Ҳамидулла Аминов,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар Академияси
Абу Райҳон Беруний
номидаги Шарқшунослик институти
катта илмий ходими,
тарих фанлари номзоди

DOI:10.47267/2181-8207/2020/2-009

This article is dedicated to the first Uzbek national lithography, which was launched in 1874 in the Khiva Khanate during the reign of Muhammad Rakhimkhan Feruz (1864–1910). It provides new information about who worked in national lithography, what books, and how many copies were published.
The sources have new information about Ibrahim Sultan, the chief editor and technician who worked in Khiva lithography. This lithography played an important role for its time and its work reflects the history of culture, literature and science of the Uzbek people. The article is based on primary written sources about them.

В данной статье речь пойдет о первой национальной узбекской литографии, основанной в 1874 году в Хивинском ханстве во время правления Мухаммад Рахимхана Феруза (1864–1910). Она предоставляет новую информацию о работниках национальной литографии, о книгах и о количестве изданий. В статье приведена ранее не опубликованная информация об Ибрагиме Султане, работавшем главным редактором и техником в Хивинской литографии. Литография сыграла важную роль для своего времени и ее работы отражают историю, культуру, литературу и науку узбекского народа. Статья основана на первичных письменных источниках.

XIX асрнинг иккинчи ярмига қадар бутун Ўрта Осиёда биронта миллий матбаа корхонаси бўлган эмас. Бу минтақада миллий матбаа ташкил қилиш биринчи бор Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (ҳукмронлик йиллари 1864-1910) га насиб этди. Тўғри, бу пайтда Тошкентда Туркистон ҳарбий округининг типографияси бор эди. У 1867 йил 14 июлдан бошлаб фаолият юритаётган бўлса-да, фақат аввалги ўн йиллигида ўзининг штаб варақалари, китобча ва рисолалари, блакнот ва бланка қоғозларинигина нашр қилиб турган. Бошқа ташкилотларнинг буюртмаларини қабул қилмаган, миллий китоб ва рисолаларни нашр этмаган, газета ва журналлар ҳам чоп этмаган [11:117].

Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг бевосита ташаббуси билан сарой кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма асарларни ва маҳаллий шоирларнинг девон ва тўпламларини китоб шаклида нашр қилиш мақсадида Хивага матбаачилик анча ривож топган Эрон мамлакатидан тошбосма (литография) – китоб босиш ускуналари келтирилди. Туркман китобшуноси А.Язбердиев ушбу тошбосма ускуналарини хонга атаб Женева (Швейцария)дан келтирилди, деган фикрни ҳам билдирган [16:58]. Лекин, ушбу фикрни қувватлайдиган аниқ манба айтилмаганлиги учун унга қўшилиш қийин.

Типографиядагидек ҳарф териш усулидан кўра ясси чоп этиш усули (литография) – матннинг олдиндан қоғоз варағига битилган ва тош шаклга тескари туширилган аксидан нусха кўчириш усули Хивада қўлланилди. Чоп қилишнинг айнан шу усули танланишининг асосий сабабларидан бири шуки, бу усул китоб нашр қилиш жараёнида хаттот меҳнатидан ажралмас таркибий қисм сифатида фойдаланишга асосланган. Бу эса қўлёзмачиликнинг кўп минг йиллик анъаналарини тўхтатиб қўймади. Хаттотларнинг маҳорати ва қобилиятини тўлароқ ишга солиш учун янги имкониятларни очиб берди.

Хива саройи тошбосмаси ҳақида илк маълумот берган олим бу А.Н.Самойловичдир. У 1908 йилнинг 17 майидан 2 июлига қадар Хива хонлигида бўлган ҳамда тошбосмани ва унинг фаолиятини ўз кўзи билан кўрган эди [14:70]. Унинг «Хива саройи китоб асровхонаси ва тошбосмаси» деб аталган асарида тошбосма ва фаолияти тасвирланган [12:82]. А.Н.Самойлович тошбосмани кўрган пайтда у хоннинг Тозабоғ деб номланган боғчасидаги чордара айвони жанубида фаолият юритаётган эди.

