Перт шаҳри кутубхонаси Перт шаҳритомонидан тақдим этилган давлаткутубхонаси хизматидир. Кутубхона Ҳей кўчасида Перт ратушаси билан ёнма-ён жойлашган. У Сен-Жорж ҳамда Ҳей, Барак ва Пирс кўчалари ўртасида жойлашган кафедрал собори майдонидаги реконструкциянинг бир қисми ҳисобланади.

Кутубхонанинг илк фаолияти 1851 йилда ташкил этилган Суон дарёси механика институти биносида бошланган. 1909 йилда институтнинг номи Перт адабиёт институти деб ўзгартирилади, 1957 йилда эса, Перт шаҳри кутубхонаси деб атала бошланди ва барча нашрларга эга бўлади. Асос солинган даврдан бошлаб 2016 йилда янги бинога кўчиб ўтишигача бўлган давр оралиғида кутубхона шаҳарнинг бир нечта қисмида жойлашган эди.

Перт шаҳри кутубхонаси Пертдаги бошқа йирик кутубхонадан – Ғарбий Австралия Давлат кутубхонасидан ажратилди.

2011 йилда Kerry Hill Architects компанияси янги кутубхонани лойиҳалаштириш тендерини қўлга киритади. Перт шаҳри 2013 йилда қурилишни бошлаган Doric Contractors компанияси билан 33 миллион долларлик шартнома имзолади. 170 йиллик тарихга эга янги кутубхона 2016 йил 1 март куни Перт шаҳрида китобхонларга ўз эшикларини очади.

Перт шаҳри кутубхонаси – ўтмиш ва келажак кесишган кутубхонадир. У фасадлари шишакор, устунлари тош билан безалган, айлана шаклдаги етти қаватли бино. Бинонинг ичида 3500 турдаги ўсимлик бор. 13 метрли, Перт шаҳридаги энг баланд боғ жойлашган. Шифтда Шекспирнинг «Тўфон» пъесаси сўнгги акти, Ғарбий Австралия наботот ва ҳайвонот олами акс эттирилган рассом Эндрю Николлснинг Delight and Hurt Not (Қойил қол ва ранжима) деб номланган фрескаси тасвирланган.

Кираверишдаги катта очиқ фойеда китобхонлар ёлғиз қолиб мутолаа қилишлари учун сокин бурчаклар мавжуд. Зиналардан кўтарилар экансиз, юқори қаватда жойлашган китоблар ва у ерда китобхонлар учун яратилган қулайликлар билан танишасиз (мажлислар заллари, музокара зали, аудио ва видеомарказлар, терасса).

Бундан ташқари, бу ерда ота-оналар 1-3 ёшгача бўлган фарзандларини олиб келишлари мумкин бўлган болалар майдончаси ҳам мавжуд. Бу очиқ осмон остидаги дарахт атрофида юмшоқ ўйинчоқлар ва ёстиқлар билан жиҳозланган, дарё манзарасидан баҳра олиш имконини берувчи шинамгина жойдир.

Европача руҳда барпо этилган чиройли, янги, замонавий кутубхона фойдаланувчиларнинг манфаатлари ва уларнинг мутолаага бўлган эҳтиёжларини қондиришга мўлжалланган. Бу ердан сиз Суон-Ривер дарёсининг оқими остида қоладиган Стрип соҳилбўйига очиладиган ажойиб кўринишдан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Ҳозирги, COVID-19 пандемияси даврида кутубхона фойдаланувчилари нафақат кутубхонага келиб (бир вақтнинг ўзида 300 дан кам фойдаланувчи), балки буюртма орқали уйга етказиб берилган китобларни мутолаа қилиш имкониятига эгадирлар.

Шунингдек, бу ерда Mixed Bag хизмати фаолият кўрсатади (Биз танлаймиз, сиз олиб кетасиз).

Фойдаланувчилар учун қулайликлар

Кутубхонага ғарбий Австралияда яшовчи шахслар онлайн аъзо бўлишлари мумкин. Бунинг учун сиз ариза тўлдирасиз, мазкур ҳужжатни кутубхона электрон манзилига юборасиз, улар кўриб чиқиб ва сизга 24 соат ичида тасдиқлаш хати юборадилар. Тасдиқ хатини олибоқ сиз кутубхона ресурсларидан фойдаланишингиз мумкин. Агар китобни ўзингиз билан олиб кетмоқчи бўлсангиз, биринчи қават кафедрасига мурожаат этишингиз керак, улар манзилингизни текшириб кўриб, сизга китобни расмийлаштириб берадилар.

