Гулчеҳра Абдулҳай,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти

DOI: 10.47267/2181-8207/2021/1-046

The article analyzes the activities of the Bolsheviks to strengthen Soviet power in the country by granting autonomy to Turkestan through the prism of national and Russian editions of 1918-1924. It is shown that the state border of Central Asia was important for the people of Turkestan, but this issue was excluded from the news of the press day.

В статье анализируется деятельность большевиков по укреплению советской влас-ти в стране путем предоставления автономии Туркестану через призму национальных и российских изданий 1918–1924 гг. Показано, что государственная граница Централь-ной Азии была важна для народа Туркестана, но этот вопрос был исключен из прессы.

Ключевые слова: bourgeoisie, Turkistan, autonomy, proletariat, press, Soviet government, bolshevist, reform, national-territorial border, country, democracy, national, congress.

Маълумки, ҳар қандай ижтимоий-cиёсий тузум ўша давр матбуоти орқали намоён бўлади. Ўрганиб, таҳлил қилиш орқали ўша тузумнинг ҳукмрон мафкураси ижтимоий-сиёсий ҳаётга қай тариқа таъсир этганлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, ноёб ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати фондида 1918–1924 йилларда Туркистонда нашр этилган ўттиздан ортиқ рус тилидаги «Известия» (Ташкент), «Наша газета», «Рабочий путь», «Коммунист», «Туркестанский коммунист», «Туркестанская правда» ва бошқа газеталар, 20 дан ортиқ «Фарғона» (Қўқон), «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Туркистон», «Меҳнаткашлар товуши», «Халқ газети» каби миллий нашрлар сақланади. Ушбу газеталарда чоп этилган мақолаларда большевикларнинг Туркистонга автоном мақомини бериш орқали ўлкада совет бошқарувини мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти акс этган. Бугунги кунда бу маълумотларни эҳтиросларга берилмай, қиёсий таҳлил этиш ва баҳолаш ғоятда муҳим.

1918 йилнинг 20 апрелида Туркистон ўлкаси Советларининг V съезди очилди. Съезд материаллари фақат русийзабон матбуотда, «Наша газета1, «Голос крестьянина»2 ва бошқа нашрларда ёритиб борилган. Съезднинг кун тартибида Туркистонга ҳақиқий совет режимидаги автоном мақомини бериш ва Туркистон Республикаси Конституциясини яратиш асосий масала этиб белгиланади. Йиғилишда ўлка Конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Туркистон МИК томонидан махсус комиссия ҳам ташкил этилди. Айтиш жоизки, съездга оз миқдорда маҳаллий аҳолининг киритилиши «халқ бу масалани қўллаб-қувватламоқда» деган тасаввурни уйғотиш учун керак эди.

22 апрелда съезд иштирокчилари совет ҳукумати бошлиғи В.И. Ленин ва Миллатлар ишлари халқ комиссари И.В. Сталиндан телеграмма олди. Аслида ушбу телеграмма ўлкадаги ҳукумат вакилларига аниқ вазифа, аниқроғи, дастур сифатида келган эди. 30 апрелда съезд «Туркистон Совет федератив республикаси тўғрисида Низом»ни (Положение о Туркестанской советской Федеративной республике) қабул қилди3. Низомга кўра, Туркистон ўлкасининг ҳудуди «Россия Совет Федерациясининг Туркистон Совет Республикаси» деб эълон қилинди. Низомда «Туркистон Республикаси автоном равишда бошқарилади, ўз хатти-ҳаракатларини Россия Совет Федерацияси марказий ҳукумати билан мувофиқлаштиради»4 деб белгилаб берилди. Съездда олий қонун чиқарувчи орган – Туркистон АССР Марказий Ижроия Қўмитаси тузилади.

