Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров билан суҳбат

 Болаларда ўз-ўзидан китобга меҳр-муҳаббат пайдо бўлиб қолмайди. Нимадир унга туртки, нимадир унга сабабчи бўлади. Менда ҳам худди шундай бўлган. Тоғам Исомиддин Ибодов ҳам кўп китоб ўқиган, зукко, зиёли инсон эди. У урушда қатнашиб, ярадор бўлиб қайтгач, Тошкент оқартув техникумида она тили ва адабиёт фанидан дарс бериб келарди. Тоғамнинг каттагина кутубхонаси бўлиб, мен учун у ерга бориш байрамга айланарди. Гўё мўъжизали масканга тушиб қолгандек бўлардим. Менга у ердан исталган китобни олиб ўқишга имкон беришганди. Жавонларда бир-биридан қизиқарли турли китоблар тахланиб турар, улар орасида ўзбек, рус тилларидаги китоблар билан бирга эски тошбосма китоблар ҳам бўлиб, уларни ўқишга жуда қизиқардим. Бундан ташқари, тоғамнинг кутубхонасида ўша маҳаллар қатағонга учраган буюк ижодкорлар: Чўлпон, Усмон Носир, Фират каби ўзбек халқининг чинакам зиёли, фидокор инсонларининг китоблари ҳам сақланарди. Бу китобларни уйда сақлашнинг ўзи ҳам катта жасорат талаб қиларди. Тоғам шундай жасоратли инсон эди.

Ўқувчилик йилларимизда атоқли адиб  Миркарим Осим асарларига жуда қизиқиб қолдим. Унинг асарларидаги Жалолиддин Мангуберди, Машраб, Навоий каби буюк тарихий сиймоларимиз образлари мени мафтун қилиб қўйди.

Ўқишни тугатиб, Давлат бадиий адабиёти нашриётида ишлай бошладим. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, Миркарим Осим ҳам шу ерда меҳнат қилар экан. Бир умр ўзим интилган ёзувчим билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Бу бахт менга Миркарим Осим ижоди билан яқинроқ танишиб чиқишга имкон яратди ва мен устоздан жуда кўп нарса ўргандим. Мен ҳозиргача Миркарим Осим асарларини севиб ўқийман, худди биринчи марта ўқиётгандай хурсанд бўламан!

Миркарим Осим ёзувчи бўлиш билан бирга, моҳир таржимон ҳам эди. У Толстой, Гогол, Чехов каби улуғ ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Унинг таржима қилган асарлари ҳам худди ўзининг қиссалари  каби мароқ билан ўқилар, на биронта ғализ жумла, на биронта нотўғри ибора учрайди. Чет эл муаллифларининг асарларига юксак маданият билан ёндашишни Миркарим Осим таржималаридан ўрганганман. Том маънода шуни айтоламанки, мен таржимонликка Миркарим Осимнинг бу борадаги санъатига қизиқиш орқали кириб келганман. Устоз ўттизинчи, қирқинчи йилларда қилган таржималари ҳали-ҳануз ўз аҳамиятини, оҳорини йўқотмаган. Улар аслиятга яқинлик билан ажралиб туради.

Ўша пайтларда ҳам кўплаб таржима асарлар чоп этилган. Уларнинг кўпчилигини ҳозир ўқисангиз, сўзлар, ибораларнинг эскирганини, кўпига ўша замон нафаси уриб қолганлигини кўришимиз мумкин. Баъзиларини ҳозир умуман ўқиб бўлмайди. Уларни таржима ҳам деб бўлмайди. Аммо Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Миркарим Осим, Мирзакалон Исмоилий қилган таржима асарлари ўзининг гўзаллиги, оҳорини йўқотмаслиги билан ажарлиб туради. Масалан, Ойбек таржима қилган Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романи ўзининг фасоҳати, аслиятга яқинлиги, ўзининг оҳанги ва гўзаллиги билан ажралиб туради. Бирон сўзи эскирмаган. Ана таржима, ана маҳорат!

Адаб – одамийликнинг ўзаги.

Балки одамийликнинг бари бошдан-охир адабдан иборат. Адабнинг илиги эса – ҳаё. Илик қуриган ерда ҳаё бўлмайди. Ҳаёни ор-номус, ҳамият, орият, шаън, уят сингари тушунчалар қаторига қўямиз. Буларнинг бир-бирларидан сира ажратиб бўлмайдиган томонлари, жиҳатлари бўлганидек, жуда нозик маънавий ўзига хосликлари ҳам халқ ичида фарқ қилинади.

