Annotation: As a result of the deep penetration of digital technologies into library activities, new directions and types of services are emerging in the industry. As a result, libraries, especially large ones, are moving from a local type of service to an international service at the global level. It is this aspect that requires changing the rules that have been used in practice in libraries for many years, giving rise to the need for a completely new approach to some issues. One of these issues is related to the fact that when forming a bibliographic record in foreign languages, especially rare editions, it is allowed to give the name of the work in transliteration, transcription or translation. This approach has been preserved even today in the countries of the Commonwealth of Independent States and has been used in practice since the last century – since Soviet times, even being fixed through state standards that coordinate the activities of the library. In fact, this approach was correct in the last century, when libraries served the user locally. It has ceased to be in demand due to the widespread use of digital technologies in library activities and the transition to global service. The article analyzes and substantiates this problem in detail.
Keywords: standard, electronic catalog, electronic library, bibliographic description, rare edition, foreign literature, transliteration, transcription, translation.
Ҳар қандай фонднинг икки хил вазифаси бўлади: сақлаш ва фойдаланишга шароит яратиш. Фондларни сақлаш борасида аниқ стандартлар ишлаб чиқилгани каби улардан фойдаланишга шароит яратиш билан боғлиқ муайян қоидалар шакллантирилган. Таҳлиллар, айнан иккинчи йўналишнинг каталоглаштириш ишида транслитерация ва транскрипцияни қўллаш билан боғлиқ муайян масалалар йиғилиб қолганини кўрсатди.

Умуман олганда, каталоглар ҳар қандай фонднинг калити ҳисобланади, бир вақтнинг ўзида кутубхонанинг юзи ҳамдир. Шу сабабдан каталоглаштириш ишига жиддий талаблар қўйилган. Ишнинг аҳамияти ва мураккаблигидан келиб чиқиб кутубхонанинг каталоглаштириш ва тизимлаштириш бўлимига энг тажрибали ходимлар жалб этилади. Чунки, библиографик ёзув тўғри шакллантирилмаса китобхон ўзи учун зарур адабиётни, фондда мавжуд бўлса ҳам, топа олмайди. Демак, бўлимнинг фаолияти кутубхонанинг “тақдири”ни белгилаб беради, деса муболаға бўлмайди. Бу айниқса халқаро фаолият юритадиган замонавий кутубхоналарда яққол намоён бўлади.
Замонавий кутубхонани электрон каталог, электрон кутубхонасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бунинг учун бибилиографик ёзувлар ҳам рақамлаштирилди. Айнан шу ўринда муаммолар пайдо бўла бошлади. Ёзувларни шакллантиришда анъанавий усул қўлланилгани сабаб улардан хорижий китобхонлар фойдалана олмайдиган ҳолат пайдо бўлди, маҳаллий китобхонлар учун ҳам вазият яхши эмас. Қуйида мазкур ҳолат араб тилидаги адабиётларнинг библиографик ёзувини
шакллантириш мисолида ёритилади.
