Олтиной Масалиева,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари
университети Тарих кафедраси
доценти, тарих фанлари номзоди

DOI: 10.47267/2181-8207/2020/3-039

In this article analyses one of the famous person of Bukhara khanate in the end of XIX – beginning ХХ century Muhammad Sharif Sadri Ziya and one of his historical heritage, which kept under the number of 2193 of the Oriental Institute of Academy of Sciences of the Republic of Uzbekistan «Majmuai tazkor».

Таянч сўзлар: Садри Зиё, Мирзо Муҳаммад Шариф, Бухоро амирлиги, шахсий кутубхона, «Тарихи Бухоро», «Тазкира ва тарихлар мажмуи», «Наводири Зиёийа», «Осори Зиёия».

Юртимиздаги бой ёзма меросни сақлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этиш ишларини янги сифат босқичига кўтариш, Ўрта Осиё ҳудудидан етишиб чиққан аллома ва мутафаккирларнинг турли соҳалар бўйича яратган асарларини тадқиқини кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳозирда долзарб масалалардан биридир.

Садри Зиё (1867–1932 йй) – ХIХ аср охири – ХХ аср бошларидаги Бухоронинг машҳур кишиларидан биридир. Унинг исми Шарифжон, қозининг фарзанди, диндор бўлганлиги учун махдум, садр унвонларини олган, Зиё эса унинг адабий тахаллусидир. Асарларда Садри Зиёнинг номи Мирзо Муҳаммад Шариф, Муҳаммад Шариф махдум, қози Шарифжон каби ёзилган. У Бухоронинг бош қозиси бўлган Абдушукур садрнинг ўғлидир.

У аввал Бухоронинг Жондор, Карки, Қарши, Ғиждувон туманларида қозилик қилган, кейинроқ яъни Бухоро амирлигининг сўнгги кунларида эса Бухоронинг қози калони эди. Бухоро амирлиги ағдарилиб, Бухоро Халқ Совет республикаси ўрнатилгач, турли муассаларда ишлаган. Садри Зиё авлодларга бой мерос қолдиради. Унинг асарлари, асосан, тарихий, адабий характерда бўлиб, Бухоро амирлигининг ХIХ аср иккинчи ярми ва ХХ аср биринчи ярми тарихий, адабий ҳаёти ҳақида қимматли маълумотлар беради.

Садри Зиё ҳаёти ва фаолияти, ижодининг қирралари бўйича унинг замондошлари Хўжа Азим Шаръи, Возих, Афзал Махдум Пирмасти, Абдулла хўжа Абди, Неъматуллоҳ Мухтарам, С.Айнийлар ёзиб қолдиришган. Кейинги даврларда Р.Ходизода Л.М.Епифанова, У Ҳамроев, Ш.Эсонова, М.Шукуров, Ш.Воҳидов ва А.Эркинов, О.Масалиева ва бошқаларнинг асар ва мақолаларида Садри Зиё ҳаёти ва фаолияти, мероси, кутубхонаси ҳақида маълумотлар берилган.1

1971 йилда хаттот А. Муродовнинг «Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан» номли асари нашр этилди. Муаллиф «Бухорода ўтган Олим Шарифжон Махдум ўз асарида қўлёзма манбаларига суянган ҳолда қисман Ҳирот хаттотлари, асосан, Бухоро хаттотлари фаолияти санъати ва кўчирган китоблари ҳақида маълумот беради» деб ёзади ва китобида ундан фойдаланади.2

Садри Зиё катта шахсий кутубхонага эга бўлган. 1999 йилда унинг кутубхонасининг каталоги Ш.Воҳидов ва А.Эркиновлар томонидан Францияда «Cahiers d Asie Centrale»3 журнали саҳифаларида ва 2007 йилда Тошкентда рус тилида чоп этилади.4

Тарихчи олим Ш.Воҳидовнинг ёзишича, тожикистонлик олим С.Сиддиқов Садри Зиё илмий меросини ўрганиб, «Садри Зиё ва унинг тазкираси» номли монография тайёрлаган, лекин муаллифнинг 1993 йилда вафот этганлиги сабабли у нашр этилмай қолган.5

Академик Муҳаммаджон Шукуров томонидан Душанбе шаҳрида «Садри Бухоро» асари тожик тилида нашр этилади. Шу муаллиф томонидан Теҳронда «Рўзномаи Садри Зиё» асари яъни Садр Зиёнинг «Рўзнома» асарининг форсча нашри эълон қилинади6. 2002 йилда шу муаллиф томонидан Теҳронда яна Садри Зиёнинг «Тазкорэ ашъор» асари нашр этилади.

