Annotation: This article discusses the important role of reading culture in human life and society and its state. We are talking about the modernization of the principles of work and maintenance of libraries, which are the main place for the promotion of reading, and the use of new methods of maintenance and promotion of the library. This is evidenced by foreign experience, in particular the experience of Finland, in which one can see completely new formats of library services. The principles of partial library self-financing and its methods are also discussed.
Аннотация: Ушбу мақолада мутолаа маданиятининг инсон ва жамият ҳаётидаги муҳим ўрни ва унинг бугунги кундаги ҳолати ҳақида, аҳолини китобхонликка тарғиб қилувчи асосий маскан бўлмиш кутубхоналарнинг ишлаш ва хизмат кўрсатиш принсипларини модернизатсия қилиш, хизмат кўрсатиш ва кутубхонани оммавийлаштиришнинг янги усуллардан фойдаланиши кераклиги ҳақида сўз боради. Бунда чет эл тажрибалари, хусусан Фин тажрибаси мисол қилиб кўрсатилган бўлиб унда кутубхона хизматларининг бутунлай янги форматларини кўриш мумкин. Шунингдек кутубхонани қисман ўзини ўзи молиялаштириш принсиплари ва унинг усуллари ҳақида ҳам гап боради.
Замонавий жамиятда китобхонликнинг ўрни
Глобал ахборот жамияти шаклланиши ва тез ижтимоий ўзгаришлар даврида китобхонлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Бугунги кунда мутолаанинг - жамият маънавий ва иқтисодий ривожланишидаги ўрни ҳали миллий муаммо даражасигача кўтарилиб улгургани йўқ. Мутолаага қизиқишнинг пасайиши жамиятни тобора орқага тортувчи ҳодиса эканлигини билсакда кутубхоналаримизнинг ҳаммасида ҳам аҳволни замон билан ҳамнафас деб айта олмаймиз. Бунга бирқанча сабаблар бор, жумладан кутубхоналар биноларининг бирмунча эскирганлиги (ески услубдаги таъмир), кадрлар таъминотининг етарли эмаслиги, маошларнинг ўртамиёналиги, хизмат кўрсатиш турларининг эволюцион ривожланмаганлиги, бу рўйхатни анчагина давом эттириш мумкин.
Ахборот технологиялари, интернет ва турли хил гаджетларнинг жамият ҳаётига кириб келиши бошқа мамлакатларда бўлгани каби, бизнинг мамлакатимизда ҳам мутолаага бўлган қизиқишни сезиларли даражада камайтирди. 1970-80 йилларнинг ўрталарига қадар ўша даврнинг асосий ахборот ташувчиси бўлган босма нашрларга талаб юқори бўлган. Айниқса илм олувчилар ўз билим ва кўникмаларини ошириш учун мунтазам равишда китоб мутолаа қилишган. Бугунги кунда эса бу кўрсатгич анчайин пастлагани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу ижтимоий муаммонинг кўлами шунчалик кенгки, бу бизга мутолаа маданиятининг тизимли инқирози ҳақида гапиришга асос беради.
Мутолаа - бу инсонни ижтимоийлаштиришнинг энг ишончли механизмларидан биридир, Мутолаа инсонни жамият учун зарур бўлган ғоялар, қадриятлар ва меъёрлар билан таништиради. Ижтимоий жиҳатдан билимли ва ақлли кишининг фазилатларини шакллантиради, саводхонлик, умумий маданий тайёргарлик, одамларнинг касбий, ижтимоий-маданий фаолияти учун ниҳоятда зарур бўлган машғулотлардан ҳисобланиб жамиятнинг интеллектуал ва маданий салоҳиятини сақлаши ва оширишининг энг муҳим воситасидир.
Албатта мутолаа осон иш эмас, Немис ёзувчиси ва файласуфи Гёте ҳам мутолаанинг қийинлиги тўғрисида қайта-қайта гапирган. Аммо, айнан ижтимоийлашув болаларда меҳнатсеварликни тарбиялашни тақозо этади.
Ижтимоий ва миллий устувор йўналишлардан бири сифатида оммавий мутолаани қайта тиклаш ва ривожлантириш жамиятимизнинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга ва мамлакатимиз олдида турган стратегик мақсадларга эришишга ёрдам беради.
Шуни аниқ айтиш керакки, кутубхонада шароитлар яхшиланмасдан ва кадрлар таъминоти сифатини оширмасдан туриб, «мутолаа инқирози» муаммосини ҳал қилиш ниҳоятда қийин ва секин кечадиган жараёндир. Самарали ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсати ва соҳага кучли молиявий «инъектсия» соҳани қайта жонлантиришнинг ажралмас шартидир.
