Гулҳаё Исоқулова,
Қарши давлат университети
Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси

The article analyzes the role of the library as the basis of a person’s spiritual wealth. In particular, on the basis of archival sources and scientific literature, it is told about the libraries that operated in Movarounnahr and Khorasan during the reign of Amir Temur and the Temurids, information is given about the book storage system for that period, the rules for using the book fund ..As the author emphasizes, Amir Temur founded a library with a large fund in Shakhrisabz, then in the palace in Samarkand. For replenishment, people were sent all over Movarounnahr in order to buy out the best works of authors from booksellers, owners of private libraries. Books in the original language were considered to be of particular value – more than ten languages ​​brought from Iran, Turkey, India, Iraq, Armenia, from the cities of the ancient culture of Istanbul, Bruss, Isfahan, Hamadan, Sheroz, Baghdad, Basra …

В статье на основе архивных источников и научной литературы рассказывается о библиотеках, действовавших в Мовароуннахре и Хорасане в годы правления Амир Темура и Темуридов, дается информация о системе хранения книг на тот период, правилах пользования книжным фондом… Амир Темур основал библиотеку с большим фондом в Шахрисабзе, затем и во дворце в Самарканде. Для пополнения по всему Мовароуннахру отправлялись люди в целях выкупа лучших произведений авторов у книготорговцев, владельцев частных библиотек. Особой ценностью считались книги на языке оригинала – более десяти языках, привезенные из Ирана, Турции, Индии,Ирака, Армении, из городов древней культуры Стамбула, Брусса, Исфахана, Хамадана, Шероза, Багдада, Басры…

Ключевые слова:  Азизия мадраса кутубхонаси,  Бойсунқур Мирзо, Мирзо Улуғбек даври

Китоб ва кутубхоналар қадим даврлардан инсоннинг маънавий бойлиги сифатида ақл-заковати ва тафаккури ўсишига, диний ва дунёвий қарашлари чарҳланиб боришига, табиат ва жамият ҳақидаги тасаввурлари кенгайишига хизмат қилиб келган.

Дарҳақиқат, ўз даврининг илмли, маърифатли кишилари кутубхона қуриб, китоблар билан бойитишга интилган. Айнан шу туфайли ҳам асрлар давомида буюк аждодларимиз томонидан яратилган қадимги ноёб қўлёзмалар, нодир китоблар, тарихий шахслар ҳақидаги қимматли манбалар бизгача етиб келган.

Инсониятнинг илк цивилизацияси ҳисобланган давлатларда, жумладан, қадимги Оссурия, Бобилдаги бой кутубхоналар (бизгача Ашшурбанипал саройида сақланган тахтачалардаги қўлёзма битиклар) сақланиб қолгани бугунги кунда узоқ Месопотамия тарихи ва маданиятини ўрганиш имконини очиб бермоқда. Шу каби кутубхоналар Қадимги Мисрда фиръавнлар саройида, Қадимги Хитой, Юнонистон ва Римда ҳукмдорлар ва императорлар саройида қаттиқ муҳофаза қилингани маълум. Ўрта асрларнинг қудратли давлатларидан Византияда ҳам кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилгани бизгача манбалар орқали етиб келган. Византия империясидаги нодир китоб хазиналари Мовароуннаҳр ва Ҳуросоннинг Урганч, Шахрисабз, Самарқанд, Бухоро ва Ҳирот каби шаҳарларида бўлганлиги ўрта аср сайёҳлари асарларида қайд этиб ўтилган.

Мўғуллар истилоси арафасида Марвда ўнта йирик кутубхона бўлиб, биргина Азизия мадраса кутубхонасида 12 минг жилдга яқин китоблар сақланган. ХI аср бошларида Маҳмуд Ғазнавий Ғазнада мадраса қурдиради. Барча хоналарда китоб сақлаш учун махсус жойлар бўлиб, қўлёзма асарлар чиройли қилиб тартиб билан териб қўйилганлигини манбалардан кузатиш мумкин.

