Жавлон Жовлиев,
Ўзбекистон Фанлар Академияси
Алишер Навоий номидаги
Давлат адабиёт музейи
таянч доктаранти

The spirit and the history of the nation are reflected in the literature. Both the past and the future live in the literature. So, its impossible to imagine the identity and the history of the continent without literature. World famous Uzbek and Azarbayjan poet, scientist, interpretor Maksud Sheikhzoda also connected the Centeral Asia with Luterature. As you study his manuscripts at the Alisher Navoi State Literature Museum of the Academy of Sciences of Uzbekistan, you can see this.

Адабиётда халқнинг ўтмиши ҳам, бугуни яшайди. Шунинг учун минтақани ўзлигини ва тарихини ўрганиш  унинг адабиётисиз тасаввур қилиш мушкул. Атоқли ўзбек ва озар  шоири, драматурк, олим ва таржимон Мақсуд Шайхзодани ҳам Марказий Осиёга адабиёт боғлади. Унинг Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейиида сақланаётган қўлёзмаларини илмий-таҳлилий ўрганар экансиз бунга амин бўламиз. Сўз санъатидан  халқ фожиаси, оддий кўз билан  кўриб бўлмайдиган миллат эстетикасини англаш муҳимдир. Рус назарётчиси Бахтин “Инсоннинг тақдир аломатлари намоён бўладиган ташаббускорлиги, унинг бутун ҳаётида бўлгани каби, шахсий-индивдуал, расмий-давлатчилик фаолияти сифатида  ҳам prodigiaга[1] бориб қўйилади. Prodiga – барча давлатга хос бўлган ташаббускорлик ва ҳодисаларининг бошида турадиган муҳим ҳолат”[2], дейди. Буни тушунишда сўзсиз халқ яратган мўжиза адабиёт ва тарихнинг ўрни каттадир. Мақсуд Шайхзода Озарбайжонда туғилди(1908). Уни  Ўрта Осиёда шу адабиёт мўжизаси тутиб қолди. Кейинчалик шоир ёзади: “Мумтоз ўзбек шеъриятининг ички маънавий дунёси мени кўп йиллардан бери қизиқтириб келади.  Башар зеҳнининг сўнмас дурдоналари бўлмиш ғазаллар ва рубоийларда, қасидаларда ва соқийномаларда оловли эҳтирослар билан бирга вазмин фикрларнинг омихта бўлиб кетиши санъаткордан чинакам истеъдод билан зўр малака ва пухталикни тақозо қилар эди”[3]. У  ўзбек халқининг шоири, драматурги, олими, таржимони ва мураббийи бўлиб танилди ва ўзидан катта мерос қолдир.  Шайхзода хотирлайди: “Мен, Шейхизода Мақсуд 1908 йили Тифлис шаҳрида туғилдим. Отам Тифлисдаги фельдшерлик мактабини тугатган фельдшер эди. У Қозох уездидаги ўртаҳол деҳқон оиласида туғилган бўлиб, шахсий ғайрат-шижоати ва бахтли тасодиф туфайли таълим олган. (У 18 ёшида алифбони ўрганишдан бошлаган.) 1908 йилдан бошлаб Оқтош шаҳри (собиқ Елизаветополь губерниясининг собиқ Ареш уезди), ҳозирда Озарбайжон совет республикаси туманида узлуксиз ишлаган. У энг яхши жамоатчи медик бўлгани туфайли 1924 йилда (46 ёшли кексалик пайтида) тиббий таълимини якунлаш учун Москвага борган. У 1928 йилда 2-Москва Давлат университетининг тиббиёт факультетини тугатиб, ҳозирги вақтда Оқтошдаги шаҳар амбулаториясида бош шифокор бўлиб ишламоқда. Онам ҳам Қозох уездли деҳқонлардан бўлиб, Оқтошда паранжисини биринчи бўлиб ташлаган ва уезд хотин-қизлари ҳаракатини биринчи бўлиб бошлаб берган. У ОзК(б)П уезд комитетида хотин-қизлар бўлими мудири бўлиб хизмат қилган. Мен илк маълумотимни турк  тилидаги 1-босқич шаҳар мактабида олдим, икки йилдан кейин (1919 йили) эса, ўша ердан юқори бошланғич мактабга ўтдим…” [4]Аммо ҳукмрон сиёсий  тузум уни ўз туғилиб ўсган Озарбайжонда эмас, Марказий Осиёда, жумладан Тошкентда умр ўзтказишга мажбур этди. Академик Наим Каримов таъкидлаганидек: “ Тақдир шамоли Шайхзодани Навоий ва Бобур ватанига учириб келганида у, шубҳасиз, кўп ўтмай ота-онам бағрига қайтаман, деб ўйлаганди”[5]. Афсуски, у ортга қайтмади ва умрининг охиригача шу ерда қолишга қарор қилди(1967). “Навоий ва Бобур ватанига” келиши Шайхзодай ёниқ қалбли ижодкор учун янги уфқларни очди, аммо бутун умр  ватани ишқида ёнди: “Умрим бино бўлди Озарбайжонда, Кечди болалигим у гул маконда. Низомий ватани, Ганжа ўлкаси, Ўпкамга тўлдирди шеър ҳавосин. Кур наҳрин мулойим, тинч музикаси Кўнглимда уйғотди куйлаш ҳавасин.”

