Зуҳра Бердиева,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар Академияси
Асосий кутубхонаси директори

В истории библиотечного дела Узбекистана был известен как долголетний руководитель Фундаментальной библиотеки Наби Ганиевич Умаров.  Наби Ганиевич начал свою деятельность заведующем отдела восточной литературы Национальной библиотеки Узбекистана (бывшая Государственная библиотека) имени Алишера Навои. С 1948 года был назначен директором ФБ АН РУз, которой руководил 42 года до 2000 года. Под руководством Н. Умарова было построено новое здание библиотеки по индивидуальному проекту, которое не повторилось нигде. Это здание до сих пор имеет большое значение и привлекает внимание не только отечественных, но и зарубежных специалистов тоже. Под его руководством были созданы многие фундаментальные ретроспективные библиографические указатели. С 1967 года была начато издание биобиблиографических указателей ученых Узбекистана под рубрикой «Материалы к биобиблиографии ученых Узбекистана», которые имеют большое значение в пропаганде жизни и творчестве ученых среди молодежи.

Биз 1974  йили Тошент Давлат маданият институтининг кутубхоначилик  факультетига қабул қилиндик. 1978 йилга қадар факультетда таълим олиб, Давлат имтиҳонларини топширдик. Шу йили биз Давлат имтиҳонлари комиссиясининг раиси Наби Ғаниевич Умаровни кўрдик ва танидик. Мен талабалик йиллари амалиёт машғулотларини «Турон» кутубхонасида, институт кутубхонасида бошқа амалиёт машғулотларини ўтаганман. Фундаментал кутубхонага эса китобхон сифатида қатнаганман ва унинг хизматидан фойдаланганман.

Наби Ғаниевич биз талабалар кўзига ўта жиддий, салобатли бўлиб кўринганлар. Кейинчалик институтни тамомлаб «Кутубхонашунослик» кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаганимда улар билан бирга имтихонларни қабул қилганмиз. Мен ёш ўқитувчи бўлганим учун бир неча йил имтиҳон комиссиясида котибалик қилар эдим. Раис сифатида Наби Ғаниевич савод нуқтаи назаридан ўта талабчан эдилар. Мендан доим хатосиз, тартиб билан ёзганларимни кўриб хурсанд бўлардилар. Бунинг сабабини кейин тушундим.

Аслида, Наби Ғаниевич шарқшунослик факультетини 1949 йили тугатган бўлса-да, бутун умри кутубхоначилик иши билан боғлиқ ўтди. Факультетда олган билимлари сабабми, ҳар бир ишда тартибни, саводхонликни, диққат-эътиборни талаб қилар эди.

Шарқ тилларини билгани сабаб университетдан сўнг йўлланма билан Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонага (у пайтда Давлат оммавий кутубхонаси) шарқ адабиётлари бўлимини бошқариш ишига жўнатилди. 1949-1958 йиллари Шарқ адабиётлари бўлими мудири лавозимида фаолият олиб боради. Бу даврда асосий эътиборини фондни бойитишга, уларни классификация қилиш, каталогини ташкил этиш, бошқа мамалакатлар билан муносабатни ўрнатишга қаратди. Шу билан бирга, бошқа соҳа мутахассиси бўлишига қарамасдан, бутун эътиборини кутубхоначилик ишини мукаммал ўрганишга қаратди. Кутубхоначилик ишининг ўзига яраша хусусиятлари сабаб Наби Ғаниевич маориф, маданият ва жамият тараққиётида кутубхоналарнинг, китобнинг нақадар катта ўрин тутишини билиб олди. Ўша пайтда Миллий кутубхонада фаолият юритган машҳур кутубхонашунос ва библиографлар Е.К.Бетгер, О.В. Маслова, А.И.Агеев, М.Я.Носировалар билан ҳамкорлик, ҳамнафаслик, мулоқот уни келгусида кутубхоначилик иши соҳасида ижодий ва ташкилий иш билан шуғулланишида қўл келди. Ўша вақтда Миллий кутубхона раҳбариятининг унга берган тавсифномасида унинг жуда фаол, эътиборли, масъулиятли, ўйлаб иш қиладиган раҳбар экани айтилган.

Кутубхоначилик ишининг барча сир-асрорларини чуқур ўрганиш билан йилдан йилга ўзининг назарий билимларини ҳам ошириб, тажрибасини такомиллаштириб борди.

