Abstract. This article examines the work of the famous 15th-century scholar and historian Muhibbuddin Abu Hamid al-Maqdisi, titled “The Hidden Wisdom of God in Bringing the Turkic Peoples to the Lands of Egypt.” This work is an important source that justified, from religious and historical perspectives, the unparalleled services of the Turkic peoples in the defense of Islamic civilization during its time. The research analyzes the author’s theoretical views on the wisdom behind the arrival of Turkic tribes in the lands of Egypt and Syria and their assumption of state governance. Maqdisi describes the Turks as a savior force that protected the Islamic world from external threats, namely the Crusader and Mongol invasions. The article systematically explains the structural parts of the work, particularly information regarding the military prowess, courage, piety, and justice of the Turkic Mamluks. Furthermore, the socio-political significance of the ideas presented in the work regarding the superiority of the Turks over other nations is revealed. This study serves as an important scientific basis for understanding the image of Turkic peoples in medieval historiography and their role in Islamic history.
Keywords: Abu Hamid al-Maqdisi, Turkic peoples, Egypt, Syria, Ibn Khaldun, Al-Maqrizi.
Аннотация. В данной статье исследуется труд знаменитого ученого и историка XV века Мухиббуддина Абу Хамида аль-Макдиси под названием «Скрытые мудрости Аллаха в переселении тюркских народов в земли Египта». Это произведение является важным источником, обосновавшим с религиозной и исторической точек зрения беспрецедентные заслуги тюркских народов в защите исламской цивилизации в свое время. В исследовании анализируются теоретические взгляды автора на мудрость прибытия тюркских племен в земли Египта и Шама, а также на захват ими государственного управления. Аль-Макдиси характеризует тюрков как спасительную силу, защитившую исламский мир от внешних угроз — нашествий крестоносцев и монголов. В статье систематически освещаются структурные части произведения, в частности сведения о военном мастерстве, мужестве, религиозности и справедливости тюркских мамлюков. Также раскрывается социально-политическая значимость представленных в труде идей о превосходстве тюрков над другими народами. Данное исследование служит важной научной основой для понимания образа тюркских народов в средневековой историографии и их роли в истории ислама.
Ключевые слова: Абу Хамид аль-Макдиси, тюркские народы, Египет, Шам, Ибн Хальдун, аль-Макризи.
Туркий халқларнинг жаҳон тарихидаги ўрни ҳақида сўз кетганда, Узоқ Шарқдан то Европанинг ўртасигача, Сибирдан тортиб Шимолий Африкагача чўзилган қудратли давлатчилик анъаналарини кўрамиз. Бу буюк халқнинг асоси, илдизи ва юраги Турон заминдир. Шу боисдан ҳам, ҳар бир туркий халқ Туронни ўзининг қадимий ота юрти деб билади. Туркийлар узоқ асрлар давомида жаҳон геосиёсий харитасини шакллантириб берган энг йирик куч ҳисобланишган. Улар ўз тасарруфидаги ўлкаларда тартибсизликларга чек қўйиб, барқарор бошқарув ва хавфсизлик муҳитини яратдилар. Бугунги замонавий тамаддун пойдевори айнан туркийларнинг юксак бошқарув маҳорати ҳамда адолатга таянилган қонун-қоидалари билан мустаҳкамланган.
Айнан мана шу тарихий мавқе ва юксак эътироф сабабли, турли даврларда ўзга халқлар вакиллари томонидан туркий элларга бағишланган кўплаб асарлар яратилган. Шуниси эътиборлики, туркий халқларнинг ҳаёти, ҳарбий маҳорати ва давлатчилик тизими хусусида энг бой маълумотларни берган ва бу мавзуда энг кўп асар битган миллат араблар ҳисобланади. Ҳозиргача, бу борада араб тилида ёзилган илк манба Абу Усмон Амр ибн Баҳр Жоҳиз1 қаламига мансубдир [6:69].
Бундан ташқари Ибн Ҳассул2нинг Салжуқийлар сулоласи ҳукумдори султон Тўғулбекка атаб ёзган «كتاب تفضيل الأتراك على سائر الأجناد» (Туркларнинг бошқа қўшинлардан афзаллиги ҳақида китоб) номли асари ҳам туркийларни улуғлаш учун ёзилган. Бу асар султон Тоғрулбекнинг вазири Амидулмулк Кундурийнинг топшириғи билан қаламга олинган [9:121].
Шу билан бир қаторда жуда кўплаб сайёҳлар, олимлар ва тарихчиларни асарларида ҳам Турклар ҳақида ва туркий халқларни фазилатлари ҳақида маълумотлар берилган. Суриялик тарихчи Фазлуллоҳ Умарийнинг3 27 жилдлик «مسالك الأبصار في ممالك الأمصار» (Мамлакат ва ўлка-шаҳарлар ҳақида кўриш йўллари) номли асарининг 3 жилди ҳам туркий халқлар ҳақида қимматлик маълумот беради [12:11].
Муаллифнинг ҳаёти. Олимнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳомид Ибн Аҳмад ибн Абдурраҳмон аш-Шамс Абу Ҳомид ибн аш-Шиҳоб ибн аш-Шамс ал-Мақдисий аш-Шофиийдир. Унинг куняси4 Абу Ҳомид, лақаби эса Муҳибиддин. Унинг шахсияти ва келиб чиқиши хусусидаги маълумотлар асосий тарожим манбаларида бир оз фарқ қилади. Хусусан, олимнинг замондоши Сахавий5 ўзининг «الضوء اللامع لأهل القرن التاسع»(Тўққизинчи асар кишилари ҳақида ёрқин нур) асарида унинг келиб чиқишини бевосита Қуддус6 билан боғлайди. Бироқ кейинги давр тарожим асари муаллифларидан Исмоил Пошо Бағдодий7 «هدية العارفين أسماء المؤلفين أثار مصنفين» (Муаллифларнинг исмлари ва мусаннифларнинг асарлари ҳақида орифларга ҳадя) асарида Мақдисийни асли мисрлик бўлиб, кейинчалик Қуддусга келиб жойлашган, деб қайд этган [7:33]. Бу ерда Шамсуддин Саховий берган маълумотларни тўғри деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқдир. Чунки, Саховий Мақдийсий билан бир даврда яшаб, бир устоздан дарс олишган. Олимнинг туғилиш санаси хусусида ҳам манбаларда ихтилофли маълумотлар мавжуд. Жумладан, Сахавий унинг туғилган йилини ҳижрий 817 (милодий 1414) ёки 819 (милодий 1416) йилларга тўғри келишини қайд этиб, икки хил санани келтириб ўтади [11:234]. Абу Ҳомид Мақдисийнинг бошқа бир асари «بذل النصائح الشرعية فيما على السلطان وولاة الأمور وسائر الرعية» (Султон, раҳбарлар ва барча фуқаролар зиммасидаги мажбуриятлар хусусида шаръий насиҳатлар тақдими) асарини таҳқиқ ва табдил қилган олим Салим ибн Таъма муаллифнинг таваллуд санасини ҳижрий 807 (милодий 1405) йил деб кўрсатади [7:33]. Абу Ҳомид Мақдисийни ўлимига тўхталадиган бўлсак, у ҳижрий 888 (милодий 1483) йили Қуддусда вафот этган [11:234].
