Дурдона Расулова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси
доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа
доктори (PhD)

DOI:10.47267/2181-8207/2020/2-012

This article describes publications available in French in the collections of the National Library of Uzbekistan named after Alisher Navoi. Information about the author, publications and the state of preservation of French sources is interpreted in terms of periods that briefly describe the culture and history of the Central Asian region. Classical Oriental studies are conducted in France to study Central Asia, as well as scientific and practical expeditions, the results of which are widely commented on in French. In addition to their scientific and spiritual value, these sources have also been identified as playing an important role in the study of our country’s history.

В статье описаны публикации, имеющиеся в фондах Национальной библиотеки Узбекистана имени Алишера Навои на французском языке. Сведения об авторах, публикациях и состоянии сохранности французских источников интерпретируются в терминах периодов, кратко описывающих культуру и историю Центрально-азиатского региона. Всем терминам автор дал краткое объяснение. Для изучения Центральной Азии во Франции проводятся классические востоковедческие исследования, а также научнопрактические экспедиции, результаты которых широко комментируются на французском языке. Помимо их научной и духовной ценности, эти источники определены как играющие важную роль в изучении истории нашей страны. Изучая их, автор, несомненно вложил свой вклад в целостность истории нашей страны.

Дунё халқлари тарихи ва маданиятини, миллий давлатчилик асосларини тадқиқ этишда маҳаллий манбалар қаторида хорижий асарлар ҳам устувор аҳамият касб этади. Ушбу манбаларнинг ўрганилиши янги маълумотлар олиш билан бирга, маҳаллий олимлар томонидан яратилган асарларни қиёсий таҳлил қилиш ва объектив хулоса чиқариш учун ҳам зарурдир. Бу борада илм ўчоғи саналмиш – кутубхоналар  бебеҳо хазина вазифасини бажаради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2995 сонли Фармонига асосан халқимиз тарихи ва маданиятига оид манбаларни топиш, ўрганиш ҳамда уларни маҳаллий тилларга таржима қилиш замонавий олимлар олдида турган долзарб вазифа ҳисобланади. Уларни саралаш, ўқиб-ўрганиб кенг жамоатчиликка тарқатиш ўтмишдаги бой тарихимизни келажак авлодга етказиш учун қилинган муҳим саъй-ҳаракат ҳисобланади.  Бундай масъулиятли вазифани бажаришда олимлар ва тадқиқотчиларимиз нафақат хорижий давлатлар кутубхоналарига, балки “Ўзбекистон Миллий кутубхонаси” фондларига  мурожаат этишлари айни муддаодир.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида турли хорижий тиллар қатори “Француз тили”даги адабиётлар ҳам кўп сонлидир. Улар орасида  машҳур француз ёзувчилари ва маърифатпарварлари, хусусан, Шарль Луи де Секонда [Монтескье] (Charles Louis de Seconda 1689–1755),  Франсуа Мари Аруэ [Вольтер] (François Marie Arouet, 1694–1778), Дени Дидро (Denis Diderot, 1713–1784),  Оноре де Бальзак (Honoré de Balzac, 1799–1850), Виктор Мари Гюго (Victor Marie Hugo, 1802–1885, Эмиль Зола (Émile Zola, 1840–1902)  каби муаллифларнинг шоҳ асарлари ҳамда турли фанлар йўналишидаги тарихий ва замонавий, илмий-оммабоп ва бадиий асарлар, шунингдек, таржима қилинган  нашрларни қайд этиш мумкин.

Турли рукнлар остида сақланаётган ушбу кўп сонли манбаларни “Дунё мамлакатлари”  ва “Марказий Осиё” ҳудудларига бўлиб тавсифлаш мумкин. Улар инсоният тарихининг энг қадимги давридан бошлаб, бугунги кунга қадар давом этган жамиятнинг турли соҳаларини қамраб олганлиги билан ажралиб туради.

