Норвегияликлар: «Агар сиз кутубхонани дунёдаги энг зерикарли жой деб ўйласангиз, адашасиз!» – дейишади. Норвегияда жуда кўп ноодатий кутубхоналар мавжуд бўлиб, улар мутолаадан ташқари бўш вақтингизни мазмунли ўтказишга хизмат қилади. Улардан баъзилари музейлардан сира қолишмайди ва томоша қилишга арзийди. Инсоният тарихи давомида кутубхоналар ҳамиша китобларга бой муҳташам билим масканлари сифатида кўрилган.

Бу борада Норвегия етакчилик қилиши барчага маълум. Норвегиядаги энг машҳур кутубхоналардан бири XVIII асрда яшаб ўтган, ўзининг 6000 нусхадан иборат ноёб китоблар тўпламини Христианияга (Осло шаҳрининг қадимги номи) совға қилган норвегиялик тадбиркор, коллекционер ва хайриячи Карл Дайхман номи билан аталади. Бу китоблар эски жамоат кутубхонаси фондининг асосини ташкил этади. Дайхман кутубхонаси 1785 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда у дунёдаги энг қадимий кутубхоналардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда 235 йиллик тарихга эга Норвегиядаги ушбу маскан замон билан ҳамнафас. Осло бўйлаб Дайхман номидаги кутубхоналар қурилмоқда. Ушбу кутубхоналардан яна бири айни кунларда Осло қирғоғидаги Бьёрвик ҳудудида, опера театри ёнида ўз эшикларини очди.

Жамиятда электрон китоблар ва онлайн ўқув қўлланмаларига тобора кўпроқ талаб туғилиб бораётган бир пайтда, босма китобларнинг сеҳрли кучи ҳақида унутмаслигимиз керак. Кутубхоналар ҳақида ўйлар экансиз, кўз олдингизда тинч, зерикарли ва хира ғиштли бинолар қиёфаси намоён бўлади. Кутубхонанинг жойлашуви унинг атрофидаги жамият ҳақидаги тасаввурини шакллантиришида муҳим рол ўйнайди. Таниқли журналист Харалд Хансен: «Бу Ослодай маданият ўчоғи учун катта совға бўлди, шунингдек унинг барча фуқаролари ва меҳмонлари учун», – дея ўз таассуротларини изҳор қилди.

Лойиҳа муаллифлари, Atelier Oslo ва Lund-hagem бюролари, архитекторлар томонидан ўйланган, яъни аҳоли учун ҳар томонлама мукаммал, улар бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун қулай, оммавий маскан, турли имкониятларга эга макон тақдим этдилар. Беш қаватли бино марказида 450 минг китоб, шунингдек, алоҳида мутолаа қилиш, ўқиш бурчакларини ўз ичига олган улкан атриум бунёд этилди.

Бу ерда ўқиш залларидан ташқари, биринчи қаватда 200 ўринли кинотеатр ва аудиториялар, шунингдек, пастки қаватда кафе, ресторан ва журнал дўкони жойлашган. Энг юқори қаватда овоз ёзиш студиялари, яна бир мини-кинотеатр ва ўйин хоналари мавжуд. Бьёрвик туманидаги янги, замонавий Дайхман жамоат кутубхонаси нафақат кўплаб китоблар билан жиҳозланган қулай ўқиш маскани, балки оммавий мунозаралар, семинарлар, маърузалар, кўргазмалар ва бошқа кўплаб тадбирлар учун қулай жойдир.

Келинг, кутубхонани айланиб чиқайлик ва нега норвегияликлар энг кўп ўқийдиган европаликлар эканлигига гувоҳ бўлайлик.

Янги бино туманнинг фёрд қисмида, Ослонинг гуллаб-яшнаётган, маданий соҳил бўйи қисмида жойлашган. Шунингдек бу ер Осло шаҳрининг гўзал кенгликларидан баҳраманд бўлиш истагидаги сайёҳлар учун қулай жой. Чунки сайёҳларга бир кунда ҳам тасвирий санъат, ҳам китоблар, ҳам мусиқадан баҳраманд бўлиш, шунингдек таниқли инсонлар билан маданият марказида суҳбатлар қуриш имконини беради.

Кутубхонанинг ўзига хос хусусияти нима?

