В статье автор рассказывает, что музей Авесто функционирует с 2001 года в городе Ургенче, который был организован к 2700 – летию создания книги. Признание международным комитетом ЮНЕСКО «Книги Авесто» широко отмечалось в различных организациях и тогда же был открыт большой садовый комплекс на 20 гектаров и возведен 16-метровый монумент. В настоящее время правительством Узбекистана выделено здание в центре города, в котором будут выставлены различные экспозиции, посвященные народным обычаям, фольклору, а также археологическим находкам.
Инсоният тарихида хат-ёзув пайдо бўлганидан бери ўтган 5-7 минг йиллик даврларида аждодларимиз неча юз минглаб ёдномалар ёзиб қолдирганлар. Ёзувлар дастлаб ёғоч пўстлоғига, тошга, терига, пергамент парчалари, кейинроқ мис, темир тахтачаларга, суяк ва ипак матоларга битилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг Сармишсой (Навоий вилояти), Обигарм (Тошкент вилояти), Султон Увайс тоғ ёнбағрларидан (Кўҳна Хоразм) излаб топилган овчилик, чорвачилик касбини ифодаловчи шакл-расмлар, жумладан, ой, қуёш, ноль ёки бир рақамини эслатувчи белгилар тарих фанида ўзига хос ажойиб янгилик бўлди. Негаки, юқорида эслатиб ўтилган қоя ёзув белгилари ўзидан кейин такомиллашиб ҳозирги ҳолатга келган хат-ёзув, алифболарнинг дебочаси бўлган эди.
Жаҳон халқлари адабиётининг нодир дурдоналари: «Гилгамиш», «Ўликлар китоби», «Унцзи», «Си-шу», «Трипитака», «Веда», «Инжил», «Таврот», «Илиада» каби китоблар, қўшиқ, достон, мадҳия, афсона ва мифлар шаклидаги авлоддан-авлодга оғзаки ва ёзма тарзда ўтиб бизгача етиб келган. Ана шундай ноёб асарлар ичида биз учун энг мўътабар ва табарруги Хоразмда яратилган «Авесто» китобидир. У қадимги Хоразмийлар тилида «Пўстак», «Апастак», кейинчалик «Абиста» яъни мол териси – пўстакка битилган битиклар деган маъноларни англатади.
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А. Каримов 2001 йил 2 ноябр куни Урганч шаҳрида «Авесто» китоби ёзилганининг 2700 йиллигига бағишланган нутқида қуйидаги сўзларни айтган эди: «Энг мўътабар қадимги қўлёзмамиз «Авесто» нинг яратилганлигига 3000 йил бўляпти. Бу нодир китоб бундан ўттиз аср муқаддам икки дарё оралиғида, Хоразм заминида умргузаронлик қилган аждодларимизнинг биз авлодларга қолдирган маънавий, тарихий меросидир. «Авесто» айни замонда бу қадим ўлкада буюк давлат, буюк маънавият, буюк маданият бўлганлигидан гувоҳлик берувчи тарихий ҳужжатдирки, уни ҳеч ким инкор этолмайди»...
Дарҳақиқат, холис фикр юритувчи тадқиқотчилар «Авесто» китобини Хоразм воҳасида ёзилганлигини тан олдилар. У нафақат тарихий, этнографик, диний, балки еру осмон, борлиқ ва инсон тафаккурининг мангулиги, дунёнинг яратилиши, наботот ва табобат, эзгу фикр, эзгу сўз ва амалларни тарғиб этувчи, дунёни янгилашга қаратилган илк цивилизация қомуси деб ҳисоблайдилар. Унинг марказида ер, сув, ҳаво, ўтолов ва атроф-муҳитни яшнатувчи инсон меҳнати, унинг ақлу заковати билан вужудга келадиган тамаддун тараққиёти эзгуликлари мужассамдир.
