Дилноза Рустамова,
Алишер Навоий номидаги Давлат
адабиёт музейи стажёр-тадқиқотчи

DOI:10.47267/2181-8207/2020/2-013

Идеи, высказанные Аскадом Мухтаром в научных и публицистических статьях, коротких рассказах и романах отражают влияние гениального писателя Толстого на мировоззрение узбекского писателя. В связи с этим, литературное влияние Льва Толстого на произведения автора, в частности, в романе «Чинар», имеет важное, историческое и художественное значение. В статье приводятся отзывы о героях его произведений, которые помогли создать образ великого писателя из источников, собранных во время написания романа. Кроме того, даётся информация о деятельности и судьбе двух узбекских представителей, которым удалось встретиться с Толстым – это Убайдулла Асадуллахожаев и Абдувохид Кориев. Анализ беседы Толстого и Кориева показывает, что Аскад Мухтор был знающим представителем восточной и западной литературы.

Адабий таъсирланиш ижодкор маҳоратини оширувчи омиллардан бири. Мумтоз адабиётда зуллисонайнлик анъанаси икки тилда ижод қилишдаги маҳоратнигина белгиламаган, балки қардош ва жаҳон халқлари адабиёти билан танишув, таништирув вазифасини ҳам ўтаган. Ўзидан олдинги ва ўз даври адабий жараёнидан баҳрамандлик ижодкор лабораторияси учун барча замонларда муҳим саналган. ХХ аср адабиётида бундай танишувнинг миқёси янада кенгайди. Асқад Мухтор Шарқ ва Ғарб адабиётини синчиклаб ўрганган шу давр вакилларидан биридир. Ўрганибгина қолмай, уларни асарларига олиб кирди, қаҳрамонлари характерига сингдириб юборди, айтмоқчи бўлганини улар тилидан айттириб олди.

Ўзбек фалсафий-интелектуал шеъриятининг ривожида Асқад Мухторнинг ўз ўрни бор. Айни шу интелектуаллик насрий асарларида ҳам бўй кўрсатади. Ушбу муаллифнинг ҳикоя, қисса, романлари қаҳрамонлари ўз даҳлсиз дунёсига эга, фалсафий мулоҳазаларга мойил, мақсадли одамлар.

Ёзувчининг «Давр менинг тақдиримда» романининг бош масаласи инсон ва давр, инсон ҳаётининг маъно ва мақсади, инсон бахти масаласидир. Асарда инсон бахтини талқин қилишда муайян даражада ҳукмрон коммунистик мафкуранинг тазйиқи ва таъсири бор [1;373]. Аммо унинг қаҳрамонлари ўз даври руҳини ифодаловчи Пушкин шеърларини мутолаа қилади, маън этилган Маяковский ва Есенин асарларини яшириб ўқийди, Маҳтумқули «Девон»ини ёқиб юборишдан афсус чекмайди, чунки унинг ҳар бир мисрасини ёд билади. Уруш даҳшатининг бор бўй-бастини уйқусизликка дучор бўлган Достаевскийгина тасвирлаши мумкин, деб ҳисоблайди. Дантенинг «Муҳаббат коинотдаги сайёраларни ҳаракатга келтиради», деган сўзларига ихлос билан қарайди. Душман томонидан бўлган немис капитанининг италян шоири Петрарка шеърларини ўқиганда маҳлиё бўлиб қолишдан тийилмайди. Зеро, унинг учун айтгувчи эмас, айтилмиш – санъат асари аҳамиятга эга.

«Бўронларда бордек ҳаловат» қиссасида эса адиб дунё классикларига мурожаат қилади. Ўз касбининг устаси ва фидойи қаҳрамони ҳақида сўзлар экан, Навоийнинг

Камол эт касбким, олам уйидин

Сенга фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ,

Жаҳондин нотамом ўтмоқ баайни

Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ! [2;407].

мисраларини келтиради. Шунга ўхшаш мисралар қорақалпоқ адабиёти вакили Бердақ ижодида ҳам борлигини таъкидлайди. Инсоннинг яхши эканлигига ишониш савобли иш эканлигини олмон шоири Гётенинг шеъри орқали тасдиқлатиб олади.

