Насриддин Мирзаев,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
«Ислом тарихи ва манбашунослиги
кафедраси таянч докторанти

DOI:10.47267/2181-8207/2020/3-024

This article describes the history of Sultan Muhammad Pahlavi which lived in the 19th century. In particular, archival documents show us his migration from Central Asia to Ottoman Turkey and his activities in some regions there. New finding of archival documents about Sultan Muhammad refer to him as the «Prince of Tashkent», that is «Khanzada» and indicate that he was a descendant of Yunus Khan (1416–1487), who ruled in Tashkent (1485–1487). The article analyzes the documents of Sultan Muhammad’s arrival from Ottoman Turkey to his native Central Asian cities. It was concluded that most of the archival documents found in his possession were related to his activities in Turkey.

В статье на основе уникальных архивных документов Национального архива Узбекистана раскрывается жизнь и деятельность султана Мухаммеда Пехлеви, жившего в XIX веке. Согласно, свидетельству, автобиографическим документам и частной переписке Мухаммед Пехлеви эмигрировал из Средней Азии в Османскую империю. Новые архивные документы, из фонда Канцелярии архива хивинских ханов, где указывается то, что султан Мухаммед «князь Ташкента», то есть «Ханзада», был потомком Юнусхана (1416–-1487), правившего в Ташкенте (1485–1487). В статье анализируются документы о прибытии султана Мухаммеда из Османской Турции в его родные города Центральной Азии. В целом, обнаруженные частные архивные документы раскрывают малоизвестную страницу жизни и деятельности в Турции.

Хар қандай жой ва халқнинг тарихида асосий из қолдирувчи ва муҳим манбаи бўлган шахсларнинг ҳаёт фаолиятини ўрганиш ҳамма замонда ҳам долзарбдир. Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларимиз натижасида Тошкентнинг тўрт даҳаси Шайхонтоҳур, Кўкча, Себзор ва Бешёғоч даҳаларида 1868–-1922 йиллар давомида фаолият юритган 38 нафар қозиларнинг шахси аниқланди ва уларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилди. Ушбу мақоламизда Тошкентнинг XIX аср тарихи, хусусан, бу йилларда фаолият юритган қозилар тарихи билан шуғулланиш даврида Тошкент хонзодаларидан бўлган ҳамда Усмонли Туркиянинг Онадўли шаҳри ва Иркуп қишлоқларида қозилик фаолияти билан шуғулланган Султон Муҳаммад Паҳлавий тарихига оид Ўзбекистон Миллий архивида шахсий ҳужжатлар тўплами аниқланди. Султон Муҳаммад Паҳлавийнинг таъкидлашига кўра, у Тошкентда (1485–1487 йилларда) ҳокими бўлган Юнусхон (1416–1487)нинг авлодидандир. Юнусхон Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг отаси бўлгани маълум.

Ҳозирда биз ушбу қози Султон Муҳаммад Паҳлавий аждодларининг тадрижий шажарасини аниқлашга муваффақ бўлмаган бўлсак-да, Усмонли Султонларига, Бухоро ва Хива хонларига мурожаат қилиб ёки шахсан ўзи ташриф буюришга оид ҳужжатларда «Шаҳзода» ва «Тошкент хонзодаси» деган қўшимчалар доим унинг исмига қўшиб ёзилгани кузатилади.

Жумладан, Юнусхон авлоди Саййид Султонхон Муҳаммад Паҳлавийнинг Тошкент ҳукмдори ва хонлари наслидан эканлигига доир Бухоро, Хоразм ва Қўқоннинг етакчи шахслари томонидан тақдим қилинган шаҳодатномани мисол қилиб келтириш мукин. Мазкур шаҳодатнома Хива хонларига тақдим этилган бўлиб, унда қуйидагилар ёзилган:

«1865 йил 24-декабрда юксак мақомларингизга тақдим қилинган шаҳодатномамиздир. Онадулунинг Кўня вилоятидаги Ургуп қишлоғида узоқ йиллардан бери истиқомат қилиб келаётган Саййид Султонхон Муҳаммад Паҳлавий афандининг ота-боболари Тошканд ҳукмдори ва хон наслидан бўлиб, тақдир тақазоси билан ўттиз-қирқ йилдан буён оиласи билан мусофирчиликдалар. Тошканд ҳукмдори Саййид Султонхон Хўжа Эшон ўғли Саййид Юнусхон Хўжа наслидан эканлигини маълум қилган ҳолда, жаноби Ҳақнинг лутфи билан уч фарзандини подшоҳнинг амри билан (таҳсил олиш учун) лицейга қайд қилдирибди. Саййид Султонхоннинг Тошканд хон насабидан эканликлари мамлакатимизда ҳам тан олинган, бошқа жойлардан ҳам бу маълумот тасдиқланган. Бу шахсдан бошқаси хон наслиданман, деб даъво қилса, асосли бўлмаслигини, ҳукмдорликнинг мерос орқали Саййид Султонхонга тегишли эканлигини кўрсатувчи ушбу шаҳодатномамизни тайёрлаб, шубҳага ўрин қолдирмайдиган маълумотлар асосида Хонзодага тақдим қилдик. 5-Шаъбон [1]282 ҳижрий сана / 24-де-кабрь 1865-йил ҳарбий мақомлар томонидан тайинланган аламдор [муҳр]; Шайхлар раиси Шайх Олим Афанди [муҳр]; Ишончли тожирлардан Нажмиддин Хўжа ўғли Бухорий Холид Шарафиддин Хўжа [муҳр]; Қўқон шайхлар раиси Муҳаммад Раҳим [муҳр]; Хоразм элчисининг ходими Абдулкарим [муҳр]».1