Дунё халқлари тарихида ҳеч бир китоб «Авесто»чалик қаршиликка дучор бўлмаган, ўтоловда ёндирилса ҳам, йўқ бўлиб кетмаган.
Абу Райҳон Беруний «Ёдгорликлар» асарида қайд этишича, «Доро саройида «Абиста»нинг 12 минг қорамол терисига тилло суви билан битилган нусхаси бор эди. Уни Искандар Зулқарнайн ўтда ёқди ва бир қисмини устози Арастуга (Аристотель) жўнатди» – деб ёзади.
Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти ҳукуматимизнинг «Авесто» китоби ёзилганлигининг 2700 йиллигини кенг миқёсда нишонлаш бўйича таклифини маъқуллаганидан сўнг Урганч шаҳрида 20 гектарлак боғмажмуа бунёд этилди ва 16 метрлик маҳобатли ёдгорликмонументи ўрнатилди.
Ва лекин... «Авесто» ватани Хоразм ўлкасида унинг мероси, яралиш тарихи маҳаллий халқ турмушида ҳанузгача амал қилиниб келаётган урф-одат, расм-русумлар, топономик ёдгорликлар, рақс, лапар, фольклор санъатидаги жозибадор ўйинлар ҳақида ҳикоя қилувчи музей яратиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади. Бундай сабабли муаммони ҳал этиш учун ўлкашунос-олимлар, ҳаваскор археолог ва санъаткорлар бел боғлаб ишга киришган эдилар.
2000 – 2001 йилларда воҳа бўйлаб илмий-амалий экспедиция ташкил этилди. Унинг таркибида этнограф, археолог, марфогеолог, тарихчи олимлар, телерадио мухбирлари бор эди. Экспедиция икки йил баҳор ва куз ойлари Туямўйин дарасидан Орол денгизигача, Хива атрофларидан Аёз қалъагача бўлган сал кам 700 км.лик йўлни қадамба-қадам босиб кўҳна қалъалар, харобалар, зиёратгоҳ ва қабристонлардан 100 дан зиёд артефактлар, остодонлар, топономик номлар, 5-7 минг ва хатто миллион йиллик ўтмишга доир ноёб ашёвий далиллар топдилар. Шу тариқа, музей бойиб борди. Унинг хона ва залларида «Археология», «Этнография», «Авесто изидан», «Хоразм алломалари», «Маъмун академияси», «Эл ардоқлаган кишилар» мавзусидаги композициялар жой олди.
2006 йил октябрь ойида Қорақалпоғистоннинг Чилпиққалъа қаъридан кавлаб олинган Юра даврига оид 85 – 90 миллион йиллик, тошга айланган дарахт, 2200 йиллик остодон (ганчдан ишланган оссуарий – марҳумларнинг қуёшда қуритилган суякларини сақлайдиган қабртош) Алишер Навоийнинг Ҳиротда кўчирилган Хамса қўлёзма нусхаси сақланмоқда. Қўлёзманинг боши ва охирги вароқлари, ички саҳифалар захдан бироз шикастланган бўлса ҳам, у бизга аждодларимизнинг китобат санъати тажриба маҳоратидан, ҳуснихат ёзуви маънавиятнинг нақадар юксаклигидан далолат берувчи бебаҳо ҳужжат ҳисобланади.
Музей фондида 2 мингга яқин турли даврларга доир қўлёзма ҳужжатлари, ашёвий далиллар, миллий либослар, уй-рўзғор буюмлари, XIX–XX асрларда ясалган тасвирий санъат намуналари, фото-материаллар мавжуд. Шунингдек, «Авесто»нинг қўй терисига ёзилган график нусха макети (нусхаси), XV-XIX асрларда Ҳиндистон (Бомбей), Париж, Лондон, Копенгаген, Москва, Теҳрон ва Тошкент шаҳарларида босмадан чиқарилган китоб нусхалари (ёки копиялари) – томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда. Турли динларнинг муқаддас китоблари намойиш этилаётганлиги ёшлар дунёқарашини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Маълумки, «Авесто»нинг ўз ўрнини тиклаш учун 14 аср вақт керак бўлди. У дастлаб 1991–1992 йилларда «Гулистон» журнали саҳифаларида босиб чиқарилди. 2001–2015 йилларда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида икки марта кўп нусхада чоп этилди.
