Шамсиддин Камолиддин,
тарих фанлари доктори,
профессор

DOI:10.47267/2181-8207/2020/3-020

Recent studies in the field of historical cartography show that on political maps of the world made in Western Europe in the 16th-18th centuries, the region of Central Asia was called by such names as Usbek, Usbekia, Özbegistan. This article discusses two of such maps. The first is the «Map of the Caspian Sea and the Uzbek Country» compiled in 1735 by the Danish mapmaker Abraham Maas, and the second is the «Map of the Caspian and Aral Seas» compiled by the Greek traveler Vasilio Vatatsi and published in 1732 in London. The place-name «Uzbekistan» is also found in textual sources of the XVI – XVIII centuries. These data show that the place-name «Uzbekistan» was not entered to use in 1924 by the Russians, but was widely used in the political and historical-geographical literature of Europe in the 16th – 18th centuries. At that time, the toponyms Usbek, Usbekia, Özbegistan were used in relation to the entire Central Asia, and meant the state of the Sheibanids and Ashtarkhanids.

Последние исследования в области исторической картографии показывают, что на политических картах мира, изданных в Западной Европе в XVI – XVIII веках, весь регион Средней Азии назывался такими названиями, как Usbek, Usbekia, Özbegistan. В этой статье обсуждаются две из таких карт. Первая – это «Карта Каспийского моря и Узбекской страны», составленная в 1735 году датским картографом Абрахамом Маасом, а вторая – «Карта Каспийского и Аральского морей», составленная греческим путешественником Василио Ватаци и изданная в в 1732 году в Лондоне. Топоним «Узбекистан» встречается также в письменных источниках XVI – XVIII веков. Эти данные показывают, что термин «Узбекистан» не был придуман русскими в 1924 году, а широко использовался в политической и историко-географической литературе Европы XVI – XVIII веков. В то время топонимы Usbek, Usbekia, Özbegistan использовались по отношению ко всей Средней Азии, и подразумевали государство Шейбанидов и Аштарханидов.

Тарихий хариташунослик соҳасида охирги вақтда олиб борилган тад қиқотлар шуни кўрсатадики XVI –XVIII асрларда Ғарбий Европада нашр этилган дунёнинг сиёсий хариталарида Ўрта Осиё ҳудудлари Usbek (Usbec, Usbeck, Vsbek), Usbekia (Usbechia), унинг айрим қисмлари эса Usbek Bucharia, Usbek Bochara, Usbek Chowaresmia, Usbek Mawaralnahra, Usbek Turkistan, Usbek Turan, Usbek Tartaria, Us-bek Zagatay сингари номлар билан аталган. Шуни алоҳида таъкилаш керакки, бу номларнинг барчаси этноним, яъни халқ номи сифатида эмас, балки топоним, яъни жойни – мамлакат номи сифатида берилган. Марказий Осиёнинг бошқа халқларидан хариталарда Usbeck (Usbekia, Özbegistan) мамлакати ҳудудларида яшовчи Turkmenoi (туркманлар), Kazakoi (қозоқлар), Khrkizoi (қирғизлар), Karakalpakoi (қорақалпоқлар) қайд этилган. Баъзи хариталарда Usbeck, Usbekia вa Özbegistan мамлакатининг ҳудудида Turkmania (жануби-ғарбида) вa Karakalpakia (шимоли-ғарбида) вилоятлари кўрсатилган. Лекин кўпчилик хариталарда улар этноним сифатида қайд этилган. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, бирорта тарихий харитада ёки глобусда тoжик этноними қайд этилмаган. Бу этнонимдан ясалган топоним, яъни жой номи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 

Usbeck, Usbekia вa Özbegistan каби номлар билан аталган тарихий хариталар жами 200 дан кўп. Бу хариталар шундан далолат берадики, «Ўзбекистон» атамаси 1924 йилда руслар томонидан ўйлаб топилган эмас, у ўрта асрларда Европанинг сиёсий ва тарихий-географик тизимида ишлатилган. Usbeck вa Usbekia жой номлари ўзбеклар мамлакати Özbegistan жой номининг лотинча шакллари бўлган. Бу номлар XVI – XVIII aсрлардa Ўрта Осиёга нисбатан ишлатилган, унда Шайбонийлар ва Аштархонийлар давлати назарда тутилган. Кейинчалик бу давлат марказлари Бухоро, Хива, Қўқон вa Балхда бўлган бир нечта ўзбек хонликларига бўлиниб кетган. Хариталардаги Ўзбекистон топоними тарихий Туркистон топонимининг давр нуқтаи назаридан давомчиси бўлиб, унга маънодош атама сифатида ишлатилган. Бу иккала этнотопоним XVI – XVIII aсрлардa этник жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган турли қавмларни сиёсий жиҳатдан бирлаштирувчи аҳамиятга эга бўлган.

Бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, мазкур хариталардаги кўп географик ва этнографик маълумотлар аниқ эмас, чунки европаликлар XVI – XVII асрларда Ўрта Осиё ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлмаганлар. Европада хариташуносликнинг ривожланиши Ренессанс даври, яъни XV – XVI асрларга тўғри келади. Бу даврда эса Буюк Ипак йўлида карвонлар қатнови тўхтаган эди. Европаликлар Ҳиндистон ва Хитойга денгиз йўли орқали қатнай бошлаган эди. Шунинг учун Ўрта Осиё европалик саёҳатчилар ва хариташуносларнинг эътиборидан четда қолган эди. Лекин XVIII асрнинг биринчи чорагига келиб, вазият ўзгарди. Бир тарафдан Россия ҳукмдори Петр I томонидан, иккинчи тарафдан Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ томонидан Ўрта Осиёга айғоқчилик мақсадида юборилган саёҳатчилар минтақанинг янги хариталарини чиздилар. Ушбу хариталарда келтирилган географик ва этнографик маълумотлар бирламчи манба сифатида қабул қилиниши мумкин. Бу ерда биз шундай хариталардан энг ишончли 2 таси ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Абрахам Маас харитаси

Шундай харатилардан бири даниялик хариташунос Абрахам Маас (1700 – 1735) нинг 1728 йилда Санкт-Петербургда чизилган «Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати харитаси» (Tabula Nova de Mare Caspium et Usbekorum region) дир. Абрахам Масс Россия ҳукмдори Петр I даврида Россия Фанлар академияси Рус географик жамиятининг картографик бўлими бошлиғи сифатида хизмат қилган.  А.Маас бу харитани 1723 йилда Эрон ва бошқа шарқ мамлакатларига рус элчиларининг юборилиши муносабати билан номаълум шахс томонидан чизилган рус тилидаги қўлёзма хаританинг асл нусхасидан кўчирган. Петр I 1721 йилда Россия империясини эълон қилгандан кейин 1722–1723 йилларда Эрон, яъни Сафавийларга қарши уруш олиб бориб, Каспий денгизининг ғарбий соҳилини Россия империясига қўшиб олган эди. Мазкур элчилар уруш тугагандан кейин 1723 йилда Хива, Бухоро, Балх Персия, яъни Эронга юборилган эди [Дьяконов 1939: 45–51; Берг 1960: 197–198; 1962: 18, 106–108]. Элчилар учун чизилган мазкур харита «Карта-Описание Каспийского моря и Узбекской страны» («Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати харитаси-тавсифи») деб аталган ва 1923 йилда харита Петр I га тақдим этилган. Ҳозир бу харита Санкт-Петербургда Россия Фанлар академияси кутубхонасининг қўлёзмалар фондида сақланади [Фeдчинa 1967: 60]. Абрахам Мааснинг қўлёзма харитаси ҳам шу қўлёзмалар фондида № 3363 рақам остида сақланади. Бу хаританинг сурати 1968 йилда Москвада, 1989 йилда эса Лейпцигда нашр этилган [Klemp 1989: 67]. Номаълум рус муаллифи томонидан чизилган харитани Абрахам Маас харитаси билан солиштириш шуни кўрсатадики, Абрахам Маас ўз харитасини айнан шу рус харитасидан кўчириб, унинг аниқ нусхасини чизган. Иккала харитада бир хил мазмундаги ёзувлар берилган: рус харитасида русча, А.Маас харитасида эса лотинча. Бу харита Петр I даврида ўтказилган картографик тадқиқотларнинг натижалари акс эттирилган илк хариталардан бири ҳисобланади. Абрахам Маас ўзининг харитасида илк марта келиб чиқиши шарқдан бўлган манбаларнинг янги маълумотларидан фойдаланган ва Европани улар билан таништирган. Бунгача Европа хариташуносларининг Каспий денгизи ҳақидаги билимлари жуда ҳам эскиб кетган Клавдий Птолемей даврининг маълумотларига асосланган эди [Nebenzahl 2004: 140].

Веналик ношир ва хариташунос Йоханнес Питер ван Гелен (1673–1754) 1935 йилда Нюрембергда А.Маас харитаси асосида «Каспий денгизи ва Ўзбек мамлакати харитаси, шунингдек атрофдаги мамлакатлар» (Nova Maris Caspii et regionis Usbeck, cum provincijs adjacentibus vera delinetio) номли харитани Хоманн атласи таркибида нашр этди [Maas 1735]. Бу харита 2004 йилда Лондонда Phaidon Press нашриётида K.Nebenzahl томонидан «Mapping the Silk Road and Beyond. 2,000 years of exploring the East» номли атлас таркибида қайта нашр этилди [Nebenzahl 2004: 140].

Абрахам Маас харитаси сиёсий харита бўлиб, унда Каспий денгизи (Mare Caspium) ва унга туташ бўлган ҳудудлардаги давлатларнинг сиёсий чегаралари кўрсатилган. Ўша даврнинг бошқа кўпчилик хариталаридаги сингари бу харитада ҳам ёзувлар лотин тилида берилган. Ҳар хил рангларга бўялган Persia, Russia, Indostan, Chin cингари мамлакатлар қаторида бутун Ўрта Осий минтақаси алоҳида рангга бўялиб, унга лотин ҳарфлари билан «Usbek», А.Мааснинг қўлёзма харитасида эса «Usbekia» деб ёзилган. Яъни бу харитада бутун Ўрта Осиё минтақаси «Ўзбек» (Usbek) номли алоҳида сиёсий бирлик, яъни мамлакат ёки давлат сифатида кўрсатилган. Шимолда бу мамлакат Россия (Russia Magna) га қарашли Калмукия (Kalmuchia) вилояти ва Қозоқлар вилояти (Kosaki Populi Regio), шарқда – Кошғар вилояти (Cascar Regnum), жанубда – Ҳиндистон (Indostan) га қарашли Кобул вилояти (Kabul Regnum) ва Эрон (Persia) га қарашли Забулиятон (Sablestan), Хуросон (Corassan) ва Астробод (Asterabat) вилоятлари билан чегарадош бўлган. Шуниси диққатга сазоворки, харитада «Usbek» мамлакатининг таркибига Амударёдан жанубда жойлашган Ҳиндукуш тоғларигача бўлган ерлар ҳам киритилган. Чунки ўша давда бу ерларда ўзбекларнинг Балх хонлиги бўлган, лекин кўп ўтмай у афғонлар томонидан босиб олинган. Ҳозир бу ерлар Афғонистон таркибига киради, лекин маҳаллий аҳолининг катта қисмини ҳали ҳам ўзбеклар ташкил қилади.

