Ойнур Тошмуҳамедова
Ойбек yй-музейи директори

В статье пишется о деятельности работы дома-музея выдающегося Узбекского писателя и общественного деятеля Узбекистана, академика Мусо Тошмухаммада Ойбека, который был основан в  1985 году к 80 – летию писателя.  Все уникальные экспонаты академика Ойбека были собраны в середине 70-х годов супругой Зарифой Саидносировой. В пятикомнатном доме, который возведен в 1940 году, посетители могут увидеть эти музейные экспонаты,  переступая  порог дома, где чувствуется творческая атмосфера. В доме можно увидеть творческие конспекты писателя и  письма, написанные своим соратникам, а также фотографии, которые имеют историческое значение. Кроме этого можно увидеть издания художественных и публицистических произведений писателя. У музея есть своя аудитория – это литературные критики, писатели, поэты. Также регулярно посещают дом-музей профессиональные журналисты, деятели театра и кино.

Буюк сиймолар яшаган манзиллар азал-азалдан халқнинг мўътабар зиёратгоҳларидан бири бўлиб хизмат қилади. Тошкентнинг яқин-яқингача «Ишчилар шаҳарчаси» деб номланган даҳаларидан бирида илм-фан ва маданият аҳли учун табаррук бир даргоҳ бор. Бу даргоҳда 1940 йилдан 1968 йилга қадар, яъни ҳаётининг сўнгги 28 йили мобайнида буюк ўзбек адиби ва жамоат арбоби академик Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб, ижод қилган.

Ойбек барҳаёт чоғидаёқ эл-юрт ўртасида нафақат буюк адиб, балки буюк инсон сифатида ҳам машҳур бўлган. Шунинг учун, халқона ибора билан айтганда, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган тошкентликлар ҳам, пойтахти-мизга яқин ва олис юртлардан келган адабиёт мухлислари ҳам шу хонадонга келиб, ўзбек адабиётининг бу порлоқ сиймосини зиёрат қилишни ўзлари учун шараф деб билганлар.

Ойбек 1905 йил 10 январда Тошкент шаҳрининг Гавкуш маҳалласида дунёга келган. Бу маҳалла Тошкент шаҳрининг Хадра даҳасида – Ўзбек Миллий академик драма театрининг биноси ўрнида жойлашган эди. Бўлажак адиб Навоий номидаги таълим ва тарбия техникумида ўқиган. Адибнинг рафиқаси – Тошкент тиббиёт институти ўқитувчиси Зарифа Саидносирова қурилишнинг ҳам бош архитектори, ҳам бош прораби, Ойбекнинг ўзи эса ҳам ижодий-илмий меҳнати билан пул топувчи, ҳам чилангар сифатида усталар билан бирга ишлаб, ўша йилнинг 30 декабрида янги уйга кўчиб киришган. «Бу, бахтли кунларимизнинг бири эди», – деб эслаган эди Зарифа Саидносирова: «Уй ҳали битмаган, фақат икки хонанинг ганчи, шипи, саҳни тайёр эди. Бошқа хоналарни ҳолимизга қараб, қўлимизга пул тушганда, тахта олиб, фанер олиб, ярим йил давомида битириб олдик…»

Уй қад кўтарган машаққатли йилларда ҳали ҳамма иморатлар қурилиб, йўлу йўлаклар аниқ қиёфа касб этмаган эди. Шу туфайли кўча «Лойиҳа» кўчаси деб аталган. Ҳозир шу кўчага «Ифтихор-1» номи берилган. Агар шу кўча бўйлаб уч-тўрт дақиқа юрсангиз, 26 уй келади. Катта дарвозанинг сўл тарафидаги деворга буюк ўзбек адиби Ойбекнинг 1940– 1968 йилларда шу уйда истиқомат қилганлиги ҳақида лавҳа осилган.

