Муҳайё Исоқова,
ЎзР ФА Тарих институти,
Ўзбекистон Миллий архиви
етакчи илмий ходими,
тарих фанлари доктори

DOI:10.47267/2181-8207/2020/2-010

In the article described the short but meaningful life and activities of a Bukharian enlightenment Mirza Sirajiddin. In the libraries and manuscript funds of the Republic of Uzbekistan stored valuable works of little-known enlightenments who have made a worthy contribution to the development of the spiritual and cultural life of the region. One of the not completely researched sources is the work of Mirza Sirajiddin’s travel book «Tuhafi ahli Bukhara» («Gifts to the people of Bukhara»). In 1910, the author finished a manuscript written in Persian on European paper. The volume of the work is 193 pages; the size is 13×20 cm. In 1911, a lithograph of the book was published in the Kogan printing house in Bukhara. In 1952, Professor Muhammad Asadiyon found one of the lithographic copies of the book in the library of Princeton University (USA) and published it with an introduction and notes. Nowadays, the manuscripts of 200 poems that collected in two volumes by the author, as well as the work «Tuhafi ahli Bukhara» are kept in the fund of The Abu Rayhan Biruni Institute of Oriental Studies of Academy of Sciences of the Republic of Uzbekistan.

Статья посвящена описанию короткой, но содержательной жизни и деятельности бухарского просветителя Мирзо Сирожиддина. В библиотеках и рукописных фондах Узбекистана хранятся ценные произведения малоизвестных просветителей, внесших достойный вклад в развитие духовно-культурной жизни региона. Одним из малоисследованных источников является работа Мирзо Сирожиддина «Тухафи ахли Бухоро» (Подарки жителям Бухары). В 1910 году автор закончил рукопись, написанную на персидском языке на европейской бумаге. Объем произведения 193 страниц, размер 13х20 см. В 1911 году в типографии Когана была издана литография книги. В 1952 году профессор Мухаммад Асадиён нашел в библиотеке Принстонского университета США один из литографических экземпляров книги и издал ее со вступительным словом и примечаниями. Ныне рукописи 200 стихов, объединенных в два сборника, а также произведение «Тухафи ахли Бухоро» автора хранятся в фонде Института Востоковедения Академии наук РУз.

Далатларнинг куч-курати ҳар қандай замонда унинг интеллектуал салоҳияти билан белгиланган. Бунда бевосита муҳим ижтимоий институлардан бири бўлган кутубхоналар ва уларда сақланаётган нодир адабиётларнинг ўрни бебаҳодир. Республикамиз кутубхоналари ва қўлёзма фондлари таркибида тақиқотчилар томонидан етарли даражада ўрганилмаган ва илмий-оммавий муомилага киритилмаган бир қанча асарларимиз мавжуд. Шу каби манбаларни аниқлаш ва улар борасида мақолалар эълон қилиш орқали яна бир бор аждодларимиз илмий мероси ва ҳаёт сабоқларини ўрганиш амалий аҳамият қасб этади. Қуйида маърифатпарвар инсон Мирзо Сирожиддиннинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотларни келтириб ўтамиз.

 Инсон борки ҳаётда ўз ўрнини топишга ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлишга интилади. Албатта, бундай мақсадларга эришиш йўлида бир қанча қийинчиликлар ва тақдир синовларидан ўтишга тўғри келади. Шу ўринда, XIX асрнинг иккинчи ярмида доктор Собир тахаллуси билан нафақат Бухоро, балки Афғонистон, Эрон, Ҳиндистон ва бир қатор қўшни давлатларда ҳам танилган Мирзо Сирожиддиннинг қисқа, лекин мазмунли ҳаёти бунга мисол бўлади.

 1877 йил 23 октябрда Бухоро шаҳридаги  йирик савдогар ва сарроф Ҳожи Мирзо Абдуррауфнинг оиласида узоқ йиллар кутилган ягона ўғил фарзанд таввалуд топади. Ота-онаси яхши ният билан ўғлига Мирзо Сирожиддин деб исм қўйган. Оиланинг ягона вориси комил инсон бўлиб вояга етиши учун отаси унинг таълим олишига алоҳида эътибор каратган. Мирзо Сирожиддин беш ёшидан Бухоро мадрасаларидан бирида тахсил олишни бошлаган ва дарслардан ташқари уйида махсус ўқитувчилар ёрдамида қўшимча араб, форс, рус, француз ва немис тилларини мукаммал ўрганган.

