Биз ўзлигимизни, дунёни, олам ва одам муносабатини китоб орқали билиб оламиз. Китоб турли хил фикр, туйғу, воқеалар қуйунини англашда дўстона кўмаклашади. У дунёга, одамларга меҳр туйғусини бахш этган ҳолда ақл ва қалбга қанот бағишлайди. Китоб ўқиш – дўстликка, мехнатсеварликка, матонатли бўлишга, қобилиятларини ўстиришга, фан ва маданият бойликларини эгаллашга, инсоният тарихи ва ҳозирги ҳаётини тушуниб олишга ёрдам беради. Бу жараёнда бизга яқиндан кўмакчи бўладиган бир маскан бор. Бу – кутубхоналардир. Шундай кутубхонлардан бири дунёда ўзининг нодир асарлари билан ўзига хос ўринга эга бўлган, Америка Қўшма Штатларидаги энг катта академик ва мамлакатдаги учинчи йирик кутубхона Гарвард кутубхонасидир. Кутубхонада жами 16 миллион китоб сақланмоқда, бу маънавий бойликдан нафақат ўқитувчилар, балки талабалар ва университет ходимлари бемалол фойдаланишлари мумкин. Тегишли рухсатномага эга бўлган кишиларнинг кутубхонага киришига имкон берилади.

Бу кутубхона руҳоний Жон Гарвард номи билан аталиб келинади. Жон Гарвард 1636 йили Эммануэл коллежида магистрлик даражасини қўлга киритади. 1637 йили Лондондан Чарлестовнга (Ню-Энгланд) кўчиб келади ва у ерда илоҳиётшунос ўқитувчи сифатида ишлайди. Кейинчалик жамоат бошлиғи бўлиб фаолият юритади.

1638 йилда Жон Гарвард сил касаллигидан вафот этади. Унинг васиятига кўра, ҳаёти давомида тўплаган бойлигининг ярми ва шахсий кутубхонаси инглизлар калонияси вакиллари асос солган янги коллежга берилади. Бу воқеадан бир йил ўтгач ўзининг донолиги, бир неча соҳалар бўйича катта билимга эга бўлганлиги сабабли коллежга Гарвард номи берилади.

Энг ачинарлиси, ҳозирги кунга келиб Жон Гарварднинг 400 та китобидан фақатгина биттаси сақлаб қолинган холос, қолганлари эса 1764 йилда кутубхонада содир бўлган ёнғинда ёниб кетган. Шундан сўнг, кенг жамоатчиликнинг беғараз ёрдамлари туфайли кутубхона фондини тезда тиклаш ишлари олиб борилади.

1818 йилда кутубхонага немис коллекционери Эбелингдан Америкага бағишланган бир неча минг нашрлар, хариталар, газеталар сотиб олинади. 1841 йилда кутубхона ўзининг биринчи алоҳида биносига эга бўлади ва шу ерга кўчирилади. 1859 йилдан бошлаб кутубхона учун мунтаззам равишда янги китоблар харид қилиш ишлари бошланади.

Йиллар ўтиши билан Гарвард кутубхонасининг асосий фондлари ҳажми кўпайиб, уларни жойлаштириш учун кўпроқ майдон талаб қилинади. Шунинг учун ёндош ҳудудлардан янги бинолар қурилади.

XIX асрда кутубхона фондлари кенгайиб 1817, 1819, 1826 йилларда хуқуқшунослик, тиббиёт мактаблари таркибида ҳам кутубхона бинолари қуриб фойдаланишга топширилади.

Гарвард университети кутубхонасининг асосий фондлари Уайднер, Хоутон ва Гарвард каби биноларда сақланади. Хоутон кутубхонаси биносидан Гарвард университети дарс машғулотларида фойдаланадиган нодир қўлёзмалар ва нашрларни топиш мумкин. Гарвард коллежи кутубхонаси фондларидан эса Гарвард Фанлар академияси ҳаётига оид бўлган манбалар ўрин олган. Гарри Элкинс Уайднер номидаги кутубхона биноси барча кутубхоналар тизими асоси ҳисобланади.