Одамзод хамиша туғилиш ва ўлим ўртасида яшайди. Унинг умри вақти чегараланган. Шунинг учун «ирода эркинлиги» деганда, кўплар ва ҳатто улуғ файласуфлар ҳам шундай эркинлик бўлиши мумкинми? Ахир, одам чегара ичида истиқомат қилади. Унинг хоҳишлари шу чегарадан ташқарига чиқиб кетолмайди. Ирода азалдан, олдиндан белгилаб қўйилган ҳодиса деб айтадилар. Ирода эркинлиги тушунчаси «инсон эрки» тушунчаси билан туташ, қариндош. Қолаверса, ҳозирги замонда инсоннинг яшаш ҳақ-ҳуқуқларидан – уларнинг жамидан ирода рўёбга чиқади.

Айтгим келади: номусни дарахтдан ўрганинг! Қаранг, у ҳаёт шарбатлари югураётган танасини қандай парда қобиқ билан ўрайди. Бир жойи кесилса, дарҳол шу кесилган ўринни қобиқ билан беркита бошлайди.

Табиатда ҳаё ҳукмрон. Яшаш зарурати шуни тақозо қилади.

Ислом яратган улуғ илоҳий китоб ота-онангнинг бетига қараб уф тортма, уҳ дема, улар сени кичикликдан тарбият қилдилар, дунёга келтирдилар. Сенинг уф тортишинг уларни адойи тамом қилади. Биз боламизга қаноатли ҳаёт беролмабмиз-да, деб ўкинтиради, дейди. Мана шу ота-она юзига тик қараб уф тортиш – ҳаёсизлик, уҳ тортмаслик, ичингдан қиринди ўтаётган ҳолда ҳам буни билдирмаслик, бу – ҳаё. Тўғрироғи, ҳаёнинг ибтидоси. Узум гуллаганини кўрганмисиз? Илк ҳаё ана шу узумнинг гули. У ҳали ширин узум эмас, лекин усиз ширин узум ҳеч қачон етилмайди. Мард одамнинг мардлиги ҳам, қаҳрамон одамнинг қаҳрамонлигида ҳам шундай ҳаё гули мавжуд. Ҳаё бўлмаса ботирлик бўлмайди.

Суқротнинг умри доим турли фалсафий баҳсларда кечарди. У ёшларни ориф ва оқил, замонадан анча илгарилаб яшашга ўргатарди. Кўп ҳолларда ўз ҳақлигини билгани учун қаттиқ қизишиб кетарди. Баъзи ўзини билмаганлар аламнинг зўридан уни тепиб, уриб-сўкиб юборишарди. Суқрот эса кулиб тураверади. «Нега сизни тепган кишига муносиб жавобини бермайсиз?» – деб сўрашса, Суқрот: «Эшак мени тепса, нима, эшакни қозига етаклашим керакми?!» – дерди. Ҳеч качон ҳақоратга ҳақорат билан жавоб қилмасди. Бу Суқротнинг қўрқоқлиги эмас, унинг буюк инсоний ҳаё эгаси бўлганлигидан эди. Ҳаё уни кимсанинг шаънини ерга уриш, топташга сира йўл қўймасди.

Ватанпарварлик ва миллатпарварлик сингари эътиқодий ҳодисаларни ҳам фақат маънавият билан чамбарчас боғлаган ва ундан заррача айрилмаган ҳолдагина тушуниш, шунга яраша саъй-ҳаракатда бўлиш ҳар бир халқ учун чин мўъжизалар яратади. Маънавиятдан маҳрум ватанпарварлик ва миллатпарварлик ўз-ўзинигина кўркўрона севишга, димоғдорликка, такаббурликка олиб боради, аслини олганда, такаббурликнинг жаҳолатдан сира фарқи йўқ. Такаббурлик ҳам, жаҳолат ҳам, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқларини менсимаслик, беписандлик ҳам – маънавиятсизликдан ҳосил бўлади.

Бизни маънавият оламига элитадиган мустаҳкам кўприк – китоб!

Ҳозирги кунда китобга қизиқиш кучайиб бораётганини кўриш қувонарли ҳол. Мен кутубхоналар, китоб дўконлари гавжумлигини кўриб севиниб кетаман. Чунки улар китобга меҳр кўзи ила боқишмоқда! Аммо шуни айтиб ўтишни истардимки, китобларни саралаб ўқиш керак. Бу жуда муҳим! Айни кунда  вақтнинг баҳосига тенг келадиган  нарсанинг ўзи йўқ! Вақтингизнинг қадрига етинг! Уни кейин топишингиз қийин бўлади.

Китобни ўқиганда шунчаки ўқиб кетмасдан, диққат билан, асосий фикрларни дафтарларга қайд этиб, таҳлилий мушоҳада юритган ҳолда ўқиса мақсадга мувофиқ бўларди. Ахир, бугун шунчаки ўқиб кетадиган замон эмас. Бугунги давр буни асло қабул қилмайди. Дунё адабиётини тартиб ва режа билан ўқиб чиқишни ният қилинг! Албатта, бу ният йўлингизни ёритади.

Китоб – миллат таянчи, келажак пойдеворидир! Бу таянчни, келажакни асрайлик!

INFOLIB, №1, 2018