Шу ўринда бир савол туғилади, нега Мақсуд Шайхзода Озарбайжондан чиқариб юборилган? Бунга кўпгина омиллар сабаб бўлган.  Шайхзода мактабни тугатгач Бокудаги педагогика билим юртини тугатиб (1925) Озарбайжон Маориф халқ комиссарлигининг йўлланмаси Доғистонга йўл олади. 1926-1927 йилларда “Маориф йўли” ва “Доғистон фуқароси” газеталарида ташкил этилган мунозараларда  ўша давр ижтимоий ҳаёти учун  ғоят муҳим масалалар кўтарилди. Биргина давлат тили масаласи бўйича бўлиб ўтган мунозарада Ҳасанали Рзазода, Раҳим Хонзода, Нуралиддин Доғларов, Гасим Алиев, Жалол Шихамирли, Билол Балабек сингари муаллифлар иштирок этдилар. Шайхзода ҳам бу мунозарадан четда қолмади”[6] У ерда педагоглик қилиш билан бирга ижодий ишлари билан матбуотда қизғин қатнашади. Айниқса, ҳозир ҳам сира аҳамиятини йўқотмаган тил муаммоси ўша пайтда кўтарилган ва қизғин кураш-тортишувларга асос бўлаётганди: “. Доғистон республикасининг кўп тил (36 тил)лилиги пировардида тилсизликка, яъни ягона ёки кенг тарқалган, Доғистон учун умумий бўлган тилнинг бўлмаслиги олиб келиши эди. Шу масалада эҳтиросли ва кучли баҳс-тортишувлар бўлиб ўтарди”[7].

