Доно Зияева,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар Академияси Тарих
институти бош илмий ходими

DOI: 10.47267/2181-8207/2020/3-021

В статье даётся краткая характеристика библиографического указателя по отраслям науки, подготовленного в рамках проекта. Указатель охватывает более 2 200 научных изданий и рукописей, подготовленных и изданных в рассматриваемый период на узбекском, персидском, арабском, а также, русском, английском, немецком и французском языках. Сбор, систематизация и анализ этих источников по Центральной Азии с учетом их географической и языковой принадлежности, а также, по классификации науки (естествознание, социальные науки, медицина), показывает не только развитие научных изысканий на территории Узбекистана в ракурсе взаимовлияния западной и восточной науки, но и позволяет определить состояние интеллектуального потенциала, унаследованного от предков с эпохи Ренессансов IX–XII вв. и эпохи Амира Тимура и Тимуридов.

Маълумки, тарихий тараққиётнинг турли босқичларида, хусусан, IX–XII асрлардаги Ренессанс даврида мамлакатимиз ҳудудида интеллектуал салоҳият жаҳон илм-фанига кучли таъсир ўтказа оладиган даражада юксалди.

Бу даврда жаҳон илм-фани Мусо ал-Хо-размий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Бе-руний, Ибн Сино каби буюк олимларнинг илмий кашфиётлари, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Қошғарий каби алломаларнинг асарлари билан, ислом маданияти эса Имом ал-Бухорий, Ал Ҳаким ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Қаффол Шоший, Абу Мансур Мотрудий, Муҳаммад ат-Термизий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Абдуҳолиқ Ғиждувоний каби мутафаккирларнинг ижодий мероси ва ютуқлари билан бойиди.

Амир Темур ва Темурийлар даврига келиб ватанимиз ҳудудида жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий каби олимлар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий каби шоир ва мутафаккирлар, Баҳоуддин Нақшбандий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (Валий) каби тасаввуф намоёндалари, мусаввир Камолиддин Беҳзод, Мирхонд, Хофиз Абрў, Абдураззоқ Самарқандий, Ғиёсиддин Хондамир каби тарихчиларнинг мероси умумжаҳон илм-фани ва ислом маданияти тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Бундай улкан интеллектуал салоҳият сўнгги ўрта асрлар, яъни XVI–-XIX асрларда ҳам минтақа ҳаётида ўз аҳамиятини сақлаб қолди. Анъанавий интеллектуал мерос, яъни аждодлардан қолган билимлар жамият ҳаёти, тафаккури ва кундалик турмушида ўз аҳамиятини сақлаб қолиб, унга хизмат қилишда давом этди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўзбек халқининг XIX–XX аср бошларидаги интеллектуал мероси пойдеворини айнан шу асарлар асосида яратилган маҳаллий манбалар, улардан қилинган таржима ва кўчирмалар ташкил этган. Уларнинг таҳлили шу даврда минтақа ҳудудида анъанавий илм-фан ҳолатини, илмий салоҳият ва тафаккур даражасини, аждодлар тажрибасини ўрганиш билан бирга, ўрни келганда унумли фойдаланиш имконини ҳам беради.

Кенг турдаги ушбу манбаларни тадқиқ этиш, энг аввало, уларнинг рўйхатини аниқлаш ҳамда фан тармоқлари бўйича тизимлаштиришни тақозо этади. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институтида амалга оширилаётган «XIX–ХХ аср бошларида Ўзбекистонда интеллектуал маданий мерос» мавзусидаги фундаментал лойиҳа доирасида илмий жамоа томонидан республика ва ундан ташқаридаги кутубхоналарда, қўлёзма ва архив жамғармалари каталоглари асосида уларда сақланаётган турли фан тармоқларига оид ва XIX–XX аср бошларига мансуб тарихий асарлар, илмий тадқиқотлар каталоглари мониторинг қилиниб, фан тармоқлари бўйича кўрсаткичли библиография тайёрланди.1

