Калгари… У ҳақда нималар биласиз?

Калгарининг ўзига хос кутубхоналари ҳақида сўзлашдан олдин бу гўзал шаҳар билан сизни атрофлича таништириш мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки орангизда Калгари ҳақида эшитмаганлар ҳам бўлиши мумкин. Калгари Канаданинг Алберта вилоятида жойлашган доим яшиллиги ва кенглиги билан ажралиб турадиган бетакрор табиат қўйнидаги шаҳарлардан бири. У дунё бозорига нефт ишлаб чиқарадиган ва сотадиган ҳудуд сифатида танилган. Калгари Канаданинг поёнсиз даштларининг охири, тоғ этакларининг бошланиш жойида қад ростлагани учун унга қизиқиш доим баланд бўлган. Бу ерда 1 220 000 га яқин одам истиқомат қилиши ҳам бу шаҳарга канадаликларнинг нақадар интилишига исбот бўлади.

Калгарида ўзига хос университетлар

Бу ердаги яна кўзга кўринган масканлардан бири Калгари университетидир. У ерда кўплаб канадалик ва дунёнинг турли нуқталаридан келган талабалар таълим олишади. Калгари университети ўз талабаларининг ишга жойлашиши ва китобхонлик даражаси билан жуда-жуда фахрланишади. Ёшларнинг бекамукўст таълим олишлари учун давлат томонидан кўплаб стипендиялар ва мукофотлар жорий этилган. Бу университетни тугатган талабаларга доим «харидор»лар топилади. Талабаларнинг бундай ташаббускорлиги ва илмга қизиқиши ҳар қачон рағбатлантириб турилган.

Китобхонлик учун стипендиялар…

Калгарида китобхон талабалар доимий стипендиялар билан таъмин этилган. Бу уларнинг янгидан янги китобларни сотиб олишларига ҳам имкон беради. Бундан ташқари талабалар учун жорий этилган нуфузли стипендиядан бири 1980 йилда Алберта ҳукумати таркибига киритилган Александр Рутерфорд стипендиясидир. Александр Рутерфорд стипендиясининг моҳияти ўрта мактаб даражасидан юқори даражадаги илмий ютуқларни аниқлаш ва уларни мукофотлаш ва ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу стипендияларга эга бўлиш учун талаба Канада фуқароси ёки камида бир семестр давомида тўлиқ вақтда ўқишни режалаштирган доимий резидент бўлиши керак. Бундан ташқари, Шулич муҳандислик мактабининг энг яхши ўқувчилари Шулич олимлари унвонига сазовор бўлишади ва Шуличнинг нуфузли стипендиясини олишади. Бу бўлажак муҳандислар учун муҳим бўлган бошланғич сармоя ҳақида ўйлашларига ҳам имкон яратади.

Талабалар учун иккита энг катта мукофот қайси?

Талабалар учун иккита энг катта мукофот ҳам «Энг яхши талаба етакчилиги» номинацияси бўйича мукофоти ва «Футуре Градуате Аwаrd» мукофотидир. Агар тиббиёт фанлари бакалаврлари яхши ўқишса, доимий равишда стипендия олишлари мумкин. Чунки канадаликлар тиббиёт ходимларининг яхши таъминланишини ва ўз ишларини ситқидилдан бажаришларига жуда эътибор қаратишади. Ахир гап инсон танаси устида кетмоқда. Бўлажак шифокорларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўқув машғулотларни ривожлантириш орқали жамиятнинг энг яхши докторлари ва олимлари тайёрланади. Ахир шунча рағбат бўлиб турса ким ҳам ўқимайди, дерсиз?!

Болалар – эртанги катталар ёхуд, буюк келажак яратиш сирлари

Ўз болаларининг тугал таълим олишларини истаган шаҳар аҳолиси доимий равишда уларни рағбатлантириб туришади. Бунинг учун сабаб ва баҳона хоҳлаганча топилади. Мақсад ва муддао тўғри бўлса бўлди. Шунинг учун университетда болаларнинг академик таълими ва етакчиликнинг мукаммаллиги учун ҳам мукофотлар жорий этишган.

Болаларнинг билим ва тан соғлигида ўсиши учун калгариликлар доимий изланишлар олиб боради. Калгари университетининг Албертада ЛEЭД болалар тараққиёт маркази эртанги авлодлар учун ишлайди. Улар болаларнинг ҳаёти ва билимини доимий равишда таҳлил қилиб боради ва жамиятга ўз ўрганишларини ҳавола этишади. Бу ерга қадам қўйишингиз билан болаликка қайтгандай бўлиб, ёш авлодларга ҳавасингиз келади. Бундан ташқари, бу ерда болаларнинг парвариш маркази ва илмий тадқиқотчилар, шифокорлар ва ишчиларнинг тўлиқ таркибий қисми ва болалар соғлигини ўрганувчи бошқа ташкилотлар ҳам жойлашган.

Бу ерда 600 минг долларлик тўплам бор

Бу ерга 2011 йилда нейрохрология бўйича 500 дан ортиқ нодир китоблар олиб келинган. Шунингдек, Маc Киммие тўплам кутубхонаси китоблари ҳам қўшилган. Тўплам неврология бўйича таълим тажрибасини кенгайтиради ва тўпламнинг рақамли версияси орқали бутун дунё аҳли улардан фойдаланишига имкон яратилди. Бу тўпламга 1953 йилги «Қоғоз табиат» деб номланган асл нусха орқали Нобель мукофоти совриндорлари бўлган Жеймс Ватсон ва Френсис Крик ДНК тузилмасининг жуфтлик схемасини кашф этган биринчи шахсларнинг асарлари, 1600 йилларда Неврологик атамасини биринчи марта фан оламига маълум қилган ва «Неврологиянинг отаси» деб номланувчи Томас Уиллис томонидан ёзилган илк неврологик матнлар ҳам киради. Тўплам тахминан 600 минг доллар деб баҳоланади.

