Ҳусайн Байдемир,
Таниқли турк адабиётшуноси, Отатурк университетининг адабиёт факультети доценти, филология фанлари доктори

Бугун мен сизларга нодир ва қим-матли «Девону луғотит-турк» китобининг Истанбулда сақланаётган ягона асл нусхасининг топилиши ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Азал-азалдан Ўрта Осиёда яратилган қадим китобларга қизиқиш жуда баланд бўлган. Жумладан, «Девону луғотит-турк» асарига ҳам. Бу китоб туркий халқлар тарихидаги изоҳли, этнографик, тарихий-этимологик луғатларнинг барча унсурларини қамраб олувчи илк универсал луғат бўлиб, ўз муаллифини дунёга улуғ адабиётчи, тарихчи, географ ва бошқа кўп фанлардан яхши хабардор бўлган йирик фан арбоби, қомусий олим сифатида танитган. Бу асарда олим туркий қабила ва уруғлар тилларидаги сўзлар маъносини араб тилида изоҳлаб берган. Аммо кўп вақтлар бу нодир асарнинг номи бор эдию, унинг ўзи йўқ эди. То 1913 йилгача. Хўш, бу нодир ва бебаҳо китобнинг ягона Истанбул нусхасини топиш кимга насиб қилди? Умрини ва ҳаётини китоб ўқиш ва йиғишга сарфлаган, бунинг учун ҳатто оила қурмаган Али Амирийга! У «Девону луғотит-турк» асари туфайли тарихда қолди.

Али Амирий 1857 йилда Туркиянинг Диёр-бакир деб номланган хушманзара ва гўзал шаҳарнинг ўзига тўқ хонадонларидан бирида туғилган. Ёшлигидан китоб ўқишга муҳаббат қўяди. Китобга муккасидан кетган боладан ота-онаси хавотирлана бошлайди. Бола ўқиётган китобни яшириб қўйишар, унга китоб ўқиш зарарлари ҳақида ваз ўқишарди, аммо китобсевар Алига бу чоралар кор қилмайди. Вазият мураккаблашади. Докторлар болакай шу кетишда китоб ўқишни давом эттирса, кўзлари ожизланиб қолишини айтади. Ота-она бундан қаттиқ ваҳимага тушади. Шу сабабдан, уни чалғитиш учун газлама сотадиган дўкон очиб бериб, уни пул топишга ўргатмоқчи бўлишади. Аммо у дўкон тезда касодга учрайди. Чунки Али Амирий савдо ишларига умуман аралашмас, харидорнинг ўзи ўлчаб, ўзи пулни ташлаб кетар, ёш сотувчи ўқиётган китобнинг қизиқарли қаҳрамонлари билан банд бўларди. Бундай «савдо усули» ўзини оқламаслиги турган гап. Дўкон ёпилгач, уни расмий маҳкамаларнинг бирига ишга жойлаштиришади. Бу ҳам наф бермайди. У ҳукумат идорасида ҳам китоб ўқишни тўхтатмайди.

Али Амирий ўз шаҳридаги барча китобларни ўқиб бўлгач, турли шаҳарларга бориб, у ердаги китобларни ҳам ўқишни ният қилади. У бор пулига китоб сотиб оларди. 1908 йилда Истанбулга келиб, бир ҳужрага жойлашади. У ерда ўзининг ётиши учун бир қулочгина жойни очиқ қолдириб, қолган жойини китоблар билан тўлдиради. Бу китобларнинг ўн тўрт мингдан ортиғи нодир ва қўлёзма китоблар эди. Бу китобларни кўз қорачиғидай эъзозларди. Уни китоб сотувчи саҳҳофлар жуда қадрлар, чунки Истанбулда бундай китоб «касал»ига чалинган, серҳиммат харидорни ҳар доим ҳам учратиш мушкул эди. Кунлардан бир куни саҳҳоб Баҳром уни чорлаб, қўлида бир эски китоб борлигини айтади. Али Амирий дўконга кирганида саҳҳоб унинг қўлига қалин муқовали, араб ёзувида битилган китобни кўрсатади. Али Амирий афанди китобга қизиқиб, унинг қандай асар эканлигини аниқлаш учун сотувчига пулнинг бир қисмини бериб, китобни олиб кетади.

Али Амирий афанди китобни шарқ тилларини яхши биладиган, укасидек яқин Рифат афандига кўрсатади. Рифат афанди бу китобнинг «Девону луғотит-турк» эканлигини айтгач, иккаласи ҳам ҳайрат ичида қолишади. Чунки кўпчилик узоқ вақтдан бери бу китобни ахтармоқда эди. Али Амирий афанди бозорга бориб, китобнинг қолган пулини ҳам бериб келади. У китобни 33 лирага сотиб олганди.

