Музей имени Абдуллы Каххара, это часть научно-исследовательской работы центра молодых специалистов, а сам Абдулла Каххар – символ обнаженной совести народа. Независимая личность писателя – это как вклад в обретение культурной независимости страны. Музей занимает свое, ни с чем несравнимое место в арсенале средств воспитания подрастающего поколения. В статье использованы материалы фонда музея и раскрыта цель экспозиции, которая отражена в данной статье.

  Музей – халқ тарихининг кўзгуси эканлигини назарда тутсак, у шу халқнинг фарзандлари – келажак авлод қалбида фахр-ифтихор туйғусини уйғота олиши керак. Бизнинг вазифамиз эса буюк тарихимизни мана шундай маърифий масканлар ёрдамида авлодларимизга тўлалигича етказиб беришдан иборат».

И. А. Каримов

Маълумки, инсон ўзининг ўтмишини, аж-додларини, тарихини урф-одат ва қадриятларини турли манбалар орқали ўрганади. Тарихни холисона намойиш этадиган объектлардан бири, бу музейдир. Абдулла Қаҳҳор уй-музейи адибнинг рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова ташаббуси билан адиб умрининг охирги ўн йилида яшаб ижод этган хонадонда 1987 йил ташкил этилган. Музейнинг айнан Кибриё Қаҳҳорова томонидан ташкил этилиши Абдулла Қаҳҳор ижодининг ҳақиқий ихлосмандлари учун катта ютуқ десак муболаға бўлмайди. Чунки Кибриё Қаҳҳорова нафақат адибнинг турмуш ўртоғи , яқин бир дардкаши, суҳбатдоши,котибаси,маслаҳатгўйи ҳам бўлган. Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов айтганидек, «Кибриё Қаҳҳорова адибнинг оғир қисматини енгил қилган, вақти келганида унга илҳом бахш этган, қаламининг енгил ва самарали югуришига сабаб бўлган, файзиёб фариштаси ҳам бўлган.» Абдулла Қаҳҳорда шундай улуғ инсонийлик ҳислатлари бор эдики, буни сўз билан тариф этиб бўлмайди. У ўзгалар манфаатини ўзининг манфаатидан устун қўя оларди. Адиб қандай давр бўлмасин, қандай зиддиятлар бўлмасин, фақат адолат ва инсонийлик учун курашди. Абдулла Қаҳҳор истеъдоди, айниқса, ҳикояларида яққол кўринади. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами 1933 йилда «Олам яшаради» деган ном билан нашр қилинган. Кейинчалик бирин-кетин «Анор», «Ўғри», «Бемор», «Томошабоғ» каби ҳикояларини эълон қилди. Абдулла Қаҳҳор Ўзбекистон ҳалқ шоири Абдулла Орипов айтиб ўтганидек, Ўзбек тилининг ҳақиқий посбони эди. Унинг асарлари ҳаётдан олинган бўлиб, жумлаларнинг жўнлиги, содда ва самимийлиги билан инсонлар қалбидан чуқур жой олган.

Музейга ташриф буюрган киши ўзини ҳақиқий адабий муҳитга тушиб қолгандек ҳис этади. Музейнинг биринчи хонаси «Абдулла Қаҳҳор ҳаёти» деб номланиб, ушбу зал экспозициясидан адибнинг болалик йилларидан бошланиб, то 1967 йилгача олинган фотосуратлар ва буюмлар ўрин олган. Абдулла Қаҳҳор Уста темирчи Абдуқаҳҳор ва Роҳатойнинг саккизинчи фарзанди. Устанинг оиласида гарчи жуда кўп фарзанд туғилган бўлсада, улар орасидан фақат Абдуллажонгина яшаб қолиб, бошқалари гўдаклик чоғларидаёқ турли сабабларга кўра вафот этишган. Абдулла Қаҳҳорнинг онаси Роҳатой аянинг суратлари ҳам экспозициядан жой олган. Шунингдек, хонада темирчилик асбобларидан бўлган босқон, турли хил қисқичлар, болғалар, темирчилик маҳсулоти бўлган уй-рўзғор буюмларини, тиғли асбобларни ўткирлаш учун ишлатиладиган ускуна-чархни, қумғон-самовар, чойнак, сув сақланадиган идишлар ва шу каби рўзғор буюмларини кўриш мумкин. Бу хонада кўзга яққол ташланадиган яна бир экспонат «Зингер» тикув машинаси. Оддий темирчининг «Зингер» машинасини ҳарид қилгани довруғ бўлиб кетди ва тез орада Уста Абдуқаҳҳор «Зингер бой» деб ном чиқарди. Музейда иккита мемориал хона мавжуд бўлиб, бири меҳмонхона, иккинчиси ижодхона, яъни кутубхона. Бу мемориал хоналар адиб яшаган даврда қандай бўлса, шундайлигича сақланган. Ёзувчининг кутубхонаси ташриф буюрувчиларда ўзгача таассурот уйғотади. Кейинги хона фотосуратлар галереяси деб номланиб, бу залга ташриф буюрувчилар Абдулла Қаҳҳор ижодига мансуб бўлган «Аяжонларим», «Тобутдан товуш», «Шоҳи сўзана», «Синчалак» каби асарларнинг суратдаги талқинини, спектакллар учун яратилган декорацияларнинг фотосурати билан танишишлари мумкин. Кейинги залимиз «совғалар зали» дея номланиб, бу залда Абдулла Қаҳҳорга турли мамлакатларда, шаҳарларда ижодий учрашувларда туҳфа этилган совғаларни кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, адиб юбилейи муносабати билан берилган совғалар ҳам экспонатлар қаторидан жой олган. Музейнинг кичик ҳовлисига чиқар экансиз, ҳовли ўртасида қаддини тик тутиб кўкка қараб бўй чўзган кекса хурмо дарахти эътиборингизни тортмай қолмайди. Бу кекса дарахт адибнинг ерга берган меҳр-муҳаббатига, заҳматкаш меҳнатига гувоҳ бўлган. Хурмо дарахти ҳар йили ўзининг мўл ҳосилини улашади, гўё шу уйнинг бир бўлаги эканидан мамнундек. Уй-музейга келувчи зиёратчиларда, айниқса, адибнинг бебаҳо кутубхонаси ажойиб таассурот қолдиради. Бу бежиз эмас, албатта. Музей кутубхонасида беш юздан ортиқ журналлар ва уч мингга яқин китоблар сақланиб келинмоқда. Булар ёзувчининг бутун умри давомида йиғган бой адабий хазинасидир. Адибнинг кутубхонасида ўзбек ва форс-тожик мумтоз адабиёти намуналарининг ноёб нусхалари, XIX асрнинг иккинчи чорагида Москва ва Санкт-Петурбургда чоп этилган китоблар жой олган. Абдулла Қаҳҳорнинг илк китобларидан тортиб бугунги кунгача турли йилларда чиқарилган китобларининг нашрлари, қардош халқлар ва чет тилларда чоп этилган асарлари, адиб ҳаёти ва ижоди ҳақидаги илмий-танқидий ишлар, хотиралар кутубхонанинг алоҳида жавонида сақланади. Толстой, Чехов, Гоголь, Тургенов, Лермонтов, Достоевский, Писарев, Белинский, Горький, Ж. Лондонларнинг асарларини адиб Москвага қилган сафаридан қайтишда олиб келган ва бу нодир асарлар музей кутубхонасининг нақадар бой эканидан далолат бериб турибди.