«Ахборот, кутубхоначилик ва нашриётчилик иши бўйича стандартлар тизими. Библиографик ёзув. Библиографик тавсиф. Умумий талаблар ва тузиш қоидалари» деб номланган O‘z DSt 1215:2009 маълумотига кўра “Библиографик ёзув. Библиографик тавсиф. Умумий талаблар ва тузиш қоидалари” стандарти энг муҳим, пойдевор стандарт” [16] ҳисобланади. Шу сабаб бибилографик ёзувни шакллантиришда O‘z DSt 1214:2009, O‘z DSt 1215:2009, O‘z DSt 3053:2016 каби стандартлар ишлаб чиқилган. Жумладан, O‘z DSt 1215:2009 стандартининг 4.9.1. бандида мавзу билан боғлиқ қуйидагича қайд мавжуд: “Яхлит библиографик тавсиф ёки унинг алоҳида элементлари бошқа тил графикасига транскрипция, транслитерацияда келтирилиши ёки бошқа тил таржимасида берилиши мумкин. Мувофиқ тилларга транслитерация қилиш халқаро ва миллий стандартларга биноан қилинади” [1], дейилган. Иқтибосдаги биринчи жумладан библиографик тавсиф асл графикада берилмаслиги мумкинлиги англашилади. Айнан мана шу “мумкинлик” натижасида асл графиканинг кўрсатилмаслиги, айниқса таржимада келтиришга рухсат берилгани китобхон учун ҳам, кутубхона ишини юритишда ҳам қатор муаммоларга олиб келаётгани тажрибадан маълум бўлмоқда. Мазкур банд билан боғлиқ навбатдаги баҳсли масала иккинчи жумладаги транслитерация қилишда мавжуд бўлмаган “миллий стандарт”га ҳавола қилингани билан боғлиқ. Дунёда эса араб тилидаги китобларнинг
библиогрфик ёзувини шакллантиришда йирик кутубхоналар, тадқиқот марказлари фаолияти ўрганилганда транскрипцияни, асосан транслитерацияни амалиётда қўллаётганига гувоҳ бўлинди. Улар ўзлари учун DIN 31635 (1982), ISO 233 (1984), ISO/R 233 (1961), UN (1972), ALA-LC (1997) [10] каби стандартларни ўтган асрдаёқ ишлаб чиқишган ва бу муаммо ҳал этилган.
Библиографик тавсифни шакллантиришдаги давлат стандартларидан яна бири O‘z DSt 3053:2016 бўлиб, унда ҳам бу масала етарлича очилмаган. Бу ердаги маълумот O‘z DSt 1215:2009 стандартининг 4.9.1. банди билан ҳамоҳанг. Фақатгина 5.2.2. бандида араб графикаси билан боғлиқ мисол келтирилган. Унга кўра муаллиф номини Фонетик транскрипциянинг халқаро тизимида келтириш (лотин алифбосида) мумкинлиги айтилган, асар номи билан боғлиқ ҳеч қандай таъкид йўқ. [17] Юқоридаги таҳлиллар стандартларда араб тилидаги кутубхона ресурсларининг
библиографик ёзувини шакллантириш тартиби етарлича ёритилмаганини кўрсатди.
Библиографик ёзувни, транскрипция, транслитерация ёки таржимада бериш амалиёти фақатгина Ўзбекистонда бўлмай, Россия Федерацияси ГОСТ Р 7.1.100-2018 стандартининг 4.8.1. бандида ҳам айнан белгиланган. [4] Нодир нашрларнинг библиографик ёзувини шакллантиришга оид қўлланмада ҳам асар номи транслитерация ёки транскрипцияда бериш мумкинлиги айтилган. [6:24] Аслида, бу амалиёт собиқ Совет иттифоқида кутубхона ишига оид стандартида ҳам мавжуд бўлган. Бу масала Гость 7.1-84 нинг 1.6.2. бандида: “Зарур бўлганида библиографик ёзувни
транслитерация, транскрипция, шунингдек, рус тили ёки библиографияни бажараётган муассаса жойлашган республиканинг тилида тузиш мумкин” дейилган. [8:32] Умуман олганда, библиографик ёзувларни транслитерацияга ўтказиш тарихига назар солинса бунга XIX асрда Пруссия қироллигидаги илмий кутубхонларнинг кирилл, араб, ҳинд тилларидаги адабиётларнинг ягона илмий каталогини шакллантириш жараёнида пайдо бўлгани маълум бўлади. Айнан мана шу лотин бўлмаган ёзув тизимларини лотинчага ўтказиш йўриқномалари ХХ асрга келиб лотинчалаштириш учун стандартлар вазифасини ўтаган. [15] Юқоридаги маълумотлардан транслитерация ва транскрипция масаласининг кутубхона ишига кириб келиши ва асл графиканинг библиографик ёзувда шарт қилинмаслиги сабаби маълум бўлди. Демак, XIX – ХХ асрларда кутубхоналар локал фаолият юритгани, асосан маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатгани сабаб мақсад мавжуд аҳолининг кенгроқ қатламига хизмат кўрсатиш бўлган. Бугунги глобаллашув даврида бундай ёндашув маънан эскирган кўринади.
