Annotation: In this article, the author reveals the special importance of the collection of legal deposit, which is given in the National Library of Uzbekistan. Currently, there are more than 4 million control copies of printed materials produced in Uzbekistan. The legal deposit is collected to combine publications reflecting the past, to develop libraries, bibliographic and scientific activities.

В статье автор раскрывает особое значение  фонда обязательных экземпляров на примере Национальной библиотеки Узбекистана имени Алишера Навои. В настоящее время фонды Национальной библиотеки насчитывают более четырех миллионов контрольных экземпляров печатной продукции. Как подчеркивает автор, введение правил сбора обязательного экземпляра печатной продукции на законодательном уровне предусматривало прежде всего одну цель – объединение в единое целое публикаций, отражающих прошлое и настоящее, и, тем самым, развитие сети библиотек, а также комплектацию библиографической и научной деятельности.

Калит сўзлар: Миллий кутубхона, китоб палатаси, фонд, ахборот, тадқиқот, Туркистон, техник меъёрий ҳужжатлар, микрофильмлар, китоб, газета, журнал, харита, илмий асарлар, Ўзбекистон матбуоти солномаси

Бугун дунёнинг қайси улуғ кутубхона ёки музейларига борманг, бизнинг миллий бойликларимиз бўлган нодир китобларимизни кўришингиз мумкин. Оксфорд, Кэмбриж университетлари кутубхоналари, Британия музейи, Париж миллий кутубхонаси, Сорбонна, Харвард, Йел университети кутубхоналари, Голландия, Германия, Испания, Италия, Ватикан кутубхоналари, Россия, Миср, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистондаги маданий марказларини безаётган кўплаб нашрлар бизнинг бобоколонларимизга тегишли.

Бугунги кунда ўзимизда сақланиб қолинган нодир нашрларни сақлаш, бойитиш ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли. Кутубхона фондини янги чиқаётган адабиётлар билан тўлдириб бориш келажак авлодларга маданий меросни жамлаб, эҳтиётлаб, сақлаб етказиш кутубхона ходимларининг энг бирламчи вазифаларидан биридир. Бу йўлда бугун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди таркибидаги мажбурий нусха фонди алоҳида аҳамият касб этади ҳамда китоблар бир жойда жамланиши ва китоб бойлигининг ортиб боришга хизмат қилади.

Тарихга назар солсак, 1537 йилда мажбурий нусхаларни тақдим этиш тартиби биринчи маротаба Францияда жорий этилган. Кейинчалик, 1588 йилда Рига Давлат кутубхонаси (ҳозирги Латвия Давлат университети кутубхонаси) Рига шаҳар типографиясидан биринчилардан бўлиб бир нусхадан мажбурий нусха ола бошлаган. Франция Миллий кутубхонасига 1667 йилда китобларга офортлар (гравюраларни металлдаги шакли), 1689 йилда гравюралар, 1925 йилда барча график ва бадиий адабиётлар, 1941 йилда плакатлар, ноталар ва расмлар, 1963 йилда овозли тасмалар, 1975 йилда - фотоҳужжатлар, 1977 йилда - кинофишлар, 1992 йилдан бошлаб барча турдаги ҳужжатлар мажбурий нусхалар қаторига киритилган.

Россияда бу ишлар 1783 йилдан жорий қилинган бўлиб, мамлакатда чиқарилган барча нашрларнинг бир нусхаси мажбурий тартибда Петербургдаги Фанлар академияси кутубхонасига тақдим этила бошланган. Бельгияда 1966 йилда қабул қилинган қонунга асосан ҳар бир нашрнинг бир нусхаси мажбурий тарзда қироллик кутубхонасига топширилиши лозим бўлган. Германияда Лейпцигдаги Германия Миллий кутубхонасига 1912 йилдан ихтиёрий равишда, 1935 йилдан бошлаб мажбурий тарзда тақдим этилган. Ҳозирги кунда нашр этилган ҳужжатларнинг икки нусхаси (ҳужжатлар нашрдан чиққандан сўнг бир ҳафта ичида) Германия Миллий кутубхонаси (бир нусхаси – Франкфуртдаги, иккинчиси - Лейпцигдаги филиали)га тақдим этилмоқда.