Ўсмирлик давриданоқ, ёш Сирожиддин аҳлокшунослик, маданиятшунослик ва тарихга доир китоблар мутоаласига жуда қизиққан. Бухорнинг маърифатпарвар кишиларидан сабоқ олиб, уларнинг қарашларига эргашишга харакат қилган. Жумладан, Садриддин Айний, Махмудхўжа Беҳбудий, Садр Зиё ва Аҳмад Донишларнинг жадидлик фаолияти ва ижоди билан якиндан таниш бўлган. Жумладан, Бухоро маърифатпарварларидан бири Садриддин Айнийнинг тавсияси билан Аҳмад Донишнинг “Наводир-ул-вақоеъ” (“Нодир воқеалар”) асарини, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳнинг «Савониҳ ул-масолик ва фаросих улмамолик» («Йўлларнинг қулайликлари ва мамлакатларнинг масофалари») китобларини ўқиш унга ҳар доим ҳузур бағишлаган.

Воега етган Сирожиддин дастлабки фаолиятини отасининг кичик бир саррофлик дўконида бошлаб, кейинчалик мустақил равишда пахта савдоси билан шуғулланган. Турли хил савдогар ва сайёҳатчилардан Россия империяси, Усмонийлар давлати, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон ва айниқса Европа мамлакатлари тўғрисида кўп маълумотлар эшитиб, у ерларни бориб қўриш ниятида бўлган. Савдогарлик фаолияти уни узоқ сафарларга чикиш режасини амалга оширишга имкон яратган.

Мирзо Сирожиддин ҳаёти давомида уч маротаба саёҳатга борган. 1902 йил 5 июнда илк бор Европани кўриш мақсадида Каспий денгизи орқали Кавказга бориб, у ердан Усмонийлар империясига ташриф буюради. Сўнг Қора денгиз орқали Булгор князлигининг София шаҳрига бориб, кейин Сербия қироллиги пойтаҳти Белград шаҳрига, у ердан Будапешт ва Австрия Венгрия ҳудудларига ўтиб, дастлаб Вена, сўнг Германиянинг Берлин шаҳрини зиёрат қилади. Саёҳатини Франциянинг Париж шаҳри ва Британиянинг Лондон шаҳрида давом эттиради. Сафардан қайтиш йўлида Польша қироллигининг пойтаҳти Варшава ва Россия империясининг пойтаҳти Москва шаҳарларини бориб кўради. 1903 йил январ ойида Бухорога қайтиб келади. Мазқур саёҳати унинг дунёқарашини ўзгаришига ва келажакдаги қасбига ҳам таъсир қилади.

Бир ойдан сўнг, февралда Мирзо Сирожиддин иккинчи узоқ муддатли сафарига ҳозирланади. Бу сафар у жануб томонга йўл олиб, Марв орқали Хуросон, Машҳад, Нишопур, Тус шаҳарларига боради. 1903 йилда Эрондаги машҳур Теҳрон тиббиёт коллежи (ҳозирда Теҳрон тиббиёт университети)га ўқишга киради. Уни тамомлаб, коллежда ўқитувчилик ва Мозандарон шаҳар касалхоналарининг бирида врачлик фаолиятини олиб боради. Тез орада, Эронда “доктор Мирхон” номи билан машҳур бўлади. Кўп вақт ўтмай, унинг довруғини эшитган Афғонистон амири Хабибуллахон Мирзо Сирожиддинни ишга таклиф этади, у ерда доктор Собир номи билан фаолият юритиб шуҳрат қозонади.

Бу сафарги саёҳати уч ярим йилга чўзилиб кетади. 1905 йил июнида Амударё орқали Термиз, Қарши шаҳардаридан она юрти Бухорога қайтиб келади. Аммо Бухоро ва Афғонистон савдогарлари ўртасидаги можаро сабаб, қисқа фурсат ичида яна Европага сафар қилишга мажбур бўлади. Тиббий билимларини бойитиш мақсадида Швейцариянинг Бёрн университети Тиббиёт факультетига ўқишга киради ва мукаммал равишда европа тиббиёти сирларини ўзлаштиришга киришади. Университетни тамомлаб, 1909 йилда Бухорога қайтиб келади ва у ерда европача шифохона очиб халқ хизматига киришади[1].

Мирзо Сирожиддин узоқ йиллик сафарлари давомида кўрганлари ва хотираларини  “Туҳфаи аҳли Бухоро” (“Бухоро аҳлининг туҳфалари”)[2] номли асарида ёзиб қолдиган. 1910 йилда муаллиф асарни қўлёзма нусхасини ёзиб тугатган ва 1912 йилда эса Когон босмахонаси[3]да тошбосма нусхаси нашр этилган. Асарнинг қўлёзма нусхаси форс тилида европа қоғозида ёзилган. Жами бўлиб, 193 саҳифани ўз ичига олади, унинг ўлчами 13х20. Асар яхши ҳолатда, кириш ва хотимаси билан тўлиқ сақланган.

