Annotation. The article analyzes the brief history of the establishment of the Bukhara Regional Information and Library Center (IRC) named after Abu Ali ibn Sino, as well as the development of information and bibliographic services at the regional level, using this center as an example. It also examines the processes of digital transformation and systemic reforms carried out during the years of independence. The study highlights the Center’s experience in providing remote services to the local population and researchers, enriching national and local history electronic catalogs (based on the UzNEL program), and organizing virtual reference services. In addition, within the framework of the implementation of presidential resolutions, the activities of the legal information sector, methodological guidance provided to district (city) libraries, and перспективные направления развития in connection with the library’s 105th anniversary are discussed. The status of the new-generation librarian is also scientifically substantiated.

 

Keywords: Bukhara Region Information and Library Center (ILC), library history, information and bibliographic service, UzNEL system, local history studies (regional studies), Resolution No. PP-46, legal information, methodical center, new generation librarian, prospects.

 

Аннотация. Мақолада Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона маркази (АКМ) ташкил этилишининг қисқача тарихи, мазкур АКМ мисолида ҳудудий миқёсда ахборот-библиография хизматининг шаклланиш тарихи, мустақиллик йилларидаги рақамли трансформация жараёнлари ва тизимли ислоҳотлар таҳлил қилинади. Марказ томонидан маҳаллий аҳоли ва илмий тадқиқотчиларга масофавий хизмат кўрсатиш, миллий ҳамда ўлкашунослик электрон каталогларни бойитиш (UzNEL дастури асосида) ва виртуал маълумотномалар ташкил этиш тажрибаси ёритилган. Шунингдек, Президент қарорлари ижроси доирасида ҳуқуқий ахборот сектори фаолияти, туман (шаҳар) кутубхоналарига методик раҳбарлик ҳамда кутубхонанинг 105 йиллик юбилейи муносабати билан ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, янги авлод кутубхоначиси мақоми илмий жиҳатдан асослаб берилган.

 

Калит сўзлар: Бухоро вилояти АКМ, кутубхона тарихи, ахборот-библиография хизмати, UzNEL тизими, ўлкашунослик, ПҚ-46-сонли Қарор, ҳуқуқий ахборот, методик марказ, янги авлод кутубхоначиси, истиқболлар.

 

Аннотация. В статье представлена краткая история создания Бухарского областного информационно-библиотечного центра имени Абу Али ибн Сино (ИБЦ), история развития информационно-библиографических услуг в региональном масштабе на примере этого ИБЦ, а также процессы цифровой трансформации и системных реформ в годы независимости. Рассматривается опыт Центра в предоставлении дистанционных услуг местному населению и научным исследователям, обогащении национальных и региональных электронных каталогов (на основе программы UzNEL). А также, в рамках выполнения постановлений Президента были научно обоснованы перспективные направления развития сектора правовой информации, методические указания для районных (городских) библиотек, а также статус нового поколения библиотекарей в связи со 105-летием библиотеки.

 

Ключевые слова: Информационно-библиотечный центр (ИБЦ) Бухарской области, история библиотеки, информационно-библиографическая служба, система UzNEL, краеведение, Постановление № ПП-46, правовая информация, методический центр, библиотекарь нового поколения, перспективы.

 

Бугунги жадал тараққиёт, глобаллашув ва ялпи рақамлаштириш даврида инсоният мисли кўрилмаган ахборот оқимига дуч келмоқда. Бу эса ўз навбатида ахборотни тўп лаш, сақлаш ва фойдаланувчиларга етка зиш билан шуғулланувчи энг қадимги мас канлар – кутубхоналар фаолиятини тубдан ўзгартиришни талаб этмоқда. Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрок, илму донишнинг асоси, инсоннинг энг яқин дўсти ҳамда ҳаётни ўргатувчи маънавий мураббийсидир. Инсоният яратган энг буюк хазина ва билимлар жамланган кутубхоналар эса асрлар давомида цивилизациялар ривожини таъминловчи ҳақиқий дурдоналар макони бўлиб хизмат қилган.