Эрондан махсус (шартнома асосида) таклиф қилинган матбаачи мутахассис Иброҳим Султон томонидан 1874 йилда тошбосма ускуналари хон саройида ўрнатилган эди. Манбалардан шу нарса аниқки, тошбосма ишини йўлга қўйиш учун Эрондан ушбу шахс чақиртирилган. Шунинг учун Хивада чоп этилган китоблар ўзларининг ташқи кўринишлари бўйича Эрон нашрларига ўхшаб кетади. Аслида, Хива хонлигининг бу даври тарихи саҳифаларида учта Иброҳим Султон деган шахслар номи учрайди.

1873 йилда Чор Россияси Хоразмни босиб олгандан кейин Фон Кауфман таклифи билан Хоразмда мавжуд эронлик асирларни озод қилинади. Озод бўлган эронликларнинг баъзилари саркашлик қилиб қўзғолон кўтарадилар: «Вақтиким, асирлар озод бўлдилар, кўпроқлари оқоларига туҳматлар этиб озорлар бердилар ва олардин бир жамоаға Иброҳим босмачи бош бўлуб, Султон лақабин кўтарди. Бу сабабдин они Иброҳим Султон дедилар. Ҳосили калом, тамоми асирлар фитнаву туғён турғузуб аҳолининг ғорату торожлариға қўл узотдилар. Аҳоли келиб Кауфманға арз этдилар. Хон ҳазратлари Кауфманнинг ишорати била оларнинг арзларин сўраб эронийлардин икки кишини остурдилар. Ондин сўнг фитна андак таскин топти» [9:57].

Яна бир Иброҳим Султон бўлиб, у хон саройида чопачи вазифасида ишлаган. У Хива хонлигининг бош вазири Матмурод девонбегининг яқин ёрдамчиларидан бири бўлган. «Чун Иброҳим Султон бир шоири хушбаён эрди» деб ёзади тарихчи Баёний [9:73-74].

Учинчи Иброҳим Султон бизнинг мавзумиз бўлиб турган тошбосмани келтирган шахсдир. Аммо, бизнинг тахминимизча, бу учта Иброҳим Султон бир шахсдир. Иброҳим Султон асли Эрондан келтирилган қул бўлган. Кейинчалик руслар келиши билан озод қилинган. Илк озодлик нашидасини суриб, ёмон фитначиларга қўшилиб ҳам қолган бўлса ажаб эмас. Унинг маърифатли, билимли бўлганлиги ҳамда етук шоир эканлигини инобатга олиб, маърифатпарвар хон унинг гуноҳларини кечириб, саройга ишга таклиф қилади. Кейинчалик ўзининг билими, дунёқарашининг кенглиги натижасида бош вазирнинг энг яқин одамига ҳам айланади. Хоразмда китобга бўлган эҳтиёжни, талабни кўриб, ўзининг янгиликка ўчлиги боис, ва ниҳоят, хоннинг рухсати билан ота юрти Эрондан тошбосмани келтирган. Ушбу фикримизнинг қувватини Р.М.Маҳмудованинг «Иброҳим Султон Хивада яшаган эронликлардан бўлган» деган фикри қувватлайди [6:44]. Ушбу фикрни яна ўша давр кишиси, балки, Иброҳим Султонни яхши билган маърифатпарвар жадидлардан бири Бекчон Раҳмон ўғли ўзининг Хива қуллари ҳаётига бағишланган асари «Озоднома»да зикр қилган мана бу гаплари тасдиқлайди: «Мана шул чоғларда Хивадағи қуллар ўрусларнинг Хивани олғонлиқларидан фойдаланиб, ўз оғоларини (хўжайинларини – Ҳ.А.) талашға ва бўлмағон туҳматларни тўнкаб, кўп кишиларга озорлар берабошлаб, ҳаммалари оғолариға исён қиладилар. Бу исённинг бошлиғи Хивада дастлаб тош матбаачилик ҳунарини ташкил қилғон машҳур Иброҳим босмачидур. Шу сабабдан бу кишига шу замонларда «Султон» лақаби берилғонидан Иброҳим Султон ҳам дерлар эди» [3:15].