«Авесто»нинг биринчи нашрида марҳум профессор Т. Маҳмудовнинг салмоқли мақоласи бўлиб унда китоб тарихи ҳақида мухтасар фикр юритилган. Иккинчи нашрида эса профессор Н. Жўраевнинг «Зардуштийлик – цивилизациявий ҳодиса» номли кириш мақоласи ва сўнггида «Таволлодан Муножатгача» деган илмий мулоҳазалари эссе билан янада бойитилган .
Музейимизда «Авесто» китобига бағишлаб ёзилган талайгина илмий-оммабоп рисолалардан ташқари, унинг маъно-мазмунини акс эттирувчи рангтасвир асарлар жойлаштирилган. Табиийки, бундай экспозициялар бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда нуфузи ошаётган авестошунослик назарий ва амалий жиҳатдан янги поғонага кўтарилаётганлигини кўрсатади. Аниқланган далиллар, эълон этилган мақолалар, санъат асарлари, жумладан, Ўзбекистон халқ рассоми Тўра Қурёзовнинг «Авесто» мавзусидаги жозибадор полотнолари Ватан тарихи, динлар тарихи, маънавият тарихи ва унинг бугунги ҳолати чиндан ҳам «Авесто» ватани Хоразм воҳаси эканлигини тасдиқлайди.
«Авесто» дунё халқлари тамаддуни (циви-лизация)нинг рад этиб бўлмайдиган формуласи – тамал тоши десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Тасаввур этиб кўрайлик.
Ундаги асосий чақириқ:
Эзгу фикр – бош ғоя – ният, ўй
Эзгу сўз – лойиҳа, концепция,
Эзгу амаллар... Бажариладиган юмушлар, уй-иморат, қурилмалар.
Ҳар қандай жамиятда, ҳар қайси минтақада ҳар қандай муҳит-шароитда амалга оширилиши лозим бўладиган ҳолатлар тизимининг режаси эмасми? «Авесто» – инсонларни эзгу сўз, эзгу амалларга даъват этувчи ва хавф-хатардан огоҳликка чақирувчи мангу чақириқдир. Ушбу ҳаётбахш таъминот музейида жадвал ва рангли тасвирларда оддий-содда тарзда кўрсатилган...
Шунингдек, воҳа тарихида умрини эзгуликка бахшида этган буюк шахсларни эсламай ўтиш мумкин эмас. Ўз ҳисобидан воҳада энг гўзал минорани қурдирган Хива хонининг бош вазири Саййид Ислом Хўжа, Хоразм та-рихи ва санъати дурдоналарини йиғиб дунёга донг таратган буюк ўлкашунос коллекционер И. В. Савицкий (1915 йил, Киев, 1984 йил, Нукус) урганчлик Ниёзмат Ҳожи Матжонов (1925 – 2006) ЮНЕСКО халқаро ташкилоти информация академиясининг ҳақиқий аъзоси, профессор Худоёр Оллоёров эзгу амалларни шиор қилиб, ҳаёт мазмунига айлантириб ўзларидан бебаҳо мерос қолдирган саховатли, улуғ инсонлар эдилар.
Урганчлик Ниёзмат Матжонов умр бўйи тўплаган пул маблағларини «Авесто мероси» (Хоразм тарихи ва маданияти) музейи бўлсин – деб ваъсият қилган. Урганч шаҳрининг Шовот канали соҳилидаги 2 қаватли муҳташам саройда Халқаро «Олтин Мерос» жамғармаси қошидаги хайрия музейини ўша жойга кўчириб, давлат мақоми беришга изн берди.