Бугунги кунга келиб, ана шундай тарихий ва маънавий масканлардан бири сифатида Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказини алоҳида эътироф этиш мумкин. Ушбу муаззам гўша вақт тўлқинларида сузиб, аждодлар меросини авлоддан авлодга қимматбаҳо хазина сифатида эҳтиётлаб етказувчи илм-фан кемасидир. Анъанавий кутубхоначилик тизимидан замонавий рақамли маконга ўтиш даврида кутубхонанинг ахборот-библиография хизмати мақоланинг бош тадқиқот объекти сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Маълумки, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона маркази (АКМ) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тизимида фаолият олиб боради. Вилоят АКМ 1921 йилда Бухоро амирлигининг Амир Олимхон мадрасаси ҳузуридаги ҳуқуқшунослик мактаби кутубхонаси негизида ташкил этилган. Унинг очилиш ташаббускори Бухоро Халқ Совет Республикаси маориф нозири Мусожон Саиджонов эди. Ташкил этилган даврида кутубхона фонди 1187 нусха китобдан иборат бўлиб, унга 350 нафар китобхон аъзо бўлган. Муассаса номи 1921 йил 30 июнда Бухоро шаҳар кутубхонаси, 1938 йилда эса Республика Халқ маорифи нозирлиги қарори билан Бухоро вилоят кутубхонаси деб ўзгартирилган ва унга буюк мутафаккир Абу Али ибн Сино номи берилган. Урушдан кейинги йилларда кутубхона маданий ҳаёт марказига айланди. Шу даврда шаҳар корхоналари, ўқув юртларида доимий ва вақтинчалик кўчма кутубхоналар ташкил этилди. Китобхонларнинг кутубхона хизматини яхшилашга қаратилган турли талаблари бажариб борилди. Кейинчалик тизим такомиллашиб, зарур адабиётлар кутубхона фондида мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам, фойдаланувчилар уларни кутубхоналар аро абонемент (КЛА) орқали буюртма қилиб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Кутубхона шаҳар аҳолисидан қўлёзма асарлар ва нодир китобларни йиғиш ишларини изчил йўлга қўйган. Ноёб тўпламлар орасида – 1921 йилдан бошлаб кутубхонага олинадиган вақтли матбуот нашрлари сақланган. Улар орасида – “Бухоро ахбори” (1921–1923), “Озод Бухоро”, “Ахбори Бухоро”, “Камбағал деҳқон”, “Қизил Ўзбекистон” (1927–1929) каби газеталар бўлган. 1958 йилнинг апрель ойида китобхонларга қулай имконият яратиш мақсадида кутубхонада даврий нашрлар зали очилди. 1959 йилдан бошлаб эса соҳадаги илғор методлардан бири – китоб фондларидан эркин фойдаланиш тизими жорий этилди. 1971 йил кутубхона тарихида алоҳида из қолдирди. Шу йили 500 минг нусха китобга мўлжалланган махсус янги бино фойдаланишга топширилди. Бинода китобхонлар учун мажлислар зали, шаҳар абонементи, ахборот-библиография, ўсмирлар ҳамда илмий-услубий бўлимлар жойлашди. Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг 1971 йил 23 июндаги фармонига асосан китоб тарғиботидаги катта хизматлари ва ташкил этилганининг 50 йиллиги муносабати билан Абу Али Ибн Сино номидаги вилоят кутубхонаси Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий ҳаётидаги туб ўзгаришлар туфайли соҳада қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Хизмат кўрсатиш сиёсатини янги босқичга олиб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 13 апрелдаги “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни кутубхоначилик соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш ва янада ривожлантиришга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб берди.

Бу борада ахборот-кутубхона муассасалари фондини тўлдириш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, кўрсатилаётган хизматларнинг замонавий турларини шакллантириш бўйича иш фаолиятини турли идораларга тегишли ахборот-кутубхона муассасалари билан мувофиқлаштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидандир. Шу муносабат билан, вилоят АКМда иш жараёнларини автоматлаштириш, китобхонларни босма манбалар билан бир қаторда электрон ахборот ресурслари орқали таъминлаш тизими изчил йўлга қўйилди.