ХIII асрда Мовароуннаҳр мўғуллар томонидан истило этилиши оқибатида фан ва маданият вайрон қилиниб, кутубхоналар таланилади. Кейинчалик Мовароуннаҳр ва Шарқий Туркистонда ташкил топган Чиғатой улусида тикланиш даври вужудга келади. Маҳаллий ҳукмдорлар сулолавий кутубхоналар очиб, китоб хазинасини тўплашга катта эътибор қаратади. Бу жараёнга, айниқса, Амир Темур ва Темурийлар даврида алоҳида аҳамият берилган.

Буюк саркарда, доно сиёсати ва давлат арбоби, илм-маърифат, маданият, адабиёт ва санъат ҳомийси Амир Темур нафақат Марказий Осиё, дунё тарихида энг ёрқин тарихий шахсдир. Соҳибқироннинг барпо этган буюк ва қудратли давлати, бошқарув тартиблари, маҳобатли меъморий обидалари Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан ўша даврларда катта қизиқиш билан ўрганилган ва бугунгача ўрганилиб келинмоқда. Амир Темур аввал Шаҳрисабзда, сўнг мамлакат пойтахти Самарқандда сарой кутубхонасини ташкил қилади. Темурнинг сарой кутубхонаси учун бутун Мовароуннаҳр бўйлаб китобфурушлардан ва шахсий кутубхона эгаларидан машҳур муаллифларнинг бежирим безатилган китоблари ёки нусҳалари сотиб олинган. Кутубхонада қўлёзма кўчириш, китобларни безаш ишлари китоб санъатининг моҳир усталари томонидан олиб борилган. Самарқандда араб, форс, турк, юнон, арман тилидаги кўплаб бе-баҳо қўлёзмалар Эрон, Туркия, Ҳиндистон, Ироқ, Арманистон давлатларидан, Истамбул, Брусс, Исфаҳон, Ҳамадон, Шероз, Бағдод, Басра, Дамашқ каби қадимий маданият ўчоғи бўлган шаҳарлардан олиб келинган. Олим-ларнинг тахминича, Самарқандга айнан Басрадан куфий хати билан кўчирилган Қуръо-ни Каримнинг нусхаси келтирилган.

Амир Темур кутубхонасидан фақат сарой вакилларигина эмас, муайян гуруҳдаги китобхонлар ҳам фойдаланган. Китоблар фан соҳалари бўйича рўйхатга олиниб, сандиқларда сақланган. Бу тартиб китобларни ҳисобга олиш учун эмас, фойдаланиш осон бўлиши учун ҳам ўрнатилган. Амир Темурдан кейин кутубхона унинг набираси Улуғбек Мирзо (1394–1449)га мерос бўлиб қолган.

Амир Темур ҳаётининг кўп қисмини харбий юришларда ўтказади, баъзиларида набираси Мирзо Улуғбек ҳам қатнашади. Сафар вақтида ҳар нарсани билиб олишга қизиқувчи ёш Улуғбек бобосининг ўзига хос кўчма «кутубхонаси»дан фойдаланган. Бу жонли кутубхонада тарихчилар, шоирлар, олимлар суҳбатлар қуришган.

Мирзо Улуғбекнинг отаси Шоҳруҳ Ҳирот ҳукмдори бўлган. Отаси ҳузурига келганда, бу ердаги кутубхона билан танишади ва китобга бўлган қизиқиши янада ортади. Мирзо Улуғбек даврида ҳам Ўрта Осиёда кутубхоначилик иши анча ривож топади. Улуғбек топшириғи билан 1428–1429 йилларда Самарқанддаги обсерватория қошида ташкил этилган кутубхона энг бой китоб фондига эга бўлган.

Олимлар таҳмин қилишича, Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида тўплаган китоблар хазинаси Пергам қўлёзмаларидан бошланган (Амир Темур Пергам шаҳрини босиб олганда, қўлёзмалар ҳам карвон билан Самарқандга олиб келинган). Кутубхона бетиним бойиб борган.

