Санобар Шодмонова,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси
Тарих институти етакчи илмий
ходими, тарих фанлари
доктори, профессор

DOI:10.47267/2181-8207/2020/2-011

This article is an attempt to analyze different points of view on issues related to the place of women in society and their education, about the presence of different opinions on this issue. In particular, special attention is paid to the opinion that through education it is necessary, along with religious knowledge, to transfer to women and scientific knowledge in order to make society itself more educated. In addition, the article discusses the issue of women’s participation in the socio-political life of society, as well as women’s participation in elections.

В данной статье сделана попытка анализа различных точек зрения по вопросам, касающимся места женщин в обществе и их образования, о наличии различных мнений по этому вопросу. В том числе, особое внимание уделяется такому мнению, что наряду с религиозными знаниями посредством образования, необходимо передавать женщинам и научные знания, чтобы сделать более образованным само общество. Помимо этого в статье обсуждаются вопросы участия женщин в социально-политической жизни общества и на выборах.

XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон хотин-қизлари  ижтимоий ҳаётдан узилган ҳолда фақат оилада қарам бўлиб яшаган ва чекланган ижтимоий ҳуқуқларга эга бўлган инсонлар сифатида тасвирланган мунозаралар мавжуд. Мазкур образнинг кишилар онгига сингиб қолишига асосий сабаб уларнинг ислом оламига мансублиги эди. Мусулмон хотин-қизларининг ҳуқуқсизлиги ҳақидаги тасаввурлар мустаҳкам ўрнашиб қолган эди. Ҳақиқатда эса бундай қарашлар европаликларнинг мусулмонлар анъаналари ва қадриятларини бошқача қабул қилганлигидан келиб чиқади. Аммо, улар ҳақида қулликда яшаган, ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган дейиш ҳақиқатга зиддир.

XIX аср охиридан бошлаб, туркистонлик хотин-қизлар аҳволи  ижтимоий муҳокама мавзусига айланди ва бу мунозаралар асосан ислом қадриятлари асосида олиб борилди. Ушбу мавзуга доир масалаларни ўлкада биринчи марта “Туркестанские ведомости” газетаси бошлаб берди.

 Унинг саҳифаларида 1875 йилда П. Маевнинг[1] «Ўрта Осиё хотин-қизларининг ҳуқуқлари» сарлавҳали мақоласида Ўрта Осиё аёллари бир қарашда ҳуқуқлари топталган, ҳеч ким улар билан ҳисоблашмайдиган бўлиб кўринса ҳам чуқурроқ таҳлил қилинса ундай эмаслиги кўринади. Қуръонда ҳам аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор берилган, уларга қул сифатида қаралмаган, уларнинг ажрашиш ҳуқуқи, меросдаги ҳуқуқлари чекланмаган, ҳатто никоҳсиз туғилган болаларнинг ҳам меросий ҳуқуқлари чекланмаган, деган фикр билдирилади[2].

Масалан «Туркестанские ведомости» газетасининг 1889 йилда Генри Д*Эстренинг «Revue Scintifigue» да (1888 йил 14 июль) чоп этилган «Le voile des musulmanes» мақоласи кўчириб босилади. Унда «мусулмон аёллари европалик аёлларга қараганда кўпроқ эркинликларга эга» деган мақола муаллифининг фикри юқори даражадаги оригинал ва кутилмаган қараш бўлгани учун биз уни кўчириб босаяпмиз, деб айтиб ўтилади[3].

Ўрта Осиёда анча яшаган, маҳаллий халқ ҳаёти билан яхши таниш бўлган, ҳатто маҳаллий қизлардан бирини асраб олган эр-хотин В. Наливкин ва М. Наливкина­лар­ ҳам худди шундай фикрда бўлиб, мусулмон аёлларининг ҳуқуқлари шариат ва одат бўйича қаттиқ ҳимоя қилинган, Европадагига нисбатан бу ерда эркаклар зулмкорлиги камроқ ва аёллар кўпроқ ҳуқуқга эгадирлар, деб ёзганлар [4].

Хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрни, уларнинг ҳуқуқлари ва вазифалари ўлкадаги биринчи ўзбек тилидаги газета «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида ҳам мунозара қилинди.  