Ойбек уй-музейи эшиги зиёратчилар учун илк бор очилган тарихий кунга анча бўлди. Зарифа Саидносированинг Ойбек архивини тўла ҳолда давлатга топшириши учун беш йилдан зиёд вақт даркор бўлган. Адибнинг 20 жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами»ни нашрга тайёрлашда ва музей экспозициясини яратишда иштирок этган Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти ходимлари бу ерга, худди ишга келганларидек, қарийб ҳар куни келишган. Натижада, шундай илмий ходимлар жамоаси уюшиб қолган эдики, орадан 35 йил ўтган бўлса ҳам, улар ҳанузгача музейимизнинг юраги ҳисобланадилар. Музейнинг пайдо бўлишига ҳисса қўшган кишиларнинг барчаси таниқли адабиётшунос, машҳур ойбекшунос олимлар бўлиб етишдилар. Улар кўпгина вақтларини Ойбек ижодхонасида ўтказиб, адибнинг Зарифа Саидносирова туфайли эҳтиёткорлик билан сақланган қўлёзмалари устида иш олиб борганлар. Зарифа Саидносирова бу қўлёзмаларни узоқ йиллар мобайнида тўплабгина қолмай, уларни катта меҳр билан сақлади ва 70 йилларнинг ўрталарида адибнинг мемориал уй-музейини яратишдек шарафли ва машаққатли ишга бел боғлаб киришди. Илмий-ижодий жамоа уй-музейнинг майдонга келиши учун ҳамма нарсани қилди. Бу жамоа адибнинг барча архивини кўздан кечириб ва тартибга келтирибгина қолмай, музей фондини юзага келтириши, экспозицион-кўргазма ишлари билан шуғулланиши, тематик-экспозицион режа асосида адабий экспозицияни яратиши ҳам лозим эди.

Ойбек уй-музейи адиб туғилган куннинг 80 йиллиги муносабати билан 1985 йилда барпо этилган. Музейга қадамранжида қилган киши шинамгина боғнинг ўртасида, декоратив дарахтлар, буталар ва гуллар қуршовида Ойбекнинг бронзадан ишланган ҳайкали (И.Клиницкий асари) ни кўради. Шуни айтиш жоизки, Ойбек табиатни дил-дилидан севган. Унинг табиатга муносабати – адиб қалбидаги ватанга бўлган буюк муҳаббатнинг турфа кўринишларидан бири.

Музей Ойбекнинг ўзи томонидан барпо этилган икки бинога жойлашган бўлиб, мемориал бўлим, адабий экспозиция ва шинам боғга бўлинади. 1940–1941 йилларда қурилган 5 хонали бинодан адибнинг ҳаёт ва ижод йўлини акс эттирувчи экспозициялар ўрин олган. Ойбекнинг кундаликлари, конспектлари, хатлари, фотоматериал, этнография, тасвирий ва амалий санъат намуналари, адибнинг бадиий ва публицистик асарлари, шунингдек, замондошларнинг Ойбек ҳақидаги хотиралари адабий экспозиция учун таянч материал бўлиб хизмат қилган. Адиб ҳаёти ва адабий фаолиятининг барча даврларини ўз қамровига олган адабий экспозиция шу бинода жойлашган.

Ташрифчилар дарвозадан ўтиб, ичкарига кирганларидан сўнг, сўл томондаги бир замонлар айвон бўлиб хизмат қилган хонада Ойбек уй-музейининг экспозицияси билан таниша бошлайдилар. 5 хонадан иборат бу қисмга кираверишда – ўнг томонда – мўъжазгина бир хона бор. Унда адибнинг рафиқаси, биринчи ўзбек рассом қизи ва биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ва унинг отаси – ўзбек зиёлиларининг 1937 йил-да «халқ душмани» сифатида отиб ташланган машҳур маърифатпарвар ва тадбиркор Саидносир Миржалилов (1884–1937) га оид экспонатлар: расмлар, ҳужжатлар, буюмлар, тасвирий санъат асарлари намойиш этилган. Шу ердан ўрин олган экспозиция бизга шу ажойиб сиймонинг турли йўналишдаги фаолияти ҳақида, тарихий интерьер унсурлари эса 1929–1937 йиллардаги ижтимоий пўртаналар ҳақида ҳикоя қилиб, ташрифчиларни С.Миржалиловнинг ғаройиб ва фожиали тақдири билан ошно этади.

