Annotation: The article provides information on the conduct of local history work in information library centers. Local history activities of libraries consist  of printed works, as well as other materials available in the library funds (various publications, audiovisual materials, electronic resources, unpublished documents), are aimed to identify, collecting and disseminating knowledge about their region.

Key words: information and library centers, local history, bibliography, Abdukholik Gijduvani, newspaper.

Аннотация: В статье представлена информация о проведении краеведческой работы в информационно-библиотечных центрах. Краеведческая деятельность библиотек, отраженная в произведениях печати, а также иных материалах, имеющихся в фондах библиотек (различных изданиях, аудиовизуальных материалах, электронных ресурсах, неопубликованных документах), направлена на выявление, сбор и распространение знаний о своем регионе.

Ключевые слова: информационно-библиотечных центры, краеведение, библиография, Абдухолик Гиждувани, газета.

Аннотация: Мақолада ахборот-кутубхона марказларида ўлкашунослик ишларини олиб бориш юзасидан маълумотлар берилган. Ўлкашунослик фаолиятининг бир қисми бўлган кутубхоналарнинг ўлкашунослик фаолияти  – аввало матбуот асарларида, шунингдек кутубхона фондларида мавжуд бошқа материаллар (босма нашрлар, аудиовизуал материаллар, электрон ресурслар, нашр қилинмаган ҳужжатлар)да акс эттирилган аниқ бир жой (ўлка) ҳақидаги билимларни аниқлаш, тўплаш ва тарқатишга қаратилган фаолияти ҳисобланади.

Калит сўзлар: ахборот-кутубхона марказлар, ўлкашунослик, библиография,  Абдухолиқ Ғиждувоний, газета.

Барча ривожланган мамлакатлар ҳаётида китобхонлик ва мутолаа маданиятини кенгайтириш, ёшларни китобга бўлган қизиқишини орттириш, китобхонликни янада юксалтириш, билим олишга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 14-декабрдаги «2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 781-сон қарори қабул қилинди. Мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ «2020 - 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури» тасдиқланди. Миллий дастурда жумладан, аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш каби амалга оширилиши муҳим бўлган вазифалар қўйилди. Республикамизда миллий дастурда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ахборт-кутубхона марказлари (АКМ) жонбозлик кўрсатиб фаол иштирок этиб келмоқда.

АКМ ларининг библиографик ахборот билан таъминлаш фаолияти ХХ асрнинг 60-йиллари охирларида бошланган. Бу 1966-йилги «Умумдавлат илмий-техника ахбороти тизими ҳақида» номли қарорда кўзда тутилган эди. Шунга биноан вилоят кутубхоналари янги ўлкашунослик адабиётларининг чораклик кўрсаткичларини чиқаришлари керак эди. (Библиографияшунослик: дарслик. – 2019. – Б 284)

Ҳозирда республикамизда кутубхоналар ва АКМлар ўлкашунослик библиографик ахборот билан таъминлаш вазифасини олиб борадилар.

АКМлар ўз иш фаолиятида ўлкашунослик билимларини тарқатувчи бошқа муассасалар билан ҳамкорлик ва мувофиқликда, бутун ҳудуд аҳолиси ва узоқдаги фойдаланувчиларга масофадан хизмат кўрсатиб, ўз ўлкаси ҳақидаги объектив ва ишончли билимларини тарқатиш, оммавий тадбирлар ташкил этиш ва ўтказиш (ўлкашунослик конференциялари, ўқув ва семенарлар, ўлкашунослик адабиётлари кўргазмаси, ўлкашунослар ва китоб муаллифлари билан учрашувлар ва бошқалар), маълумотнома, оммабоп ўлкашунослик материалларини тайёрлаш ва нашр этиш (ҳудудга оид матбуот дайджест материаллари; ўлкашунослик луғатлари ва энциклопедиялар; ҳудуд ва алоҳида аҳоли пунктлари бў-
йича йўлбошчи), маҳаллий воқеалар йилномаси ва хроникаси тайёрлаш, китоб тарғиботи юзасидан турли танловлар ўтказиш бўйича режали ва мақсадга мувофиқ ишларни олиб боради. АКМлар ўлкашуносликка оид маълумотлар, адабиётлар, билимларни тарғиб этиш ишларини амалга оширишда муҳим бўғин ҳисобланади.