1911 йилда ушбу газета саҳифаларида «Мусулмон аёлининг аҳволи» мақоласида ўша даврда Францияда чоп этилган «Мусулмон» номли журналда эълон қилинган «Хотун» сарлавҳали мақоласи кўчириб босилади. Бу мақоланинг муаллифи номаълум бўлиб, унда мусулмон хотин-қизларини озод қилишга даъват этилади, аёлларнинг жамиятда фаол иштирок этмаслиги мусулмонларни тараққиёт йўлидан тўхтатганлигини таъкидлаб, бу ҳолни ҳукм сураётган турғунлик ва қолоқликнинг сабабларидан биридир, деб қайд этилади. Мазкур мақола муаллифи жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий ва маданий аҳволи ҳамда хотин-қизлар аҳволи ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатишга уринади.

Бироқ, бу даврда жамиятда хотин- қизлар масаласи бўйича зиддиятли фикрлар мавжудлиги, айниқса янгиликлар тарафдорлари ва қадимчилар бу борада қарама- қарши фикрларга эга эканлиги намоён бўлди. 1912 йилда «Туркистон вилоятининг газети»да чоп этилган «Хотин киши эркаклар билан баробар эмас» номли мақолада аёлларнинг ҳуқуқларини эркаклар билан ҳар соҳада тенглаштиришга ҳаракат қилаётганлиги, тараққийпарварлар фик­ри қаттиқ танқид остига олинади. Бу мақолада жадидлар Америка ва Европа аҳолисига таассуб қилиб, ёш турклар каби хотин-қизларнинг ҳуқуқларини эркаклар билан тенглаштириш масаласини кўтараёт­ган­лиги нотўғри деб баҳоланади, Туркистон шароити учун мувофиқ эмас деган фикр билдиради. Унинг фикрича, хотин-қизларнинг ҳаётдаги ўрни бутунлай бошқа, яъни уларнинг вазифаси содда – фақатгина фарзандни дунёга келтириш ва уларни сут бериб тарбия қилмоқ бўлган. Албатта аёл­лар­га ҳам илм ва тарбия кераклигини инкор этмайди, лекин уларга ҳар хил эркак­ларга муносиб ишлар ва ҳуқуқий билим бериш лойиқ ва муносиб эмас, деб таъкидлайди. Унинг фикрича, аёллар ва эркакларнинг қоби­лият­лари ҳам турлича бўлган. Бундай фикрловчилар жамиятда кўпчиликни ташкил этар эди.

Лекин мусулмон аёллари орасида тенг ҳуқуқлик истаги аланга олган илғор фикрли кишилар ҳам йўқ эмас эди. Бу асосан татар аёлларига хос эди. «Туркистон вилоятининг газети»нинг 1913 йил 28 ноябр сонида татар аёлларининг мусулмон аёлларига эркаклар билан тенг ҳуқуқ бериш ва озодлик талаб этилиб ёзилган мактуби босиб чиқарилади.

Унда «Сиз Шарқия халқларини эркаклари билингларки, бизлар жоҳилликдин чиқмагунча сизларга иттифоқлик йўқдур»[5], деб ёзилади. Мактубда Европа ва Америка давлатининг тараққий этганлигига, халқи яхши яшашига сабабчи «таълимлик оналар» эканлиги, мусулмон халқларининг «қора кунлари оналарнинг қоронғида қолганликдандур»[6] деб таъкидланади. Аёлларни  жаҳолатда тутиш жамиятга жуда қимматга тутишини айтиб, уларга мактаблар очиб беришни, илм ўрганишни талаб қиладилар. Улар ёзадилар: «Ҳуқуқ ва озодликни талаб қиладурмиз. Тараққий ва олами дунёга кирмоқликни ҳоҳлаймиз. Бизларни ўқитиб, бизларга йўл беринглар»[7]. Мактубда илм ва ҳунар ўрганиш фақат диний нуқтаи назардан эмас, балки ҳаётий зарурат, илм ва тараққийсиз қолган халқ нобуд бўлади, деган фикр айтилади. Улар хотин- қизларни озод қилишнинг йўли уларни маърифатли ва илмли қилишда деб тўғри англаб етган эдилар.