Бу хонани халқ декоратив-амалий санъати буюмлари ҳам безаб турибди. Хонадан чиққанингиздан кейин Зарифа Саидносирова сизни Ойбекнинг болалик ва ёшлик даври билан таништирувчи хонага етаклагандек бўлади.

Иккинчи зал сизни Ойбекнинг 30–40 йиллардаги ҳаёти ва ижоди билан таништиради. Адиб шу йилларда Навоий ва Пушкин ижоди булоқларидан, баҳраманд бўлган. Навоийга бағишлаб шеър ва илмий мақолалар ёзди; Пушкиннинг «Евгений Онегин» шеърий романини ўзбек тилига биринчи бўлиб таржима қилди. 1937 йилнинг даҳшатли бўрони гурлаганда, у Чўлпон билан мулоқотда бўлгани, Туркистон Мухторият ҳукуматининг хазиначиси С.Миржалиловнинг куёви сифатида қораланиб, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам, Тил ва адабиёт институтидан ҳам ҳайдалди. Шундай хатарли замонда, оиласи билан гоҳ-гоҳ бир бурда нонга зор бўлиб яшади. Шунга қарамай, адабиёт олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этиб, «Қутлуғ қон» романини яратди. «Халқ душманлари» деб қораланган Абдулла Қодирий ва Чўлпон романлари ман қилинган замонларда «Қутлуғ қон» ёш ўзбек ёзувчиларини роман жанрида ижод қилишга илҳомлантириб, даъват этиб, йўл кўрсатиб турди.

Девордаги расмлардан биридан ўзбек снайперчисининг кўзлари сизга қараб туради. Бу рангли расмни жангчи рассом ишлаган. Ойбек 1942 йил охири – 1943 йил бошларида Ўзбекистон ҳукумат делегацияси таркибида Москва бўсағаларида жон олиб, жон бераётган ўзбек жангчилари ҳузурига совға-салом олиб борганида, бу расмни 96 нафар немисни «ер тишлатган» азамат ўзбек йигити ҳадя қилган. Снайперга «100» рақамини ёзишга улгурмай ҳалок бўлган бу жангчи адибнинг «Қуёш қораймас» романидаги Бектемир образининг яратилишида прототип бўлиб хизмат қилган.

«Фронт бўйлаб», «Оловли йўллар» китоблари билан бирга лях тилида ёзилган шеърлар китоби словакиялик шоир Ондра Лисагорскийнинг урушдан кейин Ойбекка миннатдорлик ҳистуйғуларини изҳор қилиб юборган совғаси. Уруш йилларида ўзбек юртидан паноҳ топган Анна Ахматова, Алексей Толстой, Александр Дейч, Соломон Михоэльс, Владимир Луговской сингари ўнлаб рус ёзувчилари ва санъаткорлари қатори, у ҳам Ойбекнинг ижодидан баҳраманд бўлган. Ойбек шу йилларда уларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Дейч билан ҳамкорликда Навоий тўғрисида рус тилида китоб ёзади, Алишернинг болалиги ҳақида қисса ёзишга шайланган Л.Батьни Навоий ҳақидаги материаллар билан таъминлайди, Михоэльс билан бирга «Маҳмуд Торобий» операсини яратади, Украин бастакори Олесь Чишко бу операга мусиқа басталайди. Ана шундай ижодий ҳамкорлик мевалари ҳам шу залда ўз бўйини таратиб турибди.

Учинчи залдаги экспозиция марказида Навоий мавзуси туради. Ойбекнинг улуғ шоир ҳақидаги ўлмас асари гарчанд уруш йилларида ёзиб тугалланган бўлсада, унинг халқаро эътибор ва шуҳрат қозониши урушдан кейинги даврга оид. Нуфузли давлат мукофотига сазовор бўлган бу асар турли хорижий тилларга таржима қилиниб, жаҳон халқларининг улуғ ўзбек ёзувчиси билан яқиндан танишишларида муҳим аҳамиятга молик бўлди. Мазкур залга кирган ташрифчи «Навоий» романининг тиканли симлар ортида турган йиртилиб-ямалган бир нусхасига эътибор бермай қолмайди. Бу собиқ ўзбек ҳарбий асирларининг Ойбек уй-музейига ҳадяси.