1915 йилда кутубхона тўғридан-тўғри Гарвард боғидаги янги бинога кўчирилади. Унинг номи 1907 йили Гарвард битирувчиси бўлган Гарри Элкинс Уайднер номи билан аталади. Уайднер болалигидан катта китоблар коллекциясини йиғишни ва уни Гарвард кутубхонасига совға қилишни орзу қиларди. Унинг онаси, Элеонора Уайднер, афсонавий «Титаник» кемаси ҳалокатидан мўъжизавий равишда омон қолади ҳамда фарзандининг орзусини рўёбга чиқариш учун янги кутубхона биноси ва китоблар сотиб олиш учун 2,5 миллион доллар ажратади. Шундай қилиб, бугунги кунда кутубхонадаги Уайднер тўпламида тахминан 4 миллиондан ортиқ нашрлар мавжуд. Кутубхона архивида Гарвард тарихи ва унинг битирувчилари тарихи ҳақида махсус маълумотлар сақланади. Шунингдек, у ерда ҳимоя қилинган диссертациялар ва тақдим қилинган мукофотлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар жамланган.

Бугунги кунда, Гарвард университети кутубхонаси 100 га яқин кутубхона заллари, музейлар ҳамда коллежларни ўз ичига олган йирик маърифат маскани саналади.

Гарвард университети архивлари кутубхонанинг архивлари ҳисобланади. Кутубхона раҳбарияти университетнинг давомий ҳисоботларини назорат қилади, Гарвард билан боғлиқ қўлёзмалар, қоғозлар ва тарихий материалларни тўплайди ва университет орқали ҳисоботларни бошқаради. Бир вақтнинг ўзида университет ва кутубхона ўртасидаги молиявий тизимларнинг яхлитлигини таъминлаш ва молиявий операциялар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишга ёрдам берадиган аниқ маълумотларни тақдим этади.

Кутубхонанинг маблағлари унитар профилга мувофиқ шаклланади. Аммо, менежмент принципига кўра, кутубхонани битта кутубхона раҳбари бошқаради, шунингдек, у кутубхоналар учун умумий лойиҳаларда ишлайдиган барча хизматларни бошқаради.

2012 йил 1 август куни Гарвард кутубхонасида янги ташкилот иш бошлайди. Бу ташкилот Гарвард мактаблари орқали 73 та кутубхонанинг парчаланиб кетган тизимини қайтадан яхшилашга қаратилган, бутун университетнинг ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайдиган саъй-ҳаракатлар билан шуғулланади. Тизим барча кутубхоналарда пайдо бўладиган функциялар – Техник ёрдам хизмати ва Ҳимоя хизмати каби фойдаланувчи жамоаларнинг эҳтиёжларига кўпроқ эътибор бериш учун бирлаштирилади. Янги тузилма университет кутубхонаси ишчи гуруҳи тавсиялари ва қўшимча хизматларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган.

Гарвард кутубхонасидан АҚШ президентлари ҳам фойдаланишган. Масалан, Теодор Рузвельт, Франклин Д. Рузвельт, Жон Ф.Кеннеди, Альберт Гор (Клинтон даврида АҚШ вице-президенти), Жорж Буш ва Барак Обама.

Суҳбатларнинг бирида Барак Обама: – «Ёшлигимда кутубхоналарга бориб, китоб ўқишни жуда яхши кўрардим. Мен ҳали ҳам жуда кўп ўқийман, ўрганаман, лекин энди, тез-тез иш учун ўқийман, завқ учун эмас» – дея жавоб берган.

Шунингдек, Чили президенти Себастьян Пиньера, Колумбия президенти Хуан Мануэль Сантос, Коста-Риканинг президенти Хосе Мария Фигерес, Мексика президенти Фелип Кальдерон, Карлос Салинас ва Мигел де ла Мадрид, Мўғулистон президенти Цахиагийн Элбэгдорж, Перу президенти Алежандро Толедо, Тайван президенти Ма Инцзю, Канадалик генерал-губернатор Девид Ллойд Жонсон, Юнонистон Бош вазири Антонис Самарас, Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу каби сиёсатчилар бу олий даргоҳда ўқиш билан бирга кутубхонининг ҳам фаол фойдаланувчилари бўлишган.