Юқоридаги маълумотлардан библиографик ёзувни шакллантириш қоидаси узоқ йиллар давомида ўзгармай келганини кўрсатади. Демак, ўтмишда бундай ёндашувда жиддий муаммо бўлмагани маълум бўлади. Муаммо бўлмаганини бибилиографик ёзув транскрипцияда ёки тарнслитерацияда шакл-
лантирилганидан қатъий назар карточкалар картотекага алифбо тартибида жойлаштирилгани, китобхон эса зарур адабиётни шу тартибда осонликча топа олгани билан асос-
лаш мумкин. Чунки, авваллари китобхон бевосита кутубхонанинг ўзидан локал ҳолда фойдаланишга, яъни маҳаллий тилни билишга “мажбур” эди. Ўрганишлар, шундай бўлса ҳам, асл графикада библиографик ёзувни сақлаган ҳолатлар мавжудлигини кўрсатди. Айниқса, нодир адабиётга эга йирик кутубхоналар ўз фондини дунёга таништириш мақсадида асл графикадан фойдаланган ҳолда китоб шаклидаги каталогларни нашр қилиб тарқатган экан. Уларда асар номи оригинал ёзувда бўлиши қабул қилинган. [7]
Рақамли технологиялар кутубхона фаолиятида кенг қўлланилаётган бир пайтда энди китобхон анъанавий картотекадан фойдаланишга мажбур эмас. У масофадан туриб электрон дастур орқали зарур адабиётни излаб топа олади. Айнан мана шу нуқтада биб-
лиографик ёзувни анъаний усулда шакил-
лантирилгани учун муаммолар келиб чиқмоқда, янгича ёндашувлар талаб этилмоқда. Биринчидан, хорижий китобхон зарур адабиётни фақат оригинал графикада электрон каталог орқали қидирувга беради, библиографик ёзувлар бошқа графикада шакллантирилгани учун фондда мавжуд бўлган адабиётни топа олмайди. Иккинчидан, рақамли тизимларда ҳар бир белги алоҳида кодга эга бўлгани боис, бирор адабиёт қидирувга берилганида биргина белгида хато қилинса ҳам қидирув самарасиз бўлади. Айниқса, араб тилидаги адабиёт транскрипция, транслитерация ёки таржимада берилгани сабаб маҳаллий фойдаланувчилар учун ҳам чалкашликлар келиб чиқмоқда. Шу ўринда мамлакатдаги транскрипция ва транслитерация муаммосини ҳам алоҳида кўриб чиқишга зарурат борлиги маълум бўлади.
Библиографик ёзувни шакллантиришда оригинал графика ўрнига рухсат берилган уччала шаклдан бирида кўрсатилса қандай ҳолат юзага келишини алоҳида мисолларда кўриб чиқилса вазият янада ойдинлашади.
Бибилиографик ёзувни таржимада бериш. Электрон кутубхонага араб тилидаги китоб номи таржимасининг ўзини киритишда барча маҳаллий ва хорижий фойдаланувчилар учун ҳам қийинчиликлар келиб чиқади. Чунки, бир асарни турли тадқиқотчилар фарқли тарзда таржима қилгани тажрибадан яхши маълум. Мисол учун, Ибн Хўрдадбеҳнинг “كتاب المسالك والممالك” асари турли тадқиқотларда “Книга путей и стран”, “Книга путей и царств”, “Книга путей и государств” кўринишида рус тилига таржима қилинганини келтириш мумкин. [5:3] Бундай ҳолатлар илмий тадқиқотларда жуда кўп учрайди. Натижада, юқоридаги таржима шаклларидан қай бири киритилганини билмаган китобхон электрон дастур орқали бундай адабиётни топиши амри маҳол бўлади. Агарда, кутубхона соҳасида қанчалик тажрибага эга бўлмасин, мутахассис араб тилини зарур даражада эгалламагани боис муайян асар номидаги бирор сўзнинг бошқа бир маъносини танлаш орқали таржима қилиб, библиографик ёзувни
дастурга киритган бўлсачи?!