Ўша пайтда бутун СССР таркибига кирувчи туркий мамлакатларда миллий бирлик ва унга қарши мустабид кураши авж нуқталарда давом этаётганди. Бу йўлда миллатни ўз зиёлиларидан жудо қилиш, қоронғу дарсхонада шамни олиб қўйиш билан баробар эди. Шунинг учун катта куч билан етилиб келаётган ёш мутахассисни 20 ёшида ўз илдизидан узишади.  Мақсуд Шайхзода Тошкентга келади (1928). Жазо – сургун муддати уч йил бўлган  ва бу вақт мобайнида ўз ватанига қайтиб кетиши мумкин эмас эди. Бу ҳақда академик Наим Каримов “Мақсуд Шайзода” маърифий-биографик романида қуйидаги айблов хулосаларини ўқиш мумкин : “Мақсуд Шейхизода 1927 йилда Боку шаҳрига бориб келганидан кейин маслакдошлари – муаллимлар: Селим Фитратзода, Тавфиқ Жалол ва Мамедов Файзига Боку мусовот ҳукуматининг ташқи ишлар нозири Мамед Эмин Расулзода томонидан Истанбулда нашр этилган “Ени Кавказ” мусовотчилар журналининг Бокуда кўп нусхада тарқатилаётгани, …СССРга яширин йўллар билан келтирилаётган бу журналнинг Мақсуд Шейхизода Бокуда ўқиган сонларидан бирида Расулзоданинг “Қизил империализм” деган мақоласи босилганини айтган… …Шу билан бирга Мақсуд Шейхизода Бўйноқда жойлашган ҳарбий қисмларнинг сон-саноғи ва ҳолати, шунингдек, миллий таркиби билан ғоят қизиқиб, партияли ёшлар – Қозон татарлари билан алоқада бўлган ВЛКСМ аъзоси сифатида юқори командирлар таркибига йўл топишга уринган…”  15 саҳифадан иборат шу айбномага кўра, Шайхзода ва унинг дўстлари “ижтимоий хавфли унсурлар” деб топилди ва уларни ОГПУ Доимий ваколатхонаси ихтиёридаги “сиёсий қурилиш”га юбориш ҳақида ҳукм чиқарилди. Шайхзода ўзига қўйилган айблар бирор далил билан исботланмагани сабабли ўз ишини қайта кўришларини талаб қилиб, тегишли идораларга аризалар ёзади. Шундан кейин ОГПУ коллегияси ҳузуридаги Махсус кенгаш бўйноқлик муаллимлар ишини қайта кўриб, Э.Файзийни концлагерда ўташ шарти билан 3 йиллик қамоққа, Шайхзодани эса 3 йиллик сургунга юбориш ҳақида ҳукм чиқаради. Мазкур ҳукмга кўра, Шайхзода Москва, Ленинград, Тифлис ва Бокудан бошқа шаҳарларда сургун муддатини ўташи мумкин эди. Шайхзода Махачқалъадаги 9 ойлик қамоқдан озод этилгач, онасининг маслаҳати билан (отаси ўша вақтда Москвада ўқишда бўлган) сургунгоҳ сифатида Тошкентни танлайди ва 1928 йил февраль ойининг сўнгги кунларида сургун муддатини ўташ учун ўзбек юртига келади”[8]. Таъкидланганидек, унинг танлаш имконияти бўлган ва у Навоий ва Бобур адабиёти ҳукмрон бўлган юртга Тошкентга келишни маъқул кўради.

Албатта, бу икки халқлар ўртасидаги алоқалар ҳозиргидан анча мустаҳкам бўлган. Тили ва дили яқин бўлган халқлар бир-бирини яхши тушунар ва ўзаро алоқалар ҳам шунга монанд равишда ўсиб бормоқда эди. Албатта, Шайхзода Тошкентга келиб биринчи қилган иши ҳам адабиёт ва ижодий ишлар бўлгани ҳам буни исботлайди. У мусофирликнинг оғир тоши бошига эрта тушган бўлса, сира букилмади ва тинимсиз изланди, менҳнат қилди. Натижада,  у Тошкентда ижод қилаётган ўзбек зиёлилари сафига тезда қўшилади ва тан олинади, албатта, бунда адабиётнинг энг муҳим қонуни истеъдод муҳим ўрин тутади. Бу ўринда халқимизга хос бўлган меҳмондўстлик ҳислатини ҳам таъкидлаш ўринлидир. Қуйидаги келтирилган манбада таъкидланадики: “Агар театр икки қардош халқ ўртасидаги маданий алоқаларнинг равнақ топишида муҳим омил бўлган бўлса, бу алоқаларнинг илдизи икки халқнинг узоқ асрларга бориб тақалувчи адабиётида эди. Узоққа бормайлик, Туркистонда фузулийхонлик, навоийхонлик, бедилхонлик сингари ўзига хос адабий мактаблардан бирига айланиши ёки 1906 йилдан бошлаб озарбайжон маърифатпарварлари Жалил Маматқулизода ва Собир томонидан “Мулла Насриддин” журналининг нашр этилиши ўзбек халқи маърифати ва маданиятига таъсир этмай қолмади. Хусусан, “Мулла Насриддин” таъсирида ўтган асрнинг 20-йилларида “Муштум” ҳажвий журнали, шунингдек, газета ва журналларнинг ҳажвий бўлимлари майдонга келди ва талайгина ҳажвнавис шоир ва ёзувчилар етишиб чиқдилар. Худди шу йилларда ўзбек ёшлари Берлин, Москва, Петербург, Қозон, Оренбург шаҳарлари сингари, Бокуга ҳам ўқишга юборилди. Сайфи қори Алимов сингари артистлар, Ҳоди Зариф сингари олимлар, Ғайратий сингари шоирлар, Обид Каримой сингари математиклар Озарбайжонда таҳсил олдилар. Озарбайжон ва ўзбек маданиятлари ўртасидаги бу алоқа айрим шахслар доирасидаги ҳодиса эмас, балки икки халқ ўртасида ўрнатилган барқарор ва кундан-кунга мустаҳкамланиб бораётган воқеа эди. Шунинг учун ҳам уч йиллик сургун муддатини ўтказиш ташвиши билан яшаётган Мақсуднинг Тошкентни танлаши тасодифий эмас эди.”[9]