Бугун кутубхоналаримиз содда қилиб айтганда китобларни сақлаш ва сўраган шахсга тақдим қилиш принципларига асосланган эски форматда ишлашни давом эттиряпти. Одамларнинг бўш вақтлари қисқариб кетган ва вақтларини сарфлашнинг турли хил муқобил усуллари пайдо бўлган бир шароитда, кутубхоналар ўз фаолиятининг устувор йўналишлари ва шаклларини ўзгартиришга мажбур. Кутубхоналар нафақат китоб мутолаа қиладиган балки тил ёки касб ўрганадиган, турмуш ёки иш учун зарур бўладиган баъзи асбоб ускуналарни ижарага оладиган, билим ва кўникмаларини амалда қўллай оладиган ва шу орқали моддий даромад олиш имкониятини яратиб бера оладиган маскан бўлмоғи - бугунги замон қўяётган талаблардан биридир.
Хўш бундай ўзгаришлар қанчалик ўзини оқлайди, бунда кутубхоналарнинг асл моҳияти йўқолиб қолмайдими деган савол туғилиши табиий. Кичик бўлсада ўрганишларим натижасига кўра бундай кутубхоналар нафақат ўз моҳиятини сақлаб қолади, балки ўзининг мавқейи ва оммабоблинини ҳам орттиради. Бундай кутубхоналар жаҳон тажрибасида мавжуд ва ижобий натижаларга эришиб келмоқдалар. Мисол тариқасида Финландия кутубхоналаридан бирини кўришимиз мумкин.
ФИН тажрибаси
Финлар бутун дунёни кутубхоналардан фойдаланиш бўйича ортда қолдирганлар. Финляндия фуқароси бир йилда ўртача 11 маротаба кутубхонага ташриф буюради ва ўртача 17 та китоб мутолаа қилишади. Қўлларда жами бўлиб 3 миллионта кутубхона карточкаси (китобхонлик гувоҳномаси) мавжуд. Кутубхоналар финлар ҳаёт тарзининг бир қисми бўлиб билим Финляндияда жуда ҳам қадрланади. Фин кутубхоналари кишиларнинг турли хилдаги ақлий эхтиёжларини қондиришга қодир бўлганликлари учун ҳам шунчалик катта талабга сазоворлар. Кутубхоналар ўз ассортиментларини кенгайтирдилар ва эндиликда фақатгина китоблар эмас, балки мусиқа ва видео материалларини ҳам таклиф қилмоқдалар.
Ўзаро фойдаланиш иқтисодиёти кенг амалиётдаги тимсолини айнан кутубхонада топди. Кутубхоналар харид қилишга ҳамманинг ҳам қурби етмайдиган ускуналар, мисол учун компютер, овоз ёзиш ва тасвирга олиш ускуналари ва 3Д принтерлар каби ускуна ва техник қурилмалардан фойдаланиш имкониятини беради. Ундан ташқари кундалик ҳаётнинг бошқа заруриятлари ҳам эсдан чиқарилмаган. Кутубхоналарда ўз қон босимини ўлчаш, скандинавчасига юриш таёқларини ижарага олиш ёки тикув машинасида ишлаб кўриш имкониятлари ҳам мавжуд. Шунингдек, кутубхоналар олдида ижтимоий вазифалар ҳам бор. Кутубхоналар томонидан ташкиллаштириладиган тадбирлар барча ёш тоифаларига мўлжаллангандир – кичкинтойлар учун эртаклар ўқиб бериш ва мактаб ўқувчилари учун уй вазифаларини бажаришда кўмаклашишдан бошлаб, то интернет тармоғида ишлаш бўйича кексаларга маслаҳат беришгачадир. Мигрантлар кутубхоналар учун мижозларнинг муҳим гуруҳи бўлиб қолдилар ва уларга «Тил кафелари» (тил ўрганиш бўйича махсус курс) янги хизмат сифатида таклиф қилинмоқда. Кутубхона тадбиркорликни ва масофавий фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун, ишлаш ёки мажлис ўтказиш мумкин бўлган хоналарни («cо wоркинг» марказ) тақдим қилиши мумкин. Ахборотлаштирилган жамиятни шакллантириш бўйича ҳукумат дастурларида кутубхоналарга салмоқли ўрин ажратилган. Кутубхона ходимлари ахборот ишлари бўйича юқори малакали мутахассисларга айландилар. Хелсинки шаҳри университетининг «Кайса» кутубхонаси, ўз меъморчилиги туфайли машхур туристик жойлардан бирига айланди.