Хива тошбосмасида нашр этилган асарларда Иброҳим Султоннинг шеърий байтларидан намуналар, тарихий қитъалар ҳам берилгани унинг Баёний айтганидек, «шоири хушбаён» эканлигини тасдиқлайди. 1882 йилда нашр этилган «Девони Фузулий»нинг сўзбошисида у бундай деб ёзади: «Арбоби басойирнинг замирлариға махфий ва муҳтажиб (тўсилган бўлиб) қолмасунким, бу бандаи даргоҳи Аҳаду Қадим (Аллоҳ таоло), яъни абд ал-музниб ал-осий Иброҳим Султон мундоқ шарафи арзға еткурурким, чун қазо қўли инон азиматимни (ихтиёримни) Хоразм эрами базм жонибиға тортди. Ул овон (вақтлар)… Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхони соний…нинг айёми салтанати эрдиким, жаҳонпаноҳ даргоҳлариға олам ҳодисаларидин ўзумни зарравор, бал ғуборасор тегурдим. Ва шарафи остонбўслиқиға етгандин сўнгра камоли тинчлиқ ва ниҳояти хушҳоллиқ бирла кеча ва кундуз умру давлати олийларининг дуои хайриға машғул бўлуб, муроффа ал-ҳол ва фориғи бол авқот (вақт) кечурур эрдим [8:5-6].

Ушбу келтирилган жумлалардан Иброҳим Султоннинг Эрондан Хоразмга «қазо қўли» билан ўз ихтиёрисиз (асир тушиб) келиб қолгани, кейинчалик эса Муҳаммад Раҳимхон Феруз саройида анча қадр топгани қайд этилган. Саройга келганидан сўнг Иброҳим Султон ҳаёти тинчлик ва осудаликда ўтганлигини ҳам яшириб ўтирмаган.

Демак, Хивада тошбосманинг ташкил этилиши айнан Эрон таъсири остида, Иброҳим Султон ёрдами ила юзага келган. Матбаачи мутахассис Иброҳим Султон томонидан 1874 йилда тошбосма ишга туширилади. Айтишларича, у икки йил давомида бир қанча варақа ҳамда кичик рисолалар чоп этиши билан бирга маҳаллий шогирдларга ўргатиб, Ашхободга кўчиб кетади. Г.Н.Чабров уни тошбосмада 5 йил ишлаганидан кейин ўз юртига кетади, деб зикр қилади [13:318]. Аслида, тошбосмада 1301 ҳижрийда (1884 йил) чоп этилган китобларда ҳам Иброҳим Султон номи учрайди. Демак, у кетган бўлса ҳам 1884 йилдан сўнг кетган бўлади. Унинг шогирдларидан бири Отажон Абдалов (1856-1939) эди. Отажон Абдалов Иброҳим Султон кетганидан сўнг босмахона ишини қўлга олди (унинг Иброҳим Султон билан қанча вақт бирга ишлаганлиги унчалик аниқ эмас) ва халқ орасида Отажон босма лақаби билан танилди. Шуни таъкидлаш лозимки, тошбосмада нашр этилган китобларда унинг номи XX аср бошларида чоп қилинганларида учрайди. А.Н.Самойлович Хива тошбосмаси ҳақида ёзар экан, нимагадир унинг номини тилга олмаган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Хивада тошбосма китоб босиш давом этаркан, сал кейинроқ ҳарф териш усули (типография) ҳам келтирилган. Бу ҳақда «Таржумон» газетасида 1896 йил июль ойида хабар тарқатилган. Ундаги «Хива хони» мақоласида ёзилишича, «Жаноб давлатлу Саййид Муҳаммад Раҳим Баҳодирхон Нижний Навгород шаҳрини зиёрат ва тамошо этдики ҳолда табъ машиналарина диққат эдуб, бунларнинг бири лозим миқдор ҳуруфот (ҳарфлар-шрифтлар) ила олинуб, Хивая нақл эдилмасини амр буюрдиғи «Почта» газетасинда кўрилди. Ушбу машина Хива мадрасаларининг бирина вақф эдилуб, талабая фанни тибоат гўстарилажак (талабаларга китоб чоп этиш илмини ўргатилар) эмиш», деб ёзилган. Агар бу иш амалга ошадиган бўлса, газета муҳаррири машҳур Исмоилбек Гаспренский ёзганидек: «Боракаллоҳ, агар бўйла бўлур эса Жаноби Хон азиз ватанина энг буюк хизмат, энг керак бир иш адо этмиш ўлажақдир!» [17:105].

