Маъмура Ҳидоятова,
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Миллий
библиография базаларини
шакллантириш хизмати етакчи
мутахассиси

В статье описана система международной стандартной нумерации изданий  ISBN и ISSN, общие сведения, основные параметры и правила применения. Представлена информация об обслуживании издательств (редакций, типографий) через онлайн систему isbn.natlib.uz, об учебном семинаре «Региональная обучающая и информацион-ная сессия ISSN» который был организован международным агентством ISSN Франции в г. Алматы в апреле 2017 года.

 Жаҳонда нашр этилаётган китоб, газета, журналларнинг сони кундан кунга ортиб бориши нашр савдоси билан шуғулланувчилар ва китоб тарқатувчилар ишини мураккаблаштириб юборди. Натижада, дунёда чоп этилаётган ҳар бир нашрга буюртма бериш ва фондларда сақланаётган китоблар ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда ишловдан ўтказиш эхтиёжи юзага келди. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир китобни бир қиймат бўйича аниқлайдиган ноёб ва айни пайтда содда рақамлаш тизимини яратишни талаб қилади.

Дунёнинг юзлаб мамлакатларида юзлаб тилларда миллиондан ортиқ номда китоб ва даврий нашрлар босиляпти. Ҳар бир нашрнинг ўз ўрни бор, албатта. Ҳар бир нашрни ягона тарзда тавсифлаш, қидирган чоғда осонгина топиш учун ISBN ва ISSNдан фойдаланиш мумкин. Агар ISBN ёки ISSN маълумотлари компьютерга киритилса, тегишли дастурлар ёрдамида китоб ва даврий нашрнинг чиқиш маълумотларида бўлган биргина сўз ёки рақам орқали у ҳақда жами ахборотни осонгина топиш мумкин.

Ўзбекистон 2006 йил китоб маҳсулотлари учун қўлланиладиган халқаро ISBN (International Standart book number – китобларнинг халқаро стандарт рақами) тизимига, 2008 йил электрон нашрлар, газета-журналлар ва бошқа туркум нашрлар учун ишлаб чиқилган халқаро стандарт – ISSN (International Standart serial number – туркум нашрларнинг халқаро стандарт рақами) тизимига қўшилди.

ISBN жаҳоннинг исталган мамлакатида чиқаётган ҳар бир китобни ягона тарзда тавсифлаш имконига эга.

Республикамизда чоп этиладиган туркум нашрларни идентификациялаш учун ISSN тизими қўлланилади. Ушбу рақамлар ЮНЕСКО қошида иш олиб борадиган Халқаро ISSN агентлиги томонидан Ўзбекистон Миллий кутубхонасига юборилади ва кутубхона томонидан туркум нашрга тақсимланади.

Республикамизда чоп этиладиган барча газета ва журналлар ISSN билан белгиланиши кўрсатилган.

ISBN ва ISSN рақамларини тақдим этишда Миллий кутубхона Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда мунтазам ишлаб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 122 та нашриётлар ва 1015 та таҳририятлар фаолият юритиб келмоқда. Демакки, ушбу нашриёт ва таҳририятлар Миллий кутубхона билан доимий ҳамкорликда бўлишни тақазо этади. Нашриёт ва таҳририятлар билан масофадан туриб хизмат кўрсатишни самарали ташкил этиш мақсадида Миллий кутубхона томонидан 2013 йил isbn.natlib.uz онлайн интерактив хизмати жорий қилинган.

Жорий йилнинг 3–5 апрель кунлари Франция халқаро ISSN агентлиги томонидан Қозоғистоннинг Алмата шаҳридаги Миллий кутубхонасида «ISSN Минтақавий ўқув ва ахборот сессияси» бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон, Франция, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Украинадан ISSN мутахассислари иштирок этдилар.

Сессиянинг очилиши ISSN халқаро марка-зининг раҳбари Гаэль Беке ва Қозоғистон Миллий кутубхонаси директори Шанат Сеидуманов иштирокида бўлиб ўтди. Сессиянинг ялпи мажлисида Кирғизистон Миллий китоб палатасининг Каталоглаштириш ва стандартлаштириш бўлими раҳбари Майрамбубу Мамбетказиева «Қирғизистон Миллий ISSN агентлиги фаолияти» мавзусида, Ўзбекистон Миллий кутубхонасидан «Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – Ўзбекистонда ISSN Миллий маркази» мавзусида маърузалар билан қатнашди. Маърузада Миллий кутубхона ва Миллий ISSN марказининг Ўзбекистонга кириб келиши, ISSN дастури, онлайн буюртмалар хамда Давлат стандартлари ҳақида маъруза қилинди. Сессияда иштирок этган ISSN мутахассисларининг Миллий кутубхонада жорий этилган онлайн хизмат турига бўлган қизиқиши баҳс-мунозараларга бой бўлди. Унда «Россия ТАСС ахборот агентлиги»дан Россия китоб палатаси филиали раҳбари Павел Зотов, Франция ISSN халқаро марказининг раҳбари Гаэль Беке Ўзбекистон ISSN миллий маркази дастури, унда ишлаш жараёни билан боғлиқ бўлган саволларга ўша жойнинг ўзида интерфаол дастур ёрдамида амалий намойиш қилиб бериш орқали жавоб олдилар.

Шу куннинг ўзида иккита секция ўз ишини бошлади. Биринчи секцияда – Гаэль Беке Беларуссия, Қозоғистон ва Россия Китоб палатаси вакиллари билан ISSN Минтиқавий марказини яратилиши бўйича йиғилиш ўтказди.

Иккинчи секцияни – Библиографик маълумотлар яратиш бўйича мутахассис, Франциядаги ISSN халқаро маркази ходими Ирина Стрельникова-Нолен Қирғизистон, Украина ва Ўзбекистонлик вакиллар иштирокида семинар-тренинг олиб борди. Унда ISSN рақамини қандай ўзлаштириш, ISSN ёзувлари, ISSN расмий талабларини кайта ишлаш масалалари кўрилди.

Семинар-тренингнинг иккинчи куни «MARC 21 форматидаги каталоглаштириш» мавзусига бағишланди ва унда чиқиш маълумотлари, URL адрес тавсифлари, ёзувларни боғловчи майдонлар, кодланган маълумотлар масалалари кўрилди.

Сессиянинг учинчи кунида ISSN назорат ёзувлари, ўзгаришлари, ёзув қўшиш, ёзувларни бекор қилиш  масалалари кўрилди.

Назарий билимларимизни мустаҳкамлаш учун амалий машғулотларда ISSN ёзувлари киритилган майдонларни текшириш, таҳлил қилиш, янгилаш кўриб чиқилди.

2017 йил 6 апрель куни Алматанинг Атакент-Экспо марказида «Буюк ипак йўли бўйлаб» деб номланган Халқаро Қозоғистон китоб ва полиграфия кўргазмасини очилиш маросими бўлди. Мазкур кўргазмада МДҲ давлатларидан вакиллар иштирок этдилар. Кўргазмада янги технологияларда босилган китоблардан ташқари полиграфиянинг қутиларга гул босиш, матоларни (шелкографик) нақшлар билан безаш ва бошқа турлари бўйича ҳам кўргазмалар ташкиллаштирилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантиришга берилаётган юксак эътибор нафақат республикада, балки халқаро миқёсда ҳам ривожланиши қувонарли ҳол албатта. Бундай дунё миқёсидаги сессиялар, китоб кўгазмалари мамлакатнинг маънавиятини юксалишига катта ҳисса қўшишига шубҳа йўқ.

INFOLIB, №2, 2017