У ёшлигидан юксак илмий муҳитда вояга етди. Зеро, унинг отаси илм билан мунтазам шуғулланиш ва уни эгаллашда алоҳида ажралиб турган пешқадам уламолардан эди. Бунинг исботи сифатида, отасининг «Фахрия» мадрасасига бошлиқ этиб тайинланганини кўриш мумкин. Юксак илмий нуфузи сабабли унга Қуддус қозилиги лавозими таклиф этилган, бироқ у буни рад этган. Отаси ўзининг солиҳлиги, зуҳди ва расмий давлат лавозимларидан узоқ юриши билан танилган эди. Шу сабабли Абу Ҳомид отаси ҳузурида Қуръони Карим ва фиқҳ илмини ўрганди, доимо унга ҳамроҳ бўлиб юрди ва ҳижрий 854 йилда (милодий 1450 йил) отаси билан бирга ҳаж амалини адо этди [7:33].
Мақдисийнинг илмий юксалишида ўз даврининг забардаст уламолари бўлган Ибн Ҳажар Асқалоний8, машҳур тарихчилардан Тақиюддин Мақризий9, Ибн Қози Шаба10 каби зотлар асосий ролни ўйнаганлар [7:36-40]. Таъкидлаш жоизки, Абу Ҳомид Мақдисий тарихнависликда Ибн Халдун мактабининг давомчиси ҳисобланади. Боиси, у Ибн Халдуннинг11 шогирди бўлмиш Тақиюддин Мақризийдан таълим олган ва ўз асарларида мазкур икки йирик олимнинг илмий қарашларини мужассам этган. Бу ҳолат олимнинг асарларида, хусусан, « دول الإسلام الشريفة البهية وذكر ما ظهر لي من حكم الله الخفية في جلب طائفة الأتراك إلى الديار المصرية » (Туркий халқларнинг Миср диёрларига келтирилишидаги Аллоҳнинг яширин ҳикматлари» номли тарихий асарида яққол намоён бўлади. Муаллиф ушбу асарида кўп ўринларда Мақризий маълумотларидан кенг фойдаланган ва унинг тарихий хулосаларини ёқлаган.
Мақдисий ўз даврининг кўплаб илмларини эгаллаган, айниқса, ҳадис, фиқҳ ва ҳусни хат борасида анча забардаст олим ҳисобланган. Бироқ унинг ҳаёти замондошларининг кўролмаслиги, бўҳтонлари ва сиёсий ўйинлар туфайли жуда оғир ўтади. У табиатан ўта содда, тоза қалбли ва одамлар билан муомалада айёрликни билмайдиган киши бўлган. Мана шу соддалиги сабабли атрофдагилар у билан мулоқот қилишдан зерикар, баъзан эса унинг устидан очиқчасига кулар ва масхара қилишарди. Унинг душманлари мана шу инсоний табиатини «илмсизлик» ёки «аҳмоқлик»деб талқин қилишган.
Мақдисийга нисбатан ҳасаднинг биринчи ва энг асосий сабабларидан бири унинг устозлари назарига тушганлигидир. Мақдисийга устозларидан бири Шиҳоб ибн Раслан12 Мақдисийга алоҳида меҳр кўрсатгани учун ҳатто устознинг ўз қариндошлари ҳам Мақдисийга кўролмаслик қилишган. Кейинчалик у буюк муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалонийнинг энг яқин шогирдларидан бирига айланди. Бироқ, фитначилар Ибн Ҳажарга Мақдисий ҳақида турли бўҳтон хабарлар олиб келиб, устоз-шогирд орасига совуқчилик туширишган. Ибн Ҳажар шогирдидан юз ўгирган бўлса-да, унинг айбсизлигини ичидан билгани учунми, унга бериладиган маошни кесмаган.
Мақдисийнинг Ибн Ҳажар Асқалонийга ўта яқинлиги ва унинг дарсларида алоҳида мавқега эга бўлиши кўплаб ҳамкасбларининг ҳасадини қўзғатган эди. Бу ҳасад ва адоват вақт ўтиши билан очиқдан-очиқ фитналарга айланди. Биринчи жиддий можаро Булоқ13 шаҳридаги масжидда юз берди. Устози Ибн Ҳажарнинг тавсияси билан Мақдисий у ерда ҳадисдан дарс бера бошлаган эди. Бироқ дарс жараёнида унинг у ердаги имомлар ҳақида айтган қандайдир фикрлари ўша даврнинг йирик ва нуфузли олими Ибн Дайрийга14 етиб боради. Бу гаплар туфайли Ибн Дайрий Мақдисийга қаттиқ ғазаб қилиб, унга қарши чиқади. Бу воқеа Мақдисийнинг илмий доиралардаги обрўсига жиддий путур етказган.
Лекин энг оғир тазйиқлар кейинроқ юз берди. Моликийлар қозиси Бурҳон Лақоний15 ва «Саъид ас-Суадо»16 хонақоҳининг шайхи Абдуллоҳ Куроний17 каби шахслар Мақдисийга қарши бирлашадилар. Улар олим ҳақида одамлар орасида жуда ножўя ва оғир гаплар ва бўҳтонлар тарқатишади. Саховий бу бўҳтонларнинг мазмуни асоссиз эканини таъкидлаб, бу олимларнинг ҳаракати ҳақида шундай дейди: «Уларнинг ҳар бири ўзи тарқатган ёлғонлари ва қилган ноҳақлиги билан гуноҳини орқалаб кетди» [11:236]. Саховийнинг ёзишича, ҳатто энг яқин уламолар у ҳақида ёмон гаплар тарқатиб турганда ҳам, оқил, инсофли ва яхши одамлардан ҳеч бири бу бўҳтонларга ишонмаган ва уларни маъқулламаган.
Мақдисий ҳаётидаги энг катта зарбани Қози Муновий18нинг сиёсий ўйини туфайли қабул қилди. Муновий ўзининг шахсий манфаатини кўзлаб, бир вақф ерини ўз ўғлига ўтказишга ҳаракат қилиб, содда ва ҳалол бўлган Мақдисийни бу ишга воситачи қилиб аралаштирди. Режа барбод бўлгач, бор айб Мақдисийнинг бўйнида қолди. Натижада у дарс берадиган «Хашшобийя»19 мадрасасидаги дарсларидан ва маошидан маҳрум қилинди, халқ орасида обрўси тўкилди.