Тарихий-сиёсий жиҳатдан А.Маас харитасида бир тарафдан XVI–XVIII асрнинг биринчи ярмида ўзбеклар яшаган ҳудудлар, иккинчи тарафдан эса Шайбонийлар (XVI аср) ва Аштархонийлар (XVII–XVIII аср биринчи ярми) сулолаларига тегишли ўзбек хонларининг сиёсий ҳокимиятига бўйсунган ҳудудлар  акс эттирилган. «Usbek» ёки «Usbekia» номи остида бирлаштирилган мамлакатнинг чегаралари ғарбда Каспий денгизи (Mare Caspium) нинг шарқий соҳили бўйлаб, шимолда – Эмба (Gemba A.) дарёсининг Каспий денгизига қуйилиш еридан Тангритоғ (Тянь-Шань) тоғларининг шимолий этакларигача, шарқда – Тангритоғ, Помир ва Олой тоғлари, жанубда эса – Ҳиндукуш тоғлари бўйлаб ўтган. Шуниси диққатга сазоворки, айнан шу ҳудуд тарих давомида Туркистон деб аталиб келган, географик адабиётда эса ҳозир ҳам Туркистон табиий-географик ўлкаси деб аталади [Камолиддин 2002: 61 – 68].

«Usbekia» мамлакати 11 та маъмурий бирлик – ўлка (Provincija) ва вилоят (Regnum) ларга бўлинган, бу маъмурий бирликлар харитада 3 қаторда жойлаштирилган. Юқоридаги қаторда қуйидаги 6 вилоят жойлашган (шарқдан ғарбга): Turkestan (Туркистон) – унинг маъмурий маркази ҳам Turkestan vilus Xocan деб аталган; Fargan (Фарғона) – маъмурий маркази Fargan vilus Karcham; Askent (Тошкент) – маъмурий маркази ҳам Askent; Ostrar (Ўтрор) – маъмурий маркази Farab (Фороб); Aralskaia (Орол) – маъмурий маркази Aral ва Turcomani Populi (Туркман аҳолиси) – Туркман чўли (Desertum Turcomanense) да. Ўрта қаторда 3 та вилоят жойлашган: Samarcand (Са-марқанд) – маъмурий маркази Samarkand; Bocharia Propria (Бухария) – маъмурий маркази Bochar (Бухоро) ва Chiwa Propria  (Хива) – маъмурий маркази Chiwa (Хива) Хива чўли (Desertun Chiwense) да. Пастки қаторда 2 та вилоят жойлашган: Badaschan (Бадахшон) – маъмурий маркази Badafshan (Бадахшон) ва Balk (Балх) – маъмурий маркази ҳам Balk.

Иккита вилоят – Бухоро ва Хивага нисбатан Propria (мулк) сўзи ишлатилган бўлиб, бу сўз «хонлик» маъносини англатган бўлса керак. Хива мулки (Chiwa Propria) ва Орол вилояти (Aralskaia Regnum) Regn. Chiwense (Хива вилояти) умумий номи остида ҳам бирлаштирилган. Бухария мулки (Bocharia Propria) ва Самарқанд вилояти (Samarcand Regnum) эса Regnum Bocharia (Бухария вилояти) умумий номи остида бирлаштирилган. Мазкур вилоятларнинг маъмурий марказлари қизил рангли доира ичидаги махсус белги (минорали масжид ва яна бир қуббали бино) билан белгиланган. Харитада «Usbekia» номи остида бирлаштирилган ҳудудларнинг умумий маъмурий маркази, яъни пойтахти акс эттирилмаган.

Хаританинг асосий хусусиятларидан бири шуки, унда ўтроқ аҳоли яшайдиган жойлар (бу жойлар катта-кичиклигига қараб минорали масжид ёки иккита масжид шаклидаги махсус белгилар билан белгиланган) билан бир қаторда кўчманчи чорвадор аҳоли яшайдиган ҳудудлар ҳам акс эттирилган бўлиб, улар қабиланинг катта-кичиклигига қараб, бир нечта ўтов шаклидаги белгилар билан белгиланган. Хусусан, харитадаги маълумотлардан кўринадики, XVIII асрнинг биринчи ярмида кўчманчи чорвадор халқлар Туркистон вилоятининг шимолий қисмида, Фарғона вилоятининг шимолий ва жануби-шарқий қисмида, Тошкент вилоятининг шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий қисмларида ҳамда Хива вилоятининг шарқий қисмида яшаганлар. «Usbekia» номи остида бирлаштирилган қолган ҳудудларни эса харитага кўра, ўтроқ аҳоли яшайдиган шаҳар ва қишлоқлар, шунингдек, тоғлар ва чўллар эгаллаган. Харитадаги айрим ўтовлар ёки бир нечта ўтовлар махсус номлар билан аталган бўлиб, улар бу ерларда кўчманчи аҳоли эмас, балки ярим ўтроқ ҳаёт тарзи олиб борган чорвадор аҳоли яшаганлигидан далолат беради. Масалан, Хива вилоятидаги Амударёнинг қуйилиш еридаги ўтов Steomikare, Ўтрордан шимолда ва Эмба дарёсидан жанубдаги ўтовлар Contubernia Cardaunorum деб аталган.