Ўлка ўзи нима? Ўлка деб географик, ижтимоий ва маданий тарихий ўзига хосликка эга бўлган ва унда яшовчи аҳоли ўртасида маълум иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий алоқалар ўрнатилган ҳудуд тушунилади.Ўлка ҳақидаги бадиий асарлар, хотиралар, хатлар, адабий-танқидий мақолалар, энциклопедия, вақтли матбуот, монография, қадимий қўлёзмалар, маҳаллий адиблар ва маҳаллий улуғлар ҳақидаги битиклар, минтақа ҳақида маълумот берувчи китоблар, туман, шаҳар, республика матбуотида чоп этилган мақолалар ўлкашунослик маълумотларнинг манбалари саналади.

Ибтидоий одамлар ҳам ўз яшаш жойлари табиатини жуда яхши билишган, улар ўзларининг энг содда билимларини тошларга чизиб кетишган. Бундай расмларнинг анчагина қисми ҳозиргача сақланиб қолган. Инсоният жамиятининг ривожланиши билан ўлка тўғрисидаги маълумотлар ҳам тўплана бошлади. Натижада ёзма ёдгорликлар ва манбаалар вужудга кела бошлади. Антик даврда ва ўрта асрларда турли хил ўлкаларни табиати, хўжалиги, тарихи ва маданиятига бағишланган асарлар вужудга келди. Ўлкамиз ҳақидаги маълумотлар Ал-Хоразмийнинг «Китоб – Сурат – ал – Арз» асарида, Абу Райҳон Берунийнинг XI-асрда «Ҳиндистон» «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» Захриддин Мухаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ўлкашуносликка қўшилган улкан ҳиссаси ҳисобланади.

Ўлкада яшовчи аҳоли ўз ўлкаси, вилоят, туман тарихи, маданий ҳаёти, ишлаб чиқаришдаги ютуқлари билан қизиқадилар. АКМларда фойдаланувчиларга ўлка ҳақидаги маълумотларни беришида библиографик фаолият асосий бўғин бўлиб хизмат қилади. Ўлкашуносликнинг асосий мақсади ўз ўлкаси табиати, аҳолиси, этнографияси, хўжалиги, маданияти, экологик вазият ва бошқалар ҳақида ашёвий далиллар, маълумотлар, намуналар тўплаб, уларни оммалаштириб, аҳоли билимини оширишдир. Ўлкашунослик жуда катта ижтимоий-сиёсий, маданий маорифий, ўқув тарбиявий аҳамиятга эга. Миллий қадриятларни аниқлаш ва оммалаштиришда ўлкашуносликнинг ўрни жуда катта.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда экологик вазият ва табиатни муҳофаза қилиш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш масалаларини ўрганувчи ўлкашунослик ҳам ривожланмоқда. Ўлкашунослик фаолиятининг бир қисми бўлган кутубхоналарнинг ўлкашунослик фаолияти (кутубхона ўлкашунослиги) – аввало матбуот асарларида, шунингдек кутубхона фондларида мавжуд бошқа материаллар (босма нашрлар, аудиовизуал материаллар, электрон ресурслар, нашр қилинмаган ҳужжатлар)да акс эттирилган аниқ бир жой (ўлка) ҳақидаги билимларни аниқлаш, тўплаш ва тарқатишга қаратилган фаолияти ҳисобланади. Кутубхоналарнинг ўлкашунослик фаолияти кутубхона фаолиятига тўла хос бўлган шаклларда амалга оширилади. Кутубхоналар ўлкашунослик фаолиятининг мақсади, ўлкани ижтимоий, иқтисодий, маданий ривожлантиришга, ўлканинг табиий бойликлари ва маданий меросни асраш ва ундан оқилона фойдаланишга, ўлкани ҳар томонлама илмий тадқиқ қилишга, ишлаб чиқариш ва ижтимоий фаолиятнинг турли туман соҳаларида қимматли маҳаллий тажрибани аниқлаш ва тарқатишга, ўлка аҳолисини ватанпарварлик ва байналминал руҳда тарбиялашда ёрдам беришдан иборат.

Маҳаллий (вилоят, шаҳар, туман) газеталар ўзида 80 фоиздан ортиқ шу маҳаллий жой ҳаётининг турли масалалари, томонларига бағишланган мақолаларни ёритиб борганлиги сабабли улардан ўлкашунослик маълумотларни қидиришда муҳим манба сифатида фойдаланиш мумкин .

