилларга келиб компьютернинг пайдо бўлиши билан OCLC (Online Computer Library Center) томонидан корпоратив каталоглаштириш йўлга қўйилган. 1990 йилларда, дастурий ва техник таъминотлар ривожига катта эътибор берила бошлангандан сўнг, кутубхона жараёнларини ҳам дастурий воситалар орқали йўлга қўйиш ривожланиб борган. Ҳозирги кунга келиб автоматлаштирилган кутубхона тизимлари булутли технологиялар (Cloud Computing) ёрдамида ишлаб чиқилмоқда. Кутубхоналар учун дастурий воситаларни ишлаб чиқиш ривожланган давлатларда йирик компаниялар томонидан амалга оширилади. Қуйида (жадвал №1) ана шундай тизимларни ишлаб чиқувчи компаниялар рўйхати ва улардаги дастурий воситалар келтирилган. Бундай компанияларнинг энг ривожланганлари Innovative Interfaces, Exlibris ҳисобланди [1].
Ўзбекистонда энг кўп фойдаланиладиган автоматлаштирилган кутубхона тизимлари Республика кутубхоналарида автоматлаштириш жараёнлари соҳа мутахассисларининг ишларини енгиллаштириш мақсадида кутубхона моддий-техник негизини мустаҳкамлашдан бошланган. Мамлакатимизнинг энг йирик кутубхоналари - Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси, Республика илмий-техника ҳамда Давлат илмий-тиббиёт кутубхоналарида автоматлаштириш ишлари мустақил равишда, ушбу кутубхоналарнинг ички режаларига мувофиқ халқаро ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилган. Айрим университет кутубхоналари ўз мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган дастурий таъминотдан фойдаланган. Бундан кўриниб турибдики, ягона мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи тизим бўлмаган. 1998 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонасида 2,5 минг АҚШ доллари миқдорида бюджетга эга бўлган «Кутубхона жараёнларини автоматлаштириш ва компьютерда ишлаш кўникмаларини ўргатиш» лойиҳаси амалга оширилган. 2000 йилга қадар 26 мингга яқин электрон библиографик ёзувлар автоматлаштирилган кутубхона тизимида яратилган. Автоматлаштириш бўйича етакчи бўлган ушбу кутубхона 2000 йилда халқаро фонддан «Автоматлаштирилган кутубхона модели» номли лойиҳаси учун 43,2 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант ҳам ютиб олган.
Лойиҳалар Россия дастурчилари томонидан ишлаб чиқилган «ИРБИС» автоматлаштирилган ахборот-кутубхона тизими асосида амалга оширилган. Натижада Марказий Осиёда автоматлаштирилган жараёнларнинг барча вазифаларини ўз ичига олган биринчи намунавий кутубхона ташкил этилди. Кутубхона мутахассисларини ўқитиш базаси ва фундаментал кутубхонанинг электрон ахборот ресурсларидан очиқ фойдаланиш имконияти ҳам яратилди [2].
ИРБИС. Республикадаги йирик кутубхоналар UzNEL лойиҳаси ишга туширилгунига қадар ИРБИС тизимидан фойдаланган. ИРБИС Москва Давлат илмий-техник кутубхонаси томонидан ишлаб чиқилган интеграциялашган тизим бўлиб, Россия ва МДҲ мамлакатларида жорий қилинган. Ушбу тизим лойиҳа асосида қўлланила бошлагандан сўнг кўплаб ижобий натижаларга эришилди. Аммо миллий маҳсулот яратиш эҳтиёжи ҳам юзага келди. Бу муаммони ечиш учун Кармат-У дастури ишлаб чиқилди. Бешта автоматлаштирилган иш ўрнидан иборат мазкур тизим кутубхонанинг барча жараёнларини ўз ичига олган. Кейинчалик дастур фаолиятини оптималлаштириш ва қўшимча функциялар қўшиш мақсадида Армат++ дастури ишлаб чиқилди ва бир нечта йирик кутубхоналарда фойдаланила бошланди. Ушбу тизим кейинчалик олий таълим муассасалари АРМларида кенг қўлланилди . Ҳозирги кунга келиб ушбу тизим мактаб кутубхоналари учун Cloud технологиялар асосида ўз шахсий кабинетини очиб, электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятини яратди (жадвал №1).
