Шерали Жўраев,
Бухоро давлат музей-қўриқхонаси,
Санъат ва этнография илмий бўлими мудири

DOI: 10.47267/2181-8207/2021/1-048

This article will describe photographs in the style of etching, telling about the history, social and cultural life of Central Asia at the end of the XIX century. The data presented in the work of the author of Dmitriev-Kavkazsky’s drawings «On Central Asia»are analyzed. The specifics of the work are described separately. The photos are also compared with each other, and scientific conclusions are given. Information about the architectural structures of Bukhara, their description, construction and appearance will be given. Social relations in the emirate and interesting aspects of ethnographic research will be explored.

В статье описаны фотографии в стиле офорта, рассказывающие об истории, социально-культурной жизни Средней Азии конца XIX века. Анализируются данные, представленные вкниге автора рисунков Дмитриева-Кавказского «По Средней Азии». Об особенностях работы рассказывается отдельно. Фотографии сравниваются друг с другом, даются научные выводы. Дана информация об архитектурных сооружениях Бухары троительстве и внешнем виде. Исследованы социальные отношения в эмирате, интересные аспекты этнографических дел.

Key words: Bukhara Museum, etching, Mirza, tent, case, Baki Naqib Madrasah, Minorai Kalon, Ark Fortress, political agency.

Лев Евграфович Дмитриев-Кавказский – Россия империяси Бадиий академияси академиги. Рассом кўпмамлакатлар бўйлаб саёҳат қилган. 1887 йилда Каспийорти ва Ўрта Осиёга қилган саёҳати саёҳатига бағишланган  «По Средней Азии. Записки художника» (199 рисунков) номли китоби 1894 йилда Санкт-Петербург шаҳрида А.Девриен босмахонасида нашрга тайёрланади ва Эдуард-Гоппе типографиясида нашрдан чиқади. Ўрта Осиёга қилган саёҳати даврида рассом 38 ёшда эди.

Ўрта Осиёнинг Чоржўй (ҳозирги Туркманобод), Петро-Александровск (Тўрткўл), Хива, Бухоро, Самарқанд, Марв каби шаҳарларда бўлар экан, Дмитриев-Кавказский бу шаҳарларни алоҳида таърифлаб, уларнинг суратларини ҳам келтиради. Аҳолининг шуғулланадиган ҳунармандчилик турлари ҳақида батафсил маълумот келтиради. Китобдаги иллюстрация суратлари офорт (аквафорт) услубида амалга оширилган. 199 суратнинг 30 дан ортиғи Бухоро тарихига оид бўлиб, кўҳна шаҳарнинг меъморчилиги, этнографияси ва бошқа соҳаларига бағишланган. Бу асарнинг қимматли жиҳати шундаки, ўзида кўп маълумотлар ва чизмаларни жамлаган қўлланма сифатида Россия учун ўша пайтдаги Ўрта Осиёнинг номаълум жиҳатларини очиб берган дейиш мумкин.1

Бухоро давлат музей-қўриқхонаси фондида ушбу китобдан нусха мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда Тарих илмий бўлими «Бухоро хонлиги/амирлиги тарихи» экспозициясида намойиш этилмоқда. Китоб 1971 йилда В.В.Фонченков томонидан почта орқали Москва шаҳридан узатилган.2

Мақоланинг асосий қисмида ушбу китобда келтирилган Бухорога оид бўлган суратлар тавсифланади. Айримларининг тавсифи қисқача берилса, асосий суратлар бойитилган маълумотлар билан тақдим этилади. Офорт услубида чизилган баъзи суратлар китобнинг ўзида шарҳланган. Айрим суратлар остида Бухоро ёзуви деярли учрамайди. Аммо уларнинг ҳолатига қараб Бухорода чизилган деган хулосага келиш мумкин. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида тўхталамиз.

Бухоролик ҳарбий (1-расм). Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат қилган олимнинг китобида Бухорога оид бўлган сурат худди шу ном билан бошланади. Ҳарбий Ўрта Осиёга хос услубда кийинган бўлиб, чап ён томондан тик турган ҳолатда ўнг қўлида пилта милтиқ ушлаб турибди. Юз тузилиши билан ён томонга тўлиқ қараган, шунингдек қалин соқоли ҳам мавжуд. Ҳарбийнинг кийимини тавсифлаш бироз мушкул, сабаби сурат катта ўлчамда эмас. Аскарнинг бош кийими ва пошнали оёқ кийими ҳам тасвирланган.

