Туранга – Янги Зеландиянинг Крайстчерче шаҳридаги асосий ва марказий кутубхонаси саналади. 2011 йил февраль ойида юз берган зилзила туфайли аввалги кутубхона вайрон бўлгандан кейин Крайстчерчадаги марказий кутубхона сифатида фаолиятини бошлайди. 2015 йил 26 март куни шаҳар кенгаши 85 миллион долларлик янги кутубхона қуриш режасини эълон қилади. Кутубхонанинг қурилиш ишлари бошланганига кўп вақт бўлмай шаҳар кенгаши кутубхонага қўшган ҳиссасини 60 дан 95 миллион долларгача оширади. Харажатларнинг бу каби зиддиятли ошиши ерларни олиш ва инфляция каби бир қатор омиллар туфайли юз беради.

Кутубхонанинг номланишини маҳаллий аҳоли вакилларидан бўлган Тe Нгаи Туахурири Рунанга таклиф қилган. Туранга – бу муҳим масъулиятли вазифани ўз бўйнига олган исм маъносини англатади. Tуранга – Шимолий оролнинг шарқий соҳилларида жойлашган аҳоли пункти ҳисобланади. Бу жой Нгаи Taxунинг бобоси Пайкеаннинг ватани ҳисобланади. Унинг таклифи собиқ Маори майдони бўлган «Whiti-Reia»ни англатар экан. 2017 йил сентябрь ойида жам бўлган шаҳар кенгаши маслаҳатчилари маърифат масканига «Туранга» дея ном беришни маъқуллайдилар. 

Туранга – кутубхонаси маҳаллий аҳоли учун авлодлар ўртасидаги узвий алоқалар, шимол ва Тe Moaнa-нуи-a-Kивa ҳамда Tинч океани минтақалари аҳолиси билан ўрнатилган алоқалар ҳақида етарлича тасаввур беради.

Кутубхона 2018 йилнинг 12 октябрь санасида расман очилган ҳамда маҳаллий ва хорижий китобхонларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Дам олиш кунлари бу масканга 13 000 дан ортиқ китобхонлар ташриф буюришади.

Туранга кутубхонасининг ташқи томони ёрқин ранглар билан киши эътиборини ўзига тортади. Шунингдек, маҳаллий зиғир ўсимлиги рангига қиёсан тайёрланган матолар рангларига ҳамоҳанг тарзда ишланган.

180 000 дан ортиқ турли буюмларни ўз ичига олган Туранга кутубхонасида бир қатор технологиялар ҳам фойдаланувчиларга хизмат кўрсатмоқда, жумладан, бинонинг биринчи қаватида Янги Зеландиянинг энг катта рақамли сенсорли экрани – «Discovery Wall Touch Wall» деворга жойлаштирилган бўлиб, у фойдаланувчиларга интерфаол рақамли фотосуратлар, видеолар ва маълумотларнинг виртуал дунёсини кўриш имконини беради.

Шунингдек, мусиқий студия, видеотасвирни таҳрирлаш воситалари, уч ўлчовчи чоп этиш қурилмалари, кўргазма майдончалари, конференция хоналари, робототехниклар тўгараклари, TSB Space ҳамжамиятининг 200 ўринли аренаси, кафе, ўқув машғулотлари олиб боришга мўлжалланган хоналар ва болалар майдончалари мавжуд бўлиб ташриф буюрувчилар учун беминнат хизмат кўрсатади. Интернет тармоғига бепул уланган компьютерлар, бепул WiFi тармоғи, нусха кўчириш мосламалари, юқори сифатли сканерлаш хизматлари тақдим этилади.

Ташриф буюрувчилар кутубхонада яратилган шарт-шароитлар билан танишиб чиққач болалик чоғларида шаҳарда мавжуд бўлган эски кутубхона билан боғлиқ бўлган ёрқин хотираларини махсус эсдаликлар китобига ёзиб қолдирадилар.

Туранга жанубий оролнинг энг катта ва замонавий кутубхонаси бўлиш билан бирга ҳар куни 3000 дан ортиқ китобхонларни ўзида бирлаштиради.

Кутубхонанинг жойлашиш ўрнини Янги Зеландиянинг «Architectus» компаниясида фаолият юритаётган бир гуруҳ мутахассислар ҳамда Дания кутубхонасининг дизайнини ишлаб чиқган мутахассис Шмид Хаммер Лассен ҳамкорликда ишлаб чиқишган. Улар бу лойиҳалари учун 150 дан ортиқ мукофотларни қўлга киритишган.

