Социология фанлари доктори,
профессор Абдусалом Умаров
билан суҳбат

Абдусалом Умаров – мутахассислиги бўйича журналист, меҳнат фаолиятини бундан 55 йил муқаддам мактаб кутубхонаси мудирлигидан бошлаган. Дорилфунун таҳсилидан кейин биринчи ўзбек энциклопедияси таҳририятида, Низомий номидаги Педагогика институтида ишлаган. 1997 йили ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори этиб тайинланган. У филология фанлари номзоди, социология фанлари доктори, профессор сифатида кўплаб монография, дарслик, ўқув қўлланмалари ҳамда илмий ва публицистик мақолалар муаллифидир.

Абдусалом ака, социолог олим ва узоқ йиллар кутубхонада фаолият олиб борган раҳбар сифатида айтингчи, бугун халқимизнинг китобхонлик даражаси қай аҳволда? Йиллар давомида илгарилаш кузатилдими ё таназзул?

Мураккаб савол. Китобхонлик даражасини ўлчаш учун олис ўтмишга назар ташлаш керак. Тарих бизга сабоқ берувчидир, мозий халқимизнинг нақадар китобхон бўлганлиги, китобнинг ўрни нақадар юқори тутилганлиги ҳақида дарак беради. Китоблар бир улов – от баҳосида сотилган, демак қадри ҳам, қиймати ҳам баланд бўлган. Афсуски, ҳозир ҳам шундай, деб мақтана олмаймиз, чунки китоб-хонлигимиз тушиб кетди. Сабабини, мен оилалардан, фарзанд тарбия қилаётган ота-оналардан кўраман. Оилада китобга меҳр, ҳурмат, унга азиз яратиқ сифатида қаралмас экан, ўша хонадондан китобхонлар чиқишини кутиш хато бўлади. Чунки ота-она, бобо-буви нимани лазиз билса, нимага кўпроқ эътибор қаратса, мурғак гўдак ҳам шунга эътибор қаратади, китобга кўринмас ип билан боғлиқлик ҳосил бўлади. У китоб билан ўсиб боради. Кейин мактаб, кутубхона тарбияси бошланади. Китобхонлик ҳам тизимлиликни, тартибни талаб қилади. Иш мунтазам олиб бормаса, китобхон бўла олмайди. Китобхонликка кириш ҳам қийин, чиқиш ҳам. Китобнинг таровати сира бизни тинч қўймайди.

Лекин бугун китобхонлар камайди, бунга жойларда кутубхоналарга бўлган катта эҳтиёжнинг вақтида тўлдирилмагани сабаб бўлди. Китобларнинг адади ва уларга берилаётган тақризлар, реклама ва бошқа омиллар бозор ҳукмига бўйсунди. Бундан ташқари, 2006 йилда бир қарор чиқдики, яъни жойлардаги ҳаммабоб кутубхоналар таълим муассасалари кутубхоналарига бўлиб берилди. Натижада, вилоят марказларидаги ўн тўртта илмий универсал кутубхоналардан ташқари барча кутубхоналар юридик шахс мақомидан маҳрум бўлди. Кутубхоналарни ахборот-ресурс марказларига айлантирамиз, замонавий технологияларни олиб кирамиз ва шу орқали ривожлантирамиз, деган катта мақсад бор эди, аммо амалда ундай бўлмади. Қишлоқ кутубхоналари ўрнини ҳеч нима боса олмади, таълим муассасаларига эса аҳолини киритишмади. Натижада жойларда китоб учун катта эҳтиёж пайдо бўлди ва биласизки, эҳтиёж вақтида қондирилмагач, йўқ бўлади, бунинг жабрини ҳамон тортиб ётибмиз. Кўрдингизми, биргина пухта ўйланмай қилинган ҳаракат қандай оқибатларга олиб келиши, тузатиб бўлмас яраларни ҳосил қилиши мумкин. Ўз қўлимиз билан минглаб китобхонларни бой бердик.

Китобга меҳр ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, мурғак болага китоб сирларини очиши учун ота-она, устозу мураббийлар тер тўкиши, заҳмат чекишлари керак. Бугун ўзбек оилаларида китоб ўқиш маданияти қай даражада?

Ҳавас қиларли эмас. Биласиз, ўзбек оилаларида болалар бобоси, момоси қўлида тарбия топади, лекин уларнинг қўлида ҳам камдан-кам китоб кўрамиз. Уларни доим китоблар билан таъминлаб туриш масаласи ҳам вужудга келган. Боя таъкидлаганимиздек, кутубхоналарнинг ёпилгани, катта салбий оқибатларни келтириб чиқарди ва бунинг ўрни ҳали-ҳамон тўлмаса керак?!