ТАССРнинг Халқ комиссарлар кенгаши (ХКК) таркиби 1918 йил 30 апрелдаги низомга мувофиқ 14 кишидан иборат комиссарликлар тузилади. Комиссарликлар иш жараёнини ёритиб борувчи матбуот органлари ҳам ташкил этилган. Жумладан, Туркистон Компартияси МҚ ва Миллий ишлар халқ комиссарлигининг «Иштирокиюн» («Коммунист»), Туркистон АССР Маориф халқ комиссарлигининг «Народный университет», РКП (б) МК Туркбюроси ва Туркистон Компартияси МҚ органининг рус тилидаги «Коммунист», Почта ва телеграф комиссарлигининг ҳудудлардаги «Роста Фарғона», «Наманган», «Роста Қўқон», «Роста Тошкент» газеталари нашр этилди. Съезд йиғилишида Конституция лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Туркистон МИК томонидан тузилган комиссия июнь ойида биринчи марта иш бошлади5. Туркистон АССР тарихи тўғрисидаги адабиётларда бу комиссия ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Бироқ архив материалларида Туркистон АССР Конституция лойиҳасини тузиш комиссияси тўғрисида муҳим ҳужжат мавжуд. 1918 йил 10 июнда Туркистон МИҚ Туркистон Республикаси Миллий Адлия қўмитасига хат билан чиқиб, Туркистон АССР Конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш учун комиссия таркибига Адлия комиссари давлат ҳуқуқлари бўйича мутахассис-ҳуқуқшунос юборишни сўраган.6 Конституция лойиҳаси устида ишлаётган комиссия ўз иш фаолияти давомида катта қийинчиликларга тўқнашади. Тажриба йўқлиги комиссия аъзоларининг илмий жиҳатдан кучсизлигини намоён этиб, иш фаолиятига ҳам таъсир қилади. Шу сабаб, комиссия фаолияти вақтинча тўхталади.

1918 йил 5 октябрда навбатдан ташқари Туркистон АССР Советларининг VI фавқулодда съезди очилди. Айтиш жоизки, съезд материаллари билан бирга, ўлканинг бош қомуси биргина «Иштирокиюн»7 газетасида ўзбек тили (эски ўзбек алифбоси)да эълон қилинди. Матнда «Асли қонун», яъни «Асосий қонун» деб аталди. «Асосий Қонун»да Туркистон АССРнинг ҳуқуқий ҳолати, ҳокимият ва бошқарув органлари, сайлов тизими, бюджет ва молия ишлари акс эттирилган. Бундан ташқар, Конституция бобларида бошқарув усуллари, ўлканинг ҳудудий жиҳатдан белгиланиши кўрсатиб берилди.

Конституция қабул қилиниши тўғрисида ҳам мақолалар8 босилиб чиққанлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Жумладан, «Коммунист» газетасида чоп этилган Туркистон АССР Марказий Ижроия қўмитаси раиси И.Тоболиннинг мақоласида шундай дейилади: «Туркистон Республикаси Конститутсияси Бутунроссия Конституциянинг бир қисмини ифодалайди. Унда миллат тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган, аммо биласизки, Туркистон ҳукумати, конституцияси қабул қилинишидан олдин, 1918 йил 23 августда давлат тили тўғрисида фармон чиқди: «Бундан буён Туркистон Республикасида рус тили билан бир қаторда миллат тили ҳам давлат тили сифатида тан олинди». Туркистон Республикасининг асосий қонуни – Советлар қурултойи томонидан фақат битта давлат тили – рус тилида қабул қилинган ва ҳукумат томонидан жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш учун фақат рус тилида нашр этилган»9. Юқорида Конституцияни «Иштирокиюн» газетасида ўзбек тилида чоп этилганлиги ҳақида айтиб ўтилди. Демакки, айрим ҳукумат раҳбарларининг бундан хабари бўлмаган.

Туркистонда автономия эълон қилингач, деярли барча матбуот саҳифаларида коммунистик партия мафкураси илгари сурилган ҳамда бу воқеа ҳақида «Қўқон Мухториятига» қарамақарши ҳолда турли мазмундаги мақолалар10 кетма-кет босиб чиқарилади. Айрим мақолаларда11 «автономия» сўзи «Федератив» сўзи билан алмаштирилган.

Жумладан, 1918 йилнинг июнь ойида «Советский Туркестан» газетасида И. Сталиннинг маърузаси босилиб чиқилган. У автономияни икки гуруҳга бўлади. Биринчи гуруҳда миллатчиликка асосланган «миллий автономия» бўлса, иккинчи гуруҳга совет ҳокимияти ўзи таклиф қилган «пролетар автономия»-сини киритади. Сталин «пролетар автономия»га шундай баҳо беради: «Ҳеч қандай миллий камчиликларсиз, миллий низоларсиз «автономия» советларники бўлиши лозим, яъни бу дегани бир автономия ҳудудида бир неча миллат яшаш мумкин, уларни қайси миллатга мансублигига эмас, қайси синфга киришига қараб автономликка киритилади. …автономлик ишчи, деҳқонники, советларники, қайси миллатга мансублигидан қатъий назар пролетар автономияси бўлиши лозим. Ишчи, деҳқон манфаатларини ҳимоя қилувчи автономликдир»12. Совет ҳокимияти айнан мана шу талабларга эга бўлган «автономия»ни халққа тарғиб қилган.