Агар кутубхонага шахсан келиш ниятингиз бўлса, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан келишингиз кифоя. Кутубхона сизнинг маълумотларингизни текшириб кўради ва сизга китобхон билетини беради. Мазкур билетдан фойдаланган ҳолда китобхонлар хоҳлаган китобларини ўзлари билан олиб кетишлари мумкин. Олиб кетилган китоблар муҳлати уч мартагача узайтирилиши мумкин, агар уларнинг топшириш муддати ўтмаган ёки бошқа фойдаланувчи бу китобга буюртма бермаган бўлса.

Баъзи ҳолларда, ғарбий Австралияга ташриф буюрган ёки юқорида келтирилган шартларни бажаришга қодир бўлмаган шахслар учун вақтинчалик аъзолик жорий этилган. у уч ой давомида амал қилади ва бир вақтнинг ўзида ўзлари билан иккитагача китоб олишлари мумкин.

Агар сиз Перт шаҳрида истиқомат қилсангиз, лекин маълум бир сабабларга кўра кутубхонага кела олмасангиз, китоблар манзилингизга элтиб берилади. Бу бепул хизмат Перт шаҳри аҳолисигагина кўрсатилади. Шунингдек, сиз учун адабиёт танлаб бериш хизмати ҳам мавжуд. Бунинг учун кутубхона ходимлари сиз билан суҳбатлашиб, қизиқишларингиздан келиб чиқиб, сизни қизиқтириши мумкин бўлган китобларни танлаб беришади.

Фойдаланувчилар фикри

Алайда : Мен ҳамиша бепул Интернетдан фойдаланиш мақсадида бу кутубхонага келаман. Кутубхона биноси мени ўзига ром этади. У жуда мустаҳкам қурилган бўлиб ташқаридан кутубхонага ўхшамайди. Ичкарида эса ҳамма нарса оддий кутубхонага мос. Ходимлар мулойим ва ҳамиша ёрдамга тайёр. Бу замонавий кўринишга эга кутубхона ўзининг 150 йиллик тарихига эгалигига ишониш қийин.

Шаҳримизда бу кутубхонанинг борлиги барчамиз учун катта қулайликлар яратади.

Теодор: Шаҳримизда бундай кутубхонанинг фаолият кўрсатиши биз, фуқароларга катта қулайликлар яратади. Кутубхонага кираверишдаги майдонда мунтазам яшил ҳудуд мавжуд бўлиб, у кириб келган китобхонларни яхши кайфиятда қаршилайди, ахборот жавонлари янгиликлар билан таништиради, бу ерда сўнгги русмдаги компьютер ва сканер ускуналари китобхонлар хизматига мунтазир. Кутубхона заллари билан танишар экансиз, уларнинг турфа хиллигидан завқланасиз (конференция хонаси, музокара хоналари ва терасса). Бинонинг қурилиши баъзи танқидчиларда эътироз туғдириши табиий, лекин асосийси бу ерда яратилган замонавий қулайликлар.

Эйден: Кутубхонанинг ажойиб ва бой веб-сайти шаҳар фуқаролари ва меҳмонларга кўп ва кенг қамровли маълумотларни тақдим этади. Бу ерда нафақат китоб ўқиш, балки очиқ ҳавода ўсимликлар девори, фаввора ва гўзал интерьердан завқланиш мумкин. Ходимлар ҳамиша дўстона муносабатда. Шаҳаримизга ташриф буюрган сайёҳлар албатта кутубхонани томоша қилгани келадилар ва унда мужассам бўлган замонлар уйғунлигини хис этадилар. Кутубхонада кафе, Wi-Fi ҳудудининг мавжудлиги бу ерда турли соҳа вакилларига учрашувлар ва суҳбатлар ўтказишга имкон беради.

Гулчеҳра Ҳомидова тайёрлади

INFOLIB, №4, 2020