Машариб Абдуллаев,
санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори
(PhD),Хоразм Маъмунакадемияси лойиҳа раҳбари

DOI: 10.47267/2181-8207/2021/1-049

The Khorezm sakhkhaflik (master of book covers) is one of the unique types of art, a special rise in the days of the Khiva Khanate. In Khorezm, colorful covers were made for manuscripts from various animal skins with floral and geometric patterns. Hundreds of handwritten works, «dressed» in those distant times in leather, are now kept in various museums and libraries around the world.

Хорезмский саххаф (мастер книжных обложек) – один из уникальных видов искусства, особый расцвет получил во времена Хивинского ханства. В Хорезме для рукописей делали красочные обложки из различных шкур животных с растительным и геометрическим орнаментом. Сотни рукописных произведений, «одетые» еще в те далекие времена в кожу, сегодня хранятся в различных музеях и библиотеках по всему миру.

Keywords: Khiva khanate, applied arts, manuscripts, library, art tannery, sahhoflik, cover ornaments, patterns.

Хоразм амалий санъатининг илмий тадқиқ этилиши ҳақида очиллмаган жиҳатлари ҳақида сўз юритилиши  ҳам назарий, ҳам амалий аҳамиятга эгадир.

Таъкидлаш жоизки, Хоразм амалий санъатининг асосий йўналишлари, бадиий услуби, нақш тизими XVI асрдан то XX аср бошларигача шаклланиб борган. Шу билан бирга, тадқиқотлар давом эттирилиши бадиий услуб, нақш тизими бадиий ҳунармандчиликнинг ҳозирги пайтда йўқолиб кетган турларининг бадиий технологик услубларини, маҳаллий хусусиятларини тиклашда ва бойитишга методологик ва фактологик жиҳатдан имкон беради. Бу даврларда бадиий ҳунармандчиликнинг маҳаллий анъаналари ва марказлари шаклланган. Санъат сарой ва халқ амалий санъати йўналишларида ривожланган.1

Бадиий кўнчилик, яъни терига ишлов бериш Хоразмда санъат даражасига кўтарилган. Хива хонлигида бадиий кўнчиликнинг этикдўзлик, пўстиндўзлик, чўгирмадўзлик, саҳҳофлик ва от анжомлари тайёрлайдиган соҳалари ривожланган. Тадқиқотчи С. Тўраеванинг диссертациясида «Таърифи Хоразм» қўлёзмасидан қуйидаги маълумот келтирилган: «Хоразм мамлакатида 60 ерда бозор бор. … 20 минг музадўз (этикдўз), 6 минг кавушдўз дўкони, 1500 саррож (эгар-жабдуқ ясовчи) дўкони, 5 минг чармгар дўкони бор эрди».2 Бу даврда Хоразмда терига ишлов бериш соҳалари юксак равнақ топган.

Демакки, «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонасида сақланаётган буюмлар ҳам буни тасдиқлайди. Хоразмликлар Паҳлавон Маҳмудни кўнчиликнинг пири ҳисоблашади. Бу улуғ авлиё кўнчиликнинг пўстиндўзлик тури билан шуғулланган.

Абулғози «Шажараи турк» асарида «зарбоф тошли, олтин тугмали қиш пўстини» дея, маълумот бергани ўша даврда бадиий кўнчиликнинг ривожланганидан далолат беради.3 Хива давлат ҳужжатларида сакиоби (қундуз териси), чакмон, эгар тузук асбоб (чармдан от анжоми), терлик (отнинг тўқими тагига солинадиган чарм), занги боғи, айл, қонжирға (тасма), жул ва робиа каби чармдан тайёрланган буюмлар келтирилади.4

Хива шаҳрида XIX аср бошида 18 нафар кўнчисаҳҳоф бўлгани ҳақида қайд этилган.5 XX аср бошида Хоразмда 300 дан ортиқ кўнчилик дўкони фаолият юритган. Хива, Ҳазорасп, Хонқа ва Янги Урганч шаҳарлари Хоразмнинг йирик кўнчилик марказлари ҳисобланган. Ҳозирги вақтда чўгирмадўзлик касби билан Хивада Абдиримбой устанинг авлодлари шуғулланади.6