Материалларнинг кенг қамровли эканлигини инобатга олган ҳолда, фақатгина Марказий Осиё минтақасига оид француз тилидаги манбалар тавсифига тўхталиб ўтишни жоиз топдик. Олиб борилган тадқиқотлар давомида XVII–XXI  аср бошларига оид даврда Марказий Осиё тарихи ва манбашунослигига оид кўплаб манбалар аниқланди.

Эътиборли томони шундаки, мазкур нашрлар бирламчи манба хусусиятига эга бўлиши билан бирга, кам ўрганилганлигини билан ҳам диққатга созовордир. Сабаби, аксарият амалиётдаги тадқиқотларда инглиз [2] ва немис [8] тилидаги манбалар кенг жалб этилган. Шу боисдан, хорижий манбаларни кенг қамровли ўрганиш ҳамда жамоатчиликка етказиб бериш тарихимизнинг кам ўрганилган саҳифаларини янада бойитишга хизмат қилади. Хусусиятларига кўра ушбу манбаларни тарихимизнинг турли даврларига оид ҳолда туркумлаш ва тадқиқ этиш мумкин.

Жумладан, кутубхона фондларида XVII–XXI  аср бошларида Марказий Осиё ҳақида  француз тилида яратилган  500 дан ортиқ асарлар сақланмоқда. Ушбу француззабон асарлар кутубхонанинг “Умумий фонди” (250 дан ортиқ), “Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар” (150 га яқин) ҳамда “Жаҳон адабиёти” (100 дан ортиқ) бўлимлари фондларида сақланмоқда.     

Кутубхонанинг “Умумий фонди” даги энг ноёб манбалардан бири Қурьони Каримнинг француз шарқшуноси Б.Казимирский томонидан француз тилига қилинган таржима  нусхаси  бўлиб, унинг 1841 [22] [Инв. № – B/ 2389 / 2], 1844 [23][Инв. № – B/ 2390 /3], 1852 [24][Инв. № – B/2391 /2], 1857 [25][Инв. № – B/10684 /2], 1865 [26] [Инв. № – B/ 2392/2]  йилларда қайта нашр этилган жами 5 та нусхалари  сақланмоқда.

Бундан ташқари Миллий кутубхонанинг фахри саналмиш “Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар” фонди бой манбаларга эга бўлиб, унинг фондида жами 28 000 дан ортиқ  ноёб нашрлар сақланмоқда. XVI–XIX асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Туркистон заминида битилган қўлёзма ва тошбосма асарлар, XVII–XVIII асрларда ғарбий Европада чоп этилган китоблар бўлимнинг нодир ёдгорликлари саналади. Фонд 1918 йилда ташкил этилган. Нодир асарларни тўплаш, уларни алоҳида сақлашда машҳур шарқшунос, кутубхоначи Е.К.Бетгер (1887–1956) нинг хизмати катта бўлган.

К.Бетгер нодир асарларни тартибга келтиришда ўзига хос, янгича усулни қўллаган,  яъни  ҳар бир асрдаги нашрлар учун “П” ҳарфини ишлатиб (грекча “Палайос” эски, нодир), қуйидаги белгилардан фойдаланган:

XV–XVI асрлар учун – “Па”; XVII аср – “Пе”; XVIII аср – “Пи”; француз инқилоби адабиётлари учун – “По”; Шарқ қўлёзма ва литографиялари учун – “Пв”; библиографик қўлланмалар учун – “Пс”; XIX аср  – “Пу”; XX аср учун –  “Пя”  [4: 4]. Ушбу белгиларни қуйида тавсифланадиган манбаларнинг инвентар рақамлари мисолида кузатиш мумкин.

 “Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар”  бўлими турли-туман манбалардан олинган, харид қилинган китоблар ҳисобига муттасил бойиб борган ва бу жараён 1870 йилдан то шу кунга  қадар давом этиб келмоқда. Шунингдек, бўлими фонди 1895 йили княз Н.К.Романовнинг 5000 жилдли шахсий кутубхонаси фонди, шунингдек машҳур олим ва давлат арбоблари Н.Ф.Петровский, П.И.Хомутов, П.П.Пукалов, генерал-майор А.К.Гейнс, шарқшунос П.И.Пашино каби шахсларнинг китоблари билан бойиб борган. Кейинчалик бунга Туркистон халқ кутубхонаси директори Н.В. Дмитровский китоблари ҳам қўшилди [4].

