The article examines the ongoing reforms in Uzbekistan, in particular, analyzes the decrees, concepts and programs for the development of the information and library sphere. The author examines research conducted abroad on the development of special criteria for assessing the effectiveness of information and library activities, the creation of statistical databases. Taking into account international experience, a solution to this issue is proposed.
Мақолада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга оид қарор, концепция ва дастурлар таҳлили келтирилган. Муаллиф ахборот-кутубхона фаолияти самарадорлигини баҳолайдиган махсус мезонларни ишлаб чиқиш, статистик базаларни яратиш борасида хорижда олиб борилаётган изланишларга назар ташлаган. Халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда мазкур масала ва унинг ечимига эътибор қаратилган
Таянч сўзлар: Ҳаракатлар стратегияси, ахборот-кутубхона муассасалари, самарадорлигини баҳолаш, баҳолаш моделлари, баҳолаш мезонлари, ISO-11620, IFLA.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида барча соҳалардаги бўлгани каби республикада ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга ҳам катта урғу берилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2019 йил 7 июндаги Қарорига асосан 2019–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси ва чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Шунингдек, Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилиши, айни пайтда умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қошида фаолият кўрсатаётган барча ахборот-ресурс марказлари эса тугатилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг кутубхоналари сақланиб қолиниши кўрсатиб ўтилган.1
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида таъкидланганидек, республикада ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилишнинг ҳозирги шароитида ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришнинг мақсад ва вазифалари мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга ва халқаро амалиётга мос бўлиши зарур.
Мазкур Қарорда асосий вазифалар қаторида ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши ва замонавий умумжаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-кутубхона фаолиятини ислоҳ қилиш; аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича ижтимоий кафолатларни сифатли таъминлаш ҳамда замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш; ахборот-кутубхона муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш кўрсатилди.2
Бироқ назарда ахборот-кутубхона фаолияти самарадорлигини баҳолайдиган махсус мезонларни ишлаб чиқиш, статистик базаларни яратиш каби масалаларга эътибор бироз сустдай кўринмоқда. Ваҳоланки, сўнгги йилларда халқаро миқёсда соҳа жадал суратларда ривожланди, янги тенденциялар пайдо бўлди.
Бу эса ахборот-кутубхона соҳаси фаолиятини баҳолаш бўйича анча изланишлар олиб бориш ва халқаро меъёрларни кенг қўллаган ҳолда миллий тизимни ишлаб чиқиш зарурияти борлигини кўрсатади. Масаланинг иккинчи томони бугунги кунда Ўзбекистонда 12 мингга яқин кутубхоналар мавжудлиги, уларнинг имконияти ва инфратузилмаси турли-туманлигини ҳисобга олган ҳолда қайси муассаса берилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётганлиги аниқлаш бугунги кунинг долзарб вазифалари қаторида турибди.
Ўтган асрнинг 70-йилларида бир қатор рус олимлари, шулар жумласидан, Н.С.Карташов, Л.А.Кожевникова, Ж.С.Шадрин, Ю.П. Столяров ахборот-кутубхона фаолияти самарадорлигини турли мезонлар билан баҳолаш борасида изланишлар олиб боришган бўлса, XXI асрда ғарб олимлари П.Роуз, Р.Полл, Пе-тер те Бокхорстлар, П.Брофи ўлчов ва баҳолаш кўрсаткичларни яратиш ҳамда таҳлил қилиш борасида ўз изланишларини кенг оммага тақдим этишди.
Мазкур тадқиқотларда кутубхона фаолияти ва сифат даражасини акс эттирувчи кўрсаткичлар ва мезонларни аниқлаш, мавжуд усулларни таҳлил қилиш, турли хил ва турли йўналишдаги кутубхоналар ишини баҳолаш учун моделлар (тизимлар) ишлаб чиқишга урғу берилган.
Ахборот-кутубхона фаолиятининг самарадорлигини сифат жиҳатидан ўлчаш учун кўрсаткичлар тўпламини ишлаб чиқиш мураккаб муаммо ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, бунинг учун, аввало, мазкур фаолиятдаги ҳар бир жараённи чуқур таҳлил қилиш талаб этилади. Ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон капитали, аҳоли саводхонлик даражаси ва давлатнинг инновацион тараққиётига таъсирини янада кучайтириш ва бу борада аниқ ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга замин яратади.
Хорижий кутубхонашуносликда, асосан Шимолий Америкада кутубхона фаолиятини баҳолаш учун турли хил усулларни яратишга бўлган биринчи уринишлар XIX аср охири – XX аср бошларига тўғри келади. Аммо самарадорликни баҳолаш усулларини яратиш бўйича тизимли ёндашувнинг бошланиши ва баҳолаш методологиясини яратилиши Шимолий Америка фалсафий ва тизимли ёндашув тарафдори Ф.Морз (P.M. Morse) номи билан боғлиқ. У ўзининг назариясини 1968 йилда нашр этган «Кутубхона самарадорлиги: тизимли ёндашув»3 китобида тўлиқ акс эттирди. Шу даврдан бошлаб кўплаб кутубхоначиларнинг тадқиқотлари ва назарий ишланмалари тизимли ёндашувга асосланиб, бу ушбу соҳада муваффақиятли натижаларга олиб келди.