Мен Самарқанд вилоятининг Қўшработ вилоятида туғилганман. Бизнинг болалик кенг далаларда ўтди, электр чироқлари орзу эди. Лекин китоб ўқишимизга, билим олишимизга бу сира тўсқинлик қилмаган. Бизга энг мароқ берадиган нарса китоб эди, ундан бўлак ҳеч нима, ҳатто радио ҳам ҳамма уйда йўқ бўлиб, телевидение эса ёруғ орзу эди. Эсим-да бор, бешинчи синфда отам суратли «Ўзбек халқ эртаклари» китобини олиб келиб берган. Ўшандан бери китобларга асирман. Мени китоб ўзим бормаган жойларга тасаввур орқали боришга ундаган, ўзим ҳали ҳис қилмаган туйғулар таъмини туйишга ўргатган. Мен ҳозир ҳайратларим ўлмаслиги учун китоб ўқийман.

Сиз, босма китоблар ўқиган китобхон, асосан, кутубхоналарда фаолият юритган одам сифатида айтингчи, Сизни электрон китоблар, электрон кутубхоналар ва онлайн дарслар хавотирга соладими ё хурсанд қиладими?

Хавотирга солмайди, қайтанга хурсанд қилади. Азалдан замон янгиликларини тез илғайман ва мослашаман. Манбаларнинг электрон шаклга ўтиши замон талаби. Бир кутубхона кичкина компьютер ёки планшет-ларда сақланишидан қувонмай бўладими?!

Ҳозир мени электрон китобларга муҳаббатим ошиб бормоқда. Чунки уни истаганча кўзимга яқинлаштириб кўришим мумкин, ёш улғайгач биласизку, кўз хира тортади, бу айнан мен боп бўляпти. Бундан ташқари, мақола ёзиш, уни таҳрирлашда ҳам кўпгина қулайликлар бор. Бу катта имконият.

Айни пайтда Навоий вилояти, Навбаҳор тумани ахборот-кутубхона маркази кутубхоначиларининг телеграм каналига аъзо бўлганман. Улар ҳар куни ўттиз-қирқта китобни электрон шаклда саҳифага улашади. Улар-нинг чекка туман бўлса-да, замонга мослашгани қувонтиради. Мен ҳар куни уларнинг каналига кириб, кўплаб нарсаларни оламан. Шунинг учун шу суҳбат орқали уларга ташаккур билдирмоқчиман.

Китобларнинг сотиб олингани эмас, ўқилгани хазина. Лекин кўпгина кутубхоначиларнинг китоб ўқимаслиги ва китобга муҳаббати йўқлигини пайқаб ранжийсан киши. Китоб ўқиган ва унга бефарқ бўлган кутубхоначи ўртасидаги тафовутни нималарда кўрасиз?

Билмасам, китоб ўқимайдиган кутубхоначиларни укол қила олмайдиган ҳамшираларга ўхшатишган. Китоб ўқимайдиган кутубхоначи миллат келажагининг заволидир. Мана қаранг, чаманзор боққа борсангу гулни ҳидламай ўтсанг, китоблар ичра умринг ўтсаю, битта китоб ўқимасанг, бу фожиа даражасида. Кутубхоначилар ўқимаслиги катта йўқотиш, бундан миллатимиз маънавияти ва маданиятига зиён етади. Улар бугунги кун талабига жавоб бериш керак. Кутубхоначининг савияси – жамиятнинг маданий савияси мезонидир.

Мана бир неча йиллардан бери «Kutubxo-na.Uz» журналининг бош муҳарририсиз, қолаверса, шу соҳа вакилларини етиштириб берадиган таълим даргоҳининг профессорисиз, айтингчи, бўлажак кутубхоначиларнинг савияси қандай? Улар кўпроқ нималарга эътибор қаратиши керак?

Бугунги кун кутубхоначилари икки йўналишда тайёрланаяпти. Биринчиси техник йўналишда, иккинчиси маданиятнинг бир йўналиши сифатида. Маълум муддат фақат ахборот улашувчи, техник кутубхоначилар тайёрлашга урғу берилди, аммо бу ўзини оқламади. Анаънавий таълимга қайтилди, кутубхоначилик соҳасини аввало маданий асосга қўйилмаса, кўп нарса кемтик бўлиши маълум бўлди ва ҳозирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида кутубхоначилар тайёр-ланмоқда. Албатта, улардан умидимиз катта. Бугунги кун кутубхоначиси дунёнинг шу соҳада эришган барча ютуқларидан бохабар бўлиши, замон ва ёшлар талабини тез илғаши, уларга йўл кўрсатиш учун ўзи заковатли шахс бўлиши керак. Шунинг учун ҳам жаҳонда кутубхоначи касбига юксак ҳурмат ва эътибор билан қарашади. Кутубхоначи – педагок, унинг тавсиялари кўп нарсани ўзгартириши мумкин. Сўраган китобни жавондан олиб бериш – бу ҳали кутубхоначи дегани эмас. Лекин кўпчилик кутубхоначи ишини шундай жўн тушунади, бу эса катта хато.