Хивага махсус ҳарфлар-шрифтлар келтирилгани ҳақиқатга яқинроқ. Чунки, Мўминжон Муҳаммаджон ўғли ўзининг эсталикларида ўша шрифтлик матбаани кўрганлигини қайд қилиб кетган [7:332]. А.Бобохонов ўзининг «Ўзбек матбааси тарихидан» номли монографиясида литографиянинг (Хива тошбосмасининг) типо-литографияга айланганлигини матбаа дастгоҳидан 1912 йилда чиққан «Гулшани роз» китобининг илк саҳифасида маълум қилинган, деб маълумот беради [4:114]. «Тазкираи Қайюмий» соҳиби Хоразмнинг етук шоирларидан бири Абдурраззоқ Фақирий ҳақида ёзар экан, жумладан, бундай дейди: «Ўз ижодини ўз қалами ила тўплаб, «Гулшани ишқ» номида бир баёз вужудга келтирди. 1916 нчи йили ўзи бостирди» [10:598].

Маълумки, 1910 йилда Муҳаммад Раҳимхон Феруз вафоти сабабли тошбосмада китоб нашр этиш ишлари тўхтаб қолган, деб келинади. Жумладан, Э.Aхунжaнов ҳам шундай фикрдадир. У: «1910 йили Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II вафот этади. Унинг ўғли ва вориси Исфандиёрхон нашр этиш ишлари билан шуғулланмай қўяди. Шунинг учун таъкидлаш мумкинки, Хивадаги Сарой тошбосмасининг ишлари 1874 йилдан 1910 йилгачадир» деб ёзади [2:101]. У ўз фикрини ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг фондида Хива тошбосмасида 1910 йилдан кейин чоп этилган китобларнинг йўқлиги билан изоҳлайди.

Исфандиёрхон ҳам тошбосмада китоб нашр этишни давом қилдиргани ҳақиқатга яқинроқ. Зотан, унинг даврида миллий уйғониш ишлари жонланган, телеграф, шифохона, бир неча мадрасалар қурилган, жадидлар таъсирида рус-тузем мактаблари кўпайган эди. Тошбосмада китоб чоп этишни Исфандиёрхон тўхтатиб қўйиши мумкин эмасди, албатта. Унинг даврида, ҳатто воҳада иккинчи матбаа ишга туширилади. Бу Петро-Александровск (ҳозирги Тўрткўл) шаҳридаги К.В.Новиков матбааси эди. Ҳар қалай, бу борада изланишлар олиб боришга тўғри келади.