Харитадаги шаҳар ва қишлоқлар бир-бири билан чизиқлар орқали бирлаштирилган бўлиб, бу чизиқлар карвон йўлларини англатади. Харитада қора рангли доирача ва унинг устидаги байроқ шаклидаги белгилар ҳам мавжуд. Бу доирачалар карвон йўллари ёқасида жойлашган кичик қишлоқларни, байроқли доирачалар эса карвонсаройларни англатган бўлиши мумкин. Абрахам Маас харитаси тарихий топонимия нуқтаи назаридан ҳам маълум аҳамиятга эга. Харитада Amu fl. (Амударё), Sirt fl. (Сирдарё) ва Gemba fl. (Эмба) дарёларидан ташқари яна Iaik fl. (Урал), Fargan fl. (Сирдарёнинг ўнг ирмоғи), Maracal fl. (Сирдарёнинг ўнг ирмоғи) Bochar fl. (Амударёнинг ўнг ирмоғи), Balk fl. (Амударёнинг чап ирмоғи), Kindiralik fl. (Эмбанинг ўнг ирмоғи), Rulchana Kurkan fl. (Амударёнинг Каспий денгизига қуйилувчи юқори ирмоғи), Cihsun fl. (Амударёнинг Каспий денгизига қуйилувчи пастки ирмоғи). Харитада кўплаб тоғ тизмалари акс эттирилган: Karabas Montes (Самарқанд вилоятида, Кешдан шарқда ва Термиздан шимолда жойлашган) ва Balchan Montes (Хива вилоятида, Каспий денгизининг Балхан қўлтиғи қирғоқларида).

А.Маас харитаси авваламбор сиёсий харита бўлиб, унда асосий эътибор макротопонимия, яъни йирик географик ҳудудларнинг номланиши, шунингдек, давлатларнинг сиёсий чераларларига қаратилган. Микротопония, яъни майда жой номлари, шунингдек, географик ва этнографик маълумотлар харитада иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлган. Шунинг учун харитада қайд этилган шаҳар ва қишлоқларнинг номланиши ва жойланишида ноаниқликлар мавжуд, чунки бу соҳада А.Маас ва ундан олдинги рус хариташунослари экирган маълумотлардан фойдаланганлар. Лекин шунга қарамасдан, А.Маас харитаси Ўрта Осиёнинг тарихий географияси, хусусан, унинг макротопнимияси бўйича муҳим манба бўлиб хизмат қилади ва ўша даврнинг сиёсий географиясини акс эттиради.

Василио Вататзи харитаси

Ўрта Осиё минтақасининг XVI – XVIII асрларда нашр этилган хариталари ичида юнон саёҳатчиси Василио Вататзининг 1732 йилда Лондонда нашр этилган «Каспий денгизи ва Орол денгизи харитаси» (Сharta, in qua cruditis spectanda exhibeteur pas Asiae […] Tabula Maris Caspii et Maris Aral) алоҳида аҳамиятга эга [Battatzis 1732]. Юнон ва лотин тилларидаги ёзувларга жуда ҳам бой бўлган бу ноёб икки тилли хаританинг 1730 йилда чизилган асл қўлёзма нусхаси Буюк Британиядаги «Қироллик Географик Жамияти» (The Royal Geographic Society) нинг хариталар хазинасида (RGS, mrAsia Div. 464), унинг нашр этилган нусхалари эса Британия кутубхонаси (The British Library) нинг хариталар бўлимида (BL, Maps, King’s Topographical Collection, 114, 53), шунингдек, Европанинг бошқа кутубхоналарида сақланади [Камолиддин 2005: 36 – 41].

Василио Вататзи (Basilios Battatzis) асли Усмон империясининг Трапея шаҳрилик савдогар бўлиб, унинг отаси Константинопол (Истанбул) да насроний черковининг бошлиғи бўлган. У ёшлигидан халқаро савдо ишлари билан шуғулланиб, кўп йиллар давомида Европа ва Осиё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилган ва ўзининг қилган саёҳатлари ҳақида юнон тилида хотиралар ёзиб қолдирган. Бу хотиралар 1886 йилда Парижда Е.Легранд томонидан нашр этилган [Legrand 1886]. Хотираларда ёзилишича, В.Вататзи Эронда Нодиршоҳ саройида маълум вақт яшаб, унга хизмат қилган ва унинг сирати, яъни таржимаи ҳолини ҳам ёзганлиги маълум. Бундан ташқари, унинг «Рим империяси тарихи» номли китоб ҳам ёзиб қолдирган. 1727–1730 йилларда у Нодиршоҳ топшириғига биноан Каспий денгизи атрофида жойлашган мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилган. Тахминан 1730 йилда у Каспий денгизидан шарқда жойлашган минтақа, яъни Ўрта Осиё харитасини тузиб, 1732 йил 7 декабр куни Лондонга келган ва уни Қироллик География Жамиятига совға қилган. В.Вататзи  яна Жамиятга Бадахшондан қазиб олинган 830 ва 870 каратли 2 та йирик ёқут тошларини ҳам совға қилиб, уларни Бухоро хонидан сотиб олганлигини айтган. Ёқутнинг бу тури туркларда Лаъл, италияликларда Balasia, бошқаларда эса Rubis Balois деб аталган.

Ўша йилнинг ўзида В.Вататзи харитаси ўрганиш учун лондонлик хариташунос олим Доктор Халлига берилади, кейин эса Қироллик География Жамиятининг картографи Жон Сенекс унга ишлов бериб нашр этади. Харитадаги ёзувга кўра, бу харита Буюк Британияда нашр этилган Ўрта Осиёнинг биринчи харитаси бўлган экан.