Калгарида янги ва ўзига хос кутубхона

Калгари шаҳрида ажойиб ва бетакрор кутубхона очилди. У энди Калгари шаҳарчасини янада дунёга машҳур қилмоқда. 2013 йилдан қурилиши бошланган мазкур кутубхона жорий йилда якунига етди ва 2018 йилнинг 1 ноябрь куни расмий равишда очилди. Бу калгариликлар учун чексиз қувонч олиб келди. Бу кутубхона Снойҳетта лойиҳаси бўйича қурилди ва Калгари Марказий кутубхонаси – «Library Plaza» номини олди.

Кутубхона ва тоғ манзараси

Янги кутубхона Калгари табиатига мос равишда қурилган. Унинг атрофида пурвиқор тоғлар жойлашгани учун лойиҳачилар кутубхонани ҳам тоғ манзараларига мос равишда яратишди. Бинонинг ташқи кўринишида бунга алоҳида эътибор қаратишган. Кутубхонага узоқдан назари тушган ҳар қандай одам бу кутубхона ўзига хос қурилганлигини англаб етади. Айниқса, кутубхона остидан чиқиб келаётган трамвайни кўргач эса, лол қолиши турган гап. Худди тоғ йўллари, баланд қоялар орасидаги ғордан чиқиб келувчи темир йўл поездини эслатади. Шаҳар марказидан ўтувчи трамвай линияси кутубхона бағридан кесиб йўлини давом эттиради.

2013 йилда Снойҳетта архитектура бюроси, Канада шериклари Диалог билан биргаликда Калгари жамоат кутубхонасининг янги биносини лойиҳалаштириш учун саралаш мусобақасида ғолибликни қўлга киритган ва беш йил ичида муҳташам кутубхонага асос солди. Кутубхона юқори технологиялар билан таъминланган замонавий қурилиш наъмунасидир.

Ўн олти мингдан ортиқ фуқароларнинг таклифлари инобатга олинган

Канаданинг шимолий ҳудуди учун кутубхона лойиҳаси устида ишлайдиган дизайнерлар жамоаси ўша атроф-муҳитнинг хилма-хиллигини ва ноёб иқлимини ҳисобга олди. Лойиҳани ишлаб чиқишда меъморлар 16 мингдан ортиқ фуқароларнинг таклиф ва тавсияларини тинглади. Натижада бетакрор маскан қад ростлади. У ўсиб бораётган метропол шаҳарнинг қалбида ёрқин, меҳмондўст ва қулай жамоат жойига айланди.

Муаллифлар фикрига кўра, ёғочдан ясалган марказий туннель Алберта минтақасида булутларни ташкил этувчи тоғ шамолини эслатади. Архитектура майдони қўшни ҳудудларни боғлайдиган, шаҳар ичкарисида янги ижтимоий майдонларни ташкил этадиган бир эшик бўлиб хизмат қилади.

Кутубхонанинг шишали атриум гумбазида осмонни кўриш мумкин. Атриюм атрофида ҳаракатланадиган спираль ва ўтиш жойларида аниқ ҳаракатни ташкил этиш, асосий киришдан бошлаб, барча қатламларда осон навигация ҳосил қилади.

Кутубхона зиналаридан кўтарилган сайин…

Кутубхона майдони айлана ва спирал шаклида қурилган. Ўқувчилар орасида энг фаол ва банд бўлган одамлар пастки қаватларда жойлашади. Бундан ташқари, ҳар бир кейинги қават билан меҳмонларнинг зичлиги пасаяди.

Юқори спиралдан тинч хоналарга ўтилади. Учинчи ва тўртинчи қаватларда ўқиш хоналари, индивидуал дарслар ва тадқиқотлар хоналари мавжуд.

Фасад дизайнида ноёб геометрик шакл ишлатилган, шаффоф ва рангли ойналар панели алмашинувини акс эттиради. Дизайн кундузги ички ёруғлик даражасини мослаштиришга имкон беради. Шаффоф ойнанинг орқасида жонли оломон заллар бор. Рангли кўзойнаклар орқасида томошабинларни ўқиш ва ўқитишга қаратилган хоналар бор.

Бола билан ота-оналар учун максимал мослаштирилган макон: улар кўтарилаётганда юмшоқ гиламчалар, мебеллар, ўйинчоқлар ва китоблар билан жиҳозланган турли ҳудудлари мавжуд бўлиб, у ерда болалар дам олиш, ўйин ўйнаши ва ўқиш имкониятига эга.

«Болаларимизни катта ғоялар бағрига ташлаймиз»

«Анъанага кўра, катта кутубхоналарнинг пастки қаватлари болаларга берилади», – дейди Снойҳетта мутасаддиси Крейг Дякерс. – Биз уларга катталар каби исталган жойдан фойдаланишни хоҳладик. Ниятимиз, улар болаликданоқ катта ва ёруғ ғоялар билан тўйиниб ўсишсин!»

Калгариликлар ўзининг болалари учун шундай бетакрор кутубхона барпо этишди. Ўз навбатида, бу болалар эртага мамлакати учун бетакрор келажак пойдеворини қуриб беришса, ажаб эмас.

Лазиз Нарзиев тайёрлади.

INFOLIB, №4, 2018