Abstract: Today, the republic is organizing an event aimed at a deeper study of the legacy of victims of repression and perpetuating their memory. Including in higher organizations, museums, institutes, libraries, you can get acquainted with how in the history of Jadidism, interpretation of events is formed in new approaches, youth and popular, based on information technology. With a deeper involvement of the founders of Jadidism to the younger generation, some tasks were touched upon, brief examples of information and library activities and their implementation are given.
Key words: library, biobibliography, bibliographic index, Jadidism, exhibition, victims of repression, reader.
Аннотация: В республике сегодня организуются мероприятие, направленное на более глубокое изучение наследия жертв репрессий и увековечение их памяти. В том числе в высших организациях, музеях, институтах, библиотеках можно ознакомиться с тем, как в истории джадидизма формируется толкования событий в новых подходах, молодежных и популярных, с опорой на информационные технологии. При более глубоком приобщении к молодому поколению основоположников джадидизма были затронуты некоторые задачи, приведены краткие примеры информационно-библиотечной деятельности и их реализация.
Ключевые слова: библиотека, биобиблиография, библиографический указатель, джадидизм, выставка, жертвы репрессий, читатель.
Аннотация: Ушбу мақолада Республикада бугунги кунда Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилади. Шу билан бирга юқори ташкилотлар, музейлар, институтлар, кутубхоналарда жадидчиликка оид тарихда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни янгича ёндошувларда, ёшларбоп ва оммабоб, ахборот-технологияларига таянган ҳолда талқин қилиш йўлга қўйилаётганлиги билан танишишингиз мумкин. Шунингдек жадидчилик асосчиларини ёш авлодга чуқурроқ танитишда ахборот-кутубхона фаолиятидаги айрим вазифалар ва уларнинг татбиқ этилиши ҳамда жадидлар фаолиятидан қисқа намуналар келтирилган.
Калит сўзлар: биобиблиография, библиографик кўрсаткич, жадидчилик, китобхон, кутубхона, кўргазма, Қатағон қурбонлари.
Бугунги мураккаб глобаллашув даврида маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммолар, халқимиз маънавиятини асраш ва янада юксалтириш, ёш авлоднинг қалби ва онгини турли зарарли ғоя ва мафкуралар таъсиридан сақлаш ва ҳимоя қилишда Ватан тарихи, аждодларини ҳар томонлама ҳамда чуқур тадқиқ этиш, бирламчи манбаларга таяниб талқин этиш, келажак авлодга ҳақиқий тарихимизни, ўзлигизмизни, тарихда «душман» деб уқтирилган етук ота-боболаримиз, аждодларимиз ҳаётини таништириш, ўқитиш орқали уларни юксак маънавиятли шахслар этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этади.
Шу боис, халқимиз озодлиги ва Ватанимиз равнақи йўлида азиз жонларини фидо қилган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини янгича тафаккур асосида ўрганиш ҳамда тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Президентимиз таъбири билан айтганда «Ўтган асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз – «жадидчилик», яъни, янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққанларини барчамиз яхши биламиз». Жадидчилик (арабча янги) – XIX аср охири XX асрнинг биринчи чорагида Марказий Осиё, Қрим, Кавказ, Волгабўйи ҳудудларида шаклланган, янги замонавий мактаб, матбаа ва тараққиётнинг илғор усул ва йўлларини ёқлаб чиққан ижтимоий-маърифий ҳаракатдир. Ушбу ҳаракатнинг мақсади – жаҳолат ва қолоқлик гирдобига ботган Туркистон халқини маданий қолоқлик ва мустамлака зулмидан, хурофотдан озод қилиш, жамиятни замонавий тараққиёт йўлига олиб чиқиш, миллий давлатчилигимизни бунёд этиш, дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига олиб чиқишдан иборат эди.
Жадидлар томонидан ташкил этилган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамиятлари, халқимизни неча асрлик ғафлат уйқусидан уйғотди, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 8-октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ф-5598-сон Фармойиши қабул қилинди. Ушбу Фармойиш ижросини таъминлашда йилдан-йилга Ҳукумат раҳбари томонидан кўплаб янгиликлар қилинмоқда, нафақат янгилик дейиш мумкин, балки ёш авлодга тарихда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни бўлиб ўтганидек кўрсатишни янгича методлари, ёшларбоп ва оммабоб тарзда талқин қилиш йўлга қўйилмоқда. Булардан баъзиларини санаб ўтишни жоиз деб билдик:
2023 йилнинг 11-12 декабр кунлари «Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари» мавзусида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти ва Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлигида илмий конференция ташкил этилган.