Мажбурий нусхаларни тақдим этиш дунёнинг (Голландия ва Швейцариядан ташқари) барча мамлакатларида қонуний жорий қилинган. Швейцария Миллий кутубхонаси кўпгина нашриётлар билан шартнома асосида мажбурий нусхаларни олади. АҚШда мажбурий нусхаларни Конгресс кутубхонаси қабул қилади. Бундан кўриниб турибдики, мажбурий нусхалар давлат қонунчилиги билан тарихан боғлиқ бўлган.

Мажбурий нусхани жорий этиш билан ўтган даврни акс эттирувчи нашрларни бир жойга тўплаш, шу тариқа кутубхоналар тармоғи, библиографик ва илмий фаолиятни ривожлантириш, нашрларнинг ҳисобини юритиб бориш мақсади илгари сурилган.

Ўзбекистонда 1920 йил қабул қилинган қарорларга асосан чоп этилган нашрнинг мажбурий нусхалари кутубхоналарга келиб туша бошлаган. 1931 йилдан бошлаб 180 номда бутун собиқ иттифоқ республикаларида чоп этилган рус тилидаги нашрлар, 30 номда чет тилларидаги нашрларнинг мажбурий нусхаларини ола бошлаган. Мажбурий нусха тизими жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, давлат китоб сақлаш жойлари вужудга келишига ёрдам берган ва республикалардаги кутубхона фондларини интенсив равишда ўсишини таъминлаган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 1923 йилдан бошлаб босма асарлардан мажбурий нусха ола бошлаган. Қарйиб бир асрки бу ишлар самарали давом этмоқда. Фонд таркиби нашриёт ва босмахоналар томонидан чоп этилган турли тиллардаги китоблар, газеталар, журналлар, хариталар, диссертациялар авторефератларининг катта тўпламидан иборат.

Ҳозирги кунда мажбурий нусхалар фондида тўрт миллиондан ортиқ китоблар, газета-журналлар ва бошқа матбуот маҳсулотларининг назорат нусхалари сақланади.

Улар қуйидаги қоида бўйича тартибланган:

Илмлар соҳасига оид китоблар. Эътиборлиси, бу йўналишдаги нашрлар 1915 йилдан то 2010 йилга қадар инвентарь тартибида сақланади. Мисол тариқасида илк китобнинг библиографик ёзувидан намуна келтиришимиз мумкин:

«Кодири, А. «Бахқтсизъ кiау»: драма въ 4-ч действiях : из жизни туркестанскихъ мусульманъ / Абдулла Кодири ; изд. Саидъ Хабибулла, Саидъ-Арифходжаевъ. – Изд. 1-е. – Ташкент, 1915. – 39 с. – Араб тилида. – [1915-1], 2011 йилдан то ҳозирги давргача –УЎК тизими бўйича жойлаштириб келинмоқда.

Журналлар – ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида.

Газеталар – марказий, вилоят ва туман (1925 йилдан то ҳозирги кунгача).

Илмий асарлар, авторефератлар, олий ўқув юртларининг, илмий-тадқиқот институтларининг, фанлар академиялари ва бошқа илмий муассасаларнинг асарлари, докладларнинг тезислари, йилномалар, китоб солномалари, изоҳли луғатлар, рисолалар ва бошқалар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ихтисослаштирилган фондлар ва мажбурий нусхаларни сақлаш хизмати фондида сақланаётган ҳар ойда чиқадиган «Ўзбекистон матбуоти солномаси» Ўзбекистон Давлат библиографиясининг органидир. У «Китоб солномаси», «Босма тасвирий санъат асарлари солномаси», «Журнал мақолалари солномаси», «Газета мақолалари солномаси» бўлимларидан иборат.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, айни пайтда Миллий кутубхона таркибига киритилган Ўзбекистон Миллий китоб палатаси ўтган 70 йиллик фаолияти давомида босма нашрларни рўйхатга олувчи ва кутубхоналарга тақсимловчи кичик бир ташкилотдан давлат аҳамиятига молик барча босма маҳсулотлар библиографияси, статистикаси ва даврий нашрларнинг мукаммал ва бой архивига айланди. Ўша йилларда Палатанинг матбуот архив фондида 3 миллион 500 мингдан ортиқ китоблар, газета-журналлар ва бошқа матбуот маҳсулотларининг назорат нусхалари сақланган. 1976 йилда Палата 2086 номда китоб, 544 номда журнал – йиллар давомида, бюллетень, 14785 нусхада газета, 200 номдаги авторефератлар ва 135 номдаги плакатларнинг назорат нусхаларини қабул қилган. 1927 йилдан бошлаб Палата республикада чоп этилаётган барча матбуот нашрларининг мажбурий нусхасини ола бошлади ва уларнинг илмий библиографияси ҳамда матбуот статистикасини амалга оширишга киришди.