Қурол, пичоқлар, эгар ва қамчи (3-расм)
Бухороча чодир (2-расм)
Бухоролик ҳарбий.
(1-расм)

Бухороча чодир (палатка) (2-расм). Китобда келтирилган навбатдаги сурат аввалгисидан тасвирнинг бойлиги билан ажралиб туради. Суратда 3 киши ўтирган ҳолда тасвирланган. Чодирнинг ташқи томони тўлиқ тасвирланмаган. Олд қисмда чапда баланд курси (балки сандиқ) устида ўнг қўлини белига тираб, чап қўлини оёғи устига қўйган белида амалдорларга тегишли тўқали (эҳтимолки кумушдан) камари бўлган эркак бор. Унинг бошида оқ салла, чопон остидан пойафзалнинг уч қисми кўриниб турибди. Чодирнинг ички қисмида кўрпача устида ўтирган 2 киши. Иккаласининг ташқи кўриниши деярли бир хил: бошида оқ салла, эгнида яктак ва ўртача узунликдаги соқол, қўлларини чоғиштирган ҳолда ўтиришибди. Чодирнинг ички қисмида катта ҳажмли кашталик намоён қилинган. Чодирнинг олд қисмида киравериш қисмида шокилали безакчалар илинган бўлиб, улар ўсимликсимон нақшлар билан безатилган.

Қурол, пичоқлар, эгар ва қамчи (3-расм). Суратнинг пастки қисмида ёзилган жойи бўлмасада, ўзига хослик жиҳатидан Бухо-рога хос услубни пайқаш мумкин. Бугунги кунда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси  экспозицияларида намойиш этилаётган экспонатлар шу суратдаги буюмларга ўхшаб кетади.

Коса ғилофи (4-расм). Ташқи кўриниши ярим айлана шаклда бўлган бу ғилофдан, асосан, сафарлар пайтида коса ва шунга ўхшаш хўжалик буюмлари синмаслиги учун фойдаланилган. Маълумотларга қараганда, бундай буюмлар сафарга ёки ҳарбий юришга чиққан аскарларнинг ўзи билан олиб юрадиган атрибутларидан бири саналган. Ғилофнинг бир томони текис ҳолатда тайёрланган. Юқори қисмида ушлаш (балки боғлаш) учун даста қисми мавжуд. Шунингдек бундай ғилофларда ипдан тайёрланган шокила-безаклар ҳам мавжуд.

Қишки кийимдаги бухоролик (5-расм). Муаллиф китобда бухороликларга таъриф берар экан, уларнинг бир-бирига ташқи кўриниши ва кийимлари жиҳатидан ўхшаб кетишини таъкидлайди.3 Суратда тасвир-ланган бухоролик кимса ён томонга қараган, унинг эгнида пўстин бўлиб, қўй ёки эчки терисидан тайёрланган. Пўстин юқори қисми ёрқин сариқ рангли бахмал чарм (замш)дан ишланган, шунингдек нозик ипак каштали безаги бор. Бухороликнинг бошида конуссимон шаклдаги қалпоқ – кулоҳ бор. Маҳаллий аҳоли асосан дўппи кийган бўлиб, унинг устидан қишда қалинроқ бош кийим кийишган. Ўз вақтида ҳукмдор ва амалдорлар салла остидан кийиш учун бундай қалпоқлардан фойдаланишган.

Коса ғилофи (4-расм)
Қишки кийимдаги бухоролик
(5-расм)
Чоржўй беги (6-расм)