1973-йилда ёзилган «Чинор» эса ўзбек халқи интеллекуалини намоён этувчи «фалсафий лирик роман» сифатида таъриф этилган мушоҳада ва мунозаралар асаридир. Бош қаҳрамон Очил бува ўзбек халқининг умумий сиймоси. «Чинор», романда айтилганидек, бобо ёзмоқчи бўлган, буни муаллиф орқали амалга оширган «Хайрлашув китоби». Адабий таъсир борасидаги кузатувларимизни ушбу асардан ҳам топишимиз мумкин. Романда ҳаётий ва тарихий шахслар билан боғлиқ ривоятлар, яқин ўтмишда кечган ҳикоятлар ҳамда асар сюжети билан бир пайтда содир бўлаётган қиссалар ўрин олган. Романдаги ривоят ва унинг бадиий асар сюжет композицион тузилишидаги поетик ўрни А.Эргашев томонидан ўрганилган. Ундаги ҳикоятлар, айниқса, даҳо ёзувчи Лев Толстой ва Туркистон ўлкасининг илк депутатларидан бири бўлган Абдувоҳид Қориев ҳақидаги ҳикоят бадиий ва тарихий аҳамияти жиҳатдан тўла ўрганилмаган. Ёзувчи айнан мана шу ҳикоятни келтириш орқали ўзига хос мақсадни кўзлайди.

Толстой ҳақидаги ушбу ҳикоятнинг таҳлилидан олдин ёзувчининг бу адибга бўлган муносабатини кўриб чиқиш ўринли бўлади, назаримизда.

Умуман, ўзини ёзувчиман, деб ҳисоблаган ҳар бир ижодкорнинг ўз Толстойи бор, уни англаш йўли бор. Толстой образи романга ҳам тасодифан ёки бирор фикрни тўлдириш учун киритилмаган. Асқад Мухтор бу улуғ ёзувчи билан ботинан ҳамиша бирга яшаган. Унинг «Давр менинг тақдиримда» асаридаги уруш тасвирларини Гомернинг «Илиада»сига тенглаштирилган «Уруш ва тинчлик» эпопеясидаги тасвирларга муқояса қилиш мумкин.

Асқад Мухторнинг мунаққид сифатидаги адабий танқидий мақолаларида жаҳон адабиёти намоёндаларидан Шекспир, Экзюпери, Стефан Цвейг, Жойс, Кафка, Камю, Сартр, Фолкнер, Моравиа, Кобе Абе, Флобер, Горкий, Пушкин, Достаевский, Шолохов, Евгений Евтушенколар тилга олинади [3;205]. Толстойга эса қайта-қайта мурожаат қилади. «Камолот калити», «Инсон руҳининг улуғворлиги» каби мақолаларида бу улуғ ёзувчининг ижодидан бўлак ҳаёти, биографиясини синчиклаб ўргангани англашилади. Муаллиф ўзбек прозасида ва Ўрта Осиё адабиётларида реализмнинг етилишида Толстой асосий омиллардан бири бўлганини таъкидлайди. Бунда Абдулла Қаҳҳор ижодини ҳам назардан қочирмаслик лозим. У замондоши, ижодий сафдоши ва ҳамфикри бўлган Қаҳҳор томонидан «Уруш ва тинчлик»нинг она тилимизга таржима қилинишини ўзбек китобхонлари томонидан Толстойни иккинчи марта кашф этилиши дея баҳолайди. Таржимоннинг ўзбек тилида ёзувчи услуб-хусусиятларинигина эмас, буюк мўъжизакорнинг чуқур зиддиятли, меҳрибон ва мардона руҳий дунёсини ҳам ифодалай олганини эътироф этади [3;204]. Асқад Мухтор эслашича, Қаҳҳор домла билан ўрталарида буюк ёзувчи ҳақида суҳбатлар, баҳс-мунозаралар бўлиб турган. Шундай суҳбатларнинг ҳар бирида домла ҳамдардлик ҳақида сўзлар ва бу хусусиятни «Уруш ва тинчлик»даги юзлаб қаҳрамонлар образига кириб, ҳамдард бўлолган Толстойнинг санъататкорлик даҳоси билан боғларди. Унинг атайлаб «толстойча» ёзишга уринмаганини, балки катта бир инсоний қизиқиш билан, санъаткорона яхши бир ҳасад билан ўрганганини айтади.

