Австрия  Миллий кутубхонаси Австриядаги энг йирик кутубхона ҳамда Вена шаҳридаги асосий диққатга сазовор жойлардан бири саналади. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, ушбу мажмуа Австрия пойтахтида сайёҳлар ташриф буюрадиган энг машҳур жойлардан биридир. Тарихий манбаларда қайд этилишича, кутубхона 1368 йилда ташкил этилган. У дастлаб Хабсбург империя сулоласига мансуб бўлган Хуфбург саройида жойлашган. Унда 7,5 миллиондан ортиқ қадимий китоб нусхалари ва 180 минг папируслар сақланган.

Бу ўзига хос бойликнинг пайдо бўлиши Хабсбурглар ҳукмронлиги давридан бошланади. 1349–1395 йилларда яшаган герцог Альбрехт III китоблар тўпламининг бир қисмини лотин тилидан ўз она тили бўлган немис тилига таржима қилишни буюрган. Дастлаб таржима қилинган асарлар Хуфбург ибодатхонасида сақланган. Кутубхонанинг биринчи китоби олтин билан ёзилган «Евенгелий» эди.

Австрия императорлари Фридрих III (1415 – 1493) ва Максимилиан I (1459 – 1519) кутубхона учун қимматли асарлар нусхаларини тақдим этган ҳолда ноёб коллекцияга ўз ҳиссаларини қўшадилар. Максимилиан I давлат арбоби ва ҳарбий қўмондон бўлгани боис, унинг ёрдамида коллекция доимо турли-туман, катта-кичик хариталари, атласлар, глобуслар билан тўлдириб борилган.

Максимилиан I вафот этганидан сўнг, китоблар Инсбрукка сақлаш учун олиб ўтилади. Ўша даврларда шаҳарнинг бой фуқаролари ўз шахсий маблағларидан кутубхона фондини бойитиш мақсадида китоблар ҳадя этадилар. Шунингдек, кутубхонанинг нодир манбалари ҳам кўпайиб боради. Австриялик олимларнинг асарлари, қадимий китоблар, қўлёзмалар билан тўлдирилади. Ўша давр муаррихларининг ёзишича, Австрия ҳукмдорлари келинининг маҳрига хорижда чоп этилган китобларни киритиш анъанасини шарт қилиб қўйишган экан. Бу эса, ўз навбатида, кутубхона фондининг бойишига ҳам хизмат қилган. Китобларни сақлаш, қайд қилиб бориш ва назорат қилиш учун 1575 йилда биринчи кутубхоначи тайинланган. Бу вақтга келиб кутубхонада 9 000 нусха китоб мавжуд бўлган. Фондни сақлаш ва кенгайтириш учун давлат хазинасидан мунтазам равишда маблағ ажратилиши йўлга қўйилади. 1722 йилда императорнинг буйруғи билан бу бебаҳо мажмуа махсус қурилган алоҳида гумбазли хонага кўчирилади. Бино Жозеф Эмануэль Фишер фон Эрлах томонидан отаси қурувчилар сулоласининг вакили Бернхарда Фишер фон Эрлахнинг дизайни асосида қурилади.

Шаҳзода Евгений Савой ташаббуси билан ҳамда тўпланган маблағлар асосида 15 минг француз ва итальян нашрлари харид қилинади, китоб ва экспонатларнинг маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳзоданинг коллекцияси ўз даврида Европада ҳам, дунёда ҳам энг йирик ноёб манбалар хазинасидан бири ҳисобланган.

Император Карл VI нафақат кутубхона учун бино қуради, балки унинг номини ва бутун Габсбурглар сулоласининг ҳам буюклигини оммага намойиш этади. Кутубхона биноси гумбазининг марказида бир қўлида пирамида тутган фаришта ва иккинчисида дафна гулчамбари тутган Император тасвирланган. Залда Аполлон ва Геркулес ҳайкаллар ўз тасвири билан улкан улуғворлик касб этади. Шунингдек, залларда император оиласининг барча вакилларининг ҳайкаллари ҳам қад кўтаради. Марказда эса, унинг қадимий Рим саркардаси либосидаги улуғвор мармар ҳайкали туради.

1920 йилда Австрия Республика деб эълон қилинади. 1920 йил 10 октябрда Конституциявий Миллий Mажлис Австрияни демократик парламент Республикаси деб эълон қилувчи Федерал қонунни қабул қилади. Венадаги барча диққатга сазовор жойлар қайта номланган вақтда, кутубхона ҳам «Австрия Миллий кутубхонаси» деб қайта номланди. У Европада барокко даврининг энг йирик иншооатларидан бири ҳисобланади.

      Кутубхонада нималарни кўрса бўлади?