Бўлимда сақланадиган француз тилидаги манбаларнинг йирик қисми XIX–XX аср бошларида Марказий Осиёда кенг кўламли изланишлар олиб борган француз тадқиқотларига бағишланади. Муаллифларнинг аксарият кўпчилиги Марказий Осиё минтақасига тадқиқотчи ёки сайёҳ сифатида ташриф буюрган.  Лекин бундан ташқари Францияда туриб Марказий Осиё минтақасини ўрганган тадқиқотчилар ёки олимларнинг асарлари ҳам мавжуд.

Мазкур нашрларда Марказий Осиё минтақасини  ўрганиш асосида қуйидаги фан-таълим  соҳалари бўйича маълумотлар акс эттирилган:

  • геология, минералогия, гидрография, энтомология, орнитология, топография – каби табиий фанлар йўналишлари;
  • этнография, этнология, география, топонимика, хронология, антропология, тарих, дипломатия, диншунослик,  маданиятшунослик, лингвистика, савдо-сотиқ, йўлсозлик – каби ижтимоий фанлар йўналишлари;
  • ирригация, ипакчилик, пахтачилик – каби қишлоқ хўжалиги тармоқлари.

Бўлимда сақланаётган асарлар ва илмий, илмий-оммабоп мақолаларни умумий ҳажми, характери ҳамда нашр хусусиятларига кўра бир неча гуруҳларга ажратиш мумкин.

Улардан биринчиси, йирик илмий асарлар ёки монографиялар бўлиб, аҳамияти жиҳатидан ҳам юқори ўринни эгаллайди. Улар Франциянинг Hachette et C-ie”, “Ernest Leroux”, “Armand Colin & Cie”, “E. Plon, Nourrit et CO” “Societe d’edition scientifiqueкаби машҳур нашриёт уйларида чоп этилган. Асарларда тадқиқотнинг бориши ва якунлари, илмий натижалар, илмий хулосалари комплекс равишда берилган. Асар билан танишган китобхон олиб борилган тадқиқот ва тадқиқот давомида ўрганилган муайян ҳудуд ҳақида батафсил таассуротга эга бўлади. Унда тадқиқотнинг мақсади, режаси, аъзолари,  маршрути, босиб ўтилган йўл, сафар тавсилотлари, қўлга киритилган илмий янгиликлар акс эттирилган. Ушбу манбаларга қўшимча равишда хариталар, фотосуратлар, гравюралар, тадқиқот олиб боришда тузилган жадваллар ҳам илова қилинади. Шу жиҳатлари билан ҳам асарлар ва монографиялар қимматли манбалар қаторидан ўрин олади. Улар ичида монография, махсус дарслик, қўлланма кабиларни ҳам учратиш мумкин.

Иккинчи турдаги материалларни илмий ва илмий-оммабоп мақолалар ташкил этиб, улар асосан ҳажми кичиклиги билан характерланади. Мазкур мақолалар илмий тадқиқотларнинг муайян бир соҳасига бағишланган бўлиб, бир тадқиқот бир неча соҳаларга (этнография, тарих, минералогия, геология, флора-фауна) бўлинган ҳолда, кичик-кичик ҳажмда, ўша даврнинг энг йирик ва кўзга кўринган даврий матбуотларида чоп этилган. Улар қаторига “Revue des deux Monde”, “La Gazette géographique”, “Exploration”, “Revue du monde catholique”, “Revue de France”, “Revue des sciences naturelles appliquées”, “Revue française de l’étrangerкабиларникиритиш мумкин. Бундан ташқари турли илмий жамиятларнинг “Bulletin de la Société de Geograhpie de Lion”, “Bulletin de la réunion des officiers”, “Bulletin de la Société de Géographie de Paris”, “Annales agronomiques” каби махсус нарш органларида ҳам чоп этилган. Бундай матнларнинг манба сифатидаги устун томонлари шундаки, ҳали тадқиқот тўлиқ якунламасданоқ, илмий ва оммавий жамоатчиликни илмий янгиликлар билан таништириб борган. Европалик тадқиқотчи ва сайёҳлар Шарқ дунёсининг ўзига хос экзотик хусусиятларини, улар учун очилган янги қирраларни, ўзларининг тасаввурларидан фарқ қиладиган Шарқ дунёсининг хусусиятларини ана шу мақолаларида акс эттирганлар.

