Жавлон Жовлиев

Финлар ва кутубхоналар… Уларни нима боғлаб туради?

Кутубхоналарни Финландия халқичалик севадиган, уни ўзгача меҳр билан ардоқлайдиган бошқа бир миллатни топиш қийин. Айниқса, бугунги тезкор замонда. Албатта, финлар ўз меҳр-муҳаббатларини қуруқ сўзлар билан эмас, амалий ишлар, ноодатий таклифлар, бетакрор кутубхоналар қуриш ва уларни янгидан-янги китоблар билан бойитиш билан исбот этадилар. Келинг, энди аниқ мисоллар билан сўзимизни давом эттирсак.

Беш ярим миллион аҳолиси бўлган Фин-ляндия халқининг икки ярим миллиондан кўпи доимий кутубхоналарнинг фаол аъзолари ҳисобланади. Ўтган йилнинг ўзида кутубхоналарга 49 миллион марта ташриф қайт этилган бўлиб, фойдаланувчилар томонидан 68 миллион китобга буюртма берилган. Бу аҳоли сонидан неча бора кўп эканлигини ўйлаб кўряпсизми? Бу натижага нафақат ҳавас қиларли, балки, ҳайратли ҳолдир. Наҳот, улар шунчалик китобга меҳр қўйишган?

Финларни кутубхонага фақат китоблар боғлаб турадими?

Йўқ, фақат китоблар эмас, балки кутубхоналарнинг бетакрор кўринишлари, ундаги имкониятлар ҳам катта аҳамият касб этади. Финляндия давлатига саёҳат қилган ҳар қандай меҳмон ўзига хос архитектура, бетакрор дизайн, юксак дид ва маҳобат билан ишланган кутубхоналарни томоша қилмасдан қайтмайди. Бунинг иложи ҳам йўқ. Чунки финлар кутубхоналарсиз мамлакатни тўлақонли тасаввур қила олмайсиз, деган фикрда бўлиб ва бу ҳатто уларнинг рамзига айланиб ҳам қолганини эътироф этишади. Аммо ҳар қандай эътирофлар ва мақтовларсиз бу ўзгача китоблар саройига кўзингиз тушиши билан беихтиёр оёғингиз у томонга бурилади. Финлар кутубхонани, балки бекорга нур, мўъжиза, дея таърифлашмайди.

Кутубхоналар миллий рамзга айланганми?

Чиндан кутубхоналар ижтимоий ҳаётнинг бош мавзусига айланган бўлиб, улар ўзларининг бетакрор кўринишига эга бўлган кутубхоналардан чексиз фахрланишади. Ҳатто финлар кундалик мавзуларда ҳам кутубхоналар ҳақида кўп гапириб, уларни муҳокама қилар ва бу маскандан ҳам ажойиброқ жой борлигига шубҳа қилиб қўйишади. Кутубхоналар финлар учун шунчаки китоб ўқийдиган жой эмас, бу ерни юксак таълим ва ёрқин келажакка олиб борадиган йўл, деб билишади. Кичкина ғоялардан улкан натижалари сари бошловчи кўприк, дўстлар, тенгдошлар, илмга қизиққан ёшлар маскани, тажриба ошириш, кўнгил чоғлаш, эркин фикрлар айтиладиган муқаддас маскан ҳам кутубхоналардир.

Кутубхона ҳамма учун бир хил эркин ижодий майдонми?

Ҳа, албатта! Бундан ташқари, финлар учун кутубхоналар демократик, ижтимоий бирлашув ва интеграцияга эришиш учун катта майдондир. Улар юзларида табассум ила, барча ҳисларнинг аввали ҳам кутубхоналардан бошланишини айтишади. Кутубхоналар фаол фуқароликнинг нотижорат жамоат платформасига айланиб улгурган. Кутубхоналарда сўз, эътиқод эркинлиги таъминланган бўлиб, бу ерда амалга оширилган интеллектуал ва ижодий ишланмалар давлат қонунчилиги билан ҳимоя қилинади. Қисқа қилиб айтганда, кутубхоналарга бўлган ижобий муносабат Финландия одамларининг асосий фуқаролик бурчига айланган.