Умуман олганда, Ўзбекистондаги қўлёзма фондлари ва кутубхоналарда 100 мингдан зиёд қўлёзма ва тошбосма асарлар мавжуд бўлиб, уларнинг салмоқли қисми ЎзРФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади. Ушбу қўлёзмалар фонди жаҳон миқёсида беқиёс аҳамиятга эга бўлган бебаҳо хазина бўлиб, у 2000 йилда ноёб илмий ва маданий объектлардан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.  Институтнинг қўлёзмалар фонди олтита алоҳида бўлимдан ташкил топган бўлиб, уларда араб, форс, туркий, ўзбек тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 26 минг жилд қўлёзма, 39 минг жилд тошбосма китоблар ва 10 мингга яқин тарихий ҳужжатлар мавжуд.2 Ушбу тарихий манбалар орасида XIX–ХХ аср бошида яратилган асарлар салмоқли ўрин эгаллайди. Улар турли фан тармоқларига бағишланган бўлиб, сўнгги ўрта асрларда маҳаллий муаллифлар томонидан яратилган бўлиб, улар-дан тахминан 40 фоизи ўтган асрлар манбаларидан қайта кўчирилган ёки таржима қилинган.

XIX аср охирига келиб Ўзбекистон ҳудудига литография, яъни тошбосма усулининг кириб келиши ноширчиликда муҳим воқеа бўлди. Таълим тизими ҳамда кундалик ижтимоий-маданий ҳаётда зарур бўлган асарлар эндиликда катта нусхаларда босмахоналарда чоп этила бошланди. XIX аср охири – ХХ аср бошида қўлёзма асарларнинг тошбосма усулда нашр этилиши натижасида улардан жамиятнинг кенг қатламлари баҳраманд бўлиш имконига эга бўлдилар. Тошбосма усулида, асосан, мадраса ва мактаб дарсликлари, мумтоз ва замонавий адабиёт намуналари, тарихий, тиббий асарлар, янги усул мактаблари учун ўқув қўлланмалар, диний асарлар чоп этилди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, XIX–ХХ аср бошларига мансуб арабий ёзувдаги ўзбек, форс ҳамда араб тилларида битилган маҳаллий манбалар сони 630 дан ортиқ бўлиб, улардан аниқ фанлар (алгебра, арифметика, геометрия) га оид тадқиқотлар – жами 20 та; табиий фанлар (астрономия, астрология, космография, геология, география, минерология, геодезия, гидрография, биология, ботаника, зоология) га оид асарлар – жами 52 та; ижтимоий фанлар (тарих, археология, шарқшунослик, этнография) – жами 135 та; тиббий фанлар (тиббиёт, фармакология, ветеринария) – жами 168 та; диншунослик (ислом таълимоти, тарихи, фалсафаси ва ҳуқуқи) йўналишидаги тадқиқотлар жами – 256 та эканлиги маълум бўлди.3

Рўйхатга олинган маҳаллий манбаларнинг 334 таси (52,5%) XIX–ХХ аср бошларида яратилган, 228 таси эса (36,6%) аввалги асрларда яратилиб, ўрганилаётган даврда қайта кўчирилган ёки ўзбек тилига ўгирилган. Қолган 68 таси (10,6 %) тошбосма усулда чоп этилган бўлиб, улардан 20 таси тиббий, 31 таси диний йўналишдаги асарлардир.

XIX–ХХ аср бошларида минтақамиз тарихи, табиати ва маданиятига оид хорижий тиллардаги асарлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, айнан шу даврда, яъни XIX–ХХ аср бошларида Марказий Осиё нафақат маҳаллий, балки хорижий тадқиқотчиларнинг махсус тадқиқот объектига айланди. Айниқса, XIX аср ўрталаридан бошлаб Марказий Осиё ҳудуди Европанинг ривожланган мамлакатлари – Буюк Британия, Франция, Германия, ҳамда Россия империяси ташқи сиёсатида муҳим геостратегик аҳамият касб эта бошлади.4 Шу муносабат билан минтақага уни ўрганиш, унда яшовчи халқлар билан танишиш мақсадида нафақат ҳарбий-сиёсий, балки илмий экспедициялар ҳам уюштирила бошланди. Минтақага хорижий мутахассисларнинг ташрифи кўпайиб, уларнинг изланишлари ниҳоятда фаоллашди. Улар минтақа табиати, тарихи ва маданиятини, ривожланиш истиқболларини тадқиқ эта бошладилар.