Туркистонда расмий газета сифатида фаолият олиб борган «Голос Самарканда» газетасида 1918 йилнинг май сонларидан бирида съездда қабул қилинган Туркистон Республикаси «Совет Федератив Республика» деб алмаштирилади: «Туркистон Совет Федератив Республикаси мухтор бошқарилиб, бутун фаолиятини Россиянинг ишчилар ва деҳқонларига қарши олиб борган ва марказ билан алоқани узишга ҳаракат қилган «реакцион Қўқон ҳукумати»дан фарқли равишда Буюк Россия Федерацияси Республикалари билан чуқур ҳамкорликка интилади…»13.

Шу ўринда «Автономия» ва «Федерация» ибораларига эътибор қаратсак. Илмий адабиёт ва изоҳли луғатларда «Автономия» – (юнонча autos – ўзини, nomos қонун) хусусий қонуният табиатига мувофиқ, ўз ақли ва кучи асосида яшаш, фаолият юритиш деган маънони англатади. Ижтимоий маънода автономия мухториятни англатади»14–деб ёзилади. Демак, «автономия» бирон-бир давлат таркибида ўз-ўзини идора қилувчи миллий давлат тузилиши бўлиб, ўз конституция доирасида ўзини мустақил ва сиёсий равишда идора этади.

«Федерация» атамаси лотинчада – feoderatio – бирлашма, уюшма маъносини билдиради, давлат тузилиши шаклларидан бири. Унинг ҳудуди федерация субъектлари ҳудудидан ташкил топади»15, – деб таъриф берилган. Шундай экан, «Автоном» тарзда бошқарилиши эълон қилинган Туркистон ўлкаси қандай қилиб «федератив» республика бўла олади.

В. Чернявский ўз мақоласида бу масалага  аниқлик киритишга ҳаракат қилади. Кириш қисмида ҳеч ким Туркистонни бир бутун давлат деб эълон қилинганлиги, ижтимоий аҳамиятини инобатга олишни истамаганлигини айтиб ўтади. Бунинг асосий сабаби «…съезда қабул қилинган фармон ўта мавҳум ва мантиқсизлигидадир»16, дейди. Низомда «автономия» ҳамда «федерация» тушунчаларини аралаштириб юборилгани қуйидагича баён этилади: «…Туркистон федерация бўлинмаларига бўлиниши мумкин бўлса, Туркистондаги барча федерал муносабатлар марказдан ажралиб туради. Чунки бир вақтнинг ўзида ҳам федерация, ҳам мухторият бўлиб, Россия Федерацияси таркибида мавжуд бўла олмайди».

Мақола муаллифи Туркистон ўлкасига нисбатан «Федератив республика» жумласи нотўғри қўлланилганлигини исботлашга уринади. Албатта, автономия талабларидан келиб чиқилса, бундай тузилма фақатгина ишчи-деҳқон манфаатларини ҳимоя қилмайди. Бу унинг ҳеч қандай қонуниятларига тўғри келмайди. Юқорида таъкидланганидек, автономия ўз-ўзини идора қилувчи миллий давлат тузилиши. У қандайдир бир тузумга хизмат қилмаслиги керак.

1924 йилнинг бошларида Ўрта Осиёдаги миллий-ҳудудий чегараланиш масаласи кўтарилади. 1924 йилнинг ўрталарида даврий матбуот нашрларида бошқа масалалар билан бир қаторда Туркистон, Бухоро, Хоразм республикаларининг миллий-ҳудудий чегараланишига доир «Туркистон»17, «Фарғона»18, «Туркестанская правда»19 газеталарида мақолалар сони ортади. Мақолалар мазмунида миллий-ҳудудий чегараланиш масаласига турли фикрлар, мурожаатлар, саволларга жавоб, миллий низоларни олдини олишга бағишланади. Матбуот саҳифаларида бу ғоя, яъни «большевизм сиёсати» диққат марказда бўлиб, амалда ушбу сиёсий тадбир қандай бажарилиши олдиндан муҳокама қилиб борилади. Мақолаларда «Автономия» бошқаруви четга чиқарилиб, совет ҳокимияти учун бошқа йўналиш касб эта бошланади.