Асқад Мухторнинг Толстой ижодига қизиқиши унинг даҳо ёзувчилиги билангина боғлиқ эмасди. Шарқ халқлари маънавий меросини ўргангани, суфизм таълимоти билан ёзувчи қарашлари ўртасида муштараклик борлиги, ҳатто ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бир қанчасини таржима қилганлиги, «Иқрорнома» асарида Шарқ ривоятининг келтириши ҳам бу қизиқишга сабаб бўлган. Қолаверса, буюк ёзувчини бевосита Туркистон билан боғлайдиган фактлар борки, Асқад Мухтор бунга жиддий муносабатда бўлган. Хусусан, у «Гулистон»да муҳаррирлик қилган 70-йилларда Толстой ва Убайдулла Хўжаев ўртасидаги мактубларни журналда қайта эълон қилади. Унинг илк нашри «Туркистанский голос» газетасида 1916 йил 25-декабрда босилган эди.

 Сирожиддин Аҳмаднинг архив материалларига кўра хабар беришича, Убайдулла Хўжаев 1912-йилда Саратов округ судида хусусий адвокатликка имтиҳон топширади ва шу ерда яшаган пайтида Шекспир, Шиллер, Балзак, Гюго, Мопассан, Киплинг каби жаҳон ва Л.Толстой, Пушкин, Лермонтов, Андреев каби рус адабиёти намояндалари ижодини ўқиб-ўрганади. 1909 йил 29-майда у Лев Толстойнинг ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги ақидасига қарши туриб мактуб ёзади. Унинг қисқача мазмуни шундай: ёвузликка ёвузлик билан жавоб қайтармаслик лозимлиги диний-ахлоқий жиҳатдан ёқланса-да, ишнинг оқибати ўнлар, юзлар, мингларча одамга зулм келтирадиган бўлса, у амалга ошмасдан бурун ўша шахснинг ўзи йўқотилса, катта ёвузликнинг олди олинган бўлади. Бу ҳам ёвузлик, аммо катта ёвузликнинг олдини олишдаги ҳаракат деб уни оқлаш мумкин, деб ёзади ёш юрист ўз хатида. Мактубнинг боиси эса бу мулоҳазадаги иккиланиш эди. Шу йилнинг 5 июнида Толстой унга жавоб йўллайди ва зулмга зулм билан жавоб қайтармаслик ақидасида қолишини баён қилади. Унинг қаршисидан чиқувчи ҳар қандай сабаб, ҳақиқат деб ҳисобланган нарсани адо этмасликни оқлаш истагидан келиб чиққан. Бу ҳаётда ҳеч қачон тўла эришиб бўлмайдиган етук камолотни талаб этувчи идеалгина идеал бўла олади, деб ёзади адиб [4]. «Гулистон» журналида чиққан мактуб ана шу эди. Аҳамиятли томони Убайдулла Хўжаев 1989 йилга қадар, яъни мактуб журналда чоп этилганда ҳам тўла оқланмаганди. Мақола нашр қилинган даврда эса бу муҳаррирга муаммолар келтириши мумкин бўлган. (Буни Асқад Мухторнинг ўзи шу вақтда журналда эълон қилган профессор Эргаш Рустамовнинг Аҳмад Яссавий ҳақидаги мақоласи ортидан келган ҳужумларда эслайди). Ёзувчи ва мустамлака фарзанди ўртасидаги мактубларда келтирилган фикрлар вақти етиб бир ҳикоятга хомашё вазифасини ўтаган.

Лев Толстойни ўзбек миллати билан боғловчи иккинчи шахс эса у билан учрашган Абдувоҳид Абдурауфқориев эди. Асқад Мухтор бу шахсга катта эътиборда бўлгани уни қаҳрамон сифатида «Чинор» романига олиб кирганида кўринади.