Садриддин Айнийнинг ёзишича, Садри Зиё ўз даврининг тараққийпарвар ва илғор кишилари – Аҳмад Дониш, Исо Махдум, Иноят махдум, Яҳё Ҳожи, қори Абдулмажид Зуфунин, мулла Шариф Соат, Мирзо Азим Сомий, Муҳаммад қори Раҳматуллоҳ Возех, Шамсиддин махдум Шохин, Ҳайрат каби кишилар билан яқин алоқада бўлган.7

Садри Зиёнинг уйи илмлилар тўпланадиган марказ эди. У Аҳмад Дониш, Шамсиддин Шоҳин, Раҳматуллоҳ Возеҳ, Муфти Акром (Домулла Икромча), Мирзо Ҳаёт Саҳбо, Мирзо Азим Сомий, Садриддин Айний, Абдулвоҳид Мунзим, Аҳмаджон Ҳамидий ва бошқаларни турли ҳамла ва ҳужумлардан жасорат билан ҳимоя қилади.8

Унинг қуйидаги асарлари мавжуд: «Зикри авоил Бухоро» (Бухоро зикрининг бошланиши), «Тарихи Бухоро», «Мунтахоб ат-таворих», «Рисолаи салотин ва шаҳриёрон», «Зикри подшохон ва князон давлати Русия», «Зикри ҳолат Чингизхон», «Силсилаи салотин ўзбек Чингизхоние», «Зикри салотин манғити-йа», «Зикри салотин ва подшохи амир Олимхон мхолуи», «Мажмуаи тазкор ва таворих» (Тазкира ва тарихлар мажмуи), «Рўзнома», «Зикри салтанати подшохони манғитийа дар Мовароуннаҳр»(Мовароуннаҳрдаги манғитлар подшолиги салтанати зикри), «Мажмуаи тарих» (Тарих мажмуаси), «Наводири Зиёийа» (Садри Зиёнинг нодир манбалари) ва ҳ.к.

М.Шакурийнинг ёзишича, Садри Зиёнинг илмий меросини тадқиқ этган марҳум Саҳобиддин Содиқ тадқиқотидан маълумки, Садри Зиёнинг 60 та асарига тажовуз қилинган ва ҳозир эса, ўн бир жилди мавжуд, аксарияти Садри Зиёнинг қўли билан чиройли ҳуснихатда ёзилган китоблардир.9

Ш.Воҳидов ва З.Чориевлар, «Муҳтарам, Садриддин Айний ва Расул Ходизоданинг маълумотларига таяниб, биз Садр Зиёнинг асарларининг сони 72 тага етадиган (Рўзнома ва Наводири Зийаийани ҳасобга олганда) тўлиқ рўйхатини тузишга муваффақ бўлдик», деб ёзади.10

Садри Зиё асарларида кўпроқ атрофида содир бўлган воқеаларни ёки эшитганларини қаламга олган. Масалан, 2367-рақамли қўлёзмада Бухоро амирининг Русияга қилган сафари тасвири, Бухоро ва Афғонистон муносабатлари тўғрисида, ўз аризаси намуналари ва бошқалар ёзилган. 1904 йилда бу китобни пароканда ҳолатда топишади ва китоб «Осори Зиёия» деб номланди. Унинг асарлари, асосан, тарихий, адабий характерда. Лекин унинг Бухоро амирлиги тарихи бўйича яратган асарлари ҳали тўлиқ тадқиқ этилмаган ва илмий истеъмолга киритилмаган. Садри Зиё Бухоро амирлигида турли лавозимларда ишлаган ва ўзи ёзган асарларидаги воқеаларнинг иштирокчиси ва гувоҳидир. Шу жиҳатдан ҳам унинг асарларининг қиммати юқоридир.