Мақдисий Ибн Ҳажар Асқалоний ва Қози Муновийга ёрдамчи қози бўлиб ишлаган. Умрининг сўнгги йилларини узоқ давом этган касаллик, муҳтожлик ва ижтимоий яккаланишда ўтказган Мақдисий 1483 йили вафот этди [11:234-237].
Мақдисийнинг мураккаб ҳаёт йўли унинг илмий қарашлари ва асарларидаги ғоявий ёндашувларига бевосита таъсир кўрсатган. Хусусан, ўз миллатдошлари бўлган араб уламолари ва маъмурлари томонидан уюштирилган мунтазам фитна ва тазйиқлар олимнинг туркий халқларга нисбатан ўз даври учун ниҳоятда адолатли хулосалар чиқаришига замин яратган. Мақдисийнинг шахсий ҳаётидаги бу тажриба унинг « دول الإسلام الشريفة البهية وذكر ما ظهر لي من حكم الله الخفية في جلب طائفة الأتراك إلى الديار المصرية » (Исломнинг улуғвор ва гўзал давлатлари ҳамда туркий халқларнинг Миср диёригача келтирилишидаги Аллоҳнинг яширин ҳикматлари борасидаги мушоҳадаларим» номли асарининг фикрий асосини ташкил этади. Зеро, «Тарихдан аввал тарихчини, тарихчини ўрганишдан олдин эса унинг тарихий ва ижтимоий муҳитини ўрганиш лозим. Чунки тарихчи шахс сифатида ҳам тарихдаги жараёнларнинг, ҳам ўзи яшаган жамиятнинг маҳсулидир» [2:42]. Мақдисий мисолида биз шахсий адолатсизликлар тарихчини ҳақиқатни англашга қандай етаклаганини кўрамиз.
Асарлари. Мақдисий бой илмий мерос қолдирган. Муаллифнинг «Туркий халқларнинг Миср диёрларига келтирилишидаги Аллоҳнинг яширин ҳикматлари» асарини тадқиқ ва табдил қилган немис олими Ульрих Ҳаарманн унинг бизгача учта асари етиб келганлигини қайд этади. Ушбу асарлар сирасига: الفضائل الباهرة في محاسن مصر والقاهرة(Миср ва Қоҳира гўзалликлари ҳақидаги порлоқ фазилатлар), بذل النصائح الشرعية فيما على السلطان وولاة الأمور وسائر الرعية (Султон, амалдорлар ва барча фуқаролар зиммасидаги вазифалар юзасидан шаръий насиҳатлар совғаси) ҳамда биз таҳлил қилаётган دول الإسلام الشريفة البهية وذكر ما ظهر لي من حكم الله الخفية في جلب طائفة الأتراك إلى الديار المصرية (Исломнинг улуғвор ва гўзал давлатлари ҳамда туркий халқларнинг Миср диёрларига келтирилишидаги Аллоҳнинг яширин ҳикматлари борасидаги мушоҳадаларим) киради [13:61-67].
Асарнинг нусхалари ва нашрлари. Бугунги кунда «Исломнинг улуғвор ва гўзал давлатлари ҳамда туркий халқларнинг Миср диёрларига келтирилишидаги Аллоҳнинг яширин ҳикматлари борасидаги мушоҳадаларим» асарини уч нусхаси аниқланган.
Биринчиси Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги Миср миллий кутубхонасининг «Таймурия» жамғармасида «Т» нусхаси, 2111-саноғи остида сақлаб келинмоқда. Қолган икки нусхаси ҳам Миср миллий кутубхонасининг умумий жамғармасида бўлиб, бири «Та» нусхаси 1033-саноғи, яна бири «Қ» нусхаси 1852-саноғи остида сақланиб келинмоқда [8:1-2].
Мисрлик тарихчилардан Субҳи Лабиб асарнинг Миср миллий кутубхонасидаги 1033-саноқлик нусхасига таяниб, унинг илмий-танқидий нашрини тайёрлаш устида иш бошлаган эди, бироқ 1987 йил 22 мартда вафот етиши сабабли бу иш чала қолиб кетди. Шундан сўнг, немис шарқшуносларидан Улрич Ҳаарманн муаллиф томонидан ҳижрий 881 йилда (1476 йил) якунланган нусхадан кўчирилган «Таймурийя» жамғармасидаги, 2111-саноқлик нусхаси ҳамда Миср миллий кутубхонаси умумий жамғармадаги 1852-саноқлик тўлиқсиз нусхасидан фойдаланиб, 1997 йили Байрутда асар матнини ва унинг немис тилидаги таржимасини нашр етди [8:1-4]. Биз ҳам ушбу мақолада шу нашрдан фойдаландик.
Айнан мана шу нашр асосида таниқли турк тарихчиси Рамазан Шешен 2019 йилда асарни турк тилига таржима қилди [10].
Асарни ёзишдан мақсад. Мазкур асарнинг ёзилишидан кўзланган асосий мақсадлардан бири, сиёсий инқироз шароитида ҳукмрон доираларга давлат бошқарувининг самарали усулларини кўрсатиб беришдир. Муаллиф ўз ёндашувида Ибн Арабшоҳнинг Амир Темур шахсига нисбатан қўллаган тадқиқот услубига таянади. Ибн Арабшоҳ ўз асарида Соҳибқиронга нисбатан шахсий хусумати бўлишига қарамай, унинг давлатчилик маҳорати, адолати ва ҳарбий салоҳиятини ўз даври ҳукмдорлари учун намуна сифатида тасвирлаган эди. Шу тариқа, муаллиф рақиб томоннинг ижобий жиҳатларини кўрсатиш орқали амалдаги жамиятни ислоҳотларга ундашни кўзлаган. Мақдисий ҳам худди шундай услубда ўтмиш ютуқларини ўз даври бошқарув тизимидаги камчиликларни бартараф етиш учун мезон сифатида тақдим етади.
Асарнинг вужудга келишига туртки бўлган муҳим тарихий омилдан яна бири, 1382 йилдан бошлаб Мамлуклар салтанатида ҳокимиятнинг туркий табақадан черкеслар қўлига ўтиши ва бунинг оқибатида 1450 йилларга келиб салтанатнинг чуқур таназзулга юз тутишидир. Муаллиф туркий мамлуклар ҳукмронлиги давридаги тартиб-интизом ва сиёсий барқарорликни черкес ҳукмдорлари учун намунавий андоза сифатида баён етади. Бу орқали у ҳокимият тепасидаги табақага тарихнинг муваффақиятли бошқарув тажрибасини етказишни ҳамда мамлакатни инқироздан олиб чиқиш йўлларини кўрсатишни мақсад қилган. Бу фикрларимизга далил сифатида муаллиф бу асарни ёзгандан сўнг, асарни черкес амирларидан бири бўлган Малик Ашраф Яшбак Даводорга ҳадя қилган [8:2].