Учинчи турдаги матнлар экспедиция раҳбарлари томонидан махсус миссия билан жўнатган экспедиция ташкилотчиларига, яъни Маориф, Молия вазирликлари, География, Антропология жамиятларига йўлланган илмий ҳисоботлардир [20]. Улар ҳам салмоқли ҳажмни ташкил этиб, деярли бутун экспедиция давомида тайёрланиб жўнатилган. Мазкур турдаги ҳужжатлар ўз давридаёқ ҳомий бўлган илмий жамиятлар йиғилишларида муҳокама этилгани ва илмий журналларда чоп этиб борилгани, унинг манба сифатидаги илмий қийматини белгилаб беради. Унда экспедиция йўналиши ва бошқа амалга оширилган ишлар батафсил баён этилиши билан бирга, ҳатто оддий кунлик маълумотлар ҳам кенг ёритиб борилган.

Яна бир турдаги манбаларни француз ориенталистларининг манбашуносликка таянган ҳолда яратган асарлари ташкил этади, жумладан, Элизэ Реклю (Élisée Reclus,1830–1905) [Инв. № –B/ 12078 /4] ва Леон Каюн (Léon Cahun, 1841–1900) [Инв. № – Пу-11577] асарлари бунга мисол бўла олади [15]. Улар муайян бир давр ёки тарихий масалани ўрганишда араб, форс, турк, хитой, санскрит, яҳудий ва хитой тилларидаги манбаларга мурожаат этиб,  улар асосида ўз тадқиқотларини олиб боришган. Бу турдаги тадқиқотлар манбашуносликка таянган  ҳолда олиб борилганлиги сабабли ҳам, пассив характерга эга бўлиб, саёҳатчилик асосидаги тадқиқотлардан фарқ қилган. Аммо, асосан бирламчи манбаларга мурожаат этилганлиги сабабли ҳам, ушбу тадқиқотларнинг қиймати илмий ориенталистик нуқтаи-назардан юқори баҳоланади.

Бу даврда яратилган бир турдаги манбалар қаторига айрим рус олимлари ва тадқиқотчилари томонидан яратилган асарлар ва илмий мақолаларнинг француз тилидаги муқобили яъни таржимасини ҳам учратиш мумкин. Бу ҳам ўз даври учун ўзига хос тадқиқотнинг бир кўриниши бўлиб, илмий жамоатчиликни имкон қадар кўпроқ манбавий асослар билан таъминлаш учун қилинган уринишлардан биридир. Чунки, рус тилини билмайдиган европаликлар учун илмий манбалар француз тилига таржима қилинган ҳолда етказиб берилган. Демак, бу ҳам  илмий жамоатчилик учун манбавий асосларни кенгайтириш йўлларидан бири десак муболаға бўлмайди. Бу эса ориенталистлар учун Шарқни ўрганишнинг  янги-янги методологиясини  ишлаб чиқилишини тақозо этди.

Жумладан, табиий фанлар соҳасида изланишлар олиб борган Александр Гумбольдт (Alexander Humboldt, 1769–1859) [Инв. № – Пу-2635] , Генри Мозер (Henri Moser, 1844–1923) [Инв. № – В/ 3766 /3], Эдуард Давид Леват (Edouard David Levat , 1855–1918 ) [Инв. № – 310507/ 3], Алоизи (Aloïsi J.,) [Инв. № –Пу-11570], Гийом Капю (Guillaume Capus, 1857–1931) [Инв. № – Пу-11565]ва бошқа француззабон тадқиқотчилар асарлари бугунги кунгача сақланиб келинмоқда [21].