Хива тошбосмаси 1874 йилда ишга туширилган бўлиб, унда илк чоп этилган асар Мунис Хоразмийнинг «Девони Мунис» асари бўлганлиги аниқланган. А.Вамбери (1832-1913)нинг 1892 йилда «Вена шарқшунослик журнали» номли нашрда чоп этилган «Ҳозирги замон Ўрта Осиёнинг иккита шоири – Мунис ва Амир» номли мақоласи бор. Мақолада «Девони Мунис» ҳақида гапирилар экан, унинг титул варағида асар Хивада 1292 ҳижрий, 1874 милодий йилда нашр этилганлиги айтилган, деб хабар берилади [16:56]. А.Н.Самойлович ушбу хабар орқали Хива тошбосмасини излаб, фаолияти билан танишгани маълум. Аммо у Мунис девонининг ушбу нашрини қўлга кирита олмаган, балки кейинги 1880 йилги нашрини хиваликлардан олган. Умуман, Мунис девонининг биринчи – 1874 йилги нашри собиқ иттифоқ ҳудудидаги кутубхоналарда топилмаган.

Лекин шуни билдириб ўтмоқчимизки, Алмаз Язбердиев Вамбери фойдаланган «Мунис девони»нинг ўша 1292 ҳижрий, яъни 1874 йилги илк нусхаси сифатида кўрсатган нашрни Отажон Абдалов тайёрлаган нашр, деб айтиб ўтади [15:315]. Ҳолбуки, унда Отажон Абдаловнинг номи кўрсатилмаган. Кейин у пайтларда ҳали Иброҳим Султон ушбу тошбосмада ишлаётган эди.

Ушбу тайёр бўлган китобларни ноширларнинг ўзлари, хон саройидагилар, китоб муаллифлари, китобфурушлар, китоб савдоси ширкатлари, оддий хусусий шахслар, фуқаролар, адабиёт шинавандалари, китоб шайдоси ва китобсеварлар талаб кетишарди. Тошбосманинг илк фаолияти даврида чоп этилган китоблар савдога чиқарилмас, фақат олим, фузалоларга, мадрасаларга бериларди [1:97]. А.Н.Самойлович типография маҳсулотлари савдога чиқарилмайди, деб хабар беради [12:82]. Аммо изланишлар шуни тасдиқладики, тошбосма нашрлари оммавий нашрга чиқарилмаган бўлса-да, лекин баъзи нашрлари китобхонлар орасида сотилган. Жумладан, тошбосмада нашр этилган «Фиқҳи Кайдоний» асарида «Китобни Мулло Муҳаммад Карим муаззин Эшон Бобожон мутаваллийдин 4 тиллога рабиъ ал-аввал ойининг 16 сида, шанба куни сотиб олғон» деган қайдлар мавжуд [5:1]. 

Маълумки, тошбосма китоблар ноширларининг исми шарифлари нашрнинг титул варағида ёки асар сўзбошисида айтиб ўтиларди. Ўзбек тошбосма китоблар тадқиқотчилари Ўзбекистоннинг адабий-бадиий ва ўқув нашрларини ўрганиш жараёнида алоҳида нашрни, кўпинча эса қўлёзмани чоп этишга тайёрлаш ҳамда маблағ билан таъминлашни ўз зиммасига олган 80 дан ортиқ ноширлар, буюртмачилар ва китобга ҳомийлик қилган кишиларнинг номларини аниқлаганлар. Хива тошбосмасида чиққан китобларга масъул бўлган ноширлардан Комил Хоразмий, Муҳаммад Расул Мирзо, Муҳаммад Юсуф Баёний, Аҳмаджон Табибий ва Муҳаммад Мурод Девонбеги сингари зиёлиларнинг номларини айтиб ўтишимиз лозим. Аммо уларнинг номлари Хива тошбосмасида нашр этилган китобларнинг титул варақларида учрамайди. Балки, бу ерда чоп этилган ҳар бир китобнинг аввалида нашр учун ёзган ноширнинг сўзбошисидан билиб олиш мумкин.