Бухоро вилояти АКМ инфратузилмасини модернизация қилиш мақсадида Вилоят ҳокимининг 2021 йил 2 апрелдаги 98-сонли фармойишига асосан бинода кенг кўламли капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада 2023 йилнинг II чорагида кутубхона замонавий технологик талабларга жавоб берадиган, янги техник жиҳозлар ва мебель анжомлари билан таъминланган кўркам қиёфада фойдаланишга топширилди. Моддий-техника базасининг мустаҳкамланиши кўрсатилаётган хизматлар сифати ва кўламини тубдан оширди.

Бугунги кунда вилоят АКМ фонди 300 мингдан ортиқ китоблар, меъёрий ҳужжатлар ва замонавий электрон ресурсларни қамраб олган. Марказга ҳар йили 115 мингдан зиёд китобхон ташриф буюради ва йиллик ўртача 3000 дан ортиқ янги фойдаланувчи рўйхатга олинади. 7 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ҳар қандай фуқароси кутубхонага аъзо бўлиш ҳуқуқига эга. Ички тузилмавий жиҳатдан марказда 14 та ихтисослашган хизмат ҳамда секторлар, шунингдек, фойдаланувчилар учун тизимли равишда “Ўзбекистон”, “Ёшлар” ва “Абонементларга хизмат кўрсатиш” ўқув заллари фаолият юритмоқда.

АКМ илмий фаолиятининг энг устувор йўналишларидан бири илмий-библиографик фаолият ҳисобланади. Ушбу йўналиш ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни мақсадли тайёрлаш, тарқатиш ва истеъмолчиларнинг библиографик ахборотга бўлган эҳтиёжларини тизимли қондиришга қаратилган соҳадир. Фаолиятнинг асосий мазмуни манбаларни таҳлил қилиш, тавсифлаш, биб лиографик қўлланмалар тузиш, қўшма ахборот ресурсларини яратиш ҳамда китобхонларга анъанавий ва онлайн шаклда хизмат кўрсатишни ташкил этишдан иборат. Кутубхона библиографик фаолиятининг амалий жараёнлари қуйидаги тўртта асосий таркибий қисмда намоён бўлади:

1.  Маълумотнома-библиографик аппа ратни (МБА) шакллантириш: Тизимли ва алфавитли каталогларни, картотекаларни доимий янгилаб бориш.

2.  Библиографик хизмат кўрсатиш: фойдаланувчилар сўровларига асосан аниқ ва тезкор маълумотлар тақдим этиш.

3.  Библиографик таълим: фойдаланувчиларнинг ахборот маданиятини ва мустақил қидирув кўникмаларини ошириш.

4.  Илмий ва илмий-услубий фаолият: соҳавий илмий библиографик қўлланмалар яратиш ва инновацияларни амалиётга татбиқ этиш.

Библиографик маълумотлардан кутубхона-ахборот хизматида, оммавий-маърифий тадбирларни ташкил этишда, фондларни мақсадли тўлдиришда, мавзули китоб кўргазмаларини яратишда ҳамда ўқувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини мониторинг қилишда кенг фойдаланилади. Ахборот-биб лиография хизматининг бош вазифаси соҳа мутахассислари, кенг аҳоли қатламлари, таълим муассасалари ўқитувчилари ва талаба-ўқувчиларга сифатли маълумот-библиография хизматини кўрсатиш ҳамда уларнинг мустақил билим олишларига кўмаклашишдан иборат. Бундай шарт-шароитлар Бухоро вилояти АКМни замонавий ҳудудий ахборот марказига айлантириш имконини берди.

Вилоят АКМнинг ахборот-библиография хизмати узоқ тарихий йўлни босиб ўтган бўлиб, у 1940 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда ушбу хизмат таркибида ўлкашунослик ахборот сектори ва ҳуқуқий ахборот секторлари самарали фаолият олиб бормоқда. Хизматнинг бош мақсади – ҳудуд иқтисодиёти ва ижтимоий соҳа эҳтиёжларини, Ўзбекистон Республикаси фан ва техникасининг истиқболли йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, барча даражадаги ташкилот, идора ва индивидуал фойдаланувчиларни тезкор ҳамда ишончли ахборот билан таъминлашдан иборат.