Бадиий кўнчиликнинг яна бир муҳим соҳаси саҳҳофликдир. Қўлёзма асарлар дастлабки пайтларда чармга, кейинчалик махсус тайёрланган қалин қоғозларга ёзилган. Қоғозда ифода топган қўлёзмалар сифатли, узоқ сақланиши учун қалин чармдан ишланган муқова ичига жойлаштирилган. Қўлёзма ва тошбосма асарлар анча оғир бўлган. Китоб узоқ муддат сифатли сақланиши учун муқоваси қалин теридан ишланган, устига безак нақшлар туширилган. Нақшлар босма, чизма усулда, бошқа рангдаги терини тикиш ёки ёпиштириш орқали амалга оширилган. Саҳҳофликда ҳам бошқа соҳаларда бўлгани каби, «мадоҳил», «турунж», «айланма ислимий» нақшлари; гириҳлардан «учбурчак», «ромб», олти ва саккиз қиррали юлдузлар ишлатилган. Китобларни сақлаш учун чармдан ғилофлар тайёрланиб, муқова каби безатилган. Хива хонлигида муқовалар қизил, тўқ қизил, қора ранг қўй териси, малла ва оч маллага бўялган эчки териси, қора рангдаги от терисидан ва кийик терисидан ишланган.

Ислом даври муқоваларининг ўзига хос жиҳати чап жилди қопқоқ бўлиб беркилишидадир. Қопқоқ китоб қалинлиги билан мос келувчи тўғри тўртбурчакли, муқованинг ўнг жилди устига ўтган бешбурчакли нақшли қисмдан ташкил топган. Муқованинг икки жилди атрофига чизиқли ҳошиялар чизилган. Анча мураккаб бу ҳошиялар босма нақшли чизиқлардан иборат. Баъзан муқова сирти икки-уч марта босма нақшли чизиқлар билан айлантириб чиқилган. Саҳҳофнинг муқовага безак беришдаги маҳорати жилднинг керакли жойларига жимжима нуқталар, босма нақшли безаклар беришда намоён бўлган.

XVIII–XIX асрларда Ўрта Осиёда, жумладан, Хоразмда тайёрланган муқоваларнинг шакл безакларида «лола» тасвири, нақш орасида уста номи, қўлёзма кўчирилган сана битилган. Ўртада ўсимликсимон нақшларни ҳосил қилган «турунж» ҳам туширилган. Муҳр икки хил бўлган: исмли ва нақшли.7

Хивада қўлёзмалар «илон», «қумъон», «қуш», «балиқ», тасвирлаб безатилган. Наққошликда ҳам айни тасвирлар қўлланган.8 Феруз даврида маданий ҳаёт жонланиб, кўплаб китоблар кўчирилиши натижасида муқовасозлик ривожланган. Китоб нашри учун махсус устахона фаолият юритган. Қоғоз, бўёқ тайёрланган, музаҳҳиблар зарҳал ҳошия ишлаган, хаттотлар нусха кўчирган, саҳҳофлар китобни чарм муқовага солиб, тайёр ҳолатга келтиришган. Устахонада ўнлаб моҳир ҳунармандлар ва хаттотлар ишлаган. «Хива қўлёзмаларининг бошқа жойларда тайёрланган қўлёзмалардан фарқли томони ташқи кўринишида. Китоблар салобатли нақш босилган қора чарм муқовалари билан ажралиб туради. Ўша даврда Ўрта Шарқда уларнинг монанди йўқ эди».9

1873 йилда Россия империяси Хивани босиб олганидан кейин олиб кетилган китоблар Хива сарой кутубхонаси нақадар бой бўлганини кўрсатади. 1908 йилда Хивага келган рус олими А.Самойлович Хон Ферузнинг Кўҳна Аркдаги кутубхонасида 550 қўлёзма сақланишини қайд қилган. Ўша даврда Хивада 54 та мадраса фаолият юритгани, ҳар бир мадрасада кутубхона, бозорларда махсус китоб расталари очилгани, Хоразмда XIX аср охири – XX аср бошида китобот санъати, жумладан, саҳҳофлик равнақ топганлигидан далолат беради.

Б.В.Лунин томонидан келтирилган рақамларга кўра, 1865–1917 йилларда Россия хазиналарига Ўрта Осиёдан 3000 дан ортиқ шарқ қўлёзмаси келиб тушган.10 1874 йилда генерал-губернатор К.П.Кауфман Хивадан олиб кетилган 329 та нодир ёдгорликни Эрмитажга тақдим этган.11

Хоразмда яратилган юзлаб китоблар дунёнинг турли музей, кутубхона ва институтларида сақланмоқда. Россиянинг Шарқшунослик ва Қўлёзмалар институтлари, ЎзРФА Шарқшунослик институти, ЎзРФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт музейи фондлари бу борада етакчилик қилади.