Яна бир маълумотга қараганда, Дания қироличаси Фредерик, Япония маликаси Масако Овада ва қувайтлик шайх Муҳаммад Сабах (Қувайтнинг амалдаги ташқи ишлар вазири) каби қироллик оиласи аъзолари ҳам ўз даврида кутубхона фондидан фойдаланишган экан. Дунёга машҳур бўлган Билл Гейтс, Марк Цукерберг, Жеффри Скиллинг, Гейб Ньюэлл каби бизнесменлар талабалик даврларини эслашганларида кўп вақтларини кутубхона залларида китоб ўқиш билан ўтказганликларини айтишади.

Гарвард кутубхонаси Қўшма Штатлардаги энг қадимги кутубхона ва дунёдаги энг катта хусусий кутубхонадир. Шунингдек, у Қўшма Штатлардаги Конгресс кутубхонаси ва Бостон кутубхонасидан кейинги учинчи ўринда туради.

Оксфорд ва Кембриж университетларининг маҳобатли залларидан илҳомланиб, Рохан Анненберг хотирасига бағишлаб жиҳозланган хона Гарвард кутубхонасидаги энг катта заллардан бири саналади.

Залнинг кенглиги 9000 кв. футни ташкил этади. Архитектура хусусиятлари орасида катта боғламли чойшаблар, ёнғоқ панеллари жуда нозиклик билан ишланган. Зал бўйлаб, шарқ томонда, мажлислар залига етаклайдиган ўзига хос бежирим зинапоялар кетма-кетлиги, жуда кўплаб геометрик нақшлар эътиборингизни тортади. Анненберг зали ҳашаматли суратлар, ҳайкалтарошлик намуналари билан безатилган.

Бугунги кунда кутубхонада бир неча тилларда ёзилган хатлар коллекцияси сақланиб келинмоқда. Муҳрланган хатлардан тортиб то хатларда келтирилган нақшлар ва расмлар ҳам кенг жамоатчилик учун рақамли шаклда тўпланган. Бу, ўз навбатида, фойдаланувчилар учун қулайликлар яратади. ХVII–ХVIII асрларга оид бўлган машҳур қўлёзма материалларининг умумий сони тахминан 450 минг рақамли шаклда сақланган.

2015 йилнинг ноябр ойида кутубхонага 150 мингдан ортиқ суратлар олиб келинди, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Африка ва Кариб денгизидаги Европа мустамлакалари бўлган давлатлар тарихи, маданиятига оид бўлган ҳужжатлар кутубхона фондидан жой олган. Ушбу ноёб материаллар ўша давр руҳини ҳис қилиш имконини беради. Материаллар фақатгина мустамлака давлатлар ҳақида маълумот бермасдан, ўша давр сиёсати, иқтисодиёти, фан-таълими каби масалалар ҳақида ҳам етарлича тасаввур беради. Кутубхонада сақланаётган ноёб ва ўта ноёб китобларни танлаб олиш ҳамда ўқиш учун махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, улар китобхонлар учун беминнат хизмат қилади. Сиз бевосита ноёб китоблар рейтингига ўз муносабатингизни билдириб уларга баллар қўйишингиз ҳам мумкин. Ушбу дастурга онлайн кириш орқали нафақат Гарвардда балки бутун дунёда ишлатилиши мумкин бўлган кутубхонанинг асосий манбаларидан фойдаланишингиз мумкин.

Ушбу дастур ХVII асрдан ХХ асрнинг бошларига қадар бўлган қўлёзмаларни, биринчи ва ягона нусхага эга бўлган нашрларни ва мусиқа асарларининг дастлабки нашрларини ўз ичига олади. ХIХ асрдаги опера ва либретто операларининг варианти, нашрлари ва изоҳли далиллари каби кўплаб нарсаларни биргаликда кўриш ва фойдаланиш учун мўлжалланган.

Кутубхонадан фойдаланувчилар академик ҳамжамиятини кутубхона ресурслари билан боғлайди. У ердаги материаллар хавфсизлигини таъминлашга, жорий ва келажак фойдаланувчиларга материалларни сифатли сақлаш, тўпламларни рақамлаштириш, кутубхона фондини рақамли форматда сақлаш, мустақил таълимни таъминлашга ҳамда дастурлардан унумли фойдаланишга интилади.

Кутубхона манбаларидан бир бора фойдаланган инсон, албатта, яна у ерда бўлишни, энг нодир манбалардан қайта ва қайта фойдаланишни исташи табиий. 

INFOLIB, №2, 2019