Асардаги маълумотларни қуйидаги йўналишларда таҳлил қилиш мумкин:
Туркий халқларнинг руҳий ва аҳлоқий тавсифлари;
Аҳоли хавфсизлиги ва ҳуқуқни таъминлашдаги ишлари;
Ҳарбий маҳоратлари;
Туркий халқларда элшунослик.
Асарда Туркийларни руҳий ва аҳлоқий сифатлари
Мақдисийга кўра, туркийлардаги юксак ахлоқ уларнинг қон-қонига сингиб кетган Аллоҳ берган табиий фитратдир. Туркийларнинг кўпчилигида ички софлик ва қалб саломатлиги устуворлик қилади. Улар маккорлик, ҳийла, алдов ва пасткашлик каби иллатлардан йироқдирлар. Айниқса, асарда Миср диёрига яқин орада келган Туркларнинг ниҳоятда софдил ва беғубор эканлигини алоҳида қайд этиб ўтилади [8:107].
Туркийларнинг ахлоқий фазилатларидан бири сифатида улар орасида ҳасад ва кўра олмаслик каби иллатлар деярли йўқлигидир. Агар улардан бирортасининг мансаби ва мартабаси кўтарилса ёки бойиб кетса, қолганлари: «у бунга лойиқдир, буни унга Аллоҳ берди», деб айтишади. Муаллиф бу ҳолат араб фақиҳларида умуман учрамаслигини билдиради. Шунингдек, у қасам ичиб айтадики, ҳасад арабларнинг кўксини бутунлай тўлдириб юборгандир [8:108].
Муаллиф туркийларнинг қони қайноқ, феъл-атвори шиддатли ва серзарда бўлишига қарамай, масаланинг асл моҳияти тушунтирилган заҳоти ғазаблари дарҳол сўнишини таъкидлайди. Айниқса, бой ҳаётий тажрибага эга кекса кишилар орасида бу вазминлик яққол кўзга ташланади. Туркийлар хато қилиб қўйсалар, тезда пушаймонлик ҳис этишларига ва Аллоҳга тавба айтишларига кўп бор гувоҳ бўлганини айтади [8:108]. Шу ўринда арабларни турклар билан солиштириб, туркий халқлардаги бундай юксак ахлоқий сифатлар арабларда йўқлигини, бордию топилганда ҳам, минглаб араблар орасидан фақат бир кишидагина учраши мумкинлигини айтиб ўтган [8:108].
Туркий халқларнинг табиати қанчалик қизиққон ва тезда ғазабланишга мойил бўлмасин, улар оддий инсонларга нисбатан ғоят раҳм-шафқатли, заиф ва камбағалларга нисбатан эса кўнгли очиқ эди. Туркий халқларда хотиманинг, яъни умрнинг якуни қандай бўлишидан хавфсираш туйғуси жуда кучли. Уларнинг ҳаққига: «Умрингиз узоқ, ризқингиз баракали бўлсин», дея дуо қилинса, улар: «Йўқ, яхшиси, хотимамиз хайрли бўлишини сўранг», деб жавоб қайтарадилар [8:109]. Муаллиф бу ҳолат ўз миллатдошлари бўлган араблар табиатига бутунлай зид эканини таъкидлар экан, ўша даврда араблар орасида фитна ва бузғунчиликлар авж олганини қайд этади. Шунингдек, у агар араб-
лар Шом ва Миср ўлкаларда Турклар ўрнига ҳукмронликни қўлга киритган тақдирда, бу ҳудудларда зулм ва адолатсизлик янада ортиб кетишини ҳам қўшимча қилади [8:109].
Шу ўринда ота-боболаримизнинг ҳаёт тарзига сингиб кетган «оқибат қўрқуви» ва унга боғлиқ фазилатларни таҳлил қилсак, бу нарса қуруқ ақидалар эмас, балки жамиятни ушлаб турувчи мустаҳкам устунлар эканини кўрамиз. Ушбу маънавий қадрият бугун ҳам ўзбек халқи орасида яшаб келмоқда. Халқимиз кексаларининг: «Келаримдан кўра, кетаримни яхши қилгин», деган дуолари айнан шу тарихий илдизларига бориб тақалади. Туркий халқлар дунёқарашидаги «оқибат қўрқуви» шунчаки нимадандир ёки кимдандир қўрқиш эмас, балки ҳаётга чуқур маъно ва мазмун берувчи ахлоқий мезондир. Инсон онгидан оқибат, яъни охирини ўйлаш туйғуси кўтарилса, у ҳар қандай ахлоқий тубанликдан қайтмайдиган мавжудотга айланади. Бунга бугунги Ғарб жамиятидаги айрим ижтимоий инқирозларни мисол қилиб келтириш мумкин: ота-онани қариялар уйига ташлаб кетиш ёки турли аҳлоқий бузуқликларнинг оддий ҳолга айланиши каби маънавий қадриятларнинг емирилиши кўп ҳолларда ҳаётнинг фақат моддий лаззатдан иборат деб билиш натижасидир. «Мен бир кун ўламан ва бу қилмишларим учун жавоб бераман» деган масъулиятнинг йўқлиги инсонни фақат бугунги кун роҳати билан яшашга ундайди. Бу эса, ўз моҳиятига кўра, инсоний мазмундан йироқ, вақтинчалик яшаш тарзи ҳисобланади. Лекин шуни афсус билан қайд этишимиз керакки, бугун бу олижаноб ахлоқий туйғу бизнинг жамиятимизда ҳам тобора заифлашиб бормоқда. Шу боис, тарихимизни чуқур ўрганиш, ота-боболаримизнинг юксак ахлоқий фазилатларини ўзлаштириш ва уларни ҳаётимизга татбиқ этиш биз учун сув ва ҳаводек зарурдир.
Мақдисий Туркийларни яна бир фазилати сифатида жасорат ва юракларининг бақувватлигини келтиради. Улар ўлимга дуч келишса, асло ҳайиқмасликларини келтириб, у бу ҳолат мўғуллар ва европалик салибчилар бўлган жангларда яққол исботини топганлигини айтади [8:109].