«Чинор»даги барча воқеалар Очил бува теграсида содир бўлиши, унга тегишли сюжетга эга бўлиши лозим эди. Шу боис Толстой билан учрашган ўзбекни бобонинг акаси сифатида гавдалантиради. Муаллиф ҳикоятда Толстой кундалигидаги битта жумладан бошқа реал факт йўқлигини адабиётшунос олим Умарали Норматов билан бўлган суҳбатида айтиб ўтади [3;312]. Толстой мукаммал асарлари жамланган 90 жилдлигининг 58-китобидан унинг 1910 йилда ёзилган кундалик ва ён дафтар қайдлари ўрин олган. Унда ўша йилнинг 2-январидан 3-ноябр (ўлимидан 17 кун олдин)гача бўлган даврда Толстойнинг барча ишлари, ёзган мактублари, учрашган кишилари, ўқиган асарлари, яқинлари билан муносабатлари ўзи ва котиблари В.Г.Чертков ва В.Ф.Булгаков томонидан ёзиб борилган. Биз излаган маълумот Булгаковнинг ён дафтар қайдларида учрайди. Унда чиндан ҳам биргина жумла бор: Мулла Абдул Воҳид қори Тошкентдан Тула губерниясига 6 йилга сургун қилинган, 1910 йил 24-сентябрда Ясная Полянада Толстой билан учрашган [5; 138].

Ана шу бир жумла боис Асқад Мухтор уни ҳикоят шаклида беради. Зеро, ҳикоя жанрининг талаби бўйича воқеа латифа мазмунидан каттароқ, қиссага мазмун берувчи воқеадан кичикроқ саргузаштни, одатда киши ҳаётидаги бир эпизодни тасвир этиши лозим. Биргина маълумотдан бутун ҳикоя яратиш ёзувчидан кўп изланишларни талаб этарди. Бунда икки тарихий шахсни ўрганиш, улар ўртасида тахминан қандай суҳбат кечиши мумкинлигини тасвирлаш учун ўша тарихий жараённи, қаҳрамонларнинг ижтимоий келиб чиқиши, биографияси, қизиқишлари, савияси, характерини ўрганиш ва бадиият қозонида қайнатиш керак бўларди. Аммо Абдулвоҳид қори ҳақидаги маълумотлар дунёга машҳур адибникидан кўра оммавий эмаслиги сабаб у тўғрисида манбаларни тўплашга тўғри келарди.

Абдулаҳад қорининг ҳам ўрганишга арзигулик тарихи бор эди. Асқад Мухтор унинг авлодлари билан замондош эканлиги, Тошкентда истиқомат қилишлари туфайлидан улардан маълумотлар олишга муваффақ бўлади.

Абдувоҳид Қориев (асарда Абдулаҳад деб берилган) 1855-йилда (айрим манбаларда 1859) Тошкентда туғилган. Кўкча ва Бухоро мадрасаларида эски усулда таҳсил кўрган. 1888-1906 йилларда Тошкентдаги Шайх Хованди Тоҳур даҳасидаги Мир Абдуллабой масжид-мадрасасида имом, мударрис, шу даҳа қозиси вазифаларини бажарган. 1906 йилда давлат думасига, 1907 йилда Россия Давлат думаси депутатлигига сайланади. Шундан сўнг унинг зиммасига халқнинг 12 моддадан иборат ижтимоий талабномасини Давлат думасига топшириш юклатилади. Абдувоҳид қори 1907 йилда Петербургга бориб, Туркистон халқ дардини етказади. Кўп ўтмай қамоққа олиниб, Тулага 5 йилга сургун қилинади. Сургундалигида Толстой билан кўришиб, суҳбатлашади, 1910 йилда унинг дафн маросимига қатнашади. Беҳбудийнинг ёзишича, у форс ва араб тилларини билган, аммо 1905 йилда, яъни думага аъзолик чоғида рус тилида гапира олмасди. Рус адиби билан учрашган чоғида эса қори бемалол суҳбат қила оладиган даражада тилни биларди [6; 308-309].

