Кимё Абдурасулова,
«Turon» ахборот-кутубхона маркази
Ахборот-библиография хизмати раҳбари

DOI: 10.47267/2181-8207/2021/1-051

The article provides bibliographic descriptions of published materials from various periodicals of 1925–1940 of the last century. It should be noted that the published materials until 1930 were written in Arabic script and then, in subsequent years, until 1940 in Latin. For more than 100 years of existence of the IBC «TURON», the total fund is more than 400,000 book copies. Over the past time, in the reading rooms of the library, many remarkable personalities of our time were engaged and became workers of science, culture and art. Currently IBC «TURON» has modern equipment to optimize information and library services for users.

В статье приводятся библиографические описания опубликованных материалов различных периодических изданий 1925–1940 годов прошлого столетия. Надо отметить, что материалы до 1930 года написаны арабской письменностью, до 1940 года – на латинице. За более 100 лет существования общий фонд ИБЦ «TURON» составляет – более 400 000 книжных экземпляров. За прошедшее время в читальных залах библиотеки занимались и становились деятелями науки, культуры и искусства много замечательных личностей нашего времени. В настоящее время ИБЦ «TURON» имеет современное оборудование для оптимизации информационно-библиотечного обслуживания пользователей.

Ключевые слова:  «Турон», «Иштирокиюн», «Қизил Ўзбекистон», «Туркистон» газетаси, Усмонхон Эшонхўжаев, «Октябрь» кутубхонаси, Фирқа райкўмининг қарори  

Кутубхона – билимлар хазинаси. Бу қутлуғ маскан инсонлар қалбига бебаҳо зиё олиб киради. Шундай масканлардан бири «Турон» ахборот-кутубхона марказидир. Ушбу маскан 1914 йилда бир гуруҳ тараққийпарвар зиёлилар Абдулла Авлоний, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Каттахўжа Бобохўжаев, Комилбек Норбеков, Низомиддин Хўжаев, Муҳаммаджон Пошшохўжаевлар томонидан тўплаган китоблар асосида кутубхона шаклланиб, 1918 йил декабрь ойида расман иш бошлаган.

1919 йил 14 апрелда кутубхона давлат тасарруфига ўтказилган. Шу йилнинг июнь ойида Рамазони шариф муносабати билан рўзадорларга қулайлик яратиш мақсадида Шайхонтоҳур сайргоҳига кўчирилиб, кеч соат 18 дан 24 гача ишлаган. Бундан кўриниб турибдики, 100 йил аввал ҳам кутубхона ўз фаолиятининг илк даврлариданоқ кўчма кутубхона ишини йўлга қўйган.

«Турон» кутубхонаси ҳақида маълумотлар дастлаб Тошкентда чиқа бошлаган «Иштирокиюн» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида босилган.

Агар биз ўша даврда нашр этилган «Иштирокиюн» (1818 – 1920) «Қизил байроқ» (1920 – 1922), «Туркистон» (1922 – 1924), «Қизил Ўзбекистон» (1924–1940), «Шарқ ҳақиқати (1928 – 1930) газеталари ҳамда «Маориф ва ўқитғучи» (1925–1930) журналлари саҳифаларида эълон қилинган материалларга назар ташласак, 20-йиллар матбуотида «Турон» кутубхонаси фаолияти кенг ва атрофлича ёритилганининг гувоҳи бўламиз. Кутубхона ўша йиллари фан, маданият ва маориф масалаларига бағишланган мажлис ва йиғилишлар ўтказиладиган маданий-маърифий марказ вазифасини ҳам ўтаган.

1924 йил 27 майда «Китоб ҳафтаси» муносабати билан маориф комиссари, «Қизил байроқ» ва» Туркистон» газеталарида муҳаррирлик қилган Усмонхон Эшонхўжаев кутубхонада ўтказилган тадбирда «Китобнинг аҳамияти ва ундан фойдаланиш йўллари» мавзусида маъруза ўқиган. Маъруза «Туркистон» газетасининг 1924 йил 1 июнь сонида чоп этилган. Унда қуйидаги фикрлар билдирилган:

«…Китоб кишининг «оқкўнгиллик» йўлдоши ва унумлик умр раҳбаридир. Китоб фойдалиқ улфатдир. Китобдан фойдаланишда киши турмушида ўзини ўрағон шароитларга алоқадор бўлғон ва ўқиғонда натижа олиб, шундай ҳақиқий бир манфаат ундириш имконини назарда тутмаги керак, чунки илмнинг мундарижаси шундай кенгдирки, уни бор бўйи билан ушлаб олмоқ мумкин эмасдир.