1923-2020 йиллар оралиғида қабул қилиб олинган адабиётлар - 153180 номда китоб, 874 номда журнал, 1458 номда газета, 1648 номда автореферат, 8289 нусха плакатнинг назорат нусхалари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Ихтисослаштирилган фондлар ва мажбурий нусхаларни сақлаш хизмати фондларида сақланиб келинмоқда.

1974 йилдан бошлаб матбуот асарларида бўлган муаллифларни муҳофаза қилиш белгиси © ҳақида қўшимча маълумот берила бошланди.

Муҳим воқеаларга бағишланган мақолаларни ажратиб кўрсатиш учун вақтли рукнлар жорий этилди. Сарлавха варағининг орқасида «Солнома» бўлимларининг кўрсаткичи қўйилмоқда.

«Ўзбекистонда 1917-1981 йилларда нашр қилинган қардош республикалар ёзувчиларининг асарлари», «Ўзбекистон илмий ишлари тўпламлари (1917-1980 йй.)», «Ўзбекистон газеталари (1917-1967 йй.)», «Ўзбекистон болалар ва ёшлар адабиёти (1917-1950 йй)», «Китоб солномаси» 1928 йилдан, «Журнал мақолалари салномаси» 1931 йилдан рус тилида ва 1938 йилдан ўзбек тилида, «Газета мақолалари солномаси» 1969 йилдан, «Босма тасвирий санъат асарлари солномаси» ҳамда «Вақтли матбуот нашрлари солномаси» 1968 йилдан, шунингдек «Ноталар» 1958 йилдан нашр этила бошланганлиги ҳақида қизиқарли маълумотларни билиб олишимиз мумкин.

Нашрларнинг мажбурий нусхаси қонунчиликда белгиланган тартибда кутубхоналар ва бошқа муассасалар томонидан рўйхатга олиш ва уларнинг ҳисобини юритиш, ахборот-кутубхона фондларини тўпламлаштириш ҳамда нашрларнинг давлат архивларини яратиш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тақдим этилади.

Республикамизда 1915 йилдан бошлаб чоп этилган ноёб газета ва журналлар, китоблар матбуотимиз тарихининг ёрқин солномасига айланди. «Ўзбекистон Республикаси матбуоти солномаси» 1928 йилдан буён чоп этиб келинмоқда. Ҳозирги пайтда у матбуот нашрларининг барча турларини, жумладан «Китоб солномаси», «Журнал мақолалар солномаси», «Газета мақолалари солномаси»ни ўз ичига олган.

Кутубхоналар тизимини ислоҳ қилиш муносабати билан республикамизда ҳужжатларнинг мажбурий нусхаси соҳасида вужудга келган аҳволни қонунчиликка мувофиқ асослаш ва қайта ташкил этиш зарурати долзарб масалага айланган.

Бир неча йиллар давомида республикамиз кутубхоналари ўз фондларини миллий нашрларнинг тўлиқ мажмуи билан тўлдиришда қийинчилик сезмоқда.

Ҳужжатларнинг мажбурий нусхаси ажратилиши (тақсимланиши) лозим бўлган ахборот-кутубхона институтлари доирасида ҳанузгача белгиланмаган.

Айрим ҳолларда миллий матбуотнинг мажбурий нусхасини қабул қилувчилар олинган нашрларни фойдаланувчиларга етказиб бермайдиган, шунингдек миллий ҳужжатлар бойлигини авлодлар учун сақлаш функцияларига эга бўлмаган муассасалар бўлиб қолмоқда.