Ягона прототип ҳатто ҳужжатли асарларда ҳам бўлмаслигини, тарихий шахсни яратаётган ижодкор ўзининг қалб қонини бериб, шу шахсни тирилтириши кераклиги таъкидланади Асқад Мухтор мақолаларидан бирида. Шу сабаб, дастлаб, Толстой образини яратиш ҳақида ўйлар экан, унинг характерини аввало адиб асарларидан қидиради. «Анна Каренина» романидаги Левин, Анна, «Уруш ва тинчлик» асаридаги Пьер Безухов, «Тирилиш»даги Дмитрий Нехлюдов каби қаҳрамонлар ёзувчининг ўз характеридан келиб чиқиб ёзилганлигини муаллиф иқрорларидан билиш мумкин. Масалан, Левин худди авторнинг ўзидек, ҳаёт маънисини қидиради, эзгулик ва ҳақиқат йўлини, маънавий эркинлик йўлини излайди, дейди Асқад Мухтор. Пьернинг азобли изланишларидан, урушдан сўнг халқ қудратига ишониш тўғрисидаги хулосаси ҳам айнан Толстойнинг ўзига тегишли эди [3; 202].

Ҳикоят кундаликдаги маълумотга таянган ҳолда сентябрнинг охирги кунларидан сўзлайди. Ясная Поляна табиати, куз чоғида экин-тикин йиғиштириб олинган далалар, кекса эманзор, ерлик одамга таниш, мусофирни эса бир-бири билан қайта-қайта туташиб адаштириб қўядиган ёлғизоёқ йўл тасвирлари Асқад Мухтор услубини ўзгача маромга буриб юборган. Ёзувчининг табиатга объектив назари ўқувчи тасаввурида Толстой умри ўтган ерларни гавдалантириб беради. Кекса ёзувчини учратган мусофир уни Хизрга ўхшатишидан эса шарқона фикрлаш тарзи сезилади. Танишувдан сўнг Толстой Абдулаҳад қорига қизиқиб қолади ва ҳатто уни яқин олиб «… ўлимга ҳар дам яқинман. Бу ҳам яхши. «Катта маърака»нинг ҳам мавриди етди ахир…» дея йўғон ва хотиржам товуш билан гапира кетади. Назаримизда, Асқад Мухтор қаҳрамонининг бу сўзларини Толстой ва Ганди ёзишмаларидан хабардор бўлгани учун келтирган.

Толстойнинг хатларини ўрганиш унинг ўша йиллардаги қарашларини англаб олишга ёрдам берарди. Ёзувчининг бу мактуб билан танишлигини «Инсон руҳининг улуғворлиги « мақоласидан билиб оламиз [3;202].

Ганди буюк адибни маънавий устози деб билган ва 1909 йилда унга қаршилик кўрсатмаслик ҳақида мактуб ёзади. Унинг мавзуси ҳам ватандошимиз мактубига ўхшаб кетарди. Аммо Толстой хат ёзишга шошилмайди. Буни Асқад Мухтор унга жавоб йўллаш учун ёзувчи 6 ой китоб титгани билан изоҳлайди. Ҳиндистон, Шарқ ҳақида ўқимаган асари қолмайди. Ниҳоят, 1910 йил 7 cентябрда Гандига жавоб мактуби йўлланади. Жавоб фақат Ҳиндистон халқи учун эмас, бутун инсониятга қаратилганди.

Мактубнинг қисқа мазмуни шундай: Толстой умри охирлаб қолган бир пайтда, ўлими яқинлашганини аниқ сезиб турар ва ўзини хотиржам ҳис қилишни қаршилик кўрсатмаслик натижаси деб ҳисоблайди. Қаршилик кўрсатмаслик аслида севги ҳақидаги таълимот, у инсон ҳаётининг энг юқори ва ягона қонунидир, унинг ўйлашича, барча пайғамбарлар томонидан ҳам шу таълимот ёйишга уринилган.

Гандига мактуб етиб келганида эса улуғ ёзувчи оламдан ўтганди. Ҳинд отасининг аъмоли, бутун умрлик ҳаракатлари ҳам айнан шу ғоя асосида бўлган.