Отажон босма тошбосмада Иброҳим Султон каби нашр қилиш жараёнини кузатиб турувчи нашр ишларига масъул бош техник ходим ҳисобланган. Тошбосмада чоп этилган «Хамса» асарида Зеварий тахаллусли шахс ҳам ишлаганлиги қайд қилинган. Бу киши Отажон босмага ёрдамчи, яъни бўёқ ҳамда қоғоз сифатига жавобгар шахс бўлган. Шу ерда нашр этилган «Етти шаҳзода девони»нинг титул варағида яна Адоий тахаллусли зотнинг номи ҳам бор. Бу шахс, афтидан, китобнинг бадиий безакларига ҳамда муқоваланиш жараёнига масъул бўлган. Аҳмаджон Табибийнинг «Мажмуаи шуаро» китобининг титул варағида «Отажон босмачи ибн Абдолниёз Хивақий» номи кўрсатилган.

Бугунги кунда тошбосмада нашр этилган китоблар 40 га яқин эканлиги аниқланган. Уларнинг кўпчилиги бадиий-адабий асарлардир. Булар асосан Алишер Навоий, Мунис Хоразмий, Рожий, Огаҳий, Комил Хоразмий, Табибий ҳамда XIX аср охири-XX аср бошларида яшаган хоразмлик шоирларнинг асарларидан иборат.

Юқорида айтганимиздек, ношир китобнинг савияси, матннинг тўғрилиги, китобнинг чиройли кўриниши учун жавоб берган. Баъзи китобларнинг ҳошияларида ноширнинг сўз матнларини тўғрилаб кетганлиги ёки қолиб кетган сўзларни кўрсатиб қўйганлигини кўрамиз. «Девони Феруз»нинг охирида бир варақ хато кетган сўзларнинг тўғрисини кўрсатилган жадвал бор. Унда хато кетган саҳифа, сатр, хато сўз ва унинг тўғри ўқилиши ҳамда қолиб кетган сўзларнинг ўрни кўрсатилган.

Хива тошбосмасида илк нашрдан чиққан асарларда ҳатто варақлар рақамланмаган, кейинги нашрларда бу нарса узлуксиз давом эттирилган. Тошбосма нашрларида мундарижа умуман йўқ. Китоблар неча ададда чиқаётгани ҳам қайд этилмаган. Масалан, Тошкент, Ҳиндистон ва Туркия нашрларининг титул варақларида китобнинг нечта адад нашр этилаётгани кўрсатилади. Умумуна олганда, олимлар тошбосмада чоп этилган китобларниннг нусхалари 150-200 дан ортиқ бўлмаган, деб ҳисоблашларини таъкидлаб ўтиш лозим. Китобшунос олим Э.Ахунжанов Хива китобларини 200-300 нусхада нашр этилган деб ёзади [2:101]. Хива тошбосмасида нашр этилган иккита асарнинг нечта ададда чоп этилганлигини аниқ билишимиз мумкин. Булар «Девони Фузулий» ҳамда «Девони Мунис» асарлари эди. Уларнинг аввалида ношир ёзган сўзбошисида китоблар 100 ададда (китобда улар «юз мужаллад» дейилган) чоп қилинаётгани қайд этилган.