Асардаги дастлабки маълумотлар XIX аср охири – XX аср бошларида Бухоро амирлиги, Фарғона, Туркистон, Тошкент, Самарқанд, Авлиёота ва бошқа шаҳарларга оид бўлиб, муаллиф савдогар сифатида у ердаги ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётни ёритишга алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, Фарғона шаҳри таърифига тўхталганда у ердаги аксарият банк, фабрика ва компаниялар рус ва яҳудий тадбиркорлар тассаруфида эканлигини қайд қилади.

Шунингдек, Самарқанддаги машҳур тарихий қадамжойлар ва Амир Темур давридаги меъморий обидалар ва бинолар таърифини ёзиб қолдирган, Тошкент шаҳрининг янги шаҳар қисмидаги қурилган бинолар ва меҳмонхоналар, Авлиёотадаги кутубхона ва касалхоналар тўғрисида ҳам маълумотлар берган.

Муаллиф асарининг энг қизиқарли жиҳати унда сафар давомида кўзи билан кўрган Европа, Россия, Туркия ва Афғонистон каби давлатларнинг ижтимоий ва маданий ҳаёти таърифларида мужассамлашган. Европанинг ҳар бир шаҳаридаги театр ва музейларини бориб кўрган. Жумладан, у Франция, Германия ва Англиядаги таълим, ижтимоий ҳаётнинг тараққиёти, биносозлик, кутубхоналар, одамларининг кийиниш маданияти ва кундалик ҳаёти ҳақида батафсил тўхталади.

Мирзо Сирожиддин ўзининг 1902 йил 5 июнда бошлаган Европа сафарини Бухоронинг Когон вокзалидан бошлаб таърифини ёзади. Мазкур сафарга чиқишдан 5 йил аввал (тахминан 1897 й) Бухорода муаллиф Австрия шаҳзодаси билан яқиндан танишгани ва Венага етиб борганида уни берган манзили бўйича сўриштириб топиб, меҳмон бўлганлигини ёзади. Бу шаҳарда 21 кун қолиб, у ердан Олмония (Германия)га борди. Берлиндаги меҳмонхона, кутубхоналар, шаҳар озодалиги, боғлари, темир йўл қурилишидаги ютуқлари, ҳарбий патенциали, бой турмуш тарзи Россия ва Туркия билан қиёслаганда сезиларли даражада юқори эканини таъкидлайди.

Европа аҳолисининг ижтимоий ҳаётини ёритишда шаҳарларнинг тозалиги, тиббиёт соҳасидаги ютуқларига алоҳида эътибор қаратади. Мирзо Сирожиддин Германия касалхона (маризхона)лари хушҳаво маскан, ихтисослашган биноларда жойлашгани ва санитар ҳолатига ижобий баҳо бериб, у ерларда даволанаётган беморлар доктор ва уларнинг муолажаларисиз ҳам 10 кун ичида тузалиб кетади, деб ёзади[4].

Германиядан кейин Франциянинг Париж шаҳрига бориб, бир хафта давомида саёҳатчи у ердаги минора ва музейлар, кутубхоналар, уларда сақланаётган нодир китоб ва бебаҳо оссори атиқлар ҳақида ёзади. Шунингдек, давлат кутубхоналаридаги минглаб турли мавзу ва тиллардаги асарларга ҳам алоҳида тўхтаб ўтади. Франциядаги  Ҳотел Дебу номли касалхонасига таъриф бериб, у ердаги моҳир ва машҳур врачларнинг фаолиятини зикр этиб, умумий ҳисобда Францияда ўша даврда 40 мингдан зиёд кучли малакали мутахассислар турли касалхоналарда фаолият юритганлиги тўғрисида маълумотлар келтиради[5]

Европа давлатлари бўйлаб сафар якунида Англиянинг Лондон шаҳрига бориб, барча соҳалардаги ютуқлар, жумладан, савдо, ишлаб чикариш, шаҳар иқтисодиётига алоҳида эътибор қаратади. Лондонда ҳам турли ижтимоий-маърифий масканларга борганини, хусусан касалхоналар ва ердаги кўплаб шифокорларни фаолиятини ёритиб беради[6].

