Садриддин Шаропов,
Бухоро вилояти ахборот-кутубхона
маркази директори

В статье приведены сведения о коллекции Восточного фонда Информационно-библиотечного центра Бухарской области имени Абу Али ибн Сины, которая занимает особое место среди памятников истории и культуры региона. Хранящиеся в фонде уникальные издания великих деятелей и учёных имеют неоценимое значение в развитии науки и воспитании подрастающего поколения.

Бугунги кунда ўзлигимизни англаш учун ота-боболаримизнинг тафаккури маҳсули бўлмиш маънавий меросни, маданиятимиз тарихини, диний ва дунёвий тафаккур эволюциясини билиш ва чуқур ўрганиш зарурати кучаймоқда. Бу эҳтиёжни қондириш тарихни илмий ўрганиш ва чуқур англаш орқали амалга ошади. Тарихни ўрганишда эса ўтмишнинг ҳақиқий гувоҳлари бўлмиш қўлёзмалар ва улар сақланадиган фондларнинг аҳамияти беқиёсдир.  Ана шундай фондлардан бири Бухоро вилоятида ўзининг кенг кўламли, турли соҳаларни ўзида жамлаган мўътабар қўлёзма китоблари билан маълум ва машҳур зиё маскани Абу Али Ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг “Шарқ қўлёзмалар” фондидир.

Вилоят ахборот-кутубхона маркази фондидаги нодир коллекциялар манғитлар кутубхонаси ва амирликнинг Аҳмад Дониш, Муҳаммад Садри Зиё, Маҳдихон Котиб, Абдулфаттоҳ Котиб сингари зиёли ва мансабдор шахсларнинг кутубхоналарида тўпланган ва сақланган китобларни ташкил этади.

Кутубхонадаги қўлёзма манбаларга диққат билан назар ташланса, баъзи китоблардаги муҳрларда юқорида номлари тилга олинган шахсларнинг исмларини акс этганини кўрамиз. Бу эса, китобда номи акс этган шахснинг унга эгалик қилганидан далолатдир.

Вилоят кутубхонасининг “Шарқ қўлёзмалар” фондида бугунги кунда VIII асрдан XX асргача бўлган даврларни ўз ичига олувчи  турли даврларда турли хаттотлар томонидан кўчирилган қўлёзма асарлар ва XIX-XX асрларда Афғонистон,Эрон, Русия, Туркия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Миср ва Яман каби давлатларнинг машҳур типографияларида, ҳамда юртимизнинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент каби шаҳарларнинг типографияларида чоп этилган  араб, форс ва туркий тиллардаги литографик китоблар ҳам ардоқлаб сақланиб келинади.

 Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази фондида қуръони карим ва ҳадис илмларидан ташқари ислом ҳуқуқшунослигига доир мўътабар манбалар ҳам мавжуд бўлиб, улардан: Абул Баракот Абдуллоҳ бин Аҳмад ан-Насафий(1232-1310) нинг “Фатавои Мустасфо” яъни танланган фатволар номли асарнинг муаллиф ўзи ҳаётлиги даврида яъни 1286 йилда кўчирилган нусхаси ҳам сақланади. Бу асар аввало ўзининг тарихийлиги билан қимматли бўлиб, ундаги фатволар Шамсул аимма Кардарий, Шамсул аимма Сарахсий каби бир қанча ҳанафий уламоларнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид мўътабар асарларидан олинган маълумотлар билан бойитилган. Илмий тадқиқот асносида бу асарнинг бир неча жойида Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирдлари Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Ҳофиз ал-Бухорий (Хўжа Порсо) нинг шахсий муҳрлари босилганлигини гувоҳи бўлдик. Бундан шу нарса маълум бўладики, мазкур асар мўътабар манба сифатида Хўжа Порсонинг шахсий кутубхоналаридан жой олган китоблар сирасига кирган ва замонлар ўтиши билан амирлар ва баъзи амалдорларнинг кутубхоналарида сақланиб, кейинчалик вилоят кутубхонаси фондигача келиб қолган.

Шунингдек кутубхона фондида Муҳаммад ибн Али Қоидий ал-Хўжандийнинг “Фатаво-и Қоидий” (Қоидий фатволари) номли фиқҳга оид манбанинг 1359 йилда кўчирилган нусхаси ҳам сақланиб келинади. Абдул Боқий Жамолийнинг “Фатаво- и Татархоний” асарининг 1007ҳ/1599 йилда кўчирилган нусхаси, Абу Зайд Убайдуллоҳ бин Умар бин Исо ад-Даббусийнинг “Асрори Даббусия” асарининг котиб Муҳаммад томонидан 1140ҳ/1727 йилда кўчирлган нусхаси ҳамда “Фатавои Ҳиндия” каби фиқҳий асарлар ҳам кутубхона фондидан ўрин олган.