Мутолаа учун киши ўз вақтиға риоя қилмоғи зарурдир. Бекорчилик ва майда нарсаларга қимматлик вақт сарф қилиш ёмон бир ҳодисадир. Вақтни ҳурмат қилмоқ, исроф қилишдан сақланиш, вақтни бекор ўтказмаслик замон томонидан бизга юкланган муҳим бир вазифадир… »

Замона зайли билан, аниқроғи 1928 йили «Фирқа райкўмининг қарори ва шаҳар шўросининг тасдиқи билан Тошкант Эски шаҳаридаги «Турон» кутубхонаси «Ўктабр» номида марказий кутубхона ва қироатхонаси» номи билан юрадурғон бўлди». Ушбу маълумот «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1928 йил 16 декабрь сонида эълон қилинган.

30-йиллар Ватанимиз тарихининг энг фожиали ва энг мудҳиш саҳифаларидир. Ўша машъум давр «Турон» кутубхонасига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмади.

«Шарқ ҳақиқати» газетасининг 1929 йил 14 октябрь сонида «Кутубхона дўсти имзоси билан» «5 йиллик ҳасрат ёки чигалланган ипнинг топилмағон учи» номли катта мақола чоп этилган. Муаллиф кутубхонанинг ачинарли аҳволини шундай ҳикоя қилади:

«…Ўктабр кутубхонаси биттаю битталигига қарамай, туника томи тешилган, 8 йилдан бери ремўнт юзини кўрмаган бир бурда ғоят танг бинога эга. Бунинг устига кутубхонанинг мих чегарлик растасида, дўппи бозор каби ғовур-ғувур жойнинг қоқ белида бўлиши мутолаачиларнинг «бахти». Газетни китобхонлар оёқ устида туриб ўқуб кетадилар. Қироатхона бўлимидаги ўриндиқларнинг кўпи дабдала. Кутубхонанинг атиги 30 минг китоби бор. 10 минг китоби, 150 хил журнали, 70 хил газети муқовасиз сочилиб ётади….»

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1931 йил 6 март, 54-сонида «Ўктабр» кутубхонаси яшнамоғи керак!» номли мақола чоп этилади:

«…Ўктабр» кутубхонаси илм аҳлларига катта ёрдамда бўлиш билан оммавий кутубхона вазифасини ҳам адо этиб келди. Бир неча миллат ўқувчиларини ўз атрофиға тўплай олди. Ўрта ва олий билим юртларида ўқувчи талабаларга китоб бозорларидан топилмағон дарсликларни бериб турди. Бироқ шундай катта хизматлар кўрсатиб келган бу кутубхонаға маҳаллий маориф идоралари диққат қилмадилар. Тузукрак жой топиб бермадилар. Унинг янада кенгайиши учун имконият туғдирмадилар…»

Натижа бўлавермагач, куйинчак муаллиф мазкур кутубхона ҳақида биргина мақола билан кифояланмай, иккинчи мақоласини ҳам эълон қилган:

«…Эски шаҳарга асосий бир кутубхона барпо қилиш вақти келган. Ҳозирғи ўсишимиз шуни талаб қилади. Кўпдан бери «Ўктабр» кутубхонаси барпо бўлғондан бери бунинг учун айрим бино солиш ҳаракати бўлиб келадир. Лекин маҳаллий буджатнинг камбағаллиги бунга имкон бермади. Бунинг учун ажратилган жойлар бекор қолиб келади…»

Кутубхонанинг ютуқ ва камчиликларидан баҳс юритувчи яна бир эътиборга лойиқ мақола Абдулла Тўлаганнинг («Қизил Ўзбекистон» газетасининг махсус мухбири) «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1934 йил 23 октябрь сонида чоп этилган «Ташландиқ кутубхона» сарлавҳали мақоласидир. Мақолада муаллиф кутубхонанинг аянчли аҳволи ҳақида шундай ёзади: «…Аввалида юқорида таърифлаганимиз кутубхонанинг ҳаёт кечираётган ўрни ҳақида тўхтаб ўтайлик. Кутубхона шаҳарнинг энг нобоб, тўполон жойиға ўрнашғон. Бунинг устига бино кутубхона учун мутлоқо мос эмас. Фақат узунлиги 10, эни 5 метрдан ошмайтурғон бир ўқув зали ва болохонали кичкина, торгина ҳужрача бор. Бино зах ва қоронғу. Шундай бўлғондан сўнг, унга келувчи китоб ва газетхонларнинг роҳатлана олмаслиқлари, тинчгина машғулотда бўла олмаслиқлари ҳақида сўзлаб ўлтиришға ҳам ҳожат қолмаса карак».