Дайхман Бьёрвик жамият кутубхонаси ўз номига мос бўлиш истагида фаолият кўрсатади. Минглаб китоблар учун макон бўлиш баробарида бу кутубхона ўз кинотеатри, очиқ устахоналар, кафелар ҳамда мутолаа ва бошқа китобхонлар билан суҳбат қуриш учун етарлича жойга эгалиги билан фахрланади.

Осло опера театри Дайхман жамоат кутубхонаси ёнгинасида жойлашган. Бинонинг меъморчилиги кишини ҳайратга солади. Кутубхона ўзининг Шимолий, Жанубий, Шарқий ва Ғарбий кириш эшиклари шаҳарнинг барча томонларидан келган одамларни кутиб олиш учун мўлжалланган. Кутубхонанинг кўптармоқли хусусияти уни бошқа кутубхоналардан ажратиб туради.

Ушбу муҳташам кутубхона бўйлаб сайр қилар экансиз, таниқли журналист Харалд Хансен унинг ертўладан олтинчи қаватга қадар кўринишини тасвирлаб, ўз таассуратларини қуйидагича баён этди: «Осло шаҳридаги мазкур замонавий бинолар кўп қаватли бинолар билан бирга яхлит Фёрд-Сити лойиҳасини ташкил этади. Кутубхона олти қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватида китобхонларни рўйхатга олиш хизмати, кафе ва ресторанлар мавжуд.

Биринчи қават остида кинотеатр, бар, аудитория ва илгари эски музейда сақланган 450 000 нусха китоб жой олган.

Иккинчи қаватда болалар ва катталар учун китоблар жой олган, шунингдек бу ерда болалар турли машғулотлар билан машғул бўлишлари мумкин.

Учинчи қаватда мусиқа, фильмлар, мультфилмлар, ўйинлар, 3D-дисклар сақланадиган жойлар, тикув машиналари, дурадгорлик асбоблари сақланадиган устахона, мусиқа хоналари, ўйин хонаси ва кичик саҳнани кўришингиз мумкин.

Тўртинчи қаватда синф, гуруҳ бўлиб тайёргарлик кўриш хоналари, овоз ёзиш студияси, шунингдек, бадиий, архитектура, соғлиқни сақлаш, муҳандислик, фанларига оид китоблар мавжуд.

Бешинчи қаватда ўқув заллари, шунингдек ижтимоий фанлар, тарих, фалсафа, дин ҳақидаги китоблар ўрин олган».

Кутубхона ҳар куни хизмат кўрсатади. Бу ерга келган меҳмонлар кутубхона харитасини бепул олишлари ва керакли жойларни текинга ижарага олишлари мумкин. Харита билан бирга сиз ҳар куни эрталаб соат 7:00 дан кечки 23:00 гача кутубхонага кириш ҳуқуқини берувчи калит-харитага эга бўласиз.

Кутубхонанинг аксарият хизматлари рақамли шаклда, масалан, смартфондан китобларга буюртма бериш жараёнини ҳам бемалол кузатиш мумкин.

Кутубхона ўхшаш кутубхоналардан нимаси билан фарқ қилади, деган саволга Харалд Хансен шундай деди: «Кутубхонанинг ўта замонавийлиги, 100 фоиз рақамлаштирилган фондга, юқори технологияга эгалиги ва кўп функционаллиги уни бошқа кутубхоналардан ажратиб туради».

Кўп кутубхоналар стендлар, видео ижаралар, томошабинлар ва одамларни бирлаштирадиган бошқа тадбирлар каби жиҳатларни ўз ичига олишга ҳаракат қилади. Дайхман Бьёвик кутубхонаси ичидаги «Cентропа» ресторани кутубхона ичида жойлашган кам сонли ресторанлардан бири ҳамдир.

Бу ерда ҳар ким ўз қобилятини ривожлантириши, мутолаа, муҳокама қилиши, асбобларни ижарага олиши, лойиҳаларда фаол иштирок этиши, мусиқа яратиши ва бошқа ўнлаб тадбирларни амалга ошириши мумкин.

Кутубхона ичида жойлашган музей нафақат атрофдаги аҳоли, балки барча учун ижодкорлик, билим ва маданият маркази бўлиб қолади. Музей, унинг эшигидан кирган ҳар бир киши учун очиқдир ва «Кутубхона Осло портининг марказида жойлашганлиги сабабли, бу ерга ташриф буюришни режалаштиришнинг ҳожати йўқ» – дейди Хансен.

Гулчеҳра Ҳомидова тайёрлади

INFOLIB, №3, 2020