Афсуски, 50 йиллар аввалида бошланган қатағоннинг янги тўлқини Ойбекни яна ўз гирдобига торта бошлади. Рақиблар ҳатто «Навоий» романидан ҳам сиёсий хатоларни излаб топишга уринадилар. Экспозициядаги газета мақолалари, суратлар, ҳужжатлар шу ҳақида нақл қилади. Буюк адибнинг оёқлари остидаги замин кундан-кунга нурай бошлайди. Шундай изтиробли, азоб-уқубатли кунларнинг бирида у инсульт хасталигига дучор бўлади. Тили сўзлаш, қўли ишлаш қувватини йўқотади. Зарифа Саидносирова шу йилларда бутун кучини Ойбекни қайта оёққа турғизишга қаратди.

Ойбек 1951 йил 17 апрелдан 1968 йил 1 июлда вафот этгунига қадар деярли ўз қўли билан ёза олмади. Қийналиб бўлсада, бир оз гапира бошлагач, Зарифа Саидносировага айтиб туриш орқали «Қуёш қораймас», «Улуғ йўл» романларини, «Нур қидириб», «Болалик хотираларим», «Бола Алишер» қиссаларини, «Даврим жароҳати», «Гули ва Навоий» ва бошқа достону шеърларини ёзди.

Унинг шу даврда яратган асарлари икки ажойиб инсон – Ойбек ва Зарифа Саидносирова ижодий ва инсоний жасоратини намунасидир. Экспозиция билан яқиндан танишган ҳар бир ташрифчи шундай хулосага келади.

Адибнинг болалик дўстларидан бири ёзувчи Миркарим Осим Ойбекнинг шу машаққатли йилларда ёзган асарларидан бири – «Улуғ йўл» романи тўғрисида сўзлаб: «Бу асар яқин келиб қолган ажал оғзидан юлиб олинган ўлжа эди», деб бежиз ёзмаган.

Мана, ниҳоят, «Ойбек абадияти» деб номланган тўртинчи зал. Бу ерда адибнинг ўзбек ва рус тилларидаги кўп жилдлик нашрлари, шунингдек, айрим асарларининг сўнгги йилларда хорижда нашр қилинган нусхалари намойиш қилинган. Адиб тасвири туширилган, гўзал мисралари битилган сопол ва чинни идишлар, мисдан ишланган буюмлар… Ойбекка бағишланган бадиий, илмий ва илмий-оммабоп асарлар… Музейнинг мемориал қисми бизни адибнинг бир замонлар меҳмонлар аримаган уйидаги жонли ва самимий муҳитга олиб киради; биз бу хонадон дарвозаси Ойбекнинг дўстлари ва шогирдлари учун ҳамма вақт очиқ бўлганини сезгандек бўламиз. Меҳмондўст уй бўсағасини ҳатлаб ўтар эканмиз, ўнг томондаги – деворлари атоқли мусаввир ва Ойбек оиласининг улкан дўсти Ўрол Тансиқбоевнинг рангтасвир асарлари билан безалган саранжом-сариштали меҳмонхонага кўзимиз тушади. Ундан кейингиси – Ойбекнинг ижодхонаси; устида ёзув жиҳозлари турган ёзув столи, стол усти чироғи, адиб рафиқаси, фарзандлари, яқин дўстларининг фотосуратлари ва, албатта, севимли Навоийнинг асарлари. Ойбекнинг кўпгина асарлари шу ерда ёзилган.

Ойбекнинг шу хонадаги бир неча минг нусхадан иборат кутубхонаси адибнинг қизиқиш доираси ғоят кенг бўлганидан гувоҳлик беради. Шарқ ва Ғарб классиклари, жумладан, рус ёзувчиларининг кўп жилдли асарлар тўпламлари, тарихга оид китоблар, энциклопедиялар, луғатларда адиб ижодий меҳнатининг излари қолган. Кўпгина китоб ва журналларнинг ҳошияларида адибнинг шарҳ ва белгилари, баъзан эса ўқилган асарларга берган баҳолари қайд этилган.