Ёзувчи ва қорининг суҳбати самимий руҳда кечади. Чунки мулла Абдулаҳад ҳам ўз замонининг зукко одамларидан эди. У қариянинг кўзларига қараб, у билан гаплашганда ҳамма гапни очиқ айтиш, ўз виждонинг билан гаплашгандек самимий бўлиш кераклигини, акс ҳолда барибир ишонмаслигини пайқайди. Толстой унинг сургун қилинганини эшитиб, ўзини ҳам бадарға қилишлари истагини айтади. Риёзат чекишга ташналигини, уни эса қамоққа ёки таъқибга арзитишмаганидан ёзғиради. Бу сўзлар ҳикоя таъсирини ошириш ёки ёзувчининг буюклигини кўрсатиш учун ёзилмаган. Зеро, унга бунинг кераги ҳам йўқ эди. Чиндан ҳам шу йиллари Толстойнинг халқ орасида обрўйи подшо Николай II никидан ҳам баланд бўлган. Бунинг сабаби эса у ўз ерларини камбағалларга бўлиб бергани, уларнинг ҳуқуқларини ёқлаб, бойларга қарши подшога бир неча бор хат ёзгани эди. Бу борада ёзувчи ва қори ўртасида ўхшашлик, маслакдошлик пайдо бўлади. Чунки мулла ҳам мол-дунёга муккасидан кетиб ҳаддидан ошган баъзи бойларга ортиқча давлатларини ўзгалар билан баҳам кўришни таклиф этгани учун шу аҳволга тушганди.

Ёзувчи билан суҳбатнинг бир чети, албатта, адабиётга тегиб кетади. Ҳатто суҳбатдоши ижодкор бўлмаса ҳам. Шу боис Асқад Мухтор ёзувчи қаҳрамонининг Шарқ адабиёти билан қизиқишини табиий тарзда ҳикояга олиб киради. Абдулаҳад қори дастлаб унга ғазал ўқиб беради. Шарқнинг мумтоз аруз оҳанглари адибга маъқул келса-да, тушунмайди. Сўнг Яссавий тўртликларидан келтиради. Унинг айнан «Ҳикматлар»дан ўқиши ҳам бежиз эмасди.

Золимларни шиква қилма, золим ўзинг,

Ул юзингга агар урса тут бу юзинг.

Дунё молин тўла бердим, тўймас кўзинг,

Бу нафс учун хору ҳайрон бўлдум мано [7;320].

Шеърни эшитиб, Толстой жуда ҳаяжонга тушади. Унинг муаллифини сўрайди.

Асқад Мухтор ўз қаҳрамонларининг муштарак жиҳатларини топишга, уларни бир-бирига уйғунлаштириб юборишга уста ёзувчи. Фитратнинг «Аҳмад Яссавий» мақоласида мана шу уйғунлик бошқа бир кўринишда берилади.

«Яссавийнинг золимларга қарши камбағалларга берадигон насиҳатлари мана шу йўлдадир:

Золим агар жафо қилса, Аллоҳ дегил,

Илгинг очиб, дуо айлаб, бўюн сунгил.

Ҳақ додингга етмас бўлса, гила қилгил,

Ҳақдин эшитиб бу сўзларни айдим мано! –

ким ҳиндустонли Гандининг «яроқсиз, қуролсиз қаршилиқ» деган шиорига жуда ўхшайди»[8;26].

Фитратнинг сўзлари Яссавий ва Гандига тегишли бўлса-да, биз юқорида кўрган Толстой мактубларининг хулосаси улар билан бир ақидада бўлганини кўрсатади. Аммо ҳикояда ёзувчи негадир бу шоирни эшитмаганини айтади. 1844-1847 йиллари адиб Қозон университетида ўқиган. Шу йиллари турк тилини ҳам ўрганган. Яссавийнинг «Девони ҳикмат»и эса 1836 йилдаёқ Қозонда нашр қилинган эди. Толстой билан боғлиқ манбаларда «Ҳикматлар» ҳақида ҳеч қандай маълумот учратмадик (Эҳтимол, унинг кундаликлари 1847 йилдан кейин ёзила бошлангани учундир). Бироқ бу тўғрисида бирор марта эшитмаган бўлиши Толстойдек жуда кўп манбалар билан танишган меҳнаткаш китобхон учун, бизнингча, ишонарсиз туюлди.