П.Лабонинг таъкидлашича,4 ахборот-кутубхона фаолиятининг сифати ва самарадорлигини баҳолаш соҳа бошқарувининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Одатда, муассаса фаолиятини баҳолаш, авваламбор, аниқ ва равшан вазифаларни шакллантиришдан бошланади, бу эса, баҳолашнинг энг долзарб воситаларини танлаш имкониятини беради.
Ахборот-кутубхона фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларининг ривожланиши реал бошқарув амалиёти эҳтиёжлари, бюджет маблағларини сарфлаш самарадорлигига қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Н.Редькина ўз ишида қуйидагиларни баён этади. «Ахборот-кутубхона муассасининг салоҳияти ва фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилиш бўйича тўпланган тажрибани ўрганиб чиқиб, баҳолаш тизимларини қуйидаги таркибий қисмларга ажратиш лозим: ўлчов мақсадлари – қандай муаммоларни ечишга қаратилганлигини аниқлайди; ўлчов таркиби – моделни қуриш тамойиллари, унинг кўрсаткичлари, мезонлар таркибини ўрганади; ўлчаш усуллари – керакли маълумотларни олиш, ўлчаш усулларини белгилайди; ўлчов стратегияси – унга мувофиқ маълумотларга ишлов бериш ва фойдаланувчига етказиш воситалар (усуллар ва технологиялар) тўпламини ўз ичига олади. Шу боис, ахборот-кутубхона самарадорлигини баҳолаш учун тегишли мезонларни шакллантириш, кўрсаткич ва усулларни аниқлаш ва ўлчов тизимини яратиш керак».5
Ўз навбатида, бир қатор рус олимлари кейинги йилларда ахборот-кутубхоналар фаолиятидаги жиддий ўзгаришлар муносабати билан уларнинг фаолиятини баҳолайдиган кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлашмоқда.6 Бунда, асосан, статистик кўрсаткичларга таяниш лозимлиги айтилмоқда. Уларнинг фикрича, статистик кўрсаткичлар тўпламини шакллантириш орқали ахборот-кутубхона раҳбарлари ва уларнинг муассислари ишлар ҳолатини баҳолаб, муассаса фаолиятининг қиёсий таҳлилини ўтказиш имкониятига эга бўлишади. Бу борада статистик кўрсаткичлар ва уларни ҳисоблаш бирликларини халқаро тавсияларга (ISO ва IFLA стандартлари) ва маҳаллий кутубхоналар иш тажрибасига мувофиқлаштириш зарур.
Айрим давлатларда, хусусан, Молдова Республикаси Миллий кутубхонаси ва Саха Республикаси Миллий кутубхонаси (Якутия) фаолиятини баҳолаш усуллари ISO-116207 «Кутубхоналар самарадорлиги кўрсаткичлари» халқаро стандарти асосида ишлаб чиқилган. Мазкур ёндашув натижаси ўлароқ, харажатлар оптималлаштирилиб кутубхона хизмати сифати кўтарилди ва ўқувчилар аудиторияси кенгайишига эришилди.
Ўзбекистон шароитида ахборот-кутубхона муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини яратиш мазкур муассасаларнинг иш сифатини ошириш, харажатларни минималлаштириш, соҳани стратегик ва инновацион ривожланишига хизмат қилиши мумкин.
Қўйилган мақсадни амалга ошириш учун ахборот-кутубхона фаолиятининг самарадорлигини тавсифловчи асосий халқаро ва миллий кўрсаткичлар ва стандартларни таҳлил қилиш, баҳолаш мезонлари тушунчасининг моҳиятини назарий жиҳатдан асослаш, мезонлар ишлаб чиқиш методларини классификациялаш ва хусусиятларини аниқлаш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган ахборот-кутубхона муассасалари самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш талаб этилади.
Ахборот-кутубхона фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган ушбу изланишлар ўзбекистонлик соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотиши ҳамда мазкур йўналишни ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони // ЎзР. Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.02. – 2017 й.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарори // Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.06.2019 й.
3. Ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари ишини ташкил қилиш (ҳужжатлар тўплами) // Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Т.: 2007 й.
4. Morse P.M. Library effectiveness: A systems approach. Cambridge, Mass.: The M.I.T. Press, 1968. 207 p.
5. Лабо П. Оценка деятельности библио-тек: тенденции, приоритеты, показатели, – https://www.myshared.ru/slide/1320-513/
6. Редькина Н. С.Измерение эффективности работы библиотек // Библиосфера, 2009, № 1, с. 63.72
7. Стандарты ИФЛА: Руководство ИФЛА по повышению профессиональной квалификации: принципы и рекомендации; Справочная модель библиотеки ИФЛА (LRM); Рекомендации по непрерывному профессиональному развитию: принципы и передовой опыт; Рекомендации для удобных для чтения материалов; Рекомендации ИФЛА по обслуживанию публичных библиотек – https://www.ifla.org/standards.