В.Вататзи харитаси бир қараганда Петр I буйруғи билан рус картографлари томонидан тайёрланган Каспий денгизининг хариталарига ўхшаб кетади. Лекин В.Вататзи харитасининг фарқли хусусияти шундаки, унда минтақанинг катта қисми кўчманчи қабилалар истиқомат қилувчи чўллар билан қопланган, шаҳарлар ва ўтроқ аҳоли яшовчи ерлар эса камчиликни ташкил этади. В.Вататзи Орол денгизини бир ой давомида пиёда айланиб чиқиб, унинг атрофларидаги ерларни тадқиқ этган. Ўзининг бу саёҳати давомида у ушбу сув ҳавзасининг аниқ тавсифини қолдирган ва энг муҳими шундаки, европаликлардан биринчи бўлиб, Амударёнинг Орол денгизига қуйилишини аниқлаган. Бу вақтгача эса Европа хариташунослигида Амударёнинг Каспий денгизига қуйилиши ҳақидаги эски тасаввурлар ҳукм сурар эди. В.Вататзи Каспий ва Орол денгизлари оралиғида жанубга ва шарққа қараб давом этувчи катта қумли чўл мавжудлигини аниқлади.

Харитада Каспий ва Орол денгизлари атрофларидаги ерларда яшовчи бир неча халқлар ва қабилаларнинг ҳудудлари белгиланган бўлиб, ўтов ёки уй шаклидаги махсус белгилар орқали уларнинг кўчманчи ёки ўтроқ ҳаёт тарзи олиб борганликлари ҳам кўрсатилган. Ундан ташқари у ёки бу аҳолининг дини (мусулмон ёки ғайридин), унинг сиёсий жиҳатдан қарамлиги (Russia, Tartaria, Mugalia, Persia ва ҳ.к.) ёки мустақиллиги, табиий бойликлари ёки маъданларнинг мавжудлиги сингари маълумотлар ҳам берилган.

Харитадаги маълумотларга кўра, Каспий денгизи (ΘAΛAΣΣA КАΣΠIА – Mare Caspium) дан шимолда КАΛМОUKOI (Kalmouci) номли халқ, яъни қалмиқлар, улардан шарқда эса МПАΣКIPOI (Baskiri), яъни бошқирдлар яшаган. Хаританинг энг юқори  шимоли-шарқий бурчагида бошқирдлар еридан шарқда, МЕ-РОΣТНΣ  ΣIBIPEIAΣ, яъни Сибир ҳудудларининг бир қисми акс эттирилган. Ундан жанубда юқоридан пастга қараб KONΔOΣI-ΔEΣ (Condosidae) номли тоғли ўлка, яъни жунгарларга қарашли Тагритоғ (Тянь-Шань) тоғлари тасвирланган.

Орол денгизи (ΘAЛAΣΣA АРАΛ – Mare Aral) дан шимолда ва ғарбда харитада ҳар томондан қирлар ва паст тоғлар билан ўралган NTAГ номли вилоят, унинг ичида эса SAM номли қумли чўл кўрсатилган. Жанубда бу вилоят Орол денгизининг жануби соҳилларига қадар чўзилган бўлиб, деярли Амударёнинг қуйилиш еригача етади.

Орол денгизидан шимолда ва NTAГ (Устюрт) вилоятидан шимоли-шарқда КАРАКАΛ-ПАКОI (Caraсalpaci), яъни қорақалпоқлар, улардан жанубда ва Орол денгизидан шарқда эса КАZAKOI (Kosaki) – қозоқлар истиқомат қилган. Сирдарёнинг юқори оқимидаги ва ўрта оқимидаги бир қисм ерлар харитада TОUPKIΣTAN (Turkistan) – Туркистон вилояти деб кўрсатилган бўлиб, бу ерлар Фарғона водийси ва Қўқон хонлигининг ҳудудларига тўғри келади. Жунгарларга қарашли Тангри-тоғ (KONΔOΣIΔEΣ – Condosidae) тоғларидан шарқда КHРКIZОI – қирғизлар яшаган ерлар, улардан шимолда ZOФХАNНΣ (Zofchan) вилояти, жанубда эса, КАΣКАР, яъни Кошғар шаҳри ва Sartae, яъни сартлар яшаган ҳудудлар кўрсатилган.

Орол денгизидан бошлаб Помир тоғларига қадар ҳудудларни ўз ичига олувчи Амударё ҳавзасидаги барча ерлар харитада ΩZMПЕ-ГIΣТАN (Uzbekiae), яъни Ўзбекистон мамлакати деб кўрсатилган. Бу мамлакатнинг ичида EΣМЕГIОΛОU, Хоразм ҳудудларида МПОUХАРIА (Bucharia) – Бухария, Амударёнинг юқори оқими ҳавзасида эса МПЕΔЕΞАN (Badachsan) – Бадахшон сингари вилоятлар, шунингдек, ХIВА (Chiva) – Хива, ΣАМАРКАNТ (Samarcabda) – Самарқанд, МРАΛХ (Balch) – Балх сингари катта шаҳарлар ҳамда КАРΘI (Carsi) – Қарши, ХОТSAND (Chogiand) – Хўжанд, KΩNΔΩΣ (Conduz), яъни Қундуз номли кичикроқ шаҳарлар кўрсатилган. Амударёнинг Орол денгизига қуйилиш ерида эса АРАΛОI, яъни оролликлар истиқомат қилганлиги кўрсатилган.