У мусофирликнинг улкан қийинчиликларни бошдан кечирди. Наримонов номи билан аталган шу мактабда муаллимлик қилади, “Шарқ ҳақиқати” ўриндошлик асосида таржимон бўлиб ишлагани айтилади.  У бу ҳақида ўзи шундай дейди: “1928 йилда Тошкентда озарбайжонликлар учун очилган Наримонов номли мактабда муаллимлик қилдим. Айни вақтда ўзбек матбуотида иштирок этдим. Бир йилдан кейин ўзбек мактабларида ижтимоий фандан ҳам дарс бера бошладим. Таржима ишига киришдим. Ўзбек тилини яхши ўргангач, ўзбекча шеърлар ёзишга жазм этдим. Мен айни замонда Тошкентда нашр этилган “Шарқ ҳақиқати” газетасида ҳам адабий ходим, ҳам таржимон сифатида фаолият кўрсатдим”.

Унг бу йўлда ўзбек мумтоз адабиётини чуқур ўрганиши ва унга бўлган юксак ҳурмати ҳам сабаб бўлди. У нафқат тилни ўрганди, балки мумтоз адабиётининг етук тадқиқотчисига айланди. Шайхзода ёзади: “Ўрта Осиё заминида адабиёт назариясининг турли тармоқлари билан шуғулланган олим ва шоирлардан Рашидиддин Ватвотнинг “Ҳадойиқус сеҳр” (Сеҳрли боғчалар) асари (XII аср)  Шамс Қайси Роҳийнинг  аруз, қофия ва илм бадиийга оид “Алмуъжам…” асари (ХIII аср) араб тилида ёзилган  “Мифтоҳул илм” (Билим калиди) асар маънолари ва баёни фанига оид бўлиб, то ХХ асрнинг бошларигача мадрасаларда дарслик қаторида ўқитилиб келган. Амир Темурнинг замондоши Аламон Тафтазонийнинг Самарқандда ёзилган “Мутаввал” номли машҳур асари шеърда бадиийлик масалаларига бағишланган”[10]. У бу фикрлардан ҳам билсак бўладики, у жуда оз йилларда ўзбек мумтоз адабиёти тарихидан ва илмидан юқори даражада хабардор бўлган. У мумтоз санъатимиздаги  илмиларни ҳам қуйидагича санайди: “Шундай қилиб, шарқ классик поэзиясининг ижодий ва амалий фаолиятига кўрсатма ва дастуриламал бўладиган илмлар пайдо бўлганки, буларни “Илми баён”, “Илми бадеъ”, “Илми аруз” ва “Илми қофия” деб атаганлар”.

Бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейининг “Ўзбекистон ёзувчилари архиви” фондида сақланаётган Шайхзода қўлёзмалари унинг ижодини ўрганишда ноёб манба бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қўлёзмалар шоир вафотидан беш йил ўтиб  1972 йилда шоирнинг умр йўлдоши Сокина хонумдан атоқли ва жонкуяр олим Ҳамид Сулаймон ташаббуси билан қабул қилинган. Эски ўзбек, лотин ва крелл ёзувларида ўзбек, рус, озар тилидаги қўлёзмалари билан танишар эканмиз  Шайхзода ижод кўламининг янги қирраларини очиб борамиз. Жами 831 та ҳужжат билан рақамланган (Тартиб рақами ҳужжатнинг инвентарь рақамини ҳам кўрсатади) қўлёзма манбаларда Шайхзоданинг шеърлари, драмалари, ёзишмалари, публицистика ва илмий ишлари жамлаган. Қўлёзмалар билан танишар эканмиз, унинг нақадар синчи ижодкор ва нуктадон олин бўлганлигини кўришингиз мумкин. У мумтоз адабиётимизнинг енг ёриқин шахслари Навоий, Бобур ҳақида жуда катта аҳамиятга эга бўлган илмий ишлар олиб боради. Навоийшунослик бўйича ишлари алоҳида аҳамиятга эга. Навоий лирикаси бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар бугунги кунда  ҳам кўплаб ижодкорлар фойдаланиб келмоқда. Шайхзода Навоийга айрича меҳр қўяди ва уни “Ўзбек шеъриятининг улуғ пири” дея муҳаббат кўрсатади. Айниқса, алишер Навоийнинг илмий салоҳияти, закий ижодкор бўлгани Шайхзодани унга янада яқинлаштирган ва “ҳамсуҳбат” қилган: “Алишер Навоий ўз замонасининг энг ориф ва донишманд кишиси бўлганлиги учун албатта бу асарлардан хабардор бўлган ва ўзи ҳам шеъриятнинг назарияси, адабиёт, тарих, турк-ўзбек шеъриятидаги вазнлар ва айрим шоирларнинг адабий салмоғи билан бевосита шуғулланиб турганки, “Мезонул авзон”, “Мажолисун нафоис”, “Муншоот”, “Муҳокаматул луғатайн” ҳамда “Чордевон”ига кирган иккита “Дебоча”си бу фикримизнинг яққол далили бўла олур. Навоий даврида ҳам бу масалалар адабиётсилар эътиборини ўзига тортганига порлоқ мисол қилиб, шоир Сайфи Бухорийнинг ва буюк адиб Абдураҳмон Жомийнинг Алишер Навоий илтимосига кўра аруз ва қофия ҳақида рисола ёзганларини кўрсатиш мумкин”[11]. Мақсуд Шайхзоданинг навоийшуносликка оид қўлёзмалари унинг архивида алоҳида ўринга эга. Мақсуд Шайхзоданинг Алишер Навоий ҳақидаги илмий мақолаларининг ўзи ўзбек ва рус тилида ёзилган 20дан ортиқ. Уларда Алишер Навоий 500 йиллик юбилейи муносабати билан ёзилган[12] мақола,         «Устоднинг ижодхонасида…»[13], «Тирик Алишер»[14], мақолалар. «Алишер Навоийнинг шоирлик маҳорати», Шайхзоданинг Навоий лирикасидаги шеърий санъатни тадқиқ қилишга бағишланган мақоласидан парчалар, «Алишер Навоий лирикасининг асосий масалалари», «Алишер Навоий лирикасининг баъзи бир поэтик усуллари ҳақида» каби илмий мақолалар ўрин олган. Бундан ташқари музей таснифчилари томонидан (профессор С. Ҳасанов, Д. Шарафиддинова) Мақсуд Шайхзоданинг Алишер Навоий жоди бўйича тўплаган материаллари алоҳида тариблаган ( 480-503). Уларда олимнинг Навоий ижоди ва ҳаёти юзасидан олиб борилган тадқиқотлар бўйича йиғилган материаллар жамланган. Маълумки, Шайхзода «Навоийда лирик қаҳрамон характери ва уни очилиш приёмлари ҳақида» номзодлик  диссертациясини ҳимоя қилган ва бунинг учун қанча кўп илмий изланишлар олиб борганлигини у йиғган ва бугун архивда сақланаётган матираллардан кўришимиз мумкин.