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 7-июндаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-4354-сон қарори билан Республикамизда 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари (ТАКМ) ташкил этилди. Бухоро вилоят Ғиждувон туман ахборот-кутубхона маркази ҳам ўз фаолиятини шу қарорга асосан бошлади. Ҳозирги кунда ТАКМ да 200 000га яқин китоб фонди мавжуд бўлиб 303 000дан ортиқ аҳолига кутубхона-ахборот хизмати кўрсатади. Марказнинг библиография бўлими томонидан китобхонлар учун библиографик хизмат кўрсатилади. Жумладан маълумот-библиография аппарати (МБА) – ўлкашунослик картотекаси юритилади, бу ўлканинг тарихини ўрганиш учун муҳим ҳисобланади. Ўлкашунослик МБАида, унинг сақланиш жойи ва манзилидан қатъий назар, ўлкашунослик ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар ёритилади. Бўлим томонидан ўлкашунослик ахборотининг бошланғич манбалари яратилиб, марказ фонди ўлкашунослик нашрлари билан бойитиб борилади. Бундан ташқари, мутахассислар томонидан библиографик кўрсатгичлар тузиб, ўлкашунослик-библиографик қўлланмалар тизими шакллантирилиб борилади.Ўлканинг машҳур фарзандларидан бири Хўжагон тасаввуфий тариқатининг устози муршиди, кейинчалик нақшбандия тариқати ва таълимотининг ҳақиқий асосчиси, улуғ инсонпарвар сўфий Абдухолиқ Ғиждувоний ҳисобланади. Улуғ мутасаввуф олим, шайх Абдухолиқ Ғиждувоний Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг тўртинчи халфалари (муридлари) бўлиб, 1103 йилда Ғиждувон шаҳрида таваллуд топганлар. Тасаввуф ва суфийлик маданиятига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Библиография бўлими томонидан Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний хақидаги адабиётларнинг библиографик рўйхати ҳамда виртуал кўргазма тайёрланди. Кўргазмада Ғиждувоний ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача маълумотлар ҳам берилган. Бўлим томонидан адабиётлар тарғиботи китобхонларни мутолаага бўлган қизиқишларини янада оширишга ва ўлка тарихини ўрганишга хизмат қилади. Марказида ўлкамиз ижодкорлари, ёзувчи ва шоирлари билан учрашувлар тез-тез бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021- йил 21-22- январ кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида белгиланган устувор вазифа ва топшириқлари доирасида Ғиждувон туманида Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғунликда қадимий «Ғиждувон қўрғони»ни ҳам қайта тиклаш орқали очиқ осмон остидаги музейга айлантириш кўзда тутилган. Шу ўринда, мазкур ҳудуддаги «Қўрғон» ва «Чорсу» маҳаллалари негизида «Туризм маҳалласини» ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда бу ўлкада туризмни ривожлантириш билан бир қаторда ўлка тарихини ўрганишда ва илмий тадқиқ қилишда фойдаланувчиларга яқиндан ёрдам беради.

 Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда Республикамизда китобхонлик ва мутолаага бўлган эътибор давлат сиёсати даражасида кўтарилди. Шу муносабати билан ахборот-кутубхона муассасаларида олиб борилаётган барча хизматлар жумладан, китоб кўргазмалари, библиографик хизматлар, библиографик қўлланмаларни нашр этилиши ўлка тарихини ўрганишдаги фойдаланувчиларга яқиндан ёрдам беради.

Фойдаланган адабиётлар рўйхати

1.Бердиева З., Маматраимова Ҳ., Библиография (Умумий библиография): Маданият коллежлари учун ўқув қўлл. / З. Бердиева, Ҳ.Маматраимова, Т. Зокирова.– Тошкент: Ўқитувчи нашриёт-матбаа ижодий уйи, 2007. – 208 б.

2. Кутубхоналарнинг ўлкашунослик иши: Методик қўлланма /Тузувчи: Ҳ.Маматраимова.–Тошкент: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, 2003.- 41 б.

3. Ахборот-ресурс марказларининг библиография ишини ташкил қилиш: Методик қўлланма / Тузувчи: Ҳ.Исломқулов; муҳр. Ҳ.Маматримова.– Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси;.-Тошкент 2010.-40 б.

4.https://arm.tdpushf.uz/kitoblar/fayl_2128_20211111.pdf

5. https://e- library.namdu.uz .pdf

INFOLIB, №4, 2022