Чоржўй беги (6-расм). китобнинг 17-саҳифасида келтирилган сурат худди шу номда аталади. Ушбу суратда ўрта ёшлардаги эркак тасвирланган. Ҳайдарқул Иноқ – Останақул Қушбегининг укаси. (Аммо рассом унинг исмини тилга олмайди.) Бекнинг бошида салласи бор. Соқоли сийрак, қалин эмас, пешонаси кенг, кўзлари катта-катта. Эгнида байрам маросимлари учун мўлжалланган кийим. Чап томонида кўкрак нишонлари тасвири мавжуд. У ҳақида ҳам муаллиф батафсил маълумот беради: ўзаро суҳбатда таржимондан фойдаланилганлиги, унинг шарафига дастурхон тузалганлиги ва бошқалар ҳақида.4 Унинг амалдорлар билан биргаликдаги ва ўзи якка ҳолатда тушган суратларини Н.Ордэ ҳам фотокадрга муҳрлаган.5  Дмитриев-Кавказский уни қуйидагича таърифлайди: Бек – ўрта бўйли, қорачадан келган тўғри юз тузилишига эга, чиройли қора ранг кўзли ва шарқона ҳорғинликни ўзида мужассам этган. Унинг думалоқ юзи пастда ва ён томонда соқол билан чегараланган. Бек мундир кийган: тўқ бинафшаранг бахмалдан тикилган енгил яктак ва кафтан. Мундирнинг кўкрак қисми катта нақшли безаклардан ташкил топган. Кийимнинг олд қисмида амирликнинг юлдузли 2 та кўкрак белгиси ва бўйнида хоч тасвирли рус ордени мавжуд. Белида кенг бухороча белбоғ – камар (тўқаси тилла ва кумушдан тайёрланган) бўлиб, камарнинг бир томонига ҳашамдор шамшир осилган, иккинчи томонига ўқ солиш учун зардўзи халтача илинган. Чалварининг пастида ипак жияк билан ҳошияланган қисми  бўлиб, ён томонида попукчалари бор. Оёғида пошнаси баланд бўлмаган бухороча этик бор.

Белбоғ пичоғи (7-расм). Китобда Бухоро амирлиги қурол-яроғлари тавсифлангани қаторида пичоқлар, қиличлар ва бошқалар ҳам мавжуд. Пичоқлар 2 хил кўринишда бўлади. Биринчиси белбоғга осиб юриш учун мўлжалланган. Бу пичоқларнинг ғилофи ва алоҳида матоли тасмаси мавжуд. Тасма камардан сал пастда жойлашади ва тиззагача тушади. Матонинг пастки қисми боғичли шокилалардан ташкил топган. Пичоқ ғилоф ичига солиб қўйилган. Оддий аҳоли вакиллари эски услубдаги воситалардан фойдаланган бўлса, бой аҳоли қатлами ва зодагонлар, асосан, турли хил қимматбаҳо тошлар (кумуш, феруза ва б.) билан безатилган ғилоф ва пичоқлардан фойдаланган. Муаллиф иккинчи хил пичоқларни ҳам таърифлар экан, уларнинг тирдон ва халтачалари борлигини таъкидлайди. Маълумот ўрнида тарихчи томонидан тавсифланган пичоқлар, уларнинг ғилофлари ва камарлари Бухоро музейи кўргазмаларида (санъат ва этнография илмий бўлимининг Заргарлик кўргазмасида) намойиш этилмоқда.

Бухоролик зодагон (8-расм). Бошида оқ матодан тайёрланган салла кийган, қисқа соқолли, катта кўзли зодагон тиззасига қўлини қўйган ҳолатда ўтирибди. Ўрта ёшли эркакнинг эгнида четлари жияк билан ҳоши-яланган чопон, белида камари мавжуд. Камарнинг тўқаси йирик бодомсимон кўринишда. Оёғида пошнаси баланд бўлмаган пойафзал.

Бухоролик зодагон (8-расм)
Бухоро араваси (9-расм)
Белбоғ пичоғи (7-расм)

Бухоро араваси (9-расм). Одам ва юк ташишга мўлжалланган қурилма. Катта ғилдиракли аравадан, асосан, аҳоли манзилгоҳлари орасида юк ташиш учун ҳам фойдала-нилган,6  аравани одатда 1 та эгарланган от тортган. Суратда тасвирланган усти ёпиқ аравалардан ёз ойларида ўзига тўқ хонимлар фойдаланишган. Муаллиф араваларнинг ғилдираги катталигини иқлим инжиқликлари, асосан ёмғир билан боғлиқ деб ҳисоблайди. Агарда ғилдиракларнинг ўзаги ва айланасига темир мих ва мосламалар қотирилган бўлса бундай аравалар ҳарбий мақсадда ишлатилган.

Бухоролик савдогар (10-расм). Суратда 50 ёшлар атрофидаги эркак киши тасвирланган бўлиб, унинг таърифи китобда келтирилган суратлардан фарқ қилмайди. Сурат пастида бошқа тасвирларда бўлганлиги каби муаллиф ўз дастхатини қолдирган. Автограф унинг исм-шарифининг жим-жимадор шаклида ёзилишидан ҳосил бўлган.