Муаллиф ўз асарида 1902 йил декабрда Эрон ва Афғонистон сафари тўғрисида қуйидагиларни баён қилади: “Маҳшадда кўпроқ сайр қилдим, оҳири зерикиб ҳам кетдим ва бир иш билан шуғулланишим кераклигини англадим. Ўзимдаги пул, Қўқондаги тижорат моллари ва Хитой банкининг билетлари ва бошқаларини келтириб, бу ерда арзон бўлган пахта ва териларни сотиб олдим. Олган нарсаларимни Сабзавор, Нишопур ва бошқа ҳудуддан келган тижоратчиларга бердим, шу баҳона Нишопурга ҳам бориб сайр қилдим”[7].

Афғонистонга саёҳати баёнида Мирзо Сирожиддин Бухоро билан ўзаро алоқалари, қоракўл қўйларининг Афғонистон ва Россияга экспорт қилиниши ҳақида батафсил маълумотлар ҳам бериб ўтади. Шунингдек, Афғонистондаги ҳукумат бошқаруви, мансабларнинг турлари, уларнинг номлари, вазифалари ҳақида, ҳарбий тузулмалар, уларнинг шакли ва кўринишлари ҳақида маълумотлар келтирилган[8].

Муаллиф асарида кўплаб яҳудий, армани, русий, инглиз, эрони ва ҳ.к. миллатларни зикр қилиб, уларнинг тижорат ва ишлаб чиқаришдаги ютуқларига алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, руслар етиб борган жойларида (тарҳ усули) русча-лойиҳада уй ва биноларни қурганини зикр қилади[9].

Эроннинг машҳур шаҳарларидан ўтиб, Ҳиндистонга саёҳат қилиб, у ерда Бандар  Бушаҳр, Бамбей, Ҳайдаробод, Деҳли, Шоҳжаҳон ва Янги Деҳли шаҳарларига бориб, у ердан яна Эронга қайтган[10].

Сўнг Симнон, Домғон, Сорий, Мозандарон, Астробод шаҳарларида бўлган. Хусусан, муаллиф Мозандаронда икки йил табобат билан шуғулланиб (164 бетдан 4 йил Мозандаронда қолганини ҳам ёзган), у ерда машҳур бўлиб кетгани, Астрободда бир йил табобат билан шуғулланганини ҳақида ҳам қисқача айтиб ўтган[11]. (184-186 б.).

Зиёлилар таълими ва китоб мутоаласидан таъсирланган Мирзо Сирожиддин кейинчалик ўз даврда чоп этилган бир қанча даврий нашрларда ўз илмий мақолалари билан баҳсларда ҳам иштироқ этган. Жумладан, Бухородаги “Бухорои шариф” ва “Турон”, Эрондаги “Тусий” ва “Навбаҳор”, Самарқанддаги “Ойина” журналларида турли маърифий, фалсафий мавзуларда илмий-оммабоп мақолаларини эълон қилиб борган. Тиббиёт ва тижорат ишлари ёрдамида яхшигина сармояга эга бўлган Мирзо Сирожиддин 1912-1913 йилларда Бухорода маҳаллий маърифпарварлар ташаббуси билан таъсис этилган “Бухорои шариф” номли рўзноманинг чоп этилишида асосий ташкилотчи ва ҳомийларидан бири бўлган. “Бухорои шариф” газетаси бир йил ўтиб, бор-йўғи 153 сонли тиражда нашр этилгандан сўнг ёпиб қўйилган. Мирзо Сирожиддин ушбу рўзноманинг илк сонларидан бошлаб “Ҳаким Бухорий” таҳаллуси остида мақолалар эълон қилиб борган. Жумладан, “Рўзноманинг баъзи фойдалари” номли мақоласида халқнинг дунёқарашини бойитиш, китоб мутоаласи, ҳаётда қандай яшаш лозимлигини ўрганиш ва дунё янгиликлари ва халқлари аҳволидан хабардор бўлиш йўлидаги энг осон восита сифатида газеталарнинг аҳамиятига баҳо бериб ёзади.

У 1913 йилда навбатдаги сафарини амалга ошириб, Эроннинг Рашт шаҳрида сил (шиш) касаллиги билан бемор бўлиб, Бухорога қайтиб келади. Бир ой ўтиб, 1914 йил 17 январда вафот этади. Вафот этганда отаси Мирзо Абдурауф 65 ёшда бўлган, унинг 3 ёшли ўғли ва 6 ойлик қизи етим қолган.