Бу масалаларни минтақага бошқа мамлакатлардан турли мақсадлар билан ташриф буюрган сайёҳлар, элчилар ҳам катта қизиқиш билан ўргандилар. Ушбу изланишлар натижасида бу даврда хорижда Марказий Осиёга бағишланган юзлаб адабиётлар яратилди. Шуни қайд этиш лозимки, тарихимизнинг бирор бир босқичида хорижда ватанимиз ҳақида бу қадар кўп тадқиқот яратилмаган. Бу асарларни ҳақли равишда Ўзбекистон интеллектуал меросига оид манбалар сифатида эътироф этилиши ҳамда ўрганилиши, уларда ватанимиз тарихи, ҳаёти, табиати, маданиятига бағишланган қимматли маълумотлар ўрин олганлиги билан изоҳланади.

Бу даврда минтақада энг катта таъсирга эга бўлган хорижий давлат Россия империяси эди. Изланишлар жараёнида қарийб 1000 дан ортиқ рус тилидаги илмий тадқиқот ва адабиётлар аниқланди. Улар минтақага Россия империяси ҳукмронлиги ўрнатилишидан аввал ва ундан кейин юборилган илмий экспедициялар, турли мутахассислар томонидан амалга оширилган изланишлар натижаларини акс эттиради. Ушбу тадқиқотлар ватанимизнинг ўша даврдаги тарихи, табиати, иқлими, табиий бойликлари, тоғлари, савдо ва алоқа йўллари, топонимикаси, суғориш тизими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, қишлоқ хўжалигини ўрганиш асосида ёзилган. Рус тилидаги тадқиқотлар илм-фаннинг турли тармоқларига бағишланган адабиётлар, даврий тўпламларда чоп этилган илмий мақолалар рўйхати, минтақада фаолият юритган илмий жамиятларнинг архивлари, экспедициялар материаллари, сафар таассуротлари, статистик маълумотлар қайд этилган тўпламлардан иборат.

Рус тилидаги илмий адабиётлар ва мақолалар таҳлилининг кўрсатишича, улардан 40% табиий фанларга, 45 % ижтимоий-гуманитарга фанларга, 7% иқтисодиёт ҳамда 6% тиббиёт масалаларига бағишланган. Булардан ташқари 50 дан ортиқ экспедиция материаллари, 40 дан ортиқ статистик тўпламлар ҳамда Ўзбекистон Миллий архив жамғармаларидаги 5000 дан ортиқ йиғма жилдга эга бўлган 10 га яқин илмий жамиятлар фондларида ҳам рус олимларининг минтақа ҳудудидаги илмий изланишлари жараёни ва натижалари ўз аксини топган.

Библиографиянинг хорижий адабиётлар қисмида минтақага Европадаги илмий жамиятлар томонидан жўнатилган тадқиқотчилар, илмий экспедициялар ҳамда сайёҳларнинг инглиз, немис, француз тилларидаги жами 288 та асари рўйхати, шунингдек, бу ерга ташриф буюрган хитойлик элчилар ва сайёҳларнинг ҳар икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий, сиёсий, савдо алоқалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлган хитой йилномалари қайд этилган. Мазкур рўйхатда 123 та инглиз, 98 та француз ва 59 та немис тилидаги тадқиқотлар, 8 та хитой манбалари ўрин олган.