«Kutubxona.Uz» журнали бу соҳадаги, таъбир жоиз бўлса, делитантликка барҳам бериш учун илғор тажрибаларни тарғиб қилиш, истеъдодли кутубхоначиларни элга танитиш, уларга кенг минбар бўлиш вазифасини ўтаб келмоқда..

Миллатнинг юксалиши, давлатнинг тараққий этишида илм-фаннинг хизматларини тўғри англамайдиган, ундан тез ва реал натижа кутадиган, акси бўлса, илмдан воз кечадиган раҳбарлар кўп. Сизнинг-ча миллат тараққиётида илмнинг ўрни қандай?

Илмсиз бирон соҳа ўсмайди, янгилан-майди. Бугун буни англаб, сергак тортдик. Фанлар академиясининг фаолияти йўқолиб, илмий тадқиқотларнинг миллатга натижаси умуман сезилмай қолди. Биз кўп нарсани йўқотдик. Кўп ёш олимлар мамлакатни тарк этиб кетишди. Ҳадисда айтилганидек, бизни қутқарадиган куч ҳам, нажот ҳам – илм, бошқа нарса эмас, Ҳозир, шукрки, илм-маърифатга эътибор катта, миллат тақдири ва келажагимизни ўнглаш илм билан амалга ошиши ҳаммага маълум бўлиб бормоқда. Дунёдаги барча жабҳалар бизга илмий савиямиз даража-сида очилади. Дунёни ўрганишдан қочмайлик. Болаларимизни дипломли қилиш эмас, чин маънода билимли қилиш учун курашмоғимиз керак, урғуни шунга беришимиз зарур. Миллатнинг эртаси таълимда.

Техник ходим ҳам ижодкор бўлиши керак. Ҳамма одамда истеъдод бор, буларни тарбиялаш миллий ғоя тарзида қўйилди, кутубхоначилар бунга бефарқ қарамаслиги зарур. Олимлар ва ёш тадқиқотчилар учун кутубхоналарда барча имкониятлар муҳайё бўлиши лозим. Кутубхона олимларга биринчи даражадаги ёрдамчи бўлиши керак.

Кутубхоначи китобхонга китобларни саралаб бериши керак, деймизу, лекин бугун адабиётимизда саралаш тизими ишлаяптими ўзи, деб ўйлаб қоламиз. Адабиётимизда танқид йўқолиб кетди. Айтайлик, юртимиздаги машҳур «Адабиёт ва санъат» газетасида биронта тақриз чиқмайди, бу нима дегани? Авваллари бирор сони баҳссиз бўлмасди. Шунинг учун одамлар бу газеталардан узоқлашиб кетаяпти, натижада, ёшлар келажаги учун муҳим китоблар, бадиий асарлар сараланмаяпти, бу катта йўқотиш… Бу, афсус билан қайд этиш керакки, миллатнинг китобхонлик диди тарбияланмаётганидан ва мутолаа маданияти даражаси пастлашиб кетаётганидан дарак беради.

Ҳаётингиздаги Миллий кутубхонанинг ўрни ва бу даргоҳ китобхонлари-ю, ходимларига талаб-у истакларингиз.

Бу даргоҳ жуда улуғ маскан. Бу ерга келганимда дастлаб жамоага бирдан киришиб кета олмаганман. Ўшанда кутубхонада директор ўринбосари бўлиб ишлаётган раҳматли Ҳамида Умарбекова бир гапни айтганди: «Абдусалом Одилович, кутубхонанинг тупроғи оғир бўлади, одам бу ерга келадию, кетиши қийин бўлади». Ўша пайтда «Эй, кўнгил учун айтди-қўйди-да!» дегандим, лекин йиллар ўтиб билдим, чиндан бу даргоҳнинг тупроғи «оғир» экан, машаққати қадрли, кета олмай қолдим. Ўн беш йил раҳбарлик қилдим. Бўшаб кетганимдан сўнг ҳам бу ердан сира узоқлашмадим, нимадир мени тортиб турди, барига сабаб китоблар ва бу даргоҳнинг одамлари бўлса керак. Яқинда ўз кутубхонамдан иккита нодир китобни Миллий кутубхона фондига тортиқ қилдим, бу ерда уларни ўқишади, тадқиқ қилишади, ўрганишади. Мен ҳар сафар бу ерга келсам, ёшлар гавжум, уларни кўриб севиниб кетаман. Мен ҳам улардек бир китоб, бир жой учун навбатда тургим келади.

Суҳбатдош Жавлон Жовлиев

INFOLIB, №4, 2020