Мақола сўнггида муаллиф Маориф комиссарлигининг кутубхона ишига жиддийроқ аҳамият бериб, бино масаласини узил-кесил ҳал қилиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган.

Ўша даврларда «Турон»да фаолият олиб борган меҳнаткаш ва заҳматкаш ходимлар кутубхона ривожи учун бор куч ва имкониятларини ишга солган. Бунга мисол қилиб, «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1940 йил 3 ноябрь сонида кутубхонанинг фаол ходимлари Файзуллаев, Мансуров, Ғуломова, Долимов, Ҳабибулина ва Иброҳимовларнинг газета нашриётига ёзган хатини келтиришимиз мумкин. Хат «Октябрь» кутубхонасига мувофиқ бино керак» номи билан эълон қилинган. Унда қуйидаги ҳасратли сатрлар битилган :

«Тошкентдаги «Октябрь» кутубхонаси республикамизнинг энг бой ва кекса кутубхоналаридандир… У 40 000 дан ортиқ сараланган китоб фондига ва 1500 га яқин актив китобхонига эга. Лекин шуни айтиш керакки, кутубхонанинг биноси ҳеч мувофиқ эмас. Айниқса, бозор ерида бўлиши кутубхонанинг нормал ишлашига жуда ҳам халал бераётир. Бозорнинг шовқин-сурони китобхонларнинг тинч ва унумли мутолаа қилишларига йўл қўймайди. Бунинг устига, кутубхонанинг фақат 2 хонадан иборат бўлиши китобхонлар билан олиб бориладиган оммавий лекция ва абонемент ишларини кучайтиришга катта қийинчиликлар туғдираётир. Кутубхона маъмурияти алоқадор ташкилотлар олдига мувофиқ бино топиб бериш масаласини қўйиб келди. Лекин улар маъмуриятнинг бу ҳақли талабини кўпдан бери қондирмайдилар.

Биз тегишли ташкилотлардан кутубхонани тездан мувофиқ бино билан таъмин қилишини талаб қиламиз».

Жонкуяр ходимларнинг кутубхона учун муносиб бино талаб қилишлари табиий ҳол эди. Чунки уларнинг бирдан-бир истаги кутубхонани мукаммал маърифат маскани даражасига кўтаришдан иборат бўлган.

Ҳақиқатан ҳам, кутубхона ўзининг бир асрлик тарихи давомида қанчадан-қанча оғир ва изтиробли кунларни бошидан кечирмади. Шундай қийинчиликларга қарамай, кутубхонада ўз ишига садоқатли бўлган фидойи инсонларнинг машаққатли меҳнати туфайли «Турон» ҳар қандай синовларга дош бериб, халқимизга зиё тарқатишдек масъулиятли вазифасини сидқидилдан адо этиб келмоқда.

Ўша даврда чоп этилган мақолаларни кўздан кечирар эканмиз, ота-боболаримиз орзу қилган кутубхонага ниҳоят, 2019 йил 26 декабрда эга бўлганимизни таъкидлаймиз. Кутубхонада фаолият юритаётган ҳар бир ходим ўз ишидан мамнун, кутубхонанинг номи билан, бойлиги билан кўкси тўла ғурур.

Кутубхона фаолияти тобора қизғин тус олмоқда. Адабиётларни ахтариб келувчилар сони кескин ортган. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчиларининг бахти икки бора кулган. Боиси исталган вақтда шундайгина ёнларидаги бой «Турон» кутубхонасига кириб, мутолаа билан шуғулланадилар.

Бугунги кунда ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, китоб билан дўст бўлишга, китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлмоқда. Бунинг учун, аввало, миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор беришимиз муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, илмий-маърифий маскан бўлмиш «Turon» ахборот-кутубхона марказида маскан сифатида аҳолига, кенг китобхонлар оммасига самарали ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган.

INFOLIB, №1, 2021