Муаллиф Туркий халқларнинг ўзига хос фазилатларидан бири сифатида уларнинг омонатдорлигини ва хиёнатдан йироқ эканини алоҳида таъкидлайди [8:109]. Агар Туркийлар бирор вақф мулкига ёки давлат аҳамиятига молик ишга масъул этиб тайинлансалар, унга хиёнат қилишлари ёки уни ноҳақ ўзлаштиришлари ўта кам учрайдиган ҳолатдир. Шунингдек, улар бирор етимнинг молини бошқаришга ёки васиятни ижро этишга масъул бўлсалар, бу вазифанинг масъулиятни ҳис қиладилар ва омонатни қатъий асрайдилар [8:110]. Туркий халқларнинг бундай омонатдор бўлишларининг учта асосий омили бор. Биринчидан, улар ҳукмдорлар ҳузурида қатъий жавобгарликка тортилишдан ҳайиқишган. Иккинчидан, Аллоҳ уларга ризқни кенг қилиб қўйгани боис, моддий жиҳатдан бировнинг молига эҳтиёжлари бўлмаган ва табиатан тўқликка ўрганишган. Учинчидан эса, Яратганнинг охиратдаги азобидан қўрққанлари ва қиёматдаги ҳисоб-китобни доимо ёдда тутганларидир [8:110].
Туркларнинг яна бир юксак фазилати сифатида уларнинг тавозе ва камтарлигини алоҳида эътирофга эга. Муаллифнинг қайд этишича, улар айниқса уламолар, фақиҳлар ва солиҳ инсонларга нисбатан беқиёс эҳтиром кўрсатадилар. Бундай зотларни мажлисларнинг тўрига ўтқазиб, улар билан мулоқот ва савол-жавобда ниҳоятда мулойим бўладилар. Уламоларни ўзларидан юқори қўйишни асло ор ёки кибр деб билмайдилар. Зеро, Турк халқининг каттаси-ю кичиги ана шундай юксак ахлоқий тартиб-қоидалар асосида тарбия топган. Шунингдек, уларнинг ўз тенгқурлари, ҳатто ёши ёки мартабаси кичик бўлганлар билан муносабатида ҳам юксак одоб ва камтарлик устувордир. Мажлисларда бир-бирларига иззат-икром кўрсатиб, юқори ўринларга таклиф этишлари доимий ҳолат бўлиб, бу уларга асло малол келмайди. Мақдисий ушбу хислатлар арабларнинг феъл-атворига бутунлай зид эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтади [8:110].
Олим Туркий халқларнинг яна бир фазилати сифатида уларнинг дўстлик аҳдига ниҳоятда вафодор эканликларини қайд этади. Агар дўстларидан бирининг бошига мусибат тушса, хоҳ у лавозимидан четлатилса, хоҳ сургун қилинса ёки бетоб бўлиб қолса ҳам, у биродарларининг эътиборидан асло четда қолмайди. Мартабаси пасайгани сабабли ундан юз ўгирмайдилар; аксинча, унга бўлган меҳр-муҳаббатлари, хизмат ва эҳсонлари янада зиёда бўлади. Унга отлар, мол-мулк, сарполар ва бошқа зарурий ашёларни жўнатиб турадилар. Ҳатто дўстлари олис ўлкаларда бўлса-да, уларга совға-салом ва туҳфалар юборишдан тўхтамайдилар. Муаллифнинг таъкидлашича, бу олийжаноб хислат, баъзи солиҳ зотларни мустасно қилганда, уларнинг ўз фақиҳлар гуруҳининг одатларига бутунлай зиддир [8:110].
Олим Туркий халқларнинг яна бир фазилати сифатида уларнинг тезда насиҳатни қабул қилишларини келтиради. Улар ўзларига насиҳат қилган ҳар бир кишидан, у хоҳ ҳақ бўлсин, хоҳ ноҳақ, яхшиликни ўрганишга интиладилар. Бу ҳолат уларнинг қалби нақадар соф ва беғубор эканлигидан далолат беради. Айниқса, насиҳатгўй киши солиҳ ва тақводор бўлиб кўринса, унга бутунлай ишонадилар. Ҳаттоки уларнинг онгидаги идрок шакли шундайки, агар бирор киши биринчилардан бўлиб келиб менга зулм қилинди деб арз қилса, ўша кишининг сўзини ҳеч бир шубҳасиз ҳақиқат деб қабул қиладилар, ҳаттоки ўша киши ноҳақ бўлса ҳам. Шундан сўнг унинг рақиби келиб, очиқ-ойдин далиллар ва юзлаб исботлар келтирса ҳам, унинг гапини қабул қилишлари қийин кечади. Шунинг учун ҳам биз, даъво ким ҳақ бўлганиники эмас, балки биринчи бўлиб келганиникидир, деб айтамиз [8:113].
Туркийларни аҳоли хавфсизлиги ва ҳуқуқни таъминлашдаги ҳиссалари
Мақдисий ўз асарида Туркий халқларнинг Миср ва Шомдаги бошқаруви даврида аҳоли хавфсизлиги тўла кафолатлангани, жамиятда қатъий тартиб ва қонун устуворлиги ўрнатилганини таъкидлайди. Олимнинг эътироф этишича, Туркийларнинг тинчлик ва осойишталикни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бутун мусулмон олами учун энг улкан хизматдир. Шу сабабли, у Туркийлар давлат хазинасидан бериладиган бойликлар ва улкан ер-мулкларга эга бўлишга мутлақо ҳақли деб ҳисоблайди. Айниқса, Туркийларнинг ҳам ички, ҳам ташқи хавфсизликни таъминлашдаги ролини юқори баҳолаб, уларнинг мўғуллар босқини, салибчилар юришлари ва тартибни бузувчи, қароқчи арабларга қарши олиб борган мислсиз курашларини алоҳида қайд этади [8:119].
Тарихдан маълумки, мўғулларнинг Шом ва Миср ўлкаларига, шунингдек, ислом оламининг муқаддас марказлари ҳисобланган Макка ва Мадина шаҳарларига қиладиган тажовузларини айнан Туркий халқлар тўхтатиб қолганлар. Улар Фаластиннинг Айн Жолут майдонида мўғул ҳукмдори Хулагухон20 қўшинини тор-мор келтириб, ислом оламини буюк фалокатдан асраб қолишган. Мазкур жангда мусулмон Туркий қўшинларига Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг жияни Султон Сайфуддин Қутуз21 қўмондонлик қилган. Мазкур тўқнашувда мўғулларга қўмондонлик қилган Китбуға исмли саркардаси ҳам ўлдирилган [4:411-416].
Шу билан бирга, Миср, Шом ва Фаластин ҳудудлари мунтазам равишда европалик салибчиларнинг тажовузкорона юришларига нишон бўлган. Мазкур босқинлар оқибатида тинч аҳоли беҳисоб талафотлар кўрган ҳамда минтақанинг моддий ва маданий бойликлари аёвсиз талон-торож қилинган. Муаллиф Туркий халқларнинг минтақада ҳокимият тепасига келиши салибчиларнинг тажовузларига чек қўйганини ҳамда уларга берилган қақшатқич зарбалар туфайли аҳолининг осойишталиги ва хавфсизлиги қайта тикланганини алоҳида эътироф этади [8:120].