Энг эътиборлиси, кутубхона Қурилиш муҳандислари институтининг «Эсктремал қури-лиш – 2019» мукофотини, Янги Зеландия «Architecture Awards – 2019» энг яхши оммавий архитектура мукофотини, Бино қурилишини моделлаштиришда (BIM) 50 миллиондан ортиқ молиялаштирилган лойиҳалар учун «Инновацион ёндошув» мукофотини қўлга киритган.

Кутубхона 2019 йилда Янги Зеландиянинг Зилзила муҳандислик жамиятининг «Ноёб дизайни учун», Архитекторлар институтининг «Энг яхши ички архитектура ва оммавий меъморчилиги учун» (Canterbury Prises-2019), Янги Зеландия Консалтинг маҳандислик уюшмаси ва Мулк Кенгашининг Кўчмас мулк соҳасидаги энг юксак мукофотларини қўлга киритган. Шунингдек, ИФЛАнинг 2019 йилда тақдим этилган энг нуфузли мукофоти («Йилнинг энг намунали оммавий кутубхонаси»), Янги Зеландияда «Christchurch Award Civic Trust» («Шаҳар атрофмуҳитига муҳим ва фойдали ўзгаришларни киритган энг яхши лойиҳа учун») номинацияси ғолиби, Миллий фуқаролик категориялари ва Янги Зеландиядаги энг яхши тижорий лойиҳа танловларида олтин медалга сазовор бўлган.

Шаҳар мэрининг сўзларига кўра, Туранга Крайстчерч аҳолисининг талаб ва таклифлари асосида ва фақатгини улар учун барпо этилган.

– «Taхминан 2500 га яқин ижтимоий лойиҳалар ва ғоялар асосида дизайнерларга якуний бино режаси (чизмаси)ни ишлаб чиқишга ёрдам берди ва уларнинг аксарияти бинода ўз аксини топди. Ишонаманки, бинога ташриф буюрувчи ҳар бир инсон ўзларининг янги марказий кутубхонаси билан фахрланади», – дейди Кристорх Лианне Далзиэл.

Шаҳар мэри Далзиэлнинг сўзларига кўра, кутубхона биноси жойлашган майдон чеккасида 92 миллион долларга тенг беш босқичли марказ Крайстечерчнинг маданий марказларидан бири бўлиб, жамоатчиликнинг қалбини эгаллашга эришади.

– «Бола бўласизми, катта ёшдагимисиз, маҳаллий аҳоли бўласизми ёки шаҳримизга ташриф буюрган сайёҳ бўласизми, кутубхонанинг доимий фойдаланувчисими ёки кутубхонага кўп йиллар кирмаган кимса бўлса ҳам ҳамма нарса ва ҳамиша мавжуд», – дейди кутубхонанинг Ахборот бўлими бошлиғи Каролин Робертсон.

Кутубхонага дунёга машҳур Буюк Британия қироллик оиласи вакиллари ҳам ташриф буюришган. Масалан, Уэлс шаҳзодаси ва Корнуолл герцоглиги қироличаси Янги Зеландиянинг Kрайстчерч шаҳрида дам олиш билан бирга бир қатор учрашувлар ўтказади. Шундай учрашувлардан бири Tуранга кутубхонасида Кoрнуолл герцоглиги ва Буюк Британия Ҳамдўстлик жамияти томонидан ташкил этилган иншолар танловида иштирок этган ёшлар билан бўлиб ўтади. Шунингдек, китобхонлар учун махсус семинарлар ташкил этилади. Танловда фаол иштирок этган ёшларга ва ғолибларга Қиролича Елизавета II нинг келини томонидан эсдалик совғалари тақдим этилгани кутубхона тарихида ўчмас из қолдирган.

– «Туранга номи билан аталувчи янги марказий кутубхонамиз китобхонлар учун ўз эшикларини очди, бу ўзига хос «челленж»нинг бошланиши, биз марказий шаҳарларимиз учун бу каби лойиҳаларни ўзида бирлаштирган кутубхоналарни янада кўпроқ оммалаштирамиз, шунингдек, янгидан-янги авлодлар ўзлари учун янги хотиралар тўпламини яратадилар, мен буни болалигимда ҳеч қачон орзу қилмаган эдим. Бу ҳамма нарсадан муҳим нарса ва менимча бу маскан шаҳарнинг энг гавжум маърифат масканларидан бири бўлиб қолади, – дейди шаҳар мэри Кристорх Лианне Далзиэл жаноблари.

INFOLIB, №4, 2019