Матбуотда маҳаллий зиёли вакилларнинг ҳам Ўрта Осиё миллий ҳудудий чегараланиш жараёнларига ўз муносабатларини билдирганлари ҳам аҳамиятга моликдир. Хусусан, 1924 йилда осиёлик қаламига мансуб мақолада «Ўрта Осиё жумҳуриятлари халқларининг турмушидаги бир неча иқтисодий сабаблар зулми орқасида пайдо бўлғон миллий муносабатлар Ўрта Осиё жумҳуриятларини ислоҳ қилиш, халқларни миллий жиҳатдан чегаралаб, айириш масаласини жиддийроқ қилиб қўйди» деган жумлалар баён қилинади20. Айтиш мумкинки, ушбу сиёсий ҳаракат миллий масала доирасида ҳал қилиниши белгиланган.

Ушбу мақолада совет ҳокимияти ва большевиклар учун Туркистонни миллий ҳудудларга бўлиб, идора қилиш анча қулайликларни туғдириши қуйидагича изоҳланади: «Ўрта Осиё халқлари жўғрофий жиҳатдан шундай чегараланганким, бунинг орқасида  халқларнинг турмушини, эскилик сарқитларини йўқотиб, миллий тузилишнинг янги даврини, яъни халқларнинг федерация тузилишига ва келгусида бутун миллатлардаги меҳнаткашларнинг иттиҳодига кўчира олудурғон бир шаклда тузулсун».

Туркистон аҳолиси учун аҳамиятли бўлган ушбу масала «миллий чегараланиш» асосида большевиклар ҳукумати томонидан узил-кесил қарор қилинди. «Туркестанская правда» газетасида И. Варейкис бу ҳақда қуйидагиларни баён қилади: «…чегараланиш кенг деҳқонлар оммаси онгига қандай қилиб сингдирилиши ҳақида аниқ тасаввур йўқ. …узил-кесил қарорлар қабул қилингач, биз барча аҳолини бу инқилобий ислоҳот билан таништиришимиз борасида кенг кампания ўтказишимиз керак бўлади».21

1924 йил ноябрь ойида чоп этилган «Туркестанская правда» газетасида Ўрта Осиёнинг миллий давлат чегараларини белгилаш бўйича буюк тарихий ислоҳот амалий жиҳатдан тўлиқ амалга оширилди деб таъкидланади.22 Мақолада Ўрта Осиёдаги янги Совет республикалари ҳуқуқий жиҳатдан бир неча босқичда амалга оширилганлиги эътироф этилади. Биринчи босқич – Бутунроссия Марказий Ижроия Қўмитаси сессияси ва СССР Марказий Ижроия қўмитасининг мустақил Ўзбекистон ва Туркманистонни эълон қилиш тўғрисидаги қарори, иккинчи босқич – Туркистон МИҚ, Бухоро, Хоразм қўмиталари ваколатларини тугатиш ва ҳокимиятни янги республикаларнинг инқилобий қўмиталарига ўтказиш, якуний босқичда янги республикалар Советларининг таъсис қурултойлари ўзларининг доимий бошқарув органларини сайлаш23 билан амалга оширилади.

Умуман олганда, Туркистонда автономиянинг эълон қилиниши ҳамда совет ҳокимиятининг ўрнатилиши мавзуси давр матбуот нашрларида бевосита қимматли манба бўлиб хизмат қилади. Зеро матбуот орқали ўлкада совет ҳокимиятининг сиёсатини ўзгариб боришини кузатиш имконига эга бўламиз.

Айтиш жоизки, марказга маъқул келган «автономия» Туркистонда пролетариат диктатурасини ўрнатишга хизмат қилди. Совет матбуоти саҳифаларида эса мазкур тарихий воқеанинг моҳияти бўлган «автономия» талаблари бузиб кўрсатилди. Миллий ва русийзабон нашрларда миллий-ҳудудий чегараланиш фақат Туркистонгина эмас, балки Бухоро ва Хоразм Халқ Республикалари ҳам тортилиши масалаларига оид мақолалар билан тўлдириб борилган. Ўрта Осиёни миллий чегаралаш большевиклар томонидан қўллаб-қувватланганлиги кўрсатилган. Туркистон аҳолиси учун аҳамиятли бўлган ушбу масала улар учун четлаштириб қўйилганлигини кўп кузатиш мумкин.