Хусусан, ушбу манбаларда А. Гумбольдтнинг минтақа суғориш тизими ва тоғ тизмаларига оид фикрлари, Г. Мозернинг тупроқшунослик, суғориш тизимига оид қарашлари, Э. Реклюнинг Орол денгизини сақлаб қолиш хусусидаги хулосалари, табиатшунос Г. Капюнингчўл иқлими, йиллик ёғин ҳажми ва ўрмонзорлар қисқаришининг оқибатларига оид тавсиялари, шунингдек, Алоизи томонидан Туркистон ўлкасида маҳаллий шароитда ипак қурти уруғларини етиштириш орқали унинг хориждан келтирилишига чек қўйилиши масалалари [3] ва ипакчилик бўйича яратган қўлланмаси кенг тавсифланган. Шунингдек, муҳандис Э. Леват экспедициясида Бухоронинг олтинга бой ҳудудлари, уни қазиб олишда маҳаллий аҳоли тажрибаси таҳлил қилинган [1] ва унинг “Олтин саноати” номли асарида вашгерд (қумни ювиб, олтинга бой қисмини ажратиб оладиган қурилма) асбоби мисолида тавсифланган [28]. Э.Леват хулосаларига кўра, маҳаллий халқлар етук кончилик малакаларига эга бўлиб, мўғул, хитой ва корейс тажрибаларини ҳам ўзлаштирганлар.

Ижтимоий ҳаёт соҳаларига бағишланган Шарль Эжен Ужфальви (Charles-Eugène Ujfalvy, 1842–1904) [Инв. № –Пу-12778 ], Габриэль Бонвало (Gabriel Bonvalot,1853–1933) [Инв. № – B/1303 /2 ], Гюго Крафт (Hugues Krafft, 1853–1935) [Инв. № – Пя-4728 ], Поль Гольт (Paul Gault) [Инв. № – Пу-11641], Жозеф-Антуан Кастанье (Joseph-Antoine Castagné, 1875–1958) [Инв. № – Пя-11585], Жьюль Тоннельер (Jules Thonnelier) [Инв.№ – Пу-11638], Леон Кошар (Léon Cochard) [Инв. № – Пу-11558], Фернан Aнжиньер (Fernand Anginieur, 1868–1914) [Инв. № – P/V/3150]каби тадқиқотчилар [31] асарлари ҳам мавжуд.

Ижтимоий соҳа бўйича йирик тадқиқотлар илмий экспедициялар орқали олиб борилган. Манбаларда тадқиқотчи Э.Ужфальвиэкспедицияси асосидаги археология, антропология ва этнография каби соҳалар тадқиқи, Г. Бонвалонинг Тошкент, Қарши, Шеробод, Сурхондарё, Термиз, Бойсун ва Қашқадарё воҳалари бўйича этнографик маълумотлари, Самарқанддаги Гўри Амир, Шоҳи Зинда, Бибихоним каби тарихий- меъморий обидалар тавсифи, Г. Мозер тадқиқотидаги Тошкент, Самарқанд ва Бухоро ҳудудлари ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, давлат бошқаруви, савдо алоқалари масалалари, Ж. Кастанье хотираларида Тошкент аҳолисининг яшаш тарзи, урф-одат ва қадриятлари, мадраса таълими масалалари кенг тавсифланганлиги батафсил ёритилган.

          Шунингдек, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф каби ислом таълимоти асослари [29] йўналишларида ҳам тадқиқотлар олиб борилган. Хусусан, Қуръони каримдан сўнг иккинчи манба сифатида тан олинган Имом Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ” номли асари дастлаб араб [Инв. № – O/ I/ 21 I] [10], кейин эса француз [Инв. № – P/ VII /8153]тилларида чоп этилган бўлиб [19], ҳар икки нусхаси ҳам бўлимда сақланмоқда. Ушбу манбалар  ўз навбатида Францияда мусулмон маданияти, ислом таълимоти ва манбаларини ўрганишда катта ўрин тутиб, уларни Европада танитишга ҳам хизмат қилган.