1958 йилдан Ўзбекистон Фанлар Академияси Фундаментал кутубхонаси директори этиб тайинланади ва то 2000 йилга қадар шу лавозимда ишлади. Ўзбекистон кутубхоналари директорлари тарихида 42 йил бир кутуб-хонага раҳбарлик қилган директор сифатида қолди. Худди шу йили Қўқон педагогика институти таркибида кутубхонашунослик кафедраси ҳам ташкил этилган эди. Бу кафедра 1960 йили Тошкент педагогика институти таркибига ўтказилади. Бу пайтда кутубхоналар учун деярли олий маълумотли кадрлар тайёрлашга тайёр педагог кадрлар йўқ эди. Назарий ва амалий машғулотларни асосан кўзга кўринган, узоқ йиллик кутубхоначилик ва библиографик билимга эга тажрибали кутубхона ходимлари ўтар эди. Шулардан бири Наби Ғаниевич эдилар. Наби Ғаниевич кутубхонада ишлаш билан бирга, кафедрада ҳам дарс ўта бошладилар. Бу иш то 2000 йилга қадар давом этди. Фанлар академиясининг Фундаментал кутухонасини бошқариш давомида бутун кучини кутубхона фондини ўзбек ва хорижий адабиётларнинг янги нашрлари билан тўлдириш, кутубхонанинг маълумот-библиография аппаратини ташкил этиш ва китобхонларнинг зарур адабиётларга талабини бажариш муаммоларини ҳал этишга қаратди. Умаров раҳбарлиги даврида кутубхона фонди тез суръатлар билан бойиб борди. Турли хил каталоглар ташкил этилди, бутун собиқ Иттифоққа машҳур бўлган йирик библиографик қўлланмалар тайёрланди. 1995 йил республикада биринчи бўлиб ФА Фундаментал кутубхонасида кутубхона иш жараёнлари автоматлаштирила бошланди.

Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбари Ш.Рашидовнинг ташаббуси, Наби Ғаниевичнинг хаттиҳаракати билан 4 қаватли, умумий майдони 1300 кв.метр бўлган, 8 та ўқув залига эга жумладан, профессорлар ўқув зали, газеталар фонди, 2 та табиий фанлар зали, диссертациялар зали, бир қаватнинг ўзида икки қаватли китоб сақлаш бўлимига эга бўлган кутубхона биноси қурилди.

Раҳбарлик фаолияти даврида Наби Ғаниевич бир қатор илмий мақолалар чоп этиш билан кутубхона фаолиятини ёритди, тарғиб қилди, кутубхона тарихини, жамият, фан ва маданият тараққиётида китоб ва кутубхонанинг ўрнини англатувчи фикрлар берди. Кутубхона ходимлари тайёрлаган 80 га яқин услубий, библиографик нашрларга масъул бўлди. Айниқса, фан, маданият тараққиётида, китоб фондининг мазмунини очиб беришда библиографик кўрсаткичларнинг аҳамиятига эътибор берди. Фанлар академияси академикларининг биобиблиографик кўрсаткичлари 1964 йилдан бошлаб «Ўзбекистон олимларининг библиографиясига материаллар» туркумида нашр этила бошланди. Бу туркум ҳозирга қадар давом этмоқда. Фундаментал кутубхона кўп йиллар давомида республика ретроспектив библиографияси бўйича марказ бўлиб, кўплаб даврнинг долзарб мавзуларида йирик, мукаммал библиографик кўрсаткичларни нашр этди. Булар Ўзбекистон фани ва илмий ютуқларини сарҳисоб қилишда, тарғиб қилишда муҳим ўрин тутди.

Наби Ғаниевичнинг кўп йиллик ҳалол меҳнати 1968 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», «Шарафли меҳнати учун медали», «Меҳнат фахрийси» унвони, Ҳукуматнинг бир неча фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Наби Ғаниевичнинг биз – шогирдлари, Фундаментал кутубхонанинг ҳар бир ходими улар бошлаган ишни давом эттиришга, ҳалол ва самимий меҳнат қилишга, уларнинг доимо берган ўгитларини, маслаҳатларини амалга оширишга ўзимизни масъул деб биламиз ва уларнинг ёрқин хотирасини дуо билан ёд этамиз.

INFOLIB, №3, 2020