Марказда мақолаларнинг тизимли картотекасига 1940 йилда асос солинган бўлиб, унда бугунги кунга қадар чоп этилган вақтли матбуот нашрлари ва илмий тўпламлардан саралаб олинган мақолалар мужассамлашган. Ушбу универсал фондда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, иқтисодиёти, маданияти, санъати, буюк олимлари ҳамда давлат ва жамоат арбоблари фаолияти кенг акс этган. Картотекадаги барча материаллар библиографик стандартлар асосида тавсифланиб, Универсал ўнли классификация (УЎК) тизими бўйича қатъий тартибга солинган.

Алоҳида аҳамиятга эга бўлган “Бухоро вилоятининг ўлкашунослик картотекаси” (анъанавий шаклда) 1941 йилдан буён узлуксиз юритилиб келинмоқда ва унда ҳозирги кунда 40 мингдан ортиқ библиографик ёзув мавжуд. Республикада ягона миллий электрон маълумотлар базасини яратиш дастури доирасида Бухоро вилояти АКМда мақолаларнинг электрон тизимли картотекаси ва рақамли ўлкашунослик базасини шакллантириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу жараёнда 2019 йилдан буён Жанубий Кореянинг Future Nuri компанияси томонидан ишлаб чиқилган UzNEL (“Ўзбекистон миллий умумтаълим электрон кутубхонаси”) махсус дастурий таъминотидан кенг фойдаланилмоқда. Бугунги кунга қадар ахборот-библиография хизмати томонидан ушбу миллий маълумотлар базасига 30 157 та юқори сифатли библиографик ёзув киритилди ва тизимнинг ахборот қамрови кенгайтирилди.

Замонавий кутубхоначилик илмида муайян мавзу, тарихий шахс ва соҳавий йўналишларга қаратилган рақамли маълумотлар базасини яратиш энг долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда вилоят марказида Бухоронинг бой тарихи ва маданияти ёдгорликлари, Шарқ адабиёти қўлёзмалари коллекцияси ҳамда кирилл ёзувидаги “XIX аср охири – XX аср бошларидаги литографик нашрлар” (Литографические издания конца ХIХ – начала ХХ вв.) коллекцияси электрон каталоглари муваффақиятли яратилди ва тадқиқотчилар фойдаланиши учун топширилди.

 Мазкур йўналишда ҳудуд тарихи ва маданиятига оид қуйидаги маълумотлар базалари мунтазам тўлдириб борилади:

Абу Али ибн Сино;

Алишер Навоий;

Буюк ипак йўли;

Бухоро ва жаҳон маданияти;

Бухоронинг нодир меъморий ёдгорлик лари;

Бухоронинг карвонсаройлари ва ҳаммомлари;

Жамият, шахс ва қонун;

Кутубхонашуносликка оид мақолалар;

Соҳибқирон Амир Темур;

Услубий-библиографик қўлланмалар;

Шарқ қўлёзмалари;

Шарқ литография нашрлари фонди;

Ўлкашуносликка оид адабиётлар;

Ўзбекистон олимлари, тарихшунослари, археологлари;

Ўзбекистон шаҳарлари;

Ўзбек халқининг урф-одатлари ва маросимлари;

Ўзбекистонда рассомчилик.

 

Рақамли трансформация натижасида кутубхона ахборот-библиография фаолиятидаги анъанавий ва замонавий йўналишларнинг қиёсий таҳлили қуйидаги жадвалда акс этган: (1-жадвал)

Вилоят, шаҳар ва туманлар тарихи, меъморий обидалар, қадамжолар ҳамда йирик саноат объектларига бағишланган китоблар, аудио-видео материаллар ва веб-сайт ҳаволалари асосида тўлиқ матнли маълумотлар базасини яратиш ахборот-библиография хизматининг устувор вазифасидир. Шу мақсадда “Бухоронинг нодир меъморий ёдгорликлари” рукни остида қуйидаги тўлиқ матнли библиографик кўрсаткичлар ва қўлланмалар шакллантирилди:

– Муассасалар, обидалар тарихи йўналишида (мавзули): Бухоро давлат университети ташкил этилганлигининг 95 йиллигига (1930 й.) бағишланган “Истиқлол нуридан яралган даргоҳ”, “Ҳаётни ўзида акс эттирган даргоҳ” (Бухоро мусиқа ва драма театри ташкил этилганининг 100 йиллиги); “Лаби Ҳовузда ой балқийди...” (Лаби Ҳовуз мажмуасининг 400 йиллигига бағишланган); “Юлдузлар қасри жозибаси” (Ситораи Моҳи Хоса саройининг 110 йиллиги муносабати билан); “Бухоронинг ўн икки дарвозаси” ҳамда “Мозийнинг ноёб гавҳари” (Халифа Худойдод мажмуаси қурилишининг 810 йиллигига оид); “Бир мавзеда икки гавҳар” (Қўш мадраса қурилишининг 1566 йил 455 йиллиги) номли кўрсаткичлар.

– Шахс библиографияси йўналишида: “Шайхул Олам” унвони соҳиби, ҳазрат Сайфиддин Бохарзий таваллудининг 835 йиллигига (1190–1261 йй.) бағишланган “Бухорони шариф этган аллома”, таниқли ижодкор Ғулом Шомуродов таваллудининг 88 йиллигига (1937–2021 йй.) бағишланган “Бухоролик ҳассос шоир”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Мутал Бурҳонов (1916-2002) таваллудининг 105 йиллигига бағишланган “Серқирра ижод соҳиби” номли тўлиқ матнли библиографик нашрлар.

Соҳа мутахассислари ва кенг китобхонлар оммаси учун ахборот-библиография хизмати томонидан ҳар йили анъанавий тарзда “Бухоро вилоятининг муҳим ва унутилмас саналари тақвими” тузилади ва қуйидаги ихтисослашган библиографик қўлланмалар тақдим этилади:

1.  Эсдаликлар рукнида: “Ҳассос журналист ва адиб” (филология фанлари доктори, профессор Нусратилло Наимов (1945–2012 йй.) таваллудининг 80 йиллигига), “Ҳунарманд, табиб ва саркарда” (Маҳмуд Торобий таваллудига (1248 й.));

2.  Библиографик йўл кўрсаткичлар рукнида: “Мозийнинг ноёб гавҳари” (Исмоил Сомоний мақбарасининг 1134 йиллигига), “Шарқ меъморчилигининг бебаҳо хазинаси” Лаби Ҳовуз меъморий ансамблининг 405 йиллигига), “Музей – тарихимиз кўзгуси” (Абу Али ибн Сино меъморий музейи ташкил этилганлигининг 45 йиллигига (1980 й.)), “Шарқнинг зиё маскани” (Мири Араб мадрасасининг 495 йиллигига (1530–1536 йй.));

3.  Мавзули библиографик кўрсаткичлар рукнида: “Халқ фарзанди” таниқли давлат ва жамоат арбоби Файзулла Хўжаев таваллудининг 125 йиллигига; “Қатағон қурбонлари – Ватан фидойилари” мавзули кўрсаткичи; “Буюк мутафаккир ва қомусий олим” Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига; “Обод юртнинг боқий қадриятлари” номли ўзбек халқининг урф-одат ва маросимлари таҳлилига бағишланган кўрсаткичлар.

Марказ фаолиятида аҳолининг маданий ва илмий савиясини ошириш, тарихий шахслар хотирасини абадийлаштириш мақсадида библиографик шарҳлар (обзорлар) тизимли равишда ишлаб чиқилади. Сўнгги йилларда хизмат томонидан қуйидаги мавзуларда кенг қамровли библиографик шарҳлар тайёрланди ва тақдим этилди:

•    Санъат ва адабиёт йўналишида: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, опера санъаткори Саттор Ярашев таваллудининг 110 йиллигига (1915–1991 йй.) бағишланган “Сержило истеъдод соҳиби” ҳамда Ўзбекис тон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов таваллудининг 88 йиллигига (1937-2005й.) бағиш ланган “Устоз хотираси барҳаёт” номли тавсифий шарҳлар.