Нодир нашрлар коллекциясидан Туркистон ва унга чегарадош Марказий Осиё, Шарқ мамлакатлари тарихи ва маданиятига оид – “Туркистон тўплами” (“Туркестанский сборник”) алоҳида ўрин эгаллайди. Бу тўпламда XIX асрнинг 70 йилларидан 1917 йилгача бўлган тарих, этнография, иқтисод, табобат, археология, геология, Марказий Осиё халқларининг турмуш маданиятига оид алоҳида китоблар, газета ва журнал қирқимлари жой олган бўлиб, жами 594 жилддан иборат.

Тўплам саҳифаларида 150 дан ортиқ француз тилидаги мақола ва тезисларни учратиш мумкин. Улар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси тарихи учун ҳам муҳим манбадир. Масалан, география ва ўлкашуносликка оид тадқиқотлар натижалари “Annales des voyages”, “Bulletin de la Société de Géographie”, “L’Exploration”, “Revue de Géographie”, “Revue géographique internationale”кабижурналларда акс эттирилган. Уларда асосий эътибор минтақа иқлими, табиати, суғориш тизими, савдо йўллари ва халқларининг жойлашуви каби масалаларга қаратилган [14].

Айтиш мумкинки, француз тилидаги нашрларни тўплам саҳифаларида рус тилига таржима қилинган ҳолатда ҳам, бундан ташқари француз тилидаги нашрларга келтирилган изоҳлар кўринишида ҳам учратиш мумкин [5].

Марказий Осиёдаги табиатшунослик, иқлимшунослик, геология, гидрография, минералогия соҳаларига доир маълумотлар, асосан, “Bulletin de la Société d’acclimatation”, “La nature” журналларида [30] ёритиб борилган. XIX асрда таъсис этилган “Le Tour du Monde” [27], “Revue des Deux Mondes” [17], каби нашрларда минтақадаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, унинг географиясига оид масалалар ҳам ўз аксини топган.

Россиянинг Туркистондаги сиёсатига оид воқеалар “Globe Revue de l’Orient”, “Moniteur”, “Patrie”, “République” каби газеталарда [9], Марказий Осиё ва Россияга оид маълумотлар эса Парижда нашр этиладиган махсус “La Russie” ҳафталик журналида ёритилган [7]. Ушбу манбалар бугунги кунда “Туркистон тўплами” саҳифаларида ўрин олган бўлиб, уни кенг жамоатчиликка таржима шаклида етказиш зарур.

Яна бир турдаги манбаларни даврий нашрлар ташкил этади. “Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар” фондида Францияда нашр этилган илк илмий журналлардан бири – “Париж илмий қироллик академияси” [13] (Académie Royal des sciences Paris. [Histoire et mémoire de Académie Royal des sciences Paris]) [Инв.№ – Пи-2481]нинг махсус илмий нашрлари мавжуд. Ушбу даврий нашрнинг 1706–1775 йиллар давомида чоп этилган 29 жилди бўлимда сақланмоқда. Уни ҳақли равишда жаҳон маънавий меросининг ноёб намунаси сифатида эътироф этиш мумкин. Сабаби, Францияда XVII аср охирларида даврий нашрларга асос солинган эди [6], янги турдаги бундай манбанинг XVIII асрдаги нусхалари бизга даврий нашрлар типологияси, тарихи ҳамда унинг истиқболли тараққиёти ҳақида кўп маълумотларни етказиб бера олади.

            Кейинги гуруҳ манбаларини Санкт Петербург ва Москвада нашр этилган манбалар ташкил этади. Умумий фондда [Инв.№–Д/1818-1920] сақланиб келинаётган “Санкт-Петербург Илмий академияси” – (Académie Impériale des sciences de St-Petersbourg. Mémoires de l’Académie Impériale des Sciences de St. Petersbourg. VI – Série. Sciences mathematique, physiques  et naturelles) [12] журналининг математика, физика ва табиий фанлар серияси, шунингдек, ушбу нашрнинг (Académie Impériale des sciences de St-Petersbourg. Mémoires de l’Académie Impériale des Sciences de St. Petersbourg. VI – Série. Sciences politiques, histoire et philologie) [Инв.№–Д/1928]  – Сиёсатшунослик, тарих ва филология фанлари серияси ҳам мавжуд. Бу даврий нашрлар илмий жамиятнинг махсус нашр органлари бўлиб, бевосита ушбу жамият фаолиятини ўрганиш учун катта аҳамият касб этади.