Ҳозирги кунда Миллий кутубхона фондининг тўлдирилишида мажбурий нусхалар муҳим аҳамиятга эга, лекин республикамизда фаолият юритаётган айрим нашриёт ва босмахоналар томонидан чоп этилаётган нашрларнинг мажбурий нусхаларини тақдим этишга эътиборсизлик билан ёндошиши, ўз навбатида, Миллий кутубхонага келиб тушаётган мажбурий нусхалар сони кескин камайишига сабаб бўлмоқда.

Ҳужжатларнинг мажбурий нусхаси тизимини шакллантириш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

ҳужжатларнинг мажбурий нусхаси асосидаги миллий ахборот-кутубхона фондини умумжаҳон маданий меросининг бир қисми сифатида тўлдириб бориш;

ҳужжатларнинг мажбурий нусхасини давлат библиографик ҳисобидан ўтказиш, рўйхатга олиш, у ҳақда библиографик ва статистик маълумот тайёрлаш;

ҳужжатлар мажбурий нусхасининг миллий ахборот-кутубхона фондида доимий сақланишини ташкил этиш ҳамда унинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

фойдаланувчиларга ахборот-библиография ва кутубхона хизмати кўрсатишда ҳужжатларнинг мажбурий нусхасидан фойдаланиш;

жамиятни (оммани) барча турдаги ҳужжатларнинг мажбурий нусхалари ҳақида хабардор қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нашр этилаётган ҳужжатларнинг мажбурий нусхаси ҳақида ахборот алмашув соҳасидаги давлатлараро мажбуриятларни бажариш.

Нашрларнинг мажбурий нусхаси тизими давлат томонидан тартибга солинади ва қуйидагича амалга оширилади: нашрларнинг мажбурий нусхалари сақланишини ва ундан жамоавий фойдаланишни таъминлаш, оммавий фойдаланиладиган маълумотлардан фуқароларнинг эркин фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатларини ҳимоя қилиш, таркибини белгилаш, нашрларнинг мажбурий нусхасини ишлаб чиқарувчилар, олувчилар ва ундан фойдаланувчиларнинг ўз мажбуриятларини бажариши ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши устидан назорат олиб бориш.

Миллий ахборот-кутубхона фондларини шакллантириш жаҳон амалиётида қонун йўли билан белгиланадиган энг муҳим масалалардан биридир. Жаҳондаги барча мамлакатлар ахборот-кутубхона фондларида электрон нашрларнинг пайдо бўлиши ва кенг тарқалиши сабабли нашрларнинг мажбурий нусхаси ҳақида қонун ишлаб чиқиш ва уни жорий қилишга катта эътибор қаратмоқда.

Нашрларнинг мажбурий нусхаси ҳақидаги қонун – нашр хоҳ анъанавий қоғозга босилган бўлсин, хоҳ электрон китоб ва даврий нашр, электрон маълумотлар базаси каби шаклларда бўлсин - барча давлат рўйхатидан ўтказувчи муассасалар учун зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатдир.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ахунджанов Э. А. Кутубхонашунослик, архившунослик ишининг назарияси ва тарихи: Ўқув қўлланма. Тошкент: Тафаккур бўстони, 2010. – 510 бет.

2. Ахунджанов Э. А. Очерки по истории книги и книжного дела в Средней Азии. – Т.: Издво Ибн Сино, 1993. – 160 с.

3. Йўлдошев Э., Рахимова М. Ҳужжат фондлари. Тошкент, 2003. – 78 бет.

4. Касимова А. Г., Есимова Т. Общее библиотековедение. – Т.: Ўқитувчи, 1994. – 272 с.

5. Расулова М. М., Абдуалиева З. Х. Современное состояние и проблемы библиотечного дела в Узбекистане. – Т., 1997. – 37 с.(на узб. яз.)

6. Умаров А.А. Библиотеки современного Узбекистана // Вестник Библиотечной ассамблеи Евразии. 2003. № 3. С. 50-54.

7. Уразов Р. Собрание восточных рукописей // «Звезда Востока»,. 1965. № 4. С.80.

8. Язбердиев А. Избранные статьи. Т. IV. Проблемы библиографирования национальной печати народов Средней Азии и Казахстана. А., 2013. 201 с.

9. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси. 10-жилд. Шарқ – Қизилқум. Таҳрир ҳайъати А. Аазизхўжаев, Б. Алимов, М. Аминов ва б. Т.: «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» Давлат илмий нашриёти, 2005. – 656-б.