Куннинг энг долзарб масалалари, воқеа ва ҳодисалари, аввало, вақтли матбуот саҳифаларида ёритилади, шу воқеа-ҳодисалар, айниқса маълум бир йўналишни белгилаб олган вақтли нашрлар истеъмолчиларга зарур маълумотларни тақдим этади. Мана шундай ўз йўналиши мавзусига эга бўлган вақтли нашрлардан бири юртимизда чоп этила бош-
ланди. Жорий йилнинг 1 январидан «Жадид» адабий, илмий-маърифий ва ижтимоий ҳафталик газетанинг илк сони нашр этилди. Саккиз саҳифадан иборат газетанинг ҳар бир саҳифаси алоҳида рукнларга ажратилиб, улар: «Давр руҳи», «Ойна», «Жамият», «Фикр майдони», «Тамаддун», «Боқий мерос» ва «Биринчи китобим».
Жадид газетасини варақлар экансиз унда алоҳида бир рукнга кўзингиз тушади «Хотира азиз» деб номланган. Ушбу рукнда «Қатағон қурбонлари»нинг бизга исмлари таниш бўлмаган кўплаб ватандош жадидларимиз ҳақида рўйхат бериб борилмоқда. Ушбу рўйхатда маҳаллий аҳолининг тараққиётга интилишлари учун илм, маданият, маърифатпарварлик, ёшларни, бутун халқ оммасини яна кўплаб ижтимоий Сиёсий масалаларни ривожлантиришда жонкуярлик қилган зиёлиларнинг исмлари рўйхати ҳамда қисқа маълумотлари ўрин олган. «Жадид» газетасининг онлайн сайтида «Жадид» кутубхонаси саҳифаси ҳам юритилиб, унда газетанинг босма нашрида бериб борилаётган «Қатағон қурбонлари» рўйхатининг кенгайтирилган, маълумотлари бойитилган нусхаси билан танишиб бориши имкониятияратилган. https://jadid.uz/jadids/
Газетага узоқ тўхталишимиздан мақсад, биз кутубхоначи библиографлар учун ушбу рўйхатларни тарихга умумлаштирилган тарзда библиографик маълумотнома тайёрлашимизда дастурул амал бўла олади десак тўғри бўлади. Жадид газетаси мухбирларининг 1 йилга яқин фаолияти изланишлари орқали қатағон қурбонлари номлари чоп этиб борилмоқда, келажакда ушбу газетанинг айнан шу рукнига оид (3-5 йиллик) Қатағон қурбонлари исмлари зикр этилган энциклопедик маълумотнома тайёрлашда кутубхоначи мутахассисларнинг келгуси йиллардаги истиқболли иш режаларига киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда.
Фанлар академияси Тарих институти жамоаси томонидан Jadid.uz платформаси
тест режимида иш бошлади. Лойиҳа учун 1 млрд сўмлик грант маблағи ажратилди. Унга 250 га яқин жадидлар ҳақида маълумотлар киритилган.
Платформага жадидларга оид 174 та асар, уларнинг 1000 дан ортиқ мақоласи, 120 га яқин шеъри ҳамда 500 га яқин ҳикматли сўзлари киритилган. Бундан ташқари, жадидчиликни ўрганувчи манбалар сифатида 200 дан ортиқ суратлар, 38 та эшитув, 20 га яқин кўрув ва 73 та архив йиғма жилдлар ҳам платформадан ўрин олган. Жадидчиликка оид тадқиқотлар сифатида 95 та асар, 223 та мақола, 37 та диссертация ва 9 та хотира асар юкланган.
2020 йилда «Жадидлар» тўпламининг (8 нафар адибга бағишланган) босма ва pdf форматидаги электрон шакли тақдим этилди.