Юнусхоннинг тарихига қисқача тўхталадиган бўлсак, тарихчи олим А.Муҳаммадкаримов ўзининг «Тошкентнома» асарида ёзади: «Бобурнома»да айтилишича, «Юнусхон Чингизхоннинг иккинчи ўғли Чиғатойхоннинг наслидандур». Мўғулистон 1348 йилда Чиғатой улусининг парчаланиши натижасида вужудга келган феодал давлат. Унга Қашқар, Еттисув ўлкаси ва Или воҳаси кирган. Мўғулистон хони Вайсхон вафотидан (1428 й.) кейин то 1434 йилгача улусда нотинчлик ҳукм сурган. Ўзаро тахт талашишлардан сўнг 1434 йил тахтга Вайсхоннинг кичик ўғли Эсон Буғахон ўтиради. Катта ўғли Юнусхонни эса тарафдорлари Мовароуннаҳрга, Улуғбек ҳузурига олиб боришади. Мирзо Улуғбек Юнусхонни 1434 йил Хуросонга Шоҳрух ҳузурига жўнатган. Юнусхон Хуросонда машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздийдан таълим олди, кўп илмларни эгаллади Хуросондан қайтгач (1456 й.), Абу Саид томонидан унга берилган Жетикент (Фарғона ва Еттисув ҳудудида) шаҳрини бошқарган. Тошкентни ўз тасарруфига киритиш учун Абу Саиднинг ўғиллари Умаршайх (Бобурнинг отаси) билан Султон Аҳмад ўртасида жангга тайёргарлик кўрила бошлайди. Лекин рақибларни Хўжа Аҳрор Вали яраштириб, музокара натижасида Тошкент шаҳар ва вилояти Юнусхонга берилди (1485 й.). Юнусхон 1487 йил шол касаллигидан вафот этган ва Тошкентдаги Шайх Ҳованди Тоҳур қабристонига дафн этилган. Юнусхондан кейин хонлик тахтига унинг ўғли Султон Маҳмудхон ўтирган».2

Архивдаги автобиографик ҳужжатларга кўра, Саййид Султон Муҳаммад Паҳлавийнинг 1830-йилда Хивада яшагани, аммо йил охирига келиб Туркияга йўл олган ва Қўня вилоятига қарашли Иркуп шаҳрида истиқомат қилган. Бу ерда у Иркупнинг шайхи ва қозиси бўлган. Тахминан 1867 йилда Саййид Султон Муҳаммад Паҳлавий Хивага қайтган.3

Тошкент хонзодаси Муҳаммад Паҳлавийнинг ҳаёт йўли XIX асрдаги Туркия Усмонли давлати ва Хива хонлиги орасида дипломатик алоқаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутган. Зеро, архивдаги ҳужжатлар орқасида кўплаб ўзаро ёзишмаларни учратиш мумкин.4

Шунингдек, Россия империяси босқинига қарши курашиш лозимлиги ҳақида Бухоро амирлигига ўз мурожаати билан 1866 йилда Туркиядан мактуб йўллагани ҳам узоқ сафарда бўлса ҳам ўз юртининг ғамида яшаганини қуйидаги ҳужжат дарак беради. У ҳужжатда Тошкент хонлари наслидан бўлиб, Истанбулда яшаётган Саййид Султонхон Муҳаммад-нинг русларга қарши курашиш мақсадида мамлакатига бориш истагини бир мактуб орқали Мавароуннаҳр хонига билдирилишини талаб қилгани ёзилган. Жумладан, мазкур мактубда ёзилади:

«Маълум қиламанки, бир қанча йилдан буён подшоҳимизнинг лутфи билан танаввул қилаётган нон-тузимизга ва кўраётган иззат-икромга нисбатан миннатдорчилик билдиришда ожиз эканлигимиз ошкордир. Бир ожиз қулингиз сифатида Истанбулда яшаётганимдан бери бир неча бора ҳузурингизга қабул қилиниб хоҳиш ва истакларимни баён қилиш имкониятига эга бўлдим ва шу тариқа чексиз неъматларга эришдим. Ушбу чексиз неъматларнинг бахтиёрлиги, миннатдорчилиги ва сизнинг ҳаққингизга қилган дуоларим билан бирга Мовароуннаҳр ҳукмдорига камина билан боғлиқ мактубнинг ёзилиши ҳақидаги истагим батафсил Ўзбеклар хонақоҳи шайхи Сулаймон Афанди орқали етказилган эди.