ΩZMПЕГIΣТАN (Ўзбекистон) мамлакатининг номи харитада бошқа вилоятларнинг номларига нисбатан йирикроқ ҳарфлар билан ёзилган. Бу эса шуни кўрсатадики, ушбу вилоят харитада кўрсатилган бошқа барча вилоятлар ичида алоҳида мақомга эга бўлган ва бутун Ўрта Осиёнинг сиёсий маркази вазифасини ўтаб келган. Бу мамлакатнинг ҳудудлари тахминан Бухоро ва Хива хонликларининг ҳудудларига тўғри келади.

Европада XVI – XVIII асрларда кенг қўлланилган Usbeck ва Usbekia атамалари уларга замондош бўлган ва В.Вататзи харитасида акс эттирилган ўзбеклар мамлакатининг маҳаллий номи Özbegistan (ΩZMПЕГIΣТАN), яъни «Ўзбекистон» атамасининг лотинча шаклларидир. Бу атама дастлаб Шайбонийлар ва Аштархонийларнинг марказлашган давлати ҳудудларини, улар парчалангандан кейин эса марказлари Бухоро, Хива, Қўқон ва Балх шаҳарларида бўлган мустақил ўзбек хонликларининг ҳудудларига нисбатан ишлатилган. Тадқиқотларимизга кўра, бу атама Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларига нисбатан қўлланилган қадимги «Туркистон» топонимининг давомчиси ва маънодоши сифатида вужудга келган. Форс тилида ижод қилган балхлик машҳур тарихчи ва географ олим Маҳмуд ибн Вали (ХVII аср) нинг «Баҳр ал-асрор фи маноқиб ал-ахёр» («Улуғларнинг фазилатлари ҳақида сирлар денгизи») асарида келтирилган бундан аниқ далолат бериб турибди. Бу ўзбек олимининг ёзишича, «Туркистон халқи ҳар бир даврда махсус исм ва номга эга бўлган. Тур ибн Ёфас давридан бошлаб Мўғулхон даврига қадар бу мамлакатнинг барча аҳолиси турк деб аталган. Мўғулхон давридан бошлаб бу мамлакатда яшовчи барча халқлар мўғул, Ўзбекхон давридан бошлаб эса шу вақтгача ўзбек деб аталиб келмоқда. Лекин узоқ мамлакатларда Туроннинг барча аҳолиси олдингидек турк деб аталади» [Махмуд ибн Вали: 32]. Демак, «Ўзбекистон» атамаси «Туркистон» атамаси сингари ХVI – ХVIII асрларда Ўрта Осиёнинг барча қардош халқларини бирлаштирувчи сиёсий аҳамиятга эга бўлган.

Ўрта Осиёнинг бошқа халқларидан ўрта аср Usbeck (Usbekia, Özbegistan) мамлакати ҳудудларида яшаган туркман (Turkmenoi), қозоқ (Kazakoi), қирғиз (Khrkizoi), қорақалпоқ (Karakalpakoi), унинг ҳудудларидан ташқарида яшаган бошқирд (Baskiroi), татар (Tartaroi), қалмиқ (Kalmoukoi) ва мўғул (Mugali) каби халқлар кўрсатилган. Айрим хариталарда бу мамлакат ҳудудларидан ташқарида Tartaria (шимолда), Kalmuchia (шимолда), Mugalia (жануби-шарқда) и Kosaki Horda (шимоли-шарқда) сингари вилоятлар кўрсатилган. Usbeck (Usbekia, Özbegistan) мамлакатининг ичида айрим хариталарда Turkmania (жануби-ғарбда) и Karakalpakia (шимоли-ғарбда) номли вилоятлар кўрсатилган. Лекин кўпчилик хариталарда у этнонимлар жой номи сифатида қўлланилмаган бўлиб, Usbeck (Usbekia, Özbegistan) мамлакатининг ичида яшовчи халқларнинг номлари сифатида берилган.

Ёзма манбаларда Ўзбекистон атамаси

Тарихий хариталардаги маълумотларни ёзма манбаларда келтирилган маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Масалан, Сафавийлар сулоласига мансуб Эрон шоҳи Таҳмасп I (1524-1576) Мовароуннаҳрда жойлашган Шайбонийлар давлатини «Ўзбекистон» деб атаган [Кляшторный, Султанов 2004: 328]. 1562 йилда испан тарихчиси Гарсия да Орта Ўрта Осиёда жойлашган «Ўзбек мамлакати» ҳақида сўз юритган [Berthold 1919: 346, 550]. Бухо-ро шаҳрида яшаган ўзбек шоири Турди Фароғий (тахм. 1640 – 1699) ўзининг ўзбек ва форс тилида битилган шеърларида ўз мамлакатини «Ўзбек юрти» ва «Ўзбекистон» деб атаган [Турди 1971: 13, 14].

Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига мансуб Шоҳ Жаҳон ва Аврангзеб саройида бир муддат яшаган француз элчиси Франсуа Берньенинг ёзишича, «ўзбек татарлари, яъни Самарқанд ва Балх хонлари Аврангзеб (1658 – 1707) ҳузурига ўз элчиларини юборишга қарор қилдилар. Аврангзеб улар юборган совғаларни келтиришни буюрди… булар мевалар эди: олма, узум, қовун. Шундан кейин Деҳли аҳолиси бу меваларни йил бўйи тановул қиладиган бўлдилар, улар асосан Ўзбекистондан келтирилар эди. Мен элчилардан уларнинг мамлакати ҳақида маълумот олишни истадим, лекин улар шунчалик билимсиз эдиларки, ҳатто ўзларининг Ўзбекия мамлакатининг чегараларини ҳам билмас эканлар« [Бернье 1936: 128 – 130].