«Чинор»дан анча вақт ўтиб ёзилган Шукур Холмирзаевнинг «Танҳолик» (1998 йил) ҳикояси ҳам Толстой ҳақидаги асарлардан. Унда ёзувчи Яссавий ижоди билан яхшигина таниш эканлиги ҳақида айтилади. Албатта, бадиий асарда маълумотнинг фактга асосланиши муҳим эмас. Аҳамиятли томони, бу икки ёзувчида қаҳрамон ўзига хос тарзда берилган. «Танҳолик» мустақил ҳикоя. Шу сабаб ундаги имкониятлар асар ичидаги ҳикоят имкониятларидан кўпроқ эди. Характерга кенгроқ ёндашув ва урғу бериш мумкин бўлган. Унда Толстой хаёллари бир-бирини қувиб, ақлидан устун келаётган, кўп гапларини айтиб олишга ошиқаётган қария, ҳам буюк ёзувчи сифатида тасвирланади. Асқад Мухторда эса унинг фикрларини ҳам ўзидек салобатли кўрсатиш баробарида мўътадил образ сифатида гавдалантирилади. Ёзувчининг диалоглардаги нутқи ҳам ўзидек сипо, сайқалланган, тартибланган ва мулоҳазага ундайдиган.

Ўз даври мафкураси билан боғлиқ фикрлар ҳикоятни ҳам четлаб ўтмаган. Инсоннинг ўзидан-да «жамият манфаат»ларини устун қўйиш Толстой ва Абдулаҳад-қори ўртасида эътирозли ҳолат пайдо қилади. Одамлар жамият манфаатини қанчалик кам ўйласалар, ўз руҳий ҳолатлари, ахлоқий камолотлари ҳақида ўйлашга кўпроқ вақт қолади ва зулм, қатл, қон тўкишлар шунчалик камаяди, деб ҳисоблайди ёзувчи. Қори эса бунга қўшилмайди. Аммо Толстойга қарши гап айтолмайди. Ўз ҳақиқатини исботлаш учун ёзувчининг барча китобларини ўқийди-ю, Лев Николаевичнинг кейинги суҳбати унга насиб этмайди. Насиба эса дафн маросимида қатнашиш бўлади. Аммо бу суҳбат бўлганида ҳам Толстой Убайдулла Хўжаев, Маҳатма Ганди билан қилган ёзишмаларида айтганларидан айрича фикр билдирмаган бўларди.

Ҳикоят Асқад Мухторнинг буюк ёзувчи билан боғлиқ бир неча йиллик ўрганишлари, изланишлари, таъсирланишлари ортидан юзага келган. Ўзи тасвирлаганидек «… от замонасининг буюк одамини бутун фожиаси билан бирга олиб кетиб борарди» жумласида буюкларнинг фожиаси ҳам залворли бўлишини айтмоқчи бўлади. Қолаверса, Толстой кундалигидаги биргина тарихий жумлани ўзбек китобхонига етказиш вазифаси масъулиятини ҳам ўз зиммасига олган. Бунда у кичик бир ҳикоят ёзиши учун унинг ҳажмидан юз марта ортиқ ҳажмдаги манбаларни кўриб чиқиш машаққатини бошдан кечирган.

Фойдаланилган адабиётлар

  • 1. Н.Каримов, С.Мамажонов, Б.Назаров, У.Норматов, О.Шарафиддинов. ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи. Т., Ўқитувчи, 1999. Б.373
  • 2.  Асқад Мухтор. Бўронларда бордек ҳаловат. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1982. Б.407
  • 3. Асқад Мухтор. Шеър – шоир виждони. Т., Мумтоз сўз, 2011. Б.205
  • 4. Сирожиддин Аҳмад. Убайдулла Хўжаев. Жаҳон адабиёти журнали, 2008 йил, 8-сон
  • 5.       Лев Николаевич Толстой. Полное собрание сочинений. Том 58 Государственное издательство «Художественная литература» Москва — Ленинград 1934. С.138
  • 6. См. Дневник В. Ф. Булгакова, стр. 308—309. (недоступная ссылка). Дата обращения 22 июня 2015. Архивировано 22 июня 2015 года. Ф. Булгаков. Л. Н. Толстой в последний год его жизни]
  • 7. Асқад Мухтор. Чинор. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.Б.320
  • 8. Яссавий ким эди. Т.,1994.Б26

INFOLIB, №2, 2020