1 Пятый краевой съезд: рабочих, солдатских, крестьянских, мусульманских и Декханских депутатов // Наша газета. 1918, 20 апрель; Открытие създа Советов рабочих, солдат, крестьянских, Мусульманских и декханских депутатов. (субота, 20 апреля) // Наша газета. 1918, 23 апрель. №81; 2-й день краевого съезда // Наша газета. 1918, 24 апрель. №82; Zero. 3-день краевого съезда // Наша газета. 1918, 25 апрель. №83; 4-й день краевого съезда // Наша газета. 1918, 26 апрель. №84; Zero. 6-й день краевого съезда // Наша газета. 1918, 30 апрель. №87; 6-й день краевого съезда // Наша газета. 1918, 1 май. №88; Аргус. Положение о Туркестанской Советской Федер. Республ. (утвержденное пятым краевым съездом советов Туркестанского края 30 апреля 1918 года) //

 2  Открытие краевого съезда советов солдатских, рабочих, крестьянских и мусульманских депутатов // Голос крестьянина. 1918, 24 (11) апрель. №18; Шу сонда: П. Заседание краевого съезда солдатских, рабочих, крестьянских и мусульманских депутатов (21 апреля 1918 год); Шу муаллиф: Заседание 5-го краевого съезда солдатских, рабочих, крестьянских и мусульманских депутатов (22 апреля 1918 год) // Голос крестьянина. 1918, 26 (13) апрель. №19; Заседание 5-го краевого съезда солдатских, рабочих, крестьянских и мусульманских депутатов (24 апреля 1918 год) // Голос крестьянина. 1918, 28 (15) апрель. №20; Заседание 5-го краевого съезда солдатских, рабочих, крестьянских и мусульманских депутатов (26 апреля 1918 год) // Голос крестьянина. 1918, 1 май (18 апрель). №21; Заседание 5-го краевого съезда солдатских, рабочих, крестьянских и мусульманских депутатов (30 апреля 1918 год) // Голос крестьянина.

3  Бу ҳақда тўлиқ қаранг: Наша газета. 1918, 5 май. №89.

4  Наша газета. 1918, 5 май. №89.

5  Ўзбекистон МДА. 17-фонд. 1-рўйхат. 178-иш.

6 Бу ҳақда қаранг: Уразаев Ш.З. Государственный строй Туркестанской Автономной Советской Республики – первого социалистического государства в Средней Азии. дис… д-ра юрид. наук. Ташкент, 1962. 282-бет.

 7 Туркистон жумҳуриятининг қонун асосининг охири (Боши ўтган сонда) // Иштирокиюн. №43. 7 ноябрь. 1918; Туркистон жумҳуриятининг қонун асосининг охири//Иштирокиюн. №41. 30 октабрь. 1918;

8 Загорский Ив. Конституция Российской Социалистической Федеративной Советской Республики // Наша газета. 23 август. 1918. №175; Тоболин Ив. Национальности и государственный язык.

9  Ив. Тоболин. Национальности и государственный язык. …

10  Санклюлот. Автономия Туркестана и его экономическое развитие // Голос Самарканда. 1918, 12 май. №83; Дженари. Две Автономии // Голос Самарканда. 14.05.1918. №85; Л.Да Хий. На новых путях // Советский Туркестан. 18.06.1918. №14; Диктатура пролетариата // Советский Туркестан. 28.05.1918. №12; Туров. Туркистон мухтрияти йўлида // Иштирокиюн. 10.11.1918; Миллий аскар. Социализм не нарса? // Иштирокиюн. 7.11.1918; Шу сонда: Милиатлар ва бизнинг миллий проғраммамиз.

11 Черневский В. Автономия Туркестана // Голос крестьянина. 1918, 17 (4) мая, №24; Правительство и автономия (Речь Сталина) // Советский Туркестан. 18.05.1918. №14.

12  Ўша жойда.

13 Дженари. Две Автономии // Голос Самарканда. 1918, 4 мая. №85.