Шундай бўлсада, автоматлаштириш жараёнида ягона миллий тизим ишлаб чиқилмагани ҳануз муаммо эди. Ўзбекистон Президентининг 2013 йил 17 декабрдаги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган «Миллий умумтаълим электрон кутубхона (UzNEL)» лойиҳаси Корея Республикасининг Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик жамғармаси кўмагида амалга оширилиб, қайд этилган муаммо ечимини топди. Лойиҳанинг биринчи босқичида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 20 та ҳудудий АКМлар ва йирик кутубхоналар ўртасида ахборот алмашинуви ташкил этилди. Келажакда республикамиздаги 200 та кутубхона ягона маълумотлар алмашиш тизимига киритилиши режалаштирилган [3].
АКТдан фойдаланишнинг хорижий онлайн курслари
ALA (American Library Association) Online Learning Offerings by Unit. Америка Кутубхона уюшмаси бўлимлари томонидан соҳа бўйича мавзулаштирилган онлайн таълим таклифлари ишлаб чиқилиб, уюшма аъзоларига ушбу ресурслар тақдим этилади.
American Association of School Librarians (AASL). Америка мактаб кутубхоначилари ассоциацияси ўрта таълим кутубхоналари мутахассисларининг эҳтиёжини қондириш мақсадида онлайн имкониятларини таклиф этади. Ушбу онлайн таълим доирасида ҳақиқий мактаб кутубхоналари етакчиларини тайёрлаш учун ҳар ойда вебинарлар, синхрон курслар e-COLLAB платформаси орқали ташкил этилади.
Library & Information Technology Association (LITA). Кутубхона ва ахборот технологиялари ассоциацияси вебинар ва онлайн курслари кутубхона технологиялари бўйича хизматларни тушуниш, режалаштириш ва амалга оширишда ёрдам беради. Соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган профессионал таълим имкониятлари ёрдамида кутубхоначи маҳоратини ошириши, амалий маълумотларга эга бўлиши мумкин.
Library Leadership and Management Association (LLAMA). Кутубхона раҳбарияти ва бошқаруви ассоциацияси 14 асосий етакчилик қобилияти асосида, жумладан, бино ва ускуналар, молиявий ривожлантириш, инсон ресурсларини бошқариш, баҳолаш, маркетинг ва технологиялар бўйича онлайн курслар ва вебинарларни ўз ичига олган платформага эга.

Voyager ILS. Интеграллашган кутубхона тизимидан фойдаланишни ўргатувчи онлайн тренинг курслари компаниянинг расмий сайтида жойлаштирилган.
Innovative interfaces компанияси ўзининг Polaris ва Sierra (ILS) интеграллашган кутубхона тизимлари учун бепул ва пуллик ўқитиш ва сертификатлаш курсларини тақдим этади. Мавзулар орасида каталоглаштириш асослари, SQL Reporting, метамаълумотлар билан ишлашга оид кўплаб онлайн курслар мавжуд .
Оффлайн ва онлайн таълим. Компаниянинг барча дастурий воситалардан фойдаланишни икки имкониятда ўргатадиган тренинглари видеодарслар кўринишида ташкил этилган.
Ўзбекистонда кутубхоначи ходимларнинг малакасини ошириш
Технологик ривожланишнинг жуда юқори суръатини ҳисобга олган ҳолда кутубхона ходимларининг малакасини узлуксиз ошириш масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир неча йиллар давомида АҚШ Конгресс кутубхонаси мутахассислари, Россия кутубхоначилик ишининг етакчи мутахассислари иштирокида видеоконференция ва илмий-амалий семинарлар, Ўзбекистон мутахассислари Жанубий Корея, АҚШ, Россия, бошқа давлатларда малака алмашинувида мунтазам қатнашиши йўлга қўйилган. Хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида ҳар йили икки марта «Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» мавзусида Central Asia халқаро конференцияси ва «Илмий маълумотлардан фойдаланиш ва нашр қилиш фаоллиги» INFOLIB Миллий илмий-таълимий форум доирасида 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирок этмоқда.