Рус давлати (империяси)нинг Мовароуннаҳр томонларда давом эттираётган ҳужумлари орқали келтириб чиқарган талофатлар улкан Ислом ҳудудини, барча мусулмонларни бугунги қайғули ҳолатга солгани барчага маълум бўлган ҳақиқатдир. Аждодларим неча наслдан буён Ислом динининг ҳимояси борасида моддий-маънавий ҳар қандай жонбозликни кўрсатган ва кези келганда жонларини ҳам фидо қилишдан аямаган Тошканд ҳукмдорларидир. Камина ҳам «Ўғил отанинг сиридир» ҳадиси шарифига биноан, чексиз диний ғайрат ва аждодларимдан мерос қолган шавқ билан ҳукмдорлар наслидан эканлигимни ҳар жиҳатдан кўриб-билган подшомизнинг хизматида бўлиб, бугунга қадар юксак лутфлари орқали қўлга киритган мол-мулкимни ва фарзандларимни ватан учун фидо қилишга тайёрман. Ҳар қандай муболағали туйғулардан йироқ ҳолда, сўраган талабимни Мовароуннаҳр ҳукмдорига ёзиладиган мактуб орқали билдириб, у ҳудудларнинг янгидан жонланиши йўлида хизмат қилишимга рухсат берилишини лутф ва эҳсонингизга таяниб сўраб қоламан. 15 Ражаб [1]283-ҳижрий йил/23-ноябрь 1866-йил дуогўйингиз Тошканд хонлари наслидан Юнусхон авлодидан Саййид Султанхон Муҳаммад Паҳлавий».5

Юқоридаги мисолдан ҳам кўриниб турибдики, мусофирликда юрган бўлса ҳам ватан фаровонлиги йўлида барча саъй-ҳаракатларни амалда бажарган. Ушбу ҳужжатнинг мазмунини бойитган бошқа 1866 йил 24 декабрга оид ҳужжатда Саййид Султонхон Муҳаммад Паҳлавийнинг фарзандлари ҳақида маълумот берилиб, улар Туркиянинг лицейларида таҳсил олишлари учун қабул қилинганини алоҳида қайд қилинган.7

Саййид Султонхон Муҳаммад Паҳлавий Туркия султонлигида ишончли вакил бўлгани боис уни пайғамбар авлодларига даъвогар ва саййидларни назоратига ишончли вакил сифатида тайинлангани ҳам ҳужжатларимизда акс этган. Жумладан, ҳужжатда 1857 йил март ойида Иркуп шаҳрида нақибул шараф (пайғамбар авлоди нозири) вазифасини бажариб турган Илёс Бейўғли Иброҳим афандининг вафот этиши муносабати билан Саййид Султонхон Муҳаммад Паҳлавийни айнан шу вазифага тайинланиши ҳақида Туркия қозилик маҳкамасининг қарори чиққан.7

Бошқа бир қизиқ ҳужжатда Туркия бош вазири Меҳмедамин Алининг Марказий Осиё хон ва амирларига илтимоснома ўлароқ 1867 йилда ёзган мурожаатида Султон Муҳаммад Паҳлавийнинг ўз юртига қайтиши билан муносиб вазифаларга тайинлашни алоҳида таъкидлаб ўтган.8

Умуман олганда, архивда сақланаётган юздан зиёд ҳужжатларда Султон Муҳаммад Паҳлавий ҳаёти ва фаолиятига оид бўлиб, Туркиянинг Онадўли минтақаси Иркуп шаҳридаги турли мазмундаги ёзишмалари, молиявий фаолияти, Туркия султонлари билан бўлган алоқалари, ўз ота юртига келиб кетиши ва бошқа турдаги тарихий ҳужжатлар жой олган. Бу каби аждодларнинг хотирасини тиклаш ва ҳаёт йўлларини ёшларга ибрат сифатида ёритиб бериш тадқиқотчилар олдидаги бирламчи вазифаларидандир. Келгуси изланишларда тадқиқотчиларимиздан Тошкент хонзодаси Султон Муҳаммад Паҳлавийнинг аждодлари ва авлодлари ҳақида батафсил маълумотлар, «Паҳлавий» деган тахаллуснинг этимологиясига оид янги тадқиқотлар эълон қиламиз.

INFOLIB, №3, 2020