1836 йилда Бухорога келган рус саёҳатчиси И.В.Виткевич шундай ёзади: «Бухоро шаҳрида бухороликлардан ташқари жуда кўп яҳудийлар яшайди, сен у ерда бутун Ўзбекистон ёки Турондан келган одамларни учратишинг мумкин» [Записки 1983: 104]. Бу маълумот алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, шундан далолат берадики, руслар истилосига қадар Ўзбекистон атамаси Турон атамаси билан маънодош бўлган ва бутун Ўрта Осиё минтақасига нисбатан қўлланилган.

Чет эллардаги ўзбеклар

Фаластиндаги ал-Қуддус шаҳрининг мусулмон қисмида ўрта асрларда Ўрта Осиёлик ан Нақшбандиййа тариқатига мансуб суфийларга қарашли бўлган аз-Зовийа ан-Нақшбандиййа номли хонақоҳ мавжуд бўлган. Бу хонақоҳ Ўрта Осиёлик суфийларга қарашли бўлгани туфайли аз-Зовийа ал-Бухориййа – «Бухороликлар хонақоҳи» ёки аз-Зовийа ал-Ўзбекиййа – «Ўзбеклар хонақоҳи» деб ҳам аталган. Ушбу хонақоҳ асосчилари ўз исмларига қўшиб ал-Бухорий ва ал-Узбекий нисбаларини ишлатганлар. Қарийб 400 йил олдин ал-Қуддус шаҳрида асос солинган ва ҳозиргача мавжуд бўлган ал-Ўзбекиййа номли суфийларнинг хонақоҳи ҳақидаги ушбу маълумот Ўзбекистон ва умуман Ўрта Осиё тарихи учун катта аҳамиятга эга. Айниқса ал-Ўзбекий нисбаси даққатга сазовор бўлиб, унинг эгалари ўзларини этник жиҳатдан ўзбек деб билганганлигини кўрсатади. Ўрта Осиёда ёзилган ёзма ёдгорликларда ўзбекларнинг этник келиб чиқишини акс этувчи нисбалар учрамайди. Бу ерда яшаган одамлар ўзларининг келиб чиққан ери номидан ясалган нисбаларни ишлатганлар: ал-Бухорий, ас-Самарқандий, ал-Балхий, ал-Фарғоний, ал-Андижоний, ал-Тошкандий ва ҳ.к. Ўз ватанидан йироқда яшаган Ўрта Осиёлик ватандошлар эса, кўпинча, ўзларининг келиб чиққан мамлакат номидан ясалган нисбаларни ишлатганлар: ал-Бухорий ва ат-Туркистоний. Фаластинда яшаган Ўрта Осиёлик ватандошларнинг ал-Ўзбекий нисбаси ҳам уларнинг Дашти Қипчоқдан келган этник ўзбек қабилаларига ёки уларнинг ҳукмрон сулоласининг оиласига мансублигини эмас, балки уларнинг умуман Туркистондан, яъни Ўрта Осиёдан келиб чиққанлигини билдирган. Бошқа сўзлар билан айтганда, XVI–XVIII асрларда ал-Ўзбек «Ўзбек» атамаси «Туркистон» атамасининг синоними сифатида Ўрта Осиёнинг умумий номи сифатида ишлатилган [Камолиддин 2013: 29 – 34; Barakat, Kamoliddin 2016: 217 – 236].

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўрта асрларда «Ўзбек таккалари» номи билан машҳур 3 та даргоҳ (хонақо) бўлиб, улар Нақшбандия суфийлик тариқатига мансуб шайхлар ва дарвишларга қарашли бўлган. Улардан бири шаҳарнинг шарқий қисмидаги Ускудар туманида жойлашган Султонтепа таккасидир. Бухоро таккаси деб аталган яна бир даргоҳ Фотиҳ туманида Султон Ахмет майдонида Соколлу Меҳмет Паша масжидининг қаршисида жойлашган. Айюб таккаси деб аталувчи учинчи даргоҳ Айюб масжиди ёнида жойлашган. Айтишларича, илгари бундай таккаларнинг сони 5-6 та бўлган ва уларнинг ҳаммаси «Ўзбек таккалари» деб аталган. Ўзбекларга қарашли бу таккаларининг асосий вазифаси ҳар йили Туркистондан келадиган ва бу ердан ҳаж сафарига йўл оладиган мусофирларни қабул қилиш ва жойлаштириш бўлган. Бу таккалар амалда Туркистоннинг Усмон империясидаги ғайри расмий маданий элчихоналари вазифасини ҳам бажарган. Бу таккаларга Туркистондан келган барча мусофирлар келиб чиқишидан қатъи назар «ўзбеклар» деб аталган. Демак, ўша даврларда «ўзбек» атамаси барча туркистонликлар учун суперэтнос вазифасини бажарган [Камолиддин 2017: 28 – 37].

Бу маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, хулоса қилиб айтиш мумкинки, руслар истилосига қадар, яъни ХVI – ХVIII асрларда Ўрта Осиё халқлари ижтимоий-сиёсий тараққиётнинг турли босқичларида турганлар. Дашти Қипчоқдан келган кўчманчи ўзбек қабилалари ХVI асрдан бошлаб Ўрта Осиёда сиёсий ҳокимиятга эга бўлиб келганлар. Улар маҳаллий туркий тилли ўтроқ аҳолининг юксак маданияти ва адабий тилини қабул қилиб, Темурийлар ва улардан олдинги туркий сулолаларининг давлатчилик анъаналарини давом эттирганлар. ХVI–ХVIII асрларда уларнинг яхлит ҳудуди, ягона ёзма адабий тили ва маданияти мавжуд бўлган. Шунинг учун ўша даврнинг сиёсий хариталари ва глобусларида бу мамлакат Usbeck, Usbekia ва Özbegistan номлари билан аталган. Демак, Ўзбекистон топоними ХVI – ХVIII асрларда ва ҳатто 1865 йил, яъни руслар истилосига қадар Турон ва Туркистон атамалари билан маънодош атама сифатида бутун Ўрта Осиё минтақасига нисбатан ишлатилган. Шу билан бирга «ўзбек» атамаси ҳам бирлаштирувчи этносиёсий ва этномаданий маънога эга бўлиб, Ўрта Осиё минтақасида яшовчи барча халқлар учун супер-этнос вазифасини бажариб келган.