•    Тарих ва миллий мерос йўналишида: Буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино таваллудининг 1045 йиллигига (980–1037 йй.) бағишланган “Ибн Синонинг илмий мероси” ва Нодир Девонбеги хонақоҳи қурилганлигининг 405 йиллигига (1620–1622 йй.) аталган “Маърифат маскани” мавзули шарҳлари.

Ахборот-библиография хизматининг му ҳим инновацион йўналишларидан бири – аввалги йилларда (ретроспектив) босма шаклда чоп этилган библиографик қўлланмаларни рақамлаштириш ва уларни веб-сайтлар орқали кенг жамоатчиликка тарғиб қилишдир. Ушбу ретро-рақамлаштириш лойиҳаси доирасида қуйидаги тарихий нашрлар электрон маконга кўчирилди: “Шарқнинг буюк олими ва гуманисти” (1979 й.), “Бухоро ва жаҳон маданияти” (1994 й.), “Чўлпон – ҳуррият шоири” (1993 й.), “Ибн Сино номидаги вилоят кутубхонаси – 75 ёшда” (1996 й.), “Нафис санъат жилолари” (1993 й.) ва бошқ.

Вилоят АКМнинг ахборот-библиография хизмати Ўзбекистон Республикасида чоп этилган нашрларнинг давлат библиографик ҳисобини юритиш ва миллий библиографик маълумотлар базасини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон матбуоти солномаси” учун маҳаллий матбуот материаллари асосида журнал ва газета мақолаларининг библиографик тавсифланган рўйхатини тузишда марказ томонидан жами 19 853 та тизимли маълумот тақдим этилган.

Бундан ташқари, фойдаланувчиларнинг вилоят ҳудудий вақтли матбуотидаги долзарб мақолалардан эркин фойдаланишларини таъминлаш мақсадида ҳар йили “Вилоят матбуоти солномаси”нинг 4 та махсус сони нашр қилиниб, АКМнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Ушбу лойиҳа вилоят маркази ҳамда тизимдаги 12 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларининг ўзаро яқин ҳамкорлигида амалга оширилади. Ҳамкорлик доирасида маҳаллий газета ва журналларда чоп этилган, ўлканинг муҳим тарихий саналари ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид долзарб мақолалар мунтазам равишда йиғилиб, библиографик тавсифланган ягона мажмуа ҳолига келтириб борилмоқда.

Китобхонлар, илмий тадқиқотчилар ҳам-да турли давлат ва жамоат ташкилотларининг талабларига асосан ўлкашунослик ва соҳавий мавзулардаги оғзаки (бир марталик) ҳамда ёзма библиографик маълумотномаларни шакллантиришда марказ мутахассислари анъанавий маълумотнома-библиографик аппарат (МБА) билан бир қаторда замонавий Интернет тармоғи ва ички электрон ресурслар имкониятларидан комплекс фойдаланадилар.

Бажарилган маълумотномалар ва келиб тушган сўровлар тизимли таҳлил қилинганда, фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари асосан табиий фанлар, тарих, ўлкашунослик, адабиётшунослик ва санъат соҳалари кесимида намоён бўлиши аниқланди. Китобхонлар марказнинг библиографик кўмагига асосан маърузалар матни, рефератлар, мус тақил ижодий ва илмий-тадқиқот ишларини ёзишда, шунингдек, турли даражадаги фан олимпиадаларига тайёргарлик кўриш жараёнида эҳтиёж сезадилар. Сўровларнинг салмоқли қисми адабиётшунослик, тарих, иқтисодиёт ва экология соҳаларидаги илмий изланишлар ҳамда умумхалқ байрамлари, муҳим унутилмас саналар муносабати билан ташкил этиладиган йирик оммавий маърифий тадбирларнинг сценарий асосларини яратиш билан боғлиқдир.