Бу нодир китобнинг топилгани тез орада бутун Туркияга тарқалади. Али Амирий афанди эса, бу китобга ҳамманинг кўзи тушишини истамайди. Шунинг учун уни жуда эҳтиётлаб асрайди. Фақат китобни Рифатга ишонарди. Чунки китоб анча талофат кўрган, саҳифалари чалкашган эди. Уни тузатиш учун Рифатнинг ёрдами жуда зарур эди. Али Амирий Рифатга китобни бера туриб шундай дейди: «Рифат, бу китоб нақадар машҳур бўлса, шуқадар юксак, қанчалик қимматли бўлса, шунчалик бебаҳо. Бироқ ташвишли жиҳати ҳам бор. Китобнинг муқоваси чириган, устки қисми титилиб кетган, варақлари қоришган, боши, сўнгги ўқиб бўлмас даражага етган. Саҳифаларининг рақами йўқ. Китоб якунланганми, йўқми? Тартиб бериш имкони борми? Бу каби саволлар мени маҳзун этар. Ажабо, китоб бекаму кўстмикан? …Рифат, сендан илтимос қиламан, ҳар куни кел. Шу китоб билан бир-икки соат шуғуллан. Бу китобда камчилик йўқми, буни аниқла». Рифат домла таклифни мамнуният билан қабул қилади. Икки ойча мунтазам равишда шуғулланади. Варақларини тартибга келтиради. Саҳифаларига рақам қўяди ва эгасига қайтаради.

Китобни топилганини эшитган машҳур шахслардан бири Зиё Кўкалп китобни бир марта, бу дунё кўзи билан кўриш «касаллигига» чалинади. У асарни кўриш учун Али Амирийнинг уйига боради. Бироқ Али Амирий унга китобни кўрсатмайди. Сўнгра Зиё Кўкалп мамлакат бош вазирига мурожаат қилади. Бош вазир билан борганда ҳам китобни уларга кўрсатмайди.

Кунлардан бир куни Али Амирий афандининг уйига Венгрия давлатидан бир элчи келади ва «Девону луғотит-турк» асари учун 10 минг олтин таклиф қилади. Али Амирий уларга: «Мен миллат маънавиятига оид бўлган бир нарсани пулга сотадиган ватан хоини эмасман. Даф бўлинг!» – деб қатъий уларни ҳайдаб солади. Улардан сўнг Франция Миллий кутубхонасининг бир вакили келиб, Али Амирийга шундай таклиф айтади: «Агар бизга китобни берсанг, Париждан уч қаватли сарой берамиз. Барча хизматчилари билан. Ойлик маошни биз эмас, сен белгилайсан. Сен айтган пулни умрингнинг охиригача ҳеч бир монийликсиз тўлаймиз. Бундан ташқари, «Девону луғотит-турк» кутубхонанинг қайси бўлимидан жой олса, ўша бўлимга сенинг номингни берамиз». Али Амирий уларга ҳам ҳеч иккиланмай: «Мен ватан хоини эмасман. Йўқолинг!» – дея жавоб беради.

Китобнинг муҳим эканлигини билган Али Амирий 1915 йилда Рифатнинг олдига келиб шундай дейди: «Бу китобни олиб, нашр этайлик, деб ният қилдим. Бу хазинанинг калити сенинг қўлингда. Кел, менга ёрдам бер. Шу китобни олайлик. Уни бутун туркларга армуғон этайлик. Қани, менга чорасини айт!». Шундан сўнг китобнинг нусхалари пайдо бўлади ва бутун туркий дунёга тарқайди.

Али Амирий ёшига ёш қўшилган сайин ўзи жамлаган китобларнинг кейинги тақдиридан хавотири ортиб борарди. Али Амирий бунга ҳам чорани ўзи топади. У подшога шундай мазмундаги хат ёзади: «Агар менга китобларимни сақлаш учун бир кутубхона қуриб берсангиз, барча китобларимни, шунингдек, «Девону луғотит-турк» ни ҳам шу кутубхонага топшираман». Подшо бу фикрни қабул қилиб, Али Амирийга кутубхона қуриб беради. Ҳозирда Истанбулда Али Амирийнинг 30 мингдан зиёд китоблари ва «Девону луғотит-турк»нинг асл нусхасини ўзида жамлаган Миллат кутубхонаси фаолият юритади. Али Амирийнинг қилган бу ҳиммати учун подшо унга 300 олтин жўнатади. Али Амирий буни ҳам қабул қилмайди: «Мен бу пулни қабул қилолмайман. Чунки миллатнинг бир мулкини сотган одам сифатида виждоним қора бўлишини истамайман. Ундан кўра, бу пулни, Истанбулнинг чекка-чекка шаҳарларида оч-наҳор яшаётган одамларга улашинг. Улар оч бўлиб, мен тўқ яшай олмайман», дейди.

Мана шундай нодир китобларимизни асраб қолган одамнинг вафоси унутиладими? Уларнинг ёди ўчадими? Йўқ, ўчмайди. Бизнинг дунёга худди шундай китобга муҳаббат қўйган, фидойи инсонлар керак. Шу вафо учун ҳам сизларга бу воқеани келтирдим. Ниятимиз, нодир китобларни кўзимиз нуридек қадрлайлик. Чунки, миллатнинг ўзлиги китобларда яшайди…

Жавлон Жовлиев тайёрлади

INFOLIB, №2, 2018