Тадқиқотда «Ичан қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ва Хоразм Маъмун академияси фондларидаги китоблар муқоваларининг хусусиятлари санъатшунослик нуқтаи назаридан ўрганилган. Саҳҳофлик ишлари асосан XIX аср охири – XX аср бошига оид бўлиб, Феруз саройи вакилларининг асарлари, таржималарида ифода топган. Хоразмда Авазмуҳаммад, Муҳаммад Раҳим12, Раҳмонберган Муҳаммад Раҳим, Мулла Қаландар Хўжаниёз, Бобожон маҳдум саҳҳофлар шуҳрат қо-зонган.13

Россия империяси даврида ўлкага капиталистик муносабатлар кириб келиши қўлда муқова ишлаш камайиб, фабрикада тайёрланган муқовалар ишлатила бошланган. Лекин бутунлай қўлда муқова ишлаш камайган бўлсада, тўхтаб қолмаган. Саҳҳофлик XX аср биринчи чорагида ҳам бўлган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Хива хонлиги даврида кутубхона ва китобот соҳаси тараққий этган. Тери муқовалар қўлёзмаларни сақланишида муҳим аҳамият эга бўлиши баробарида, бадиий безаклари билан эстетик жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этган.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Абулғoзи Баҳодирхон. Шажараи турк. – Тошкент: Чўлпoн, 1992. – 160 б.

2. Аллаева Н.А. Хива хонлиги ва Эрон ўртасидаги ўзаро алоқалар (XVI–XVIII аср-лар): тар. фан. ном .дисс. – Т.: ЎзРФА Тарих инс., 2007. 138 б.

3. Бобожонов Д., Абдуллаев М. Хоразм амалий санъати усталари. – Хива: Хоразм Маъмун академияси, 2010. – 100 б.

4. XIX аср Xива давлат ҳужжатлари (М.Й. Йўлдoшев таҳрири остида). – II т. – Тошкент, 1960.

5. Матяқубова М.М. XIX аср охири – XX аср бошларида Хива хонлигида китобот тарихи: Тар. ф. ном. дис. – Т., ЎзР ОЎМТВ  ЎзМУ, 2008. – 184 б.

6. Исмоилова Э.М. Искусство Средне-азиатской художественной книги XVIII–-XIX веков. – Ташкент, 1979. – С.60.

7. Ичан қалъа. Каталог (Илмий муҳаррир  А. Ҳакимов). – Тошкент, 2006.

8. Мустабид тузумнинг Ўзбекистон миллий бойликларини талаш сиёсати. Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари (1865–1990 йиллар). – Тошкент: «Шарқ», 2000.

9. Тўраева С. XVIII асрнинг иккинчи ярми – XIX асрнинг 70-йилларида Хива хонлиги ҳунармандчилиги тарихи.: Тарих фан. ном. … дисс. – Т.: ЎзФА Тарих инс., 2010. – 150 варақ.


1  Хакимов А. Искусство Узбекистана: история и современность. – Ташкент: San’at, 2010. – С.20.

 2  Тўраева С.Р. XVIII асрнинг иккинчи ярми – XIX асрнинг 70-йилларида Хива хонлиги ҳунармандчилиги тарихи: тар. фан. ном. дис. – Тошкент: ЎзР ФА Тарих инс., 2010. 28 варақ.

3  Абулғoзи Баҳодирхон. Шажараи турк. – Тошкент: Чўлпoн, 1992. – Б.148.

4   XIX аср Xива давлат ҳужжатлари (М.Й. Йўлдoшев таҳрири остида). – II т. – Тошкент, 1960.

5   ЎзМДА И –125 жамғарма, 2-рўйхат. 32 йиғма жилд; 79 йиғма жилд, 14 варақ.

6 Бобожонов Д., Абдуллаев М. Хоразм амалий санъат усталари. – Хива: Хоразм Маъмун академияси, 2010. – 100 б.

8  Аллаева Н.А. Хива хонлиги ва Эрон ўртасидаги ўзаро алоқалар (XVI–XVIII асрлар): тар. фан. ном .дисс. – Тошкент: ЎзР ФА Тарих инс., 2007. 126 варақ.

9  Исмоилова Э.М. Искусство Среднеазиатской художественной книги XVIII–XIX веков. – Ташкент, 1979. – С.60.; Матяқубова М.М. XIX аср охири – XX аср бошларида Хива хонлигида китобот тарихи. … – Б.65.

10 Мустабид тузумнинг Ўзбекистон миллий бойликларини талаш сиёсати. Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари (1865–1990 йиллар). – Тошкент:  Шарқ, 2000. – Б.336.

11 Мустабид тузумнинг Ўзбекистон миллий бойликларини талаш сиёсати. Тарих шоҳидлиги ва сабоқлари (1865–1990 йиллар). – Тошкент: «Шарқ», 2000. – Б. 347.

12 Xива – минг гумбаз шаҳри. – Тошкент: Шарқ, 1997.

13  Матяқубова М.М. XIX аср охири – XX аср бошларида Хива хонлигида китобот тарихи: Тар. фан. ном. дис. – Тошкент, 2008. – Б.67.

INFOLIB, №1, 2021