Минтақага Европа, хусусан, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва бошқа мамлакатлардан ташриф буюриб, изланишлар олиб борган мутахассислар фаолияти5 натижасида илм-фанга янги йўналишлар, янги тадқиқот усуллари ҳамда воситалари ҳам кириб келди. Уларнинг таъсирида минтақада илмий изланишлар доираси ва фан тармоқлари янада кенгайиб, бойиб борди.6

Европалик олимларнинг изланишлари давомида анъанавий илмий ютуқлар, билимлар ва тажрибаларни катта қизиқиш билан ўргандилар. Хусусан, рус олимлари ўлкадаги ўз фаолиятлари давомида Алимхўжа Юнусов, Мирза Ҳаким, Мирзо Бухорий, Мулла Мирзо Абдураҳмон, Акром Асқаров, Мирзо Барат Қосимов каби маҳаллий ўлкашунослар, ҳаваскор изланувчилар билан ҳамкорликда иш олиб бордилар. Маҳаллий тадқиқотчилар асарларини ўрганишга ҳаракат қилдилар.

ХХ аср бошида ўлкада кенг ривожлана бошлаган маърифатпарварлик ҳаракати доирасида жамиятнинг илғор фикрли зиёлилари – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидов, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон тўра Ибрат каби ўнлаб маърифатпарварлар дунёвий илм-фанни ривожлантириш заруриятини тобора чуқур англаб, анъанавий фан ва таълимни жаҳон ютуқлари даражасига кўтариш зарурлигини таъкидлай бошладилар. Шу мақсадда, улар энг аввало, таълим тизимини ислоҳ этишга киришдилар, янги дарсликлар яратдилар, ёшларни хорижий тилларни, янги техника ва технологияларни, дунёвий фанларни ўрганишга, ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўзлаштириш учун чет элларда таҳсил олишга даъват этдилар. Уларнинг илм-фан аҳамияти ва уни ривожлантириш ҳақидаги қарашлари даврий матбуотда чоп этилган мақолаларида ўз аксини топган бўлиб, улар ҳам шу даврдаги интеллектуал мерос тарихига оид муҳим манбалар ҳисобланади.

Хуллас, Ўзбекистон ҳудудида XIX–ХХ аср бошларига мансуб интеллектуал мерос манбалари жуда серқирра ва бой бўлиб, нафақат маҳаллий (араб,форс ва туркий ўзбек тиллари) манбалар, балки рус ҳамда хорижий тиллардаги адабиётларни ҳам қамраб олади. Уларни ўрганиш орқали шу даврда минтақада кечган сиёсий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий аҳвол, маданий ҳаёт, туб ва келгинди аҳоли турмуши, урф-одатлари, хўжалиги, ўзаро алоқалари ҳақида, ва айниқса, илмий тадқиқотлар ва экспедициялар ҳақида жуда кўп маълумотлар олиш мумкин.

Илм-фан йўналишидаги манбалар ва адабиётлар таҳлилининг кўрсатишича, бу даврда маҳаллий аҳоли зиёлилари илм-фаннинг 15 га яқин йўналишларида, рус ва хорижий тадқиқотчилар эса 25 дан ортиқ йўналишларида асарлар яратганлар.

Айнан шу даврда минтақага илм-фаннинг янги йўналишлари кириб келди. Юзлаб асарлар яратилди. Маҳаллий илмий мактаблар, хусусан, тарихнавислик7, адабиёт, география8, минералогия9, тиббиёт ва халқ табобати10, мусиқашунослик, диншунослик, астрономия, астрология11, космография, фармакология каби йўналишлари давом этди. Хорижий тиллардаги асарлар асосан, Европа мамлакатлари ва Россиядаги илмий марказлар, география ва бошқа жамиятлар томонидан уюштирилган экспедициялар материаллари бўлиб12, уларда Орол денгизининг тарихи ва ҳолати, табиати13 – тоғлари, ўрмонлари, даштлари, шунингдек, шаҳарлари, ирригацияси, сув тизими14, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёси, тарихи, маданияти, географик шарт-шароити, табиий ресурслари15, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий халқлар тили, маданияти, этнографияси, астрономия17, топонимика ва топографияга оид изланишлар ўз аксини топган.16

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудида XIX–ХХ аср бошларидаги интеллектуал мерос тарихига оид манбалар тили, йўналиши ва фан тармоқлари бўйича жуда серқирра ва хилма-хил бўлиб, ўз тадқиқини кутмоқда. Бу манбалар ўша даврдаги илм-фан ва интеллектуал мерос тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

INFOLIB, №3, 2020