Тангалар (11-расм). Китобда пул муомаласи ва тангалар ҳақида ҳам қисқача маълумот келтирилган. Масалан, муаллиф Бухорода 2 хил танга муомалада бўлганлигини таъкидлаб,7 кумушдан зарб қилинган танга русларнинг 25 тийинлик тангаси билан баробар ва «танга» номи билан аталади, мис чақа эса «пул» деб номланади деган маълумотни келтиради. Кўринишидан улар жуда қўпол зарб қилинган ва жуда арзон баҳоланган. Тангалардаги ёзувлар араб имлосида бўлиб, кўпчилигининг ёзувлари ўчган. Тангалар ўзида зарб қилинган вақти, жойи, ҳукмдор номи ва бошқалар ҳақида маълумотни жамлайди. Суратларни чизишда уларни иккала томонини ҳам кўрсатишга ҳаракат қилади.

Бухоролик қирғиз (12-расм). Суратда 60 ёшлар чамаси эркак тасвирланган. Бошида кулоҳ, юзини ажин босган, соқол-мўйлови сийрак, эгнига чопон кийган. Бундай кишилар китобда кўп тасвирланган, масалан «Бухороликлар» (13-расм) деб номланган суратда ҳам Бухоро учун хос бўлган бош кийим ва чопонлар билан тик турган ҳолатдаги 4 эркак тасвирланган бўлиб, юз ифодалари бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Бухорода турли ҳунар эгалари мавжуд эканлиги сир эмас, шундай ҳунар турларидан бири (бугунги кунгача давом этиб келаётган) пичоқсозликдир. Бухоролик пичоқ чархловчи уста (14-расм) иш устида тасвирланган, пичоқсознинг олдида махсус чарх ўрнатилган ускуна мавжуд. Чархнинг пастки қисмида катта айланали ғилдирак ўрнатилган. Тўрт бурчагида ёғоч оёқчалар – устунчалари бўлиб, шу мослама чархни ҳаракатга келтирган. Устанинг бошида дўппи, эгнида чопон, оёғида ёзги оёқ кийим, ўнг қўлида пичоқ ушлаган, чап қўли билан пичоққа ишлов бермоқда. Бундан Бухоролик ҳунармандлар кийимини тушуниш мумкин.

Бухоро мусиқачилари (15-расм) номли суратда 4 киши тасвирланган, уларнинг 3 таси катта ёшда, биттаси эса болакай. Мусиқачиларнинг олдида 4 оёқли курси – столча  бўлиб, устига чарм қопланган 2 та ноғорача қўйилган. Ўртада турган мусиқачининг қўлида ноғора чалиш учун 2 та таёқча мавжуд. Ўнг томонда турган шеригининг қўлида доира, чап томондагисининг қўлида торли чолғу асбоби (балки дутор). Боланинг қўллари белидаги белбоғини ушлаган ҳолатда тасвирланган бўлиб, миллий рақслардан бири «елка қистир» ёки «елка синдир» рақсини ижро этмоқда.

Бухоролик қирғиз (12-расм)
Тангалар (11-расм)
Бухоролик савдогар (10-расм)

Китобда Бухоро атрофидаги жойларни ҳам тасвирлаган (16-расм). Сурат Арк қалъасининг схемаси ичида тасвирланган. Девор пастида бир қанча тиланчилар ўтирибди. Деворнинг пастки қисмига ёғочлар тиркаб қўйилган. Орқа фонда 2 та пиёда ва 1 та отлиқ тасвирланган. Муаллиф бундай тиланчиларнинг олдида ўткинчилар пул ташлаши учун мўлжалланган идишчалар мавжудлигини ёзиб,8  уларнинг аксарияти тирик инсон қиёфасига зўрға ўхшашлигини надомат билан таъкидлайди.

Бухородаги уй-жойлардан ва бинолардан яна бири террасали айвон (17-расм) саналади. Бу Бухородаги эски рус сиёсий агентлиги биносининг террасали айвони. Маълумотларга қараганда, ушбу иншоот Барот бекнинг боғида жойлашган. Ёнида Боқи Нақиб мадрасаси ва Эшони Имло қабристони жойлашган. Бу бинони француз астрономи, профессор Аймар Эжен де Плювинель де ла Баум 1887 йилда, Александр Карлович Энгель 1888 йилда кадрга муҳрлашган. Суратга эътибор қаратадиган бўлсак, унда фақатгина тўғри тўртбурчак шаклидаги устунлар ва уларнинг устидан горизонтал бир чизиқдаги блокларни кўриш мумкин холос. Оёқ ости қисмига обиғишт терилган. Террасанинг охирида пастга тушадиган зинапоя бўлиб, суратда бу ҳам ўз аксини топган.