1921 йилда Бухоро арки тарихини чуқур ўрганиш учун тузилган Бухоро тарихий жамияти комиссияси таркибига Саид Муҳаммад Содиқ, Муҳаммад Шариф Зиё, Муҳаммад Салимбек, Саид Муҳаммад Носир ва бошқалар кирган.11 Бу ҳақда Саййид Муҳаммад Носир бин Музаффар қуйидагича ёзади: «жумҳурият шўроси томонидан биз – етти нафар кишини, яъни Ҳожи Мулло Абдурауф афанди «Фитрат», Саййид Муҳаммад Сиддиқ, жаноб қози ул-қуззот, олам аҳли муллозодаси домулло Муҳаммад Шариф Зиё, Мулло Салимбек, жаноб Ҳожи Мулло Саййид Маҳмуд муфтий ва бу фозиллар хизматкори Саййид Муҳаммад Носир «Анжумани тарих» («Тарих анжумани») аъзолари сифатида ҳар куни арки олийга бориш ва унинг ободлигию вайроналиклари сабаблари борасида олий мадрасада тадқиқотлар ўтказишга тайинланган эдик».12

Шарифжон махдум Садри Зиё томонидан тузилган, араб-тожик тилидаги «Мажмуаи тазкор» асари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 2193 рақами остида сақланади. Асар насталиқ хатида чиройли ҳуснихат билан ёзилган. Ҳижрий 1342 – 1347/ милодий 1923–1928-29 йилларда тузилган. 459 варақдан иборат. Асар ҳақида шарқ қўлёзмалари тўпламининг тарих жилдида қисқача тавсифланган.13 Тўпламнинг дастлабки варақларида рус-тожик луғати берилган. «Мажмуаи тазкор» Ўрта Осиё тарихи, адабиёт ва бошқа фан соҳалари бўйича муҳим маълумотларни жамлаган.

Қўлёзмада баъзи муҳим саналган асарлардан кўчирмалар мавжуд. Масалан, Жомийнинг «Ал-мақомат Абул бақо», Бухоро шаҳри тарихи, Наршахийнинг «Бухоро тарихи» қисқача баёни, Носириддин бин амир Музаффарнинг «Ходи аз-зоирийн» асари, «Рисола дар байани шаҳри Нурата», «Алам ал-ахбор» ва Алоуддин Аттор ҳақида Хорун ар-Рашид билан ёзишмалар ва бошқалардан кўчирмалар мавжуд.

Мажмуада «Мунтахоби салотин ва шахриёрон», «Мунтахоб ат-таворих», «Мунтахаб дар таъйин ва табаййуни балади машхура», «Чингизхон ва унинг ворислари қисқача тарихи», «Силсилаи салатини узбеки чингизийа», Абулхайрхондан бошлаб сўнгги Бухоро амири Олимхон давригача бўлган давр тарихи яъни шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар даври тарихи алоҳида ажратилиб ва Бухорода советлар ҳокимиятининг ўрнатилиши, Эрон, Усмонийлар Туркияси, Афғонистоннинг қисқача тарихи, Россия ва унинг князликлари тарихи ҳам ёзилган.

Мажмуада «Рисолаи хаттотини настали-қи», «Тазкирайи шуарои мутақаддимин ва са-лотини муъасирин» ҳам берилган. Қўлёзмада «Рисолаи ҳаттотини насталиқи»да кўпроқ Бухорода фаолият юритган насталиқ ёзувида ёзган хаттотлар ҳақида маълумот берилади.14

Мажмуада Абдулқодир Жилоний ва унинг издошлари, хатлари ҳақида биографик маълумотлар, Фаробий, Ибн Сино, Носириддин Тусий ва бошқаларнинг таржимаи ҳоли ҳам берилган.

Ушбу қўлёзмада барча давлат ва маъмурий лавозимлар баён этилган. Муаллиф «ўзбек султонларининг ва амалдорларининг мансаблари ҳақида Чингиз замонларидан буён амалда бўлган мансаблар тилга олинади. Уламолар, улуғлар ва булардан бошқа ҳукмдорлар тўрт гуруҳга бўлинади…»,15 деб ёзади. Қўлёзмада мансаблар саккизта даражаларга ажратилган. Энг олий лавозим қозилар мансаби бўлиб, улардан энг олийси шайх ул-ислом эди, кейингилари қози ал-қуз-зот, қози аскар, вилоят қозиси ва ҳ.к.