Фин кутубхоналари турли ва зарурий хизматлар туфайли ахборот технологияларини узвий равишда сингдиришни ва ўз аҳамиятини мустаҳкамлашни уддаладилар. Кутубхона ташкилот сифатида, мижозларнинг хоҳиш ва заруриятларини ўрганиш ва тадқиқ этишда етакчи бўлиб турибди. Ҳозирги кунда кутубхона – финлар орасида энг кенг фойдаланиладиган маданий муассасадир. Бундан ташқари, кутубхона – иқтисодий жиҳатдан энг манфаатли бўлган ахборот-маданият муассасаларидан биридир.
Фин тажрибасида кўришимиз мумкинки бундай инновацион кутубхона китобхонларни бефарқ қолдирмайди. Биз Фин тажрибасини ўзимизга мувофиқлаштирган ҳолда, ундан кутубхонани тижоратлаштириш йўлида фойдаланишимиз мумкин бўлади.
Кутубхоналарни тижоратлаштириш
Тижоратлаштириш – Кутубхоналарни молиявий жихатдан «эркин» ўз эҳтиёжларини қисман бўлсада ўзи қоплай олувчи ташкилотга айлантиради, соханинг маблағ билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради. Бундай муаммолар сифатида кутубхона биносининг таъмири, кадрлар таъминоти, моддий техник база, халқаро тажриба алмашиш ва ҳ.к.ларни эътироф этишимиз мумкин
Биз таклиф қиладиган кутубхона ва унинг имкониятлари нафақат билим ва ахборот навигациясини олиш воситаси, балки алоқа платформаси сифатида фоалият кўрсатмоғи, бир томондан ҳар бир кишининг қобилиятлари ва амбицияларини рўёбга чиқариши, бошқа томондан «бизнес» учун мавжуд ишларни бажаришга қулай маскан бўлмоғи лозим. Шундай қилиб, тижоратлашган янги форматдаги кутубхона қуйидаги фолиятларни ўз ичига олади:
Кутубхонанинг ўзи (одатдаги маънода, лекин сифатли хизматлар ва ресурслар билан);
шахсий ривожланиш ва интеллектуал фаолият учун тўсиқсиз муҳит;
жамоат жойидаги ўзига хос мини-офис;
билим ва касб эгаллаш маскани.
Мамлакатимиздаги ҳозирги вазият ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда кутубхоналаримиз қуйидаги пулли хизмат турларини таклиф қилиши мумкин.
Ушбу хизмат турлари ҳозирги вақтда энг оммабоб ва ўзини оқлайдиган хизмат турларидан ҳисобланади. Бундай хизматларни талабга қараб янада шакллантириш мумкин, муҳими кутубхона фаолиятига, унинг функционал моҳиятига бутунлай зид ёки жамиятга бефойда хизматлар бўлмаса бўлгани.
Бундай хизматларни йўлга қўйиши учун маблағларни қаердан олиш масаласи энг асосий масаладир. Бунинг учун кутубхона давлат бюджетидан ёрдам олишига, кутубхонанинг бюджетдан ташқари маблағларидан аста секинлик билан бўлсада «оёққа туриши»га ёки инвесторларни жалб қилган ҳолда шартномалар орқали ҳамкорликда фаолиятини такомиллаштиришига тўғри келади. Ундан ташқари шу соҳадаги маҳаллий ва халқаро грандларни жалб қилиш мумкин.
Юқорида такидланган фикрлар ва таклиф-лар бир қарашда ноанъанавий балки нотўғридек туйилиши мумкин сабаби бизнинг кутубхоналаримизда хизмат кўрсатиш соҳаси йиллар давомида эволюцион тарзда шаклланиб келмади балки деярли анъанавий ҳолатида қотиб қолди. Шунинг учун ҳам юқоридаги ўзгаришлар ҳаддан ташқари кескин, табири жоиз бўлса революцион ўзгариш бўлиб туйилиши мумкин. Аммо ушбу тажриба халқаро майдонда амалда синалган ва ўзининг ижобий натижаларини бериб келаётгани бу факт.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кундаги аҳоли вакилларига классик форматдаги кутубхона хизматларини кўрсатишнинг ўзи етарли эмас. Уларга тобора янгиланиб бораётган замонавий технологиялар ва янги билимлар билан интеграция қилинган замонавий кутубхоналар керак.