Фойдаланувчиларни ўлка ҳаётига оид энг сўнгги янгиликлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан мунтазам таништириш мақсадида ахборот-библиография хизмати томонидан янги олинган вақтли матбуот нашрлари асосида анъанавий ва масофавий (виртуал) адабиётлар кўргазмалари тизимли равишда ташкил этиб келинмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги ПҚ-46-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий билимларни оммавий тарзда етказиш мақсадида Ҳуқуқий ахборот сектори томонидан қатор библиографик шарҳлар, “Ахборот кунлари” ва “Мутахассис кунлари” ташкил этилмоқда. Ушбу йўналишда ўтказилган муҳим тадбирларга қуйидагилар киради: “Инсон ҳуқуқлари – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи”, “МДҲ мамлакатларининг кенг ҳамкорлиги учун янги истиқболлар”, “Инсон ҳуқуқлари ва ирқий адолат”, “Ёшлар коррупцияга қарши” интерактив маърузаси, “Аёл ва ҳуқуқ”, “Бирлик ва тинчлик рамзлари” ҳамда “Конституция – уйғун ривожланган авлод” кабилар.

Бухоро вилояти АКМнинг ахборот-биб лиография хизмати ҳудуддаги 12 та туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказлари (ТАКМ) библиографлари учун таянч методик марказ вазифасини бажаради. ТАКМларда библиографик ишларни халқаро стандартлар асосида тўғри ташкил этиш, хизмат сифатини тубдан яхшилаш муносабати билан марказ мутахассислари томонидан мунтазам равишда маҳорат дарслари, ўқув машғулотлари ва семинар-тренинглар ўтказилиб, жойларда амалий-услубий ёрдам кўрсатилмоқда.

Соҳада тармоқли ҳамкорликни кучайтириш ва тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида виртуал муҳитда “Бухоро вилояти миллий библиография хизмати” махсус Телеграм гуруҳи ташкил этилган. Ушбу рақамли платформага ҳудудий кутубхоналарнинг 42 нафар етакчи библиограф мутахассислари аъзо қилинган. Мазкур лойиҳадан кўзланган бош мақсад – библиографларнинг касбий билим ва кўникмаларини масофавий ривожлантириш, ягона тизимда ишни ташкил этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини фаоллаштиришдан иборат.

Ҳисоботлар таҳлили шуни кўрсатдики, библиографик фаолиятнинг барча етакчи йўналишлари (маълумотнома-библиографик хизматлар, шахснинг ахборот маданиятини шакллантириш, библиографик маҳсулотларни жамлаш) вилоятдаги кутубхоналар фаолиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Кутубхоначилар, уларнинг ахборот оламига йўналтирилганлик даражаси ва оммавий кутубхонанинг маълумотнома аппарати билан ишлашга тайёрлиги ёш китобхонларнинг ушбу соҳада қандай билим олишига боғлиқлигини тушунишади.

Замонавий кутубхоналар маданият ва дам олиш масканларига айланиб, ходимлардан мулоқот кўникмаларини, адабиётларни билишни ва юқори даражадаги компьютер саводхонлигини талаб қилмоқда. Бугунги кунда “янги авлод кутубхоначиси” атамаси бир нечта таркибий қисмларни ўз ичига олади, уларнинг умумий маъноси кутубхона мутахассисининг ўзгаришларга мослашиш қобилиятига боғлиқ.

Кутубхоналарда айни вақтда турли соҳалардаги мутахассислар, жумладан, методистлар, библиографлар, хизмат кўрсатиш бўлими ходимлари, IT-технологлар ва бошқалар фаолият юритмоқда. Бу мутахассислардан анъанавий функцияларни бажаришдан кўпроқ нарса, яъни маданият, таълим ва ахборот тизимлари ривожига чинакам таъсир кўрсата оладиган етакчилик сифатлари кутилмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, жамиятнинг маълумотлар соҳасидаги ривожланиши билан бирга, замонавий библиографик фаолият ҳам ўзгариб бормоқда. Бу ўзгаришлар кутубхоналарнинг хизмат кўрсатиш шакллари ва фойдаланувчилар учун маълумотлар базаларини ташкил этишда янгича ёндашувларга туртки бўлмоқда. Шу билан бирга, кутубхоналарда библиографик фаолиятнинг кўплаб ютуқлари ва мустақил тараққиёти кузатиб борилмоқда.