Бундан ташқари фондда Санкт-Петербургда нашр этилган каталоглар [16] [Инв.№–Пу-12008], Б.Духовский [Инв.№–Пя-12209], Ж.Мушкетов [Инв.№–B/ 9205 / 3], Н.Чариков [Инв.№–В/5228/0], А.Воеков [Инв.№–Д/1616/19-I-XI] [18] ижоди намуналари ҳам ўрин олган.  Шунингдек, бу соҳада амалга оширилган катта ишлар сирасига Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” номли асари “Мўғуллар ва татарлар сулоласи тарихи” [11] [Инв.№ – B/3584 /3]номи билан Барон Демезон томонидан қилинган таржимаси бўлиб, мазкур нашр ҳам бўлимда сақланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ғарбий Европада босмахоналар пайдо бўла бошлагандан сўнг кўплаб нодир асарлар матбаа йўли билан чоп этилди. Бутун дунё кутубхоналарига тарқалган бўлдай нодир асарлар бизнинг кутубхоналаримизда ҳам мавжудлиги қувонарли ҳол, албатта. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида  Марказий Осиё тарихи ва маданиятини акс эттирувчи инглиз, француз, немис ва бошқа тилларда Париж, Лондон, Берлин шаҳарларида нашр этилган манбалар жуда  кўп бўлиб, улар келажакда ўзининг тадқиқотчилари ва фаол китобхонларини кутмоқда. Ушбу манбаларни ўқиб-ўрганиш ва тадқиқотларда акс эттириш Марказий Осиё халқларининг жаҳон интеллектуал меросини бойитишга қанчалик улкан ҳисса қўшганлигини очиб бериш билан баҳоланади.

Демак, Европа оламида Шарқ ҳақидаги билимлар зарурияти туғилганлиги ва эҳтиёжнинг кундан-кунга ортиб бориши мавжуд интеллектуал мерос турларини  янада кўпроқ тадқиқ этишни тақозо этади. Келгусида кутубхона фаолиятини ривожлантириш ҳамда китобхонлар учун манбалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш учун бир неча тавсиялар келтириш ўринлидир:

– француз тилида мавжуд бўлган манбаларнинг каталоги яратиш (манбанинг муаллифи, нашр жойи, йили, фотосурати ва қисқача тавсифи);

– даврий матбуот ҳамда журналларда берилган мақола ҳамда тезисларни  соҳалар (тарих, география, этнография маданият, дин, тилшунослик, саноат, фан-таълим)   кесимида ажратиб каталог яратилиш;

“Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар” фондининг фахри саналмиш 594 жилддан иборат “Туркистон тўплами” (Туркестанский сборник) саҳифаларида мавжуд француззабон материалларнинг алоҳида каталогини яратиш ва тадқиқотчилар учун соҳалар кесимида туркумлаш.

Бундай хайрли ишларнинг амалга оширилиши нафақат юртимиз балки бутун Марказий Осиё минтақасидаги тадқиқотчилар ва олимлар учун тадқиқот ишларини енгиллаштириш билан бирга, янги-янги имкониятларни яратиб беради.