Умароларнинг мансабларига оталиқ киритилган бўлиб, унинг вазифаси Бухорои шариф сувининг идораси, Самарқанддан Қоракўлгача бўлган сув тақсимоти унинг қўлида эди. Бухоро мироблиги ва доруғалигига ҳам у қарар эди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида давлатчиликнинг ўзига хос белгилари – Бухоро давлатининг бошқарув тизими, амалда бўлган қонун-қоидалар, лавозим ва маросимларнинг жорий этилиш тартиби ва шу кабилар кўп олимлар диққатини жалб этди.16

Шарқшунос олима Д. Валиева «1948 йилда А.А.Семенов Мирза Бадиъ девон қаламига мансуб бўлган трактатни чоп этади. Аслида, у Шарифжон махдум тузган мажмуадан олинган. Кейинчалик мазкур трактат «Мажма ал-аркам»нинг тўла нашрига ҳам илова қилинди», – деб ёзади.17

А.Б.Вильданова «Мансаб ва унвонлар тўғрисидаги Бухоро трактатининг асл нусхаси» 18 номли мақоласида Душанбе Халқ кутубхонасида 649 рақами остида «Мажма ал-арқом»(1б-86 б) нинг автограф нусхаси ва юқорида эслатилган трактат (87а-96 а) ҳам мавжудлиги ҳақида хабар беради. Муаллифнинг ёзишича, трактат тили ва услуби «Мажма ал-арқом» билан умумий ва махсус терминлардан фойдаланганида уларни изоҳлаш учун ўқувчини «Мажма ал-арқом»га мурожаат қилишга йўналтиради. Трактат муаллифининг ўзи уни илова (тазйил) деб ёзади.

А.Вильданова китобнинг муаллифи Мирза Муҳаммад Бадиъ – девон эканлигини ёзади. Шунингдек, уларнинг асл нусхаси А.А.Семенов таржимасидаги матн қисмидаги етишмаган жойларини тўлдиради, А.Семенов тушунмаган баъзи жойларини тушунишга ёки бошқача тушунишга имкон беради»19 деб ёзади.

Манбашунос олим Ш.Воҳидов А.А.Семёновнинг таржима асари, кейинроқ олима Б.Вильданова томонидан нашрга тайёрланган Мирза Бадиъ Девоннинг «Мажма ул-арком» асосида Бухоро амирлигидаги унвон ва мансабларни ўзбек тилига таржима қилиб, чоп эттиради.20

Америка Қўшма Штатлари Индиана университетидаги марказда фаолият юритган Ю.Брегель сўнгги тадқиқотида оталиқ ва қўшбеги атамаларига ва уларга эга бўлган шахслар ҳақида батафсил тўхталади ва Мирза Баъди Девон афтидан, «Тазйил»нинг муаллифи эмас, деган хулосага келади.

Мазкур хулосани яна германиялик олима Анке фон Кюгельген асарида ҳам учратдик. Иккала муаллиф ҳам «Тазйил»да оталиқ ва қушбеги мажбуриятларининг тавсифи ғалати, деган фикрга келишган. Уларнинг фикрича, қушбеги XVIII асрда вазир даражасига кўтарилган, Ю.Брегель «Мажма ал-арком муаллифи «Тазйил» яъни иловани қадимийроқ тўпламлардан шунчаки кўчириб олган, афсуски, бу тўплам бизгача етиб келмаганлиги учун уни қайта текшира олмаймиз»21, деб ёзган.

Юқоридаги фикрлардан хулоса қилиш мумкинки, Садри Зиё ҳам унвон ва мансабларга оид маълумотларни қадимийроқ китобдан кўчирган, чунки Садр Зиё яшаган даврда оталиқ лавозими амалда мавжуд эмас эди ва қўлёзмада кўрсатилган оталиқнинг вазифалари бу даврга келиб қушбегининг зиммасида эди.

Биз учун қўлёзмадаги маълумотлар жуда муҳим, чунки мазкур маълумотлар асосида Бухоро хонлигидаги мавжуд бўлган унвон ва мансаблар, уларнинг вазифа ва ваколатлари ҳақида билиш имконини беради.

