Умида Тешабоева,
Алишер Навоий номидаги
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
директори

DOI: 10.47267/2181-8207/2020/3-025

The author of the article  reflects on the development of information technologies on a global scale, views on the development of the library space that provide information to users. Based on sociological research conducted by foreign agencies, in Uzbekistan more than 18 million people use Internet services during the year, which is more than 50 percent of users, 3.2 million of them are active users of social networks. Every year the trend of growth in dynamics increases significantly. Thus, specialists of information and library institutions are tasked with the development and implementation of electronic library services, what will ensure the safety of information for users.

Автор статьи размышляет о развитии информационных технологий в глобальном мировом масштабе, о взглядах по отношению развития  библиотечного пространства, которые обеспечивают информацию пользователям. По проведённым социологическим исследованиям зарубежных агентств, в Узбекистане в течении года интернет услугами пользуются более 18 млн. населения страны, это больше 50 процентов пользователей, из них 3,2 млн являются активными пользователями социальных сетей. С каждым годом тенденция роста динамики значительно увеличивается. Таким образом, перед специалистами информационно-библиотечных учреждений ставятся задачи о развитии и внедрении электронных библиотечных услуг, что обеспечит пользователям сохранность информации.

Mаълумки, кутубхона ҳужжатлаштирилган ахборотнинг замон ва маконда мавжудлигини таъминлайдиганижтимоий институтдир. Бугунги кунга келиб, ахборот технологияларининг мисли кўрилмаган ривожи туфайли кутубхоналар янгича қиёфа касб этди. Ҳозирда китобхон кутубхона остонасидан ҳатлаб ўтадими ёки ундан минглаб чақирим узоқда бўладими, интернет-технологиялар унга керакли ахборотдан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратиб беради. Айни пайтда, кутубхоналардаги китоблар ва турли манбалар тизимлаштирилмаган, электрон ресурс ҳолига келтирилмаган бўлса бу фойдаланувчилар учун қийинчиликлар туғдиради, масофадан туриб кутубхона хизматидан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўяди. Ана шу ҳолат эндиликда электрон кутубхоналарни ташкил этиш масаласини замонавий китобхонларнинг биринчи даражали эҳтиёжига айлантирди.

2015 йили Кутубхоначилик ассоциациялари Халқаро Федерацияси (ИФЛА)нинг мутахассислари томонидан тайёрланган «Кутубхоналарнинг ривожланиш тенденциялари ҳақидаги ҳисобот»да (www.iflatrends.org) глобал ахборот муҳитидаги ўзгаришларни тезлаштираётган муҳим тенденциялар ўз аксини топган.

Янги технологиялар кишиларнинг ахборотдан фойдаланишларини кенгайтирмоқда, аммо шу билан бирга, унга бўлган чекловларни ҳам келтириб чиқармоқда. Доимий кенгайиб бораётган рақамли дунёда ахборот саводхонлигининг маъноси ортиб боради, хусусан, мутолаа қилиш ва рақамлашган воситалардан фойдаланишнинг базавий кўникмалари шулар жумласидан. Янги технологиялар глобал рақамлашган иқтисодни ўзгартирмоқда. Кўплаб соҳалардаги бизнес-моделлар инқирозга учрамоқда. Инновацион қурилмаларнинг пайдо бўлиши ва кишиларнинг хоҳлаган жойда ҳамда хоҳлаган ёшда касбий ва иқтисодий фаол бўлиб қолишлари учун имкониятлар бермоқда.

Шак-шубҳасиз, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жамиятнинг, шу билан бир қаторда, сиёсат ва иқтисоднинг ривожланишига жиддий таъсир кўрсатмоқда. «We Are Social» агентлиги ва «Hootsuite» платформаси маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 18,34 миллион одам интернетдан фойдаланади. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 7,1 фоизга камроқ бўлган. Смартфон фойдаланувчилари сони эса ўтган йилдагидан қарийб бир фоизга ошиб, 25,14 миллионни ташкил қилмоқда. 2020 йилда 3,2 миллион ўзбекистонлик ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда. Бу ўтган йилгидан 4,4 фоиз, яъни 972 мингга ошган. 2019 йил якунига кўра, миллий UZ доменида рўйхатдан ўтган фаол доменлар сони 71 мингдан ошган.