Кутубхоналарга муҳаббат ўз-ўзидан пайдо бўлганми?

Асло, йўқ. Финлар азал-азалдан китобларни қадрлаб асровчи, кутубхоналарга алоҳида эътибор билан қарайдиган халқ бўлган. Уларнинг ёзма манбалари бунга гувоҳлик беради. Бора-бора ўз китоблари учун маҳобатли, шунинг билан бирга, бошқаларникига сира ўхшамайдиган кутубхоналар қура бошлашган. 1881 йилда худди шундай Риҳардинкату жамоат кутубхонаси қурилади. Бу кутубхона ўз даврининг бетакрор меъморий услубларини бирлаштирган Финляндиянинг қадри ва фахрига айланган маскандир. Бу ерда оддий ишчилардан тортиб, олимларгача барча шароитлар муҳайё эди.

ХХ аср бошидан то охиригача Финляндияда жуда кўплаб миллий ва бошқа чет эл услубларидаги кутубхоналар қурилди. Бунда машҳур фин арихитектори Алваро Аалто қурган бинолар алоҳида ажралиб турарди. У қурган ўзига хос кутубхоналар ички ва ташқи дизайни ҳамда маҳобати билан алоҳида эътироф этиларди.

Финляндияда бора-бора нафақат ташқи маҳобат ва бошқаларга ўхшамайдиган дизайнга, балки кутубхоналарни жиҳозлаш, ёруғлик, майин ҳаво таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб қурилган кутубхоналар пайдо бўлди. Бундай имкониятни улар оддий, кичкина, маҳаллий кутубхоналарда ҳам қўллашдан қочмадилар, бу эса, кутубхонага бўлган интилишнинг ошиб кетишига олиб келди. Фин архитекторлари ўз олдиларига кутубхоналарни ҳар қандай меҳмон ва ўқувчига илҳом берадиган ҳамда уни яна келишга ундайдиган қилиб яратишни мақсад қилиб қўйишганди. Улар бунга нечоғлик эришганини эса, ҳавола этилаётган суратлар орқали ҳам билишингиз мумкин. Финлар ўз услуб ва қарашларини доимий бойитиб, кейинги авлод учун янгидан янги кўриниш ва қулайликларга эга кутубхонларни бунёд этишди ҳамда катта натижаларга эришди.

Кутубхонани севган миллат қандай натижаларга эришади?

Ҳар қандай меҳнат ўз мевасини бермай қолмайди. Нуфузли Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан уч йилда бир ўтказилувчи халқаро тадқиқотларга кўра, финляндиялик мактаб ўқувчилари дунёдаги энг юқори билимлар даражасини намойиш этишганлиги айтилган. Улар шунингдек, дунёдаги энг кўп китоб ўқувчи болалар ҳамдир. Бундан ташқари, финляндиялик мактаб ўқувчилари табиий фанлар бўйича – дунёда иккинчи, математика бўйича эса бешинчи ўринни эгаллашади. Бироқ педагогик жамиятни қувонтирадигани биргина бу натижалар эмас. Бу уларнинг мактабга қизиқишларида, ота-онага, ватанга муносабатларида, китобларни ўзи хоҳлаб севишларида, ёшларининг аксар вақти кутубхоналарда ўтиб, иллату ғийбатлардан йироқда бўлишида кўринади. Бу натижанинг юздан биридир, холос!

Финляндия – кутубхоналар мамлакати, улар бу номга ўз меҳнатлари ва кутубхоналарга берган юксак эътиборлари билан эришдилар. Аҳолиси, ерлик давлатларга нисбатан таққосласак, бир этак ҳам чиқмайдиган бу халқ дунёга қуролли жанглари, турли низолари билан эмас, кутубхоналари билан танилгани, эътироф этилгани, тан олингани қандай толе, қандай бахт! Кутубхонасини севган ва қадрлаган халқ бундай шарафга муносибдир.

Интернет маълумотлари асосида

Жавлон Жовлиев тайёрлади

INFOLIB, №3, 2018