«Туркистон вилоятининг газети»нинг 1913 йилдаги бир нечта сонида «Вақт» газетасининг муҳаррири Фотиҳ Каримовнинг Тошкентдан Оренбургга борган 16 ёшли Тойфа хонимнинг сафари тўғрисидаги маълумоти берилади. Тойфа хоним европача кийимда Оренбургга сафар қилади, у ерда икки ҳафта истиқомат қилади, бир қанча мактаб ва мадрасаларни, масжидларни, шунингдек «Вақт» газетасининг идорасини ҳам бир неча марта бориб кўради. Ундан ташқари, мусулмонларнинг хайрия кутубхонасини ҳам бориб кўради. Муаллиф инглиз ва немис халқларини мисол қилиб, улар ўз фарзандларини бир-бирининг юртига юбораётганлари, бундан муддао душманликка барҳам бериб, дўстликни мустаҳкамлаш эканлигини таъкидлаб, Россияда яшовчи мусулмонларни улардан ўрнак олишга, иттифоқ бўлишга чақириб ёзади: «Бизнинг Русия мусулмонлари шул замонгача бир-бирларининг аҳволидан воқиф бўлмай, бир қишлоқда ёки тўқайда тургандек эрдилар. Туркистон, Қрим, Кавказ, Ўрол, Қозон мусулмонлари бир хукуматда туриб, ватанлари бир бўлиб, забонлари бир бўлса ҳам, бир-биров­ла­ри­ни танимай, бир-бирларини ҳаётидан яман, Форс, Эронистоннинг бадуи мусулмонларидек бехабар эрдилар»[8]. Мухбир Тойфа хонимнинг Орен­бург­га ташрифини саҳрода очилган биринчи гулга ўхшатиб, кейин саҳ­ро­да кўп гуллар очилиши – мусулмон ёшлари иттифоқ бўлиб, «қорон­ғида қолган миллатларни ёриққа чиқариб, уларни тараққий йўлига солишини, ўз Ватанларига манфаат етказишига сабаб бўлурлар эрди»[9], деб ёзади. Тошкент шаҳар қизлар гимназиясида ўқиган Тойфа хонимдан бошқа қизлар ҳам ибрат олишларига чақиради.

«Вақт» газетасининг мақоласига жавобан «Туркистон вилоятининг газети» саҳифасида Тойфа хонимни ибрат қилиб кўрсатиш бошқа мусулмон қизларини йўлдан оздиришдир, деган мазмунда номаълум муаллифнинг мақоласи эълон қилинади ва Фотиҳ Каримовдан бундай тарғибот учун узр сўраш талаб қилинади[10]. Мақолада ислом қонунчилигига биноан, мусулмон хотин-қизлари маҳрам эркаксиз уч кундан ортиқ узоқ жойга сафар қилмоқлиги мумкин эмас, деган кўрсатмаси рўкач қилади.

Туркистоннинг маҳаллий аёлларини умуман саводсиз бўлган дейиш ҳақиқатга зиддир, чунки уларнинг ичида отинойи қўлида савод чиқариб, диний таълим олишганлар ҳам бўлган. Отинойилар аёл ўқитувчилар бўлиб, улар қизларга ўз уйларида дарс берганлар. Диний таълимдан ташқари, шеъриятдан ҳам сабоқ беришган. Масалан, 1884 йилги маълумотга кўра, Чуст шаҳридаги муаллима Комила Бибининг қизлар мактабида 8 нафар ўқувчи, Умруя Биби мактабида 12 нафар қизлар ўқишган[11]. Лекин, маҳаллий аёллар дунёвий таълим олиш имкониятидан маҳрум эдилар. Қолаверса, бундай отинойи мактаблари сони ўлкада етарли бўлмаган.

Шунга қарамасдан XIX аср охири – XX аср бошларида ўлкада маҳаллий аҳолидан хассос шоиралар етишиб чиққан. Хусусан, Анбар Отин[12], Нозимахоним[13] каби ўзбек аёллари ўз ижодида аёлларнинг аҳволи, яшаш шароити, оила ва жамиятдаги ўрни каби масалаларни акс эттиришга ҳаракат қилганлар.

Жамиятдаги янгилик тарафдорлари жамият ривожланишининг асосий омилларидан бири хотин-қизларнинг илмли бўлишида деган фикрни олға сурганлар. Хусусан, Абдурауф Фитрат «Оила» асарида қизларга илм беришнинг шарт эканлигини таъкидлаб, миллат оналари тарбия ва илм олишлари лозим, аҳлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур[14], деб ёзган эди. Бу яхши фарзанд тарбия қилишнинг асосий шартларидан эканлигини изоҳлаб беради.

XX асрнинг бошларида Туркистон маданий ҳаётида хотин-қизлар ҳам иштирок эта бошлайдилар, уларнинг ичида татар аёлларининг ўрни алоҳида эди[15]. Жумладан,  татар муалллималари янги усул мактабларида қизларга таълим беришган. Шунингдек, мусулмон хотин-қизлари ўша даврда урф бўлган турли мактаблардаги очиқ имтиҳонларда четдан бўлса-да кузатиш имконига эга бўлганлар.