Бухоролик қирғиз. (12-расм)

Бухоро панорамаси (18-расм) Бухоронинг кенг қамровли тасвирларидан бири. Сурат ўзидан олдингисининг мантиқий давоми, яъни Сиёсий агентлиги биносидан туриб чизилган, муалиф суратини тавсифлаётган вақтда шундай деб ёзади.9 Агентлик биносининг орқа фонида 2 та иншоот тасвирланган, улардан бири Боқи Нақиб ва Чу-чук ойим мадрасаларидир.10 Ҳовлининг ўртасида битта чопон кийган ва бошига салла ўраган кимса, ёнида эгарланган эшак турибди. Орқада зинапоя, унинг тепасида ёғоч устунчалар мавжуд. Зинадан ўнг томонда очиқ турган эшик ва деразалар, унинг ёнида эса кенг ва усти ёпиқ йўлак мавжуд. Муаллиф сиёсий агентлик биноси ҳақида маълумот берар экан, унинг сўзларига қараганда, бино икки қаватдан иборат бўлган ва рассомни иккинчи қават хоналаридан бирига жойлаштиришган. Ҳовлининг бир томони гуллаётган атиргулли боғга бориб уланади, боғда анор ва узумлар, турли ҳайвонлар ва қушлар бўлган. Рассом ўзининг айвонидан шаҳарнинг кечки кўринишини эртакка ўхшашлигини таъкидлайди. Тўлиқ сокинлик ва ҳеч қандай ёруғлик мавжуд эмас. Баъзида узоқдан қўриқчиларнинг ноғораси садолари эшитилади.

Бухородаги қабристон (19-расм). Муаллиф йўл бўйи саҳроларда ҳам қабр ва қабристонлар борлигини таъкидлар экан, улардаги ўзига хосликларни ҳам санаб ўтади, масалан, қабрлар устидаги туғлар, улардаги матолар, мурдани тобутда олиб келиш ва бошқалар. Этнографик жиҳатдан оладиган бўлсак, бу ўз ўрнида маҳаллий аҳолининг диний маросимларига қатъий амал қилишини кўрсатади. Суратда тасвирланган қабристон ҳам шаҳардан ташқарида жойлашган. Бу ерда бир неча ярим айлана – гумбазсимон мақбаралар ва сочилиб ётган катта-кичик тошлар тасвири мавжуд. Қабристоннинг жойлашган ўрни тепалик устида бўлиб, аксарият қабрлар ярим вайрона аҳволга келиб қолган.

Бухороликпичоқ чарҳловчи
(14-расм)
Бухоро мусиқачилари (15-расм)
Бухоро атрофидаги жойлар
(16-расм)

Мирза (20-расм). Китобда портрети келтирилган навбатдаги шахслардан бири 60 ёшлардаги эркак. Бу мирза кимлиги ҳақида маълумот йўқ, лекин рассом Шербудин саройини томоша қилиш учун бораётганда отлиқ мирза номини тилга олади. (рассом Шербудин саройини тўлиқ таърифласа ҳам, лекин унинг чизмаси мавжуд эмас)11 Китобда келтирилган портретларнинг аксариятида давлат лавозимидаги шахслар, ҳунармандлар ва оддий одамлар тасвирланган бўлиб, ижтимоий келиб чиқиши жиҳатдан аҳолининг фарқланиш даражасини кўрсатишга ҳаракат қилинган, зеро мансабдорлар басавлат кўринишда, қимматбаҳо матолардан тайёрланган кийимларда тасвирланган бўлса, оддий аҳоли ва ҳунармандларнинг тасвирида ажин босган юзлар, ҳорғин нигоҳлар, меҳнат билан банд бўлган ҳолатлар устунлик қилади.