Фойдаланилган манбалар рўйхати

  • 1. В горной Бухаре // Туркестанские ве-домости. – 1903. – 30 января. – № 9 (2138).
  • 3. Местные известия. Н.Маргеллан, 9-июня. (О новом предприятии официально-го поставщика грены г. Алоизи в Маргелан-ском уезде) // Туркестанские ведомости. – 1895. – 18 (30) июня. –№ 43 (№1375).
  • 4. Нодир нашр ва қўлёзмалар бўлими коллекцияси. – Т.: Ўзбекистон Миллий ку-тубхонаси, 2009.
  • 5. Расулова Д. XVII–XX аср бошидаги француззабон тадқиқотларда Ўзбекистон тарихи масалалари: Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори диссертацияси авторе-ферати. – Тошкент: 2019. – 54 .
  • 6. Туркестанские ведомости. – 1898. 16 (28) июля. – № 53 (№ 1671).
  • 7. Шодмонова С. Немис ва турк тарих-шунослигида совет мустамлакачилигига қарши кураш масалалари (1917–1924 йил-лар). – Т.: Abu Matbuot-Konsalt, 2008. – 128 б.
  • 8. (La) Russie dans la Presse Parisienne. 1848–1859. – Cahiers du Monde Russe et So-viétique. – Vol. IX. 1968. – No. 3–4, 386–436 p.
  • 9. Abou Abdallah Mohammed ibn Ismaïl el-Bokhâri. Le recueil des traditions Mahométa-nes par el-Bokhâri. Publié par M.Ludolf Krehl. Vol.4. – Leyde: E.J. Brill Imprimeur de l’Uni-versité, 1862.
  • 10. Abul Ghozi Bahadur Khan. Histoire des mongols et des tatares. Publiée, traduit et an-notée  par le baron Desmaisons. T. 1-2. – St. Pe-tersbourg,  1871–1874.
  • 11. Académie Impériale des sciences de St-Petersbourg. Mémoires de l’Académie Impéri-ale des Sciences de St. Petersbourg. VI – Série. Sciences mathematique, physiques et natu-relles.
  • 12. Académie Royal des sciences Paris. [Histoire et mémoire de Académie Royal des sciences Paris]. Paris – Panckoucke, Amster-dam – Perre Mortier, Pieere de Coup, J. Schreu-der & P. Mortier le Jeune, 1723-1780. Кутуб-хонада сақланаётган нусхлари: Année 1706–1707, 1709, 1719–1722, 1732, 1734, 1739, 1740–1741, 1743, 1745–1748, 1754, 1756–1757, 1763, 1774–1775. Vol. 29.
  • 13.       Cahun L. Introduction  à l’histoire de l’Asie. Turcs et Mongols des origins à 1405. – Paris, Armand Colin & Cie, Editeurs. 1896. – Р. XIII, 520; Réclus J. E. Nouvelle géographie uni-verselle: la terre et les homes. L’Asie russe. – Paris: Hachette et Cie,1881.  Vol. 6.  – 966 p.
  • 14.       Cataloque de la section du Turkestan. Précéde  d’une  notice topographique. Publié par la commission Impériale  Russe. Expositi-on universelle de Vienne en 1873. – St-Péters-bourge. Imprimerie Trenké & Fusnot (Journal de St-Pétersbourge) Maximilianovsky pér., 15. 1873, – 48 p.
  • 15. Cotard M. Le chemin de fer Central-asi-atique // [Revue des Deux Mondes. 1876, 15 Juillet, 2e livre]. Туркестанский сборник. Т. 183; Blerzy H. Les conquêtes de la Russie, l’expédition de Khiva // Revue des Deux Mon-des. 1877. 15 Mai. T.XXI. P. 392–435]. Туркес-танский сборник. Т. 295.
  • 16. El-Bokhâri. Les Traditions islamiques. Traduites de l’arabe avec notes et index par O. Houdas, professeur à l’École des langues ori-entales vivantes et W. Marçais directeur de la Médersa de Tlemcen. Vol.4. – Paris: Ernest Le-roux, 1903–1914; 1903, Т. №1; 1906, Т. №2; 1908, Т. №3; 1914, Т. №4.
  • 17.       Kasimirski A de Biberstein. Le Koran. Traduction nouvelle faite sur le texte arabe par M.Kasimirski. Nouvelle edition avec notes, commentaires et preface du traducteur. – Paris, Charpentier: 1841. – 521 p.
  • 18. Levat D. L’Industrie Aurifère. – Paris: Ch.Dunod Éditeur, 1905. – 800 p.