Муаллиф бу даврда аҳоли осойишталигига рахна солган яна бир тоифа сифатида кўчманчи, қароқчи араблар эканлигини алоҳида таъкидлайди. Бунинг асосий сабаби сифатида бадавийларнинг шариат одобларидан бехабар эканликлари ва исломий тарбия доирасида шаклланмаганликларини кўрсатади. Чўлдаги ҳаёт ҳамда доимий чорва кетидан юриш натижасида уларнинг идроки тўпорилашган, табиатлари қўпол ва қалблари қаттиқлашган бўлиб, бундай тоифанинг тўғри ва адолатли йўлни топиши ўта мушкулдир [8:109]. Бу фикрларни Мақдисийдан олдин яшаган тарихчилар ҳам таъкидлаб ўтганлар. Шулардан энг кўзга кўринганларидан бири жамиятшунослик фанининг асос-
чиси Ибн Халдундир. Унинг қайд қилишича, араблар ўзларидаги ваҳшийлик табиати тақозосига кўра босқинчи ва талончидирлар. Улар жамият учун фақат зарар ва зиён етказадилар [3:364]. Ибн Халдун, аслида, бу араблар учун табиий ҳолат эканлигини қайд қилиб, араблар кўчманчи бир халқ эканлигини айтади. Кўчманчиликдаги ваҳшийлик арабларнинг суяк-суягигача сингиб кетган. Шу тариқа ваҳшийлик уларнинг хулқи ва табиатига айланганлигини айтади. Арабларнинг назарида ваҳшийлик завқли нарсадир, чунки унда қонунлар бўйинтуруғидан чиқиш ва бирор сиёсий етакчига бўйсунмасдан эркин ва озод яшаш имкони бор. Бироқ бу ҳолат маданият ва тамаддунга зид, тескаридир. Араблар тошга фақат қозонларига ўчоқ тоши ясаш учун эҳтиёж сездилар. Бу тошларни тайёр бино ва иморатларни бузиб ташиб келтирадилар. Тош топиш мақсадида биноларни вайрон қиладилар [3:364].
Мақдисийнинг таъкидлашича, араблар ҳокимият жиловини қўлга олсалар, халқ устидан оғир зулм ўтказишлари муқаррардир [8:109]. Бу борада Ибн Халдун ҳам ўзининг атрофлича мулоҳазаларини баён қилган. Унга кўра, араблар қонунлар ижросини таъминлаш, халқни зарар ва зиёндан ҳимоя қилиш ҳамда инсонларнинг бир-бирига тажовуз қилишининг олдини олиш масалаларига етарли даражада аҳамият бермайдилар. Уларнинг асосий интилишлари талон-торож ва оғир солиқлар орқали халқнинг мол-мулкини қўлга киритишдан иборатдир. Шу сабабли, уларнинг ҳукмронлиги остида аҳоли бирор-бир ҳукм ва қонунларга бўйсунмаган ҳолда, давомли тартибсизлик ичида қолади. Бундай тартибсизлик эса инсоний қадриятларни маҳв этади ва тамаддун асосларини емиради [3:365].
Мақдисий ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий муҳитни тавсифлар экан, халқ орасида «جور الترك و لا عدل العرب» (Туркнинг зулми – арабнинг адолатидан афзал) деган ибора ота сўзи даражасига чиққанини айтиб ўтади [8:109]. Бу жумла аслида жуда чуқур фалсафий маънога эга. Мазкур иборани атрофлича таҳлил қиладиган бўлсак, туркий халқларнинг Миср ва Шомда бошқарувни қўлга олиши минтақада қатъий тартиб-интизом ва ҳуқуқий барқарорликни таъминлаганини кўришимиз мумкин. Асарда келтирилган «Туркларнинг зулми» тушунчаси, ҳатто зулм ҳам муайян тизим ва ҳуқуқий доира ичида амалга оширилганини кўрсатади. Яъни, қонун устувор бўлган жамиятда ҳатто қаттиққўллик ҳам олдиндан тахмин қилса бўладиган характерга эга бўлади; бундай тизимда шахс ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлларини ёки кўриладиган чораларни олдиндан билиш имконига эга бўлади. Аксинча, бадавий «араб-
ларнинг адолати» муайян ҳуқуқий тизимга эмас, балки тартибсизлик ва ноаниқликка таянган. Бундай шароитда жазолаш ва мукофотлаш тизими мантиқий асосга эга бўлмай, мутлақо тасодифий характер касб этган. Жамият мавҳумлик ва бошбошдоқлик ичида қолар экан, у ердаги адолат ҳам, зулм ҳам кутилмаган ҳодисага айланади. Инсонлар ўз ҳаракатларининг натижасини олдиндан билмаганлари боис, бундай «адолат» ижтимоий хавфсизликни таъминлай олмайди. Шу сабабли, туркий бошқарувдаги қатъий низом ва ҳуқуқий аниқлик кўчманчи қабилаларнинг тартибсиз ҳамда ўзгарувчан бошқарувидан кўра аҳоли учун манфаатлироқ ва хавфсизроқ ҳисобланган.
Мақдисий ўша даврдаги Миср ва Шом минтақасидаги ижтимоий барқарорликни тасвирлар экан, оддий халқ орасида қурол кўтариб юриш эҳтиёжи йўқолганини алоҳида қайд этади. Унинг ёзишича, аҳоли нафақат қуролга, балки ҳимоя воситаси сифатида бирор таёққа ҳам эҳтиёж сезмайди; ҳаттоки қурол сотиб олиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Бунинг асосий сабаби эса халқнинг ўз жони, мол-мулки ва оиласи хавфсизлигидан кўнгли бутунлай тўқ эканлигидир. Муаллиф ушбу осойишталикни туркийлар томонидан ўрнатилган қатъий тартиб-интизомнинг натижаси деб билади [8:119].
Мақдисий шу даврни туркийлар ҳокимиятга келишидан олдинги босқич билан қиёслайди. Аввалги сулолалар даврида, ҳатто пойтахт Бағдод каби шаҳарларда халифа ва ҳукмдорлар бўлишига қарамай, қароқчилар тунда машъалалар ва ҳайқириқлар билан хонадонларга очиқчасига бостириб киришгани, бундай бузғунчиликлар айниқса Аббосийлар халифалигининг сўнгги даврларида авж олганини таъкидлайди. Шу боис, Мақдисий Миср ва бошқа ҳудудлар халқини туркийлар таъминлаб берган ушбу тинчлик ва хавфсизлик неъмати учун Аллоҳга шукрона айтишга ундайди [8:124].