Ҳозирча Бухоро хонлигидаги унвон ва мансаблар тўғрисида тўлиқроқ маълумот берувчи бундан бошқа тарихий қўлёзмалар маълум эмас. Шунингдек, мазкур қўлёзмада туманлар ўртасида сув тақсимоти ҳақида маълумот берилган. Масалан, Унда Кармина, Шофурком, Комот ва Сомжин, Хайробод ва бошқаларга қанча равоқ сув берилиши кўрсатилган. Мазкур қўлёзмада яна мадрасалар ҳақида ҳам маълумот берилади.22

Қўлёзмада «Тарихи осори атиқаи ва биноҳои қадимия Бухорои шариф» мавзуидаги Бухоронинг қадимий бинолари тўғрисидаги маълумотлар ҳам муҳим. Шунингдек, мажмуада Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабзда бунёд этилган баъзи бинолар тарихи ҳақида қисқача баён этилган. Унда Мирзо Улуғбек мадрасаси, амири Араб мадрасаси, Абдулазизхон бин Убайдуллохон мадрасаси, Абдуллахон мадрасаси, Жўйбори Калон мадрасаси, Дилкушо мадрасаси, Надр девонбеги мадрасаси, хонақоҳи ва ҳовузи, Хожа Аҳрор мадрасаси, Қосимшайх хонақоҳи, Калон мадрасаси ва ҳ.к.лар тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Зиёрат туризмига эътибор кучайган бир даврда асардаги маълумотлар жуда муҳим. Тўпламдаги маълумотлар асосида Бухоро, Самарқанд ва бошқа жойларда қурилган бинолар, уларнинг тарихи, жойлашган ўрнини аниқлаш мумкин. Сабаби асрлар давомида баъзи биноларнинг номи ўзгартирилган ёки вайрон бўлган ва ўрнига бошқа бинолар қурилган бўлиши мумкин.

Қўлёзмада Абдулазиз бин Убайдулла хон ҳижрий 950 йилда ҳазрат Нақшбанднинг шимолида бино қилинганлиги ҳақида маълумот берилган.

Қосимшайх хонақоҳини Карманада ҳижрий 960 йилда Абдуллахон ўзбек бин Искандархон қурдирганлиги ёзилган. Асарда кейинги давр китобларида такрорланиб келган жумлаларни ҳам учратдик «Абдуллахон бин Искандархон худди шу сингари мадраса, работ, хонақоҳ, сардобалардан мингтача қурдирди».

Асарда Калон мадрасаси Бухоронинг қадимийроғидир, дейилади. Шунингдек, Калобод мадрасаси Бухородаги биринчи эканлиги тўғрисида тарихчилар орасида ихтилофлар бор, деб маълумот берилган.

Тарихимизнинг ўқилмаган саҳифаларини қайта тиклашда юқоридаги каби маълумотлар жуда муҳим аҳамиятга эга.

Қўлёзмада маълумотлар келтирилар экан, масалан, Наршахийнинг айтишича, Мушфиқийнинг келтиришича каби ибораларни ҳам қўлланганлиги, ҳар бир янги мавзуни алоҳида ажратилганлиги, тарихий шахслар, жой номларининг бошқа рангларда ажратиб ёзилганлиги ҳамда тарих, адабиёт ва бошқа соҳалар бўйича маълумотларни бир жойга жамланганлиги билан ҳам қимматли.

Садри Зиёнинг мазкур мажмуасини ёзар экан, нодир асарлардаги маълумотлар оммага етиб боришига ва чиройли санъат асари даражасидаги хаттотлик ишига катта ҳисса қўшган десак асло муболаға бўлмайди.

В статье анализируется один из известных деятелей Бухарского ханства конца XIX – начала ХХ века Мухаммад Шариф Садри Зия и одно его историческое наследие, хранившееся под номером 2193 Института Востока Академии наук республики Узбекистана «Маджмуаи тазкор».