Ушбу тенденциялардан келиб чиққан ҳолда, ахборот-библиография хизмати фаолиятини ривожлантиришнинг истиқболли режалари ва устувор йўналишлари сифатида қуйидагиларни белгилаш мақсадга мувофиқдир:

1.  Рақамли библиографияга ўтиш: Анъанавий маълумотнома аппаратларини тўлиқ рақамлаштириш ва сунъий интеллект алгоритмлари асосида ишлайдиган миллий биб лиографик маълумотлар базаларини яратиш.

2.  Масофавий хизматларни кенгайтириш: Фойдаланувчиларга ижтимоий тармоқлар, мобил иловалар ва виртуал кутубхона хизматлари (интерактив чат-ботлар, онлайн-библиограф) орқали тезкор библиографик хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш.

3.  Кадрларнинг рақамли трансформацияси: Кутубхоначи-библиографларнинг “Big Data” (катта маълумотлар) билан ишлаш, медиасаводхонлик ва ахборот хавфсизлиги бўйича малакасини тизимли ошириб бориш механизмини жорий этиш.

4.  Халқаро ахборот маконига интеграция: Маҳаллий олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий ишларини жаҳон миқёсида индексланишини таъминлаш мақсадида, “Очиқ фан” (Open Science) тамойиллари асосида халқаро библиографик базалар билан ҳамкорликни кучайтириш.

Хулоса қилиб айтганда, ахборот-библиография хизматларини ушбу истиқболли режалар асосида модернизация қилиш, кутубхоналарни нафақат маданий ҳордиқ маскани, балки жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини белгиловчи асосий стратегик ахборот марказларига айлантиради.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.  Алишер Навоий номидаги Ўзбекис тон Миллий кутубхонаси. Ахборот-кутубхона фаолиятига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами. – Тошкент, 2022. – 180 б.

2.  Бердиева, З. Библиография (Умумий библиография): Маданият коллежлари учун ўқув қўлл. / З. Бердиева, Ҳ. Маматраимова, Т. Зокирова. – Тошкент: Ўқитувчи нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2007. – 208 б.

3.  Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказининг йиллик ҳисоботлари ва расмий маълумотлари (2024-2025 йй.).

4.  Исматова, М. Маънавият хазинаси : [ушбу мақола Бухоро вилояти ахборот - кутубхона марказининг 100 йиллиги муносабати билан кутубхона тарихи, унинг ривожланиши учун ўзининг ҳиссасини қўшган ходимларнинг меҳнат фаолияти ҳақида] / М. Исматова // INFOLIB. – 2021. – № 4. – Б. 70 – 71.

5.  Кутубхоналарнинг ўлкашунослик иши : Методик қўлланма / тузувчи: Ҳ. Маматраимова. – Тошкент : Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2003. – 41 б.

6.  Салимова, З. Из истории книжной культуры Бухары / З. Салимова // INFOLIB. – 2016. – № 2. – С. 78-79.

7.  Раҳматуллаев, М. А. Кутубхона-ахборот тармоқлари ва автоматлаштирилган тизимлар: Ўқув қўлланма. – Тошкент: Илм-зиё, 2021. – 312 б.

8.  Раҳмонова, М. Машъалдек нур сочиб : [Ибн Сино номидаги область кутубхонаси 50 ёшда] / М. Раҳмонова // Бухоро ҳақиқати. – 1971. – 19 нояб.

9.  Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг фармони : [Бухородаги Абу Али ибн Сино номидаги область кутубхонасини ЎССР Олий Совети Президиумининг фахрий ёрлиғи билан мукофотлаш тўғрисида] // Совет Ўзбекистони. – 1971. – 25 июнь.; Бухоро ҳақиқати. – 1971. – 3 июль.