Бибилиографик ёзувни транслитерацияда бериш. Бугунги кунда транслитерация билан бир қаторда транскрипция ҳам илмий адабиётларда кенг қўлланилади. Транслитерация билан транскрипция бир-бирига яқин тушунчалар бўлса ҳам, у иккисининг орасида муайян фарқ бор. Транслитерация бошқа графикага ўтказилган матнни қайта асл матнга ўгиришнинг имконини беради, транскрипция эса йўқ.
Библиографик тавсифни тайёрлаш энг мураккаб вазифа экани маълум бўлса ҳам транслитерация ва транскрипция масаласи аниқ тўхтамга келинмаган. Натижада, айниқса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби дунёда чоп этилаётган турли тиллардаги адабиётларга эга кутубхоналар жиддий танлов қаршисида қолмоқдалар. Улар ўзлари учун устувор йўналиш, яъни библиографик ёзувни маҳаллий ёки хорижий китобхонлар учун шакллантириш танлови қаршисида қолмоқдалар. Улардан хорижий тилдаги, маҳаллийдан бошқа графикадаги асарнинг транслитерация ёки транскрипция шаклини танлаш талаб этилади. Мисол учун النعيم номи билан аталган арабча – ўзбекча луғатни келтириш мумкин. [3] Луғат ўзбек тилида кирилл графикасида берлигани боис бу графика учун хос бўлмаган “ ‘ ” ва “ ӣ ” шартли белгилари ишлатилган. Китобхон асарни электрон каталогдан излаб топиш учун айнан шу белгиларни қўллаган ҳолда қидирувга бериши шарт, акс ҳолда уни дастур топиб бермайди.
Бибилиографик ёзувни транскрипцияда бериш. Бугунги кунда жуда кўп манбалар ўзбек тилига таржима қилинган ҳолда нашрга тайёрланаяпти. Бу, қувонарли ҳолат, албатта. Шундай бўлса ҳам, манбалар нашрида ўзбек тили хусусиятларига мослаштирилган ҳолда транскрипциянинг ишлаб чиқилмагани кўплаб муаммоларни келтириб чиқармоқда. Натижада, нафақат хорижлик фойдаланувчи, балки маҳаллий фойдаланувчилар ҳам қийналмоқда. Мавжуд ҳолат борасида қуйидаги мисоллар аниқ тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради.
Мамлакатда кўп йиллардан буён фаолият олиб бораётган йирик кутубхоналар мавжуд бўлиб улар ўз фондларида хорижий, жумладан араб тилидаги адабиётларни ҳам сақлайдилар. Очиғи, кутубхоналарнинг веб-сайтлари орқали араб графикасидаги китоблар қидирувга берилганида қониқарли натижа бўлмади. Нисбатан яхши ҳолат, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг библиографик тавсифларида кўзга ташланди. Кутубхона веб-сайти орқали Нодир нашрлар бўлими таҳлил қилинганида, араб гарфикасидаги матнлар лотин графикасида транскрипцияси билан бирга берилганига гувоҳ бўлинди. Фақат, транскрипция қайси қоида асосида амалга оширилгани кўрсатилмаган. [13]
Иккинчи ҳолат йирик кутубхоналардан яна бири Фундаментал кутубхона веб-сайтидан маълум бўлди. Библиографик ёзувлардан араб тилидаги китобларнинг фақат транскрипциясини келтириш қабул қилинган кўринади. Мисол учун, U-2458 шифр остида сақланаётган араб тилидаги Исфаҳонийнинг “كتاب دولة السلجوق” асарининг номи “Kitobi davlati Saljuk” шаклида кўрсатилган. [12] Бу ерда нафақат араб тилидаги асар номи асл графикада берилмаган, балки, унинг транскрипцияси мутлақо бошқа тил бўлган форс-ча талаффузда ёзилган экан. Z2019(2)/11 шифр остида сақланаётган Ҳаким Термизийнинг “كتاب الحج” асарининг тавсифи “Kitob ul-Xaj” кўринишида берилган. Бу ерда “ҳаж” сўзи қаттиқ “х” ҳарфида ёзилган. [11]
ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фонди алоҳида мавқега эга. У ерда сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон каталоги шакллантирилган бўлиб, фақат асл матн (араб графикаси)да берилган. Транскрипция ҳам, транслитерация ҳам қўлланилмаган. [14]
Таҳлиллар транскрипция масаласида муаммо нафақат кутубхоналарда, балки нашриётлар ва тадқиқотчилар фаолиятида ҳам мавжудлигини кўрсатди. Мисол учун, Абу Ҳасан Нишопурийнинг “اسباب النزول” асари “Асбоб ан-нузул” деб транскрипция қилиб нашр қилинган. [1] “Асбоб” сўзининг маъноси “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат қилинганида “умуман, фаолиятда ишга солинадиган, фаолият учун хизмат қиладиган нарсалар: қурол-яроғ, уй-рўзғор буюмлари ва б.”, деб изоҳланган ҳамда “Уруш асбоблари, Қишлоқ хўжалиги асбоблари. Дурадгорлик асбоблари. Чолғу асбоблари. Жарроҳлик асбоблари. Косибчилик асбоблари. Иситиш асбоблари”ни мисол қилиб келтирилган. [9:105] Бу изоҳ асар маъносига мос тушмаслигини кўрсатади. Асар мазмуни “ан-На‘ӣим” луғатида келтирилган биринчи маъносига мос тушар экан. Бу ерда “асбоб” сўзи “сабаб” сўзининг
кўплик шакли экани маълум бўлади. [3:355] Мана шундай чалкашлик бўлмаслиги учун бу сўзни “асбаб” шаклида транскрипция қилиш мақсадга мувофиқ бўларди. Иккинчи ҳолат, асар номидаги араб тилининг “ал” аниқлик артикли билан боғлиқ. Буюк мутафаккир Алишер Навоий қаламига мансуб бир асари турли нашрларда фарқли ёзувда келтирилган. Китоб “Мовароуннаҳр” нашриётида “Насойимул муҳаб-
бат”, “Янги аср авлоди” нашриётида эса “Насойим ул-муҳаббат” шаклида чоп бўлган. [2]
Нашрчилик иши борасида келтирилган сўнгги мисоллар тадқиқотчи-манбашуносларни доимо баҳсига сабаб бўлаётган муаммо эканига яхши мисол бўлади.
Юқоридаги мисоллар барчаси охир оқибат кутубхонага йиғилиб келади ва шундай чалкаш вазиятда кутубхоначи мутахассис кутубхонанинг асосий иккинчи вазифасини бажариш учун жиддий қийинчилик қаршисида қолади. Чунки ундан ўз фондида мавжуд адабиётни китобхон қайси йўл билан қидирмасин уни каталогдан топилишини таъминлаши шарт.
Таҳлилларни умумлаштириб, давлат стандартларидаги асосий камчилик библиографик ёзувларда айнан бошқа графикадаги адабиётни асл гарфикасида беришни мажбурий қилиб белгилаб қўймаганида экани маълум бўлади. Шу сабабдан, ихтиёрийликни мажбуриятга ўзгартирилмаса кутубхоначиликдаги зикр қилинган чалкашликлар давом этавериши аниқ бўлиб қолди. Бу эса халқаро даражада эътирозларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Араб тилидаги китобларнинг библогрфик ёзувини шакллантиришда дунёдаги йирик кутубхоналар, тадқиқот марказлари фаолияти ўрганилганда улар транскрипцияни, асосан транслитерацияни амалиётда қўллаётганига гувоҳ бўлинди. Улар ўзлари учун аниқ стандартларни ўтган асрдаёқ ишлаб чиқиб амалиётга қўллаб бўлишган. Айнан мана шу халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ўзбек тилининг лотин графикасига таянган ҳолда транскрипция ва транслитерация қоидаларини зудлик билан шакллантириш зарур. Бу ҳолат, умуман олганда, “Учинчи ренессанс” ғоясига ҳам мос тушмайди.
Иккинчидан, юқорида санаб ўтилган давлат стандартлари нақафат кутубхона библиографик ёзувини тартибга солишга, балки нашр иши учун ҳам бир хил амал қилишини инобатга олинса, нашриёт-босма соҳаси ҳам тартибга тушарди. Натижада илмий доирадаги ортиқча баҳс-мунозаралар ҳам ўз-ўзидан барҳам топарди.