Дунёда рақамли ахборот ҳажми кундан-кунга ортиб боряпти. Буни 2015 йили LIBER Европа илмий кутубхоналари конференциясида қабул қилинган Гаага Декларациясининг қуйидаги статистик маълумотларидан кўриш мумкин:

1) ҳар 2 йилда рақамли маълумотлар сони икки марта ортиб боряпти;

2) 2020 йилга келиб рақамли маълумотлар сони 44-зета-байт ёки 454 триллион гигабайт ҳажмни ташкил қилади;

3) дунёдаги 90% маълумотлар ҳажми охирги 2 йилда яратилган;

4) бугунги кунда 50 миллион илмий мақолалар нашр этилган;

5) 2013 йилда 2,4 млн. илмий мақолалар ёки ҳар 13 сонияда 1 мақола нашр этилган.

Бундай тезликда кўпайиб бораётган рақамли ахборотни сақлашда муаммолар юзага келиши табиий. Ёзиб олиш воситалари ва ахборот ташувчиларнинг ўзгариши туфайли ахборотни сақлаш масаласи кескин тус олмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, папирус ёки пергаментдаги ёзув 5000 йилгача, қоғозда (жумладан, фотосуратлар ҳам) 300 йилгача, магнит тасмасида – 50 йилгача, компакт-дисклар ва DVDда – 15 йилгача, қаттиқ дискларда – 5-10 йилгача сақланиши мумкин.  Бундан кўринадики, маълумотларни сақлашнинг мақбул йўли уларни мунтазам равишда янги ташувчиларга қайта кўчириб бориш ҳисобланади.

Кутубхоначилар ва китобхонлар олдида кўндаланг турган бошқа бир муаммо эса маълумотлар уммони ичидан ҳар қайси мижознинг ўзига керакли бўлган ахборотни излаш ва топишдир. Шуни таъкидлаш лозимки, бу масалада кўпгина электрон кутубхоналар тезкорлиги, изланаётган ахборотни тақдим этиши билан анъанавий кутубхоналарни сиқиб чиқармоқда. Аммо бундай кутубхоналардан фойдаланишнинг иккита шарти бор: рўйхатдан ўтиш ва кириш учун логин-паролга эга бўлиш. Ҳатто кириш таъминланганда ҳам бу ҳали барча ресурслардан тўлиқ, эркин фойдаланиш мумкин дегани эмас, чунки баъзи ҳужжатлар очиқ фойдаланиш учун тўлиқ жойлаштирилмайди. Анъанавий кутубхоналар эса барча ресурсларни тўлиқ тақдим эта олади, аммо уларнинг фаолиятида тезкорлик етишмайди.

Ҳозирда ижтимоий коммуникацияларнинг мураккаблашуви, жамият ахборот муҳитидаги трансформациялар, рақамли контент ва электрон кутубхоналар фаолияти туфайли вужудга келган рақобат шароити аҳолининг кенг қатламларига хизмат кўрсатадиган оммавий кутубхоналар, уларнинг фаолияти ва ахборот маконида мавжуд бўлиш истиқболини, юмшоқроқ айтганда, хавф остига қўймоқда. Ижтимоий-маданий ва технологик ўзгаришлар суръати шу даражадаки, агар кутубхона ўз фаолиятини янги концептуал лойиҳалар асосида ташкил этмаса, фан-техника соҳасидаги инновацион жараёнлар билан интеграцияга киришмаса, технологик ривожланишнинг «сиртида» қолиб кетади ва жамият тараққиётига ҳамқадам бўлолмайди.

Ўзбекистонда бугунги ахборот-кутубхона соҳасида аҳвол қандай? – деган табиий савол туғилади. Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида жамиятда китобхонлик маданиятини ошириш, аҳолини, айниқса, ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини, китобхонлик даражасини кўтариш, китоб мутолааси учун қулай шарт-шароитлар яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали фойдаланувчиларга интерактив ахборот-кутубхона хизматини кўрсатиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ахборот-кутубхона соҳаси давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланганини мамлакатимизда 2019 йили барча тоифадаги китобхонлар фойдаланиши учун 186 та оммавий ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилгани, улар аҳолининг маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондириш, маданий тадбирлар ўтказаётганидан билса бўлади.

Ахборот-кутубхона тизими турли вазирлик ва идораларга қарашли 12 мингдан зиёд кутубхоналарни ташкил этади. Мамлакатда ахборот-кутубхона фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий база яратилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, миллий стандартлар, намунавий иш меъёрлари, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятининг миллий модель стандартлари ва бошқалардан иборат.