Шу қаторда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ҳам Президент Фармойиш ижросини таъминлаш юзасидан бир қатор тарғибот ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Кутубхоначилик соҳасида маълум бир мавзу, шахс ва йўналишларга қаратилган маълумотлар базаларини яратиш энг муҳим вазифалардан саналади. Миллий кутубхона тизимда ҳам кўплаб мавзу, шахсларга оид маълумотлар базалари яратилиб келинади. Жумладан Қатағонга учраган давлат, жамоат арбоблари, фан ва маданият, адабиёт ва санъат намоёндалари ҳақида электрон маълумотлар базаси ва тўлиқ матнли материаллари жамланган. Беҳбудий, Ойбек, Саид Аҳмад, Миртемир, Авлоний, Фитрат, Ҳамза, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Исҳоқхон Ибрат, Ғайратий, Сулаймон Шокир, Шокир, Сидқий Хондайлиқий, Тавалло Тўлаган Хўжамиёров), Боту (Маҳмуд Ҳодиев)лар томонидан чоп этилган адабиётлар рўйхати, вақтли матбуот нашрларида чоп этилган мақолалари, асарлари юзасидан чоп этилган мақолалар, ҳамда ҳаёт ва ижоди, илм-фан ривожига қўшган залворли меҳнатлари акс эттирилган китоб, мақолалар жамланган.
Маълумотлар базаси нима учун зарур ҳисобланади? Яратилган маълумотлар базаси ўқиш, сақлаш ва уни қайта тўлдириш, маълумотлар устида ишлаш ва энг муҳим жиҳати излаш тезлиги билан қулайдир. Ушбу маълумотлар базасининг йиллар хронологияси ўтган асрнинг 29-йиллардан бошлаб, бугунги даврнинг 20-йилларни ўз ичига олган.
Масалан:
Абдулҳамид Чўлпон (1897–1938)
Чўлпон асарлари
1935
Чўлпон. Соз / Чўлпон. – Тошкент : Ўздавнашр, 1935. – 44 б.
1991
Чўлпон. Яна олдим созимни. Кеча ва кундуз. Ёрқиной : роман, пьеса, шеърлар / Чўлпон. – Тошкент : Адабиёт ва санъат нашриёти, 1991. – 576 б.
1994
Чўлпон. Асарлар : 3 жилдлик / Чўлпон ; О. Шарафиддинов таҳририда ; Таҳрир ҳайьати : О. Шарафиддинов ва бошқ. ; Тўплаб нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи З. Эшонова.
Ж. 1 : Шеърлар. Драмалар. Таржима. – Тошкент : Адабиёт ва санъат нашри, 1994. – 448 б.
Маълумотлар базаси китобхонлар учун қандай қулайликлар беради? Фойдаланувчи маълум бир мавзуга доир ёки тарихий изланиш олиб бораётган мутахассисга бевосита мавзуга тегишли манбалар ва илмий мазмундаги тарихий адабиётлар зарур. Шунинг учун ҳам библиографик манбалар ва мавзуга тегишли адабиётларни ўз ичига олган қўлланма яратилиши фойдаланувчининг ишини енгиллаштиради вақтини тежайди. Нафақат фойдаланувчининг балки, мутахассис библиографларнинг ҳам фойдаланувчилар томонидан берилган буюртмаларининг тезда бажарилишига ёрдам беради. Мутахассис библиографлар маълум мавзуга тегишли кўрсаткичларни яратишда тарихий адабиётларни, тўпламларни, ҳужжатларни, илмий монографияларни, мемуарларни, варақаларни, вақтли ва давомли нашрларни тўлиқ акс эттиришга ҳаракат қилади. Юқорида санаб ўтилган алломаларга бағишлаб яратилган маълумотлар базалари келгусида давом эттириш, ҳали оммага маълум бўлмаган ҳужжат ва маълумотларни тақдим этиш зарурлиги замон талабларидан бири ҳисобланади.
Жадид адабиётининг етук намоёндаларига бағишлаб биобиблиографик кўрсаткичлар тузиш кутубхона библиографлари олдида турган навбатдаги вазифалардан бири. Биобиблиография нима? Ушбу маълумотлар жамланган ҳужжат ўз ичига нималарни олади?