Маълумки, бу даврда ўлкага театр санъати кириб келади, унда хотин-қизлар ҳам иштирок эта бошлади. Асосан татар аёллари ўлкага театр санъатининг кириб келишига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Жумладан, 1909 йил 31 октябрда Тошкент шаҳрида татар қизлари ўқийдиган мактаб фойдаси учун театр ўйинлари кўрсатишди. Лекин, аёлларнинг очиқ равишда театр ўйинларида иштирок этишини ўлка мусулмонлари зиддиятли равишда қарши олди. Шу муносабат билан 1909 йил 29 ноябрда Олимзода деган муаллифнинг «Туркистон вилоятининг газети»да мақоласи чоп этилади. Унда аёлларнинг паран­жи­сиз юришлари қаттиқ танқид остига олинади. Мақолада ёзилишича, «агар мусулмонлар фойдаси учун театр қилиб, пул йиғмоқ бўлсалар, бундай мухолиф шаре қилмасдан тўғринча бошқа тариқа ила театрларин амалга келтирмоқлари лозим эди»[16].

XX асрнинг бошига келиб, аёлларнинг жамият бошқарувидаги иштироки масалалари ҳам кўтарила бошлайди. Бу масала юзасидан ҳам жамиятда турлича ижтимоий қарашлар илгари сурилади. 1912 йилнинг 15 июлида «Туркистон вилоятининг газети» эълон қилган «Хотинлар қози бўла оладими?» номли мақоласида тарақ­қий­пар­вар кучларнинг мусулмон аёллари эркаклар билан тенг ҳуқуқли равишда қозилик мансабига тайинланиши фикри юзасидан мунозара олиб борилади. Мақола муаллифи тараққийпарварларнинг фикрига қарши чиқади ҳамда хотунлар қозилик мансабига тайин этилиш мумкин эмас, чунки улар мажлисларда эркаклар билан муомала қила олмайди, деган фикр билан изоҳламоқчи бўлади.

Лекин, ўша даврда Туркистонда аёлларга саноқли бўлса ҳам, баъзи ҳолларда катта ишонч билдирилган. Масалан, Наманган вилояти мироббошиси Хўжабекнинг рафиқаси Холбиби эрининг ишларига яқиндан ёрдам берганини айтиш мумкин. Эрининг вафотидан кейин маҳаллий суғориш системаси билан яхши таниш бўлган бу аёл (ўша пайтда у 40 ёшларда бўлган) эркакча кийиниб, наманганликлар мироббоши сифатида тан олишларига эришган ва вафотигача шу вазифани бажарган. Шунинг учун халқ уни Холмироб, яъни деҳқонларга ариқ сувини тақсимловчи деб атаган[17].

XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларида Туркистон матбуотида аёлларни маърифатли қилиш, уларнинг жамият ва оиладаги ўринлари масалалари мунозараларида аёлларнинг ўзлари иштирок этишлари алоҳида эътибор талаб қилади. Улар газеталарга ҳам ўз аҳволларини билдириб хат ёзиб мурожаат қилдилар ва шу тариқа Туркистондан ташқари, бошқа жойларда ҳам оммани ўз аҳволидан бохабар қилишни мақсад қилдилар. Чунки, улар мурожаат қилаётган газеталар, хусусан «Туркистон вилоятининг газети» нафақат Туркистон, балки Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам тарқалган эди.

Жамиятда аёллар масаласининг қўйилишида ўзгаришлар юз бера бошлади. Россиядаги 1917 йил феврал воқеаларидан кейингина аёлларни жамоат ва давлат ишларига бевосита жалб этиш орқали жамиятнинг эркаклар билан амалда тенг аъзосига айлантириш масалалари қўйилди. Аммо, бошқа муаммолар каби бу масалада ҳам мусулмон тараққийпарварлари ва уламочилар ўртасидаги зиддиятлар кескин эди.