Мирзо Улуғбек ўз даврининг жуда билимли, маърифатли хукмдори бўлиб, давлат бошқарувидан бўш вақтини кутубхонада турли фанларга оид китобларни мутолаа қилиш билан ўтказган. Кутубхонада машҳур юнон олимлари Платон, Гиппократ, Птолемей, Аристотель асарлари яхши сақланган. Бундан ташқари, ватандошларимиздан буюк олим Муҳаммад ибн Мусо Хоразмийнинг алгебрага доир машҳур рисоласи, Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» ва «Астрономия калити» асарлари, Ал-Баттоийнинг астрономик жадваллари, Абу Али ибн Синонинг «Тиб қонунлари» каби асарлари тўпланган.

Улуғбек ўқиб чиққан китобларидан ўз асарлари учун манба сифатида фойдаланган. Турли давр олимлари асарлари сақлангани унинг кутубхонаси бойлиги ҳақида маълум бир тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Кутубхонада филологик ишлар ҳам олиб борилган. Бу ерда Фирдавсийнинг машҳур «Шоҳнома» достонининг мукаммал матни тузилган бўлиб, кўлёзма йигирмага яқин катта ажиб миниатюралар билан безатилган. Кутубхона устахонасида яна бир дурдона масалалар мажмуаси – «Калила ва Димна» ҳам кўчирилган.

Кутубхона фондида нодир қўлёзма асарлар жуда кўп сақланган. Кутубхона тарихини ўрганган олимларнинг фикри ҳам, ривоятлар ҳам турлича, аммо қўлёзмалар мавжудлиги, уларни қидириш керак деган якдил фикр ҳам бордир.

Темурийлардан Шоҳрух Мирзо, Бойсунқур Мирзо ва Ҳусайн Бойқаронинг кутубхонаси ҳам адабий-бадиий, илмий китобларнинг хилма-хиллиги ва сони жиҳатидан Амир Темурнинг Самарқанддаги кутубхонасидан қолишмаган. Акаси Улуғбек сингари Бойсунқур ҳам илми ва фазилатлари билан танилган. 

Бойсунқур Мирзо Ҳиротда улкан кутубхона таъсис этади. Кутубхонада қирқ нафар етук ҳунарманд хушнавис хаттот Мавлоно Жаъфар Табризий раислигида китобат билан машғул бўлиб, варроқлик, саҳҳоҳлик, тасвир, тазхиб, тажлид, вассоллик каби бадиий санъат билан банд бўлган. Мавлоно Жаъфар Табризий Бойсунқур Мирзо кутубхонасининг раиси настаълик хатининг ижрочиси Мир Алининг шогирди бўлган.

Мирзо Бойсунқур Мирзо томонидан ташкил этилган кутубхона нигорхонасида ўз даврининг машҳур наққошлари, хаттотлари, мусаввирлари ишлаган. Жумладан, Мавлоно Шамс Бойсунғурий хаттотликда Бойсунқур Мирзонинг устози, олти нав ёзувини мукаммал билган етук хаттот сифатида танилган. Мусаввир Ҳалил Ҳаравий ҳам ушбу кутубхонада фаолият олиб борган, унинг Амир Темур сурати бизгача етиб келган.

Ҳозирги кунда Бойсунқур Мирзо кутубхонаси китобларининг аксарияти Истамбул ва Теҳрон музейларида сақланмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтмоқ ўринлики, кутубхоналар нафақат нодир қўлёзмалар сақланадиган жой, балки илм-фан, маънавият ва тадқиқотлар ўчоғи сифатида ҳам аҳамияти бениҳоя катта. Аждодларимиз бундай масканларни масжидлар, мадрасалар ва саройларда жойлаштирганликлари ҳам бежиз бўлмаса керак.

INFOLIB, №1, 2021