Биобиблиография – муайян шахс ёки шахсларнинг асарларини, шунингдек, улар ҳақидаги ҳужжатлар ва биографик маълумотларни акс эттиради. Бирор кишининг ёки шахсларнинг асарлари ва улар ҳақидаги адабиётларнинг библиографиясини ўз ичига олган библиографик қўлланмалар кўпинча биографик маълумотлар билан бирга келади, уларнинг ҳажми шахснинг кўлами, унинг фан, маданият, адабиёт ва таълимни ривожлантиришдаги ижодий ютуқлари билан белгиланади. Биобиблиографияга шахснинг барча нашрлари киради: монографиялар, китоблар, рисолалар, муаллифлик асарлари, илмий ҳисоботлар, мақолалар, нашр этилмаган ҳужжатлар. Ҳатто иллюстратив материалларни ҳам киритиш мумкин. Тузилишга кўра, биобиблиографик индекслар, қоида тариқасида қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:
шахснинг ҳаёти ва ижодий йўли, унинг фан, маданиятнинг маълум бир соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини ёритувчи муқаддима ёки кириш мақоласи;
ҳаёти ва фаолиятнинг асосий саналари рўйхати;
шахс ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги адабиётлар;
босма асарларининг хронологик кўрсаткичи;
ёрдамчи кўрсаткичлар (мавзу индекси), қисқартмалар рўйхати ва бошқалар акс эттирилади.
Қатағон қурбонлари ҳаёт йўлини акс эттириш, таништириш, фойдаланувчиларга маълум бўлмаган жиҳатларини очиб беришда китоб кўргазмаси муҳимдир. Кўргазма фойдаланувчиларнинг эътиборини ўзига жалб этадиган хизмат турларидан ҳисобланади. Кўргазмаларни кутубхоналарда ташкил этиш орқали китобхонларга Жадидлар ҳаёти, ижоди ва уларга бағишлаб яратилган асарларга таништириб бориш мақсадга мувофиқ.
Виртуал китоб кўргазмаси, шахсий кўргазма, бир асар кўргазмаси, китоб кўргазма экспозитцияси, интерфаол кўргазмалар орқали кутубхонага ташриф буюрган фойдаланувчилар эътиборига тушиши табиий.
Кўргазмаларни ташкил этишда жадидчилик асосчиларига оид аксессуарлар, буюмлар билан бойитилса кўргазма мавзусига чуқурроқ кириб боришга имкон беради. Албатта кутубхонада кўргазманинг айнан шу мавзусига оид аксессуарлар мавжудлиги инобатга олиниши керак. Агарда ахборот-кутубхона фондида бундай имконият мавжуд бўлмаса музейлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш мақсадга мувофиқ. Бунда айнан экспонат ёки аксессуарларнинг аслидан фойдаланмасдан уларнинг суратларини кўргазмавий қурол сифатида фойдаланиш шу билан бирга Jadid.uz платформасига юкланган маълумот ва ҳужжатлардан фойдаланиш орқали кутубхоналар ва Фанлар академияси Тарих институти жамоаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин.
Мамлакатимизда жадидчилик асосчиларининг ўз даврида қилган ҳаракатлари, изланишлари, билдирган фикрлари ҳар бир давр учун дастурул амал эканлигини ҳаётни ўзи исботлади. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг ташаббуслари ўлароқ кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жадидчилар ўз даврида амалга оширган ишларни ҳали тўлиқ ўрганиб улгурилганича йўқ, ахборот-кутубхона фаолиятида эса маълумотлар тўлиқлигини таъминлаш асосий вазифалардан бири. Бу жабҳада ахборот-кутубхона муассасалари, архив, музейлар, шу билан бирга халқ орасида жадидчиликка оид ҳужжатларни жамлаш ишларини амалга ошириш зарур, бунда бирлашиш муҳим ҳисобланади. Қатағон қурбонлари ҳақида тўлиқ маълумотларни жамлаш, ўша даврда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни борича оммага, келажак авлодга тақдим этишда кутубхоначи библиографларнинг меҳнати эътиборга лойиқ деб ўйлаймиз.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Кутубхоначига ёрдам : дайжест / Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ; тузувчи М. Камилова ; муҳаррир Д. Мансуров; масъул муҳаррир У. Тешабаева – Тошкент : Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонанаси нашриёти, 2019. – 64 б.
2. Ҳидоятова М. Миллий кутубхонанинг ўлкашунослик библиографияси фаолияти // ХИВ Халқаро конференция Централ Азиа–2021, 19-21 май, Тошкент : конференция материаллари. – Тошкент, 2021. – Б. 358–363.
3. https://elib.tstu.uz/
4. https://uz.wikipedia.org/
5. http://forum.oyina.uz/
6. https://www.gazeta.uz/