Ахборот-кутубхона ҳужжатлари фондида фиқҳий асарлар қатори тасаввуфга доир манбалар ҳам сақланиб келинади. Улардан: Муҳаммад бин Яҳё бин Али ал-Жийлоний ал-Лоҳижий ан-Нурбахшийнинг тасаввуф ва тасаввуфий истилоҳлар ҳақидаги “Мафотиҳул эъжоз фи шарҳи гулшани роз” (Гулшани роз асарини шарҳлашда қўл келадиган ғоят гўзал калитлар) асарини котиб Муҳаммад Жамол томонидан 877ҳ/1472 йилда кўчирилган нусхаси, Муҳаммад бин Маҳмуд ал-Бухорийнинг ХVI асрда кўчирилган “Фаслул хитоб ли васлил аҳбоб” (дўстлар висолига етишда оқ билан қорани ажратувчи китоб) номли асари каби тасаввуфга доир кўплаб қимматли асарлар ҳам кутубхона фондида сақланаётган манбаларнинг муайян салмоқини ташкил этади.

Кутубхона фондида мазкур асарлардан ташқари тарихга оид бир қанча манбалар ҳам мавжуд. Булардан; “Муъийн ал-фуқаро”(фақирларга ёрдам берувчи) лақаби билан машҳур Аҳмад ибн Маҳмуднинг “Тарихи Муллозода” асарининг 1183ҳ/1769 йилда кўчирилган нусхаси сақланиб келинади. Ушбу асарнинг ҳозирги вақтга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаганлигига сабаб шундаки, асардаги  маълумотларга таянган ҳолда  Бухоро шаҳри ва унинг теварак- атрофидаги  мозорларни аниқлаб топиш мумкин. Чунки асрлар давомида  шаҳар  сиёсий –ижтимоий сабаблар туфайли  ўз тузилмасини бир неча бор ўзгартирган ва айниқса шўролар  даврида динга қарши атеистик кураш оқибатида қадамжолар бузилган ва ўрнига бошқа бинолар қурилган. Китобдаги аниқ маълумотлар ҳамда илмий тадқиқотчиларнинг изланишлари билан қиёслаш ишлари олиб борилганда мазкур муқаддас жойларни топиш ва қайта тиклаб зиёратгоҳга айлантириш имкониятлари пайдо бўлади.      “Тарихи Муллозода” асари нафақат зиёрат жараёнини балки, бошқа асарларда мавжуд бўлмаган тарихий далилларни ўз ичига олади ва тарихчилар учун ҳам манбавий хусусиятга эга ўрта аср ёзма намунаси бўлиб қолади.

Шунингдек, кутубхона фондида тарихга оид асарлардан Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Язид ат-Табарийнинг “Тарихи Табарий” асарининг ХХ асрда кўчирилган нусхалари, “Темурнома”, “Рўзномаи Мирзо Муҳаммад Бобур Кўрагон”(Бобурнома), Аҳмад Маҳдум Донишнинг “Наводирул вақойеъ” (нодир воқеъалар) номли асарининг 1305ҳ/1888 йилда кўчирилган нусхаси ва “Китобул қанд фи маърифати уламои Самарқанд” (Самарқанд уламоларини билишда қанддек китоб) ва “Туҳфатуз зоирийн”(зиёратчиларга туҳфа) каби Бухоро ва Мовароуннаҳр тарихини ёритувчи манбалар мавжуд.

Кутубхона фондида умумий тарихга доир кўплаб асарлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан; “Тарихи салотини Сосония” (сосонийлар султонлари тарихи), “Тарихи Эрон”(эрон тарихи) “Жомеъут таворих”( тарихларни ўзида жамловчи китоб), “Тожут тавориҳ”(тарихлар гултожи), “Мифтоҳ ат-таворих” (тарихлар калити), “Тарихи Нигористон” (Картинная галерея) “Тарихи Петр кабир” (буюк Пётр тарихи) каби манбалар шулар жумласидандир.