1 Ҳамроев У. Нодир асарлар хазинаси // Ўзбекистон маданияти. 1963. №1; Бир шахсий кутубхона ва унинг каталоги ҳақида // Научные труды и сообщения. Кн.6. 1963.Б. 387-396 Шукури М. Садри Бухоро. Теҳрон. 1380 (форс тилида); Эсонова Ш.Садр Зиёнинг «Рўзнома» асари тарихий манба сифатида // Ўзбекистон тарихига янги чизгилар. Даврий тўплам. –Т.,1999.№1.–74-83;

2  Муродов А.Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан. – Т.:Фан,1971. –Б.94.

3 Vohidov Sh., Erkinov A. Le fihrist (cataloque) de la biblioteque de Sadri Ziya: une image de la vie intellectuelle dans le Mavarannahr (fin XIX e – deb. XX s) // Cahiers d  Asie Centrale. 1999.p.141–174.

4 Воҳидов Ш., Чориев З. Садри Зия и его библиотека (из истории книги и книжной культуры в Бухаре в начале ХХ века). Книга 1. Ташкент. «Yangi asr avlodi». 2007. 182 s.

5 Қаранг. Вохидов Ш. Из истории частных библиотек в Бухарском эмирате конса XIX – начале ХХ вв.(Опыт реконструксии частных библиотек в Бухаре и Шахрисабзе) // Iranname.2012. №2.s.261–284.

6 Рўзномаи Садри Зиё. Вақое нигори тахавулоти сийоси ижтимоий Бухорои шариф. Таҳқиқ ва пежуҳеш Муҳаммаджон Шакури Бухорои. Теҳрон.1382.500 (форс тилида).

7 Ҳамроев У. Бир шахсий кутубхона ва унинг каталоги ҳақида // Научные труды и сообщения. Кн.6. 1963. б.387.

8 Рўзномаи Садри Зиё. Вақое нигори тахавулоти сийоси ижтимоий Бухорои шариф. Таҳқиқ ва пежуҳеш Муҳаммаджон Шакури Бухорои. Теҳрон.1382. Б.35. (форс тилида).

9 Рўзномаи Садри Зиё 21-бет

10  Воҳидов Ш., Чориев З. Садри Зия и его библиотека (из истории книги и книжной культуры в Бухаре в начале ХХ века. с.22.

11 Лунин Б. В. 20 – 30 йилларда Ўзбекистонда этнография масалаларининг ўрганилиши // ХХ аср дастлабки ўттиз йиллигида Ўзбекистонда  тарих фани. – Б. 314.

12 Саййид Муҳаммад Носир ибн Музаффар. Таҳқиқоти арки Бухоро. Форс тилидан таржима, сўзбоши, изоҳлар ва кўрсаткичлар Ғ.Каримовники. – Т., 2009. – Б.11-12.

13 СВР. История. № 257.

14  Садри Зиё. Мажмуаи тазкор. 248а – 269 б варақлар.

15 Садри Зиё. Мажмуаи тазкор. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди,инв. № 2193. 231а-бет.

16 Сагдуллаев А., Аминов Б. Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти. 1-қисм. – Тошкент: Академия, 2000. – 208 б; Мукминова Р., Агзамова Г. Бухоро хонлиги (амирлиги). // Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари. – Т.:Шарқ, 2001. – 106 б; Воҳидов Ш., Холиқова Р. Марказий Осиёда давлатчилик тарихидан. – Т., 2006.

17 Масалиева О. Бухоро хонлиги тарихи мустақиллик даври тарихшунослигида // ЎЗМУ хабарлари. Тарих туркуми. Махсус сон. 2013. – Б.127–129.

18 Вильданова А.Б. Подлинник бухарского трактата о чинах и званиях // Письменные памятники Востока.– М., 1968. – С. 40-45.

19 Вильданова Подлинник бухарского трактата о чинах и званиях // Письменные памятники Востока. –Б.41.

20 Воҳидов Ш. Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигида унвон ва мансаблар. – Т., 1996. – 32 б.

21 Bregel.Y. The administration of Bukhara under the Mangits and some Tashkent manuscripts.(Papers on Inner Asia.№34). – Bloomington, 2000.– P.17.

22 Масалиева О. Хотин-қизларнинг ўрта асрлардаги тарихий жараёнда тутган ўрни // Илм-фан тараққиётида олима аёлларнинг ўрни. Илмий-амалий анжуман материаллари. – Т., 2005. – Б. 233 – 235.


INFOLIB, №4, 2020