Аҳолининг маданий ҳаёт сифатини намоён қилувчи кўрсаткичлардан бири ахборот-кутубхона хизматларидан фойдаланиш, ахборотга эга бўлиш даражасидир. Бугунги кунда кўпгина кутубхона фондларининг эскириб кетгани, китобхонлар учун компьютерларнинг етишмаслиги, аксар ҳолларда эса, умуман йўқлиги, ўз навбатида, Интернетдан фойдаланиш имкониятини кескин камайтиради. Масалан, Олий таълим вазирлиги тасарруфидаги университет ва институтларнинг ахборот-ресурс марказлари 100% (Олий таълим муассасалари АРМ лари мисолида), Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Болалар ва мактаб кутубхоналари 9%, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги 30%, Маданият вазирлигига қарашли 21%, Фанлар академияси тасарруфидаги кутубхоналар 31%, АОКА тизимидаги АКМлар 30 % интернетга уланган, холос. Республикамиздаги вазирлик ва идоралар ўртасида ўртача интернет билан таъминланганлик даражаси 36,8 % ни ташкил этмоқда. Уларнинг мавжуд электрон кутубхоналардан, жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва республикадаги 20 та йирик кутубхоналарни бирлаштирган ягона UZNEL электрон кутубхонасидан фойдаланиш, масофадан таълим олиш дастурларига уланиш имкони йўқ.

Аҳолининг барча қатламларига хизмат кўрсатувчи ахборот-кутубхона марказлари фондининг босма нашрлар билан тўлдирилиши охирги 10 йилда кескин камайиб кетгани сир эмас. Лекин айни пайтда, кутубхона фондларини рақамлаштириш ва электрон китоблар билан жамлаш белгиланган стратегия асосида амалга оширилмоқда. Зотан, кутубхоналар фондлари китобхоннинг ахборотга бўлган талаби асосида босма ва электрон форматлардаги ресурслар билан тўлдирилиши зарур. Ҳудудий ахборот-кутубхона марказлари фаолиятининг муҳим йўналиши ўлкада чоп этилган босма ҳужжатларнинг мажбурий нусхаларини олиш орқали ҳужжатлаштирилган маданий меросни сақлашдир.

Ҳудудий кутубхоначилик сиёсатида муҳим ўринни йирик ахборот-кутубхона муассасалари ўйнаши керак. Шундай муассасалар базасида электрон кутубхоналар ташкил этилмоқда ва улар келажакда ягона Миллий электрон кутубхонанинг (UZNEL Электрон кутубхона негизида) яратилишида муҳим аҳамиятга эга. Вилоят ахборот-кутубхона марказлари ўз ҳудудларида барча кутубхоналар учун методик ва мувофиқлаштирувчи марказ ҳисобланади. Ҳамда ўлкашунослик контенти интеграциясини амалга оширади, йиғма электрон каталогларни шакллантиради.

Бугунги кун талаби кутубхона ресурсларига локал ва интернет орқали кириш, ахборот-библиографик хизмат кўрсатиш, ресурсларни масофадан етказиб бериш ва маълумот-ахборот хизматлари кўрсатишни кенг кўламда жорий этишдир.

Кутубхоналарнинг ижтимоий-маданий марказлар сифатида ривожланиши фан ва таълимнинг тараққий этишига, инсон капиталининг ўсишига олиб келади. Чунки бу муассасалар фан ва таълимни манба билан таъминлабгина қолмай, ижтимоий коммуникация маркази сифатида гуруҳли ва якка тартибда ахборот маданияти ҳамда компьютер саводхонлиги асослари бўйича ўқишлар, ахборот ресурслари бўйича тренинглар ташкил қилади; ижтимоий-маърифий лойиҳаларни, яъни китоб кўргазмалари (реал ва виртуал), нашриёт тақдимотлари, ижодий учрашувлар, адабий-бадиий ва бошқа тадбирларни ўтказади; турли-туман ижтимоий акциялар уюштиради.

Кутубхоналарнинг стратегик вазифаларидан бири ҳужжатлаштирилган маданий меросни сақлашдир. Бунда китоб ва бошқа ҳужжатларни асраб-авайлаш билан бирга рақамли ресурсларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам назарда тутилади. Фондларни сақлаш қоидаларига оғишмай амал қилиш, нодир ва ноёб нашрларни рақамлаштириш, қадимий ва алоҳида қимматга эга ҳужжатларни реставрация қилиш миллий-маданий меросни асрашнинг энг ишончли усулларидир. Шунингдек, ахборот хавфсизлиги тизимига изчил риоя қилиш, нусха олишнинг заҳира фонди яратилиши ҳам фондларни комплекс сақлаш тадбирлари сирасига киради.

Ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланиши, унинг истиқболлари мазкур соҳада илмий фаолият олиб борилиши, давлат дастурлари ва лойиҳаларида иштирок этиш, амалиётга инновацион технологияларни татбиқ қилиш, долзарб назарий ва амалий мавзуларда илмий конференция ва семинарлар уюштириш, илмий нашрларда тадқиқот натижаларини чоп этиш, турли миллий ва хорижий грантларни жалб қилиш, халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда ўзимиз эришган ютуқлар юзасида халқаро илмий форумларда чиқишлар қилиш билан таъминланади.