Шайхзода Навоийдан ташқари  Бобур, Огаҳий, Амирий, Нодирабегим, Муқумий, Завқий, Фурқат каби мумтоз шоирлар ижоди билан жиддий ўрганган ва тадқиқотларини доимий равишда эълон қилиб борган.  У Бобур ҳақида ёзган ҳар бир мақоласида у шоҳ ва шоир ижодини қай даражада чуқур билишига амин бўласиз: “Бобур Мирзо адиб ва шоир бўлиш жиҳатидан ўзбек адабиёти тарихида мустасно ўрин тутади. Унинг бизга маълум асарлари: 1) “Бобурнома”, 2) Туркистон ва Афғонистонда ёзган йирик шеърлар девони; 4) Маснавий тарзида ёзилган “Музаййин” асари; 5) Убайдулла Хўжанинг “Валидия” номли тасаффуфий асарининг назм билан таржимасидир. Булардан бошқа Бобур вазни ҳақида  “Муфассал” номли бир илмий аса ва ўзи ихтиро қилган бир алифбе тузган (“Хатти Бобурий”) бўлса ҳам бу кейингилар, бахтга қарши, ҳозирча топилгани йўқ( мақола ёзилган вақт 1940 йил) ”[15]

Шайхзода миллий адабиётнинг ҳар бир ижодкорини теран англашга  ва уни таҳлил қилишга интилди. Муқимий ҳақида ёзган “Ватан гулзорининг ўтли булбули” мақоласида: “ Навоийнинг мураккаб туйғуларига бой бўлган ишқидан, Бобурнинг шоҳона умидвор севгисидан, Фузулийнинг дарвешона дардидан, Амир Умархоннинг амирона ва ихлоскор муҳаббатидан баҳралар олган Муқимий тўла маъноси билан ошиқ – шоир ва шоир – ошиқ эди”[16], дейди. Шайхзода ҳам ошиқ эди, адабиётнинг, ҳаётнинг ошиғи. У шунинг учун бу ўлкани севди ва шу севгисини-да бир ватан – бир адабиёт деб билди, унга ўзини сира бегона билмади.


[1] Prodiga – мўжиза, ажойибот.
[2] Бахтин М. Романда замон ва хронотоп шакллари/Рус тилидан У. Жўрақулоқ таржимаси//Т:.”Akademnashr” нашриёти, 2015, 110 бет.
[3] Мақсуд Шайхзода. Танланган асарлар/V том/Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Т:. 1973 й, 5 бет.
[4] Наим Каримов. Мақсуд Шайхзода/маърифий-биографик роман. –Т.: “Sharq”, 2010. –  9 бет.
[5] [5] Наим Каримов. Мақсуд Шайхзода/маърифий-биографик роман. –Т.: “Sharq”, 2010. –  6 бет.
[6] Ўша манба – 31 бет.
[7] Ўша манба – 34 бет.
[8] Ўша манба – 36 бет
[9] Ўша манба – 38 бет
[10] Мақсуд Шайхзода. Танланган асарлар/V том/Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Т:. 1973 й, 5 бет.
[11] “Совет Ўзбекистони” газетаси, 1965 йил, 7 март.
[12] «Испнтанное в веках», мақола. Алишер Навоий 500 йиллик юбилейи муносабати билан ёзилган. Охирги варақнинг орқа бетида шу мавзуда Мақсуд Шайхзода доклад қилганлиги ҳақида қайд бор.. Рус тилида. 1 ҳуж., 5 в./ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Адабиёт музейи, “Ўзбекистон Ёзувчилари архиви” , тартиб рақами – 445.
[13] «Устоднинг ижодхонасида…», мақола. Оттиска. Навоий ижоди бўйича илмий изланишлар. «Шарқ юлдузи» журнали, 1966 йил, 7-сон. Ҳозирги ўзбек ёзувида, 1 ҳуж., 16 в, тартиб рақами – 446
[14] «Тирик Алишер», мақола. Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзилган. Автограф. Й. й. Араб графикаси асосидаги эски ўзбек ёзувида. 1 ҳуж., 21 в. тартиб рақами – 452.
[15] “Гулистон” журнали, 1940 йил, 1 сон.
[16] “Қизил Ўзбекистон” газетаси,1943 йил, 20 июнь

INFOLIB, №1, 2020