Иккинчи қаватга даҳлиздаги ёғоч зиналар орқали, деворлардаги А.Циглинцев ишлаган гравюраларни томоша қилиб чиқилади (фото). Мусаввир А.Циглинцевнинг «Миср. Сфинкс», «Неаполь. Тонг», «Нисса», «Порт», «Коҳира. Соҳил», «Тулон» деб номланган бу асарлари унинг 1958 йилда Ўрта ер денгизи мамлакатлари бўйлаб қилган сафаридан хо-тира бўлиб, музейга рафиқаси томонидан армуғон қилинган.

Иккинчи қаватдаги экспозициянинг бир қисми Ойбек рафиқасининг хос хонаси ҳақида нақл қилади. Хонанинг бир чеккасида – мольберт. У Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоевдан ёдгорлик. Зарифа Саидносирова буюк рус рассоми Илья Репиннинг шогирди Н.Н.Розанов студиясида у билан бирга тасвирий санъат сирларини ўрганган. У шу хона деворларидаги мойбўёқ билан ишланган табиат манзараларини умрининг сўнгги йилларида яратган. Бу расмлар З.Саидносированинг вафотидан кейин фарзандлари томонидан музейга берилган. Адиб кутубхонасининг давоми ҳам шу ерда.

Кабинет ва унга ёндош ётоқхона жиҳозлари Ойбекнинг ҳаётлик чоғида қандай бўлган бўлса, шу ҳолда сақланган. Китоб жавонидаги китоблар – Ойбекнинг ҳаётлик пайтида ва унинг вафотидан кейин турли даврларда жаҳоннинг кўплаб тилларида чоп этилган нашрлар. Улар орасида адибнинг собиқ иттифоқ халқлари тилларида нашр қилинган асарлари оз эмас. Бу асарларнинг бир қисми миллий адабиётларнинг йирик арбоблари томонидан таржима қилинган.

Архив материаллари узоқ йиллар мобайнида музейнинг илмий ходимлари ва ойбекшунос олимлар томонидан ўрганиб келинади. Бу тадқиқотларнинг натижалари уй-музей доимий экспозициясининг Н.Каримов, Ш.Ризаев, У.Ёрмуҳамедов қаламига мансуб тематик-экспозицион режаси (ТЭР)га асос бўлган. Янгиланган экспозиция эса Н.Каримов, Ш.Ризаев, О.Тошмуҳамедова, Г.Шокирова томонидан экспозиционер-мусаввирлар В.Вят-кин ва Р.Габдраҳмонов иштирокида яратилган.

Музей фондлари ойбекшуносликнинг кўргазмали тарихи – Ойбек ҳақидаги текстологик ва комментаторлик билимлар тўплами бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бу ҳол уй-музейнинг илмий кутубхонасида, айниқса, яққол кўзга ташланади. Ойбек адабий меросини ўрганиш ишини янги босқичга кўтариш мақсадида ойбекшунос олимлар ва ёш адабиётшуносларнинг адиб архивида ишлашлари учун ҳамма шароит яратилган.

Музей ўз аудиториясига эга. Музейга ташриф буюрувчилар сафи адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилардангина иборат бўлмай, театр, кино ва мусиқа санъати арбоблари, журналистлар, турли касб-ҳунар вакиллари ҳам музейга мунтазам равишда ташриф буюрадилар.

Тақдир бизга ҳар куни шу қадрдон масканга келиш ва шу ерда ишлаш шарафи ва имкониятини берди. Музей биз учун, балки Ойбек хотирасини эъзозловчи бошқа кишилар учун ҳам, туганмас илҳом манбаига айланди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ўзининг бетакрор истеъдоди ва ўлмас адабий дурдоналари билан ўзбек миллий маданияти равнақига улкан ҳисса қўшган, шеъриятда ҳам, насрда ҳам, мислсиз сўз устаси Ойбекнинг ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиш бундан кейин ҳам асло сўнмайди.

INFOLIB, №3, 2018