Муаллиф минтақада туркийлар томонидан ўрнатилган тартиб ва адолатнинг нақадар кучли эканлигини исботлаш учун яна бир ҳаётий мисол келтиради. Унинг қайд этишича, бозор ва кўчаларда қаттиқ жанжаллашиб, шовқин-сурон кўтарган одамлар, агар энг қуйи мартабадаги турк жангчиси қўлида таёқ билан келиб қолса, дарҳол тарқалиб кетадилар. Ваҳоланки, агар ўша низо устидан нуфузли қозилар ўтиб қолса-да, жанжаллашаётганлар уларга эътибор ҳам бермай, низоларини давом эттираверадилар. Айнан шу сабабли, ўша давр халқи орасида туркийларнинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини ифодаловчи: «الترك ملح مصر» (Турк – Мисрнинг тузидир), деган гўзал бир ибора шаклланган [8:124]. Ушбу иборанинг моҳиятини қуйидагича изоҳлаш мумкин: мазкур минтақада туркларнинг сони аҳолининг қолган қисмига нисбатан кам бўлса-да, уларнинг мавжудлиги жамият омонлиги ва тартиб-интизоми учун худди таомдаги туз каби зарурий эҳтиёж ҳисобланган.
Мазкур ўхшатишни яна бир жиҳатдан таҳлил қилсак, туз овқатга қўшилгандан сўнг унинг барча қисмларига бир хил тарзда тарқалади ва умумий маза беради. Яъни, таомнинг бир томони шўр, иккинчи томони эса тузсиз бўлиб қолмайди. Бу ҳолат туркийларнинг ҳам жамиятда ижтимоий табақаланишга йўл қўймай, халқнинг барча қатламларига нисбатан тенг ва бир хил адолатли муомалада бўлганликларини англатади. Шундай экан, турклар ўрнатган тартиб ва адолат мезонлари жамиятнинг барча бўғинларига бирдек дахлдор бўлган.
Туркийларнинг ҳарбий маҳоратлари
Мақдисий туркларнинг ҳарбий санъатдаги маҳоратига юқори баҳо бериб, уларнинг ҳарбий илмни чуқур эгаллаганликларини алоҳида таъкидлайди. Муаллифнинг қайд этишича, турк жангчилари қурол-яроғ билан муомалада юксак салоҳиятга эга бўлиш баробарида, от чоптириш, найзабозлик ва қиличбозликда ҳам тенгсиз маҳорат намойиш этганлар. Айнан шу хислатлар уларни жанг майдонининг мард ва енгилмас қаҳрамонларига айлантирган [8:105].
Туркларнинг жанговарлик маҳорати ҳақида нафақат Мақдисий, балки деярли барча давр муаллифлари маълумот берганлар. Хусусан, машҳур араб адиби Жоҳиз ушбу ҳарбий маҳоратни бироз муболаға билан шундай таърифлайди: «Хoрижий битта ўқ узгунча, турк ўнта ўқни нишонга уради» [6:78]. Жоҳизнинг ёзишича, турклар нафақат турғун нишонларни, балки ёввойи ҳайвонлар ва ҳатто шиддат билан шўнғиётган қушларни ҳам бехато уришган. Уларнинг ҳайратланарли маҳорати шундаки, юксак тезликда от чоптириб бораётган ҳолда барча йўналишларга – олдинга ва ортга, ўнгу сўлга, юқори ва пастга қарата бирдек аниқликда ўқ узишга қодир бўлишган [1:99]
Туркий халқларда элшунослик
Мақдисий туркий халқларнинг ташқи кўриниши ва жисмоний ҳолатига алоҳида тўхталиб, уларнинг тана аъзолари, айниқса, бош ва кўзлари ниҳоятда соғлом эканини таъкидлайди. Туркий халқларнинг кексаларида ҳам ғоятда бақувватлик, тана ва кўз соғломлиги сақланиб қолади. Улар орасида мажруҳ, кўзи хира, кўр, мохов ёки шунга ўхшаш оғир хасталикларга чалинганларни деярли учратмайсиз.
Туркийларнинг ташқи қиёфаси нурли, жозибали ва кишини лол қолдирадиган даражада гўзалдир. Хоҳ ёш, хоҳ қария бўлсин, уларнинг жисмоний кўркамлиги ҳайратланарли бўлиб, юзи хунук ёки кўриниши ваҳимали кишилар деярли йўқ [8:114].
Мақдисий бундай ташқи гўзаллик шариатда ҳам мақталган сифат эканини таъкидлайди. Зеро, ташқи кўринишнинг гўзаллиги шариатда мақбул ва талаб қилинган нарсадир. Шу боисдан ҳам, шариат қоидаларига кўра, намозда имомликка ўтишда, агар бошқа сифатлари тенг бўлган тақдирда юзи гўзал киши хунук кишидан устун қўйилади. Чунки инсон нафси гўзалликдан лаззат олади.
Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам шундай ривоят қилинган: «Эҳтиёж ва ҳожатларингиз битиши учун нурли ва очиқ чеҳрали кишилардан ёрдам сўранг». Шунингдек: «Агар бирор кишидан бир нарса сўрамоқчи бўлсангиз, юзи гўзал кишилардан сўранг, деб буюрилган [8:115].
Мақдисий туркий халқларнинг инсоний хусусиятларини ўрганар экан, туркий аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва уларнинг нафосатига алоҳида эътибор қаратади. Муаллифнинг таъкидлашича, аёл кишидаги ташқи гўзаллик никоҳнинг туб мақсадлари – насл давомийлигини таъминлаш ва оилавий барқарорликни қарор топтиришда ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, асарда туркий аёллар билан кечадиган оилавий ҳаёт ва турмуш муносабатлари шаҳарли аёлларга нисбатан руҳий ҳаловат ҳамда маънавий покизалик жиҳатидан устун экани тажрибалар асосида баён қилинади. Муаллифнинг хулосасига кўра, агар туркий аёллардаги ташқи гўзаллик иффат ва одоб каби маънавий камолот сифатлари билан уйғунлашса, бу оилавий тотувлик ва ҳаётий мамнуниятнинг энг олий даражасини таъминлайди [8:116].
Мақдисий туркий халқларнинг моддий маданияти, хусусан, кийиниш одоби ва ташқи қиёфасининг улуғворлигига юқори баҳо беради. Муаллифнинг қайд этишича, туркийларнинг либослари ўзининг нафислиги, ўзига хос услуби ва кишида ҳайбат уйғотувчи кўриниши билан ажралиб туради. Гарчи кийим шаклларидаги айрим ўзгаришлар кейинги давр маҳсули бўлса-да, улардаги миллий ўзига хослик ҳайратланарлидир [8:116].