Австрия Миллий кутубхонаси император қароргоҳининг давоми ҳисобланади. Бинонинг ташқи фасад қисми ҳайкаллар композицияси билан безатилган бўлиб, марказий кириш жойи устида Паллад Афина арбобининг тўғри тўртбурчак шаклидаги отни назорат қилиб, жаҳолат ва ҳасадни мағлуб этиб турган қиёфаси тасвирланган. Ён томонларида уста Лоренсо Маттиелли томонидан ишланган глобус, ер ва осмон тасвири бор. Заррин тусдаги глобус осмон ва ер ўртасидаги билим рамзи саналади. Кутубхона интерьерининг кўркамлиги, улкан китоб жавонлари, гумбаз остидаги гўзал нақшлар ва фрескалар австриялик рассом Даниэл Гранд ижодининг ёрқин намунаси ҳисобланади.

Асосий зал ўзининг ички гўзаллиги, ҳашамдорлиги ва улуғворлиги билан томошабинга таъсир қилади. Залнинг кенглиги 80 метр ва баландлиги 20 метрни ташкил этади. Мармар зиналар кутубхона марказидаги залга олиб боради. Зал ҳашамдор гумбазлар, чиройли олтин расмлар, енгил мармар устунлар ва ҳайкаллар билан безатилган. Кўп қаватли китоб жавонларининг сони кутубхонанинг асосий экспозициясидир, уларнинг қарийб 200 000 таси мавжуд. Бу энг қимматли қадимий китоблар омбори ҳисобланади. Китобларнинг баъзилари олтин-бўрттирма ёки қимматбаҳо тошлар билан безатилган. 

Ушбу мажмуада бир нечта музейлар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бири Адабиёт музейи саналади. Музейда Maртин Лютернинг тўлиқ асарлари, турли даврларда чоп этилган эски китоблари сақланади. Кўпинча, у ерда кўргазмалар, турли мавзуларда тадбир ва семинарлар ўтказилади.

Глобуслар музейида турли ёшдаги қадимги глобусларнинг 750 мингдан ортиқ нусхалари, осмон харитаси, венециялик тарихчи Винценцо Коронелли томонидан тайёрланган диаметри бир метр бўлган, 350 йил бўлган икки ноёб глобус сақланади. Улардан бирида ер тасвирланган бўлса, бошқа бирида осмон тасвирланган. Бу тўплам бутун дунёда ноёб тўплам саналади.

Бу ерда папирус музейи ҳам ташрифчилар эътиборини тортади, Унда қадимий қўлёзма асарларнинг уч юз нусхаси, қадимги Мисрдан олиб келинган кўплаб папируслар мавжуд. Шунингдек, бу ерда сайёҳлар томонидан энг кўп ташриф буюрадиган эсперанто сунъий тилларнинг ноёб ва такрорланмас музейи мавжуд. Бу экспозиция тилларнинг рамзларини ўз ичига олган турли даврлардаги кўплаб ҳужжатлар ва нашрларни ўз ичига олади.

Император кутубхонаси – барчага маълум бўлган Австрия нашрлар ва қадимий қўлёзмаларнинг, нодир китобларнинг омбори ҳисобланади. IV асрга оид нодир китоблар ва қўлёзмалар, VI асрнинг машҳур «Вена генезиси» асари, Кайзер даврида чоп этилган табрикномалар, журналлар, газеталар, лой ва тош лавҳалар, дастхатлар, плакатларга ёзилган маълумотлар сақланади. Кутубхона тўпламида XVI асрдан олдин Европада бир нусхада ёзилган ва нашр этилган саккиз минг нусха китоблар ҳам мавжуддир. Ҳозирги кунда бу ноёб нашрлар «Энг нодир қадрият» ҳисобланади. 180 минг папирус тўпламлари орасидаги милоддан аввалги XVI асрга оид энг қадимги нусхаси кўпчиликни ром этиб келади.

Мусиқа адабиётига оид энг нодир китоблар, Ричард Страусс ва Антон Брункернинг биринчи босма мусиқий асарлари тўпламлари сақланади. Фото тасвирлар ва графиклар архиви, расмлар, журналлар ва газеталарни ўз ичига олади. У ерда кўргазмалар ва маълум мавзулар доирасидаги кечалар ўтказилади. Бугунги кунда ушбу кўркам бино билим ва санъат маскани бўлиш билан бирга, мамлакатдаги барча муаллифларнинг китоблари сақланадиган ҳамда хорижда чоп этилган асарларни ўз ичига олади. Барча каталоглар рақамлаштирилган ва онлайн фойдаланиш имконияти мавжуд.

Кутубхонага қандай кирса бўлади?

Бу ерда бўлиш қийин эмас, у Вена шаҳрининг марказида жойлашган, транспортнинг ҳар қандай туридан фойдаланиб боришингиз мумкин. Вена шаҳрига ташрифингиз Сизни энг қадимги маданият ва санъат билан алоқага киришишингизга, ўрта асрлар даврига шўнғиб, унутилмас таассурот уммонига ғарқ бўлишингизга ундайди.

       Даврон Мансуров тайёрлади.

INFOLIB, №2, 2020