14 Бу ҳақда қаранг: Қисқача сиёсий луғат. – Т.: Ўзбекистон, 1975. 5-бет; Ўзбекистон Миллий энцик-лоцедияси.1 том. – Т.: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2000. 101-б; Фалсафа: қомусий луғат. – Т: Шарқ, 2004. 12-б; Исмоилов М. , Шарипов А. Тарих атамалари луғати. – Т.: Akdemnashir, 2013. 557-бет.

15 Бу ҳақда қаранг: Қисқача сиёсий луғат. – Тошкент: Ўзбекистон, 1975. – Б. 265; Фалсафа: қомусий луғат (Тузувчи ва масъул муҳаррир Қ.Назаров). – Тошкент: Шарқ, 2004. – Б. 425.

16 Чернявский В. Автономия Туркестана // Голос крестьянина. 1918, 17 (4) май. №24.

17 Рамз. Миллий жумҳуриятлар масаласи // Туркистон. 1924, 24 май; Мирзарахматов М. Миллий жумҳуриятлар тузиш муносабати билан // Туркистон. 1924, 27 май; «Оқ Жўл» Темирбой. Ўрта Осиёни миллий чегараларини қараб бўлиш. Маскавдан яқинда қайтқон ўртоқ Хўжаев билан мусоҳаба // Туркистон. 1924, 26 июнь; Варейкис. Ўрта Осиёда миллий жумҳуриятлар масаласи // Туркистон. 1924, 2, 3, 5 июль; Коркаюн О. Ўрта Осиё жумҳуриятлари (Туркистон, Бухоро, Хоразм)ни миллий жўғрофий жиҳатларидан чегаралаш масаласи тўғрисида маърузачилар учун асослар // Туркистон. 1924, 28 июль. №316; Карклин О. Ўрта Осиё жумҳуриятлари // Туркистон. 1924, 29 июль; Исмоилзода. Ўрта Осиёни чегаралаш теварагида // Туркистон. 1924, 2 август; Осиёлиқ. Ўрта Осиёни миллий жумҳуриятларга бўлиш // Туркистон. 1924, 7 август; Осиёлиқ. Ўрта Осиёни миллий чегараларга бўлиш // Туркистон. 1924, 13 август; Исмоилзода. Миллий жумҳуриятларга бўлиниш масаласи ва фирқа матбуоти // Туркистон. 1924, 18 август; Ксенофонтов Ф. Миллий чегаралаш тўғрисида эски шаҳар фирқа ячейкаларида қилинган қарорлар // Туркистон. 1924, 21 август; Ефанов З. Мустамлакаланган Шарқда Ўрта Осиёнинг миллий жумҳуриятларга бўлиниши // Туркистон. 1924, 27 август; Мусажон. Ўрта Осиёни миллий жумҳуриятларга бўлиш ҳақида // Туркистон. 1924, 8 сентябрь; Исомухаммедов Иноят. Ўрта Осиёни миллий чегараларда камсамолларнинг вазифаси // Туркистон. 1924, 20 сентябрь; Ўрта Осиёда миллий жумҳуриятлар // Туркистон. 1924, 29 октябрь; Нурмат. Октябрь ва Ўрта Осиёда миллий жумҳуриятлар // Туркистон. 1924, 7 ноябрь.

18 Алиеф Х. Ўрта Осиё миллий жумхуриятларга бўлиш теварагида // Фарғона. 21.08.1924; Ўзбекистон жумхурияти ўз пойдеворини қурди // Фарғона. 24.11.1924.

19 Сафаров Г. Вопрос о присоеинения Сырдарьинской (Семиречинской) области к Кирреспублике // Туркестанская правда. 25.04.1924; Национально-государственное размежевание Средней Азии (доклад тов. Каркина) // Туркестанская правда. 2.09.1924; Национально-государственное размежевание Средней Азии // Туркестанская правда. 5.09.1924; Национально-государственное размежевание Средней Азии // Туркестанская правда. 8.09.1924; Национально-государственное размежевание Средней Азии // Туркестанская правда. 9.09. 1924; В восьмой год по октябрьской истории // Туркестанская правда. 2.11.1924; Советский социалистический Узбекистан // Туркестанская правда. 1924, 21 ноябрь.

20 Осиёлиқ. Ўрта Осиёни миллий чегараларга бўлиш. … 21 Туркестанская правда. 1924, 15 сентябрь.

 22  Советский социалистический Узбекистан // Туркестанская правда. 1924, 21 ноябрь.

 23  Ўша жойда.

INFOLIB, №1, 2021