Бухоро амири Мир Саййид Абдулаҳад Баҳодирхон (21-расм). Дмитриев-Кавказский айнан унинг ҳукмронлиги даврида Бухорога ташриф буюради. Китобда келтирилган сурат чизилгандан кўра, фотоплёнкага муҳрланганга ўхшайди (Амирни 1880 йилларда Н.Ордэ, 1890 йилларда А. Ренц и Ф. Шрадер, 1893 йилда В.Ясвоинлар суратга олишган)12 Суратда манғитлар сулоласининг сўнгги ҳукмдорларидан бири тасвирланган. Бошига салла ўраган (бошқа суратлар билан солиштирилганда зардўзи), Юзлари тиниқ, кўзлари катта-катта, бурни узунчоқ ва катта. Эгнида четлари қалин жияк билан ҳошияланган тўн, чап елкасидан ўнг томон бел қисмига қараб кўксидан орден лентаси ўтказилган (Императорский ва Царский Орден Святого Станислава – бу орден билан ҳукмдор 1883 йилда тақдирланган). Чопоннинг ўнг қисмида 2 та, чап қисмида 3 та саккиз қиррали юлдузни эслатувчи орденлар тасвири берилган.

Бухоро панорамаси (18-расм)
Бухородаги қабристон (19-расм)

Бухоро аёллари (22 -расм). Китобда мавжуд суратлар ичида нозик хилқат вакилалари тасвирланган ноёб лавҳалардан бири. Сурат учун фон сифатида бодбезак (елпиғич) танланган. Дастаси кунгурадор, қолган қисми баргсимон кўринишда, шу баргнинг ичида 5 та аёл тасвирланган. Аёлларнинг ҳар бирида бош кийим – рўмол мавжуд. Аёллар ёзлик миллий матолардан тикилган устки халат, остидан кўйлак кийишган. Айримлари бўйин туморлари, маржонлар, тақинчоқлари билан безанишган.

Мирза (20-расм)
Бухоро амири Мир Саййид Абдулаҳад Баҳодирхон
(21-расм)

Бухоро яҳудий мўйнадўзлари (23-расм). Муаллиф томонидан китобда турли хил ҳунар эгалари ва уларнинг касбкори ҳақида маълумот берилганлигини юқорида таъкидладик. Шундай ҳунар турларидан бири мўйнадўзлик бўлиб, рассомнинг эътиборини ўзига жалб қилган. Сурат остига имзосини қўяр экан, муаллиф уни «бухороликлар» деб номлайди (ташқи кўриниши жиҳатдан улар яҳудий миллатига мансуб). Алоҳида ўзига хос жиҳати шундаки, узун ёғоч бўлаги устига қўй териси ёйилган бўлиб, бошига дўппи кийган кимса унга икки қўллаб ишлов бермоқда, унинг ортида бошқа қўй терисини ушлаб турган кимса тасвирланган.

Мир Араб мадрасаси минораси (24-расм) Рассом томонидан Бухоро кўчаларининг биридан туриб чизилган навбатдаги сурат остига худди шу номдаги ёзув қолдирилган. Аслида, Минораи Калон тасвирланган бу сурат эҳтимолки миноранинг жануб томонидан туриб чизилган бўлиши мумкин. Минорага олиб борадиган йўлак тор, ўнг томондан соя тушиб турган бир қаватли уйлар, йўлакнинг нариги тарафида айрим жойларида пахсадан қилинган икки қаватли бинолар тасвири мавжуд. Орқа фонда минора тасвирланган, унинг юқорисидаги равоқчалар, ундан тепадаги миноранинг уч қисми ва ундаги лайлак уяси (лайлаги ҳам бор) тасвирланган. Рассом миноранинг безакларини майда деталлар билан ифодалашга ҳаракат қилганлиги яққол намоён бўлади.

Бухоро яҳудий мўйнадўзлари.
(23-расм)
Бухоро аёллари (22-расм)