Ушбу Хива тошбосмаси ҳақидаги мақоламизни тугатар эканмиз, бир сўз билан айтадиган бўлсак, XIX аср охирлари ва XX аср бошларида Хивада адабиёт ва санъат ўз даврига нисбатан мисли кўрилмаган тарзда ривож топди, шаклланди. 1874 йилда Хивада матбаачиликнинг пайдо бўлиши, тошбосма усулида китоблар чоп этишга киришилиши мадраса толиблари ва китобхонларнинг имкониятларини бир қадар оширди, адабиётнинг ижтимоий аҳволи кескин ўзгарди. Хаттотлик санъати билан уйғун равишда ривожланган тошбосма санъатида ҳам кўзга кўринган хаттотлар фаолият олиб бордилар. Ноширлар эса чопга тайёрланган ҳар бир китобни синчковлик билан кўздан кечириб, нашр этишга рухсат берар эдилар. Тўғри, тошбосманинг илк нашрларининг кўриниши Эрон таъсирида форс китобларига ўхшаб кетсада, лекин кейинчалик миллий санъат намуналарининг излари кўрина бошлади. Шунингдек, тошбосмада нашр этилган китоблар репертуари ошган сайин уларнинг кўриниши, китобат санъати ҳам гўзаллаша, яхшилаша боргани сезилади. Тошбосма фаолияти ҳақида сўз юритар эканмиз, ҳали аниқланмай қолган бир қанча маслалалар мавжудлигини айтиб ўтмоқчимиз. Шулардан бири тошбосманинг аниқ ишга тушган вақтини ҳамда энг илк нашрини аниқлаш масаласидир.

Умуман олганда, Хивада тошбосманинг ишга туширилиши китобат санъатида, хаттотлик ишида янгиликлар кириб келишига замин ҳозирлади. Тошбосманинг ўзи эса Хоразм маданиятининг қўшни хонликларга нисбатан тезроқ юксалганлигини намоён қилди.

Фойдаланган манба ва адабиётлар

  1. Абдурасулов А. Хива (тарихий-этнографик очерклар). – Тошкент: Ўзбекистон. 1997.
  2. Ахунджанов Э.А. К истории разветия книжного дела в Хиве // Общественного науки в Узбекистане. №7-8. – Тошкент, 1997.
  3. Бекчон Раҳмон ўғли. Озоднома. Қўлёзма. ЎзР ФА ШИ инв. № 8956.
  4. Бобохонов А. Ўзбек матбааси тарихидан. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979.
  5. Лутфиллоҳ ал-Кайдоний. Фиқҳи Кайдоний. ЎзР ФА ШИ тошбосмаси, № 10600.
  6. Маҳмудова Р. Хива литографик матбаасида босилган асарлар // ўзбекистонда ижтимоий фанлар. № 5. – Тошкент, 1967.
  7. Мўминжон Муҳаммаджон ўғли. Турмуш уринишлари. I-II бўлим. – Тошкент-Самарқанд: Ўзбекистон Давлат нашриёти, 1926.
  8. Муҳаммад Фузулий. Девони Фузулий. – Хива, 1882.
  9. Муҳаммад Юсуф Баёний. Шажараи Хоразмшоҳий. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1994.
  10. Пўлотжон Домулла Қайюмов. Тазкираи Қайюмий. III-жилд. Тошкент, 1998.
  11. Рустамов М.И. Книга в Средней Азии // Книга. Иссл. и материалы. Сб. 25. – Москва, 1972.
  12. Самойлович А.Н. Материалы по среднеазиатско-турецкой литературы. Хивинские придворные книгохранилища и книгопечатня // Изв. АН Туркм. ССР. Сер. обществ. наук. №1. – Ашхабад, 1981.
  13. Чабров Г.Н. У истоков узбекской полиграфии (хивинская придворная литография 1874-1910 г.г.) // Книга. Иссл. и материалы. Сб. 4. – Москва, 1961.
  14. Язбердиев А. А.Н.Самойлович о дореволюционных Хивинских книгохранилищах и книгопечатне. // Известия АН Туркмен.ССР. Серия общ.наук. №1. – Ашхабад, 1981.
  15. Язбердиев А. Гундогар метбечилиги ва коне туркмен басма китаплары. – Ашгабат: Ылым, 2002.
  16. Язбердиев А. К вопросу о начальном переоде книгоиздательской деятеьности хивинской литографии (1874-1880) // Известия АН Туркм.ССР. Серия общ.наук. №4. – Ашхабад, 1971.
  17. «Таржумон» газетаси. 1896 йил 7 июль. ЎзР ФА ШИ, инв. № 10818.

INFOLIB, №2, 2020