Мирзо Сирожиддинга таъзия билдириб, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Садриддин Айний  “Ойина” журналида марсиялар ёзади[12]. Унда муаллиф Мирзо Сирожиддинни фаолиятига маърифатпарварлик фаолиятига баҳо беради. Вафотидан сўнг М.Беҳбудий марҳум хотирасига  бағишлаб “Ойина” мажалласининг 1914 йилги февраль ойи сонида Мирзо Сирожиддининг “Ақл” ҳамда 1915 йилнинг 9-сонида “Бухорода таҳсил” деб номланган мақолаларини муаллифнинг номидан эълон қилади[13].

Муаллиф ўз нашрларида тарихий тафаккур масаласига алоҳида эътибор қаратган. Унинг шеърий жанрда ёзилган мисраларида Марказий Осиёда етишиб чиққан мутафаккирларнинг юртида илмни нуфузи пасайиб бораётгани, саводхонлик борасидаги камчиликлар ва таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни жиддий танқид қилиб, аждодларга мос авлод бўлиш учун тарихдан сабоқ чиқариб, илм-фанни ривожлантириш, китоб ўқиш долзарблиги баён этилган[14].    

Унинг “Ақл” сарлавҳаси остида чоп этилган мақоласида инсоннинг ақл заковати, идроки тушунчаларининг фалсафий талкин этиш билан бирга, инсон зийнатларидан ақл, идрок ва шуур (сезиш-ҳиссиёт)ни санаб ўтади. Айнан ақл инсонларни бошқа мавжудотлардан ажратиб турувчи жиҳат эканлигини қайд этади. Шу ўринда, муаллиф инсонларни ўз ўзини англаш орқали икки хил ақлга: ноқис ва комил ақлга эга эканлигини баён этади. Комил ақлга эса шахс илм олиш ва амалий тажриба орқали эришини айтади. Хулқий ақл тарбия орқали қасбий ақл эса илм олиш, тажриба алмашиши ва ижтимоий мулоқот натижасида шаклланиши юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтади. Бу мақола орақли муаллиф бешикдан то кабргача илм олиш мазмунидаги хадисни асосий ғояси сифатида олиб, ҳар бир шахсни илм олиш, ўз устида мунтаззам ишлаш орқали комил инсон бўлиб етишиши кераклигини ёқлаб чикади[15].   

“Бухорода таҳсил” деб номланган мақоласида муаллиф мадрасалардаги таълим тизими, талабларнинг ҳаёти, 20 йиллик ўқиш даврини йилма-йил ёритиш бериб, ушбу муддат узоқлигини танқид қилади[16].

Хулоса қилиб айтганда, ХХ аср бошларида Бухоро амирлигида яшаб ижод қилган Мирзо Сирожиддиннинг маърифатпарварлик қарашлари ва унинг “Туҳфаи аҳли Бухоро” асари комил инсон тарбиясида муҳим ўрин эгаллайди.


  • [1] https://ru.wikipedia.org
  • [2] ЎзР ФА ШИ. Мирзо Сирожиддин Бухорий. Туҳфаи аҳли Бухоро. Инв. №2142.
  • [3] ЎзР ФА ШИ. Мирзо Сирожиддин Бухорий. Туҳфаи аҳли Бухоро. 1911, тошбосма / Инв. №9070.
  • [4] ЎзР ФА ШИ. Мирзо Сирожиддин Бухорий. Туҳфаи аҳли Бухоро. 1911, тошбосма / Инв. №9070, 37-42 бетлар
  • [5] Ўша жойда, 42-47 бетлар
  • [6]Ўша жойда, 49-52 б.
  • [7] Ўша жойда, 67 (а)-67 (б) бетлар.
  • [8]Ўша жойда, 93-94 бетлар.
  • [9] Ўша жойда, 116 (орқа варақ) – 117а  бетлар.
  • [10] Ўша жойда, 147-157  бетлар.
  • [11] Ўша жойда, 184-186 бетлар.
  • [12] С. Айний. Бухорий. Марсия ба Мирзо Сирожиддин Ҳакими Бухорий // Ойина. – 1914. – № 14. – Б. 241;
  • [13] Мирзо Сирож Ҳаким Бухорий. Таҳсил дар Бухоро // Ойина.- 1915.- № 9 (61).- С. 291-292.
  • [14] Ҳаким Бухорий (Мирзо Сирожиддин). Ёд бод // Ойина.- 1913.- № 2. – Б. 22-23.
  • [15] Ҳаким Бухорий (Мирзо Сирожиддин). Ақл // Ойина. – 1914.- № 16. – Б. 286-288.
  • [16] Мирзо Сирож Ҳаким Бухорий. Таҳсил дар Бухоро // Ойина.- 1915.- № 9 (61).- С. 291-292.

INFOLIB, №2, 2020