Ахборот-кутубхона соҳасида етакчилик қилишнинг зарур шартларидан бири, бу кутубхоналарнинг услубий фаолияти ҳисобланади. Ҳозирда услубий марказ мавқеига эга ахборот-кутубхона муассасаси, биринчи навбатда, инновацияларни аниқлаш ва тарқатишга, кутубхоналар учун ягона бўлган муаммолар ечимини излашга, касбий малака ва кўникмаларни оширишга қаратиши лозим.

Эндиликда кутубхоналарнинг ривожланиши фаолиятнинг глобаллашуви, технологиялаштириш ва интеллектлаштиришни ортиши билан белгиланади. Рақамли технологиялар тараққий этган бир даврда ахборот-кутубхона соҳаси аҳолининг интеллектуал амалиётида билим ресурсларини бошқариш марказига нечоғлик айланиб, ижтимоий-маданий роль ўйнай олганида яққол намоён бўлади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, ахборот-кутубхона муассасаларининг ижтимоий-маданий аҳамиятига, уларнинг фан ва таълим соҳасини ахборот билан таъминлаш имкониятларига етарлича эътибор ва баҳо бермаслик, маданий таназзулга, мамлакатни илмий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан орқада қолишига олиб келади.

Бунинг олдини олиш учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши зарур:

1. Кутубхона ахборот технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини молиялаштиришни давлат ва маҳаллий даражада қўллаб-қувватлаш.

2. Электрон кутубхона ресурсларини ташкил қилиш ҳамда электрон ахборотлар сақловини таъминлаш бўйича давлат ва маҳаллий дастурлар қабул қилиш.

3. Ахборот-кутубхона фондларини, айниқса, туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари фондларини, мазмун жиҳатидан қимматга эга адабиётлар билан жамлашни молиялаштириш. Чунки уларнинг фондлари, асосан, ўтган арнинг 70–80-йилларида шаклланган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

4. Барча ахборот-кутубхона муассасалари кадрлар малакасини ошириш. Буни амалга ошириш учун ахборот-кутубхона соҳасига замонавий ва малакали билимга эга мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, кутубхона мутахассиси ижтимоий мавқеини ҳамда маошини ошириш бўйича барча зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш лозим.

5. Кутубхона китобни сақлайдиган ва тақдим этадиган жой бўлибгина қолмай, балки ўзида библиографик хизматларни, таҳлилий ва илмий функцияларни мужассам қилган кўп тармоқли маданий марказ бўлиши лозим.

6. Фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш жараёнида кўрсатилаётган хизматлар сифати ва турини ошириб бориш зарур. Ҳозирги ахборот жамиятида кутубхона мутахассислари фақатгина китобларни тақдим этувчи сифатида эмас, балки маслаҳатчи ва эксперт бўлиши, китобхонлар талабидан келиб чиқиб, кутубхона иш вақтини қайта кўриб чиқиши керак.

8. Жамиятда кутубхоналарнинг ўрнини англаш бўйича ишлар олиб бориш даркор. Замонавий коммуникация воситаларининг пайдо бўлиши кутубхона хусусида архаик ва нозарур жой стереотипини юзага келтирди. Бироқ бугун кутубхона пассив ахборот воситачисидан, билимларни бошқариш тизимида самарали ва оммабоп жойга айланмоқда.

9. Тўлиқ матнли, мавзули кутубхоналар яратилиш лозим. Уларда турли манбалардан аниқ мавзу бўйича маълумотлар тўплаш, турли тиллардаги ахборотни тизимлаштириш имкони бўлади.

10. Мавзули электрон кутубхоналарнинг ривожланиши фондларни пухта режалаштириш, кутубхоначилик ташаббусларини татбиқ қилиш ва техник қўллаб-қувватлаш, рақамлаштирилган нашрларни яратиш ва бошқариш имконини беради. Шу билан бирга, бундай кутубхоналар электрон коллекцияларни бошқаришда муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг ноёблиги архивлари, нодир нашрлар ва махсус коллекцияларининг мавжудлиги билан белгиланади. Шуни ҳам таъкидлаш керак-ки, мавзули электрон кутубхоналар виртуал тадқиқотлар инфратузилмаси шаклланишига замин яратади. Хуллас, кутубхоналар мамлакат аҳолисининг ақлий камолоти учун масъул муассасалардир. Айни пайтда кутубхоналарнинг ривожланганлиги мамлакат тараққиёти нишонаси ҳисобланади.

INFOLIB, №3, 2020