Умуман олганда матбуотда аёллар қисматидан норози бўлиб ёзилган мақола ва хабарлар пайдо бўлган  бўлса-да, аёлларнинг ҳам илм олиши ва сайловларда иштирок этиши кераклиги таъкидланган бўлса-да, аммо амалда XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларида Туркистон аёлларининг ҳуқуқий аҳволида деярли ўзгаришлар рўй бермади. Хотин-қизлар оила ҳаётида ҳамда ижтимоий муносабатларда фаол иштирок этган. Бошқа томондан, асрлар мобайнида аёлларнинг қон-қонига сингиб кетган ақида – аёллар фақат уй ишлари билан машғул бўлиши кераклиги норозилик уйғотса-да, улар ўз озодлиги учун курашиш масаласини кўтариб чиқишмаган, улар ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишмаган. Зеро, фикри озод, эрки қўлида бўлган, илмли аёлгина эркин фикрловчи фарзанд, жамиятнинг етук шахсини тарбия қила олади. Буни яхши англаган Туркистон тараққийпарварлари матбуот саҳифаларида аёллар масаласини кўтариб чиқдилар, биринчи навбатда уларга илм бериш кераклигини таъкидладилар. Чунки илм эгаллаш билан киши ўзлигини англайди, ўзини ҳурмат қила бошлайди ва шу орқали дунёни ҳам яхшироқ англай бошлайди, тараққиётга интила бошлайди.


  • [1] Бу муаллиф газетада қисқартириб, П.М. деб берилган, газетада исм-фамилияларнинг бош ҳарфи берилиши кенг тарқалган. Газетанинг редактори Н.А. Маевнинг укаси П.А. Маев маълум вақт муҳаррир ёрдамчиси бўлиб ишлаган.
  • [2] Права среднеазиатской женщины //Туркестанские ведомости. 1875. 3 июнь.
  • [3] Покрывала мусульманских женщин //Туркестанские ведомости. 1889. 14 марта.
  • [4] Наливкин В., Наливкина М. Очерк быта женщины оседлого туземного населения Ферганы. Казань: Типография императорского Университета, 1886. С. 138.
  • [5] Мусулмон хотин-қизларининг тенг ҳуқуқлик тўғрисидаги хати //Туркистон вилоятининг газети. 1913. 28 ноябр.
  • [6] Мусулмон хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлик тўғрисидаги хати //Туркистон вилоятининг газети. 1913. 1 декабр.
  • [7] Ўша жойда.
  • [8] Мусулмон хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлик тўғрисидаги хати //Туркистон вилоятининг газети. 1913. 1 декабр.
  • [9] Мусулмон хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлик тўғрисидаги хати. //Туркистон вилоятининг газети. 1913. 1 декабр.
  • [10] Мусулмон хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлик тўғрисидаги хати. //Туркистон вилоятининг газети. 1913. 5 декабр.
  • [11] ЎзР МДА, И.47-фонд,  1- рўйхат, 150-иш, 562 варақ ва орқаси.
  • [12] Анбар Отин Фармонқули қизи Қўқонда 1870 йилда бўзчи белбоғчи оиласида дунёга келган. Анбар Дилшод Барно мактабида ўқийди. Унинг «Қоралар фалсафаси» («Фалсафадан саёҳон») номли асари бўлиб, унда Марказий Осиё аёллари қисмати, ижтимоий ҳаётдаги роли, озодлик учун кураш йўллари ҳақида ёзилади. Шоира тахминан 1915 йилда Қўқонда вафот этган.
  • [13] Нозимахоним 1870 йилда Тошкентда туғилди. Унинг отаси Мулла Саид Аҳмад замонасининг пешқадам кишилардан бўлган. Нозимахоним дастлаб эски мактабда, сўнгра маҳаллий хотин-қизлар учун очилган русча мактабда ўқийди. Шоиранинг  шогирди Манзурабону ўз хотираларида Нозимахонимнинг рус тилида эркин гаплаша олганини, Оренбург ва Қозонда чиққан матбуотни кузатиб, ўз ўқувчиларига Россия аёллари ҳаётидан қизиқарли ҳикоялара сўзлаб берганини ёзади. У 1924 йилда вафот этган. Қосимов Бегали. Миллий уйғониш. – Т.: Маънавият, 2002. Б. 212.
  • [14] Фитрат. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. Т.: Маънавият. 98-б.
  • [15] Батафсил қ.: Насретдинова Д.М. Туркистоннинг маданий ҳаётида татар бошқирд аёлларининг тутган ўрни (XIX асрнинг охири – XX асрнинг биринчи чораги). – Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация автореферати. – Тошкент, 2011. – 29 б.
  • [16] Мусулмон хотунларининг юзларини бекитишлари хусусида. //Туркистон вилоя­ти­нинг газети. 1909. 29 ноябр.
  • [17] Наливкин В., Наливкина М. Очерк быта женщины оседлого туземного населения Ферганы. Казань: Типография императорского Университета, 1886. С. 159.

INFOLIB, №2, 2020