Муаллиф туркий халқларнинг таомланиш маданиятига алоҳида эътибор қаратади. Унга кўра, туркийларнинг таомланишдаги ўзига хос жиҳати, таом ва ичимликларнинг нафислиги ҳамда сараланганлигидир. Туркий халқлар истеъмолда ҳар бир нарсанинг энг гўзал, фойдали ва покизасини танлашга интиладилар. Уларда дабдабали дастурхон тузашга ва нафис ширинликларга нисбатан кучли мойиллик сезилади.
Истеъмол қиладиган махсулотлари рўйхатидан маҳсус парваришланган қўй гўшти, сариёғ ва мурч билан тайёрланган паловлар, семиртирилган товуқ, ғоз ва бошқа турли паррандаларнинг гўшти ўрин олган бўлиб, улар асосан қовуриш ва буғлаш усулларида тайёрланади. Шунингдек, куннинг тонгги ва кечки қисмида турли сифатли шарбатларни соф ёки аралаштирилган ҳолда ичиш одат тусига кирган [8:117].
Муаллиф туркий халқларнинг турмуш тарзи ва ижтимоий фаровонлигини уларнинг яна бир муҳим фазилати сифатида тавсифлайди. Хусусан, хонадонлардаги тўкин-сочинлик, оилавий ҳаётнинг барқарорлиги ҳамда ҳар бир шахснинг ўз ижтимоий мавқеига мос равишда хизматкорлар, чорва ва моддият билан таъминлангани алоҳида қайд этилади [8:117].
Туркий халқларнинг меъморчилик маданияти ўз даврининг юксак чўққисига чиққан бўлиб, амир ва асилзодаларнинг нақшинкор қасрлари, тилла суви югуртирилган муҳташам саройлари ҳашамат бобида туркийлар Миср ва Шомда салтанат қуришидан олдинги ҳукмдорлар масканларидан устун туради [8:118].
Тўхтам. Мақола ва манба таҳлилидан келиб чиқиб, қуйидаги муҳим хулосаларни илгари суриш мумкин:
Биринчидан, aсарда Мақдисий туркий халқларни юксак маънавият ва соф фитрат соҳиблари сифатида тасвирлайди. Уларнинг қалб поклиги, ҳасаддан йироқлиги, омонатга хиёнат қилмасликлари ва айниқса, улар ўзларида бўлган масъулият ҳисси билан яшашлари жамиятдаги ижтимоий адолатнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилган. Бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган ушбу ахлоқий мезонлар туркий халқларнинг давлат бошқарувидаги муваффақиятларининг бош омили сифатида кўрсатилади.
Иккинчидан, туркийларнинг минтақадаги бошқаруви «Мисрнинг тузи» деб таърифланиши бежиз эмас. Улар нафақат ташқи хавф – мўғуллар босқини ва салибчилар юришидан ислом оламини ҳимоя қилдилар, балки ички тартибсизликларга, қароқчилик ва бош-бошдоқликка чек қўйдилар. Халқ орасида «Турк-нинг зулми арабнинг адолатидан афзал» деган иборанинг пайдо бўлиши, туркийлар ўрнатган қатъий низом ва ҳуқуқий аниқлик кўчманчи қабилавий бошқарувдан кўра инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлигини кафолатлашда самаралироқ бўлганини кўрсатади.
Учинчидан, асарда туркий халқларнинг маданий ва жисмоний қиёфасига берилган таърифлар уларнинг нафақат маънавий, балки моддий тамаддун соҳасида ҳам пешқадам бўлганини кўрсатади. Меъморчилик, пазандалик ва кийиниш маданиятидаги нафислик, аёлларга бўлган юксак эҳтиром ва илм аҳлига кўрсатилган камтарлик туркийларнинг ўзига хос юксак маданиятини ифодалайди.
Абу Ҳомид Мақдисийнинг ушбу асари бизга ўзлигимизни англашда янги фикрларни беради. Туркий халқларнинг тарих саҳнасидаги вазифаси фақат қилич билан эмас, балки адолат, омонатдорлик ва илмга бўлган чексиз ҳурмат билан йўғрилганлиги мазкур асарнинг бош ғоясидир. Ушбу тарихий ҳақиқатларни ўрганиш ва жамиятга тақдим этиш, бугунги кун кишилари учун ўз аждодларининг бошқарув маҳорати ва ахлоқий қиёфасидан ибрат олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Cahız. Türklerin faziletleri. İstanbul. 2017.
2. Cüneyt Kanat. Tarihin medya ile imtihanı. İstanbul. 2021.
3. Ibn Haldun. Mukaddime. İstanbul. 2022.
4. Ибн Касир. Ал-Бидоя ван-Ниҳоя. Ал-жузъус-собеъ ашар. Гиза.
5. Исмоил Пошо ал-Бағдодий. Ҳадийятул-орифин асмўул-муаллифин осорул-мусаннифин. Ал-мужалладус-соний. Истамбул. 1900.
6. Ж. Азимқулов. Туркларни фазилатлари ҳарб ишига оид манба ўлароқ // «Ўзбекистон тарихи» журнали. Тошкент. 2025 йил 3 сони.
7. Муҳибиддин Абу Ҳомид ал-Мақдисий. Базл ан-насоиҳ аш-шаръийя фима ъала ас-султон ва вулот ал-умур ва саир ар-раъийя. Ар-Риёд. 1996.
8. Муҳибиддин Абу Ҳомид ал-Мақдисий. Дувалул-исломийиш-шарифатул-баҳийя ва зикру ма зоҳара ли мин ҳикамиллаҳил-хафийя фи жалби тоифатул-атрок ила ад-диярил-мисрийя. Байрут. 1997.
9. R. Şeşen. İbn Hassûl’ün Tafdîl el-Etrâk alâ Sâir el-Ecnâd Adlı Risalesinin Tercümesi // İslâm Tetkikleri Enstitüsü Dergisi. İstanbul. 1975. Cilt VI. Sayı 1-2. S. 121.
10. Ramazan Şeşen. Türk memlüklerin faziletleri. İstanbul. Yeditepe. 2019.
11. Шамсуддин ас-Саховий. Ад-Давъ ал-ломеъ ли-аҳлил-қарнит-тосеъ. Ал-жузъус-собеъ. Байрут. 1992.
12. Şihabeddin b. Fazlullah Yel-Ömeri. Mesalikü’l Yebsar. İstanbul. 2014. S. 11.
13. U. Haarmann. Rather the injustice of the Turks than the righteousness of the Arabs // Studia Islamica. Paris. 1988. № 68.