Кутубхона фондида ислом тарихи билан боғлиқ маълумотларни ўз ичига олувчи манбалар ҳам кўз қорачиғидек асраб авайлаб келинади. Жумладан; “Тарихул хулафо вал-умаро ал-мўъминийн” (мўъминларнинг халифалари ва амирлари тарихи), “Равзатуш-шуҳадо” (Шаҳидлар боғи), “Равзатус Сафо фий сийратил анбиё вал мулук вал хулафо” (Халифалар, Подшоҳлар, Пайғамбарлар ҳаётига оид мусаффолик боғи) “Мажолисул-мўъминийн” (мўъминлар мажлислари) “Ҳабибус-сияр фи ахбори афродил башар” (Друг жизнеописаний в известиях об отдельных людах) ва  “Вафоул-вафо би-ахбори дорил мустафо” (Расулуллоҳ с.а.в. диёрлари тарихи ҳақида муфассал (тўла) маълумот берувчи китоб). Мазкур сўнги манбада Мадина шаҳрининг 100 га яқин тарихий номланиши, унинг  шифобахш сувлари ва тупроқлари, ундаги тарихий обидалар, зиёратгоҳ жойлар, уларнинг жойлашган ҳудудлари ва мадинада мавжуд диққатга сазовор жойлар  ҳақидаги хабарлар билан бир қаторда ислом дини равнақи учун хизмат қилган таниқли шахслар ҳақида ҳам баъзи керакли  маълумотлар берилган.

Кутубхона фондида турли мамлакатларда истиқомат қилиб фаолият кўрсатган машҳур тарихий шахслар, фақиҳлар, мутафаккир олимлар, тасаввуф аҳллари ва шу кабиларнинг таржимаи ҳоллари, юриш-туришлари, ҳаёт тарзлари ва шу каби маълумотларни ўз ичига олувчи тазкиралар, маноқиб ва биографик асарлар ҳам мавжуд.

Мазкур фондда тиббий китоблар ҳам мавжуд бўлиб, улардан Абу Али Ибн Синонинг устози Абу Мансур Ҳусайн бин Нуҳ ал-Қумрийнинг “Тиббул-Қумрий” асари, Абу Али Ибн Синонинг “Ал-қонун фи-т-тибб”(тиб қонунлари) асарининг 1287ҳ/1870 йилда кўчирилган нусхаси, Муҳаммад Акбарнинг “Тибби Акбарий”, Абул Ҳасан Қурашийнинг “Мужаз” асарининг Муродбахш валади Ҳаким Баходир Ҳусайн томонидан 1213ҳ/1799 йилда кўчирилган нусхаси, Ибн Закариёнинг “Хавоссул ашё”(нарсаларнинг тиббий хусусияти) номли асарининг 1261ҳ/1845 йилда кўчирилган нусхаси. Фонда нафақат Бухоро ёхуд Мовароуннаҳрдаги тиббий олимларнинг асарлари балки, Ҳирот, Ҳиндистон, Эрон ва кўпгина араб мамлакатлари олимлари ҳатто Европанинг тиб олимларидан Буқрот, Жолинус сингари машҳур шахсларнинг асарлари ҳам ардоқланиб сақлаб келинмоқда.

Кутубхонанинг шарқ қўлёзмалар фондида бошқа соҳалар каби шарқ мумтоз адабиёти  намояндаларининг асарлари ва бухоролик шоир ва мутафаккирларнинг форсий ва туркий тиллардаги адабий асарлари, шеърий тўпламлари ҳам  сақланиб келинади.

Шарқ қўлёзмалар фондида юқорида тилга олинган илм-фаннинг қуръон, ҳадис, фиқҳ, тасаввуф соҳалари билан бирга маданият, санъат, адабиёт, тарих, математика, ҳандаса, биология, ботаника, география, кимё, астраномия, астрология, мантиқ, фалсафа ва хаттотлик санъати каби соҳаларга оид бир қанча асарлар ҳам кутубхона фондидаги манбаларнинг маълум бир қисмини ташкил этади.

Хулоса қилиб шуни айтиш лозимки, юқорида зикр қилинган аждодларимизнинг асарлари инсоннинг ақлий тараққиёти ва маънавий камолотига ёрдам берувчи илм дурдоналарини тўплаб авлодларга етказувчи, ўтмишни бугун ва эртанги кунга боғлаб турувчи маънавий бойлик бўлганлиги учун ҳам ҳозирги кунга қадар кутубхона ва шу каби зиё масканларида эъзозланиб сақланиб келинади.

Ёзма манбалар маданий, маънавий меросимизни, ўтмиш қадриятларимизни кенг ва ҳар томонлама ўрганиб, ҳозирги миллий маънавиятимизнинг чуқур тарихий илдизларини, шаклланиш босқичлари ва хусусиятини очиб бериш учун зарурдир. Бу эса, ўз навбатида, миллий онг, миллий ғурур, ёш авлод онгига миллий, диний, илмий, ирфоний қадриятларни сингдириш, уларни ватанпарварлик, ватанга муҳаббат, ота-боболаримизнинг маданий-маънавий меросига, ўтмиш аждодлар хизматига ҳурмат билан қараш, ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, қисқа қилиб айтганда янги жамиятимизнинг тўғри ривожини, келажагини оқилона белгилаш, юксак демократик давлат қуриш учун хизмат қилади. 

INFOLIB, №2, 2020