Бухоро амири саройига кириш (25-расм). Бухорога бағишланган суратларнинг энг сўнггиси асосий қароргоҳ – Арк қўрғони ҳамда Регистон тасвири ҳисобланади. Маълумки, ўтган асрнинг 20-30 йилларигача бўлган вақт оралиғида Бухоро Аркининг атрофида Регистон майдонида 10 га яқин жамоат бинолари бўлган. Бу суратда тасвирланганлари Арк қўрғони, Дор аш-Шифо мадрасаси, Регистон майдонидаги бозор ва Пояндабий масжидининг шимолий ён томон деворлари. Суратнинг олд қисмида катта бозор тасвирланган, унда бир неча ўнлаб кишилар мавжуд, шунингдек сотувчилар усти ёпиқ дўкон расталарида ҳам бор. Аркнинг олдида, дарвозадан ўнг томонда мадраса биноси (бир қаватли), унинг гумбазлари, гулдаста минораси ва бошқалар кўзга ташланади. Чап томонида масжид биносининг озгина қисми тасвирланган маълумотларга қараганда, Арк томондан ҳам кичкина эшиги бўлган).13 Асосий эътиборни ўзига тортадиган бу сарой Аркдир. Дарвозагача кўтарма йўлак – тахта-пул орқали чиқилган. Унинг дарвозаси очиқ ҳолатда тасвирланган, юқори қисми меҳробсимон кўринишда. Юқорисида айвон (айвонга соат илинган14), пастида ганч панжарали махсус хоналар ҳам мавжуд. Икки ён томонидан гулдаста миноралар айвондан баланд қилиб қурилган. Саройнинг бошқа бинолари унчалик сезиларли даражада тасвирланмаган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, Ўрта Осиёга саёҳат қилган, рассом Дмитриев-Кавказскийнинг ижод намунаси «По Средней Азии» китоби ундаги офорт суратлар (иллюстрациялар) тарихнинг маълум саҳифаларини ўрганишга хизмат қилади. Айниқса XIX аср охиридаги ижтимоий ҳаёт яққол кўрсатиб берилган бўлиб, ҳунармандчиликнинг турли шакллари, Бухорода яшаган турфа миллат вакиллари ва зодагонларнинг ташқи кўринишлари таърифлаб берилган. Шунингдек бугунги кунда сақланиб қолмаган тарихий-меъморий обидалар ҳақида тасаввур уйғотиб, айримларининг суратларини ҳам чизиб беради. Асарнинг қимматини ошириш мақсадида таржима қилиш ёки суратларини алоҳида коллекция сифатида нашр этиш мумкин. Бугунги кун тадқиқотчилари китобдан ўлка тарихини ўрганишда бемалол фойдаланиши ҳам мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Дмитриев-Кавказский Л.Е. По Средней Азии./ Записки художника с 199 рис. автора. – СПб.: А.Ф. Девриен, [1894].

2. КП (Главная инвентарная книга) Бухарского музея-заповедника.

3. Прищепова В. А. Иллюстративные коллекции по народам Центральной Азии второй половины XIX — начала XX века в собраниях Кунсткамеры. Санкт-Петербург, Наука, 2011.

4. Тўраев Ҳ. Маҳаллий ўлкашуносларнинг илмий меросида тарихий топография ва меъморий обидалар тарихи. – Бухоро:  Бухоро, 2019, Б-21.

5. Джураев Ш. Шербудин – дворец народных гуляний. Tadqiqot.uz

6. Андреев М.С., Чехович О. Д. Арк Бухары.  Душанба. : Дониш, 1972. .

1 Прищепова В. А. Иллюстративные коллекции по народам Центральной Азии второй половины XIX – начала XX века в собраниях Кунсткамеры. Санкт-Петербург «Наука» 2011. – С.82

2  КП музея-заповедника №6, инв. № 10370/11

3 Дмитриев-Кавказский Л.Е. По Средней Азии. – с.26.

4  Дмитриев-Кавказский Л.Е. По Средней Азии. – с.25

5  Прищепова В. А. Иллюстративные коллекции по народам Центральной Азии второй половины XIX – начала XX века в собраниях Кунсткамеры. Санкт-Петербург «Наука» 2011. – с. 306 .

6  Д.-Кавказский Л.Е. По Средней Азии. – с.30.

7  Д.-Кавказский Л.Е. По Средней Азии. – с.33.

8  Д-Кавказский Л.Е. По Средней Азии. – с.91

 9  Ўша жойда.

10  https://rusrav.uz/ сайтидан олинди.

11 Джураев Ш. Шербудин – дворец народных гуляний. Tadqiqot.uz

12  Прищепова В. А. Иллюстративные коллекции по народам Центральной Азии второй половины XIX – начала XX века в собраниях Кунсткамеры. Санкт-Петербург, «Наука», 2011. – с.306.

13 Тўраев Ҳ. Маҳаллий ўлкашуносларнинг илмий меросида тарихий топография ва меъморий обидалар тарихи. – Бухоро: «Бухоро», 2019, Б-21.

 14  Андреев М.С., Чехович О. Д. Арк Бухары. Душанба. : Дониш, 1972.

INFOLIB, №1, 2021