Бугунги кунда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги Республика ахборот-кутубхона марказида масофавий ўқув курсларини ташкил этиш учун барча ташкилий ишлар якунланиб, платформа тест синови йўлга қўйилган. Шунингдек 2015 йилдан буён Миллий кутубхона тасарруфида малака ошириш курслари доимий равишда фаолият юритади.
КАРМАТ-У дастурини таълим муассасалари қошидаги АРМда жорий қилиш, яъни АРМ ходимларини дастур билан ишлашга ўргатиш мақсадида 36 соатлик махсус курс ишлаб чиқилган. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрлари малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш институтида махсус курс ташкил қилинган. Бундан ташқари, АRMAT-У асосида АКТнинг автоматлаштирилган иш ўринлари билан ишлашни ўргатувчи виртуал тренажёр ҳам яратилган.
Кейинги уч-тўрт йил давомида UzNEL АКТ 20та йирик кутубхона жараёнларини автоматлаштирилган тарзда ташкил этишда асосий восита сифатида хизмат қилмоқда, шундан 14 таси вилоят АКМлари ҳисобланади. 186 та туман (шаҳар) АКМларида Армат++, Кармат ва Ирбис каби тизимлардан фойдаланилади. UzNEL тизимини кейинчалик Миллий кутубхона тасарруфидаги барча кутубхоналарга қўллаш режалаштириган. Айнан шу АКТдан фойдаланиш, уларда ишларни тўғри ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфидаги 200 та АКМ учун «INFOLIB Uzbekistan» Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги доирасида семинар-тренинглар ўтказиб келинади. Аммо бу семинар-тренинглар йилда бир-икки маротаба ташкил этилади, мутахассислар томонидан эса саволлар, мурожаатлар жуда ҳам кўп. Шундай экан, ана шу муаммонинг ечимини хориж тажрибасига таяниб топиш, келгусида тизимда фаолият бошловчи АКМлар учун UzNEL тизимидан фойдаланишни ўргатувчи онлайн курсларини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Онлайн-курсларни тизимнинг асосий тўрт модули бўйича ташкил этиш мумкин. Ҳар бир модуль бўйича мавзулаштирилган видеодарслар ва қўлланмалар бир платформадан жой олади. Синов тариқасида 1-модуль асосида комплектлаш хизмати томонидан амалга ошириладиган жараёнлар бўйича махсус дастурий воситалар ёрдамида тўртта видеодарс яратилган бўлиб, UzNEL Academy номи билан YouTube тармоғига жойлаштирилган.
Мавзу доирасида амалга оширилган таҳлиллар натижасига кўра (жадвал №2) АКТлардан фойдаланиш онлайн курслари хорижда жуда кенг ривожланган ва юқори самарали ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу жараёнларда ҳозирча бошланғич босқичда, тайёрланган материаллар, тақдимотлар, видеодарслар ягона платформага бирлаштирилиб, мутахассисларга тақдим этилмаган Лекин дастлабки қадам сифатида яратилган ресурсларни жорий этилган платформалар ёки You Tube тармоғига жойлаштириш орқали АКМ мутахассислари малакасини оширишда услубий ёрдам сифатида қўллаш мумкин. Онлайн платформа орқали кутубхоначилар билим ва кўникмаларини ошириши оффлайн тренингларга қатнашиш учун сарфланадиган маблағ-ларни қисқартиришга ҳам асосдир.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Каримов У.Ф. Раҳматуллаев М.А., Мўминов Б., Каримов Ў.У. Ахборот- кутубхона муассасалари учун дастурий таъминот (АРМАТ++) Фойдаланувчилар учун йўриқнома, Тошкент, 2017.
2. Кудратова Д. Информатизация и библиотеки: пути взаимодействия. 2011.
3. Хан Й. Он тҳе Cлоудс:А Неw Wай оф Cомпутинг, 2010.