Фойдаланилган адабиётлар

  • 1. Башир Баракат, Шамсиддин Камолиддин. Обитель узбекских суфиев в Иерусалиме // Марказий Осиё тарихи манбашунослиги ва тарихнавислиги масалалари. 5-илмий тўплам. Тошкент: ТДШИ, 2013. Б. 90 – 108.
  • 2. Берг Л.С. Очерк истории исследований в связи с историей картографии Аральского моря // Берг Л.С. Избранные труды. Т. 3. Средняя Азия. М.: Изд-во АН СССР, 1960.  С. 167 – 250.
  • 3. Берг Л.С. Первые русские карты Каспийского моря в связи с вопросом о колебаниях уровня этого моря // Избранные труды. Т. 3. Средняя Азия. М.: Изд-во АН СССР, 1960. С. 332 – 354.
  • 4. Берг Л.С. История русских географических открытий. М., 1962.
  • 5. Франсуа Бернье. История последних политических переворотов в государстве Великого могола / Предисловие А.Пронина, перевод с французского Б.Жуковецкого. М.-Л.: Соцэкгиз, 1936
  • 7. Дьяконов М.А. Путешествия в Среднюю Азию от древнейших времен до наших дней. Л.: Облиздат, 1939.
  • 8. Записки о Бухарском ханстве / Отв. ред. Н.А.Халфин. Вступительная статья и комментарии В.Г. Воловникова. М.: Наука, 1983. C. 104
  • 9. Камолиддин Ш.С. К вопросу об употреблении географических названий «Мавераннахр» и «Туркестан» // O’zbekiston tarixi, 2002, № 4. С. 61 – 68.
  • 10. Камолиддин Ш.С. Ўзбекистоннинг ўрта асрларга оид хариталари // Moziydan sado, 2005, 2. Б. 30 – 33.
  • 11. Камолиддин Ш.С. Василио Ватаче-нинг Ўрта Осиё харитаси ҳақида // Moziydan sado, 2005, 3. Б. 36 – 41.
  • 12. Камолиддин Ш.С. Ал-Қуддусдаги ал-Ўзбекиййа хонақоҳи / Обитель ал-Узбекиййа в Иерусалиме / Cloister of Uzbek Sufies in Jerusalem // Moziydan sado, 2013, № 4 (60). С. 29 – 34.
  • 13. Камолиддин Ш.С. Истанбулдаги Ўзбек теккелари // Хорижий Шарқ мамлакатлари тарихий жараёнлари ва уларни ўрганишнинг долзарб муаммолари. Илмий-амалий конференция материаллари. Тошкент: ТДШИ, 2017. Б. 28 – 37.
  • 14. Камолиддин Ш.C., Мукминова Р.Г. Заметки о географической карте Абрахама Мааса // O’zbekiston tarixi, 2003, № 1. Б. 16 – 26.
  • 15. Кляшторный С.Г., Султанов Т.И. Государства и народы Евразийских степей. Древность и средневековье. СПб., 2004.
  • 16. Махмуд ибн Вали. Море тайн относительно доблестей благородных / Введение, перевод, примечания, указатели Б.А. Ахмедова. Т.: Фан, 1977.
  • 17. Турди. Шеърлар. Нашрга тайёрловчи А.Ҳ.Ҳайитметов. Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1971.
  • 18. Федчина В.Н. Как создавалась карта Ср. Азии. М.: Наука, 1967.
  • 19. Bashir Barakat, Shamsiddin Kamolid-din. Cloister of the Uzbek Sufies in Jerusalem // International Journal of Eurasian Studies, 15 / Ed. by Yu Taishan and Li Jinxiu. Beijing: The Commercial Press, 2016, p. 217 – 236.
  • 20. Сharta, inqu’a cruditis spectanda exhibeteur pas Asiae […] Tabula Maris Caspii et Maris Aral, Karta, di es tois filomathesi parekhetai eidein meros ti tes Asias… Nin proton tipois ekdotheisa par’ ema, Basileia Batatzi … Scale [1: 7 500 000]; 38 x 32,5 cm. / Ed. J. Senex. London, 1732. 
  • 21. Laufer Berthold, Sino-Iranica. Chinese contribution to the history of civilization in ancient Iran. Chicago, 1919.
  • 22. Shamsiddin Kamoliddin. The Place of Anraham Maas’ Map in the Evolution of Central Asian Toponymy // Cešme-Izmir (9 – 15 Ni-san, 2006). I Uluslararasi Türk dünyasi kültür Kurultayi. Bildiri Kitabi: Ege Universitesi, 2006, p. 1207 – 1216.
  • 23. Legrand, Emile (ed.), Voyages de Basile Vatace en Europe et en Asie, Paris: E.Leroux, 1886, p. 183 – 295 (Nouveaux Melanges Orien-taux, Memoires texts et traductions, publie par les professeurs de l’Ecole Speciale des langues orientales vivantes).

INFOLIB, №3, 2020